Наим Каримов. Лолахон Сайфуллина ким бўлган?

1926 йили Ўзбекистон давлат нашриёти Лолахон Сайфуллина – Арслонова деган номаълум адибанинг “Ичкари” деб номланган китобини нашрдан чиқарди. Китобнинг унвон варағида “ўзбек хотин-қизлари турмушидан олинган сочма шеърлар” деган сўзлар ёзилган эди.

Тўплам Ўзбекистонда “Ҳужум” кампанияси кетаётган, паранжи ташлаган ўнлаб ўзбек хотин-қизлари эрлари томонидан чавақланаётган бир даврда дунёга келган эди. Шунинг учун бўлса керак “Ичкари” нафақат адабий жамоатчиликда, балки кенг халқ оммасида қизиқиш уйғотди. Айниқса, адабий жамоатчилик томонидан “Ичкари” қизғин кутиб олинди. Бунинг боиси ушбу тўпламга кирган қисса ва ҳикояларнинг номаълум аёл – муаллиф Лолахон Сайфуллина томонидан ёзилгани, ўзбек тилига Чўлпондек машҳур ўзбек шоири таржима қилгани, қолаверса, тўпламнинг адибага бағишланган қуйидаги гўзал шеър билан бошланган:

Лолалар дардини англаган Лола,
Лолалар тилидан қилибсан нола.

Лолалар ноласи аччиқ бўлса ҳам,
То қалбдан келгувчи санчиқ бўлса ҳам,

Тинглаб келган эди карқулоқ девор,
Эркакнинг ўзидек у нўноқ девор. 

Энди бу нолангни жаҳон тингласин,
Дилларда бор эса виждон тингласин, 

Виждонга ишонган имон тингласин,
Яъни у муҳтарам Инсон тингласин. 

Мен ҳам қаламимни аламга солиб,
Шеърий қувватимни қаламга солиб, 

Нолангни қалбимга кўчирдим, Лола,
Эй лола тилидан қилғувчи нола…

Бу самимий сатрлар 1925 йил 15 ноябрь куни Москвада ёзилган. Тахмин қилиш мумкинки, Чўлпон шу куни таржимани ниҳоялаб, ўзбек хотин-қизларининг Лола Сайфуллина тасвиридаги мунгли ҳаёти лавҳаларидан таъсирлангани туфайли асар муаллифига бўлган ҳурматини шундай чўлпонона ҳаяжон билан ифодалаган.

Ўзбек кино санъати тарихи 1924 йилда “Бухкино” кино ташкилотининг тузилиши билан бошланади. Шу йилиёқ москвалик ва ленинградлик кино ходимлари иштирокида “Мусулмон қизи” деган илк ўзбек кинофильми суратга олиниб, ўша йилнинг 29 сентябрида экранга чиқарилади. Ўша йили “Ўлим минораси”, 1925–1926 йилларда эса “Пахтаорол”, “Бахт қуёши”, “Иккинчи хотин” ва “Равот қашқирлари” кинофильмлари майдонга келади. Агар айрим роль ижрочиларини инобатга олмасак, бу кинофильмларнинг ижодкорлари орасида миллий кадрлар йўқ ҳисоби эди. Шунинг учун ҳам “Иккинчи хотин” кинофильми сценарийсининг Лолахон Сайфуллина (Арслонова) билан В.Собберей томонидан ҳамкорликда ёзилганлиги куни кеча “Ичкари”ни ўқиган китобхонлардаги Лолахонга бўлган қизиқишни ўн чандон орттириб юборди.

Ҳар бир жамиятнинг илғорлик даражаси аёлларнинг шу жамият ҳаётидаги ўрни билан белгиланади. Қайси бир донишманд томонидан айтилган бу сўзлар 20-йиллар аввалидаёқ ижод аҳлининг фикр-зикрини банд эта бошлаган. Чўлпон ва Ҳамза сингари “кекса” авлод вакиллари ҳам, шу йилларда шеърият тулпорини жиловламоқчи бўлган Ойбек ва Ҳамид Олимжон сингари ёш шоирлар ҳам ўз асарлари билан жамият ­эътиборини “тўрт девор” орасида яшаб келаётган хотин-қизлар мавзусига бежиз қаратмаганлар. Зеро, тарихий давр хотин-қизлар тақдирида кес­кин ўзгариш юз беришини тақозо этарди. Шунинг учун ўзбек киноси илк қадамларидан бошлаб диққат-эътиборини айнан шу муаммоларнинг муаммосига қаратди. “Мусулмон қизи”дан кейин “Иккинчи хотин” кинофильмининг яратилиши ҳам ижодкор зиёлиларнинг ўзбек хотин-қизлари тақдирида бурилиш ясаш орзуси билан бевосита боғлиқ.

Ўтган асрнинг 20-йилларида дастлаб Туркистон К(б)П Марказий Қўмитаси, сўнгра РК(б)П Марказий Қўмитасининг Ўрта Осиё бюроси қошида хотин-қизлар билан ишлаш бўлимлари мавжуд бўлган. Юқорида номи тилга олинган ҳар иккала фильм шу бўлимнинг ташаббуси билан суратга олинган, десак янглишмаган бўламиз. Мазкур бўлим мудири С.Т.Любимова иттифоқо Лолахон Сайфуллина билан танишиб, уни ўзи раҳбарлик қилган бўлимга ишга таклиф қилган. “Ичкари” тўпламидаги “Иккинчи хотин” ҳикояси асосида шу номдаги киносценарийнинг ёзилиши ва фильмнинг суратга олинишида ҳам унинг ҳиссаси йўқ эмас.

Ўзбек аёлларининг яқин ўтмишдаги фожиали тақдирига назар ташлаган киши уларнинг эрлари томонидан назар-писанд қилинмагани, инсон ўрнида кўрилмагани, шу боис хотин устига хотин олиб, уларни кундошлар можаросига гирифтор этганларини кўради. “Иккинчи хотин” фильми ана шу муҳим ижтимоий-маиший мавзуга бағишланган. Л.Сайфуллина ўзбек халқи ҳаётини, “ичкари”ни яхши билганлиги сабабли бу мавзуни “Мусулмон қизи” фильмига қараганда анча ҳаққоний ва таъсирли ёритишга эришган. Фильмдаги иккинчи хотин – Адолат ролини машҳур рус раққосаси Майя Плисецкаянинг онаси Раиса Мессерер маҳорат билан ижро этган. Кези келганда айтиш жоизки, куни кеча Москвадаги кинотехникумни тугатган ва “Андозиянинг кўзлари” фильмида эпизодик ролни ижро этган актриса Тошкентга икки ойлик қизи Майяни бағрига босиб келган эди.

1925 йилда “Ўзбекдавкино” ташкилоти тузилиб, унинг тасарруфидаги “Шарқ юлдузи” кинофабрикаси Шайхонтаҳурдаги Эшонқули масжидига, “Қизил Ўзбекистон” кинотеатри эса Кўкалдош масжидига жойлашган эди. Камина бу фактни келтириш билан масжидларнинг оёқости қилинишини эмас, балки 20-йиллардаги томошабинларнинг кино санъатига бўлган муносабатини қуйидаги иқтибос ёрдамида кўрсатмоқчиман. “Ўзбекфильм” киностудиясининг кекса операторларидан бири А.Саидов таниқли киношунос Ханжара Абулқосимованинг илтимоси билан ёзилган хотираларида Кўкалдош масжидидаги кино сеансларини бундай тасвирлаган:

“Залда чойхона ишлар, ёпган нон ва турли-туман ширинликлар сотиларди. Томошабинлар учта катта гуруҳга ажралиб ўтиришарди. Театрда бўлганидек, бу ерда ҳам ўзининг ”партер”и, ўзининг “амфитеатри” ва ҳатто “галёрка”си бўлган. “Партер”дагилар ерга ёзилган гилам устида, “амфитеатр”дагилар скамейкаларда, “галёрка”дагилар эса узун оёқли катларда ўтиришарди. Сеансга чойхоначи қўмондонлик қиларди. У хоҳловчиларни нон-чой ва ширинликлар билан таъминлаб бўлгач, механикка ишора қилар ва фильм намойиши бошланарди. Аммо фильмнинг ўрталари яқинлашганда намойиш бирдан тўхтар эди. Механик билан келишиб қўйган чойхоначи чойнак-пиёлаларни йиғиб олиб, яна бошқатдан тарқатиб чиқар ва яна механикка ишора қилганидан сўнг фильм намойиши давом этарди. Шундай қилиб, ҳар бир сеанс бир неча маротаба бўлинарди…”

Мазкур фильм томошабинлар ўртасида катта муваффақият қозонди. бундан илҳомланган Л.Сайфуллина “Соябон арава” киноқиссасини ёзади ва кинорежиссёр О.Фрейлих раҳбарлигидаги ижодий гуруҳ суратга олган бу киноасар 1928 йилнинг 31 январида экранга йўлланма олади. Агар М.Доронин экранлаштирган “Иккинчи хотин”даги фақат иккинчи даражали ролларни Ў.Мирзабоева, З.Йўлдошбоева, Ш.Маъзумова сингари ўзбек артистлари ижро этган бўлсалар, бу фильмдаги бош ролларга Рустам Тўрахўжаев, Ойша Туманбоева, Раҳим Пирмуҳамедов, Наби Ғаниев сингари дастлабки ўзбек кино артистлари жалб этилган. Қирғиз халқи ҳаётидан олинган бу фильм гарчанд камбағал йигит билан қизнинг муҳаббати тасвири билан бошланган бўлса-да, инқилобий давр воқеалари севги ва муҳаббат мавзуини бошқа ўзанга буриб юборган.

Ушбу фильм рус кинематографчиларининг Шарқ ҳақидаги кино­асарларидан реалистик лавҳалари ва ғоявийлиги билан қанчалик фарқ қилмасин, “Ўздавкино” томошабоп кинофильмлар яратиш зарурлигини сезиб, Л.Сайфуллинага француз адиби Ф.Дюшеннинг “Ўн тўрт кунлик ой” романи асосида киносценарий ёзишни топширади. Л.Сайфуллина француз офицерининг жазойирлик мохов қизга бўлган муҳаббатини тасвирловчи асар воқеаларини ўтган аср бошларидаги Ўзбекистонга кўчириб, араб қизини Адолат (ўзбек қизи), мустамлакачи француз офицерини Коронин (рус йигити) деб атайди. “Мохов” фильми воқеалари томошабинларда қанчалик қизиқиш уйғотмасин, асар, кинотанқидчилар назарида, “Ўздавкино”га шон-шуҳрат олиб келмаган.

Л.Сайфуллина Ўзбекистонда яшаган қисқа даврида нафақат кино, балки театр учун ҳам асар ёзишга улгурди. Унинг “Қон ҳам сув…” номли драмаси Москвадаги ўзбек драма студиясини тугатиб келган собиқ талабалар ижросида 1930 йили Самарқанд театри саҳнасида намойиш этилган. Афсуски, бу асар ҳақидаги хабар бизга Ҳамид Олимжоннинг 1930 йил 29 июль куни “Қизил Ўзбекистон” газетасида босилган тақризи орқалигина етиб келган. Шунинг учун ҳам мазкур асар ҳақда етарли маълумотга эга эмасмиз. Аммо Ҳамид Олимжоннинг “Қон ҳам сув…” деб номланган тақризидан шу нарса маълум бўладики, тўрт пардали бу асар ўша йиллардаги Ўзбекистон учун ҳаёт-мамот масалаларидан бири – сув муаммосига бағишланган.

Ҳамид Олимжон ушбу тақризида асар ва унинг муаллифи ҳақида бундай самимий сўзларни ёзган:

“Ўқувчиларимизга “Лолахон дардини англаб” билан танилган Лолахон бугун саҳнамиз саҳифаларида “Қон ҳам сув…” билан кўринадир. Ўзбекистон ҳаётини, бошқа қўшни жумҳуриятлар ёзувчиларига қараганда, мукаммал ўрганган Лолахон ўзининг “Қон ҳам сув…” отли драмасида… сув масаласини она чизиғи қилиб олади. У “ўзининг ўткир ва санъаткор қалами” билан ёзилган бу асарида деҳқонларда, батракларда бўлган инқилобий ғайрат ва самимиятни, социализм қурилишига бўлган интилиш ва шу интилишнинг йўлида бўлган тўсқинликлар ва бу тўсқинликларнинг тақдирини жуда ҳам муваффақиятли кўрсатади…”

Тақризчининг бу сўзларидан “Қон ҳам сув…” драмаси ўша даврда юртимиз қишлоқларида кечган синфий кураш “манзаралари”ни ёритишга қаратилганлиги маълум бўлади. Ҳамид Олимжон гарчанд Лолахон Сайфуллинанинг бу саҳна асарига илиқ муносабат билдирган бўлса-да, унинг давлат театри саҳнасида қўйилмаганлиги “Қон ҳам сув…”нинг томошабинлар ўртасида катта муваффақият қозонмаганидан дарак беради.

Адабий ижоди Шарқ хотин-қизлари ҳаётидан олинган қисса ва ҳикоялар ёзиш билан бошланган Л.Сайфуллина 20-йилларда киносценарий жанрида ижод қилиш билангина кифояланиб қолмади. У “Ичкари”дан ташқари, “Қулаётган минора” ва “Лолалар чаман-чаман” деган романлар ҳам ёзган. Мутахассисларнинг фикрларига қараганда, унинг бу асарлари шу йилларда Ўзбекистонга келиб, ўзбек халқи ҳаётига мурожаат этган Пётр Скосирев сингари рус ёзувчиларига нисбатан миллий руҳни ёрқин ва ҳаққоний ифодалагани билан ажралади.

“Рус миллатига мансуб Сайфуллина, – деб ёзган эди адабиётшунос И.Я.Тёмкина, – муваффақият билан ўзини ўзбек адибаси сифатида намоён қилган. Бу мистификация фавқулодда катта қизиқиш уйғотди – Сайфуллинанинг китоби босмадан чиқиши биланоқ танқидчилар эътиборини ўзига жалб этиб, катта шуҳрат қозонди…

Сайфуллинанинг романларидаги Ўзбекистоннинг “Ҳужум” ва ер ислоҳоти давридаги ҳаётига бағишланган кенг ижтимоий полотнони яратишга уриниш диққат-эътиборга сазовор”.[1]

Агар адибанинг “Қулаётган минора” ва “Лолалар чаман-чаман” романларини варақласак, жамоалаштириш ва ер ислоҳоти давридаги қишлоқ ҳаёти манзаралари, ўзбек хотин-қизларининг шу даврдаги мураккаб ва машаққатли ҳаёти, янги ўзбек зиёлиларининг туғилиш жараёни кўз олдимизда ёрқин гавдалана бошлайди. Бу асарлар ўз даврида фақат танқидчилар эътиборини қозонибгина қолмай, Максим Горький сингари атоқли ёзувчиларнинг ҳам назарига тушган. Чунончи, у улкан француз адиби Ромен Ролланга йўллаган хатида шу борада бундай сўзларни ёзган: “Ўзбек қизи Лолахон “Қулаётган минора” деган фавқулодда мароқли романини ёзди – бу асарнинг яқинда 10 000 нусхада иккинчи нашри босилиб чиқди – бу аёлларида эркак зотига ўз чеҳрасини кўрсатиш ҳуқуқи бўлмаган қабила ҳаётидаги воқеадир”.[2]

Шубҳасиз, М.Горький ўзбек халқининг жаҳон маданияти тараққиётига муносиб ҳисса қўшган халқлардан бири эканлигини яхши билган. Аммо у эҳтимол Л.Сайфуллина қаламига мансуб романнинг қадр-қимматини янада кўтариш истаги ёки сиёсий саводсизлиги биланмикан, ўзбек халқини “қабила” деб атаган. Беруний ва ибн Сино, Навоий ва Улуғбек сингари жаҳоншумул улуғ сиймоларни берган халқни қандай ният билан “қабила” деб атаган бўлмасин, бу Горькийдек машҳур адибга обрў келтирмайдиган ифодадир.

Кўрамизки, юқорида исм-шарифи қайд этилган адабиётшунослардан бири Л.Сайфуллинанинг миллатини рус, “пролетар адабиётининг отаси” эса ўзбек, деб аташган. Модомики, адиба асарлари дастлаб Москва ва Ленинградда нашр этилган, Чўлпон эса бу асарлардан бирини рус тилидан ўзбек тилига таржима қилган экан, уни ўзбек адабиётининг намояндаси деб ҳисоблаш ўринли бўлмаса керак. Шундай экан, Л.Сайфуллина аслида ким бўлган?

20-йилларда нашр этилган “Кино” журналида “Ўздавкинода нима рўй бермоқда?” деган мақола босилган. Ушбу мақола гарчанд Ўздавкино ташкилоти фаолиятидаги камчиликларни фош этишга қаратилган бўлса-да, мақола муаллифи Д.Малори танқид найзасини асосан Л.Сайфуллинага қаратган. Унинг фикрича, бу “Шарқ адибаси” “Ўзбекдавлаткино” муассасасини тамомила эгаллаб олиб, бошқа сценарий муаллифларини мазкур корхонага яқинлаштирмай келган. Д.Малорининг бу мулоҳазасига қараганда, Л.Сайфуллина шу йилларда С.Т.Любимова мудирлик қилган бўлимда эмас, балки “Ўзбекдавкино” муассасасида хизмат қилган кўринади.

Д.Малори адиба шаънига тош отишда давом этиб, яна бундай сўзларни ёзган: “Шубҳасиз, миллий мавзулардаги асарларни у ёки бу мамлакатнинг ерли аҳолиси ёзганига нима етсин. Паранжисини ташлаган ва озод Шарқнинг киноёзувчиси бўлиб олган Лолахон Сайфуллина, сирасини айтганда, Шарқ қизи эмас. У польшалик бўлиб, 1924 йилга қадар Лидия Осиповна Сивицкая деб атаб келинган. У 1924 йили Муҳаммад таълимотига мойиллик билдириб, мусулмонликни қабул қилган ва Шарқдаги хотин-қизлар ҳаракатига раҳбар бўлиб олган”.[3]

Ўтган асрнинг 20-йилларида ўзбек маданиятига чақмоқ ўлароқ кириб келган, Чўлпон сингари атоқли шоир ва ёзувчиларни мафтун қила олган Лолахон Сайфуллина 30-йилларнинг бошларида, кутилмаганда, ғойиб бўлиб қолади. Унинг иттифоқо вафот этгани ҳам, бошқа бирор ўлкага кетиб қолгани ҳам ҳамон сир бўлиб қолмоқда.

Лолахон Сайфуллина ким бўлган? Унинг кейинги тақдири ҳақида Сизда бирор маълумот борми, ҳурматли журналхон?..

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 11-сон

_____________________

[1] Очерки истории русской литературы Узбекистана. Том 1. – Ташкент: “Фан”, 1967. – Б.1 24.

[2] Ўша жой.

[3] Абул-Касимова Х. Рождение узбекского кино. – Ташкент, 1965. – Б. 66.