Улуғ озарбойжон шоири Фузулий ўз девонининг дебочасида Алишер Навоийни “Манзури шаҳаншоҳи Хуросон” деб улуғлайди. Фузулийнинг бу баҳоси бежиз эмас. Навоий ўз даврида ҳам, кейин ҳам, бизнинг замонамизда ҳам шоҳларга мақбул бўлган шоир, мутафаккир, илоҳий илҳом олган давлат арбобидир. У адолат йўлидаги курашда ҳаётини, ўз мол-мулкини сарф қилди; давлат арбоби бўлибгина қолмай, мамлакатнинг тараққиёт жараёнига ҳам фаол таъсир кўрсатди. Навоий қарийб ўттиз йилдан ортиқ турли давлат ишларида турди. Султон Ҳусайннинг энг яқин маслаҳатчиси сифатида давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини белгилашда фаол иштирок этди. Қисқаси, унинг бутун ҳаёти Хуросоннинг ХV аср иккинчи ярмидаги ижтимоий-сиёсий ҳамда маданий ҳаёти билан чамбарчас боғлиқдир. Шу туфайли бўлса керак, Навоий барча асарларида, жумладан, “Насойим ул-муҳаббат”да инсонларни ҳаёт, адолат, ҳақиқат, меҳнат, ақл ва бахтнинг қадрини билишга чақиради.
“Насойим ул-муҳаббат”да 770 нафар шайх ҳаётидан лавҳалар берилган. Шайхлар билан боғлиқ лавҳаларда 79 ўринда ҳукмдорлар ҳақида ҳам реалистик таърифлар мавжудки, бу таърифларда Навоий адолат, ҳақиқат, раият ҳаққини билиш, ҳақиқатни англаш эҳтиёжини ёритган.
Асарда Амир Темур уч ўринда, Шоҳрух Мирзо икки ўринда, Ҳусайн Бойқаро 29 ўринда, Шамсиддин Илтутмиш уч ўринда, Хоразмшоҳ Аловуддин Муҳаммад икки ўринда, Амир Сабуктегин икки ўринда, Ҳинд подшоси Султон Муҳаммад Халаж икки ўринда, Чингизхон бир ўринда, яна Шероз, Ҳинд, Хуросон, Мовароуннаҳр, Рум, Ироқ, Миср, Озарбойжон, Туркистон шоҳлари таърифи келтирилган. Асардаги шоҳлар фақат тарихда ўтган ҳукмдорлардир.
Асарда зикр этилган шоҳларга Навоий шайхлар тилидан “Вақфия”да таъкидланган “Султон Худонинг ердаги элчисидир”, “Тангри уларга адолат ва эҳсонни буюргандир”, “Бир соатлик адолат икки дунёдаги ҳаракатга тенг”, деган барҳаёт низом ва дастурларини юклаган.
Тилга олинган шоҳлар билан шайхлар муносабати ҳақидаги воқеаларнинг бўлиб ўтган вақти аниқ кўрсатилмаган. Шунга қарамай, адиб тарихий ишора сифатида уларнинг замони, ижтимоий-сиёсий муҳити тўғрисида хабар беради.
Энди фикримиз исботи сифатида баъзи лавҳаларни келтириб ўтсак. Амир Темурга доир ишончли манбаларда айтилишича, жумладан, “Насойим ул-муҳаббат”да ҳам, Соҳибқирон қайси юртга, манзилга киришдан аввал, ўша жойнинг қабристони, шайху авлиёларнинг мозорларини аниқлаб, оёқости қилдирмаган. Фатҳ этилгандан сўнг ҳурмати ва эътиқоди рамзи сифатида қайтадан муҳташам мақбаралар қурдирган, вақфлар ажратганки, бундай хайрли ишларга мисоллар кўп. Бу улуғ анъанани Юртбошимиз давом эттирди. “Насойим ул-муҳаббат”да зикр қилинган ва ҳозирда бизнинг юртимизда манзилу макон топган азиз-авлиёлар, уламоларнинг мозорлари обод этилдики, бу жонажон юртимизга файзу барокат бағишлаб турибди.
Шайхлардан Бобо Сунгу, Хожа Боязид, Бобо Хокий тўғрисидаги маълумотларда Амир Темур фаолиятига алоқадор воқеалар ифодаси учрайди. Ҳар учала лавҳада Соҳибқироннинг турли жиҳатлари самимият билан тилга олинган. Мардликда, оддийликда, закийликда, Оллоҳ иноятини қадрлаб ҳар ишни ўз ўрнига қўйишда, эҳтиёткорликда анбиё ва авлиё руҳидан мададу ҳиммат тилагани тасвирланади.
Амир Темур подшоҳлик ишида ақлу фаросат, шижоат, баҳодирлик каби хислатларни қадрлаган. Тадбир, ақл, раъйни шижоатдан яхши деб билган Соҳибқироннинг оламгирлигини Навоий Шайх Бобо Сунгу зиёратида кўрсатади: “Бобо Сунгу қ.с. замон мажзубларидин эрмиш. Андхуд қасабасида бўлур эрмиш. Соҳиби ботин киши эрмиш. Рамзларин билганлар натижа топар эрмиш. Темурбек Хуросон мулки азиматиға юруганда Андхудқа етганда машҳурдурки, Бобо хидматиға борғандур. Ўлтурғондин сўнгра Бобо илайида бир суфрада яхна эт эркандур. Қўйнинг яхна тўшин олиб, Темурбек сари отибдур. Темурбек ғояти ақлу закосидин дебдурки, Хуросонни ер юзининг кўкси дебдурлар. Ани Бобо бизга ҳавола қилди, деб башорат била юруб, Хуросон мулкини олибдур…”.
Навоийнинг бу маълумоти худди Шарафиддин Али Йаздийникидек ҳаққонийлиги, холислиги билан кўзга ташланади.
Тарихчи Шарафиддин Али Йаздий “Зафарнома”да худди шу қизиқарли воқеани Эрон вилоятиға черик тортиб борилғон товуқ йили — 1381 йил фасли баҳорида содир бўлган, деб шарҳлайди: “Ҳазрат Соҳибқирон авжи азимат ва давлат билан сувдин ўтуб, Андхудқа етти. Ва ғоят сидқ ва ихлосдин Бобо Сангуким, авлиёлардин эрди, тавофға борди. Ва Бобо Сангу, жазаба ва ҳолатиким, анда бор эрди, бир қўйнинг тўшини Ҳазрат қошиға ташлади. Ул Ҳазрат шу кун тутуб, тўшни олиб дедиким, “Хуросонким, ер юзининг тўши турур, бизга Тангри бергуси турур”. Ва ўшандоқ бўлди ва андин саодат ва иқбол била юруди”.
Ҳар иккала лавҳада ҳам шайхнинг рамзий саволига, рамзий назарига, рамзий қувватига Амир Темурнинг сидқ ва ихлос ҳамда ақл-заковат билан жавоб бергани баён этилади.
Навоий Бобо Хокий билан боғлиқ ўринда Рум ва Шом юришида шайх сиймосини ҳам, Амир Темур сиймосини ҳам кўз олдимизда чекинмас, енгилмас, забардаст жангчи сифатида гавдалантиради. Бу эпизоднинг яна бир эътиборли жиҳати шуки, Шайх Бобо Хокий 110 ёшида Ҳусайн Бойқаро билан ҳам Гиту тоғидаги жангда иштирок этиб, замон подшоси унинг қувватлаши билан мулкни олиши, ёғийни дафъ қилиши ҳам воқеанинг тадрижий баёни сифатида келтирилган.
Навоий Хожа Боязид ҳақидаги сюжетда шайхнинг маънавий оламига рамзий саволни — иссиқ ҳолвани истаб Амир Темур беради, дастурхонга иссиқ ҳолва тортиб — рамзий жавобни шайх беради. Шайхнинг закийлигини тан олган Соҳибқирон унга мурид бўлиб, лангар ясаб вақф мулки ажратилиб, ўша ерда истиқомат қилиб турганларни ҳам инъому эҳсон билан сийлагани айтилади. Демак, ўз даврида шоҳлар, хусусан, Амир Темур шайхларнинг холис маслаҳатларига қулоқ солганлар. Шайхлар шоҳларга тинчлик, осудаликка эришишда, мусулмонларнинг муҳим ишларига кафил бўлишда маънавий кўмак берган; миллат бирлигининг асослари бузилишига қарши турган, дея оламиз.
Тасаввуф шайхлари деганда, кўпчилик назарида, фақат дин ва тариқат ишлари билан машғул бўлган сиймолар гавдаланади. Ҳолбуки, улар ҳукмдорларга сиёсат, маърифат, давлат бошқарувида ҳам имкон қадар кўмаклашганлар. Шунинг учун Амир Темур, Ҳусайн Бойқаро, Бобур каби ҳукмдорлар халқ орасида катта обрў-эътиборга эга бўлган тариқат пирларига эҳтиром кўрсатишган. Бу эса, наинки халқ, балки давлат манфаатига ҳам яқиндан ёрдам берган. Амир Темур ўзининг “Тузуклар”ида мана бундай эътироф сўзларини ёзиб қолдиргани тасодифий эмас: “Сайидлар, уламо, шайхлар ва фозилларни ўзимга яқинлаштирдим. Улар менинг саройимга доим келиб-кетиб, мажлисларимни безаб турдилар. Диний, ҳуқуқий, ақлий масалаларни ўртага ташлаб, қимматли фикрлар билдиришарди. Ҳалол ва ҳаромга оид масалаларни мен улардан ўргандим”.
Алишер Навоий мутафаккир шоир, давлат арбоби, етук сиёсатчи, ҳуқуқшунос сифатида ҳам “Ҳайрат ул-аброр”да, “Садди Искандарий”да, “Мажолис ун-нафоис”да, “Муншаот”да Амир Темурнинг адолат, вафо, адабиёт ва санъат, баъзи хайрли ва ҳайратли ишларига ишоралар бериб ўтадики, буни алоҳида мавзу сифатида ёритиш мақсадга мувофиқдир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 6-сонидан олинди.