Наим Каримов. Туркистонлик талабаларнинг тақдири тафсилотлари

Бу воқеа, гарчи ўша даврда кутилган натижани бермаган бўлсада, етмиш нафар ўзбекистонлик талабанинг Германиядаги ўрта ва олий ўқув юртларида таълим олиши ўз даврида қандай катта акс-садо берган бўлса, ҳозир ҳам ўзбек жамиятини шунчалик ҳая­жонлантириб келади. Агар совет давлати бу ёшларнинг яқин келажакда юқори малакали миллий кадрлар бўлиб етишишларидан, Германиядаги илмий-техник ва маданий тараққиёт таъсирида ўзга кишилар бўлиб қайтишларидан қўрқмагани ва ташвишга тушмага­нида, Германияга талабалар юбориш амалиёти давом этган ва Ўзбекис­тон Республикаси ўтган асрнинг 30 йилларидаёқ СССР таркибидаги энг илғор ва тараққий этган республикалардан бирига айланган бўларди. Бундан манфаатдор бўлмаган совет давлати дастлаб талабаларнинг СССРга қайтиб, Россия­нинг Москва, Ленинград каби шаҳарларидаги ўқув юртларида ўқишлари лозим, деган қарорга келди, ўз орзу ва мақсадларида қатъий туриб, Германияда ўқишни тугатиб, ватанларига қайтганларидан кейин турли соҳаларда кўтаринки кайфият билан ҳалол хизмат қилаётган собиқ талабаларни қириб ташлади. Ўзларини ҳам шундай фожиа кутаётган бошқа талабалар эса ўзга мамлакатларда қолиб, шу мамлакатларнинг тараққиётига ҳисса қўшдилар.

Тарихга бир назар

1922 йилнинг сентябрида ўзбекистонлик ёшлар Европа илм-фани ютуқларидан баҳраманд бўлиш учун немис тупроғига қадам қўйганларида, Германия­нинг барча илмий-ўқув марказларида таҳсил олаётган руслар сони 10 минг, японлар 4 минг, усмонли турклар 2 минг, эронликлар ва афғонлар 500, араблар эса 200 нафар бўлганлари ҳолда Ўзбекистондан биргина Абдуваҳоб Муродий ўз йўли билан бориб, Гёте ва Гейне ватанидаги олий ўқув юртларидан бирида таҳсил олаётган эди. Бу рақамларни кўриб, ҳайратга тушган туркистонлик таниқли маърифатпарвар Салимхон Тиллахонов «Четга кўпроқ ўқувчилар юбориш керак» («Туркистон» газетаси, 1923 йил 11 март) деган мақоласида жўшиб ёзган эди: «Германияда Россиянинг 10 000, Япония­нинг 4 000, Туркиянинг 3 000, ҳатто Хитойнинг 3 000 талабаси бор экан. Мана бу ҳисобга қараганда, 12 миллион нуфусга молик Туркистонимиздан 70 нафаргина талаба­нинг бўлиши ҳеч вақтда бизни қаноатлантира олмайдир. Ҳаракат қилиб, келғуси йилларда Оврупонинг ҳар бурчагига 70 минглаб талабалар юборишимиз керакдир. Бизнинг дўхтиримиз, адибимиз, муаррихимиз, технигимиз, файласуфимиз ва ҳоказо улуғ ишчиларимиз, йўл бошлағувчиларимизни ўз ичимиздан чиқаришимиз лозимдир. Тажри­балик дўхтирларимизнинг йўқлигидан элимизнинг буюк қисми қўрқинчли юқумлик касалликлар билан дунёга вақтсиз видо этмоқдалар. Тарбия йўсинини билмаганимиз учун янги туғилган болаларнинг 30 – 40 фоизи ўлиб кетадир. Тошкентнинг ўзида бизга қараганда озгина бўлган овруполикларнинг 100 га яқин дўхтирлари бор. Бизда бўлса, соғни касал қилғучи, касални ўлдиргучи 5 – 10 та нодон табибларимиздан бошқа ҳеч нимамиз йўқдир».
Ўлкадаги шундай ачинарли вазият халқ ва мамлакат ташвиши билан яшаётган кишиларда туркистонлик ёшларни чет мамлакатларга ўқишга юбориш ва яқин келажакда улар ёрдамида Туркистонни илғор мамлакатлар қаторига олиб чиқиш мақсадини уйғотди.
1909 йил 12 майда Тошкентда Туркистон жадидларининг «Жамияти хайрия» ташкилоти тузилди. Ташкилот туркистонлик илмсевар ёшларни Россиянинг Петербург, Саратов, Қозон, Уфа, Оренбург, шунингдек, Туркия ва Мисрнинг Истанбул, Қоҳира сингари шаҳарларига дастлабки талабаларни юбора бошлади.
1909 йил 18 июлда эса Бухоро шаҳрида «Тарбияи атфол» ташкилоти тузилиб, у бухоролик бир гуруҳ истеъдодли ёшларни Истанбулга юборди. Кейинчалик шу ёшлар орасидан Фитрат, Усмонхўжа, Атохўжа сингари давлат ва маданият арбоблари етишиб чиқдилар. Орадан бир неча йил ўтгач, чор ҳукумати ағдарилиб, унинг ўрнига совет давлати барпо этилди. Халқ қорнини катта ваъдалар билан тўлдирган совет давлати сиёсатининг натижаларини кўрган зиёлилар Тошкентда Ўзбек билим ҳайъатини тузиб, 1921 йилдаёқ чет мамлакатларга талабаларни жўнатиш масаласини ўргана бошладилар. «Туркистондан четга бориб ўқиш учун, – деб ёзди Элбек «Сўнгги кўмакни кимлардан кутишимиз керак?» деган мақоласида, – 1921 йил бошларида Ўзбек билим ҳайъати томонидан бир лойиҳа тузилиб, бошида студент Саййид Алихўжа бўлгани ҳолда бир неча ўқувчилар­нинг рўйхати олиниб, ҳукуматга топширилган эди. Бир неча муддат бунинг кетидан юриб, натижада ҳукуматимизнинг моддий кўмак бера олмаслиги билингач, бу масала ўз-ўзидан тўхталди. Лекин ўқувчилардан қайси бир ўзига тўқроқлари (гарчи борлиқ нарсаларини сотиб бўлсада) яна четга кетмоқ орзусида бўл­дилар. Буларнинг ўзаро ташаббусини кўрган Ўзбек билим ҳайъати четдан томошачи бўлиб тура олмади. Бўлса-бўлмасада, умид билан ишга киришди ва четга кетгучи студентларнинг ўзларидан бир комиссия тузиб, шул комиссияга Саййид Алихўжани бошлиқ этиб, «Кўмак» отида бир уюшма тузди. Уюшма кеча-кундуз ишлаб, турли ёқдан гадойлик қилиб бўлсада, бир кишини четга жўната олди».
Бу бахтли инсон Абдуваҳҳоб Муродий эди. 1901 йили Тошкентда камбағал оилада туғилган А.Муродий Шайхонтоҳур даҳасидаги «Хоний» ва «Намуна» мактабларини битирганидан сўнг, қисқа муддат Наманганда муаллим бўлиб ишлаган. Сўнгра Бокудаги ўқув юртларида таҳсил олган, 1921 йили Германияга бориб, қишлоқ хўжалик (зироат) академиясига ўқишга кирган. Афсуски, унга ҳомийлик қилишга ваъда берган бойнинг бевақт қазо қилиши муносабати билан А.Муродий Германияда оғир иқтисодий аҳволда қолган.
«Туркистон» газетасининг 1922 йил 26 ноябрь сонида «Четдаги талабаларга ёрдам» деган мақола босилиб чиқади. Ундан маълум бўлишича, А.Муродий «Кўмак» уюшмасига мурожаат этиб, олий зироат мактабни битиргунига қадар таъмин қилмоқни бўйнига олган бир шахснинг вафот этгани ва натижада таъминсиз қолганини, агар ўз юртидан ёрдам бўлмаса, ўқишни ташлашга мажбур эканлигини айтган. Муродийнинг оғир моддий аҳволга тушиб қолганини ундан бир йил кейин Берлинга етиб борган Саййид Али ва Аҳмад Шукрийлар ҳам тасдиқлаганлар. 23 ноябрь куни Тошкент ёшларининг «гап» йиғилишларида Муродийнинг хати ўқиб берилган ва йиғилганлар бир оғиздан ўз маошларининг 25 фоизини Берлинга юборишга ваъда берганлар. Шу куни яна бир неча кишининг ҳиммати билан 1 миллиардга яқин маблағ тўпланган. «Гап мажлисида, – деб ёзган эди газета, – ҳозир бўлмаган бошқа ўртоқлардан ҳам йиғиб, шул маблағни ўртоқ Абуваҳҳобнинг бир йиллик таъминотига етказ­макка бўлинди. Шул мақсад билан Эски шаҳарда адабиёт-томоша кечаси ясамоқ учун кишилар белгиланди».
Орадан уч ҳафта ўтгач, шу газетада М.Усмонийнинг «Берлиндаги талабаларга кўмак» деган ҳисобот-мақоласи босилади. Унда бундай сўзлар ёзилган эди: «Тошкентда маориф-маданият ишларида ишлагувчи бир тўда ёшларнинг ташаббуси билан Берлин олий зироат мадрасасида ўқиғувчи талабамиз Абдуваҳҳоб ўртоқнинг таъминоти учун қуйидагича моддий кўмак йиғилди:
Саййид Носир Миржалил 20 000 сўм; Толибжон Муса­боев 10 000 сўм олтин; Абдулҳамид Сулаймон 7 000; Нажмиддин Шераҳмедов 5 000; Ҳамидулла Ориф­жон ҳам Холмуҳаммад Охундийлар 4 000 сўмдан; Муҳиддин Усмоний, Мунаввар қори, Зуфар Усмонийлар 3 500 сўмдан; Шокиржон Раҳим, Абдунаби ҳожи ўғли, Тешабек Отабеков, Муҳаммаджон қори Раҳимий ва Асадулла Хўжахоновлар 2 500 сўмдан; Салимхон Тиллахонов 1 200 сўм.
6 декабрда ясалган адабиёт кечасидан соф фойда 75 000 сўм.
Барчаси: 139 700 сўм. Бу пуллар тегишли йўл билан ўртоқ Абдуваҳҳобга юборилди».
Туркистоннинг илғор жамоатчилиги меҳр, шафқат ва кўмак кечаларини ўтказиш билангина кифояланмади. Шу газетанинг 1923 йил 15 апрель сонидан ўрин олган ўша муаллифнинг «Четда ўқувчиларни унутмайлик» деган эслатма-мақоласида бундай сўзлар ёзилган эди: «Туркистон, Бухородан Берлинга ўқишга кетган ўқувчиларнинг кўплари турлик муассасаларнинг кўмаги билан, баъзилари, энг кўп бўлганда, бир йиллик таъминотларига етарлик нарса билан кетганлар. Баъзи бир талабалар жуда оз ақча, ҳатто қуруқ «таваккал» йўли билан бориб қолганлар». Мақола муаллифи нафақат талабалар ҳоли, балки Биринчи жаҳон урушидан чиққан Германиядаги оғир аҳволни ҳам унутмай, бундай давом этган: «Маълумдирким, Жаҳон уруш натижаси Германиянинг иқтисодий аҳволини жуда издан чиқариб юборди. У ерда ҳам биздагидек соат сари бозор баҳолари кўтарилиб, оқча қадри кун сайин тушиб борадир. Бу, албатта, ўқувчиларимизнинг турмушига таъсир этмай қолмайдир. Биз ул ерда ўқувчиларимизнинг муҳтожларини англаб олайлик, уларнинг ҳолидан тез-тез хабар олиб турайлик…»
Муаллифнинг фикрича, талабаларнинг моддий қийинчилик орқасида ўқишни ташлаб келишлари Туркистон учун, унинг зиёлилари учун, «масъул ишчилари» учун хунук ҳол, шармандали воқеа эди. Шунинг учун у ватандошларини мамлакат келажагини ўйлаш ва шу йўлда мурувватли ва ҳожатбарор инсонлар бўлишга чақирди: «Келгусимизнинг маҳкам устуни бўлган четдаги ўқувчиларимизни унутмасдан, ҳар вақт уларга ёрдам бериш тўғрисида қайғурайлик».
Агар шу йилларда Туркистон халқининг ҳам иқтисодий қийинчилик ва машаққатларни бошидан кечирганини кўз олдимизга келтирсак, Бухоро Халқ Шўро республикаси ва Туркистон автоном республикасининг етмишга яқин ёки ортиқ фарзандларини куни кеча совет давлатининг душмани бўлган Германияга ўқишга юбориши тарихий жасорат, зиёлиларнинг уларни қўллаб-қувватлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари эса маънавий-маърифий юксаклик намунаси эди. Буларнинг ҳаммаси замирида миллий тараққиёт ва миллий истиқлолга эришиш орзуси ва мақсади ётарди.

Гёте диёрида

Бухоро ўз моллари билан жаҳон бозорини Ўрта Осиёнинг бошқа вилоятларига қараганда анча эрта эгаллаган. Россияда бўлганидек, Европада ҳам қишнинг қаттиқ келиши ва бир неча ойга чўзилиши аҳолидан иссиқ кийинишни тақозо этган. Имконияти бор кишилар нафақат иссиқ, балки қимматбаҳо матолардан, мўйна ва терилардан тикилган кийим-бошларни кийишган. Бу ҳол ХИХ аср охири – ХХ аср бошларида Бухоро қоракўлининг Европа бозорини забт этишига сабаб бўлди. Бухоролик қоракўл савдоси билан шуғулланган бойлар Германия, Франция каби мамлакатларга бориб, қоракўл савдосини йўлга қўйибгина қолмай, тушган фойда эвазига шу шаҳарлардаги ҳашаматли уйлар ва универмагларни сотиб олдилар. Агар Октябрь тўнтариши рўй бериб, хориждаги ва мамлакат ичкарисидаги бойларга тегишли мол-мулк гадо давлат фойдасига мусодара этилмаганида улардан ўнлаб ўзбек ва тожик Рокфеллерлари чиққан бўларди.
Германия шу йилларда илм-фан, техника ва маданият жиҳатидан жаҳоннинг энг тараққий этган мамлакати эди. Бухоролик ва бошқа шаҳарлик савдогарлар Германияга камалак нурлари билан товланувчи мўйналарни олиб бориш билангина кифояланмай, енгил машиналарни, қишлоқ хўжалик асбоб-анжомларини, тикув машиналарию уй-жой буюмларини олиб келишди. Туркистонда «Зингер» тикув машинасини кўрмаган хонадон бўлмади.
Туркистон зиёлилари ХХ аср бошларида хайрия жамиятларини очиб, агрономлар, инженерлар, шифокорлар, меъморлар, ҳуқуқшунослар, кончилар ва бошқа соҳалар бўйича кадрлар тайёрлаш учун ёшларни хорижга юбориш масаласини кўтарганларида, улар фикрича, талабаларни юбориш мумкин бўлган мамлакат фақат Германия эди.
Хуллас, 1922 йилдан бошлаб ёш Туркистон республикаси раҳбарлари Бухоро республикаси раҳбарлари билан бирга Германияга 70 га яқин ёки 70 дан зиёд ёшларни ўқишга юборади. Бу рақам турли манбаларда турлича қайд этилиб келади. 1923 йил сентябрида талабалар аҳволини билиш ва яхшилаш учун Германияга борган Турор Рисқулов «Германиядаги ўқувчиларимиз» («Туркистон» газетаси, 1923 йил 19 декабрь) мақоласида улар сони ҳақида бундай маълумотни берган: «Туркистон ўқувчилари 11, Бухоро ўқув­чилари 47 кишидир. Туркистонликлар­нинг 7 нафари ўзбек, 4 нафари қозоқдир. Уларнинг ҳаммаси Туркистон шароитига тўғри келадиган мактабларда ўқий­дилар. 4 нафар ўзбек техника академиясида (бу мактаб Германияда атоқли бўлиб, 4 йил назарий ва бир йил амалий иш қилинадир), 2 нафар қирғиз қишлоқ хўжалик академиясида (3 йил ўқиш ва 1 йил амалий иш), 2 қирғиз кўнчилик мактабида ўқийдир (Рустенбурғда 2 йил тажриба оладир), 2 ўзбек (бири қиз) гимназияда (1 йил ўқиш, 3 йил тажриба), 1 ўзбек дорилфунунда (тиббиёт шубасида, 3 йил ўқиш, 1 йил тажриба) таҳсил оладир».
Шу манбадан маълум бўлишича, бухороликлар орасида 35 нафар ўзбек, 8 нафар татар (булардан 4 нафари қиз), 5 нафар туркман, 2 нафар қирғиз ва 1 нафар яҳудий бўлган. Т.Рисқулов берган маълумотга қараганда, Германияга ўқишга борган туркистонлик ва бухороликларнинг умумий сони 49 нафари бўлган. Аммо бу рақам ҳам ҳақиқий аҳволни мутлақо акс эттирмайди. Бу борадаги изланишлар шундан шаҳодат берадики, 1922 йили Гёте диёрига ўқишга борган талабаларнинг умумий сони 70 дан ортиқ бўлса ортиқки, асло оз эмас.
Ушбу мавзунинг илк тадқиқотчиси, фидойи олим Шерали Турдиев «Улар Германияда ўқиган эдилар» монографиясининг иккинчи нашрида (Тошкент, 2006) ватанига қайтиб келган талабалардан 12, қайтиб келмаганлардан эса 5 нафари ҳақида тўла маълумот берди. У мазкур мавзу устида ишлаш жараёнида Шокир Сулаймон, Турор Рисқулов, Олимжон Идрисийларнинг 20 йиллар матбуотида чоп этилган мақолаларини, собиқ талабалар­нинг оилавий архивларида сақланган ҳужжат ва фотосуратларни топиб, эълон қилди. Уларнинг кейинги ижтимоий, ижодий ва педагогик фаолиятини Давлат хавфсизлик хизмати архивидаги «дело»лар асосида ўрганиб, ўнлаб мақолалар ёзди.
Ш.Турдиевдан кейин шу масала билан қизиққан таниқли санъатшунос олим Сирожиддин Аҳмедов ҳам давлат ар­хивларида ишлаши жараёнида Германияда ўқиган яна 10 дан зиёд талабанинг исм-шарифини аниқлади. Бу икки тадқиқотчининг издоши Баҳром Ирзаев эса 10 дан зиёд талабанинг ҳаёти ва фожиали тақдирига доир маълумотларни қўлга киритишга муваффақ бўлди. У шу талабалар изидан тушиб, уларнинг яқин қариндошларини ҳамда хусусий ва давлат архивларида сақланган ҳужжатлару фотосуратларини топиб оммалаштирмоқда.
Шу вақтга қадар мамлакатимизда олиб борилган изланишлар ва тадқиқотлардан ташқари, хорижда ҳам ўтган асрнинг 20 йилларида Германияга ўқишга борган талабалар тақдири билан қизиққан олимлар йўқ эмас. Улардан бири хорижда Аҳад Андижон (Андижоний) номи билан танилган ватандошимиздир. Унинг яқинда Тошкентда нашр этилган «Туркистон учун кураш» (Т., 2017, 2-китоб) китобида Туркистонда ХХ аср бошларидан 50 йилларгача рўй берган тарихий воқеалар ўз тасвири ва талқинини топган.

Германияга юборилган талабалар

1922 йилда ўзбекистонлик талабаларнинг Германияга ўқишга юборилишига оид мақола ва рисолаларда улар сони, юқорида айтилганидек, турлича кўрсатилиб келади. Таниқли журна­лист ва ёзувчи Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг «Тошкентнинг бир япроғи» («Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси (1993 йил 28 май) мақоласидан ўрин олган амакиси Аҳмаджон Иброҳимовнинг хотирасида эса шу ҳақда бундай маълумот берилган: «1922 йил­нинг охирига қадар Туркистондан чет элларга турли-туман йўллар билан 200 га яқин талаба ўқишга юборилди. 5 талаба Туркияга, 25 тала­ба Озабайжонга, Бокуга, 50 га яқин талаба Москвага ва 74 талаба Олмонияга юборилди (таъкид бизники – Н.К.). Олмонияга юборилган талабаларнинг 56 таси Бухоро жумҳуриятидан, 16 таси Туркистон жумҳуриятидан ва 2 талаба Хива жумҳуриятидан эди».
Мазкур масала билан қизиққан Шера­ли Турдиев «Улар Германияда ўқиган эдилар» деган китоби (Т., 2006)га 20 йилларда Ўзбекис­тон матбуотида, кейинчалик Туркияда эълон қилинган мақола ва хотираларни ҳам илова қилган. Шу мақола ва хотираларда Германиядаги олий техника мактабида ўқиган 8, дорилфунунларда таҳсил олган 5 (О.Идрисий мақоласида), Германиядаги олий ўқув юртларини битирган 20 нафар (И.Ёрқин хотирасида) талабанинг исм-шарифи қайд этилган. Кейинчалик бу рўйхат С.Аҳмедов ва Б.Ирзаев томонидан тўлдириб борилди. Шунга қарамай, мавжуд рўйхатларнинг чалалиги шубҳа уйғотмайди.
Биз қуйида юқорида тилга олинган манбалар асосида 1921–1922 йилларда Германияга юборилган талабаларнинг ҳозирча тўла рўйхатини тузишга ва улар ҳақидаги асосий маълумотларни беришга уриниб кўрамиз.
Ўзбекистон Марказий давлат архивида Бухородан борган ўқувчи ва талабаларнинг Германияда бўлишига оид маълумотлар мавжуд бўлгани ҳолда, Туркистондан борган ўқувчи ва талабаларга оид ҳужжатлар етарли эмас. Бизнингча, Туркистондан ҳам Германияга камида 10-15 нафари ўқувчи борган бўлиши мумкин.

Германияга ўқишга борган туркистонлик талабаларнинг бир гуруҳи.
Биринчи қаторда (чапдан): Афзал Абусаид (Венсурал), Иброҳим Орифхон (Ёрқин), Саида Шераҳмад қизи (Ўктой), Мустафо Чўқаев, Мажидиддин Далил, Аҳмаджон Иброҳим (Ўкой). Иккинчи қаторда: Саидали Хўжа (Анқара) Аҳмад Наим (Ўктой), Абдулваҳоб Исҳоқ ўғли (Ўктой), Собир Иброҳим (Туркистонли). Берлин, 1923 йил 18 февраль.

Ғоявий курашлар гирдобида

Совет давлатининг Ленин имзо чеккан биринчи декларацияси (1917)га кўра, Россия ҳудудидаги халқларга ўз тақдирларини ўзлари белгилаш ҳуқуқи берилган эди. Бу, бир томондан, хорижий давлатларни чалғитиш, иккинчи томондан эса, мустамлака ўлкалардаги истиқлолсевар кучларни алдаш учун чиқарилган ҳужжат эди. Буни яхши билган Бухоро ва Туркистоннинг ўша йиллардаги раҳбарлари тахминан етмиш нафар талабани Германияга жўнатишдан аввал Москва ва Ленинград сингари шаҳарлардаги ўқув юртларига ҳам бир қанча талабаларни юборишга қарор қилишган. Бу уларнинг, бир томондан, совет давлати раҳбарларида ўзларига нисбатан ишонч уйғотиш, иккинчи томондан, хориж билан Россияда таълим олган талабалар­нинг билим даражасини қиёслаш ва хулосага келиш учун қилинган амал эди. Аммо совет давлатининг Туркистон ва Бухородаги зийрак кўзлари хорижда таълим ола бошлаган миллий кадрларнинг «эркин дунё» қадриятларига учиб, совет давлатининг кўр ва кар фуқаролари бўлиб шаклланмаслиги мумкинлигини сезганлар. Улар таъсирида бўлган кишилардан бири эса 1923 йилда фарғоналик ёшларнинг хорижга отланаётганларини кўриб, бундай вовайло қилган эди: «Бу ҳаракатда бўлғувси ўртоқла­римиз Россиянинг бугунги кунда энг яхши йўлга қўйилган ва ҳар ким тушунарлик ўрта ва олий мактабларини кўзлари кўрмайин, загранитсадаги буржуа, мазь­лумлар дунёси­нинг ойдин душмани бўлган оқсуяклар руҳи, буржуа идеологияси билан тарбия қиладирган мактабларни кўрадирлар… Ўзининг билими, ҳунари билан элнинг хўжалигини, саломатлигини, маданиятини кўтарадурган йигитларимиз фақат Россияда бўлган ўрта мактаблар орқали тарбияланиб, олий мактаблардан етишишлари очиқдан-очиқ маълум бир нарсадир».
Қамчинбек (Айнуллин)нинг «Фарғона» газетаси (1923 йил 8 июнь)да босилган бу мақоласига қарши Абу Тавфиқ тахаллусли номаълум муаллиф шу газетанинг 1 июль сонида «Чет элларга ўқувчилар юборилсин» деган мақола билан чиққан ва сарлавҳада ифодаланган фикрини бундай мисол билан асослашга интилган: «Кўз олдимизга маданийлашган Японияни келтирганимизда жуда кенглик ва маорифга берил­ганин кўрамиз. Япония, бир томондан, Оврупога талаба юборса, иккинчи томондан, Амриқога юбора бошлади. Япония бу ҳаракати билан 1866 йилга келганда Оврупо ва Амриқо мамлакатларини талабалар билан тўлдириб юборди. Шундоқ мутаассиб мажусий бир мамлакат 1887 йилга келганда Овруподаги миллатлар қаршисида биринчи, Амриқо миллатлари қаршисида улуғ даражали бўлиб танилди. Шу вақтда Японияда ўқувчи ўғиллар 90 фоизни ташкил этди. 1905 йилга келиб, Япониянинг ўқиган халқи 100 фоизга етди. …японлар Оврупони демади, Амриқони демади. Ҳар нима бўлса бўлсун, ўқисун, деди».
1924 йили Бухоро ва Хоразм шўро республикалари ҳамда Туркистон автоном республикаси тугатилиб, улар ўрнида Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси барпо этилади. Бу Ўзбекис­тонда совет давлат тузумининг мустаҳкамланишини, Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси раҳбарлари ҳуқуқларининг эса чекланишини анг­латувчи воқеа эди.

Убайдулла Хўжаев (сўлда) ва Олимжон Идрисий (ўнгда) Германияга ўқишга бораётган Саида Шераҳмад қизи (Ўктой) ҳамда унинг укалари Фузаил ва Насриддинлар даврасида. Москва, 1922 йил сентябрь – октябрь ойлари.

Шу воқеадан бир мунча аввал Германияга ўқишга юборилган ёшлар Туркистон Талабалар жамиятини ташкил этган ва бу жамиятга раис этиб Абдуваҳоб Муродийни сайлаган эдилар. Бу жамиятни тузишдан мақсад, хорижда яшаган ватандошимиз Аҳад Андижоннинг ёзишича, «туркистонлик талабаларни бир ташкилот атрофида бирлашти­риш ва Оврупо илму ирфонини Туркистонга танитишга, Туркистоннинг ижтимоий ҳа­ётининг, санъатининг замонавий илм-фан, техника ютуқла­ридан фойдаланган ҳолда янгиланишига Туркистон халқининг капиталистлар асоратидан қутулишига хизмат қилишдан иборат бўлган. Бу жамиятнинг яна бир вазифаси Туркистондан Оврупога келадиган талабаларнинг қандай йўл билан келишидан қатъи назар, доим қўллаб-қувватлаш, ёрдам бериш эканлиги ҳам таъкидланган».
1924 йил охирларида Туркистондаги ижтимоий-сиёсий вазият ўзгарганидан сўнг «Ўрта Осиё миллий авомий иҳтилол жамиятлари иттифоқи» (А.Андижон ибораси)нинг Овруподаги йиғи­лиши ўтказилиб, ташкилот номи «Туркистон озодлик жамияти» деб ўзгартирилади. Талабалар жамияти номининг бундай ўзгартирилиши ва жамиятнинг ўз олдига кўламли вазифаларни қўйгани совет давлатининг тегишли идораларини ўйлантириб ва ташвишлантириб қўяди. Шу йили (А.Андижон берган маълумотга қараганда, 1925 йили) Ўрта Осиё давлат университети ректори Меерсон Берлинга бориб, талабаларнинг қандай яшаб ва қандай таълим олаётгани масаласини ўрга­ниш ўрнига, уларни ватанла­рига қайтариш тарғиботи билан шуғулланади.
«Меерсон илк ишни, – ёзади А.Андижон, – Бухоро Халқ Жумҳуриятидан юборилган кичик ёшдаги ўқув­чилардан бошлади ва уларни таълим олаётган мактабла­ридан чиқариб, барини тўплаб, орқага (Бухорога – Н.К.) қайтариб юборди. Улардан атиги бештаси Аҳмад Наим (у шу йилларда Туркиянинг Берлиндаги элчихонасида таржимон бўлиб ишлаган) нинг ва Варшавадаги Туркия элчихонасининг саъй-ҳаракати туфайли Ригадан яна Олмонияга қайтариб олиб келинди. Кейинроқ бу беш киши турк элчисининг ёрдами билан Туркияга юборилди ва улар мактабни ўша ерда тугатишди. Шу орада совет ҳукумати Бу­хородан келган талабалар учун бериладиган маблағнинг олмон банкларидаги ҳисоб рақам­ларини ёптириб қўйди. Аммо лицей ёки университетларнинг сўнг босқичларида таҳсил олаётган талабалар ўз таълим даргоҳлари билан алоқани узмадилар. Энди улар – элчихона ходимлари – «ўз истаклари билан» советлар юртига қайтишлари учун талабаларга зуғум қила бошладилар…
Шундан сўнг талабалар­нинг бир қисми Ўзбекистоннинг Берлиндаги ваколатхонасига хат билан мурожаат этиб, ўқишларини тугатмасдан орқага қайтишлари катта исрофга сабаб бўлишини ва бу иш Туркистоннинг келажаги учун зарар эканлигини таъкидлаб, таълим олишда давом этишларига ёрдам беришни сўради. Аммо уларнинг илтимосномалари жавобсиз қолди. 1930 йили эса миллий ҳаракатларга, большевикларга қарши гуруҳлар ва собиқ жадид­ларга алоқаси бор-йўқлигидан қатъи назар, талабаларга бе­рилаётган стипендиялар узил-кесил тўхтатилди.
Натижада 20 га яқин талабагина Германиядаги олий ўқув юртларини тугатиб, сталинчи жаллодлар қилич қайраб турган ватанларига олий маълумот олганлари ҳақидаги диплом билан келишга муваффақ бўлдилар.

Она ватанига қайтганлар ва қайтмаганлар

Б.Ирзаевнинг «Туркистон жадидларининг «Кўмак» ташкилоти» китобидан ўрин олган Саттор Жабборнинг «Германияда Ўрта Осиё талабаларининг икки йили» («Туркистон», 1924 йил 2 сент­ябр) деган мақоласида эса «Германияда Ўрта Осиё ҳисобидаги студентлар»нинг қуйидаги рўйхати шу масала билан шуғулланувчилар эътиборига ҳавола қилинди:

Исм-шарифи Қачон кетган? Қаерда ўқиган? Кейинги тақдири
1 Абдуваҳоб Муродий (1901–1938) 1921 Берлиндаги Олий қишлоқ хўжалик мактаби Ватанига қайтиб, Шредер номидаги Боғдорчилик институти ва бошқа муассаса­ларда ишлаган. 1938 й. да отиб ташланган.
2 Солиҳ Муҳаммад (1902–1938) 1922 Штутгартдаги Олий қишлоқ хўжалик мактаби 1927 й. ватанига ёзги таътилга келган. Қайтиб кетишига рухсат берилмаган. Каттақўрғон тажриба стансияси ва бошқа жойларда ишлаган. 1938 й.да отиб ташланган.
3

 

Тўлаган Мўмин (1902–1938) 1922 Берлиндаги олий техника мактаби 1931 й. ватанига қайтиб, электр энергияси соҳасида бош инженер бўлиб ишлаган. 1938 й.да отиб ташланган.
4 Султон Матқул (1902–1938) 1922 Берлиндаги олий техника мактаби 1931 й. ватанига қайтиб, Фан комитетида раис ўринбосари бўлиб ишлаган. 1938-й да отиб ташланган. У билан бирга қамалган хотини Бася Райбман (Матқулова) 1939 й.да озод қилинган.
5 Гулсум Раҳимова  (1902–1938) 1918 Дрездендаги қизлар гимназияси 1925 й. Ўзбекистонга қайтгач, Маориф хо­димлари малакасини ошириш институтида ишлаган. 1937 й.да отиб ташланган.
6 Саттор Жаббор (1905–1938) 1922 Берлин университетининг кимё факултети 1931 й. ватанига қайтиб, Тошкент Тиббиёт инс­титутида кимё кафедраси мудири бўлиб ишлаган. 1938 й. да отиб ташланган.
7 Хайринисо Мажидхонова (1905–1938) 1922 Дармштадтдаги гимназия; тиббиёт курслари 1928 й. ватанига қайтиб, Ўқитувчилар уйида шифокор бўлиб ишлаган. 1938 й.да отиб ташланган.
8 Марям Султонмуродова (1905–1972) 1922 Дармштадтдаги Ўқитувчилар семинарийси 1928 й. ватанига қайтиб, Эски шаҳардаги Коммунистик университетда, кейин “Гулистон” журналида ишлаган. 1937 й. қамоққа олиниб, 15 йил қамоқ жабрини тортган.
9 Руқия Хўжаева (Раҳимова) (1908–1937) 1918 Дрездендаги мактабгача таълим ва тарбия билим юрти 1925 й. ўқишни тугатиб, Ўзбекистонга қайтгач, турли муассасаларда, жумладан, Самарқанд­даги олий педагогика академиясида ишла­ган. 1937 й.да отиб ташланган.

Қайтиб келмаганлар

1 Саййид Али Усмоний (Анқара) 1922 Берлиндаги олий муҳандислик мактабининг кимё факултети
2 Афзал Абусаид (Венсурел) 1922 Берлиндаги олий техника академиясининг меъморлик факултети
3 Аҳмаджон Иброҳимов (Ўқой) 1922 Берлиндаги олий техника мактаби­нинг маъданшунослик факултети
4 Билол Фатҳулла (Фатхуллин) 1918 Берлиндаги олий техника мактаби
5 Атаулла Садриддин 1922 Дрездендаги техника  мактаби
6 Шамсулбанот Идрис 1922 Берлин университетининг тиббиёт факултети
7 Хайриниса Исмоил 1922 Берлин университетининг тиббиёт факултети
8 Абдуваҳоб Исъҳоқ ўғли (Ўқтой) 1922 Хайделберг университетининг тиббиёт факултети
9 Баҳовиддин Амин (Eмин) 1922 Берлин университетининг тиббиёт факултети
10 Азимбек Беримжон 1922 Берлиндаги олий қишлоқ хўжалик мактаби
11 Аҳмад Наим  Ашур ўғли (Ўктам) 1922 Берлин университетининг  сиёсий иқтисод факултети
12 Аҳмад Шукрий 1922 Берлин университетининг фалсафа ва тарих факултети
13 Абдумажид Иброҳимов (Ўқой) 1922 Берлиндаги Олий қишлоқ хўжалик мактаби
14 Тоҳир Шокир (Чиғатой) 1922 Хайделберг университетининг иқтисод факултети
15 Собир Иброҳимов (Чиғатой) 1922 Дармштадтдаги  олий техника мактабининг кимё факултети
16 Вали Қаюмхон 1922 Берлиндаги қишлоқ хўжалик мактаби
17 Ғиёсиддинов Салоҳиддин 1922 АE электротехник фабрика
18 Садриддин Зиёвиддин 1922 Фрейбургдаги тери созлаш мактаби
19 Кивам Кирам (Ушбу исм-шариф рус тилида шундай бузиб ёзилган. Қиёмиддин Акром бўлиши мумкин.) 1922 Лейпсигдаги типография
20 Аброр Рашид 1922 Лейпсигдаги типография
29 Хаит Абдусамат 1922 Голстерндаги машинасозлик заводи
30 Олимжон Қодирий 1922 Виттенгаузендаги қишлоқ хўжалик мактаби
31 Абдулла Пўлат 1922 Қишлоқ хўжалик мактаби
32 Иззатулла Эмин 1922 Гелштадт
33 Бекназар Абдулла 1922
34 Ҳамро Абдулла 1922
35 Омонулла Нусратулла 1922 Берлиндаги Людвиг Ле машинасозлик заводи
36 Муҳаммад Хўжа 1922 Берлиндаги Реал билим юрти
37 Сафар Ҳаким 1922 “Бердзигер” электротехник заводи
38 Фидои Бубинский 1922 Дрездендаги техника мактаби
39 Мишел Ибрагимов 1922 Нидерзедлитседаги “Захсенверк” фабрикаси
40 Нормурод Муродов 1922 Голстерндаги машинасозлик заводи
41 Афзал Ҳакимжон 1922 Берлиндаги олий техника мактаби
42 Темурбек Казбеков 1922 Олий текстил билим юрти
43 Домулла Битлеев 1922 Кўнчилик
44 Абдураҳмон Мунаитбасов 1922 Кўнчилик
45 Иброҳим Орифхон (Ёрқин) 1922 Берлиндаги олий қишлоқ хўжалик академияси
46 Фузаил Шераҳмедов 1922 Штерлисдаги йўл билим юрти
47 Ҳамид Самадов 1922 Штерлисдаги машинасозлик техникуми
48 Хайринисо Исмоилова 1922 Берлин университетининг тиббиёт факултети
49 Раҳматжон Авезжонов 1922 Кёслиндаги давлат педагогик тарбия муассасаси
50 Муҳаммаджон Авезжонов 1922
51 Абдураҳим Бурҳонов
52 Усмон Омон 1922
53 Исомиддин Аловуддин 1922
54 Абдулла Абдураҳим 1922
55 Очилбеги Бўкон 1922
56 Холмурод Хўжа 1922
57 Искандар Порсо 1922
58 Неъмат Нарзулла 1922
59 Ҳаратқул Очил 1922
60 Бешим Солиҳ 1922
61 Жўра Ҳамро 1922
62 Сафар Ҳалим 1922
63 Раҳимқул Рўзи 1922

Бу жадвал 1922 йили Германияга бориб, турли шаҳарлардаги ўрта ва олий ўқув юртларида таълим олган талабалар тўғрисида мукаммал тасаввур бермасада, биз Ўзбекистон тарихининг энг оғир ва мушкул йилларида Европага ўқиш истаги билан борган етмишга яқин ёки етмишдан ортиқ ота-оналари­миз жасорати ҳақида озми-кўпми тасаввур ҳосил қиламиз. Айни пайтда эндигина чор мустамлакачилиги кишанларидан қутулган Бухоро рес­публикаси ва Туркистон автоном республикаси раҳбарлари «қизил салтанат»нинг қаршилигига қарамай, ёш йигит ва қизларни Европага ўқишга юбориб, улуғ тарихий ишни амалга оширганларки, бундан ҳайратга тушамиз.
Мақола муаллифи шу жадвални газетхонлар эътиборига ҳавола қилар экан, қуйидаги сўзларни ғурур билан ёзган: «1924 йил бундаги туркистонликлар учун бахтлик йиллардан экан. Студент ва ўқувчиларимизнинг босган қадамлари узоқларга тушди. Берлин олий зироат мактабида Абдуваҳҳоб Муродий ва олий техника мактабида Билол каби йигитларимиз мактабларида энг муҳим синовлардан бўлган би­ринчи имтиҳонларини (воригсамен) ва Аҳмаджон Иброҳимов ҳам олий техника мактаби томонидан талаб қилинган имтиҳонни яхши даражалар билан битириб қутулдилар. Билол ва Муродий ўртоқлар бир йилдан сўнг мактабларини битирсалар керак. Аҳмаджон катта имтиҳонга тайёрланиб турадир. Бошқа студентларимиз ҳам мактабларга имтиҳонларни беришга тайёрланиб турибдирлар. Дорилфунун профессорлари Туркистон студентларидан хурсанддирлар».
Саттор Жаббор, бир томондан, Германиядаги ҳаётни, иқтисодий, илмий ва маданий тараққиётни, немисларнинг олис Осиёдан келган «қора кўзлар»га бўлган самимий муносабатларини кўриб, иккинчи томондан, ўпкаланиб ёзган: «Оврупо ва Амриқо билан юртимизни солиштирсак, Туркистон мотамхонадан иборатдир. Кунботарликлар табиатни ўюнчоқ қилганлар. Биз эса табиатга ўюнчоқ. Элимиз охират дарди билан оввора, яъни тириклигимиздан ўлимимиз ҳоким (таъкид бизники – Н.К.). Овруполиклар эса истиқболда яшаш учун ҳозирланмоқдалар. Мана, биз, туркистонликлар­нинг янги дунёдан ажралиб қолишимиз. Очиброқ айтганда, ажратган нарса машина давридан узоққа тушганимиздир. Шуни кўзда тутиб, кўп ўқувчилар машина, тўқимачилик, кўнчилик, боқча, зироат ва матбаачилик каби ўрта саноат мактабларига кирдилар. Германия ўрта саноат мактабларига кирган ўқувчиларнинг бир тўдаси 1925 йилда мактабларини битирса керак».

Германияга ўқишга борган талабаларнинг бир гуруҳи

Камина ўзбекистонлик ёшларнинг Германияда таҳсил олиши масаласи билан узоқ йиллардан бери қизиқиб келаётганим учун С.Жабборнинг бу сўзларини ўқиб, уларнинг ўз ҳаётларини қанчалик юксак орзу ва мақ­садга бағишлаганларидан, шу орзу ва мақсадга эришиш йўлида бирларининг ҳалок этилганлари, бошқаларининг эса хорижда қолиб кетишга мажбур бўлганларини эслаб, ларзага тушаман.
Агар Германияга ўқишга борган ўқувчи ва талабалар Ватанга қайтиб келиб, илм-фан, саноат ва қишлоқ хўжалигининг равнақи йўлида фаолият олиб борганида тараққий этган Ўзбекистон совет давлатининг ҳамма ёғи занжирланган ҳудудларидан чиқиб кета олган бўлармиди? Асло, чиқиб кета олмас эди. Буни совет давлати яхши биларди. Аммо у Ўзбекистон учун юқори малакали миллий кадрларнинг тайёрланишидан манфаатдор эмас эди. Унинг учун Ўзбекистон умрининг охиригача совет давлатининг соғин сигири, хомашё макони, текин ишчилар бозори бўлиб қолиши лозим эди. Шунга қарамай, Германияга борган талабалар бутун кучларини билим олишга қаратишлари зарур эди. С.Жаббор буни тушуниб улгурганми ё йўқми, ҳар ҳолда у шу масалага ойдинлик киритишга уринган. «Яқин замонлардан бери, – деб ёзган у, – Туркистон Республикаси ва Шўролар Руссиясида: «Талабалар Оврупонинг бузуқ кишилари таъсирида. Уларни қайтариб олмоқ лозим. Йўқса, бир кун бошимизга бало бўлур…» каби бўлмаган гаплар туғилганини эшитиб, ҳайрон қолмоқдамиз. Ҳаммага маълумки, Туркистон талабалари Оврупога сиёсатга аралашмоқ учун келмадилар. Германияга келганимизга икки йил бўлди. Шу вақтгача орамиздан бирор кимса сиёсат билан шуғулланмади. Талабалар ўқишидан бўшамайдир».
С.Жабборнинг бу сўзларидан аён бўладики, Германияга боришларидан аввал талабаларга сиёсатга аралашмаслик, немис тилини ўрганиб, замонавий фан ва техника асосларини эгаллаш, Ўзбекистонга энг муҳим ва энг зарур соҳалар бўйича юқори даражадаги мутахассислар бўлиб келиш лозимлигини қайта-қайта айтганлар.
А.Андижоннинг ёзишича, С.Жаббор Германияда ўқиб юрган вақтида Берлиндаги совет муассаса­лари билан алоқада бўлган. Шу ҳол туфайли талабалар орасида «Саттор Жаббор – «большевиклар жосуси» деган гап тарқалган. «Аслида, – деб ёзади А.Андижон, – у хориждаги таълимнинг илк йилларидан фаол, қобилиятли талаба ўлароқ танилганди. Форс тилини ҳам биларди, адабиётни севарди. Лицейни битирганидан кейин Берлин университетининг кимё факультетига кирди. 1927 йилда Солиҳ Муҳаммад ва Насриддин Шераҳмад деган тенгдошлари билан юртга таътилга келишди. Таътил муддати тугаб, Олмонияга фақат Саттор Жаббор қайтди, анови икки ўқувчига эса Оврупога қайтишга изн берилмади. Бу воқеа ёшлар орасида Саттор Жабборга нисбатан турли шубҳаларнинг ёйилишига сабаб бўлди… Бу «миш-миш»ларга, хўрланишларга қарамасдан, Саттор Жабборнинг ўқишини давом эттиргани, олмонлар билан ҳам, муҳожиротдаги таниқли шахслар билан ҳам яхши муносабатда бўлгани маълум».
Шу манбга қараганда, С.Жаббор Закий Валидий­нинг бир мақоласини немисчага ўгириб, «Деутче Рундсчау» журналида нашр эттирган. Мустафо Чўқай­га йўллаган бир мактубида эса, «Дас Стаат» деган газетада Бендер исмли бир дўсти ишлашини, иккиси бирликда Туркистон ҳақида мақолалар ёзаётгани, агарда Чўқай истаса, унинг ҳам мақолаларини олмончага ўгириб, нашр этишлари мумкинлигини билдирган.
Бошқа талабалар билан ўзи ўртасидаги самимият дарахтининг барглари сарғайиб, орада бўшлиқ пайдо бўлганини сезган С.Жаббор ҳаётида бир воқеа рўй берган. У Берлин университетида таҳсил олаётган туркиялик талаба Ҳоди Тўқай билан танишиб қолган. Миллий илдизнинг муштараклиги ҳам, ҳаётга қарашларию инсоний табиатлари ҳам уларнинг ўзаро дўстлашишига сабаб бўлган. Хуллас, улар бир-бирлари билан тез учрашиб, Берлиннинг диққатга сазовор жойларида учрашадиган, гурунгашадиган бўлишган. 1929 йили стипендияси тўхтатиб қўйилганидан сўнг, С.Жаббор немис газеталарига турли тахаллуслар билан Ўзбекистон, ўзбек халқи ва унинг адабиёти тўғрисида мақолалар ёзиб, шу мақолалардан тушган қалам ҳақи эвазига турмуш кечирган. С.Жабборнинг ХИХ аср охири – ХХ аср бошларидаги ўзбек адабиётини яхши билганини кўрган, унинг Фитрат ва Чўлпонлар ҳақидаги суҳбатларини эшитган Ҳ.Тўқай дўстига ўзбек адабиётининг шу ва бошқа намояндалари ҳақида китоб ёзишни, шу китобдан тушажак қалам ҳақи ҳисобига яхшироқ яшашни таклиф қилган. Шундан кейин С.Жаббор билан Ҳ.Тўқай таҳсил ва мутолаадан холи соатларда университет яқинидаги қаҳвахоналардан бирида учрашиб, бири шу китобдан ўрин олажак мақолаларни айтиб турган, иккинчиси эса тезкорлик билан ёзган. «Қутулиш йўлида» деб номланган қўлёзма китобнинг бир нусхаси С.Жаббор қамоққа олинганида НКВД ходимлари томонидан олиб кетилиб, ёндириб юборилган, иккинчи нусхаси эса, бахтимизга, Туркияда, Ҳ.Тўқай архивида сақланиб қолган ва бу китоб 2000 йили немис ва турк олимлари кўмагида нашр этилган.
Яна С.Жаббор билан ўзбекистонлик айрим талабалар ўртасида тушган совуқлик масаласига келсак. «Худди ана шу пайтда, – давом этиб ёзади А.Андижон, – бошқа бир талабага боғлиқ ўлароқ юз берган бир шов-шув ҳодиса Саттор Жаббор ҳақидаги шубҳалар оловига ёғ қуйгандай бўлди. Аниқланишича, талабалардан Афзал Абусаид паспорт муддатини узайтириш баҳонасида совет элчихонасига чақирилган ва унга пул бериб, махфий равишда айғоқчилик билан шуғулланишни таклиф этишган. Абусаид бу таклифни иккиланмай рад қилгани баробарида, элчихонадан қайтгач, бутун бўлган гапларни тенгдошларига айтиб берган. Афзал Абусаидга оид бу ҳодиса ҳақида аввал французларнинг «Ле Матин» газетасида мақола чиққан. Сал кейинроқ олмонларнинг «Дас 12 Уҳрблатт», «Деутсче Зеитунг», «Креуз Зеитунг» газеталарида бу мавзуда мақолалар босилган. Бу шов-шувли воқеанинг бу қадар жиддий сиёсий жанжалга айланиб бораётганидан ташвишга тушган совет ҳукумати Афзал Абусаидга жосусликни таклиф қилган элчихонадаги ЧК ходими Михайловскийни Москвага чақириб олишга мажбур бўлган».
Бир томондан, стипендияси тўхтатилиб, оғир моддий аҳволда қолган, иккинчи томондан, тенгдошларининг ноўрин шубҳалари ва совуқ муносабатларини кўрган С.Жаббор изтироб чекади. Дардини кимга айтишни билмай, Мустафо Чўқаевга йўллаган хатларидан бирида қалб жароҳатларини очиб ёзади: «Тенгдошларим ҳам, Сиз ҳам меникига кам келиб-кетадиган бўлиб қолдинг­лар. Баъзи дўстларим мени большевик жосуси дея қора­лаганларини яқинда билиб қолдим, дудоқларимни тишла­дим, кўзим қонга тўлди… Яқиндан бери чекаётган азобу хўрликни тангри бошқа бир туркистонликнинг бошига солмасин… Ғариблигим етмагандай, устига-устак бу туҳматлар… Берлин кутубхонасидаги бир нашрдан Олмониядаги рус муҳожирларига нисбатан «Бир-бирларининг этини еган ёввойилар», деган бир нарсани ўқигандим. Бир кун ҳақиқатни билган бирор туркистонлик ўртага чиқар ва бизни бунданда оғир сўзлар-ла таъриф этиши мумкин…»
Бир томондан, С.Жаббор, иккинчи томондан, А.Абусаид номи билан боғлиқ воқеалар, каминадан яна бир масалага ойдинлик киритишимни тақозо этади. Сир эмас, махсус хизмат ходимлари бошқа бир мамлакатда яшаётган, таҳсил олаётган, хизмат вазифа­сини адо этаётган фуқароларини алдаш, қўрқитиш, сотиб олиш йўли билан ўз давлатлари фойдасига жосуслик қилишга ундайдилар. Совет давлатининг қудратли ГПУ, ОГПУ деган сиёсий идоралари ҳам бу амалиётдан самарали фойдаланган. Бу ташкилотларнинг Германиядаги вакилларининг ҳам бундан ҳазар қилмагани шубҳасиз.
Камина 2000 йили бўлса керак, Германияда илмий сафарда бўлган вақтимда ўзбекистонлик талабаларнинг Германияда ўқиши масаласи билан шуғулланган ёш немис олимаси билан учрашган ва у менга ўзбекистонлик бир неча талабага оид архив ҳужжатларини лутфан тақдим этган эди. Шу ҳужжатлардан бири Зуҳра Кашаевага оид эди.
1922 йили Германияга борган, Германиянинг турли шаҳарларидаги бошланғич, ўрта ва олий ўқув юртларида таҳсил олган ватандошларимизнинг бир неча рўйхатлари бўлгани ҳолда уларнинг бирортасида Зуҳра Кашаеванинг номи учрамайди. Аммо у Шераҳмедовлар оиласида яшаган ҳамда шу оиланинг Насриддин ва Саида деган фарзандлари билан бирга Германияга бориб, ўша ерда ўқиган. Давлат хавфсизлиги хизмати архивидаги ҳужжатлардан бирида унинг Берлинда яшаган вақтида ҳинд йигити билан танишиб, унга турмушга чиққани айтилган. Унинг шундан олдинги ва кейинги ҳаёти биз учун қоронғи. Камина сиёсий идораларнинг ўша йиллардаги фаолиятига оид китобларни ўқиганим учун Зуҳра Кашаевани элчихонадаги ГПУ ходимлари ёрдамида ҳинд йигити билан танишиб ва унга турмушга чиқиб, Ҳиндистонга ёки бошқа бирор мамлакатга юборилган бўлса керак, деб ўйлар эдим. Аммо, кутилмаганда, А.Андижоннинг китобида унинг шахсига оид бир маълумот чиқиб қолди.
Шу китобнинг «Юртга қайтмаган талабалар» бобида бундай сўзлар ёзилган: «Абдуваҳоб Исъҳоқ ўғли (Ўқтой) ва Тоҳир Шокир (Чиғатой) каби талабалар 1929 йилдан Мустафо Чўқай билан биргаликда «Ёш Туркистон» мажмуасини чиқара бошладилар. Собир Иброҳим (Туркистонли) ва Абдуваҳоб Ўқтой, унинг хотини Саида Шераҳмад қизи ҳам шу гуруҳ ичида журнал фаолиятида қатнашганлар. Бу инсонлар Иккинчи жаҳон уруши бошлангунгача Олмонияда яшаб, «Ёш Туркистон»нинг ҳар ойда чиқиб туришида жонбозлик кўрсатдилар. Уруш муҳитида бу ишлар тўхтаркан, Туркияга кўчиб келишган. Тоҳир Чиғатой Анқара университетида профессор ўлароқ, Абдуваҳоб Ўқтой эса Истамбулдаги Хасаки касалхонасида хизмат қилди. Олмонияда ўқиган туркистонликлардан Заҳро Қўшой Ҳайделберг университети тиббиёт факультетини битирганидан кейин юртга қайтмаган. Штутгарт шаҳрида ишлаган. Афсуски, у ўқишини тамомлаганидан бир оз муддат ўтгач, ёмон касалликка чалинган ва 1931 йилда Олмонияда вафот этган».

Германияга ўқишга борган талабаларнинг бир гуруҳи

А.Андижоннинг бу сўзларидан аён бўлишича, Зуҳра Кашаева (Заҳро Қўшой) ўқишни тугатганидан сўнг сирли равишда ғойиб бўлмай, аксинча, касалликка чалиниб, ўн гулидан бир гули очилмай вафот этган. Афсуски, биз шу вақтгача у ҳақида бирор маълумотга эга бўлмай, ҳатто Германияга ўқишга борган талабалар рўйхатига ҳам киритмай келдик.
Германияга ўқишга борган талабалар тўғрисида сўз борар экан, яна Саййид Али Хўжа, Тоҳир Чиғатой сингари таниқли шахслар тўғрисида бир-икки сўз айтиш тақозо этилади. Лекин Ватанига қайтиб келмаган ватандошларимиз ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаганимиз учун бу масалани четлаб ўтишга мажбурмиз. Аммо улардан бири бизни узоқ вақтдан бери қизиқтириб келаётгани тасодиф эмас. Бу Саййид Али Хўжа бўлиб, унинг каминани «узоқ вақтдан бери қизиқтириб келаётгани»нинг сабаби шундаки, биз бу ном билан илк бор Чўлпон шеърлари орқали танишганмиз.
Чўлпон адабий меросини тўплаш ва нашр этиш ишига киришган йилларимизда бир жумбоқ бизни ўйлантириб қўйган. Шоирнинг 1920 йил 29 апрелда ёзилган ва илк бор «Ўзбек ёш шоирлари» тўпламида чоп этилган «Табиатга» деган шеърида «Саидалихўжага бағишлов» сўзлари илова этилган, лекин биз Саидалихўжанинг кимлигини аниқлай олмасдан келардик. Шеър эса бундай сатрлар билан бошланган эди:

Кел, малак, кел, кел, пари, кел, кел, ўпай бир эркалаб,
Кел, қуёш чиққунча ўптир…
Кел, кел, ўпай бир эрталаб.

Бу инжа шеър бағишланган Саидалихўжа ким бўлди экан? Бу исм Чўлпоннинг бошқа бирор асарида учрамайди. Унинг замондошлари ва илк тадқиқотчилари ҳам бу масалага ойдинлик киритишмаган. Кейинчалик ўзбек матбуотининг фидойи тарихчиси Бойбўта Дўстқора туфайли маълум бўлдики, у устоз Ойбек билан бирга Навоий номидаги таълим ва тарбия техникумида ўқиган ва техникумнинг Ойбек муҳаррирлик қилган «Тонг юлдузи» деворий газетасида мақоласи билан қатнашган экан. Хуллас, шу маълумот асосида биз Чўлпоннинг тўрт жилдлик «Танланган асарлар»идан ўрин олган шеърга қуйидагича изоҳ бердик: «Саидалихон (Саидалихўжа) – Чўлпоннинг тошкентлик дўстларидан бири. Адабиётшунос Бойбўта Дўстқораевнинг гувоҳлик беришича, унинг тахаллуслашган фамилияси Нормуҳаммадий бўлиб, 1925 йилда Эски шаҳардаги таълим ва тарбия техникумининг «Тонг юлдузи» деворий газетасида «Мактабимизда ташкилот ишлари» деган мақоласи босилган. Агар шу маълумот ҳақиқатга яқин бўлса, у 20 йилларнинг бошларида дастлаб Эсон афанди Мусаев раҳбарлик қилган таълим ва тарбия техникумида Ойбек, Миркарим Осим, Субутой Долимов сингари талабалар билан бирга ўқиган бўлиб чиқади. Айрим манбаларга қараганда, у ўша йилларда хорижий мамлакатлардан бирига қочиб кетган. Унинг кейинги тақдири тўғрисида аниқ маълумот йўқ».
Кейинги изланишлар шуни кўрсатдики, Чўлпон шеъри бағишланган «Саидалихўжа» 1922 йили Германияга ўқишга борган ва Ватанига қайтиш имконияти бўлмагани учун хорижда қолиб, «Саййид Али Хўжа» исми билан фаолият олиб борган.
Талабаларни бошқа шаҳар ва мамлакатларга юбо­риш масаласи билан Тошкентда ташкил этилган «Кўмак» жамияти шуғулланган: «Кўмак» жамиятининг юзага келишида, – деб ёзади Б.Ирзаев, – Маориф комиссариати Ўзбек билим ҳайъат қошида ўрта, олий мактабларда ўқувчи ўзбек ёшларининг «Адабиёт тўгараги» асос бўлиб хизмат қилди». Бу тўгарак томонидан 1922 йил 8 апрелда «Армуғон» номли бир марталик журнал чоп этилди. Тўпламда Авлоний, Чўлпон, Боту, Ойбекнинг шеър ва ҳикоялари билан бирга «кейинчалик Германияда таҳсилини давом эттирган Саттор Жабборнинг «Ўксиз руҳим», Саййид Алихўжанинг «Табиатга жавоб» мақолалари» (Б.Ирзаев) ҳам босилган.
Агар Саидалихўжага бағишланган Чўлпон шеърининг «Табиатга» деб номланганини эсласак, Саййид Али Хўжанинг «Табиатга жавоб» мақоласи ўз-ўзидан Чўлпон шеърига ёзилган жавоб бўлиб чиқади.
Саидалихўжанинг Чўлпон шеърига мақола билан жавоб бергани унинг шеъриятнинг сеҳрли оламидан узоқ бўлганини мутлақо англатмайди. Аксинча, у, «Кўмак»да чоп этилган шеърла­рига қараганда, нозиктаъб шоир бўлган. Унинг «Табиатдан жавоб»ини ҳам «мақола» деб эмас, «насрий шеър» дейиш тўғри бўлади.
Аҳмаджон Иброҳимнинг «Туркистон» газетаси (1923 йил 14 март)да босилган «Кўмак уюшмасидаги ўртоқларимга» мақоласидан маълум бўлишича, ўша йилнинг март ойида «Кўмак» жамиятининг Берлин бўлими очилган ва унга Саидалихўжа раҳбар этиб сайланган. Ушбу жамият (уюшма) «Кўмак» журналининг Саидалихўжа муҳаррирлигида нишона сонини чиқаришга муваффақ бўлган. Журнал Берлиндаги «Озод Шарқ» босмахонада нашр этилган. Афсуски, А.Андижон Саидалихўжанинг ҳам, бошқа туркистонлик талабаларнинг ҳам кейинги тақдири тўғрисида бошқа бирор маълумот бермаган. Демак, бу масала махсус ўрганишни тақозо этади.

«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 9-сон