Қосимжон Содиқов. Мумтоз адабиёт намуналарини тўғри ўқияпмизми?

Бугунги китобхон учун Навоий асарларини нашрга тайёрлашда уларда қўлланган сўз ва қўшимчалар қандай талаффуз этилганини тўғри ифодалаш ниҳоятда муҳим. Тиниш белгилари хато қўйилган, сўзлар нотўғри қўлланган матн ўқувчисини чалғитади, мазмун англанишини қийинлаштиради. Маълумки, эски қўлёзмаларда ҳозиргидек тиниш белгилари ишлатилмаган, тиниш белгилари кейинроқ ишлатила бошланган. Матн шеърий бўладими, насрийми, бутун масъулият – ўқувчининг билиму заковатига юкланган. Ўқувчи мутолаа чоғида матн мазмуни, фикр тугаллигига таяниб, жумлалар чегарасини ажрата борган.   

Мумтоз адабиёт матнларини ўқишда пунктуацион хато кўпинча –ки эргаштирувчи боғловчиси билан боғлиқ ҳолда юз бераётир. Шу ўринда “Фарҳод ва Ширин” маснавийсидан олинган эргаш гапли қўшма гап шаклидаги байтнинг берилишига кўз югуртинг-а:

Бир-икки йил иноят айласа шоҳ,
Ки хизматдин ўзумни қилсам огоҳ.

Нашрда биринчи мисранинг охирига вергул қўйилган, кейинги гап эса –ки боғловчиси билан бошланаётгандек тасаввур уйғотади кишида. Аслида ки биринчи сатрдаги айласа сўзига тегишли бўлиб, қўшма гап “Шоҳ бир-икки йил (шундай) иноят айласаки, (мен) ўзимни (унинг) хизматидан огоҳ қилсам”, деган маънони англатади. Бу жумла Фарҳоднинг отаси хоқонга қарата айтиб турган сўзидир. Матндаги ки сатр бошида келгани билан уни алоҳида сўз деб қарамаслик керак: у инверсия ҳолатига кўра шу ерда турибди; у эргаш гапни бош гапга боғлаш учун хизмат қилади. Шунинг учун вергул биринчи сатрнинг охирига эмас, -кидан кейин қўйилиши керак.

Ёки бошқа бир мисол:

Онингдек чекти оҳи оташолуд,
Ки етти оҳидин кўк сақфиға дуд.

Бу байтда ҳам кейинги гап -ки  билан бошланаётгани йўқ. У чекти сўзига тегишли бўлиб, вергул иккинчи сатрдаги –кидан сўнг қўйилади (бу гапнинг қурилиши шундай: Анингдег оҳ-и оташолуд[яъни, ёлқинли оҳ] чекти-ки, оҳидан кўк сақфиға дуд етти).

Энди арабча ҳарфларнинг ўқилиши билан боғлиқ масала. Қўлёзмада “алиф” билан келган сўзларни [о] деб олишга одатланилган. Аслида, “алиф” ҳарфи ҳар қачон ҳам [о] деб ўқилавермайди. Бунга бир мисол:

Улуви даргаҳи гардун мисоли,
Қаю гардунки, андин доғи олий.

Ушбу байтнинг иккинчи сатридаги доғи сўзи юклама бўлиб, уни дағи деб олингани маъқул; ҳозирги ўзбек тилида тағин шаклида ишлатилади. Шундан билса бўладики, ўтмишда ҳам у [а] билан талаффуз қилинган экан.

Дағи сўзи билан боғлиқ яна бир мисол:

Ҳунар килки била айлаб ҳунаркор,
Ичин заркору тошин доғи заркор.

Ушбу байтдаги тошин сўзини   ташин деб берилгани маъқул, у  Навоий тили учун архаик саналган восита келишигидаги ичин, яъни “ичи билан” сўзининг зидди бўлиб, “таши билан” деган маънода ишлатилган. Табиийки, доғи сўзи ҳам дағи деб олинади. Ана шунда матнни тўғри ўқиган бўламиз.

Нашрларда кўпинча сифатдош қўшимчасини олган туркий сўзларнинг талаффузи ҳам бузиб юборилмоқда. Масалан, бўлғон, олғон, қолғон, урғон деб ўқийдилар: ўзбек бундай демаган. Аслида эса уларни бўлған, олған, қолған, урған деб берилса, тўғри бўлади. Ўзбек тили тарихида сифатдошнинг -ғон қўшимчаси йўқ. У -ған, -қан, -кан, -ган шаклларида бўлиб, сўзнинг фонетик хусусиятига қараб турли вариантлари қўшилган.

Шу ўринда Навоий асарларини ҳозирги ёзувга ўгиришда тенг боғловчилар билан боғлиқ ҳолда келиб чиқаётган камчилик хусусида. Маълумки, XI юзйилликдан бошлаб туркий тилга ҳамда ва боғловчилари ўзлаша бошлади: – форсча, вa эса араб тилидан ўзлашган.

Араб ёзувли матнларда ҳамда ва боғловчилари ёзувда фарқланмайди, иккови ҳам “вав” ҳарфи билан ёзилади. Ҳозирги нашрларда эса буларни фарқламай, ҳар иккови ва боғловчиси сифатида берилмоқда. Табиийки, бу ҳолат матннинг ўқилиши, ҳатто мазмунга ҳам таъсир этган жойлари бор. Модомики, Навоий асарлари тилида ушбу қўшимчалар ишлатилган экан, илмий нашрларда ҳам уларни фарқламоқ керак.

Муҳими шундаки, ҳамда ва боғловчиларининг қўлланилишида қатъий қоида бор. Матнда боғловчиси жуфт сўзларни, уюшиқ бўлакларни бир-бирига боғлайди, киши ё нарса отлари саналганда ишлатилади; ва боғловчиси эса гап тугагандан сўнг, иккинчи гап бошланганда ишлатилади, қўшма гап таркибидаги содда гапларни ўзаро боғлайди, боғловчиси қўлланган жуфт сўзларни ҳамда синоним сўзларнинг бир гуруҳини иккинчисига боғлаш учун ишлатилади.

Матнда таъкид юкламаси ни ҳам фарқлай олиш керак. Чунки араб ёзувли матнларда у ҳам “вав” билан ёзилади. Ундош билан тугаган сўзларга , унли билан тугаган сўзларга эса –йу шаклида қўшилади.

Буни Алишер Навоийнинг “Насойиму-л-муҳаббат мин шамойими-л-футувват”да Адиб Аҳмад ҳақида ёзган қуйидаги сатрларида яққол кузатса бўлади:

“… Дерлар-ки, кўзлари бутав эрмиш-у асло зоҳир эрмас эрмиш. Басир бўлуп ўзга басирлар-дег андақ эмас эрмиш-ки, кўз бўлғай-у, кўрмас бўлғай, аммо бағойат зийрак-у закий ва зоҳид-у муттақий киши эрмиш. Ҳақ субҳонаҳу ва таъоло агарчи зоҳир кўзин йапуқ йаратқандур, аммо кўнгли кўзин бағойат йаруқ қилғандур. … анинг тили турк алфози била мавоъиз-у насойиҳқа гўйо эрмиш, балки аксар турк улусида ҳикмат-у нукталари шойеъдур ва назм тарийқи била айтур эрмиш …”.

Ушбу матнда кўз бўлғай-у, кўрмас бўлғай жумласидаги боғловчи эмас, юкламадир. Қолганлари боғловчи бўлиб келган.

Нашрларда равишдош қўшимчасини олган сўзларни, қўлёзмалардаги ҳарфий ифодаси ҳамда ҳозирги ўзбек адабий имлосида ёзилишига таянган ҳолда, келиб, битиб, бериб, бўлуб деб берадилар. Таъкидлаш ўринлики, ўзбек тили тарихида равишдош қўшимчаларининг ишлатилишида, ҳозирги адабий-орфографик эмас, талаффузимизда бўлгани сингари, жарангсизлашиш кучли эди. Ваҳоланки, Навоий асарлари қўлёзмаларида “ба” ҳарфи [б]ни ҳам, жарангсиз [п]ни ҳам англатиб келади, камдан-кам ўринда [п]ни ифодалаш учун ҳарф остига уч нуқта қўйилган. Шуларни кўзда тутган ҳолда, юқоридаги сўзларнинг келип, битип, берип, бўлуп шаклида берилгани маъқул.

Шунинг сингари ҳол “каф” ҳарфининг ўқилишида ҳам кўзга ташланади. Чунки араб ёзувли туркий матнларда бу ҳарф [к]ни ҳам, [г]ни ҳам англатиб келади; айрим ўринлардагина жарангли [г]ни ифодалаш учун ҳарф устига уч нуқта қўйиб кетилган. Яна бир белгиси, кўк турк битигларида [к] ва [г] учун алоҳида ҳарфлар бор. Кўҳна битигларни, Навоий асарларининг фонетик хусусиятларини инобатга олган ҳолда бег, битиг сингари сўзлар [к] билан эмас, [г] билан талаффуз этилганини аниқлаш мумкин бўлади.

Ёки ҳозирги -дек қўшимчаси тил тарихида -дег деб талаффуз қилинган, чунки у тарихан -тег, яъни тегмак феълидан урчиган. Фикримиз тўғрилигини кўк турк битиглари ҳам далиллайди: кўк турк ёзувли Урхун-Энасой битигларида бу қўшимча -тег шаклида ишлатилган.

Навоий асарларини нашрга тайёрлашда эътиборга олинмоғи керак бўлган яна бир масала тўғрисида.

Чет эллардаги йирик туркологик марказларда туркий ёзма ёдгорликлар, хусусан, энг кўҳна битиглардан тортиб эски ўзбек тили ёдгорликларига қадар, бари илмий транскрипцияда берилмоқда. Ҳатто Мавлоно   Лутфий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларининг илмий нашрлари ё асл ёзувида, ёки транскрипцияда. Негадир биздаги илмий нашрларда транскрипцияга эътибор қаратилмаяпти. Ҳатто докторлик диссертацияларида ҳам классик ижодкорлар асарларидан келтирилган ўрнаклар — ҳозир ишлатаётган ёзувимизда. Охир-оқибат ўзбек олимлари тайёрлаган нашрлар чет элларда тан олинмаётир. Биздаги илмий нашрларнинг дунё шарқшунослиги, чет эл туркологиясига тенглаша олмаётганининг сабаби ҳам ана шунда.

Нашрлар икки хил бўлади: бири кенг жамоатчиликка аталган, яъни оммабоп нашрлар, бошқа бирови – илмий нашрлардир. Кўпга аталган нашрларнинг жорий ёзувда берилуви табиий. Чунки мактаб ўқувчисидан тортиб ўқимишли кишилару китобсеварлар классик шоирлар асарларини ўқиб ўрганмаги, фикри озуқланмоғи керак. Лекин филолог-мутахассислар учун мўлжалланган илмий китоблар транскрипцияда берилгани маъқул. Бу – жиддий масала.

Жўнгина бир мисол: Навоий асарларида ўт сўзидаги [ў] унлиcи икки хил талаффуз қилинган: агар унли “йўғон” талаффуз қилинса, “ўт, олов” маъносини, агар “ингичка” талаффуз қилинса, “ўтмак(буйруқ)” ёки “ўт қопчаси”ни билдиради. Улар маъносига кўра бошқа-бошқа сўзлардир. Шунга яраша, ушбу сўзларга қўшимчалар ҳам икки хил қўшилади: биринчисига қўшимчанинг “йўғон” эши (варианти) қўшилиб, ўтқа, кейингисига эса қўшимчанинг “ингичка” эши қўшилиб, ўтмак бўлади. Бу сўзлардаги унлиларнинг “йўғон” ёки “ингичка” эканини уларга қўшилаётган қўшимчаларга қараб ҳам ажратиш мумкин.

Яна бир жиҳати, классик асарларимиз тилида ўзига яраша уйғунлик бор: айтилиши “йўғон” ўзакли сўзларга, қўшимчаларнинг ҳам “йўғон” эшлари, “ингичка” ўзакли сўзларга қўшимчаларнинг ҳам “ингичка” эшлари қўшилган: айламак, билмак, кетмак, тузмак; ёки қарамақ, ўқимақ сингари. Ҳатто сўздаги унлининг лабланган-лабланмаганлигига қараб, қўшимчаларнинг қўшилишида ҳам уйғунлик бўлади: кўзум, сўзум ёки элим, тилагим сингари. Туркий унлилар тизимидаги бундай уйғунлик, ўз ўрнида, матн жозибасини таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Эски ўзбек тилида “темир қонун” сифатида амал қилган унлилар уй­ғунлиги (сингармонизм) Навоий асарларидаги товушлар системасини анг­лашга ҳам имкон беради. Масалан, “Муҳокамату-л-луғатайн”да келтирилган мисолларда “йўғон” ўзак-негизли сўзларга масдар кўрсаткичининг -мақ варианти қўшилган: қуруғсамақ, алдамақ, қистамақ, йалинмақ сингари; “ингичка” талаффузли сўзларга эса мак варианти қўшилган: игирмак, индамак, сурканмак, ўртанмак сингари. Кўринадики, Навоий тилида орқа қатор, “йўғон” [a] билан олд қатор, “ингичка” [а]нинг ҳар иккови мустақил фонемалар сифатида амал қилган.

Туркология соҳаси ривожлангани сайин янги-янги қарашлар юзага келаётгани табиий. Янги фикрлар фаннинг, манбашунослик ва матншуносликнинг ривожига йўл очар экан, уларни, албатта, эътиборда тутмоғимиз, тайёрлаган илмий нашрларимизни такомиллаштириб бормоғимиз лозим.

Қосимжон Содиқов, филология фанлари доктори, профессор

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2018 йил, 45-сон