Заҳириддин Муҳаммад Бобур адабиёт, санъат, тарих ва илм-фаннинг турли жабҳаларида бебаҳо асарлар яратди. Унинг энг йирик асари “Бобурнома”дир. Европалик шарқшунос олимлар П. де Куртейль, Ҳ.Вамбери, Эльфинстон бу асарни қадимги рим императори Юлий Цезарнинг “Хотиралар” (асар “Галлия уруши тарихи” ва “Фуқаролар уруши тарихи” номли икки қисмдан иборат – М.Х.) китоби билан бир қаторга қўйиб баҳолаган эдилар.
Европа илм аҳлига Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида илк бор маълумот берган француз шарқшуноси Бартолеме д’Ербело (1621–1695) ҳисобланади. Д’Ербело ўзининг “Шарқ кутубхонаси” (1697) қомусидаги “Бобур ёки Бобар” мақоласида Бобурнинг ҳаёти, унинг давлати ва саркардалик маҳорати, адабиёт ва санъатга қизиқиши ҳақида маълумот бериб ўтади. “Бобурнома”ни Европага биринчи бўлиб танитган олим эса голландиялик Витсен бўлди. Витсен “Бобурнома”дан олинган парчаларни таржима қилиб, 1705 йилда нашр эттиради.
Француз шарқшунослигида Бобур ижодини ўрганиш, у ҳақида тадқиқотлар ёзиш XVIII асрнинг иккинчи ярмидан бошланди. 1773 йилда шарқшунос А. де Лонгперйе ўзининг “Асарлар” тўпламида “Хатти Бобурий” ҳақида” мақоласини эълон қилди. Муаллиф “Хатти Бобурий” хусусида фикр юритаркан, Бобур алифбоси мураккаб араб алифбосидан ўзининг соддалиги ва ёзувга қулайлиги билан фарқ қилишини таъкидлаб ўтади.
ХIХ асрга келиб Европа, хусусан, француз шарқшунослигида Бобур меросини ўрганиш, унинг асарларини таржима қилиш борасида янги давр бошланади. Бу йилларда “Бобурнома”ни француз тилига таржима қилиш, унинг матн хусусиятларини ўрганиш, сиёсий-тарихий аҳамиятини баҳолашда француз олимлари эътиборга молик тадқиқотлар яратишди.
Асарни француз тилига таржима ва тадқиқ қилишга шарқшунос Анри Жюль Клапрот (1783–1835) биринчилардан бўлиб киришади. 1824 йил А.Клапротнинг “Султон Бобур ёхуд “Бобурнома” тарихига оид кузатишлар” мақоласи босилиб чиқади. Марказий Осиё ва Сибирда яшаган халқлар тарихи, маданияти ва адабиётини яхши билган Клапрот Европа шарқшунослигида “Бобурнома” хусусида илк бор тўлақонли фикр юритган эди. Муаллиф “Бобурнома”нинг айрим бобларини француз тилига ўгириб, ўз таржималарини асл нусха билан қиёсий таҳлил қилади ва асар матнининг лисоний жиҳатлари ҳақида хулосалар чиқаради.
1854 йилда Парижда “Ҳозирда ва қадимда яшаган тарихий шахслар ҳаёти” номли каттагина китоб чоп қилинади. Мазкур китобдан шарқшунос М Ланглэ (1763–1824)нинг “Заҳириддин Бобур ҳаёти ва ижоди” номли мақоласи ҳам ўрин олган эди. Мақолада Бобур ҳақидаги аввалги манбаларга нисбатан анча бой материал берилган.
ХIХ асрнинг олтмишинчи йиллари машҳур француз лексикографи Пьер Ларусснинг кўп жилдли “ХIХ аср катта француз қомусий луғати” нашр этилади. Луғатнинг иккинчи жилдидан ўрин олган “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” мақоласи диққатга сазовордир.
Мақола муаллифи “Бобурнома”нинг ёзилиши ва бошқа тилларга таржима қилиниши тарихига тўхталиб, “бу асар, дарҳақиқат, жуда қизиқарли бўлиб, ҳали Францияда қарийб маълум эмас. Туркий-чиғатой тилида ёзилган бу китоб дастлаб форсийга таржима қилинди ва Ҳиндистон мусулмонлари орасида шуҳрат топди”, – деб ёзади.
Пьер Ларусс “Бобурнома”нинг ёзилиши ҳақида ўз фикрини қуйидагича баён қилган: “Бобурда “Бобурнома”ни ёзиш фикри ҳаётининг қайси йилларида туғилганлиги номаълум, бу ҳақида китобнинг бирон жойида ҳам ёзилмаган. Бизнингча, Бобур ўз асарини Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган йилларида ёзган бўлиши керак”. Дарҳақиқат, “Бобурнома”нинг қачон ёзилганлиги ҳақидаги аниқ маълумот мавжуд эмас. Бобур ва бобурийлар даври адабиётини чуқур ўрганган ўзбекистонлик профессор Н.Маллаев бу ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Бобур сиёсий фаолиятининг дастлабки йилларидан бошлаб ўз саргузаштлари ва турли хил тарихий воқеаларни хотира дафтарида акс эттириб борган ва кейинчалик мана шу хотира дафтари “Бобурнома”ни яратишга асос бўлиб хизмат қилган. У “Бобурнома”ни қачон ёзишга киришгани маълум эмас. Бироқ асарнинг айрим ўринлари унинг кўпроқ қисми Ҳиндистонда ёзилгани ёки қайта таҳрир қилинганини кўрсатади”. Юқорида келтирганимиздек, бу жиҳатдан француз ва ўзбек олимининг фикрлари бир-бирига яқиндир.
Пьер Ларусс қомусидаги мақола муаллифи “Бобурнома” матнининг бадиийлиги хусусида мулоҳаза юритаркан, аниқ хулосалар чиқаришга ҳаракат қилади. “Услуби жиҳатидан, – ёзади муаллиф, – асарнинг биринчи ва иккинчи қисмининг бошланиши жуда қизиқарли ёзилган, воқеалар турли деталларга бой, хронологик изчил, ифода соддалиги ва равонлигига катта эътибор қаратилган”. Шунингдек, мақолада “Бобурнома”га чизилган миниатюраларга ҳам алоҳида тўхталинган.
Дарвоқе, венгер шарқшуноси Ҳерман Вамбери 1873 йил Санкт-Петербургда нашр қилинган “Бухоро ва Трансаксония тарихи” асарида “Бобурнома”ни “Шарқ Цезарининг хотиралари”, дея баҳолайди. Диққатга молик томони шундаки, Пьер Ларусс қомусидаги мақолада бу ҳақда Вамберидан олдинроқ қуйидагича таъриф берилган: “Ўқувчида “Бобурнома” худди Рим императори Юлий Цезарнинг “Хотиралар” китобини эслатади. Ҳа, Цезарь “Хотиралар”и билан бу асар ўртасида кўп ўхшаш жиҳатларни кузатиш мумкин. Иккала муаллиф ҳам воқеалар баёнига, ҳаққонийлигига бир хил тасвирда ёндашадилар, иккаласида ҳам уруш тактикаси бир хил аниқликда, талабчанликда ёритилган, географик жойлар тасвирини беришда айрим яқинликлар ҳам мавжуд. Бироқ турк ҳукмдори (яъни Бобур – М.Х.) қаламида қаҳрамонлар кайфиятини, ички ва ташқи дунёсини чизишдаги маҳорат Рим императориникига қараганда бадиий жиҳатдан устунроқ. Яъни, биринчиси ўз китобида турли хил мароқли ва жозибали саргузаштларни ривоят ва латифалар, халқона юмор, мақол ва маталлар ёрдамида бадиий маҳорат билан тасвирлайди”. Мақола сўнгида “Бобурнома”нинг форс ва инглиз тилига қилинган таржималари, бу таржималардаги айрим камчиликлар хусусида ҳам фикр билдирилган.
Бобур меросини ўрганиш, “Бобурнома”ни таржима ва лисоний таҳлил қилишда француз туркологи Анри Паве де Куртейль (1821–1889)нинг хизматларини алоҳида таъкидлаб ўтмоқ жоиздир. Франция коллежи туркий тиллар кафедраси мудири, Франция академияси аъзоси, Санкт-Петербург Фанлар академияси мухбир аъзоси бўлган Паве де Куртейль ватани туркология илмининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшди. Унинг олимлик фаолиятида у тузган “Шарқий туркий тиллар луғати” ёхуд “Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур ва Абулғози Баҳодирхон асарларини ўқиш учун изоҳли луғат” алоҳида аҳамиятга моликдир.
Олим ўз луғатини тузишда Алишер Навоийнинг “Хазойин ул-маоний” девони, “Хамса”си, Заҳириддин Бобурнинг “Бобурнома”си, Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” асарлари матнидан манба тарзида фойдаланади. Луғатда келтирилган олти мингдан зиёд эски ўзбек тилига оид сўзларни француз тилига ўгиришда олим ижодий ёндашиб, ҳар бир сўзнинг маъносини аниқ, атрофлича изоҳлашга ҳаракат қилади. Академик А.Н.Кононов таъкидлаганидек, мазкур луғат эски ўзбек тили ва адабиётини ўрганишда ҳанузгача аҳамиятини йўқотган эмас.
Профессор Паве де Куртейлдаги бу катта тайёргарлик, эски ўзбек тили ва адабиётидан эгаллаган пухта билими уни “Бобурнома”ни таржима қилишга ундаган эди. 1871 йилда “Бобурнома”нинг Паве де Куртейль таржимаси икки жилдда нашрдан чиқади. Биринчи жилдда таржимоннинг ўн олти саҳифали сўзбошиси ҳам берилган. Унда “Бобурнома”нинг ёзилиш тарихи, унда тасвирланган даврлар, Бобуршоҳнинг Афғонистон ва Ҳиндистонда барпо этган қудратли империяси хусусида маълумотлар берилган. “Мен таржима қилган бу асар фақат шарқшунослар учунгина эмас, – деб ёзади профессор Паве де Куртейль, – балки тарих ва география илми билан шуғулланувчи кишилар учун ҳам фойдалидир. Унда ХV асрнинг охири ва ХVI асрнинг биринчи ярмида яшаб ўтган арбоблар ва ҳукмдорлар ҳаёти, шарқий турк адабиётининг олтин даври таърифи, шаҳзодалар, беклар ҳамда фуқаронинг турмуши тавсифланган”. Шунингдек, сўзбошида Бобурнинг тахтга ўтириш давридан бошлаб Ҳиндистонни забт этгунига қадар босиб ўтган ҳаёт йўли ҳикоя қилинган, айниқса, “Бобурнома” таърифига кенг ўрин берилган.
Маълумки, “Бобурнома”нинг тили халқ тилига яқиндир. Бу хусусда профессор Паве де Куртейль шундай ёзади: “Бобур тили усмонли турк тили эмас, балки соф туркий тил (ўзбек тили – М.Х.) бўлиб, ҳар қандай араб ва форсий иборалардан холидир. Бу тил шоир Лутфий ва Навоий, Султон Ҳусайн ва Мир Ҳайдар тили бўлиб, жуда содда, бой ҳамда ифодалидир”.
Юқорида қайд этганимиздек, ғарблик бир қатор олимлар “Бобурнома”нинг яратилишини Бобур Ҳиндистонда ҳукмрон бўлган давр билан боғлайдилар. Француз таржимони бу борада қуйидаги фикрни айтади: “Агар мендан “Бобурнома” қайси даврда ёзилган, деб сўрасалар, мен китоб Бобур Ҳиндистонни забт этгандан сўнг, яъни 1526 йилдан бошлаб ёзилган ва Бобуршоҳ ҳаётининг охиригача давом этган, деб жавоб қилардим”. (Биздаги расмий манбаларда асарнинг ёзилиш йиллари сифатида тахминан 1518/19–1530 йиллар кўрсатилади. – М.Х.). Профессор Паве де Куртейль бундай хулосага келишда, асарнинг дастлабки бобларида ҳам Ҳиндистон даври воқеаларининг учраб туришига асосланган эди.
Шунингдек, сўзбошида Паве де Куртейль ўзига қадар амалга оширилган “Бобурнома”нинг икки машҳур таржимаси хусусида ҳам мулоҳаза юритади. Булар, Акбаршоҳ замонида унинг топшириғи билан қилинган Мирза Абдураҳимхон ибн Байрамхоннинг форсий таржимаси ҳамда шарқшунос олимлар Жон Лейден ва Вильям Эрскиннинг инглизча таржимасидир. “Париждаги Миллий кутубхонада, – дейди шарқшунос, – Мирзахон, яъни Абдураҳимхон таржимасидан иборат қўлёзманинг икки нусхаси сақланади. Абдураҳимхон Ҳумоюн подшолиги даврида унинг саройидаги энг нуфузли кишилардан бўлган, унинг обрўйи Акбар ва Жаҳонгир мирзо даврида ҳам сақланиб қолган (у 1626 йилда вафот этган)”. Олим таъкидлаганидек, Абдураҳимхоннинг форсий таржимаси “Бобурнома”нинг Шарқда кенг тарқалишига йўл очиб берди ва Европа шарқшуносларининг ҳам назарига туширди. Мазкур таржиманинг миниатюралар билан безатилган нусхалари ҳозир Лондон, Париж, Калькутта кутубхоналарида сақланади. Профессор Паве де Куртейль Ж.Лейден ва В.Эрскин бажарган инглизча, А.Кайзер ўгирган немисча таржималарга юқори баҳо бериш билан бирга, улардаги нуқсонларга ҳам тўхталиб ўтади.
“Менинг олдинги таржимонларга бирдан-бир эътирозим, улар асл нусха матни устида форс тилига қилинган таржима (Мирза Абдураҳимхон таржимаси кўзда тутилмоқда – М.Х.) асосида қунт билан ишлашмаган… Инглизча ва немисча таржималар аслидан бир қадар узоқлашгандир, кўпчилик ҳолларда географик номлар форсийда қандай берилган бўлса, шу ҳолда такрорланган. Айниқса, Шимолий Ҳиндистондан келадиган даромад хусусида гап кетганда, бу нуқсонлар яққол кўзга ташланади”. Паве де Куртейлнинг бу танқиди ўринли эди. Дарҳақиқат, Бобурнинг қўл остида бўлган жойлардан келадиган даромад ҳисоби тўғрисида гап борганда инглизча таржимада анчагина чалкашликлар мавжудлиги шу таржимани таҳлил қилган мунаққидлар томонидан ҳам таъкидланган.
1888 йил “Осиё” журналининг иккинчи жилдида шарқшунос Жюль Дармстетьенинг “Қобул ёзувлари. Бобуршоҳ ва бошқа мўғул шаҳзодаларининг қабртошларидаги битиклар” мақоласи эълон қилинади. Мақолада муаллиф Бобур ва бобурийлар мақбарасидаги битиклар ҳақида атрофлича маълумот бериш билан бирга, уларнинг француз тилига таржимаси ва талқинини ҳам келтириб ўтади.
Маълумки, Бобурнинг “Аруз рисоласи” асари ўзбек ва бошқа туркий халқлар шеърияти қонуниятларини ўрганишда муҳим аҳамиятга молик қўлланмалардан ҳисобланади. Аммо бу асар қўлёзмасининг сақланиб келинганлиги илмий жамоатчиликка маълум эмас.
Қўлёзманинг бир нусхаси Париждаги Миллий кутубхонада сақланиб келинаётгани ҳақида 1923 йил турк олими М.Ф.Кўпрулизода илк бор маълумот берган эди. Француз шарқшуноси Эдгар Блоше ўзининг Париждаги “Миллий кутубхонада сақланаётган туркий қўлёзмалар каталоги” китобида “Аруз рисоласи” асарининг ушбу қўлёзмасига ҳам тўхталиб, кенг тавсиф бериб ўтади. Таниқли олим, профессор Ҳамид Сулаймонов 1968 йил Парижда бўлганида Э.Блоше каталогида зикр этилган “Аруз рисоласи” қўлёзмасининг микрофильмини олишга муваффақ бўлган эди. Шунингдек, Э.Блоше каталогида Бобур “Девон”и қўлёзмаси ҳам кутубхона фондининг 1230 инвентарь рақами остида сақланаётгани тавсиф қилинади. Блоше таърифича, 1515 йилда Қобулда кўчирилган ушбу “Девон”га Бобур ғазаллари ва рубойилари киритилган бўлиб, ниҳоятда чиройли миниатюралар билан безатилган экан.
ХХ асрда ҳам француз шарқшунослари тарафидан Бобур меросини ўрганиш, “Бобурнома”ни таржима қилиш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Франция қомусларида Бобур ҳаёти, ижоди ва “Бобурнома” китоби ҳақида умумий маълумот берувчи кўплаб мақолалар ўрин олди. 1930 йил олим Фернанд Гренарднинг “Бобур. Ҳинд империясининг асосчиси” рисоласи нашр этилади. Китоб ўн бобдан иборат бўлиб, унда Бобурнинг болалик вақтидан то умрининг сўнгги даврига қадар бошидан кечирган воқеалар тарихий-бадиий шаклда ҳикоя қилинган. Гренарднинг ушбу рисоласи “Бобурнома”га ҳамоҳанг ёзилган бўлиб, ундаги воқеаларга монанд келувчи илмий-оммабоп очерклардан иборатдир. Масалан, рисоланинг “Юртсиз ҳукмдор” номли бобида Бобурнинг Самарқандни ташлаб чиққан, Андижонни қўлдан чиқарган пайтдаги ҳолати қуйидагича тасвирланади: “Орзу-умидлари чилпарчин бўлган Бобур орқага қайтади. Баҳор фасли эди, у тоғаси юрти (Тошкент – М.Х.) томон йўл олади. У эзилган кўнглига таскин бериш ниятида ўзининг қуйидаги мисра билан бошланувчи ғазалини битади:
Жонимдин ўзга ёри вафодор топмадим.
Кўнглумдин ўзга маҳрами асрор топмадим”.
Бобурнинг Ҳирот ва Қобулдаги ҳаёти Гренард китобида бирмунча жонли тасвирланади. Бу ерда Бобур тожу тахт учун жангталаб саркарда эмас, балки нозиктаъб инсон ва дилбар шоир қиёфасида кўринади.
Хуллас, Ф.Гренард китобида “Бобурнома” муаллиф ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи қомусий манба тарзида талқин қилинган ва юқори баҳоланган. Шоҳ Бобур эса “ўзига хос ритмга эга бўлган ҳассос шоир, ўз “Эсдаликлар”и билан моҳир ёзувчи” қиёфасида гавдаланади. Шунингдек, унда Бобур фаолиятининг турли даврларини акс эттирган ҳамда Самарқанд, Қобул, Ҳирот шаҳарларининг ўша даврдаги қиёфасини тасвирловчи саккизта миниатюра мавжуд. Рисоланинг охирида Марказий Осиё ва Ҳиндистоннинг ўша вақтдаги чегарасини ифодаловчи географик харита ҳам илова қилинган. Ф.Гренарднинг бу китоби 1971 йил инглиз тилига таржима қилинган.
1983 йил ЮНЕСКО қарори билан Бобур таваллудининг 500 йиллиги кенг нишонланди. Бу қутлуғ санага франциялик олимлар ҳам ажойиб туҳфа тайёрладилар. Париждаги нашриётлардан бири “Бобурнома”нинг янги французча таржимасини “Бобур китоби” номи билан чоп этади. 478 саҳифадан иборат мазкур таржима йирик туркшунос олим, доктор Жан Луи Бакье-Граммон қаламига мансубдир. Таржимага таниқли француз шарқшуноси, профессор Луи Базен сўзбоши ёзган эди. Сўзбошида Бобурнинг империяни барпо қилиш йўлидаги кураши, “Бобурнома”нинг ёзилиш тарихи, бу асарнинг жаҳон адабиётида тутган ўрни хусусида атрофлича маълумот бериб ўтилади. 1981 йил “Бобурнома”нинг доктор Бакье-Граммон таржимаси FIT (Халқаро таржимонлар федерацияси)нинг бош совринига лойиқ топилади.
Доктор Бакье-Граммон таржимаси “Бобур Мовароуннаҳрда”, “Бобур Афғонистонда”, “Бобур Ҳиндистонда” тарзида уч қисмга бўлинган. Ҳар бир бўлим алоҳида кириш сўзлари билан очилади. Асарнинг “Бобур Мовароуннаҳрда” қисмига ўзбек олимаси Сабоҳат Азимжонова, “Бобур Афғонистонда” қисмига афғонистонлик олим, профессор Абдулҳай Ҳабибий, “Бобур Ҳиндистонда” қисмига эса Кашмир университети профессори Муҳиббул Ҳасан сўзбоши ёзган.
1985 йил мазкур таржима қайта нашр қилинди. Иккинчи нашр биринчисидан ҳажми, қоғози ва сифатининг афзаллиги билангина эмас, балки киритилган баъзи тузатишлар, фойдаланилган янги илмий манбалар, кўп сонли миниатюра безаклари билан ҳам ажралиб туради. Бу нашрга профессор Анри Микэль қисқача кириш сўзи ёзган. А.Микэль унда қуйидаги фикрни билдиради: “Жанглар, ғалаба ва мағлубиятлар, келишувлар… булар шубҳадан холи, албатта. Шунингдек, хотиралар, фикрлар, заифликлар, юрак дардлари ҳақида ниҳоятда соддалик билан, ҳеч бир муболағасиз ҳикоя қилинади. Буларнинг ҳаммаси юксак даражада тузилганки, гўё китоб эмас, жозибали бир лаҳза дейсиз”.
Мазкур нашрга Деҳли музейида сақланаётган “Бобурнома” қўлёзмаси учун ишланган элликдан ортиқ миниатюра ва ўттиздан зиёд замонавий фотосурат ҳам киритилган бўлиб, улар асарда ифодаланган воқеалар, манзараларнинг нақадар ҳаётийлигини тасдиқлаб туради. Шунингдек, янги нашрга бир қатор иловалар ҳам киритилган. Масалан, Бобур аждодларининг шажараси, С.Азимжонова ёзган “Хатти Бобурий” ҳақидаги мақола, шу асарнинг қўлёзмаси фотофаксимилеси ҳам ўрин олган.
Кўринадики, “Бобурнома”нинг А.Ж.Клапрот, А.Лонгперье, М.Ланглэ, А.Паве де Куртейль, Ф.Гренард, Бакье-Граммон каби франциялик тадқиқотчи ва таржимонлари Бобур меросини тарихий-этнографик, библиографик ҳамда лингвистик жиҳатдан тавсиф қилиш билан Европада бобуршуносликнинг ривожига муносиб ҳисса қўшдилар. Қолаверса, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг илм-фан, адабиёт ва санъатга бахшида бой меросини тўплаш, нашр этиш ҳамда жаҳон андозасида реал баҳоламоқ учун юқоридаги манбалардан фойдаланмоқ мақсадга мувофиқдир.
Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2017 йил, 2-сон