“Бобурнома” итальян тилида чоп этилди

Италиянинг “Sandro Teti Editore” нашриёт уйи Заҳириддин Mуҳаммад Бобурнинг машҳур “Бобурнома” асарини итальян тилида юқори полиграфик сифатда чоп этди. Бу ҳақда Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабар берди.

Таржимон Федерико Пасторе китобга ёзган шарҳида “Бобурнома” “ўз даврининг кундалик ҳаётини қайта тиклашга имкон берадиган, ислом тамаддунига хос автобиографик асарнинг илк ростгўй намунаси” эканига алоҳида урғу берган.

Соҳибқирон Амир Темурнинг авлоди Бобур Мирзо ҳассос шоир, қомусий олим, атоқли давлат арбоби ва моҳир саркарда сифатида бой ижодий-илмий мерос қолдирган.

Бобур ижодининг дурдонаси, ҳеч шубҳасиз, XV-XVI асрларда Ўрта Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон ва Эронда содир бўлган тарихий воқеалар ҳақида ҳикоя қилувчи “Бобурнома” тарихий-биографик асаридир. Асар дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган.

Эслатиб ўтамиз, бу йил Заҳириддин Mуҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги кенг нишонланмоқда.