Маҳкам Маҳмуд. Чўлпоннинг шогирди

(Мирзакалон Исмоилийни эслаб)

“Сўна” романи қаҳрамонлари Артур, унинг оқила севгилиси Жемма, “Чолиқуши” қаҳрамони Фарида, АҚШ адибаси Этель Лилиан Войнич ҳамда турк ёзувчиси Рашод Нури Гунтекин (Кунтегин) номларини жаҳонга машҳур қилган. Ўзбек адиби устоз Мирзакалон Исмоилий таржимасида нашр этилган бу икки асар неча-неча ёш авлодни муҳаббат, жасурлик ва қаҳрамонлик руҳида тарбиялади. Ушбу асарлар таржимаси ўзбек тилининг бойлиги ва нафосатини ҳам намоён қилди. Кейинги авлодга мансуб адиб, олим ва таржимонлар – Иброҳим Ғафуров, Мирзиёд Мирзоидов, Асил Рашидов, Ҳасан Тўрабеков, Низом Комилов, Тўлқин Алимов, Ҳайриддин Султонов, Амир Файзулло, Ортиқбой Абдуллаев, шу қаторда камина ҳам бадиий таржима соҳасида “ Сўна”, “Тирилиш”, “Анна Каренина” асарлари таржимони Мирзакалон Исмоилий ва “Декамерон”, “Илиада”, “Уста ва Маргарита” асарлари таржимони Қодир Мирмуҳаммедовни, тарихий қиссалар муаллифи Миркарим Осимни доимо устоз деб билганмиз, она тилимизнинг бойлиги, рангинлигини, ширадорлигини ифодалашда шу устозлардан таълим олганмиз. Бу икки устоз иккинчи жаҳон уруши йилларида бутун инсониятни фашизм балосидан, қулликдан озод қилиш учун жангларда қатнашган, миллатпарварлиги сабабли қатағонга учраб, босқинчи шўроларнинг қамоқ лагерларида азоб тортишган.

Илк ҳикоямни устоз Мирзакалон Исмоилийга “Ўқиб маслаҳат беринг, илтимос” деб топширдим. Устоз ҳамиша рост гапирарди. У ҳикояни қўлига олиб “Шу кунларда мен Москвага, Ижод уйига кетяпман, ўша ерда ўқийман,” дедилар. Устоз “Қайтиб келганимда ўқийман, сабр қил” дейиши мумкин эди. Мен ҳам “Устоз, сиз у ерда романингиз билан машғул бўласиз, сизни чалғитмай, қайтиб келганингизда ўқирсиз” дейишим керак эди. Буни кейинчалик тушундим.

Талабалик чоғларимда жаҳон адабиётининг дурдона асарларини (Арис­тофан, Эсхил, Софокл, Эврипид, Данте, Рабле, Шекспир, Бальзак, Дюма, Жорж Санд, Оскар Уайльд асарларини) ўқиб, илк ҳикояларимни ўзимча аъло билиб юрган эканман. Устоз Мирзакалон Исмоилий бир ойдан сўнг менга ёзган мактубида “Ҳикоянгизда лиризм, тил равонлиги бор, аммо қаҳрамонларингиз характерида миллийлик ва ҳаётийлик етишмайди, маъшуқанинг нозиклигини, гўзаллигини кўрсатибсиз, лекин янги йил кечасида унинг қўлига май тўла қадаҳ тутқазишингиз яхши эмас ва ҳоказо, ва ҳоказо, асарингиз ҳам жуда бўш”. Албатта, устознинг бу фикр­ларида ҳақиқат бор эди, аммо мақтов кутган ёш ёзувчига бу танқидни кўтариш осон эмас эди. Аммо унчалик хафа бўлмадим. Университетда (1957–1962) биз билан олдинма-кейин Эркин Воҳидов, Иброҳим Ғафуров, Абдуғафур Расулов, Умарали Норматов, Раҳматилла Иноғомов, Абдулла Орипов, Тоҳир Малик, Шукур Холмирзаев, Саъдулла Сиёев, Бегали Қосимов, Рихсибой Муҳаммаджонов ўқирди. Устозларимиз Алибек Рус­тамов, Фозила Сулаймонова, Турсун Иброҳимов, Юсуф Тоҳирий, Анвар Шомақсудов, Сексанова, Перепелицина, Годеник, Озод Шарафиддинов, Лазиз Қаюмов, Очил Тоғаев дарсларини тинглаб, олам-олам билимларни ўзлаштирдик, аъло ўқидик. Гоҳо ётоқхонада тонг отаргача дарс тайёрлар эдик.

Атоқли адибимиз Тоҳир Маликнинг “Озод инсон ҳақида қўшиқ” асари қаҳрамонларидан Лазиз Азиззода, Юсуф Тоҳирий, Наби Юсуфий, Мели Жўра (у асарда Мелиев дейилган), Рустам Абдураҳмонов, Мумтоз Муҳаммедовлар билан камина кўп ҳамсуҳбат бўлганман. Булардан кўпчилиги II жаҳон уруш йилларида фронт газеталарида ишлаб, офицерлик унвонида эканлигини, буюк ғалабага ҳисса қўшганликларини билардик. Баъзилари билан “Ўздавнашр” да бирга ишладик. Тоҳир Маликнинг “Озод инсон ҳақида қўшиқ” китобида адиб М.Исмоилийнинг мардлик ва матонатга, азоб-изтироблар ва қаҳрамонликларга тўла ҳаёти, қатағонда қатнашганлари муфассал тасвирланади.

Тоҳир Малик ўз қаҳрамони, тоғаси ва устози Мирзакалон Исмоилий ҳаётини чуқур ўрганиб, устозининг бошидан кечирганларини, қалбидан ўтказганларини шу қадар муфассал ва равшан тасвирлаб берганки, бу асар миллий истиқлол даври ўзбек биографик, мемуар адабиётида бебаҳо бўлиб, ватанни севган, соф виждонли китобхонларнинг қалбини тўлқинлантиради. Тоҳир Малик бу асарида М.Исмоилий яшаган ва истиқлол учун курашган даврнинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган фожиаларини ҳаққоний тасвирлайди. Шўро босқинчилари халқимизнинг энг истеъдодли зиёлиларини, маънавий раҳномаларини шафқатсиз қириб, маҳбусликда сақлаб, отиб, Сибир ўрмонларига сургун қилди. Уларни йўқотибгина қолмай, борларини ҳам қамоққа олиш, террор йўли билан бир-бирига қайраб, сотқинлик қилишга мажбурлар эдилар. Советлар ўттизинчи ва эллигинчи йилларнинг бошларида инсон ҳуқуқлари, шахс дахлсизлиги, эркинлигини бўғиб, демократия ўрнига диктатурани кучайтирдилар.

Тоҳир Малик “Озод инсон ҳақида қўшиқ” китобида ҳатто Мирзакалон Исмоилийдек соф виждонли ижодкор ҳам ГПУ тазйиқи остида, ўз хотини ва болалари қамалмаслиги учун ўзи севган миллий истиқлолчиларни – Абдулла Авлоний, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Шокир Сулаймон, Элбек ва бошқаларни душман, миллатчи, деб ёзиб беришга мажбур бўлганлигини кўрсатади. Муаллиф ҳаққоний тасвирлашича, қамоқхонада адиб кўп ўйлаб, оқилона йўл тутган – ўттиз еттинчи йилларда қатл этилганларни ёмонлайверган ва ўз дўстлари, замондошлари Миртемир, Шайхзода, Ойбек ҳақида сира ёмон гап айтмаган, ўзи ҳақида эса, мен Чўлпон шеърларидан завқландим, унга котиб бўлиб, ашаддий миллатчи бўлдим, деб ёзиб бераверган.

Терговчи эса айёр ва маккор, “Бу эски гап, сен бизга янги душманларни топиб бер”, деб қийнаганлар. Эллигинчи йилларда ҳам ГПУ терговчилари, Москва буюрган режа бўйича кўпроқ зиёлиларни қамоққа олиш планини бажариш учун тинимсиз ишлар эди. ГПУ уруш даврида ўзбек журналистлари ва ёзувчилари Германия ва Польшада, ҳар бир шаҳарда ва хонадонда нима ҳақда суҳбатлашгани, ким советларга қарши нима деганини билиб олганлиги шўро жосусларининг ўта хийлакор бўлганини кўрсатади. ГПУ жосуслари ҳар бир ишхона, институтда айғоқчилардан фойдаланиб, турли вилоятларнинг талабаларни бир-бирига қайраб, жаллод болтасининг сопини кесиладиган дарахтнинг ўзидан чиқарар эди. “Миллатни хароблик ботқоғига айнан маҳаллийчилик ботиришини у (М.Исмоилий) Ботунинг суҳбатлари орқали англаганди. Тошкентлик фарғоналикни, самарқандлик хоразмликни, термизлик бухороликни кўролмас эди. Бугун билим олиб, эртага халқни ғафлат уйқусидан уйғотиши керак бўлган йигитларнинг аҳволи миллат келажагига катта зарар келтирарди. М.Исмоилий эслашича, 1920-йиллар охирида Тошкентда Эрлар билим юрти билан Хотин-қизлар билим юртининг бирлашган ҳаваскорлик драма тўгараги ташкил этилган. Шу тўгаракда қатнашганлар орасида Ҳамидахон деган қизга ҳамма йигитлар ошиқ бўлган, у бойнинг қизи бўлса ҳам, камбағал йигит М.Исмоилийнинг келажаги борлигини тушуниб, уни танлайди. Тошкентлик талаба йигитлар бахиллиги тутиб, “Энг сара қизимизни андижонлик келгинди олиб кетадими, буларни ўлдирамиз”, деб таҳдид қилдилар. Бу ҳақда “Ер юзи” журнали ва Моск­вадаги “Комсомольская правда” газетасида танқидий мақолалар босилди. Ёшлар ташкилотида муҳокама қилиниб, М.Исмоилий комсомоллар сафидан ўчирилди.

Тоҳир Маликнинг мазкур китобида М.Исмоилийнинг ўзи ёзган нодир, бебаҳо маърифатга бой эсдаликларини ўқиб, ҳайратга тушамиз. Буларнинг кўпчилиги қамоқхонада ГПУ тазйиқи билан ёзилган иқрорномалар бўлгани билан ватанимиз ҳам маданиятимиз тарихи учун жуда қимматлидир. “1928 йил. Билим юртини битириб, мустақил ҳаётга отландим. Мен ўқишга соф юрак ва яхши ниятлар билан кирган эдим, аммо у менинг қалбимга миллатчиликнинг қора уруғини сепиб чиқарди… Республикада ўзбек ёзувини араб алифбосидан лотин алифбосига кўчириш тайёргарлиги бормоқда. Шу муносабат билан Маориф халқ комиссарлиги Самарқандда лотинлаштириш инструкторлари тайёрлайдиган уч ойлик курс очди. Комиссарлик мени ана шу курсга юборди. Самарқанднинг Қўшҳовузида жойлашган ушбу курсда Ғози Юнус, Фитрат, Қаюм Рамазон ва бошқа миллатчилар ўз кирдикорларини давом эттирардилар. Ғози Юнус Шайбонийхон кабиларни идеаллаштирса, Фитрат Бедил каби мистик, Ҳусайн Бойқаро каби мустабид шоирларни адабиёт дунёсининг кўкларига кўтарар эди. Бу курс­да аслан миллатчилар тайёрланар эди…

Ўша машъум йилларда советлар, олий кенгаш, вазирлар кенгашининг ҳам ҳуқуқларини, бутун ҳокимиятни тортиб олган. ВКПБ Марказқўмининг сиёсий бюроси миллатпарвар, элпарвар одамларни халқ душмани деб, учлик деб аталган сохта комиссияларнинг қарори билан отиб ташланар ёки 25 йилга озодликдан маҳрум қилинар эди. М.Исмоилий оиласи, фарзандларини қутқариб қолиш учун ўзининг отилишига рози эди. Шу сабабли, терговчи талаб қилган иқрорномаларда ўзининг “ашаддий миллатчи” Чўлпоннинг содиқ шогирди эканлигини яширмади:

“Шундай қилиб, мен Чўлпоннинг котиби бўлиб қолдим. Энди биз тез-тез учрашиб турар, ишга (ижодга) оид, ишдан ташқари, хорижий масалалар ҳақида ҳам гаплашар эдик. Чўлпон янги ёзган шеърларини баъзан ўқиб туриб, йиғлаб юборар эди. Бир куни Чўлпон менга йиғлаб туриб, шу сўзларни айтди: “Миллат хароб бўлди. Унинг энг муқаддас нарсалари – ҳурлиги, шон-шарафи қўлдан кетди! Ҳар қадамда юрагимиз қуш ҳадиги билан уради. Энди бизнинг вазифамиз, келажак авлоднинг вазифаси – миллатни шармандаларча қулликдан, ҳақорат ва хўрликдан қутқазиш (яъни, руҳини кўтариш – М.М.) бўлиши керак!”

Шу иқрорномани М.Исмоилий бундай тугатади: “Курс тамом бўлди. Мен Тошкентга қайтдим. Аммо билим юрти юрагимга сепган миллатчиликнинг уруғини Самарқандда Чўлпон суғориб, ундириб қайтарди..”.

Маҳбусликда М.Исмоилий рус даҳо шоири Лермонтов ёзгандек:

Ўтирибман қамоқда, заҳ зиндонда,
Мен ёш бургут тутқунликда, ҳижронда,

дея, устози Чўлпоннинг “Бузилган ўлкага” шеърини ёдларди:

…Нега тағин танларингда қамчиларнинг кулиши?
Нега сенинг турмушингда умидларнинг ўлиши?
Нима учун кўзларингда туташгувчи олов йўқ?
Нима учун тунларингда бўриларнинг қорни тўқ?
Нима учун борлиғингда бу даража бузуқлик?

Нима учун ўч булути селларини ёғдирмас?
Нима учун Куч тангриси бор кучи-ла солдирмас?
Эй, ҳар турли қулликларни сиғдирмаган ҳур ўлка,
Нега сенинг бўғизингни бўғиб турар кўланка?

Бу дардли ва оловли сатрларни М.Исмоилий Ўшдаги етимхонада ўқиб, ёдлаб олган эди. Кейинроқ бу асарга раддия сифатида шоир Ғайратийнинг “Тузалган ўлкага” деган шеъри босилганини билди. Чўлпон бир мажлисдан кейин Ғайратийга дебдики: “Ҳозир сенга ўхшаган комсомолларнинг замони куляпти. Кейинроқ бориб, шарманда бўлишдан қўрққин..”.

Устози Чўлпон, албатта, вақти келиб Туркистон, Ўзбекистон истиқ­лолни қўлга киритишига ишончи, иймони комил эди.

Уруш йиллари М.Исмоилий СССРдаги барча қадрдон республикаларнинг тилларида чиқадиган “Қизил Армия” газетасининг ўзбекчасида бош муҳаррир ўринбосари эди. Жанглар бораётган вақтда ҳам фронтдаги миллий зиёлиларимиз Беҳбудий, Мунаввар қори, Чўлпон ноҳақ қатл этилганини эслаб, руҳан эзилар эдилар. Бу кайфиятдан фойдаланган айрим юртдошлар ўзбек журналист офицерларини Қизил Армиядан қочиб, Германия тузган Вали Қаюмхон, Мустафо Чўқаев бошлиқ миллий легионча ўтишга даъват қилар эдилар. М.Исмоилий босқинчи Германия ҳомийлигидаги бу легиондан тайинли иш чиқишига ишонмади. Аммо у Вали Қаюмхонни Туркистонни босқинчи советлар асоратидан озод этиш истаги учун миллий қаҳрамон деб ҳурмат қилар эди. Бир куни дўстлари синаб кўриш учунми, Вали Қаюмхон жанговар дўстлари билан меҳмонда ўтирган суратини унга тақдим қилдилар. Мирзакалон Исмоилий бу кишини ҳурмат қилгани учун ўша расмни йўқотмай, сақлаб қўйди. Урушдан кейин кимнингдир чақуви билан ГПУ жосуслари уйни тинтув қилиб, ўша суратни, Браунинг тўппончасини топиб олдилар ва М.Исмоилийни фашистлар томонга қочиб ўтишни ният қилгансан, сен Ватан хоинисан, деб айбладилар. М.Исмоилий ҳибсда хўрлик ва хорлик, қийноқлардан кўра, ўлганим яхши деб, бундай нияти бўлмаса ҳам, “Ҳа, қочмоқчи эдим, мен хоинман,” деб ёзиб берди. Аммо ГПУ терговчилари бунга ишонмадилар, шу сабабли уни отиб ташламадилар.

Хуллас, адибни Худо асради. Устоз таржимон, муҳаррир, фашистлар қўлида асирликдан қочиб қутулган Қодир Мирмуҳаммедовни ҳам шундай айбнома билан қамаган эдилар. Аммо 1956 йилда Н.С.Хрушчев даврида қатағонларга чек қўйилиб, ўлимлардан омон қолган зиёли маҳбуслар, шу жумладан, Мирзакалон Исмоилий, Миртемир, Мақсуд Шайхзода, Ҳамид Сулаймон, Қодир Муҳаммедов, Шукрулло, Тўхтасин Жалолов, Миркарим Осим ва бошқалар ватанига, оиласи бағрига қайтиб келдилар ва истеъдоди, жўшқин ижоди билан, миллатига, халқига хизмат қилишда давом этдилар.

ХХ асрнинг саксонинчи йилларида Адабиёт ва санъат нашриётида ишлаб турган вақтимизда Миркарим Осим ҳақида китоб – адабий порт­рет ёзишни Наим Норқулов ва Маҳмуд Сатторга, Мирзакалон Исмоилий ҳақида китоб ёзишни ёзувчи ва олим Шодмон Отабекка топширилди. Улар ишга завқ билан киришдилар, шу тариқа бу икки заҳматкаш, миллатпарвар адиб ҳаёти ва ижоди ҳақида мўъжазгина китоблар пайдо бўлди.

Тоҳир Малик “Озод инсон ҳақида қўшиқ”да И.Исмоилийнинг қаҳ­рамонона ҳаётини ёрқин акс эттирган бўлса, Шодмон Отабек атоқли адибнинг бадиий таржимачилик соҳасидаги ижодий изланишларини, бой тажрибасини, маҳорат сирларини муфассал ёритди.

Шодмон Отабек устози М.Исмоилий билан кўп марта суҳбат қуриб, аниқлашича, адиб Э.Л.Войничнинг “Сўна” романини уч марта – 1934, 1936, 1956-йилларда нашр этилганини ва ҳар йилги нашрида адиб ўз таржимасида учратган камчиликларни тузатиб, сайқаллаб борганини айтади. Тадқиқотчи бу асар таржимасидаги бир жумланинг уч нашрда бундай таҳрир қилинганини кўрсатади:

“Сўна”нинг 1934-йилги нашрида: Жемманинг чиройи ҳақида:

“Вой айланай, бугун қандай чиройли бўлиб кетибсиз-а!”

Асарнинг 1936-йилги нашрида:

“Вой айланай, бугун қандай очилиб кетибсиз-а?”

Романнинг 1956-йилги нашрида:

“О, бугун мунча ҳам куйдирмажон бўпсиз!”

Шодмон Отабек ёзади: “Сўна” романи айримлар ўйлаганидек, шунчаки бир инқилобчи ҳақидаги оддий асар эмас. Асар бошдан-оёқ юракни орзиқтирувчи, самимий эҳтирос ва ажиб сеҳрли жозиба билан йўғрилган. Ана шу туйғуларни ўзбек китобхонида ҳам уйғота олгани М.Исмоилийнинг катта ютуғидир. Ҳа, таржимон асар руҳи, қаҳрамонларининг дарду қувончини китобхон қалбига ҳам кўчира олган.

АҚШда яшаган француз адибаси Этель Лилиан Войнич ижоди ҳақида “Сўна” изидан” номли ажойиб китоб ёзган машҳур олима Евгений Таратута бир йили М.Исмоилийга хат йўллаб, роман таржимаси тарихи ҳақида ёзиб юборишини сўраган (хат нусхаси Шодмон Отабекнинг шахсий кутубхонасида сақланади).

1973 йил. Устоз Асқад Мухтор раҳбарлигида “Гулистон” журналида Ваҳоб Рўзиматов, Анвар Эшонов, Мурод Хидир, Маҳмуд Саъдий, Хайриддин Султон, Абдулла Шер каби истеъдодли адиблар, шоирлар, таржимонлар билан ишлаймиз. Асқад ака каминага “Маҳабҳорат”ни русчадан таржима қилишни топширди. Яна бир қанча дурдона асарларни бошқаларга тавсия қилди. Ҳиндистонда ишланган “Маҳобҳорат” фильмини дўстимиз Амир Файзулло таржима қилаётганини билардим. Дос­тонни ҳам ҳиндшунос Амир таржима қила қолсин дедим. Мен бир фантастик қисса устида ишлаётгандим. Шуни тугатиш учун Ёзувчилар уюшмасидан Қора денгиз бўйидаги Гагра курорти – ижод уйига йўлланма олдим. Учқичда Сочига, ундан хушманзара сўлим оромгоҳ Абхазиянинг Гагра ижод уйига бордик. Келган кунимиз устоз Мирзакалон Исмоилий йўлланма муддати тугаб, Тошкентга қайтаётган экан. Худди Андижонда, Булоқбошида юргандай, бошида чуст дўппи, оёғида кирза этик, чопонини елкага ташлаб олибди. Ҳол-аҳвол сўрашиб, кузатиб қўйдик. Айтишича, “Фарғона тонг отгунча” романининг давомини ёзибди. Ҳали тугамабди. Гагра ижод уйида шоир Маъруф Жалил ҳам бўлиб, у бир кеча кун аввал Тошкентга қайтган экан, вестибюлда суратларини кўрдик.

Ҳар гал устоз зиёратига борганимизда бизни руҳлантирар, пок виждон билан яшашга даъват қиларди. Афсуски, устоз истиқлолни кўрмадилар. Агар Ўзбекистоннинг мустақилликни қўлга киритганини кўрганида қайта туғилгандай бахтиёр бўлар эди.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 6-сон