Лев Толстой тириклигидаёқ рус ҳаётининг узвий бир қисмига айланиб улгурганди. Катта шон-шуҳрат, ҳисобсиз мол-дунёга эга бўлган Ёзувчи учун гўё барчаси етарлидек эди. Ахир, кимсан граф Толстой подшоҳ билан бемалол мулоқот қилса, унга турли масалаларда гапини ўтказа олса, манаман деган сиёсий арбоблар, давлат арбоблари “Жаноб Толстой нима дер экан?” деб унинг оғзига тикилиб турса… Яна нима керак дерсиз?!
Фавқулодда кучли истеъдод соҳиби, ижодий меҳнатни ҳузур-ҳаловат деб билган бу шахс худди деҳқонлардай яшаш, танҳоликда умр кечиришни бот-бот орзу қилган, кейинчалик ҳаётининг бош мақсади шундан иборат бўлиб қолган. Адибнинг умри поёнида ёзилган кундалик дафтарида шундай Ёзув бор: “Энди асло ҳашамат ичида яшай олмайман. Менинг ёшимдаги кексалар умрининг охирини танҳоликда ва сокинликда ўтказадилар”.
Камтарона, одми яшашга интилган улуғ Ёзувчининг ҳаёт йўли, дунёқараши Шарқ файласуфлари таълимотини эсга туширади. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор эди, албатта. Улуғ Ёзувчи Шарқ тарихи, фалсафаси, диний таълимотларини чуқур ўрганган эди. Унинг кўҳна дунёга бўлган қизиқиши анча илгари, Қозон университетида таҳсил олиб юрган пайтлари уйғонган. “Иқрорнома”сида Шарқда анча машҳур бўлган бир масални иқтибос қилиб келтирадики, бу ислом динига нисбатан ҳурмат-еҳтиромини яққол намоён этади. Унинг “танҳолик”, “узлат”, “пинҳонийлик” ҳақидаги ўй-мулоҳазалари ҳам Нақшбандия сулуки қарашларини ёдга солади…
“Дунёнинг тагига етган” мутафаккир умрининг сўнгги йилларида ўзаро тушунмовчиликлар туфайли бошини қаёққа уришни билмай, дардини бировга айта олмайдиган даражада ёлғизланиб, бечораваш бўлиб қолади. 1910 йил 10 октябрда Толстой меҳмон бўлиб келган таниши М.П.Новиковга кўнглидаги пинҳоний дардини очиб, оилавий ҳаёт уни жонидан тўйдирганини, шу боис яқин кунларда Ясная Полянадан бош олиб чиқиб кетиш нияти борлигини айтади. Новиков адибни унча узоқ бўлмаган Боровково қишлоғига, ўзининг ҳузурига таклиф этади, аммо доно мўйсафид адиб бу таклифни назокат ва эҳтиром ила рад этади.
Оилавий турмушнинг заҳар-заққумга айланиши, хусусан, хотини Софя Андреевна Берс (Толстая) билан ораларининг бузилишига Ёзувчининг васияти асосий сабаб бўлган. Адиб 1895 йил 27 март куни кундалигига қуйидаги қайдларини битади:
“Менинг васиятим тахминан шундай бўлиши керак.
1. Мен қаерда дунёдан кўз юмсам, мени ўша ерда, энг арзон қабристонга, агар шаҳарда бўлса, энг арзон тобутда, худди гадоларни кўмгандек дафн этишсин. Гуллар, гулчамбарлар асло керак эмас, нутқлар сўзлашнинг мутлақо ҳожати йўқ. Агар иложи бўлса, руҳоний ҳам, тобут ортидан бўладиган мотам куйининг ҳам кераги йўқ. Борди-ю, бу айтганларим дафн этувчиларга ноқулайлик туғдирса, майли, мени енгилгина куй остида, иложи борича арзон ва содда ҳолатда кўмишса ҳам бўлади.
2. Газеталарда ўлимим ҳақида хабар чоп этишмасин, мен тўғримда таъзиянома ёзилмасин.
3. Барча қоғозларимни қайта кўриб чиқиш ва тартибга солиш ҳуқуқи хотинимга берилсин. Шу билан бирга В.Г.Чертковга, Страхов, қизларим Таня ва Машага ҳам (ёмонотлиқ бўлсам жазосини ўзим тортай, қизларимни бу иш билан машғул бўлишини маъқул кўрмайман). Ўғилларимни бу ишга қўшмаганимнинг сабаби уларни севмаслигим туфайли эмас (худога шукр, кейинги пайтда мен уларни тобора яхши кўриб боряпман), балки улар менинг ҳунаримни тўлиқ билмайдилар, йўналишидан бехабар, уларнинг ўз қарашлари мавжуд. Оқибатда эса, сақлаш зарур бўлмаганни сақлаб, сақлаш зарур бўлганни эса ташлаб юборишлари мумкин. Менинг бўйдоқлик давримга оид арзирли ўринлар бўлса, уларни кундаликдан йўқотиш керак, чунки унда битта-яримтага ёқмайдиган ўринлар учраши мумкин.
…Бўйдоқлик давримдаги кундалик дафтарни шунинг учун йўқотишни илтимос қиламанки, мен одамлардан ўзимнинг бемаъни ҳаётимни яшириш учунгина эмас, балки бутун ҳаётим шунчаки бемазагарчиликлардан иборат бўлиб, мисоли принтсипсиз ёш йигитлар ҳаётидан асло фарқ қилмас эди; яъни мен бу кундаликларда гуноҳ қилиб, зарофат тортганимда, бир томонлама таассуротларим ва кўнглимдан кечирганларимни битган эдим…
Шу билан, балки менинг барча кундаликларим қандай бўлган бўлса, шу ҳолича қолар…
…Қолганларидан фақат одамларга фойдали бўлганларини танлаб олиш, нашр этиш зарур бўлар…
Мен буларнинг барини қоғозларим у ёки бу даражада аҳамиятли эканини англатиш учун ёзаётганим йўқ. Гап шундаки, ўлимимнинг дастлабки вақтларида асарларимни нашр этиш ва унинг зарурлигини таъкидлаш авж олиб кетади. Агар шундай бўлса, ёзганларим асло одамларнинг зарарига хизмат қилмасин.
4. Асарларимни нашр қилиш ҳуқуқи олдингидек қолаверади. Ўн жилдлик асарларим ҳамда алифбони меросхўрларимдан жамият ихтиёрига беришларини сўрайман, яъни муаллифлик ҳуқуқидан воз кечаман. Фақат ўтинчим шуки, бу ҳақда ҳеч қандай васият қилмайман. Агар шу ишни амалга оширсангиз, ажойиб бўлур эди, бажармасангизлар ҳам, ихтиёрингиз. Демак, сизлар бу ишни қила олмадингиз. Яъни, кейинги ўн йил ичида асарларимнинг сотилгани ҳаётимдаги энг мушкул иш бўлиб қолди.
5. Яқинларим, узоқ дўст-биродарларимдан мени кўкларга кўтариб мақтамасликларини ўтиниб сўрар эдим (биламан, барибир шундай қилишаверади, чунки тириклик пайтимда ҳам бу ишни ниҳоят хунук тарзда амалга оширишган). Борди-ю, менинг ёзишмаларим билан машғул бўлгудек бўлишса, бор диққат-еътиборни мен орқали худонинг айтганларига қаратиб, ўз ҳаётлари учун фойдаланишсин. Ҳаётимда шундай вақтлар бўлганки, мен худонинг иродасини амалга оширувчи бўлганимни ҳис этгандим. Шунчалик гуноҳга ботган, ўз шахсий жазаваларим билан азбаройи банд бўлганимдан, ёруғ дунё менинг зулматим билан ҳақиқат юзини ёпган эди гўё. Аммо бу ҳақиқат баъзан мен орқали намоён бўлардики, бу ҳаётимдаги энг бахтли дақиқалар эди. Ё Раб, уларнинг мен орқали ўтиши ҳеч вақт ҳақиқат юзини қоплаб олмасин, одамлар мендек гуноҳга ботган аҳвол руҳиям билан ҳисоблашмай, қаноат ҳосил қилишсин.
Ёзганларимнинг бутун аҳамияти ана шунда. Шунинг учун мени таҳқирлаш керак, асло мақтамаслик лозим. Мана шу гап, вассалом”.
Лев Толстой бу васиятни қайта-қайта тузади, аммо ундаги асосий мақсад, моҳият асло ўзгармайди. Ниҳоят, адиб 1910 йил 22 июлда ўзи меҳр қўйган Ясная Полянадан уч чақирим наридаги Грумонт қишлоғида ўзининг охирги васиятини тузади. Унда ёзилишича, нашр этилган ва этилмаган, бадиий ва бошқа турдаги барча асарлари Александра Толстойнинг хусусий мулки бўлиб қолар, борди-ю, у вафот этган тақдирда Татяна Лвовнага тегишли бўларди. Адибнинг икки қизига меҳри бўлакча эди, айниқса Александрага қаттиқ меҳр қўйган, у ҳам отасини яхши тушунар, чин юракдан ҳурмат қилиб, шундай даҳо адибнинг қизи бўлганидан фахрланарди. Толстойнинг фикрича, фақат уларгина асарларидан келадиган даромаддан узил-кесил воз кечиб, жамият мулкига айлантиришдек отасининг тилагини бажо қилар эдилар. Ушбу васиятномага адибнинг маслакдошлари К.Б.Голденвейзер, А.П.Сергеенко ва А.Д.Радинскийлар гувоҳ бўлиб имзо чекишган.
Толстой ва унинг рафиқаси ўртасидаги муносабатлар тилга олинган мақолаларда Софя Андреевнани ўта жоҳил, муомала маданиятидан маҳрум, тажанг ва серхархаша аёл сифатида кўрсатишга мойиллик жуда кучли. Аммо инсоф билан қараганда, Софя Андреевна аслзода оқсуяк аёллар эгаллаши шарт бўлган барча ижобий сифатларга эга, меҳнатдан бўйин товламайдиган, ижод машаққатларини чуқур ҳис этувчи назокатли аёл эди. Муқаддас Синод Лев Толстойни “даҳрий” деб эълон қилиб, уни черковдан маҳрум этиб, шов-шув кўтарганида, Софя Андреевна махсус мақола билан газетада чиқиш қилиб, адибни ҳимоя қилган.
“Уруш ва тинчлик” романининг қайта-қайта ўн олти марта қайта кўчирилишида ҳам бу аёл Ёзувчи билан теппа-тенг тер тўккан эди. Лев Толстой Нобел мукофоти муносабати билан ҳукуматни қаттиқ танқид қилганида ҳам Софя Андреевна эридан бекордан-бекорга ҳукуматнинг ғазабини авж олдирмасликни ўтиниб, илтимос қилган. Эрининг асарларини нашрга тайёрлашдаги хизматлари-чи?! Ўз навбатида Лев Толстой ҳам оиласига нисбатан асло бепарво эмасди. Уни ғоят қадрлаган, ҳар бир талабини айтганидан зиёд бажаришга ҳаракат қилган. Масалан, Маковитскийга ёзган хатида шундай дейди: “Хотиним Гурвичга нисбатан қандайдир ғалати нафрат туфайли азоб чекмоқда. Бу унда “Хўжайин ва малай” босилгандан кейин бошланди…
Кириш сўзи унга шундай таъсир этиши хаёлимга ҳам келмаган эди. Бу хабар сиз орқали менга етиб келгач, у жуда қаттиқ таъсирланиб, азият чекди. Шунинг учун мақолани “Шимол хабарчиси”дан қайтариб олишга ва умуман чоп қилмасликка қарор қилдим”.
Адиб 1891 йили шахсий мулкдан бутунлай воз кечганини эълон қилади, ер-сув, мол-мулкини хотини, болаларига бўлиб беради. Шунингдек, 1881 йилга қадар ёзилган асарларига бўлган муаллифлик ҳуқуқидан ҳам ихтиёрий равишда воз кечганлиги маълум. Бундай хатти-ҳаракатлар, яъни адибнинг бойлик, дабдаба, ҳашаматдан нафратланиб, оддий ҳаётни афзал билиши, ноширларга эса асарларини қалам ҳақисиз нашр этиш ҳуқуқини бериши Софя Андреевнанинг ғазабини тошириб юборди, эридан қаттиқ норози бўлди. Шу тарзда ҳурмат-иззат ўрнини хархаша, тинимсиз жанжаллар, таънаю дашномлар эгаллади. Уларнинг бу ҳолатини машҳур психолог Дейл Карнеги лўнда қилиб, шундай таърифлайди: “Софя Андреевна дабдабаю ҳашаматга ниҳоятда ўч, Толстой эса бундай нарсаларни кўрарга кўзи йўқ эди. Софя Андреевна шон-шуҳрат, мартаба истагида куйиб-ёнар, Толстой учун эса сариқ чақалик аҳамияти йўқ эди. Софя Андреевна пул, мол-давлат ортидан қувар, Толстой, аксинча, даҳоликни мутлақо тан олмас, хусусий мулкка эга бўлишни гуноҳ деб биларди. Асарларини ноширларга қалам ҳақисиз нашр этишга бергани учун хотини уни тинимсиз эговлаб, қарғар, жанжаллашар, эрининг асарлари учун ҳақ талаб қиларди”.
Софя Андреевна шу билан кифояланса кошки эди. У энди эрига бўлар-бўлмас талаблар қўя бошлади. 1895 йил 12 октябрда Толстойга мактуб битиб, кундаликларида ўзи ҳақида битган барча эътироз ва танқидларини чиқариб ташлашни буюрди. Шунга биноан адиб 1983-1895 йилларда ёзган кундаликларидаги аёли қораланган 45 та ўринни олиб ташлади.
Адабиёт тарихидан етиб келган маълумотларга кўра, Лев Толстой ўта саховатли, бағри кенг инсон бўлган. У Лопажино, Сидорово, Бобрик, Каменка, Губаревка, Мантсево, Кукуевка, Бастеева каби қишлоқлардаги аҳволи оғир кишилар рўйхатини тузиб, улар учун бепул ошхоналар ташкил этган эди. Ўзининг бор-бисотини қийналган, муҳтож кишиларга бўлиб бериш воқеаси фақат шугина эмас. У “Тирилиш”, “Сергий ота” асарларини “духобар” деб номланган мазҳаб кишиларига ёрдам бериш учун чоп эттирган. Ҳукумат томонидан қувғин қилинганидан сўнг, бу мазҳабдагилар чет элга кетишга мажбур бўлишади. Толстой “Тирилиш” романи учун олинадиган қалам ҳақини азият чеккан ана шу кишиларга беришга қарор қилади. Шу мақсадда асарни тезроқ ёзиш учун жадал ишлаб, “Нива” журналига топширади. Асар инглиз, франтсуз, немис ва рус тилларида босилиб чиқади ва ҳамма жойдан “духобар”лар фойдасига қалам ҳақи олинади. Адиб ҳатто уларнинг чет элда қулай жойга жойлаштириш учун ўзига яқин Д.Жилков номли кишини Кипр оролига жўнатган. Ёки илтимослари рад этилган 11 аёл Толстойга мурожаат қилиб, Ёқутистонга эрлари сургун қилинган жойга бориш учун рухсат олиб беришини сўрашади. Адиб подшоҳ Николай ИИ га айтиб, уларнинг илтимосини бажаради.
Бу каби олижаноб хатти-ҳаракатлар мол-дунё васвасасига берилган Софя Андреевнанинг жонини ҳалқумига келтирар, эрининг барча асарларини унинг рухсатисиз чоп этмасликни қаттиқ талаб қиларди. Ҳатто, адиб вафотидан кейин ҳам унинг асарларини нашр этишдан келадиган даромадга эга бўлиш ниятини яшириб ўтирмас эди. 1910 йил 14 октябрда ёзилган мактубида шундай жумлалар бор: “…Сиз меросхўрларнинг охирги нонини Ситин каби ношир ва мутаҳҳамларга бермоқчи бўляпсиз. Бу пайтда эса унинг (яъни, Толстойнинг) манфур ва кеккайган иродаси туфайли набиралари очидан ўлади”.
Адиб хотинининг боши-адоғи кўринмайдиган тўхтовсиз жаврашига сабр-тоқат билан чидар, унга раҳми келар, бир оғиз эътироз билдирмас эди. Бир пайтлар меҳр-муҳаббат, ҳурмат асосида қурилган қирқ уч йиллик оила иморати қулаб тушди. Адиб хотинидан шунчалик бездики, охири ўзининг жонажон мулкидан бош олиб чиқиб кетишга мажбур бўлди. Шу тариқа 82 яшар даҳо зотилжам касалига учраб, Астапово темирйўл бекатида дунёдан кўз юмди. Унинг охирги сўзлари: “Хотинимни ёнимга киритманглар”, дегани бўлди…
Софя Андреевна хатосини эртами-кечми тушунди. 1919 йили бандаликни бажо келтирар экан, тепасида кўз ёши тўкиб турган қизларига қараб: “Отангизнинг бошига мен етдим”, деди. Қизлари сукут сақлаб, бир оғиз ҳам сўз айта олишмади. Чунки онаси ҳақ гапни айтган эди.
Фатҳулла Намозов
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).