Хондамир бевосита Алишер Навоийнинг ғамхўрлигида вояга етган, унинг ҳомийлигида катта ижодий иш олиб борган, «Макорим ул-ахлоқ» асарида буюк Навоийнинг маънавий юксак инсон сифатидаги фаолияти ҳақида тўлиқ маълумот беради. Алишер Навоий таржимаи ҳоли ва унинг фазилатлари ҳақида мактаб хрестоматиялари ва дарсликларида ҳам кўплаб лавҳалар келтирилган, илмий ишлар яратилган. Буларнинг барчасига Хондамирнинг «Макорим ул-ахлоқ» китобида келтирилган материаллар ҳам асос бўлганлигига шубҳа йўқ.
У болалик давридан бошлаб илм олишга ҳаракат қилади. Йигитлик даврида олим ва фозиллар йиғинларида иштирок этади. Мустақил ҳолда китоб мутолааси билан шуғулланади. Самарқандда Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсийдан сабоқ олади.
Ҳиротда шоирнинг дўсти Ҳусайн Бойқаро ҳокимиятни қўлга олгач, Навоий Ҳиротга қайтади ва «Бунда энг юқори мансаб – амирлик даражасига кўтарилади. Ҳукумат арбобларининг раҳбарлигини, бутун халқ ва ҳукумат мақсадларини ҳал қилишни, мамлакат ва миллат ишларини тартибга солишни, дин ва давлат аҳволини интизомга қўйишни ўз устига олиш билан бирга, бутун вақтини китоб иборатларини тузатиш, маъноларини текшириш, далиллар билан исбот этиш, масалаларни ҳал қилиш, нақлий (эшитиш орқали билинган, ўзлаштирилган билим) илмларнинг сирларини ва ақлий фанларнинг нозик нуқталарини топишга ҳаракат қилди».
Амирлик лавозимидаги Навоий атоқли олимлар, санъат аҳлларини ҳам маънавий, ҳам моддий томондан қўллаб-қувватлайди, талабаларга нафақалар белгилаб, чуқур ва мустаҳкам билим олишлари учун мадрасалар қурдиради. «Халосия» хонақоҳи, «Ихлосия», «Шифоия», «Низомия», «Хусравия» мадрасалари шулар жумласидан бўлиб, бу ўқув даргоҳларида замонасининг йирик олимлари сабоқ беради. Фуқаро ва дарвешлар учун саховат ишларини бошлаб юборади. Масалан, «Халосия» хонақоҳида у ҳар куни мингдан ортиқ мискинларни зиёфат қилиб, лазиз таомлар тарқатади. Ҳар йили муҳтожларга 2000га яқин пўстин, чакмон, кўйлак-иштон, тақия (дўппи) ва кавш улашади.
У қурдирган работлар, ҳовузлар, кўприклар, ҳаммомларнинг сон-саноғи йўқ эди. Бузилган обидалар, масжидлар унинг раҳнамолигида қайта таъмирланади. Алишер Навоий қобилияти ва зеҳнининг ўткирлиги туфайли ҳар икки тилда – туркий ва форсийда баб-баравар бадиий юксак шеърлар ёзади.
Унинг туркий тилда Низомийнинг «Панж ганж»и муқобилида яратилган беш достондан иборат «Хамса» асари, 25 минг байтни ўз ичига сиғдирган туркий ғазаллардан тузилган туркий девони – «Хазойин ул-маоний»га болалик, йигитлик, ўрта ёш ва, ниҳоят, кексалик даврида ёзилган ғазаллари тартиб берилган.
Навоийнинг яна бир буюк асари «Мезон ул-авзон» рисоласи ҳам туркий тилда аруз вазни ҳақида ёзилган бўлиб, шоирнинг шеър санъати борасида юксак маҳоратга ҳамда чуқур билимга эгалигидан далолат беради.
Алишер Навоий форсий тилда яратган қасида ва ғазаллар ҳам олти минг байтни ташкил этади.
Хондамир шоир асарларининг шуҳрати ҳақида шундай ёзади: «Ғоятда очиқ ва енгиллиги, ажойиб маънолар билан безалиши, сўз бойлиги ва бетакаллуфлиги, зўракиликнинг йўқлиги орқасида, оз муддатда бу бадиий байтлар ва тўла зийнатли назмларнинг латифлик ва нозиклик шуҳрати шундай даражага етдики, дунё теварагидаги мамлакатларнинг подшоҳлари атайлаб Ҳирот пойтахтига сухандон элчилар юбориб, санъатнинг нишонли куллиётларини талаб қиладилар. Араб ва Ажам… Ҳирот ва Хўтан мамлакатларининг чегараларидан бошлаб, то Рум ва Ғарб мамлакатларининг охиригача шоҳ ва гадо, ёш ва қари, мусулмон ва кофир, яхши ва ёмон оғзида ул ҳазратнинг гўзал назмлари мазкур ва бутун халқ оммаси ва айрим табақаларнинг кўнгил саҳифаларида ва қалб лавҳаларида муборак шеърлари нақшлангандир», – деб таъриф беради.
Юқоридаги асарлар билан бирга, шоирнинг «Мажолисун – нафоис» асарида Шоҳрух мирзо подшолиги давридан ўз замонасига қадар етакчи шоирлар ва олимларнинг сифатлари тавсифланган. Шу билан бирга, иккита қисқача тарих китоби: «Тарихи анбиё ва ҳукамо», «Тарихи мулуки ажам» асарларини ҳам ёзганки, бу китобларга улар ҳақида ҳикоялар, ривоятлар ҳам киритилган.
Алломанинг яна бир асари «Хамсат ул-мутаҳаййирин» китоби бўлиб, унда «Насрларининг ёрқинлиги ва назмларининг нозиклиги»дан барча ҳайратга тушган. Мазкур асарда Жомий ва Навоийларнинг ўзаро муносабатлари баён этилган. Бундан ташқари, шоирнинг турли одамларга туркий тилда ёзган мактублари ҳам рисола шаклида тўпланган.
Навоийнинг яна иккита «Ҳолоти Сайид Ҳасан Ардашер», «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад» асарлари ҳам туркий тилда тартиб берилган.
Ҳаётининг сўнгги йилларида яратган «Маҳбуб ул-қулуб» асари эса соф таълимиий-ахлоқий асар бўлиб, турли табақадаги кишиларнинг одоб-ахлоқига бағишланган. Ҳозирги даврда ҳам педагогик дарслик сифатида катта аҳамиятга эга.
Навоий Ҳусайн Бойқаронинг хизматида – амирлик лавозимида турганида ҳам ҳокимиятни адолат ва инсоф билан бошқаришда подшоҳга маслаҳатгўй бўлди. Лекин амирлик мансабидан истеъфо бериб, ўз умрини ижодий иш ва халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилишга бағишлашга бел боғлайди. Ҳусайн Бойқаро Астрободга ҳоким қилиб юборганда ҳам бу ерни икки йил давомида обод этиб, адолат билан иш юритади. Лекин икки йилдан сўнг ҳукумат ишларидан «этак йиғиштириб», яна Ҳиротга қайтади. Энди у фақат ижод ва хайрия ишлари билан шуғулланиб, «Насойим ул-муҳаббат», «Лисон ут-тайр» асарларини яратади.
Алишер Навоий табиатан меҳр ва марҳаматда, карам ва саховатда, камтарликда тенги йўқ инсон эди. Бу борада «Макорим ул-ахлоқ»да қатор ҳикоятлар келтирилади. Масалан, унинг урушда асир тушган кишиларга марҳамати, Ҳирот халқини Хоразм вилоятига кўчиришни қисқартиришга эришиши, сафарда чодирига ин қурган қушнинг тухум очиб, болаларини учирма қилгунига қадар чодирни қимирлатмаслиги, кийимига илашган чумолини уясига олиб бориб қўйиши, юксак лавозимга эришганда ҳам «ўзини туфроқ билан тенг тутиш»га доир ўгитлари, амирлик лавозимига тайин этилганда муҳр босиш маросимида энг қуйига – ундан пастга ҳеч ким муҳр босолмайдиган жойга муҳр босиши, буларнинг барчаси унинг инсонийлиги намунасидир.
«Макорим ул-ахлоқ»да буюк аллома ҳақидаги латифа ва мутойибалар ҳам берилиб, уларда Навоийнинг нақадар зукко, ҳозиржавоб ва катта ақл эгаси, шу билан бирга, юксак маънавият соҳиби эканлиги кўриниб туради.
Асарда инсонни тўлқинлантирадиган воқеалардан энг муҳими – шоҳ ва амир ўртасидаги дўстликдир. Шунинг учун ҳам Навоийнинг вафоти Ҳусайн Бойқарони жуда катта қайғуга солади. «Султони соҳибқирон уч кунгача ул аҳли диллар бошлиғининг уйида турди. Худойи ва хатм буюрди. Шунинг билан нур сочувчи зотнинг мозори бошига бориб зиёрат шартларини бажо келтирди. Бироқ саодатли соҳибқироннинг катта бир чақириқ ўтказиш унинг равшан хотиридан ўтди… Мазкур ойнинг 23-чисида панжшанба куни улуғ машойихлар, баланд даражали саидлар, олимлар, фозиллар, бошлиқлар, катталар ва ҳукумат кишилари ва бошқаларни Сарихиёбон (катта ва кўпчилик зиёфати учун қурилган подшоҳлик боғи) даласига чақирди ва буюк аллома хотирасига бағишлаб маросим ўтказди».
Асрлар оша Навоий сиймоси катта ва кичикнинг хотирида бир умрга сақланиб қолмоқда. «Макорим ул-ахлоқ»ни қайта-қайта ўқир эканмиз, бу буюк зотнинг ҳақиқий маънавий юксак инсон – «авлиёлар авлиёси» эканлигига яна бир бор иқрор бўлдик.
Санобар Нишонова,
педагогика фанлари доктори, профессор
“Маърифат” газетасидан олинди.