Иван Вазов. Сабоқ (ҳикоя)

Юракни сиқадиган ғижирлаши билан қадимий халоскор подшоҳ ёдгорлиги атрофидаги хиёбонни айланиб ўтган Княжево трамвайи тағин тўғри жанубий-ғарбий томонга қараб ғириллаб жўнаб кетди.
Уфқ этагида Витошининг улуғвор, ғоят салобатли қиёфаси ва яшил текисликларнинг бутун жозибали манзараси кўз олдимда қайта чирой очди.
Неча марталаб кўрган бўлсам-да, юрагим учун ҳамон ўшандоқ янги ва қадрли бу ғаройиб мўъжизадан ҳар сафар кўз узолмай қоламан.
Такрорланмас болгар табиатини куйга солаётган туйғуларимнинг нафис оҳангига ихтилоф қўпол немисча ғўнғир-ғўнғирлар ҳориқулодда бостириб кириб, хаёлларимни бесар қилди. Шундагина мен трамвай вагонининг биринчи класида бир-бирига қарама-қарши жойлашган ўриндиқларда кетаётган ҳамроҳларни пайқадим. Яқинроқда, уч хоним: бири ёши ўтинқираб қолган аёл ва замонавий ёзги кийимларда ориқ, ранги-қути ўчган қорасоч икки ёш болгар қизлари менга тескари ўтиришарди. Уларни ҳеч қачон учратмаганман, аммо хулқ-атвори ва эгнидаги либосларининг ғоятда нафислигига кўра, пойтахтнинг сараланган жамиятига тегишли эканликлари сезиларди.
Ҳамроҳлари сингари дид билан кийинган малла мўй¬ловли, қизил юзли, мовий кўзли, ёш йигит-қизларнинг қаршисида жойлашганди. У немис эди — эркин дўстона муносабатга қараганда у хонимларнинг яқин таниши ё қариндоши. Кондуктор билан қисқа суҳбатидан йигитнинг болгар тилини яхши эгаллаганини сездим. Уларнинг оёғи остида шўх ўйинқароқ оқ кучукча айланиб юрарди.
Қўшни ўриндиқларда ўтирган болгарларга тушунуксиз ва ёт немис тилида йигити билан чакаги ором олмай, тинимсиз чуғурлашиб келаётган бу икки хоним ўзларича маданиятли халқнинг тилида алжираётганликлари билан мағрурланиш туйғусини туйиб, атрофдагиларга гўё менсимай кўз қирларини ташлаб қўйишарди, ҳайтовур менга шундай туюлди. Улар болгарчада немис тилини тушунмайдиган қари хонимга ё итга мурожаат қилишгандагина сўз¬лашишарди.
Бир қарашда бунда ҳеч қандай одамни таажжубга соладиган нарсанинг ўзи йўқ. Бироқ ўз тилини назарига илмайдиган шундай димоғдор ва такаббур европалашган болгар қизларини тинглаб ва уларни кузата туриб, қалбимда аллақандай ёқимсиз туй¬ғулар уйғонди, негадир хонимларнинг қилиқлари менга эриш туюлди. Бу танноз ойим¬чалар баҳарҳол гўзал бўлганларида-ку майли эди, балки уларнинг ўзини тутишига аҳамият бермай, манманлигини кечирармидим? Афсус, гўзаллик кўп гуноҳларни ювиб кетарди! Магарда тасодифан ушбу сатрларга кўзлари тушиб қолса ва ҳали ҳамон болгарчада ўқишни унутмаган бўлсалар бу очиқ иқроримни айбга буюрмай, улардан каминани олижаноблик қилиб кечиришларини сўрайман…
Янги боғлар ва дала ҳовлилар бошланадиган жойда трамвай бир дақиқага даланинг ўртасига тўхтади. Бирдан бир болгариялик юриб кетаётган трамвайга сакраб чиқди ва немиснинг ёнгинасига чўкди. Бу офтобда юзи қорайган, камбағалларга хос тарзда жулдур кийинган мўйсафид эди. Тупроқда ифлос бўлган уст-бошига қараб, унда деҳқоннинг тўпори рафторини кўриш мумкин эди.
Немис салгина сиқилиб қолди. Ёш болгариялик қизлар бундай ёқимсиз қўшничиликдан бурунларини жийириб, йигитга немис тилида:
— Биз билан ўтиринг! — дейишди.
Агар йигит хонимларнинг таклифига кўниб, ундан қочганида бечора болгариялик қандай хижолат тортиб қолишини ўзимча тасаввур қилдим. Бироқ немис табассум билан:
— Биз ахир сиз билан гўё демократия тарафдорларимиз-ку? — дея жавоб қилди ва жойидан жилмади.
Бу ҳазил кўринишида айтилган киноядан жиндак иззат-нафси озор чеккан хоним истамайгина жилмайиб қўй¬ди. Унинг дугонаси эса жаҳл билан яна немисчалаб:
— Манови қишлоқи, бу биринчи класс эканлигини билмаслиги шундоқ кўриниб турибди. Иккинчи классда ҳам бўш жойлар кўп-ку…
Бир вақтлар оталари баққоллик дўкони растаси орқасида турган ё бўлмасам омоч ортидан юрган аслзодаларга хос тарзда тарбияланган болгариялик ойимчалар бир хорижлик олдида, балки чиндан ҳам виждонли бўлган ва болгар ерларига бор меҳру кучини сарфлаган, унга руҳан ва қалбан бегона мана шу ҳавойи, пуч қўғирчоқлардан кўра, жамиятга фойдаси кўпроқ тегаётган ўз ватандошига бўлган нафратини ошкора билдираётгани менга алам қилиб кетди. Ягона сабаб — йўл кирага пул тўлагани туфайли, уларнинг ёнига ўтиришга-да журъат қилган, соч-соқолига устара тегмаган меҳнаткаш болгарияликнинг қўпол кўриниши хонимчаларнинг нозик дидини ҳақорат қилаётганди. Унинг бу тарбиясизлиги учун қора кўзлар нафрат тўла нигоҳларнинг ўткир найзаларини санчиб, қандай қасос олаётганини кўрдим.
Болгариялик эса худди ҳеч нарсани сезмаётгандай сукут сақлаб ўтирарди. Унинг немис тилини тушунмаслиги кундай равшан, бечора суҳбат ўзи ҳақида бораётганлигидан ҳам бехабар… Ким билади, балки фаҳмлаётгандир? Бошида хонимларнинг совуқ сўзларидан унинг юзи бироз асабий титраганини сездим. Балки бу шунчаки тасодиф бўлгандир? Бироқ кейин у бутун йўл бўйи деразадан далаларга кўз тикиб келди.
Мен эса узоқ вақт аёл кишининг нозик табиатига мос бўлган назокат ва меҳрибонликни тополмаганим сабаб, қалбимда пайдо бўлган ғазаб ўтини сўндиролмадим ва тағин ўйлай бошладим: улар бунчалар хунук! Балки ана шу жиҳат уларни қаҳрли бўлишга ундаётгандир? Ахир, аксар ҳолатда гўзал ораз ички чирой ва олийжанобликдан сўзлайди! Афтидан жисмоний ва руҳий уйғунлик ҳақидаги назария яна бир карра ўз исботини топгандек.
Бир неча дақиқалик чекинишдан сўнг тағин бошланган қувноқ немисча сафсата Павловга довур давом этди. Ўша ерда трамвай тўхтади. Болгариялик тушиш учун ўрнидан қўзғалганида уни “қишлоқи” деб атаган хоним бехосдан ўзининг қизил соя-бонини тушириб юборди. Болгариялик уни ердан олиб, илтифот билан хонимга тут-қазаркан, дона-дона қилиб, немисчасига:
— Fr»auleine, bitte, nehmen Sie ihren Schirm!1 — деди.
Ёш болгариялик қиз ва дугонаси сочларининг илдизларигача ловуллаб дув қизариб кетишди, у қалтираётган қўллари билан соябонни оларкан, нотанишга ҳатто миннатдорчилик билдиришни фаромуш қилди.
Немис йигит хонимларни ноқулай вазиятдан қутқариш учун суҳбатни боғлашга беҳуда уринарди, уятдан қизариб кетган хонимлар Княжевога етгунча лом-мим дейишмади.
Ҳалигача менга ўша болгарияликни қайта учратиш ва “маданиятли” болгариялик қизларга инсонийлик сабоғини бергани учун чин юракдан қўлини қаттиқ сиқиб қўйиш насиб қилмади…

Русчадан Шаҳноза Раҳмонова таржимаси

[1] (нем.) Марҳамат, хоним, соябонингизни олинг.

“Китоб дунёси” газетасидан олинди.