Улуғбек Долимов. Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий (1889-1929)

Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий — XX аср ўзбек адабиётининг йирик намояндаларидан, шоир, драматург, театр арбоби, педагог. У новатор ижодкор сифатида бадиий адабиётнинг ҳамма турларида қалам тебратди, уни халқ қалбига янада яқинлаштирди. У адабий ижод билан мусиқа, режиссёрлик санъ-атини қўшиб олиб борди, натижада ўлмас саҳна асарларини яратди: «Миллий ашулалар учун миллий шеърлар мажмуаси», «За-ҳарли ҳаёт ёхуд ишқ қурбонлари», «Майсаранинг иши» каби шеърий тўплам ва драмалари мана шундай ижоднинг ёрқин намуналаридир. Ҳамза Туркистон ўлкасида жадидчилик ҳаракати шаклланаётган бир паллада бадиий ижодга кириб келди ва бу ҳаракатнинг бутун мазмунидан шаклу шамойилигача унинг бадиий ижоди ва амалий фаолиятида ўз ифодасини топди. Жадид педагоги сифатида усули савтия мактаблари очди ва улар учун бир неча дарслик ва мажмуалар яратди.

Ҳамза 1889 йил 6 мартда Қўқонда зиёли оилада – табиб Ибн Ямин Ниёз ўғли оиласида туғилди. Ибн Ямин ўзбек, араб, форс тилларида анча саводли бўлиб, Қўқон уламоси орасида катта эъти-борга лойиқ табиб эди. Ҳамза дастлаб маҳалла мактабида, 1899— 1906 йилларда Қўқон мадрасаларида ўқиди, бирмунча вақт рус-тузем мактабида рус тилини ўрганди.

XX аср бошларида содир бўлаётган муҳим ижтимоий-сиёсий ҳодисалар Ҳамза ҳаётига, унинг ижодкор сифатида шаклланишига кучли таъсир кўрсатди, 1905 йил инқилобий ҳаракатлар Русиянинг чекка ўлкалари халқларида маърифат, озодлик, истиқ-лол сари интилишларига туртки бўлди. Унинг бадиий ижодга, нафис санъатга бўлган қизиқиши 1900 йиллардан бошланди. 1908 йилда Наманганда ўқиб юрган кезларида Ҳамза татар маорифчиси Абдулла Тўқмуллин билан танишади: «Ул меним қўлимда ўз қаламим билан юз саҳифадан ортиғроқ эски усулдаги ёзишмаларими кўриб, тарбияға киришди»,- деб ёзади Ҳамза таржимаи ҳолида. 1909 йилда Ҳамза Бухоронинг улуғ тараққийпарвар мудар-рисларидан, усули жадид мактаблари тарафдорларидан бўлмиш Муҳаммад Икром ибн Абдусалом қўлида араб тилини ўрганиш учун Бухорога боради, аммо у ерда юз берган шиа ва сунний жанжали бунга имкон бермайди.

Унинг ижодига, айниқса Исмоилбек Гаспралининг «Таржи-мон», Фотиҳ Каримийнинг «Вақт» газеталари, Ризо Фахриддиннинг «Шўро» журнали, шу билан бирга, ўзбек тилида Тошкентда чиқа бошлаган Исмоил Обидийнинг «Тараққий», Мунавварқори Абдурашидхон ўғлининг «Хуршид», Абдулла Авлонийнинг «Шуҳрат» газеталари кучли таъсир кўрсатди, улар билан алоқа ўрнатди. Ҳамзанинг илк шеърлари ва мақолалари мана шу газета ва журналларда босилди.

«Таржимон» газетасини мунтазам кузатиб борган Ҳамза Гаспралининг 1906-1907 йилларда шу газета саҳифаларида босилган, бутун турк оламининг, шу жумладан, Туркистон ўлкасининг мус-тамлака асорати ботқоғига тушиб қолиши сабаблари ҳақида баҳс юритувчи «Муколамаи салотин» асари билан таниш бўлган.

Ҳамза 1910 йилда Тошкент шаҳрида амалий фаолиятга киришиб, Қашқар маҳалласида биринчи марта усули жадид мактаби очади. Бу даврда у Тошкентда Туркистон жадидчилик ҳаракатининг раҳбари Мунавварқори Абдурашидхон ўғли ва унинг атрофидаги шогирдлари усули жадид муаллимлари ака-ука Шокиржон ва Собиржон Раҳимийлар, Самиъқори билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Мана, Ҳамза архивидаги ҳужжатлардан бири: «Пирлардан: муҳтарам устози олий муаллим Мунавварқори… Адреслари: Эски Тошканд, усули савтия мактабида, маҳалла Меҳрободда. Мулоқотимиз 1908 милодий 11 декабрда».

1911 йилда Қўқон шаҳрида у шундай мактаб очади. Бу мактаблар чор маъмурларининг таъқиби билан ёпилади. У 1911 йилда ҳаж сафарига отланади: Афғонистон, Ҳиндистон, Туркия, Арабистон мамлакатларининг марказий шаҳарларида бўлади. Ҳамза қаерда бўлмасин, у ернинг таълим-тарбия, ўқув муассасалари билан танишади.

Ҳаж сафаридан қайтгач, педагогик фаолият билан бир қаторда, адабий-бадиий ижодга берилади. 1914 йилда дастлаб Марғилонда, кейин Қўқонда усули жадид мактаби очади. Бу ҳақда «Таржимаи ҳоли»да қуйидагиларни ёзган эди: «1914 йилнинг охирларида Марғилонда мактаб очдим. Саккизинчи ойгача бормай, Андреев исминдағи Скобел маориф раҳбари томонидан мажбурий ёпилди… Ундан яна Хўқанд келиб, йўқсил болалар учун пулсиз ўқиш мактаби очдим… ўзим 4 ойга давом эттиргандан кейин уезд начайлиги Мединский томонидан тинтув бўлиб ёпилди. Лекин ҳеч бир қандай қоғозларим қўлига тушмагани учун қамалмай қутулдим».

Ҳамза бу даврда янги мактаблар учун «Енгил адабиёт», «Ўқиш китоби», «Қироат китоби» каби дарсликлар яратди. 1915 йилда қўқонлик маърифатчилар билан ҳамкорликда усули жадид мак-таблари учун дарсликлар нашр қилиш, ўқувчиларни Тошкент ва бошқа шаҳарларда босмадан чиққан дарсликлар билан таъминлаш мақсадида «Ғайрат» китобхонаси ташкил этади. Бу китобхонада Саидрасул Саидазизовнинг «Устоди аввал», Мунавварқорининг «Адиби аввал», «Адиби соний», Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлонийларнинг дарсликлари ҳам кўп нусхаларда бўлган.

Ҳамза ўз ижодини анъанавий лирик шеърлар ёзишдан бошлади. У «Ниҳоний» (яширин, махфий маъноларини билдиради) тахаллусида ижод қилди ва 1905-1914 йилларда ушбу тахаллусда яратган шеърларини тўплаб, «Девони Ниҳоний»ни тузди. Девонга шоирнинг 177 шеъри киритилган бўлиб, улардан 150 таси ғазал, қолганлари маснавий, мураббаъ, мухаммас, мусаддас ва 1 мактубдан ташкил топган; булардан 165 та шеър ўзбек тилида, 10 та шеър форс-тожик тилида, 2 та шеър ўзбек ва рус тилида ширу-шакар жанрида ёзилган.

Шоир ижодида муҳим ўринни ажойиб шеърий гулдасталари – «Миллий ашулалар учун миллий шеърлар мажмуаси» эгаллайди. Бу умумий ном остидаги 7 шеърий тўпламга 1915—1917 йилларда яратган шеърлари киритилган. Бу шеърий тўпламлар: «Атир гул», «Оқ гул», «Қизил гул», «Пушти гул», «Сариқ гул», «Яшил гул», «Сафсар гул». Уларда халқнинг ижтимоий-сиёсий онгини уйғотиш, илм-маърифатга даъват этиш ғояси етакчи эди:

Бу Ниҳон қон йиғлаюр миллат учун лайлу наҳор,
Ёз ўтуб, қиш келди ҳоло, бизга бўлган йўқ баҳор,
Сарсари боди жаҳолат қилмак истар тору мор,
Чора шул мактаб очайлик, шояд ўлсун сабзазор.
Эй мусулмонлар, қачон бир дарда дармон истариз?
Миллата шавкат, тараққий, шаъну даврон истариз?

Ҳамзанинг «Миллий ашулалар учун миллий шеърлар» мажмуаси»даги мазкур 7 тўпламга кирган шеърлари, матбуотда эълон қилган шеър ва публицистик мақолалари, яратган драмалари, «миллий романлари» унинг жадидчилик ҳаракатининг бадиий адабиётдаги йирик намояндаларидан бирига айланганлигини кўрсатади. Абдулла Авлоний каби Ҳамза «Қулоқ ноталари ила эшитилиб келмиш миллий табаррук ашулаларимизнинг ўрни йўқолмасун учун баъзи қабиҳ шеърлар ўрнига» миллий руҳ, миллатнинг истиқлол ҳақидаги орзу-интилишларини ифодаловчи сўзлар билан бу халқ куйларини музайян қилиш, бу билан миллатни уйғотиш вазифасини ўз олдига қўйди. Ҳамза миллий истиқлол ғояларининг мусиқа, халқ куйлари воситасида, қўшиқлар шаклида халқ қалбига тезроқ ва таъсирлироқ кириб бориши мумкинлигини яхши тушунган. Узбек адабиётида шарқияларнинг яратилиши ҳам кўпроқ Ҳамза ва Абдулла Авлонийлар фаолияти билан боғланади. Ҳамза Ҳакимзода мусиқа соҳасида ҳам катта қобилият соҳиби эди. Шу маънода, Ҳамзанинг ушбу тўпламлари А. Авлонийнинг «Адабиёт ёхуд миллий шеърлар» тўпламларига ҳамоҳангдир.

Шоирнинг Биринчи Жаҳон уруши арафасида халқ орасида машҳур бўлган «Лўм-лўм Мамажон» ашуласи оҳангида яратган «Йиғла, Туркистон» шеърини олиб кўрайлик. Ашула қуйидаги сатрлар билан бошланар эди:

Лўм-лўм, лўм-лўм Мамажон, лўм-лўм Мамажон,
Истаконда чой ичган, лўм-лўм Мамажон.

Ҳамза миллатни жаҳолат, истибдод, илмсизлик туфайли фажеъ аҳволга тушган Туркистонни йиғлашга даъват этади: сен шундай йиғлагинки, ҳатто «руҳсиз танлар тебрансин», сени шундай аҳволга солган, ўзи зиллатга, хорликка ботган миллат уйғонсин! «Лўм-лўм Мамажон» ашуласидаги шўх оҳанг ўрнини қайғу ва унинг оҳангида миллатни илм-маърифатга даъват эгаллайди:

Дариғ тутманг илм учун кетса молу жон,
Ўқув фарзлиги минг йўл Қуръонда фармон,
Маърифатсиз тонулмас аҳкоми имон,
Илмсизга айтулмас комил мусулмон.
Йиғла, йиғла, Туркистон, йиғла, Туркистон,
Руҳсиз танлар тебрансун, йиғла, Туркистон.

Хоразм халқ куйлари оҳангида битилган «Яхши ҳолин йўқотган оқибатсиз Туркистон» мисраси билан бошланувчи шеърида шоир мустамлака ўлканинг иқгисодий, маънавий, сиёсий тутқун аҳволини буюк дард билан қаламга олган. Ҳар бир миллатнинг истиқболи – илм-маърифатда. Шоирни қийнаётган, унинг фарёд чекишига сабаб бўлаётган нарса миллатнинг илмсизлиги, бу илмсизлик оқибатида ўзига «Ўлмасиндан илгари жисмига кафан бичган»и:

Бўғзи сори тўлгунча ғафлат шаробин ичган,
Ўлмасиндан илгари жисмига кафан бичган,
Умид риштасин кесуб, ору номусдан кечган,
Боғлу қўлинг, Туркистон, нобакорларми чечган?

Ўзгаларчи? Улар ўз халқи учун молу жонини қурбон қиладилар, илм-маърифат йўлида бор-йўғини бахшида этадилар, миллат равнақи учун қон ютадилар. Шоир шу ўринда Туркистоннинг ўтмишига разм солади: оламга илм нурини таратган, иқболи қуёшдек чароғон замонларнинг ўтиб кетганидан афсус чекади:

Эсиз, эсиз Туркистон, қани аввалги ҳоли?
Оламга зиё берган ул хуршиди иқболи?
Абри ғафлат қуршади, тун бўлди истиқболи,
Хўр бўлса миллатимиз, тутмасмикин уволи.

Шоир шундай хулосага келади: сенинг боғлиқ қўлингни бу но-бакорлар ечмайди! «Ватанга молик бўлган нобакор тўнғиз» келгиндилардан Туркистонни озод қилиш учун ўзлигини юксак дара-жада масъул биладиган ҳакиқий миллат фидойиларини тарбиялаш керак.

Шоир ҳар тўрт мисрадан кейин такрорланувчи:

Зулмат тоши ёғилса-да, кўзи очулмаз,
Руҳсиз тандур, ханжар урса, қони сочулмаз, —

нақарот мисраларда мумтоз шеъриятимизга хос тамсил санъатидан моҳирона фойдаланган. Эътибор беринг, халқўзлигидан, мил-лий руҳдан маҳрум этилган, қуруқжасади қолган – бу жасад ўлик жасад, ҳар қанча тиғ урсанг ҳам қон чиқмайди. Халқимизда ҳам шундай ибора қўлланади.

Умуман, Ҳамзанинг «Миллий ашулалар учун миллий шеърлар мажмуаси»га кирган шеърий тўпламлар нафақат ўқувчилар, ҳатто санъаткор-ҳофизлар ўртасида ҳам катта шуҳрат қозонган. Бу ҳақда Ҳамза ижодининг дастлабки тадкиқотчиларидан Сотти Ҳусайн шундай ёзган эди: «У тор доирадаги ўқувчилар ўртасидагина эмас, ашулачилар ўртасида ҳам тарқала бошлаган. Шунинг билан баравар бу ашулалар тўштами… реакдион кучларнинг, руҳонийларнинг қаттиқ ғазабига учраган».

Кўпгина ўзбек ижодкорлари қатори Ҳамза дунёқарашининг такомилила жадидчилик ҳаракатининг буюк раҳнамоси Исмоилбек Гаспрали ва унинг «Таржимон» газетасининг роли катта бўлган. 1914 йил 11 сентябрда Гаспрали вафоти муносабати билан ҳамма ўзбек жадид ижодкорлари сингари Ҳамза ҳам ўз ҳамдардлигини билдириб, «Явмул-вафот» (Садойи Фарғона, 1914 йил 24 сентябръ) мақоласини ва «Марсия» (Садойи Фарғона, 1914 йил 28 сентябрь) шеърини эълон қилди. Шеърда шундай мисралар бор:

Оҳ, миллат, етди бу дам қайғулик, ғамлик замон,
Тегди оғзингга ҳалокат тоши, эмди тўла қон,
Дод қил даври фалакдан, ботди хуршиди жаҳон,
Мотам айла, оғласун аҳволинга ҳар инсу жон,
Кўк сари учди Масиҳо жисмлар жондан жудо,
Яъни такрори тараққий мурғи шабхондан жудо.

Ҳамзанинг «Миллий ашулалар учун миллий шеърлар маж-муаси»га мансуб «Сафсар гул» тўпламига мардикорликка олинган ўзбекнинг юртдан узоқдаги хору зорлиқда кечган ҳаётини тас-вирловчи шеърлари кирган. Уларда мардикорларнинг ички ҳис-туйғулари, эл-юртига бўлган чексиз муҳаббати, соғинчи ўз ифо-дасини топган. Аммо шоирнинг ушбу тўпламида «оқ подшоҳ»ни, генерал губернаторни кўкларга кўтарувчи, мардикорларни фидокорона меҳнатга даъват этувчи шеърлар ҳам мавжуд. Бу ҳол шоирнинг ижодида узоқ давом этмади: у мардикор олиш воқеаси мустабид тузумнинг миллатни таҳқирловчи, уни абадий тутқунликда сақловчи тадбири эканлигини тушуниб етди. Бу ҳол унинг мазкур тўпламидан бир оз кейин яратган «Фарғона фожиалари» тетралогиясининг «Истибдод қурбонлари» қисмида рус мустамлакачиларини аёвсиз фош этишида яққол кўринади:

«Маруса. Ман айтаман, ўзлари шундай ифлос. А, мамлакатлари яхши, сермева, маъданзор, бойлик шуларда. А, ўзлари бундай бечора, аҳмоқ (кулуб). Да, «Мевани яхшисини ит ейди», деган сўз хўп сўз-да, а!

Началник. Да! Шундай. Энди биз ҳозирги Туркистондаги фи-лосуфи замон гасподин Остроумовнинг деганича, буларни шундай қаро меҳнатлар била эзуб бутурмоқға керак. Чунки агар булардан ғофил қолинса, албатта замон келур… бир кун бизга кутулмаган иккинчи бир бало бўлуб чиқувлари шубҳасиздир. Шунинг учун мана шундай фурсатларда истифодасиз бўлмай, зиёлик фирқаларидан тортуб, секин-секин йўқ эта бориш керак».

1918-1920 йилларда мустамлакачилар адресига айтилган бу сўзлар ҳақиқий жасорат эди.

«Ийди қурбон», «Эътизор» каби мақолалари «Садойи Туркистон»-«Садойи Фарғона» газеталарида босилди. Ушбу мақолаларда миллатни ярамас иллатлардан, фақирликдан, хурофотдан қут-қарувчи бирдан-бир йўл илм-маърифатдир, деган ғоя илгари су-рилади ва бою камбағал, зиёлию дин пешволари – ҳаммаларининг қўлни-қўлга бериб, янги усули жадид мактабларига кўмаклашувлари лозимлиги таъкидланади. Ҳамза миллий айирмаларга, синфий табақаланишларга кескин қарши чиқади, унингча, фа-қат бирлик билангина миллатни жаҳолат ботқоғидан, қолоқликдан, турғунликдан, истибдод қуллигидан қутқариш мумкин. Бу ҳақда «Мактаби дорул-айтом» мақоласида муаллиф ёзади: «Демак, бу «Дорул-айтом»да Хўқанднинг ҳар тарафидан ўлсун фа-қир болаларни, шубҳасиз, қабул қилинадур. Фақат дафтар, қаламдан бошқа китобларғача, ҳатто мактабдан бериладур. Юқоридаги иона қилувчи афандиларимизға қиёсан фақир ва етим болаларға раҳм ва шафқатлари бори Худо ва Расулдан ва миллатнинг ризолиғи бирлан дунё ва охират саодатлариға ҳаваскордан қариндошларимизға бу тўғрида нақадар иона ва мурувват кўргузмоқларини рижо ва ниёз қилурмиз. Ҳамда ҳар ойдағи эҳсонларни жамлаб, хоҳ оз, хоҳ кўп бу етим болаларин мактаб мудирига берсалар, нақадар болаларни илму маърифатға етишмоқиға энг биринчи шафқатлу ота-оналаридан бўлур эдилар… Диёнатлик баъзи аҳбобларимиз ҳар ойнинг охирида юборадурғон ақчаларини ёздуруб қолдурғонлариға манда аларға чин қалбим ила ташаккуримни газета орқали эълон қилуб, ваъдаларинида ёзиб ўтувни муносиб кўраман».

Газета ва журналларда мақолалар ёзиб, қалами анча чархланган, турк, татар ҳамда рус адабиётидан анча хабардор Ҳамза ўзбек адабиёти учун нисбатан янги тур — насрга қўл урди, «Миллий рўмон» деб номлаган «Янги саодат» асарини 1915 йилда тошбосмада «Мадора» кутубхонаси ноширлигида босмадан чиқарди. Романга ушбу байт эпиграф қилиб олинган:

Ўқуб таҳсили илм айла, маориф шарбатин ютгил,
Тилингни жаҳлдан қутқор, ғами миллат била ўтгил.

Ушбу асарда Ҳамзанинг етук маърифатпарварлиги яна бир бор намоён бўлди. Асарда Абдулқаҳҳор исмли анча катта савдогар бой «дунё ҳам охиратнинг саодати» бўлмиш илм-маърифатни эгаллаш ўрнига ичкилик, қимор каби қабиҳ ишларга берилиб кетади ва бутун мол-дунёсини барбод қилади. Оқила хотини Марям ҳар қандай қийинчиликларга қарамай, ўз умрини ўғли — рлти ёшли Олимжонни, уч ёшли қизи Хадичани тарбиялашга бағишлайди: Олимжонни усули жадид мактабида ўқитади. Ўз одоби, илмга чан-қоқлиги билан Олимжон жадид муаллимининг меҳрини қозонади, муаллим унга оталарча меҳр-мурувват кўрсатади. У вояга етгач, синглиси Хадичани ҳам ўқитади ва яқин мактабдош дўсти Аҳмаджонга узатади. Дарбадарликка дучор бўлган отаси Абдул-қаҳҳорни яна ўз оиласига қайтаради, илм-маърифатли Олимжон оиласини саодатга мушарраф этади. Асарда Олимжон тақдирида муҳим аҳамият касб этган, ўзининг ёлғиз қизи Назокатхонни, бойлигини унга қолдирган Абдураҳмонбой образи ҳам анча тўла-қонли яратилган. Муаллифнинг романдан кўзлаган асосий мақ-сади миллатни «жаҳолат ва ғафлат зиндони»дан «дунёнинг ҳақиқий моҳтоби» маърифат гулзорига етаклашдир. Бунга эришишнинг биринчи омили инсонларда илм-маърифатга рағбат, муҳаббат уйғотиш бўлса, иккинчиси, ўқув муассасаларини давр талаблари асосида тубдан ўзгартириш заруратидир. Чунки мавжуд эски мактаблар ёшларни ўқишдан бездиради. Мана, асар муаллифи орзу қилган илм маскани мактаб: «Олимжон, оҳ, бу қандоқ жой? Танинг роҳат олади. Бу дунёнинг боғчаси ва жаннати десанг ҳам ростдур. Мана, қандоқ оқ уйлар. Қандоқ покиза курсилар, булар ёзмоқ учун керакли доскалар, ҳисобга чўтлар, томоша қилмоққа чиройлик хариталар. Булар ҳаммаси илм ўрганмоқ учунгина ҳозирланган. Мана — илм қандоқ азиз неъмат. Дунёда илмдан ортиқ ҳам лаззатли, ширин неъмат борми? Йўқ, албатта, йўқ бўлса керак. Мана, илм ўқийдурган кишилар шоҳ, гадо, бой, фақир бўлсин, мундоғ улуғ жой ҳаммасига ҳам баробардир».

Ҳамза «Янги саодат» асарида яна бир муҳим масалага — халқ онгига сингиб кетган «Худо берса бўлади-да» деган эътиқод (буни Ҳамза «фасод эътиқодлар» жумласига киритади)га эътиборни қара-тади. Мутаассиблар томонидан сингдирилган бу эътиқодга асосан одамлар «берсанг ейман, урсанг ўламан» қабилида иш тутиб, ўзлари ҳеч бир ҳаракат қилмайдилар. Муаллиф бундай асоссиз эъти-қодни кескин фош этади: «Худо берса бўлади-да, деган жоҳил ота-боболаримизнинг асоссиз сўз ва фасод эътиқодларидур. Худо золим эмас, бировга бериб, бировга бермай қўймас. Худой табо-рак ва таоло саодат — илмда, разолат — жаҳолатда, ҳар бир иш банданинг ўз ҳаракатига мувофиқ, деб ўз каломида такрор хабар берган».

Асарда Абдулқаҳҳорнинг жоҳиллиги туфайли катта машаққатларга юз тутган оила аҳволини, мискин, ғариб Олимжон руҳия-тини тасвирлашда Ҳамза сентиментал услуб бўёқларидан анча кенг фойдаланган. Мактабни битириш имтиҳонига Олимжоннинг отаси Абдулқаҳҳор исмига «Даъватнома» келади. Уни олган Олим-жоннинг руҳий-психологик ҳолати тасвирига эътибор қилинг: «Оҳ, биз келайлик Олимжонни ҳолиға. Муаллим ҳазратларининг лутф-марҳаматларига нақадар сабр қила олмаслик даражадаги шодликларга етишган Олимжон бўлса керак, деб гумон қилмак хатодур. Зероки, отаси Абдулқаҳҳор исмига берган «Даъватнома» қўлига теккандан кейин: «Сани отанг қани, имтиҳон куни бошингда ким туради? Санга дастурхонни ким қилиб берур? Ким сани ўқиганларингни кўрар? Бу боланинг отаси қайси, деган саволга жамоат орасидин кимни кўрсатилур?» – дегандек бу руҳсиз қоғозни до-вушсиз итобларига нақадар маъюсланиб турганда, Оллоҳ… муал-лим ҳазратларининг сўз орасида яна: «Оталарингиз, оталарингиз», – деб такрор қилиб турган хитобларига бутун фикри йўқо-луб, юраги титраб, бағри эзилуб, кўзи заҳарлик ёшлар била тўлган Олимжон дод деб қичқируб юбормоқға шарму ҳаё қилуб, минг машаққатлар билан ўзини уйига еткуриб олди».

Муаллиф лирик чекинишлардан ўринли фойдаланган. Улар воситасида асарнинг таъсирчанлигига эришган. «Ал-Ислоҳ» жур-налида эълон қилинган «Янги саодат» романи ҳақидаги тақризда асарнинг шу жиҳатларига алоҳида диққат қилиниши бежиз эмас. Чунончи, тақризда ўқиймиз: «Янги саодат» исмли 46 саҳифали туркий ва Туркистон шевасида бир миллий рўмоннинг янгидан табъ бўлуб нашр қилинуви бизни кўп масрур этди. Халқни ўқув ва ёзув тарафиға тарғиб қилмоқ учун ҳозиргача Туркистон шевасинда бунингдек таъсирли рўмон нашр ўлинмамиш, десак муболаға бўлмаса керак. Бу рўмоннинг муҳаррири Ҳамза Ҳакимзода Ниё-зий жаноблари ва ношири Хўқандда «Мадоро» кутубхонасидир».

«Миллий ашулалар учун миллий шеърлар мажмуаси»нинг «Биринчи бўлим»ида «Дилоғон» оҳанги билан айтилувчи «Кўзни очинг, қардошлар!» шеърида шундай мисралар бор:

Ташлаб Ниҳон кўнгилда бўлган иллатни,
Кину буғзу адоват, фисқу ғийбатни,
Сунний, шиий сўзларни барбодлашайлик,
Миллат йўлин кўплашуб ободлашайлик.
Улфатлашуб, ёзлашуб ҳам қишлашайлик,
Театр ясаб, консертлар, олқишлашайлик.

1915 йилда нашрга тайёрланган ушбу тўпламдан жой олган юқоридаги мисралар Ҳамзанинг саҳна санъатига алоҳида аҳамият берганлигини кўрсатади.

Ҳамза 1915 йилдан фаолият кўрсатган Қўқон театр труппаси учун саҳна асарлари — драмалар ёзди. 1915 йилда ёзган «Заҳарли ҳаёт ёхуд ишқ қурбонлари» драмаси Ҳамзанинг бу соҳадаги биринчи қадами бўлди. Ушбу драмадан кейин у «Ўч», «Мухторият ёки автономия» (1917), «Ким тўғри?», «Бой ила хизматчи» (1918) каби саҳна асарларини яратди.

«Заҳарли ҳаёт…» драмаси бевосита жадид маърифатпарварлиги руҳида ёзилган бўлиб, унда ҳам «Янги саодат» «миллий ро-ман»идаги ғоя етакчилик қилади. «Янги саодат»да илмсизлик, жаҳолат туфайли пароканда бўлган Абдулқаҳҳор оиласини ёш Олимжон илм-маърифат орқали саодатли қилади. Драмада эса жаҳолат, қолоқлик, мутаассиблик илм-маърифат, тараққиёт фидойилари Маҳмудхон ва Марямхонларни фожиага олиб келади. Ушбу 4 пардали трагедия 1915 йилда ёзилиб, 1916 йилда Тошкентда «Матбааи Ғуломия»да машҳур маърифатчилардан, Ҳамзанинг яқин дўсти, савдогар бой Саидносир Миржалолов (1884-1938) ноширлигида босмадан чиққан. Муаллиф асарнинг жанрини «Туркистон маишатидан қиз ва куёв фожиаси» деб белгилайди.

Асарнинг бош қаҳрамонлари Марямхон ва Маҳмудхонлар — замонасининг илғор зиёлилари. Улар миллат фарзандларини илм-маърифатли қилишдек улуғ орзулар оғушида, романтик хаёллар билан яшайдилар, уларнинг севгиси ҳам ниҳоятда покиза ва са-мимий. Драматург асарда айниқса Марям образига алоҳида эъти-бор қаратади, унинг бутун қарашлари Маҳмуд образидан кўра Марям қиёфасида намоён бўлади. Тўғри, Марямхоннинг бу дара-жага етишишида Маҳмудхоннинг хизматлари катта. Уни маъри-фат йўлига олиб чиққан ҳам Маҳмудхондир. Мана — Марямхоннинг ҳаётдаги мақсади, ҳаётининг бош маслаги: «…афандим, эмди тездан ижтиҳод этингизким, икковимиз қўлимиз тутишиб, зул-матда қолмиш бу миллатни, сиз қуёши бўлинг-да, мен моҳито-бони бўлуб, қоронғи Ватанни ёрутайлик; сизда эрларимизнинг ҳолиндан, бан мазлума оилаларимизнинг ҳолиндан ғазеталарга ёзишиб, бир-бирларимизи огоҳлантирайлик. Чин мақсадингиз бўлган қизлар мактаби очайлик, бан маънавий, сиз моддий хиз-матда бўлинг, қадрсиз ҳамшираларимизнинг касод ўлмиш бозорларини илми нақдий била кўтаришайлик. Чин яшайлик, кела-жакдаги авлодларимизни мозоримизга бориб, эрлари сизга, қизлари бизнинг қабримиз узасина оқ, қизил гуллар сочуб, Қуръон ўқуб, руҳларимизни олқишларлик даражада бир хизматларни майдонга қўяйлик… Йўқ эса қиёматгача қабрингиз миллат ва келажакдаги миллат авлоди тарафиндан мақҳур, қиёмат куни эса жаноб Ҳақ ва расул афандимиз қошинда уятли ва сарнигун ўлмо-ғингизни хотирангизда ёдгор қолдирам! Демак, орзу-ҳавас ўлса ўлсин, миллият, инсоният ўлмасун!»

Маҳмудхон драма давомида Марямхонга нисбатан анча суст, ҳатто Марям уни кураш майдонига тортишга ҳаракат қилади. У энг сўнгги илож – «бошқа мамлакатга қочмоқ»қа ҳам тайёр. Мар-ямхон Ҳамзанинг «Янги саодат»идаги аёллардан ўз дунёқарашининг кенглиги, курашчанлиги билан ҳам кескин фарқ қилади. У шариат, дини исломни бузувчи ҳазрат эшон каби мутаассибларга қарши бош кўтаради. Уларнинг разил қилмишларини фош этади, келажакка катта умид билан қарайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ҳамзани (бошқа мутафак-кирларни ҳам) баъзан шариатдин пешволарининг айрим ножўя ҳаракатларини фош этгани учун динсиз, атеист сифатида баҳолаб келдилар. Аслида у динни эмас, мутаассибликни, мутаассибларни фош этади. Бунга унинг «Заҳарли ҳаёт…» драмаси далил. Ундаги шариат, исломият ҳақидаги гап-сўзларга эътибор беринг: «Шариат золим эмас, хоин эмас… Шариат ҳар кимни бахтиёр қилган. Шариатда ҳуррият бор, мусовот бор, адолат бор. Шариатда жабр — ҳаром. Никоҳ тарафайннинг ижоб қабули билан ҳалол бўлур. Ман қабул қилмасам, никоҳфосид, никоҳҳаром. Оҳшари-ат! Эссиз исломият! Шариат битдими? Ё Раббий!»

Ҳамза ўзи таъкидлаганидек, «Заҳарли ҳаёт ёхуд ишқ қурбонлари» пьесаси фожиа жанрига мансубдир. Унда фожиа (трагедия)га хос пафос уфуриб туради. Фожиа-трагедиянинг хос хусусиятлари ҳақида Абдурауф Фитрат қуйидагиларни ёзган эди: «Асар қаҳрамо-нининг тилак йўлидаги қарашлари драмадагидан кучли бўлса, ҳало-катларга, қонли фожиаларга бориб тақалса, трагедия (фожиа) бўладур».

Асарнинг икки ёш қаҳрамони Марям ва Маҳмуд замонасининг ҳал қилувчи кучлари мутаассибларга (асар ёзилган даврда улар ҳал қилувчи куч эди) қарши курашадилар. Томонлар ўртасидаги кураш энг юқори нуқтага кўтарилади: уларнинг истиқбол ҳақидаги юксак орзулари чилпарчин бўлади. Натижада, иложсиз қолган ёшлар мавжуд тузумга, феодал тартибларга, жаҳолатга, мутаассибларга қарши исён сифатида ўз ҳаётларига қасд қиладилар.

Узоқ вақт Ҳамзанинг ҳамма асарларидан синфийликни қидириш ва ҳар бир асар воқеасига ва қаҳрамонларига синфийлик нуқтаи назаридан ёндашиш ҳукмронлик қилди. Бу ҳол «Заҳарли ҳаёт…» драмасини баҳолашга ўз таъсирини ўтказган. Тўғри, Маҳмудхон бойлар тоифасига мансуб, Марямхон ўта фақир хонадондан чиққан. Бу икки ёш қайси синфга мансублигидан қатъи назар, миллат истиқболи учун курашадилар. Уларни улуғ мақсадлар бирлаштиради. Шунинг учун ҳам Ҳамза асар қаҳрамонларини, уларнинг инсоний фазилатларига қараб баҳолайди.

«Заҳарли ҳаёт ёхуд ишқ қурбонлари» фожиаси китобхон ёки томошабинлар қалбида Маҳмудхон ва Марямхонларга нисбатан муҳаббат, раҳм-шафқат, уларни фожиага олиб келган мутаассиблик, жаҳолатга қарши нафрат туйғуларини мавж урдириши керак эди. Бунинг учун драматург фожиа жанри имкониятларидан, сўз санъатининг жозибасидан моҳирона фойдаланди. Бу ҳол кўпроқ Марямнинг фаол ҳаракатларида, Маҳмудхоннинг моно-логларида намоён бўлади. Маҳмудхон монологларида сентиментал руҳ шу даражада кучлики, тингловчи қалбини ларзага солади. Маҳмудхоннинг ўлим олдидаги монологи фожианинг асл моҳиятини янада тўлароқ очишга хизмат қилади: «Марям, Мар-ямхоним, ман дунёда яшамам!.. Кеча оқшом Марямхон муҳаб-бат қурбони эди, биз бугун инсоният, миллият қурбони! Мундоғ жаҳолат, мундоғ илмсизлик. Ваҳшатлик! Бундай золим халқ орасинда яшамоқдан ўлим лаззат, лаззат! Бу хил раҳмсизлик, шафқатсизлик! Бир вақтда шариатдан кўз юмиб, исломиятни қўйиб, дунё йўлига қадам босувчи диёнатсиз қора халқ орасинда тирикликдан, албатта, ўлим яхши! Ўлим!.. Оҳ, руҳи Марям! Оҳ, жаҳолат! Воҳ, исмигина қолмиш исломият!..»

Худди шу сентиментал руҳ драманинг томошабин қалбига кириб боришида асосий восита бўлган. Шунинг учун ҳам ушбу драма Тошкент, Қўқон ва бошқа шаҳар ҳаваскор драмтруппалари томонидан қайта-қайта саҳналаштирилган. Бу драма биринчи ўзбек профессионал театр танқидчиси Мирмулла Шермуҳаммедов (1886—1923) эътиборини қозонди. У Ҳамза ва унинг «Заҳарли ҳаёт…» драмаси туфайли ўзбек театрини «янги тирикликка киргани» билан табриклади: «Заҳарланган турмушнинг қора саҳифаларини тасвирлашда қаламни устагина юритган драматургни таб-рик этмасдан ўтолмаймиз… Ҳамза афанди асарда кўринадиган қаҳрамонларга ғоят диққат ила сўз ва характерлар берган».

Ҳамзанинг сиёсий қарашларини, унинг Туркистон мухториятига муносабатини аниқ тасаввур қилишда Туркистон мухторияти ғоясининг пайдо бўлиши муносабати билан 1917 йилда ёзилган «Мухторият ёки автономия» ҳажвий драмаси муҳим аҳамиятга эга. 1917 йил Февраль инқилоби, Романовлар сулоласининг барбод бўлиши бутун жадид мутафаккирлари қаторида Ҳамзанинг ҳам истиклол ҳақидаги интилишларига қанот боғлади. Жадидчилик ҳаракатининг раҳбарлари Мунавварқори Абдурашидхон ўғли ва Абдулла Авлонийлар томонидан 1917 йил март ойида «Шўройи ислом» жамияти тузилди. Бу жамиятнинг «Марказий шўро»си таркибида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мустафо Чўқаев, Убайдулла Хўжаев каби сиёсий арбоблар бор эди. Шу йилнинг ёзидан большевикларнинг фаоллиги кучайди ва мутаассиб дин пешволари «Уламо» номи билан «Шўройи ислом»дан ажралиб чиқди. Бу ажралиш кейинчалик большевиклар учун қўл келди, «Уламо» жамияти мустақиллик учун кураш олиб борган шўройи исломчиларни барбод қилишда мустамлакачиларга ёрдам берди. «Шўройи ислом» ва «Уламо» жамиятларининг шўъбалари ўлканинг турли шаҳарларида ҳам ташкил этилди. Февраль инқилоби натижасида Туркистонда қандай давлат тузиш масаласи юзасидан бу жамиятлар ўртасида кескин ихтилофлар, зиддиятлар ву-жудга келди. Ҳамза «Уламо» жамиятининг Қўқон шуъбаси маж-лисини ушбу «Мухторият ёки автономия» драмасига асос қилиб олди. Муаллиф драманинг қисқача сюжетини шундай баён қилади: «Туркистонда ҳуррият бўлуви муносабати ила ёшлар ва ула-молар орасинда ихтилоф ўлароқ уламолар айрилиб кетувлари, руҳоний мажлисин тасвиридир».

Бу ўринда ёшлар — «Шўройи ислом» жамияти аъзолари, яъни жадидлар; уламолар — мутаассиб қадимчилар «Уламо» жамияти аъзолари эканлиги драманинг бошидан охиригача кўзга яққол ташланиб туради. Асар муаллифи эл-юрт тақдирини ўз зиммаларига олган уламолар қанчалик разил, нашаванд, тубан кишилар эканликларини ўз тилларидан фош этади. Улар ҳатто автономия, мух-ториятнинг қандай давлат тизими эканлигини тасаввур ҳам қила олмайдилар: «Л.(домла): Бу демократический республикани бизга кўп зарари бор эмиш. Зероки, биздан подшоҳ бўлмас эмиш, тағин аввалғидек қози, мударрисларни ҳукамолар, губирнаторлар сайлаб қўёдирлар эмиш. 2-нчи, хотунларни кўчада фаранжисиз (ҳамма ёқосин ушлаб, «Астағфируллоҳ!» «Навзанбиллоҳ!..») чиқуб юриши учун фармонлар бўлур эмиш… Энди бўлари бўлди. Хўш! Иф-тор, тўй, закот, хайр-эҳсон деган гаплар бари соп бўлди!..»

«Ф.(домла): Айтмадимми, бу киши ҳам ғазнот ўқийдирлар, яки аз тароқчи, биз энди шул дин бузуқи гумроҳ тотор шум усули жадидчиларга қўшилар эканмизда, ҳайҳот! Бале!»

Мустақилликка қадар ҳамзашунослар бу драмани Қўқон мух-ториятининг «расвосини чиқарган», унинг «реакдион моҳияти»ни фош этган асар сифатида баҳолаб келдилар. Аслида Ҳамза Туркистон мухториятини тузишда фаол иштирок этган жадидларга қарши бузғунчилик, сотқинлик ишларини олиб борган мутаассиб «Уламо» жамияти аъзоларининг нақадар нодонлигини, кал-тафаҳмлигини фош этган эди. Асарда қаҳрамонлар исмининг бош ҳарфи берилган. Ҳамза ушбу асар туфайли «Уламо» жамиятининг таъқибига учради ва 1917 йил октябридан 1918 йилнинг 10 мар-тига қадар Туркистон шаҳрида дўсти Саидносир Миржалолов хо-надонида яшириниб яшади1. Демак, 1917 йил 27 ноябрь Туркистон мухторияти эълон қилинган кунни Ҳамза Туркистон шахрида мамнуният билан кутиб олди ва «Туркистон мухториятина» шеърини яратди. Шеър «Улуғ Туркистон» газетасининг 1918 йил 11 январь сонида эълон қилинди. Шеърда шоир мусулмон милла-тини улуғ байрам билан муборакбод қилар экан, уларни бир сан-жоқ—байроқ остида бирлашишга даъват этади:

Келинг эмди бирлашинг, ислом миллати!
Кетсин сунний, шиалик нифоқ иллати!
Бир санжоққа тўплансун ислом давлати!
Қутлуғ бўлсун Туркистон мухторияти!
Яшасун энди бирлашуб, ислом миллати!

Ҳамзанинг 1917 йил Октябрь тўнтаришигача бўлган ижодидаги асосий ғоя маърифатпарварликдир, у бу даврда жадид адабиётининг йирик намояндаси сифатида бадиий ижоднинг ҳамма имкониятларидан, турларидан фойдаланди. Барча жадид мута-факкирлари каби у 1917 йил Февраль инқилобидан сўнг ҳамма иш ўринлади, Туркистон халқлари мустамлака қуллигидан озод бўлди, деб ўйлади. 1917 йилда «Кенгаш», кейин «Ҳуррият» жур-налларини нашрдан чиқарди. «Ҳуррият» журналининг биринчи сонида эълон қилинган «Бугунги қадрлик кунлар» бош мақоласидаги ушбу сўзларда Ҳамзанинг бу тарихий воқеага муносабати яққол кўзга ташланади: «Бу кун бахт фалакиндан чиқмиш ҳақиқат қўёши мусовот, адолат каби энг соф зиёлари била энг қоронғуда йўқолган игна каби нозик ва муҳим мақсадларимизи ҳам ялтуратуб кўрсатмакдадур. Мана, букун ҳақиқат, ҳуррият воситаси била эски хоин ва золим, мустабид ҳукуматни 50 йилдан бери бўйин, қўл ва оёғимизға сезимсиз солуб келган умрлик оғур занжирларин кўзга кўрсатуб ечди, халос қилди. Бу кун ҳақиқат, мусовот воситаси била, бир тараф, золим амалдорлар, иккинчи тарафдан раҳмсиз, шафқатсиз талончилар темир тир-ноғи остида пўстлари бутун сидирилиб, юраклари эзилиб, чўкуб хонумонларидан ажраб келуб турган мазлум, ноҳақ фақиру бечора, етим, ғарибларнинг бургутлар панжаи маргидан раҳо қилди… Бу кун энг қадрлик, энг ғаниматлик кун! Бу кун Остроумоф, Ильминский кабиларнинг тарбиясида яшаган ва анинг маслакига хизмат этувчи, ватандаги ўз орамиздан чиққон дин хоинларини хиёнатларин ҳақиқат майдонига отур. Ноҳақларни шарманда ва сарнигун қилур».

Албатта, Ҳамзанинг мустамлакачиларга қарата айтган жасоратли сўзлари Вақтли ҳукуматга ҳам, унинг ўлкадаги ҳамтовоқларига ҳам маъқул бўлмади, иккала журнал бирин-кетин ёпилди. Ҳамза Октябрь тўнтаришидан кейин шўролар ҳокимиятини қўллаб-қувватловчи шеърлар, қўшиқлар битди, большевиклар ҳокимиятининг янги шакддаги мустамлакачилик сиёсатини кўра олмади. Баъзан ўз қобилиятини бадиий ижодга эмас, шўро ҳуку-матининг тарғибот-ташвиқот ишларига сафарбар этди. Унинг 20-йилларнинг ўрталарида яратган «Паранжи сирларидан бир лавҳа ёки яллачилар иши» драмаси, «Бурунги қозилар ёки Майсаранинг иши» ҳажвий комедияси ўзбек драматургияси ва театр санъ-ати тараққиётига кучли таъсир кўрсатди. Ҳамза 1926 йил 27 февралда «Ўзбекистон хачқ ёзувчиси» фахрий унвони билан тақдирланди.

Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий 1928 йилнинг августида шўро ҳукуматининг топшириғига биноан Шоҳимардонга боради, у ерда мавжуд ҳукумат сиёсатини барқарор қилишда, руҳонийларга қарши курашда фаол иштирок этади ва 1929 йил 18 март куни шу курашнинг қурбони бўлади. Ҳамзанинг бир гуруҳ мутаассиблар томонидан ўлдирилиши шўро мафкурасида унинг ижодини синфийлик-партиявийлик тамойилларига асосланиб баҳолаш учун мезон бўлди. Уни маънавий заминдан юлиб олиб, ўзи мансуб бўлган жадидчилик ҳаракатига, унинг намояндаларига қарши қўйдилар, ўзбек шўро адабиёти ва санъатининг ягона асосчиси сифатида талқин ва тақдим этдилар. Бу ғайриилмийликнинг энг юқори намунаси сифатида Ҳамзага бағишланган 17 серияли «Оловли йўллар» фильмини кўрсатиш мумкин. Уйдирмалар асосига қурилган бундай асарлар Ҳамзага нисбатан ҳурмат-эҳтиромни ошириш ўрнига унга бўлган ишонч ва эътиқодга путур етказди.

Шўро мафкурасининг бу борадаги салбий оқибатларидан бири шу бўлдики, миллиятчи шоирнинг айрим сатрлари, ҳатто асарларига «пардоз» берилди, «таҳрир» қилинди, «Бой ила хизматчи» драмаси 1939 йилда драматург Комил Яшин томонидан социалистик реализм талаблари асосида, айтиш мумкинки, қайта ёзилди.

Ҳамза ижоди мустақиллик, истиқлол туфайлигина ҳақиқий баҳосини олмоқда. У ҳеч бир бўрттиришсиз, қўшибчатишсиз ҳам XX аср ўзбек адабиётининг атоқли вакили: новатор шоир, ҳозиржавоб носир, истеъдодли драматург, ғайратли театр арбоби, моҳир педагог сифатида замондошлари Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпонлар қаторидан муносиб ўрин олишга ҳақлидир.