Солиҳ Ёқубов. Ғаройиб синов (ҳажвия)

Зокир Қодирович ақлли, обрўли одам. Лекин у хотини Гулбаҳорнинг доим куюниб айтадиган «Ҳозир одамлар оёғи билан эмас, тили билан юради», деган гапини бир ўзимда синаб кўрай деб ғаройиб «эксперимент»га қўл урди. Якшанба куни дўсти Олимбекникидаги зиёфатда бўлиб қайтаркан, уйига юз қадамча етмай хизмат машинасига жавоб бериб юборди.
У ўнг қўлини каттагина доғ теккан кўйлагининг устига қўйиб кўчанинг ўртасидан аста юриб келаверди. Йўлда учраган каттаю кичик бундай қўли кўксида бўлган камтар ва камсуқум йўловчининг саломига жавоб қайтарганча унга хайратланиб қарашарди.
Кўча бурчагидаги чойхонада ошхўрлигу бошқаларни ғийбат қилишга устаси фаранг бекорчиларнинг кўзи Зокир Қодировичга тушдию бир-бирларига қараб -«сайраш»га тушдилар:
— Бўривой, қўшнингиз пиёда юрадиган бўлиб қолибдиларми, — дея таажжуб билдирди Эшмат писмиқ айёрона тиржайиб.
Гапни ҳафсала билан газак тайёрлаётган Бадриддин илиб кетди:
— Менимча, Зокирга бир нарса бўлган. Доим костюм-шимда юрарди. Ие, бўйинбоғи ҳам йўқ-ку. Ёки ишдан кетдимикан? Бундан баттар бўлсин. Кейинги пайтда димоғи кўтарилиб қолганди.
— Гапингизга юз фоиз қўшиламан, Бадирвой, — дея унинг сўзини маъқуллаган бўлди Сафарқул. — «Бир балоси бўлмаса шудгорда қуйруқ на қилур», деган нақл бекорга айтилмаган. Хомушлигидан, оёқларини босишидан билингки, паттасини қўлига тутқазишганга ўхшайди.
— Мен сизларга неча марта айтганман — тобутнинг, амал курсисининг эгаси бўлмайди деб. Мана, ўзимиз шоҳид бўлиб турибмиз, Зокирнинг амалидан айрилгани бор гап, — деди Мансур мўйлов.
Хуллас, ўтирганларнинг бири у деди, бири — бу. Лекин Зокир Қодирович ҳамон қўли кўксида, ўтган-кетганлар билан бошини лиқиллатиб саломлашган кўйи йўлида давом этарди…
Ниҳоят, у дарвозаси олдига яқинлашаркан, хотини Гулбаҳорнинг қўшни аёллар билан нималарнидир тортишиб турганига кўзи тушди. Гулбаҳор эрининг қўли кўксида, пиёда келаётганини кўриб юраги «шиғ» этди. “Тинчликмикан”, деган савол миясига урилди. Зокир Қодирович мийиғида майин табассум қилиб қўшни аёллар билан сўрашди.
— Тинчликми, дадажониси, нега уйга пиёда келяпсиз? — хавотирланиб сўради аёли.
— Тинчлик, онажониси, тинчлик. Сен доим «Ҳозир одамлар оёғи билан эмас, тили билан юради», дер эдинг. Сенинг шу сўзингни бир синаб кўрай дедим. Кўчамиз бугун худди байрамдагидек гавжум…
— Ҳазилингиз қурмасин-а, адажониси. Эсимни чиқариб юбордингиз, — деди кулиб Гулбаҳор. — Уйга пиёда келаётганингизни кўрган қўшни аёлларнинг хаёлига нималар келмади, дейсиз. Ҳамма сизни лавозимидан кетибди, деган ўйга боргани аниқ. Ҳа, айтгандек, маҳалла эркаклари ҳам шу алфозда кўришдими сизни?
— Кўришган бўлса нима қилибди, хотин. Оғиз уларники, нима деса деяверишсин. Ахир, бизнинг қанақалигимизни ҳамма билади-ку!
— Экспериментингиз ҳам бор бўлсин, энди дув-дув гапдан бошингиз чиқмайди.
Чиндан ҳам эртасига маҳаллада Зокир Қодировичнинг қўлини кўксига қўйиб, маҳалланинг каттаю кичигига салом бераётган, ишга пиёда бориб-келаётгани роса гап бўлди. Зокир Қодирович эса экспериментини давом эттириб, шоҳкўчада уни кутиб турадиган хизмат машинасигача пиёда чиқадиган бўлди…

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 46-сон