Шоҳрух Абдурасулов. Толстой ва театр

“Толстой ва илоҳиёт”,  “Толстой ва фалсафа”,  “Толстой ва сиёсат”, “Толстой ва дипломатия”.  Лев Николаевичдек улкан мутафаккирларнинг ҳаётию ижодини қай бир соҳа билан боғламанг, мустаҳкам ришталарга гувоҳ бўласиз. Толстой – буюк адиб, маҳобатли чўққи, йирик инсоншунос сифатида башариятнинг тафаккур ирмоқларини ҳамон суғориб келмоқда.

Устоз Озод Шарафиддинов адибнинг “Иқрорнома”сига ёзган сўнг сўзида куюнчаклик билан шундай мулоҳаза билдирган эди: “Толс­той­­нинг кўплаб фалсафий-ахлоқий, ижтимоий-сиёсий, адабий-танқидий асарлари ҳали-ҳануз ўзбек китобхонининг назаридан четда қолиб келмоқда. Бу билан биз ўзимизни ҳазрат Толстой шахсиятининг янги қирралари билан танишувдан оладиган жуда катта маънавий бойликдан маҳрум қилиб келмоқдамиз”[1]. Дарҳақиқат, шундай. Ушбу тадқиқотимизда Толс­той феноменининг яна бир қиррасини тадқиқ этмоққа жазм қилдик.

Жаҳон адабиётидан воқиф закий китобхон яхши билади: Лев Толстой  драматургияда Шекспир билан бўйлаша олмайди, биз айтмасак ­ҳам ҳукмни аллақачон адибнинг ватандоши Белинский чиқариб қўйган: “Драматургияда Шекспир номи ёнига фақат ва фақат ўзининг номини қўйиш мумкин…”. Толстой драмалари машҳурликда Гоголь ёки Чехов комедиялари билан рақобатлаша олмаслиги ҳам айни ҳақиқат. Бироқ, шундай бўлса-да, буюк адиб ижоди театр ва драматургия кесимида ўрганилган тадқиқотларни етарлича топиш мумкин. Масалан, рус театршуноси Елена Полякова “Лев Толстой театри” номли салмоқли китоб ёзган[2].  Олима буюк адибнинг ҳаёти ва ижодини саҳна санъати билан шу қадар узвийликда таҳлил қиладики, Толстойни театр дунёсидан айро тасаввур қилиб бўлмаслиги ўз-ўзидан аёнлашади.

Бўлажак адиб болалик йилларидаёқ театрга ошно тутинди, бошқача бўлиши мумкин эмасди. Ахир Моцарт ва Глюк опералари тингланадиган, Шиллер фожиалари, Мольер комедиялари катта ҳаяжон билан ўқиладиган оилада буюк Гегелнинг машҳур ибораси ҳукмрон эди: “Санъатсиз ҳаёт – ваҳшийликдир”.  Алқисса, ёш Толстой санои нафиса оламининг ҳайратлари, турфа гўзалликларини кўриб, тинглаб улғайди. Орадан йиллар ўтиб адиб драматургия билан илк танишувини шундай хотирлайди: “Шиллернинг барча драмалари, Гёте ва Лессингнинг баъзи пьесалари, Мольер, Бомарше комедиялари каминага беҳад таъсир қилди ва завқлантирди. Замонавий рус драмаси, Гоголь, айниқса, Островскийнинг илк асарларидан тортиб то “Момақалдироқ”қача мени ҳаяжонга солди”[3].

Толстой ёшлигидан мамлакатнинг етакчи театрларига тез-тез ташриф буюрар, кўрган спектакллари ҳақидаги таассуротлари, хотиралари, эътирофу танқидларини кундалигида қайд этиб борарди. Хусусан, у Москвадаги машҳур Малий театр саҳнасида буюк рус актёри Шепкин ижросидаги “Ревизор”ни томоша қилиб, қисқагина жумлани қоғозга туширади: “Шепкин – талабчан актёр”. Толстой айрим театр мунаққидлари сингари узундан-узоқ сўзлар, хушомаду мақтовлар ила актёрни кўкларга кўтармади, бироқ унинг шу оддийгина баҳоси ҳар қандай эътирофдан юксак турарди. Шепкиннинг театрдаги фаолияти бошланганига эллик йил тўлиши муносабати билан бутун Москва бўйлаб мазкур сана кенг нишонланар, бу вақтда Толстой Петербургда истиқомат қиларди. Адиб улуғ актёрни юбилей билан қутлаб, дил сўзлари битилган нома йўллайди. Унда актёрлик санъати нақадар машаққатли, мураккаб ижод экани, бу соҳага ўзини бағишлаш инсондан катта заҳмат ва фидойилик талаб қилиши таъкидланади. Мазкур мактубнинг аҳамияти ҳақида Елена Полякова шундай ёзади: “Шепкинга қарата айтилган ушбу миннатдорлик сўзлари орқали Толстой театр – тарбия ва мулоқот воситаси эканини таъкидлайди. Опера, балет томошаларида характер ва сюжетлар шартли кўрсатилади, драматик театр эса ҳаётий ҳақиқатни акс эттиргани боис адибни ўзига кўпроқ жалб қиларди, хусусан, Шепкин, Садовский, Никулин-Косицкий, Сергей Васильев, Шумский сингари забардаст актёрларнинг ижросидан илҳомланарди”[4].

Театр ижодкорларининг хотирлашича, Толстой ёшлик йиллари ўзи кўрган актёрлар орасида Мартиновни биринчи даражага қўйган. Адиб Қозон шаҳридаги театрда Мартинов ижросидаги Хлестаковни томоша қилади ва унинг маҳоратига қойил қолади. Ўша даврнинг машҳур актёрларидан бири Сергей Васильев ёш Толстой билан учрашуви ва актёрлик санъати ҳақидаги қизғин суҳбатини шундай хотирлайди:

– Альфонс Доде[5] ҳақида қандай фикрдасиз? – дея сўрадим бир куни.

– Доде?  Нима десам экан… Сиз Малий театр актёрларидан кимларни танийсиз? – дея саволимга савол ташлади Лев Николаевич.

–  Ҳозиргиларнинг ҳаммасини ҳам билмайман.

–  Аввалгилардан-чи?

– Олтмишинчи йилларда ижод қилганларнинг барчасини беш қўлдек биламан. – Ва мен шоша-пиша санай кетдим. – Садовский, Шумский, Самарин…

Лев Николаевич менга юзланди:

–  Сиз Самаринни биласизми? Унда жавобим шу: Доде бу – Самарин[6].

Кунларнинг бирида Толстой москвалик танишларидан бири, ёш актёр Иван Горбуновни Малий театрга таклиф этади, икки дўст спектаклдан сўнг кечки овқатни бирга тановул қилишади. Сўнг улар адабиёт, театр хусусида алламаҳалгача гурунглашишади, Толстой шу куни ўзини енгил ва хушчақчақ ҳис қилган, Горбунов билан юракдан суҳбатлашган экан. Шу кеча навқирон адиб ва актёр дўстлигига мустаҳкам пойдевор қўйилади ва у узоқ йиллар давом этади.

Театр санъатига қизиқиш табиийки, драматургияни ўрганишни ҳам тақозо этади, зеро, бу икки тушунчани бир-биридан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Лев Толстой ёшлигидан барча адабий жанрлар қатори драматургиянинг сир-синоати, табиатини пухта ўрганди, рус ва жаҳон адабиётида эътироф қозонган драмаларни қунт билан мутолаа қилди, шу билан чекланмай, ҳар бир асар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини кундалигига ёзиб борди.  “Мен драмани тушунишни бошладим” – деб ёзади адиб ўз қайдларининг бирида – “Гарчи бу борада кўпинча мутлақо зиддиятли йўлдан юрган бўлсам-да, камина драматургияни янгича поэтик роҳат берувчи восита эканини мамнуният ила таъкидлайман”[7].

Лев Толстой драматургиясини тадқиқ этган В.Основин ёзувчи “Уруш ва тинчлик” эпопеясини тамомлагач, драматик жанр билан жиддий шуғуллана бошлаганини қайд этади[8]. Шундай маҳобатли ва улуғвор романни забт этган адиб драматургияни ижоднинг машаққатли тури деб ҳисоблайди ва у ёзувчидан катта куч, сафарбарлик талаб қилишини таъкидлайди. Толстой наср ва драмани муқояса қилар экан, ижодий тажрибасидан келиб чиқиб, шундай фикр билдиради: “Роман ва қисса ёзиш бу – расм чизишнинг ўзгинаси. Бунда фон, соя, ҳатто кўчиб юрувчи кўланкалар бор; драма эса ҳақиқий ҳайкалтарошликка ўхшайди. Иш жараёни тош йўнишни эслатади – энди қоғозга хоҳлаганингизча бўёқ тортолмайсиз, худди меъмордек кўрсатилган рельефни ўясиз, холос. Роман ва драма ўртасидаги тафовутни “Зулмат ҳокимияти” номли пьесамни ёзиш жараёнида англаб етганман. Асарни ёзишга киришар эканман, дастлаб бу мен учун жуда жўн вазифа бўлиб кўринди. Илло, бир саҳифа қоралагач кўрдимки, бунда қандайдир ғалатилик, беўхшовлик бор. Масалан, бунда қаҳрамонларнинг ҳис-кечин­мага бой ҳолатлари, кўнглидан нелар ўтаётганини саҳнада кўрсатиш мумкин эмас, уларнинг характерини ўтмишга қайтиш билан ифодалаш, ёдга олиш мумкин – буларнинг бари зерикарли, диққатни оширадиган, ғайритабиий юмуш. Драмада тайёр ҳолатлар керак”[9].

Лев Толстой жаҳон адабиётининг буюк намояндаларидан бири, улуғ драматург Вильям Шекспир ижоди билан танишар экан, негадир бутун башарият эҳтиром кўрсатган даҳо санъаткор билан муроса қилолмайди. 1856 йили адиб кундалигига қуйидагиларни ёзади: “Лир”ни ўқидим, таъсири кам бўлди”. Толстойда Шекспир феноменига нисбатан негатив кайфият эволюцион тарзда ривожланиб боради, пировардида, адиб кексалик йиллари ҳали-ҳамон баҳсу мунозараларга сабаб бўлаётган “Шекспир ва драма тўғрисида” номли танқидий очеркини ёзишга қарор қилади. Очерк 1904 йилда ёзилади, бу вақтда аллома Толстой етмиш олти ёшни қаршилаган эди. Маълум бўлмоқдаки, адиб очеркни Шекспир ҳақидаги дастлабки қайдларидан сўнг қарийб ярим аср ўтгач қоғозга туширган. Демак, мазкур мақолани ёзиш учун йиллар давомида тадорик кўрган, Шекс­пир ижодини чуқур ўрганган ва ана шу ўрганишлар асносида туғилган мулоҳазаларини ўқувчиларга тақдим этган. Очерк аввалида Толстой ушбу танқидий фикрларга узил-кесил келмаганини, анча вақт шубҳа-гумонлар қуршовида яшаганини, бироқ барибир Шекспир ҳақидаги анъанавий қарашларга қўшила олмаганини таъкидлайди. “Эсимда, Шекс­пирни биринчи марта ўқиб чиққанимда жуда қаттиқ таажжубда қолган эдим” – деб ёзади адиб – “Мен уни ўқиб жуда катта эстетик завқ оламан, деб ўйлагандим. Аммо унинг энг яхши деб ҳисобланадиган асарларини – “Қирол Лир”,  “Ромео ва Жульетта”, “Ҳамлет”,  “Макбет”ларни бирин-кетин ўқиб чиқиб, завқ олиш бир ёқда турсин, қутулиб бўлмайдиган бир ижирғаниш ҳис қилдим; ўқиб чиққунча сиқилиб кетдим ва ҳанг-манг бўлиб қолдим: бутун маърифатли дунё бенуқсон, мукаммал деб ҳисобласа-ю, мен бу асарларни тўғридан-тўғри бемаза ва арзимас деб ўтирсам? Нима бало, мен ақлдан озган эмасмиканман?”[10]. Толстой Шекс­пирнинг машҳур фожиаларини таҳлил қиларкан, улар ҳақида ўзидан олдин билдирилган фикрларни ҳам эслаб ўтади, адибнинг диққат марказида асосан Шекспир қаҳрамонларининг характери туради. Бутун очерк давомида қизил ип бўлиб ўтувчи, танқиднинг асосий манбаи ва объекти ҳам айнан характер масаласидир. Толстой дунё адабиётида характер яратишнинг моҳир устаси сифатида тан олинган Шекспирни айнан шу санъат, яъни ўз қаҳрамонларига табиий ва жонли, бетакрор характер топишда муаммоларга дуч келишини қайд этади.  “Шекспир ўз шахсларига бетакрор характер ато қилишни билмайди деб айтолмайман, лекин у бу ишга буткул лоқайд қарайди”[11] – деб ёзади адиб. Унинг фикрича, Шекспир гениал трагедияларига мавзу қилиб олган, асосида итальян новеллалари ётувчи дурдона асарлар ҳар қанча ҳайратга молик бўлмасин, у ҳикоя шаклида таъсирчанроқ ва жозибалироқ эди.  Афтидан, Толстой кўҳна итальян новеллаларини синчиклаб ўрганган ва  Шекспир талқинида драмага айланиш жараёнини  таҳлил қилиб, холис адабий танқидчи сифатида ҳукм чиқаришга интилган. Демак, драматургияда оламшумул кашфиётлар қилиб, дурдона асарлар яратган Шекспирдек аллома ҳам Толстой наздида бадиий асарнинг асл жозибаси, қаҳрамонларнинг табиий характерини тавсифлай олмаган. Албатта, Толстойнинг Шекспир ҳақидаги қарашлари, мулоҳазалари анчагина баҳсли, кескин ва муросасиз бўлса-да, кўплаб мунаққидлар учун маҳорат мактабига айланиши, илмий-назарий фикрларга минбар бўлиши билан қимматлидир.

Лев Толстойнинг рус драматургиясига доир кузатувлари ҳам эътиборга молик. У рус адабиётида айни жанрнинг ўрнини юқори баҳолаган ва ёзилаётган драматик асарларни мунтазам равишда ўқиб борган. Адиб 1850–1860 йилларда Островский драматургиясининг чинакам мухлисига айланади. Унинг комедияларидаги ўткир ҳажв, пичинг, драмаларидаги кескин зиддиятлар, жонли ва курашувчан қаҳрамонлар эътиборини тортади. “Островский ижоди менга ёқади” – дейди Лев Николаевич – у ўзининг оддийлиги, рус ҳаётини чуқур билиши, вазмин табиати ва юксак иқтидори билан ажралиб туради. У ўзига хос, оригинал инсон, ҳатто дунё адабиётида ҳам бирор ижодкорга хушомад қилганини билмайман”[12].

Толстой романларининг рус ва жаҳон театрларидаги саҳнавий талқинлари алоҳида тадқиқотларга мавзу бўлади. Салкам бир ярим асрдан буён адибнинг машҳур асарлари жаҳон саҳналарида қайта-қайта ўйналиб, кўплаб режиссёрлик ва актёрлик тажрибаларининг ривожланишига, театрнинг бадиий ва эстетик имкониятларини бойитишга хизмат қилмоқда. Хусусан, ХIX асрнинг 80-йилларидан бошлаб “Уруш ва тинч­лик”,  “Анна Каренина” романларини саҳналаштириш бўйича изланишлар бошлаб юборилади. 1885 йил “Суфлёр” газетаси “Уруш ва тинчлик” романи муаллифнинг розилиги билан инсценировка қилиниши ҳақидаги хабарни эълон қилади. 1895 йил “Скоморох” театрида “Хўжайин ва хизматкор” ҳикояси инсценировка қилинади. Толстой таваллудининг 80 йиллиги нишонланаётган кунларда “Театр ва санъат” журнали (1908 йил 34-сони) да ажойиб ҳажвий сурат босилади: уч нафар шахс узун пичоқлар билан буюк адибни нишонга олган, бу унинг асарларига театр ижодкорлари томонидан ҳужум бошланаётганига ишора қиларди. Айниқса, “Анна Каренина” романига қизиқиш жуда кучли эди. Хусусан, 1907 йил француз драматурги Эдмон Гиро томонидан инсценировка қилинган ва машҳур Андре Антуан театрида саҳналаштирилган спектакль алоҳида воқеа бўлади. Ушбу инсценировка кейинчалик дунёнинг кўплаб мамлакатлари театрлари, жумладан, рус саҳналарига ҳам кўчган ва маданий жамоатчилик эътирофига сазовор бўлган. Шунингдек, Анри Батайлем томонидан “Одеон” театри учун тайёрланган “Тирилиш” романи инсценировкаси ҳам жаҳоннинг турли театрларида саҳналаштирилади.

Толстой асарлари нафақат Ғарб, балки Шарқ мамлакатлари театрларида ҳам катта муваффақият қозонган. Тадқиқотчи Александр Шифман “Лев Толстой ва Шарқ” номли фундаментал тадқиқотида улуғ адиб ижодининг Машриқдаги саҳнавий талқинлари хусусида қимматли маълумотлар беради[13].  Шарқ театри ўзининг табиати, ифода шакли, ижро хусусиятлари билан Ғарб томошаларидан тамомила фарқланади. Бироқ Лев Толс­той сингари миллат ва сарҳад билмайдиган, умумбашарий қадриятларни тараннум этган  ижодкорлар бундай мезонлардан юксак туради.

1936 йил  Хитойнинг Нанкин шаҳридаги драматик театрда “Тирилиш” романи саҳналаштирилади. Инсценировка муаллифи, драматург Тянь Хань спектакль ҳақида шундай деган эди: “Бу спектаклни яратишдан мақсад Толстой вафотининг йигирма беш йиллигини эслатиш эмас, балки унинг қаҳрамонлари жамият ҳаёти, халқ тақдирида нечоғлик муҳим ўрин тутишини кўрсатишдир. Босқинчилар юртимизга таҳдид солган оғир йилларда илғор хориж ёзувчиларининг асарларини саҳналаштириш бизга инқилобий тарихий драмаларни қандай ёзиш кераклигини ўргатади. “Тирилиш”нинг биринчи саҳнасидаги зиндон эпизоди ҳамон хотирамда яшаб, юрагимга азоб бераётган гоминданчи[14]ларнинг қоронғи турмасидаги даҳшатли кунларни ёдга соларди[15]. Бундан кўринадики, Лев Толстой ижоди мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий тузуми, мафкуравий турмуш манзаралари билан бевосита алоқадор бўлиб, умуминсоний моҳияти билан бирга давр эҳтиёжларига ҳам тўла жавоб берарди.

Толстой феномени рус ва жаҳон режиссурасининг йирик намояндалари учун доимо изланиш ва маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилган. Масалан, буюк театр ислоҳотчиси К.С.Станиславский “Уруш ва тинчлик” романини саҳналаштириш орзуси билан яшаган, ҳатто асар инсценировкасини ҳам тайёрлаб қўйган, бироқ муайян сабабларга кўра ушбу ижодий режа амалга ошмаган эди. Ҳозирда “Уруш ва тинчлик”нинг Станиславский талқинидаги инсценировкаси Москва Бадиий академик театри музейида сақланмоқда.

К.С.Станиславскийнинг ҳамфикри ва маслакдоши, рус режиссурасининг дарғаларидан бири Владимир Немирович-Данченко Толстой асарларига бир неча бор мурожаат қилган. Хусусан, “Тирилиш” ва “Анна Каренина” романларини айнан Данченко биринчи марта рус саҳнасига олиб чиққан эди. Режиссёр асарларнинг бадиияти, ижтимоий руҳи, қаҳрамонлар характерини сақлаган ҳолда ўз талқинларини таклиф этади. “Толстой бадиий дунёқарашининг қатламлари актёрлар жамоасини тарбиялашда нодир бойлик ҳисобланади” – деб ёзади режиссёр ўз кундалик­ларида[16].

Немирович-Данченко 1937 йил Москва Бадиий академик драма теат­ри саҳнасига “Анна Каренина” романини олиб чиқади. Романда тасвирланган муҳит, давр ва қаҳрамонлар тақдирининг кенглиги ва мураккаблигини инобатга олиб, режиссёр асарнинг драматизмга бой, кескин ва зиддиятли саҳналарини саралаб олади. “Режиссёр ғояси Анна Каренинанинг атрофини қуршаб турган муҳит, “эҳтирослар алангаси” ва “шафқатсиз, тубан, ҳукмдор табақанинг унинг ахлоқий ҳаёти, у яшаётган давр устидан ҳукмронлиги” ўртасидаги фожиавий конфликтни кўрсатишдан иборат эди”[17] – деб ёзади профессор Константин Рудницкий.

Режиссёр илк саҳнаданоқ томошабинни давр муҳитига олиб киради, романнинг барча қаҳрамонлари ўз замонаси билан чамбарчас боғлиқлиги кўрсатилади, Аннанинг тақдири, фожиаси ҳам шу контекстда талқин қилинади.

Анна Каренина образини рус театрининг машҳур актрисаларидан бири  Алла Тарасова ижро этади. Актриса қаҳрамонининг руҳияти, аёллик назокати, қалб гўзаллигини очиб беради, шунингдек, давр зиддиятлари, ижтимоий конфликтлар, муҳаббат ва эҳтирос кураши ижрода асосий ўринга чиқади. Тарасова Аннанинг киборларга хос қиёфасига ҳам урғу беради, лекин актриса учун энг муҳими қаҳрамонининг аёл сифатидаги кечинмалари, туйғуларини ифодалаш эди ва у бунга муваффақ бўлади.

Алексей Каренин образини атоқли актёр Николай Хмелев ижро этади. Актёр образнинг инсоний фазилатларини тасвирлайди, унинг ижросида Алёша софдил, камтарин, вазмин, оқкўнгил инсон сифатида намоён бўлади. “Н.П.Хмелев Каренин ролини шундай бошлайдики, ҳатто у одам эмас, барча гўзал фазилатлар билан зийнатланган механизмга ўхшайди”[18].  Ҳатто Аннанинг хиёнатидан кейин ҳам Каренин – Н.Хмелев табиатида исён уйғонмайди, актёр ўз ижроси орқали айнан романдаги қаҳрамонни чизади.

Спектаклнинг финал саҳнаси худди романдаги сингари фожиавий тус олади, ўз ботини ва бешафқат тузум билан муроса қилолмаган Аннанинг ўзини поэзд остига ташлаб ҳалок бўлиши ғоят драматик тарзда кўрсатилади, ушбу воқеанинг театр атмосфераси ва томошабин кўз ўнгида юз бериши фожианинг таъсир қувватини янада оширади.

Лев Толстойнинг фалсафий идроки сингдирилган, жаҳон адабиёти хазинасидан ўрин олган асарлардан бири – “Холстомер” қиссаси ҳисобланади. Асарда отлар тимсоли орқали шафқатсиз ва қаттол тузумнинг аянчли манзараси фош этилади, бутун башариятга хос азалий саволларга жавоб изланади. Қисса мотивлари асосида 1975 йил машҳур режиссёр Георгий Товстоногов М.Горкий номидаги Москва катта драматик театрида “От ҳақида қисса” (инсценировка муаллифи Марк Разовский) номли спектакль саҳналаштиради. Режиссёр шундай фалсафий асарни театрнинг шартли табиатига мослаштира олди, турли рамзлар, ранг-баранг саҳнавий воситалар орқали қиссанинг поэтик дунёси, бадиий-эстетик жозибасини юзага чиқарди. Бош қаҳрамон – Холстомер образини яратган афсонавий актёр Евгений Лебедев  чуқур драматизм ва пафос, юқори ҳарорат ва ҳиссиёт, нозик кечинма ва тана ҳаракатлари билан қаҳрамонининг мураккаб тақдирини очиб беради. Лебедев саҳнада бамисоли отга айланади, от бўлиб пишқиради, оёқлари билан ер тепкилайди, бўйни ва танаси бўйлаб боғланган истибдод арқонларини узишга, руҳан парвозга шайланади. Актёр саҳнада жуда енгил ҳаракатланади, унинг пластик маҳорати, ижро динамикаси, образ ҳаётини юракдан кечириши, руҳий ва жисмоний мувозанатни бир маромда сақлаши, муҳими, бутун қуввати, энергиясини спектакль ғоясига сафарбар этиши томошанинг бош муваффақиятини таъминлаган. Евгений Лебедев ўз ижроси ва спектакль хусусида тўхталиб, шундай интервью берган эди: “Станиславский актёрларга болаларни ўрганиш, уларнинг қандай ўйнаётганини диққат билан кузатиш лозимлигини бежиз таъкидламаган. Чунки болалар доимо тасаввурдаги предметлар билан яшайди: уларнинг қўлидаги таёқ – от, стул – кема, қўғирчоқ эса жонли инсонга айланади. Лекин биз катталар тасаввур қилиш бўйича болалар олдида анча нўноқмиз. Назаримда, Холстомернинг ўлимига ишониш учун томошабин қаҳрамонимнинг бўйнидан оқаётган, қонга ўхшаш қизил бўёқни кўриши шарт эмас. Ингичка қизил тасмаларга ишора қилиш закий томошабин учун етарлидир, шунда у фантазиясини ишга солади ва отнинг ўлимига ишонади. Ҳар қандай санъат асарида қанчалик натурализмдан йироқлашсак, шунчалик табиийликка эришамиз”[19].

Дарҳақиқат, режиссёр спектаклда кўплаб рамзий топилмалардан фойдаланади, шу боис кўрсатилаётган воқеликни онгли равишда эмас, хаёл чиғириғидан ўтказиб, фалсафий тарзда англаш ва қабул қилиш талаб этиларди.

Спектаклда бир актёр ҳам инсон, ҳам отни ижро этади. Бу топилма одам ва жонзот қавмининг якдиллиги, руҳан муштараклиги, азалдан бир-бири учун яратилганига ишора қилади. Актёрлар от суратидан одам қиёфасига киришда ниқоблардан фойдаланади, бироқ бу ниқоблар шунчаки образ ташувчи восита эмас, балки қаҳрамонларнинг руҳий изтироб­лари, кечинмаларини ифодаловчи топилма бўлиб хизмат қилади.

Лев Толстой асарлари мамлакатимиз театрларида ҳам саҳналаш­тирилган бўлиб, турли талқин ва ёндашувлар, режиссёр тажрибалари ва актёрлик ижролари билан ёдда қолган. Хусусан, атоқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев томонидан Ҳамза (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма теат­ри) театрида саҳнага қўйилган “Тирик мурда” спектакли миллий ­театримизда услуб ва шакл ўзгаришлари, янги бадиий жараёнлар кечаётган бир паллада муҳим воқеа бўлди.

“Тирик мурда” – Толстой даҳоси билан яратилган саноқли драмалардан бири. Таъбир жоиз бўлса, бу пьесани на Шекспир, на Ибсен ва на Чехов драматургиясига қиёслаб бўлади. Унда инсон руҳиятининг ғоят оҳорли манзараси толстойча вазминлик ва теранлик билан чизилади, шахс ва жамият ўртасидаги мураккаб зиддият, эски тузум ва янги тафаккур кураши ички драматизм ва фожиавий руҳ билан тасвирланади. Бош қаҳрамон – Федор Протасов тимсолида ҳалокат сари кетаётган, шафқатсиз тузум қурбонига айланаётган, шундай бўлса-да, ўз ҳақиқати, эътиқодига содиқ қолган кучли психологик образ яратилади. Толстой Протасов характерини ижтимоий, сиёсий, маънавий, ахлоқий контексда очиб беради, унинг ҳар бир ҳаракати, дунёқараши, турмуш тарзи, атрофдагилар билан муносабати рус миллатининг чинакам вакилини кўз ўнгимизда жонлантиради. Ўзбек театри ижодкорлари мазкур асарга мурожаат қиларкан, аввало унинг бадиий-ғоявий йўналиши, умуминсоний моҳиятидан келиб чиқиб, инсоний изтиробларни куйловчи, психологик таъсирга эга гўзал спектакль яратишади.

Режиссёр Баҳодир Йўлдошев рассом Георгий Брим билан ҳамкорликда спектакль учун ноодатий, ўзгача услубдаги саҳнавий декорациялар ўйлаб топади. Парда ортида ХIX аср буржуа вакилларининг турли ҳолатдаги суратлари акс эттирилган. Улар ҳайкалдек қотиб қолган, бамисоли бу омма Федор Протасовнинг қисматига томошабин бўлиб тургандек таассурот уйғонади.

Протасов образини ижро этган маҳоратли актёр Турғун Азизов руҳан ва жисман жамиятдан ажралиб қолаётган қаҳрамонининг ҳис-туйғулари, кечинмалари, мураккаб дунёсини очиб беради. Актёр ортиқча пафосга берилмайди, ҳиссиётларини жиловлаб, мавжуд мақсад сари йўналтиради. Протасов – Т.Азизов вазминлиги, донишмандлиги, оқкўнгиллиги, ҳаёт синовларида тоблангани ва бошқа фазилатлари билан ажралиб туради. Бироқ тақдирнинг шафқатсизлиги сабаб ҳаёти издан чиқади, Протасов ичкиликка ружу қўяди. Оқибатда эри билан суйиб турмуш қургани Лизани онаси Анна Павловна унинг никоҳини бузмоқчи бўлади. Шу тахлит воқеалардаги драматизм кучаяди, Лиза икки ўт орасида қолади: бир томондан Фёдорга бўлган муҳаббатидан юз ўгиролмаса, иккинчи томондан онасининг тинимсиз қутқуси, босими сабаб оғир вазиятда қолади. Лиза образини гавдалантирган актриса Гавҳар Зокирова қаҳрамонининг ана шу зиддиятли тақдирини нафис бўёқлар билан чизади.

Федя (Протасов)нинг нима учун жамиятдан норози экани, атрофидаги инсонлардан йироқлашиб, бегоналашиб бораётганининг сабаби драманинг бир неча ўринларида, турли шаклларда изоҳланади. Жумладан, Протасов Лиза ва Викторга ёзган мактубида шундай аччиқ мулоҳазалар билдиради: “Ёлғон гапириш, маҳкамадорларга пора бериш, найрангбозлик билан шуғулланиш қўлимдан келмаса нима қилай? Мен ҳам хом сут эмган банда эканимни тан оламан, бироқ нафси ҳакалак отган манфаатпарастлар сингари тубанликлар қилишни ҳатто хаёлимга ҳам келтиролмайман”. Протасовнинг шу фикрларидан ҳам англаш мумкинки, у зоҳиран йўлдан адашгандек кўринса-да, асли виждони, эътиқоди, инсоний қиёфасини сақлаб қолган, ёвуз иллатлардан бутунлай нафратланадиган, руҳан пок ва софдил инсон. Бироқ бошқалар сингари кимгадир ялтоқланиш, кўзбўямачиликни ёқтирмайди, табиатан қандай бўлса шундайлигича кўринади ва шу боис атрофидагилар уни тарк этади. Протасов образининг иккинчи ижрочиси, таниқли актёр Ҳожиакбар Нурматов талқини тамомила ўзгача. Унинг Федяси ўз-ўзи билан муроса қилолмаган, руҳан курашувчан, бирмунча исёнкор шахс сифатида намоён бўлади. ­Актёрнинг ижро манерасига хос драматик пафос, кучли эҳтирос Протасовнинг характерини ҳам жонлантиради, тўғри Ҳ.Нурматовнинг қаҳрамони Толстой чизган қиёфадан тамомила четлашмайди, бироқ ижрода образ моҳиятини янгича англаш, бошқача кўримларда идрок этишга интилиш сезилади.

Спектаклда театрнинг етакчи актёрлари ажойиб образлар яратган эди. Хусусан, Ёқуб Аҳмедов ижросидаги Виктор Каренин Лизага кўнгил қўйган ва бир умр муҳаббатига содиқ қолган, бағрикенг, фидойи, олийжаноб инсон қиёфасида кўриниш беради. У Лиза Федяни севишини яхши билади, бироқ Протасовнинг хатолари сабаб қизнинг кўнглини қозонишга, уни бахтли қилишга интилади. Толиб Каримов ижросидаги Княз Абрезков ҳам очиқкўнгил, самимий, мулоҳазали инсон. Спектакль давомида Виктор Каренин ва Князь Абрезков Федянинг нега жамиятдан узилиб қолаётгани, руҳий ожизлигини муҳокама қилишади ва унинг бундай аянчли аҳволига ачинишади. Шунингдек, спектаклдаги Анна Павловна (Эркли Маликбоева), Анна Дмитриевна (Яйра Абдуллаева), Маша (Ойдин Норбоева),  Саша (Сайёра Юнусова) сингари персонажларни гавдалантирган актёрлар ҳам қаҳрамонларининг ички кечинмалари, характерини ишонарли талқин қилади.

Спектаклнинг сўнгги саҳнаси фожиавий руҳга йўғрилган бўлиб, давр муҳити ва қиёфасини бор манзараси билан кўрсатишга хизмат қилади. Саҳна тўр парда билан ярим тўсилган, унинг поёнсиз бўшлиғини эслатади, шу зулмат қўйнида Протасовни маҳв этган тубан жамият вакилларининг рамзий қўғирчоқ нусхалари намоён бўлади. Фёдор Протасов тўппончадан ўқ узиб, жонига қасд қиларкан, атрофидагиларнинг ҳеч бири пинагини бузмайди ва шунчаки бу фожианинг томошабинига айланади. Режиссёр бу орқали манфур тузумнинг нақадар ёвуз ва шафқатсизлиги, унда инсон ўлими оддий ҳол экани ва бошқа аламли ҳақиқатларни фош этади, томошабинни мушоҳадага, инсон моҳиятини англашга чорлайди.

Лев Толстой даҳосини ўзбек театрида кашф этган яна бир асар – “Холстомер” қиссаси бўлди. Юқорида мазкур асар буюк режиссёр Георгий Товстоногов томонидан катта муваффақият билан саҳналаштирилганини таъкидлаган эдик. 1998 йил Ўзбекистон Ёшлари театрида таниқли режиссёр Наби Абдураҳмонов қиссага қайта мурожаат қилди. Машҳур асарнинг ўзбек саҳнасида намойиш этилиши алоҳида воқеа бўлиб, маданий жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Режиссёр Н.Абдураҳмонов Товстоногов спектаклини томоша қилган, кўплаб саҳна ижодкорлари қатори ҳайратга тушган ва якунда шу асарни ўз талқинида саҳналаштиришга қарор қилган эди. Табиийки, режиссёр зиммасидаги асосий вазифа – рус театрининг спектаклини такрорламаслик, асарга янгича ёндашиш, образларнинг янги қирралари, характер хусусиятларини кашф этишдан иборат эди.

Спектакль асосан ҳаракатга қурилган, актёрларнинг пластик имкониятлари, мусиқа, ранг-баранг либослар, махсус эффектлар ва бошқа саҳнавий ифода воситалари режиссёр ғоясини очишга хизмат қилган.

Бош қаҳрамон Холстомерни театрнинг таниқли ва тажрибали актёрларидан бири Анвар Картаев ижро этади. Актёрнинг ижродаги юқори темпо-ритми, рақс ва пластикага мослашувчанлиги, мусиқани яхши ҳис қилиши, образ характерини тўлақонли ифодалаш, қаҳрамон руҳияти, дарду кечинмаларини чуқурроқ кўрсатиш имкониятини яратган. Холстомер – А.Картаев саҳна бўйлаб эркин ҳаракатланади, гоҳо отнинг шодон кунлари, гоҳо изтиробли дамларини кечинма ва эҳтирос билан ижро этади, жониворнинг қисмати мисолида инсонга дахлдор туйғулар, ҳолату ҳодисаларни тасвирлаб, ҳаётий прототип яратади.

Наби Абдураҳмонов услуб ва талқин жиҳатидан Товстоноговга тақлид қилмаса-да, унинг спектаклидаги айрим топилма ва экспериментлардан фойдаланади.

Спектаклнинг сўнгги саҳналари сценография ёрдамида шартли ечим топган. Кекса от устига эгар-жабдуқларнинг қайта ортилиши ва ёғоч панжаралар ёрдамида ҳибс қилиниши Холстомер учун бахтли дамлар якун топганини, бундан кейинги лаҳзалик ҳаёти даҳшатли интиҳо топишини англатади. У дунё разилликларидан фақат ўлим орқалигина халос бўлади. Шу сабаб қассоб бўғзига пичоқ тортаётган паллада руҳи гўё ором олади. Холстомернинг ўлими қиссада шундай тасвирланади: “У бўғзида нимадир бўлаётганини сезарди. Бу оғриққа айланди, у сесканди, оёқларини кўтарди, бироқ ҳеч нарса қилолмади ва кейин нима бўлишини кута бошлади. Сўнг бўйни ва кўкрагидан қандайдир суюқлик тизиллаб оқа бошлади. Ва у ўзини анча енгил ҳис қиларди. Ҳаётидаги барча қийинчиликлар барҳам топганди. У кўзини юмди ва бошини эгди – ҳеч ким уни тутиб қолмади”[20]. Спектаклда эса қатл саҳнасидан олдин Холстомер – Анвар Картаевнинг авансаҳнага чиқиб, “Мен юқорига ва олдинга интилардим” – деган сўзлари режиссёр ечимини белгилаб беради. Учар арава ёрдамида осмону фалакка парвоз қилаётган Холстомер бамисоли бу дунёнинг барча қабиҳликларидан қутулиб, абадий саодатга эришади.

Толстой ижоди ўзбек театри, жумладан, режиссура санъати ривожига жиддий таъсир кўрсатди. Адиб асарларидаги умуминсоний ғоя ва қадриятлар миллий режиссурамизда янги услуб ва шаклларнинг ривожланиши, театр репертуарларининг шаклланишига хизмат қилди. Тўғри, мамлакатимиз театрлари Толстой асарларига у қадар кўп мурожаат қилмаган. Лекин шу кам сонли тажрибалар ҳам ўзбек саҳна санъати камолотида муҳим ўрин тутди. Шунингдек, ўзбек актёрлик мактабида психологик ижро услуби, кечинма санъатининг оммалашишида ҳам Толстой театрининг аҳамияти катта бўлганини таъкидлаш лозим.

Толстой драмаларида антик ва Уйғониш даврига хос маҳобатли сюжетлар, турли афсоналар, кескин ва очиқ конфликтлар учрамайди, зеро, адиб яшаган замон буни тақозо қилмасди. Фикримизча, Толстой театри бу – ўз моҳияти ва ифодасига кўра психологик театр. Унда инсон руҳиятининг нозик қирралари, ботиний кечинмалар, ички зиддиятлар бирламчи саналади, табиийки, бундай шаклдаги театр кенг аудиторияни жалб қилолмаслиги мумкин. Бошқача айтганда, Толстой театри хос томошабинни тарбиялайди, уни руҳоний жиҳатдан бойитади. Бундан хулоса қилса бўладики, театрларда Толстой асарларига эҳтиёж ҳеч қачон йўқолмайди.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2019 йил 8-сон

______________________

[1] Лев Толстой. Иқрорнома. Иккинчи нашри. // Шарафиддинов О. Буюк адибнинг иқрорномаси. – Тошкент: Маънавият, 2016 – Б.125.

[2] Полякова Е. Театр Льва Толстого. – Москва: Искусство, 1978. – 344 с.

[3] Толстой Л.Н. Полное собрание сочинений в 90 томах, том 35. – М.: Художественная литература. – С.558.

[4] Полякова Е. Театр Льва Толстого – М.: Искусство, 1978. – С.15.

[5] 1840-1897 йилларда яшаб, ижод қилган атоқли француз ёзувчиси.

[6] Русанов Г.А. Воспоминания.  // Л.Н.Толстой в воспоминаниях современников, том 1. – М.: Гослитиздат, 1955.–  С. 251-252.

[7] Толстой Л.Н. Полное собрание сочинений в 90 томах, том 47. – М.: Художественная литература. – С. 13.

[8] Основин В.В. Драматургия Л.Н.Толстого. – М.: Высшая школа, 1982.– С.14.

[9] Рудницкий К. Проза и сцена. – М.: Знание, 1981.–  С.4-5.

[10] Лев Толстой. Шекспир ва драма тўғрисида (танқидий очерк). // Жаҳон адиблари адабиёт ҳақида (Озод Шарафиддинов таржималари). – Тошкент: Маънавият. – Б.137.

[11] Шу манба,  Б.168.

[12] Гусев Н.Н. Два года с  Л.Н.Толстым. – М.: Гослитиздат, 1928. – С.183.

[13] Шифман А. Лев Толстой и Восток. – М.: Наука, 1971. – С. 90-92.

[14] 1919 йил Хитойда вужудга келган ва ҳокимият учун курашган консерватив руҳдаги сиёсий партия. 1949 йилги фуқаролар урушидан сўнг мамлакат бутунлай коммунистлар қўлига ўтгач, гоминданчилар Тайванга қочиб кетишга мажбур бўлади.

[15] Ўша манба, Б. 90-91.

[16] Немирович-Данченко Вл. Статьи. Речи.Беседы. Письма. – М.: Искусство, 1952. – С.125.

[17] Рудницкий К. Проза и сцена, 1981. – М.: Знание. – С.38.

[18] Ўша манба, Б. 40.

[19] Лордкипанидзе Н. Отдавая – получаешь. Беседа с Е.Лебедевым. – “Неделя”, 1976. №11.

[20] Толстой Л.Н. Холстомер. Собрание сочинений в двенадцати томах. Том 11. – М.: Правда. – С.39-40.