Бу кўҳна заминда шундай масканлар борки, узоқ асрлар давомида инсониятнинг маданий қатлами, илму ирфон аҳлини оҳанрабо сингари ўзига тортиб келади. “Сайқали рўйи замин”, “фирдавсмонанд”, “балдаи маҳфуза” дея эъзозланган Самарқанд ана шундай илм ва маданиятнинг қадимий ўчоқларидан биридир.
Мирзо Улуғбек мадрасаси ва расадхонасида дунёвий илмларнинг барқ уриб ривожланишига шоҳид бўлган азим Самарқандда ХХ асрнинг йигирманчи йилларида замонавий олий ўқув юрти фаолият кўрсата бошлади. У ўша пайтда Ўзбекистонда ташкил этилган иккинчи олий ўқув юрти эди. Бу муқаддас олий даргоҳ бугунги кунда мустақил Ватанимизнинг йирик илм-фан, маданият ва санъат марказига айланган Самарқанд давлат университетига тамал тоши қўйган Олий педагогика институти эди.
Ушбу олий таълим муассасасида тилшунослик ва адабиётшунослик мактаблари фаолиятининг илк давридаёқ вужудга келишида А. Фитрат, С. Айний, Е. Поливанов, А. Саъдий, Ғози Олим Юнусов, О. Шарафиддинов, И. Пономарёв, С. Муталлибов каби билимдон олимларнинг хизматлари катта бўлди.
1927 йилда асос солинган ва 1930 йилдан бошлаб Педагогика Академияси, 1933 йилдан Ўзбекистон давлат университети дея номланган Самарқанд давлат университетида илк ташкил этилган илмий марказлардан бири ўзбек-тожик адабиёти кафедраси бўлди. Абдурауф Фитратнинг Аҳмад Яссавий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Алишер Навоий, Машраб ҳаёти ва ижоди, аруз шеърий тизими, Садриддин Айнийнинг Фирдавсий, Саъдий, Хусрав Деҳлавий, Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига доир фундаментал тадқиқотлари, А. Саъдийнинг “Алишер Навоий ижоди ўзбек классик адабиётининг юксак босқичи сифатида” мавзусидаги докторлик диссертацияси ўзбек-тожик адабиётшунослигининг шаклланишида ўзига хос пойдевор вазифасини ўтади. А. Фитратнинг “Ўзбек адабиёти намуналари” (1928), С. Айнийнинг “Намунаи адабиёти тожик” (1927), О. Шарафиддиновнинг икки томли “Ўзбек адабиёти тарихи” (1941,1945) дарслик-хрестоматиялари мамлакатимизда шу соҳада яратилган илк ўқув адабиётларидир.
Адабиётшунослик мактаби билан бир вақтда бўй кўрсатган тилшунослик мактабининг тўнғич вакили Ғози Олим Юнусов 1927–1931 йилларда Ўзбекистон давлат педакадемиясида ўқитувчилик қилиб, ёшларга тилшунослик фанларидан дарс бериш билан бирга ўзбек тилига оид қатор илмий тадқиқотлар ўтказди. Унинг “Ўзбек тили”, “Юридик терминлар луғати”, “Ўзбек лаҳжалари таснифидан бир тажриба”, “Ўзбек тили грамматикаси” каби асарлари шу илмий тадқиқотларнинг натижаси бўлди.
Мамлакатимизда ўзбек тилини илмий жиҳатдан ўрганиш ишини бошлаб берган Самарқанд тилшунослик мактабининг бошқа бир тўнғич вакили профессор Абдурауф Фитрат бўлиб, унинг “Ўзбек тили қоидалари тўғрисида бир тажриба. Сарф. Биринчи китоб”, “Ўзбек тили қоидалари тўғрисида бир тажриба. Наҳв. Иккинчи китоб” (Самарқанд-Тошкент, 1924–1930, 6 марта нашр қилинган) номли илмий асари, айниқса, қимматлидир.
Маълумки, Алишер Навоийнинг Самарқанддаги ҳаёти ва ижоди 1941 йилгача умуман ўрганилмаган эди. Илмий адабиётларда у Самарқандда икки йил бўлиб, фақиҳ Абулайс мадрасасида таҳсил кўрган, деб айтиларди, холос. Навоийнинг Самарқандга келиши сабаблари ҳам номаълум бўлиб, ҳар хил тахминий мулоҳазаларга суяниларди. Академик В. В. Бартольд ва бошқа шарқшуносларнинг асарларида бу давр Самарқандда илм, фан ва маданият тушкунликка юз тутган, Ҳиротда эса, аксинча, ривожланган, деган фикрлар илгари сурилган эди. Самарқанд адабиётшунослик мактабининг ёрқин вакили Воҳид Абдуллаев навоийшуносликнинг ана шу камчилигини тўлдиришга бел боғлаб, 1940–1941 йилларда “Алишер Навоийнинг ҳаёти ва Самарқанддаги адабий фаолияти” мавзуи устида илмий иш олиб борди. Олим мазкур номзодлик диссертациясини 1941 йилда республикада биринчилардан бўлиб зўр муваффақият билан ёқлади. Диссертацияда Алишер Навоийнинг Самарқандда тўрт йил яшагани, Самарқанд ва Мовароуннаҳрнинг қатор шоирлари ва олимлари билан ижодий алоқада бўлгани, олган таассуротлари кейинги бутун ижодига самарали таъсир кўрсатиб, гўзал шеърлари ва достонларига материал сифатида хизмат қилгани илмий фактлар асосида исботлаб берилган.
Самарқанд адабиётшунослик мактабининг кўзга кўринган вакилларидан яна бири филология фанлари доктори, профессор Орифжон Икромовдир. Унинг адабиёт масалаларига оид 200 дан ортиқ мақола, илмий очерк ва ўқув қўлланмалари нашр этилган. Ушбу тадқиқотларда олим ўзбек адабиётининг муҳим, долзарб мавзуларини маҳорат билан тадқиқ қилган.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, академик Ботирхон Валихўжаев ҳақида сўз кетганда, “Самарқанднинг илмий виждони”, “олиму фозиллар ботири” каби таърифлар ишлатилиши бежиз эмас. Зеро, устоз Ботирхон Валихўжаев бутун умрини илму зиёга бағишлаган, нафақат ўзбек, балки форс-тожик адабиётининг долзарб муаммолари бўйича кенг қамровли тадқиқотлар олиб борган зукко, нуктадон олим эди.
Устоз моҳир мураббий сифатида мустақиллик йилларида Алишер Навоий ижодини теран таҳлил этувчи уч нафар фан докторини тайёрлади: Муслиҳиддин Муҳиддиновнинг “Алишер Навоий ва унинг салафлари ижодида инсон концепцияси” (1995), Дилором Салоҳийнинг “Алишер Навоий бадиий услубининг тадрижий такомили” (1999), Шуҳрат Сирожиддиновнинг “Алишер Навоий ҳаёти ва фаолиятига оид XV-XIX асрларда яратилган форс-тожик манбалари” (2001) мавзусидаги диссертациялари мамлакатимиз ва дунё навоийшунослигига муҳим ҳисса бўлиб қўшилганини узоқ ва яқин хориждаги мутахассислар тан оладилар.
Самарқанд тилшунослик мактабининг янада гуллаб-яшнашида Ж. Мухторов, Х. Дониёров, Б. Ўринбоев, Р. Қўнғуров, В. Эгамов, Н. Абдураҳмонов, Б. Йўлдошев, Н. Ражабов, Т. Хўжаев, Ж. Ҳамдамов ва бошқа олимларимизнинг ҳиссаси катта бўлди. Бир сўз билан айтганда, Самарқанд тилшунослик мактаби вакиллари ўзбек диалектологияси, ўзбек тили тарихи, ҳозирги ўзбек тили йўналишларида муҳим тадқиқотлар олиб бориб, ўзбек тилини илмий ўрганишни янги босқичга кўтардилар.
Самарқанд адабиётшунослик мактабининг юксалиши, кенг қулоч ёйишида Раҳмонқул Орзибеков, Қобилжон Тоҳиров, Абдурашид Абдураҳмонов каби марҳум устозларнинг ҳам муносиб ўрни бор. Шунингдек, бугунги кунда қизғин фаолият олиб бораётган профессор Муслиҳиддин Муҳиддинов ҳам сал кам эллик йиллик илмий изланишлари давомида Алишер Навоий ва унинг хамсанависликдаги салафлари ижоди, хамсанавислик анъанасининг ўрганилмаган жиҳатларини ёритиш, янги қирраларини тадқиқ этиш билан машғул бўлмоқда.
ХХ аср ўзбек адабиёти юксалишида ҳам Самарқанд адабий муҳитининг роли беқиёсдир. Бу даврда Ҳамид Олимжон, Уйғун, Ойдин, Миртемир, Усмон Носир, Ҳасан Пўлат, Амин Умарий, Насрулла Охундий каби ижодкор ёшлар талабалик чоғларидаёқ илм ўрганишни ижодий иш билан қўшиб олиб бордилар. Улар турли мавзуларда шеърлар, бадиий лавҳалар ёзиб, адабий ҳаётда фаол иштирок этганлар. Бу ижодий анъана кейинчалик ҳам давом этди. Самарқанд давлат университетида таълим олган Шароф Рашидов, Бурҳон Турсун, Назармат, Ўткир Рашид каби толиби илмлар ўша даврдаги маданий-адабий муҳитнинг шаклланишига катта ҳисса қўшганлар.
Шоир ва ёзувчиларнинг тарбия топиши ва шаклланишида 1950 йиллардан кейин ҳам университетнинг ўрни беқиёс бўлди. Барот Бойқобилов, Оқилжон Ҳусанов, Ғайбулла Саломов, Нормурод Нарзуллаев, Омон Матжон, Яздон Худойқулов, Аҳад Ҳасан, Мели Норматов, Муҳаммад Салом, Самариддин Сирожиддинов, Душан Файзий, Марди Нуриддинов, Қамбар Ота, Фармон Тошев, Уллибиби Отаева, Исмат Санаев, Хосият Бобомуродова, Бибисора Туробова, Эркатош Шукурова, Илҳом Ҳасанов, Ориф Ҳожи, Тошпўлат Тугалов каби истеъдодли ижодкорларни етишиб чиқишида университетдаги ижодий муҳит катта маҳорат мактаби вазифасини бажарди. Бу эзгу анъана мустақиллик йилларида ҳам давом этиб келяпти. Уйғун Рўзиев, Муҳаббат Тўхташева, Ориф Тўхташ, Феруза Тоғаева, Азамат Қоржовов, Умид Али, Холиёр Сафаров, Абдулла Чимирзаев каби ўнлаб ижодкорларнинг вояга етишида университет филология мактабининг ўрни алоҳида.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Нуриддин Шукуров ана шундай истеъдодли ёшларнинг меҳрибон, жонкуяр устози эди. Олим Самарқанд давлат университетида “Шалола” тўгарагини яратади. Бу тўгарак шеърият ихлосмандларини бирлаштириб, уларга юксак парвозлар қилишига йўл очди. Натижада Самарқандда катта адабиёт, шеърият мактаби юзага келди.
Шунингдек, адабий жараён, адабиётшуносликнинг назарий ва амалий муаммолари билан қизғин шуғулланган етук олимлар – Саъдулла Мирзаев, Раҳим Муқимов, Ҳотам Умуров, Шавкат Холматов, Исроил Мирзаев, Ҳамид Абсамиев, Илҳом Ҳасанов, Шавкат Ҳасанов, Абдураҳим Солиев каби устозлар ҳам залворли мавзуларда тадқиқотлар олиб бориб, докторлик диссертацияларини ҳимоя қилдилар, ёш ижодкорларнинг бошини силаб, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватладилар.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоят сайловчилари билан учрашувда Самарқанд адабий муҳитининг миллатимиз маданияти, адабиёти тарихида тутган ўрнини: “Самарқанднинг ўзига хос илмий-ижодий муҳитини шакллантириш ва ривожлантиришда унутилмас хизмат қилган Ботир Валихўжаев, Нуриддин Шукуров, Мамарасул Бобоев, Маъруф Жалил, Барот Бойқобилов, Машраб Бобоев каби атоқли олим ва адибларнинг хотираси халқимиз ёдида яшаб келмоқда”, деб юксак баҳолади. Бу сўзлар қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарда яшаб ижод этаётган олиму фузалолар ва зиёлиларларни бутун халқимиз каби қизғин ижодга, фидокорона меҳнатга чорлади. Бинобарин, СамДУда 90 йил давомида шаклланган тилшунослик ва адабиётшунослик мактабларининг бугунги кундаги вакиллари устозларнинг бой илмий анъаналарини муносиб давом эттирган ҳолда ўзбек тили, ўзбек адабиёти тарихи, мантшунослик, адабиёт назарияси, адабий алоқалар каби йўналишларда жиддий тадқиқотлар олиб бормоқда. Улар бугун яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, халқимизга, жамиятимизга янада самарали хизмат қилишлари шубҳасиздир.
Жўлибой Элтазаров,
Самарқанд давлат университетининг филология факультети декани, профессор.
Собиржон Тоҳиров,
мумтоз адабиёт тарихи кафедраси доценти
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 8-сон