Лев Толстой. Иблис (қисса)

“Лекин мен сизга айтаман: ким бир аёлга шаҳват назари билан қараса ҳам, аллақачон кўнглида у билан зино қилган бўлади.
Агар сенинг ўнг кўзинг гуноҳ қилишингга сабаб бўлса, уни суғуриб ташла. Чунки бутун баданинг жаҳаннамга ташланишидан кўра, аъзо­йингдан бирининг нобуд бўлгани сен учун яхшироқдир.
Агар сенинг ўнг қўлинг гуноҳ қилишингга сабаб бўлса, уни чопиб ташла. Чунки бутун баданинг жаҳаннамга йўлиқишидан кўра, аъзо­йингдан бирининг нобуд бўлгани сен учун яхшироқдир”. (Инжил, Мотто – V: 28, 29,30)

I

Евгений Иртеневни олдинда катта амал-мартабалар кутарди. Бунинг учун қанча фазилат зарур бўлса, бари унда бекам-кўст ҳам эди. Иртенев оиласида жуда ажойиб тарбия кўрган, Петербург университетини якунлаб, юрист дипломини олган, яқинда қазо қилган отаси сабаб аслзодалар даврасида анча-мунча таниш орттирган, бундан ташқари министрликда шахсан министрнинг ҳимоятида хизматни ҳам бошлаб юборган эди. Яна каттагина ер-мулки ҳам бор эди-ю, аммо бу ер-мулк сал шубҳали эди. Отаси онаси билан бирга умрини аксар чет элда ва Петербургда ўтказар, икки ўғли – Евгений ва унинг кавалергарддаги акаси Андрейга ҳар йили олти минг рублдан чўнтак пули бериб турарди. У фақат ёзда икки ойга ер-мулкига келар, шунда ҳам хўжалик ишларига бош қўшмас, барча ваколатни келгинди ишбошига топшириб қўйган, ишбоши эса хўжаликни ўз ҳолига ташлаб қўйган-у, аммо хўжайин унга батамом ишонарди.
Оталари вафотидан сўнг ака-ука ўртасида мерос тақсимланадиган бўлганда марҳумнинг шу қадар кўп қарзлари борлиги юзага чиқдики, марҳумнинг ишончли вакили охири уларга бувиларининг юз минг рубль турадиган ер-мулкини сақлаб қолиб, мероснинг бошқа қисмидан бутундай воз кечишни маслаҳат берди. Аммо кекса Иртеневга берган насия пулини сўроқлаб, қўлида вексель билан келган қўшни помешчик, гарчи қарзлар кўп бўлса-да, каттакон ер-мулкни сақлаб қолиш ва оёққа турғизиш мумкинлигидан сўз очиб қолди. Унинг фикрича, ўрмонни ва бўш ётган тақир ерларни сотиб, асосий сердаромад жой – Семёновскийни тўрт минг десятина унумдор қора тупроғи, шакар заводи ва икки юз десятина яйлови билан сақлаб қолинса, ўз ҳаётини шу ишга бағишлаб, қишлоққа кўчиб келинса-да, ақл ва тадбир билан хўжайинлик қилинса, кифоя эмиш.
Евгений баҳорда ер-мулкига келди-ю (отаси қишда – рўзада қазо қилганди), уни бошдан-оёқ кўздан кечиргач, хизматидан истеъфо беришга, қишлоққа онаси билан кўчиб келиб, асосий ер-мулкни сақлаб қолиш учун хўжалик билан шуғулланишга қарор қилди.
Ўзи кўпам дўст-иноқ бўлмаган акаси билан эса қуйидаги битимга келди: унга ҳар йили тўрт минг рублдан пул бериб туради ёки бирйўла саксон минг рубль тўлайди, акаси эса бунинг эвазига меросдаги улушидан воз кечади.
У, ростдан ҳам, қишлоққа кўчиб келди-да, онаси билан кенг-мўл уйга жойлашиб, хўжалик ишлари билан қизғин, айни чоғда эҳтиёткор шуғуллана бошлади.
Одамлар қариларни консерватор, ёшларни эса новатор бўлади, деб ҳисоблашади. Ваҳоланки, бу мутлақо нотўғри фикр. Аслида, қарилар эмас, ёшлар консерватор бўлади. Улар яшашни жуда хоҳлайди-ю, аммо қандай яшашни мулоҳаза қилмайди ёки бунга вақти ҳам бўлмайди. Шунинг учун одамлар уларгача қандай яшаган бўлса, шундай яшаб кетаверади.
Евгений ҳам худди шундай қилди. У қишлоққа кўчиб келди-ю, отасининг давридаги эмас – чунки отаси нўноқ хўжайин эди – бобосининг замонидаги ҳаёт тарзини қайта тиклашга бел боғлади. Евгений бу турмуш тарзини уйда ҳам, боғда ҳам, хўжаликда ҳам, албатта, янги замонга мослаб қайта тиклаш – катта-катта харжлаб, бадавлат, тўқ яшаш, ҳар ерда батартиблик ва саришталик ўрнатиш учун ўзини ўтга-чўққа урарди. Ўшандай ҳаётни оёққа қўйиш учун бир дунё ишни бажариш лозим эди: ҳақдорлар ва банкларнинг талабини қондириш, бунинг учун ерларни сотиш ва қарзларни чўздириш, тўрт минг десятина унумдор ерга ва шакар заводига эга Семёновскийдаги каттакон хўжаликнинг бир қисмини ижарага бериб, бир қисмини эса ўз кучи билан экиб, сақлаб туриш учун ҳам озмунча пул керак бўлмасди! Ёт кўзларга ташландиқ ҳолга келиб, заволга юз тутгандек кўринмасин учун уйни ҳам, боғни ҳам бир нави парваришлаб туриш зарур эди.
Евгенийнинг ишлари бошдан ошиб-тошиб ётарди-ю, бироқ унинг куч-қуввати – хоҳ жисмоний, хоҳ руҳий бўлсин – ҳар қанча юмушга етиб ортарди. У йигирма олти ёшдаги ўрта бўйли, мускуллари бўртиб чиққан, бақувват, хушчақчақ, таъсирчан ва чаққон йигит бўлиб, икки юзи қип-қизил, тишлари садафдек оқ, лаблари жуда хушбичим, сочлари сийракроқ, майин ва жингалакка мойил эди. Унинг яккаю ягона камчилиги кўзи узоқни кўрмаслиги бўлиб, кўзойнакка ружу қўйганидан бу касалини зўрайтириб олган, энди пенснесиз юролмайдиган бўлиб қолган, шу матоҳ бурнининг дўнгчасига ботиб, кўкиш из қолдириб ҳам улгурган эди. Унинг жисмоний қиёфаси ана шундай эди. Руҳий қиёфаси эса янаям ажойиб, уни кимки қанча кўпроқ билса, шунча кўпроқ ёқтириб қоларди. Онаси илгаритдан уни бошқалардан кўпроқ авайлар, эри қазо қилгандан кейин эса нафақат бор меҳри, балки бор ҳаётини ҳам унга атаган эди. Аммо уни бу қадар севган фақат онасининг ўзи эмас эди. Гимназия ва университетда орттирган ўртоқлари ҳам уни севар, айни чоғда ҳурмат ҳам қиларди. У еттиёт бегона одамларга ҳам худди шундай таъсир кўрсата оларди. Иртеневнинг оғзидан чиққан бирортаям гапга ишонмаслик мумкин эмас эди. Ахир, ҳалоллик акс этиб турган бундай очиқ юз, янаям тўғрироғи, кўзга боқиб, ундан алдов, ёлғон кутиш мумкинми?!
Умуман, йигитнинг ҳалоллиги унинг ишларида кўп бор асқотган эди. Қарз берувчилар бошқаларнинг илтимосини рад этса ҳам, унга йўқ деёлмасди. Ишбоши, оқсоқол, мужиклар ҳам ҳар кимга қабиҳлик қилса, ҳар кимни алдаса-да, хушфеъл, содда, янаям муҳими, ичи билан таши бир бу йигитни чув тушуришни эсдан чиқариб қўярди.
Май ойининг охирлари эди. Евгений бекор ётган тақир ерларини бир савдогарга сотадиган бўлиб, уларни гаровдан чиқаргани шаҳарга борди-ю, бу бошоғриғидан бир амаллаб қутулгач, хўжаликнинг ашқол-дашқоллари, яъни отлар, ҳўкизлар ва араваларни янгилаш, янаям муҳими, хуторда баъзи қурилишлар қилиш учун ўша савдогарнинг ўзидан қарз кўтарди. Ана шундан кейин ишлар жонланиб кетди. Тахта-ёғочлар ташиб келтирилди, дурадгорлар ишга киришди, саксонта арава гўнг ташишга қўйилди, аммо ҳаммаёқ путурдан кетган, лиққиллаб омонат турарди.

II

Шу чоп-чоплар орасида, гарчи муҳим бўлмаса-да, аммо Евгенийни беҳаловат қилган бир вазият юзага келди. У ҳам ёшлигини барча навқирон, соғлом бўйдоқ йигитлардек ўтказар, яъни ҳар турли аёллар билан алоқада бўлиб турарди. Уни бузуқ деб бўлмасди-ю, аммо ўзи тан олганидек, роҳиб деб ҳам бўлмасди. Евгений бунга, унинг ўз ибораси билан айтганда, жисмоний соғлиғи ва ақлий эркинлиги қанча талаб қилса, фақат шунча майл кўрсатар эди, холос. У ўн олти ёшидан ана шу йўлга кирган, ҳозиргача бари кўнгилдагидек борарди. Кўнгилдагидек дегани шу маънода эдики, у бузуқликка берилиб кетмади, бирортасига телбаларча элакишмади, яна касал-пасал ҳам оттирмади. Петербургда охирги марта бир чевар қиз билан ишқибозлик қилиб юрди, аммо кейинги пайтда қизнинг ахлоқи бузилди, шунда у билан дарҳол орани очиқ қилди. Ҳартугул, қизни пул билан таъминлаб қўйганидан, ортиқча ҳижолат ҳам тортиб ўтирмади.
Лекин қишлоққа кўчиб келганига, мана, икки ой бўляптики, бу борада қандай йўл тутишни билмай, боши қотар эди. Ўзини мажбуран тийиш йигитнинг мазасини қочириб борарди. Наҳотки, шугинани деб шаҳарга тушиш керак бўлса? Хўш, шаҳарга тушмаса, қаерга борсин? Қандай қилиб бетоқат ҳирсини қондирсин? Уни фақат шу саволлар қийнар, чунки шундай қилмасам бўлмайди, деб ҳисоблар эди. Хаёлида зарур деб билгани ҳаётида ҳам зарурга айланди, шу асно у эрки қўлдан кетгани, ҳар бир аёлга ҳирс билан қараётганини пайқаб қолди.
Евгений шу қишлоқдан бирор маъшуқа топишни ножоиз деб биларди. Одамлардан эшитишича, отаси ҳам, бобоси ҳам, бошқа помешчиклардан фарқли ўлароқ, ўз уйида ҳеч қачон ҳеч қандай деҳқон аёл билан ошиқ-маъшуқлик қилмаган экан. Аввалига у ҳам бундай иш қилмасликка қарор берди. Аммо кейин шу нафси бедавога қанчалик боғланиб қолганини тушуниб етиб, шаҳарда бошига қандай кўргуликлар тушишини даҳшат-ла кўз олдига келтириб, ҳозир крепостнойлик бекор қилинган, демак, шу ерданам жазман топсам бўлади, деган фикрда тўхталди. Фақат шундай иш тутиш керакки, ҳеч ким буни пайқамасин, яна бузуқлик учун эмас, соғлиқ учун қилсин, у ўзига нуқул шундай деб гап уқтирарди. Йигит шу қарорга келди-ю, безовталиги баттар ортди. У оқсоқол биланми, бирор деҳқон ёки дурадгор биланми гаплашиб қолса, ўзиям сезмаган ҳолда гапни аёллар мавзусига бурар, шу хусусда сўз очилди дегунча эса гўё мум тишлаб оларди. Йигит аёлларга янаям кўпроқ қарайдиган бўлиб бораётганини пайқади.

III

Аҳд қилиш бошқа гап экан-у, уни бажариш бошқа гап экан. Ўзи бирор аёлга гап отай деса, барин деган номига сира тўғри келмайди. Қайси аёлга, қаердаям гап отсин! Бировни ўртага солсинми ёки? Аммо кимдан илтимос қилади буни?
Бир гал чанқоғини бостиргани қоровулхонага кирди. Қоровул – ота­сининг собиқ овчиси Данила чол эди. Иртенев чолни гапга солганди, қоровулнинг қулфи дили очилиб кетди – авваллари ов пайти хўбам шароббозлик қилишганидан сўзлай кетди. Шунда йигитнинг хаёлидан ўша сабилни шу қоровулхонада ёки ўрмонда қилинсами, жуда бопта бўлар эди, деган фикр ўтди. Аммо бунинг иложини қандай топса бўлади? Дарвоқе, Данила чол шу ишни бўйнига олмасмикан? “Балки буни илтимос қилсам, чолнинг аччиғи чиқар, ўзим эса шарманда бўларман? Балки оппа-осон рози бўлар”. У Данила чолнинг ҳикоясига қулоқ тутар экан, хаёлидан ана шу фикрлар ўтар эди. Данила Пряничков билан дьячиханинг овбоп даласига қандай бориб қолишгани-ю, шеригини ўша хотин билан қандай қовуштириб қўйганидан сўзларди.
“Чолга айтсам бўлар”, деб ўйлади Евгений.
– Жойи жаннатда бўлгур отангиз ҳеч бунақа аҳмоқона ишлар қилмасди.
“Йўқ, айтиб бўлмайди”, деб ўйлади бу гапни эшитиб Евгений, аммо бир синаб кўриш учун таваккал сўз бошлади:
– Ўзинг нега бунақа чатоқ ишлар қилгансан унда.
– Бунинг нимаси чатоқ экан. Аёли тушмагур ҳам хурсанд, Фёдор Захаровичнинг-ку оғзи қулоғида. Яна ҳамёнга бир рубль тушиб турибди. Нима қилсин ўша бечораям. У ҳам тирик жон! Эҳтимол, шароб ичар!
“Ҳа, айтса бўлади”, деб ўйлади Евгений ва дарҳол сўз бошлади:
– Сенга айтсам, Данила, – у шундай деди-ю, дувва қизарди, – жуда қийналиб кетдим. – Данила унга кулимсираб қараб турарди. – Роҳиб эмасман, ахир, тарки одат…
У гапи аҳмоқона чиққанини англаб, уялди-ю, аммо Данила маъқуллаб турганини кўриб, суюнди.
– Илгарироқ айтмайсизми шу дардингизни, иложи йўқ иш эканми бу! Сиз фақат фалон жувонни десангиз, бас.
– Оҳ, рости, менга фарқи йўқ. Фақат кўҳлик, соғлом бўлса, дегандим.
– Тушундим, – деди лабини қимтиб Данила. У ўйга толганди. – Ҳа, жуда кетворган биттаси бор, – деб бирдан гап бошлади у. – Ўтган кузда эрга чиққан, шуни синаб кўрсангиз-чи? – Данила бу ёғига шивирлашга ўтди. – Эри ҳеч нима қила олмайди. Овчига шуям қайғу бўлибди-ю!
Евгенийнинг юзи уятдан бурушиб кетди.
– Йўқ, йўқ, – деди у шоша-пиша. – Менга бунақаси керак эмас. Менга шунақаси керакки, ўзи кўҳлик ҳам соғлом-у, аммо ташвиши озроқ бўлсин – аскарликка кетган бирортасининг хотиними ёки бошқа шунга ўхшаганими…
– Топдим! Демак, сизга Степанида боп экан. Эри пул топгани шаҳарга кетган, аскарнинг хотини, деса ҳам бўлаверади. Лекигин ўзи кўҳлик, соғлом жувон. Кўнглингиз, албатта, тўлади. Бир оғиз бор десам, ўзи келаверади…
– Хўш, қачон?..
– Хоҳланг, эртагаёқ! Тамакига борганда, кириб ўтаман. Туш пайти шу қоровулхонага ёки ҳовли этагидаги ҳаммомга келинг. Ҳеч ким ҳалал бермайди. Ҳамма тушки уйқуга кетган бўлади.
– Майли, мен – рози!
Уйга қайтаётганида Евгенийни қаттиқ ҳаяжон босди. “Эртага нима бўлади энди? Қанақа жувон ўзи у? Бирор тасқара бўлса-чи? Йўқ, қишлоқи жувонлар кўҳлик бўлади, – хаёлидан ўтказди у ўзи ортидан кўз узолмай қараб қолган ёш аёлларни эслаб. – Аммо унга нималар дейман, қандай қўл теккизаман?”
Евгений кун бўйи ҳардамхаёл бўлиб юрди. Эртасига соат ўн иккида қоровулхонага келди. Уни эшик олдида жим қаршилаган Данила боши билан ўрмон тарафга маъноли ишора қилди. Евгенийнинг юраги дукиллаб уриб кетди, у юраги овозини эшитган кўйи ҳовли этагига қараб юрди. Аммо бу ерда ҳеч ким кўзга ташланмас эди. Ҳаммомга яқин борди – бу ерда ҳам ҳеч зоғ йўқ. Ҳаммомни кўздан кечириб, ташқари чиққан ҳамоно новданинг “қирс” этиб синган овозини эшитди. Йигит овоз келган тарафга қараган эди, жар ортидаги бутазорда бир жувонга кўзи тушди. Евгений жар оша ўзини ўша ёққа отди. Аммо жарда қичитқи ўсиб ётган экан, ҳовлиқишда буни пайқамабди – бутун бадани ачишиб-қичишди-ю, бурнидаги пенснесини ҳам тушириб, яна ортига чопиб чиқди. Жувон каштагулли оқ фартук, тўқ қизил тивит юбка, оч қизил рўмолда ялангоёқ турар, дуркун, соғлом, чиройли эди. У ўша ерда турганча, ҳайиқиброқ кулиб қарарди.
– Ўша ерда айлана сўқмоқ бор, шундан юра қолсангиз-чи, – деди у Евгенийга. – Биз келганимизга ҳийла бўлди. Йўғ-ей, кўп эмас.
Евгений жувоннинг ёнига борди, бирров кўз ташлади ва секин қўл теккизди.
Чорак соатдан сўнг улар икки тарафга қараб кетдилар. Евгений пенснесини қидириб топди-да, Даниланинг олдига кирди. Унинг “Мамнунмисиз, барин?” деган саволига жавобан индамай бир рубль узатди-да, уйига қараб кетди.
У мамнун эди. Аввалига бироз уялди. Кейин уят ўтиб кетди. Бари кўнгилдагидек эди. Энг муҳими, энди ўзини енгил, хотиржам, тетик ҳис қиларди. Жувонга эса тузукроқ разм ҳам солмади. Эсида қолгани – шу: у покиза, соғлом, кўҳлик ва оддийгина эди.
“Кимнинг хотини экан-а бу, – дер эди у ўзига-ўзи. – Данила, Пчельниковнинг дегандек бўлувди-я? Қандай одам экан ўша Пчельников? Пчельниковлар – бир эмас, икки оила. Афтидан, Михайла чолнинг келини бўлса керак. Ҳа, аниқ ўшаники. Чунки ўғли Москвада юради. Ўрни келганда, Даниладан сўрарман”.
Шу кундан бошлаб Евгенийнинг ҳаётидаги ўша кўнгилсизлик – ўзини ўзи тийилишга мажбурлаш барҳам топди. Энди ҳар хил фикрларга чалғишдан ҳам қутулиб, ўз ишлари билан бемалол шуғуллана бошлади.
Евгений бошлаб қўйган ишни енгил деб бўлмасди: унга баъзан ўзининг бу ишга иродаси етмайдигандек, охири ер-мулкини сотишга мажбур бўладигандек, бутун меҳнати чиппакка чиққани бир сира, яна ҳеч бир ишни эплолмайдиган ландовурга чиқиб қоладигандек бўлиб кўринарди. Уни ҳаммасидан ҳам шу ҳадик кўпроқ азоблар эди. Евгений энди бир тешикни ямадим деганда, бошқа ерда дарров янгиси пайдо бўларди.
Бу орада отасининг, ўзига илгари номаълум бўлган, қанча янги қарзлари чиқиб қолди. Отасиям умрининг охирида ким тўғри келса, ўшандан қарз кўтараверган кўринади. Евгений май ойида – мерос тақсимланаётганда отамнинг ҳамма қарзларини биламан, деб ўйлаганди. Бироқ ёзнинг ўрталарида унинг қўлига бир хат келиб тегди, унда отаси бева аёл Есиповадан ўн икки ярим минг рубль қарз кўтаргани битилган эди. Қарз олингани ҳақида вексель йўқ, оддий тилхат бор эди, холос. Адвокатнинг айтишича, бу тилхатни тан олмаса ҳам бўларди-ю, лекин шу важдангина отаси чиндан ҳам олган қарздан бўйин товлашни Евгений хаёлига ҳам келтиролмас эди. У фақат бу чинданам қарзми ё тагида бошқа гап борми, шуни билгиси келарди.
– Ойи, Калерия Владимировна Есипова деганлари ким ўзи? – деб сўради у онаси билан тушлик қилиб ўтиришганда.
– Есиповами? У – бобонгнинг асрандиси. Нима эди?
Евгений онасига хат ҳақида сўзлаб берди.
– Ҳайронман, наҳотки бу аёл уялмаса? Отанг унга қанча пул берган эди-я, – деди онаси.
– Ўзи қарздормизми ундан ёки йўқми?
– Буни сенга қандай айтсам экан. Қарздорликка қарздор эмасмиз-а, аммо отанг азбаройи валинеъматлигидан…
– Ҳа, бироқ отам буни ўзига бурч санарди.
– Рости, бирор йўл кўрсатолмайман. Бошим қотган. Ахир, сенга ҳозир шундоғам оғир…
Марья Павловна нима деярини ҳам билмай каловланиб турар, бу кайфияти ўғлига ҳам юққан эди.
– Бундан чиқди – қарз, уни узиш керак, – деди Евгений. – Эртагаёқ уникига бораман-да, муҳлатни узайтиринг, деб илтимос қиламан.
– Оҳ, сенга шунақаям раҳмим келяптики… Лекин, биласанми, яхшиси, унга айт: озроқ кутиб турсин. – Онаси ўғлининг қароридан кўнгли тинчиб ва ғурури жўшиб ана шундай деди.
Онаси ўғли билан бирга яшаса-да, унинг аҳволини тушунмаслиги Евгенийни ниҳоятда азоблар эди. Марья Павловна умрбўйи дабдабали яшаб ўрганганидан, бугун ёки эртага ишлар буткул орқага кетиб, ер-мулкидан ҳеч вақо қолмаслиги, ўғли бор-будини сотиб қарзларни узгач, ўзини ҳам, онасини ҳам давлат хизматидан олажак маоши ҳисобидан боқишга мажбур бўлиши, ўғлининг мавқеидаги одам учун эса бу маош йилига икки минг рублдан ошмаслигини хаёлига ҳам келтира олмасди. У ҳозирги вазиятдан фақат ҳар бир ерда харажатларни қисқартириш эвазига қутулиб қолиш мумкинлигини тушунмас, шу боисдан Евгений ҳар хил майда-чуйдалар, масалан, боғбонлар, извошчилар, хизматкорлар ва ҳатто дас­турхонга тортилажак ош-овқатлардан ҳам тежаб сарфлашга ийманаётганини пайқамасди. Бундан ташқари у, кўпчилик бева аёллар каби, марҳум эрининг хотирасини шунчалар эъзозлар эдики, унинг ўзига тириклигида бу қадар эъзоз кўрсатмаганди. У марҳумнинг қилган ишлари-ю, ўрнатган тартиблари нобоп деб топилиб, ўзгартирилиши мумкин деган фикрни эса хаёлининг яқинига асло йўлатмас эди.
Евгений боғ ва гулхонани икки боғбони, отхонани ҳам бир жуфт извозчиси билан сақлаб тураман, деб жонини жабборга берарди. Марья Павловна эса соддадилларча ошпаз чол дастурхонга тортаётган ош-овқатдан ҳам, хиёбондаги баъзи йўлкалар тозаланмай қолаётганидан ҳам, гумашталар ўрнига биттагина болакай қолганидан ҳам нолимаётганини жонфидо она ўғли учун нимаики қилиши мумкин бўлса, барини адо этишга йўяр эди. Евгений буниси энди жуда ортиб тушди-ку, дея зўрға бўйнига олган бу қарзга ҳам Марья Павловна ўғлига ўз олийжаноблигини кўрсатиш учун бир баҳонаи сабаб деб қаради. У Евгенийнинг моддий аҳволидан унча ташвишга тушмаётганининг яна бир сабаби – агар ўғлига тузуккина сепли келин топса, бари яна аввалги изига тушиб кетишига ишониши эди. Марья Павловна ўғлига айнан шундай келин топишига сира шубҳа қилмасди. У қизини Евгенийга жон-жон деб қўшқўллаб топширишга шай бир неча оилаларни биларди. Она ўғлини иложи борича тезроқ уйлантириш тараддудига тушиб қолганди.

IV

Евгенийнинг ўзи ҳам уйланишни орзу қиларди-ю, аммо унинг орзуси онасиникига ўхшамас эди. Уйланиш ҳисобидан аҳволини ўнглаб олиш унга қабиҳлик бўлиб кўринарди. У кимга бўлмасин, ҳалол йўл билан, севиб уйланишни истарди. Евгений ўзи тўқнаш келган қизларни кўз остига олар, улар ўзининг тенгими-йўқми чамалар, аммо бу борада ҳали толейи кулмай турар эди. Шу орада, ўзиям кутмаган ҳолда, Степанида билан пинҳона учрашувлари давом этар, ҳатто барқарорлашиб борарди. Евгений бузуқликдан йироқ эди, шунинг учун яшириқча иш қилаётганидан азобланар, бу қилмиши чаккилигини ҳис этар ва ҳатто илк учрашувдан кейиноқ Степанидани бошқа кўрмасликка умид боғлаган эди. Аммо бир­оз вақт ўтгач, йигит яна бетоқат бўла бошлади ва ўз аҳволини яна ўша “эски дард”дан деб билди. Бу гал энди унга ким бўлса ҳам барибир эмасди. У айнан ўша порлаб турувчи қора кўзларни, ўша паст, майин овоздаги “Йўғ-ей, кўп эмас!” деган сўзларни, ўша бадандан таралаётган ширин, ўткир ҳидни, ўша пешбандни туртиб турган дуркун кўкракни, яна буларнинг барини ўша қуёш чарақлаб турган маҳал ёнғоқ ва заранг буталари орасида кўришни хоҳларди. Ҳар қанча хижолатли бўлмасин, у яна Данила чолга мурожаат қилди. Учрашув бу гал ҳам туш пайтига, ўрмонга тайин этилди. Эндиги учрашувда Евгений жувонга тикилиброқ қаради, жувон унинг кўзига жозибали кўринди. Евгений уни гапга солиб, эри ҳақида сўради. Чиндан ҳам, эри – Михайла чолнинг ўғли экан, ҳозир Москвада извошчилик қиларкан.
– Ҳар қалай, сен нега бундай… – Евгений, эрингга хиёнат қилиб юрибсан, деб сўрамоқчи бўлди.
– Хўш, қандай қилиб экан? – деб сўради жувон. У ўзига етканча ақлли ва фаросатли эди.
– Мен билан учрашиб юрибсан дейман-да?
– Оббо, – қувноқ оҳангда сўз қотди жувон.– Эрим ўша ёқлардан бирортасини аллақачон топиб олгандир. Мен ҳам бу ердан бирортасини топиб олган бўлсам, нима қипти?
Жувоннинг ўзи шўхлик ва тегажоқлик қилиб турарди. Бу Евгенийга ёқиб тушди. Лекин шундаям жувонга учрашувни ўзи тайин қилмади. Степанида Данила чол унга кўпам ёқмаслигидан зорланиб, уни орага суқмай, ўзимиз кўришаверсак бўлади-ку, деганида Евгений бунга кўнмади. У мана шу учрашув охиргиси бўлади, деб умид қиларди. Жувон Евгенийга ёқарди. Шундай хушторликни ўзи учун зарур деб билар ва бунинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ, деб ҳисобларди. Бироқ қалбининг туб-тубида шундай бир талабчан ҳакам бор эдики, у йигитнинг бу қилмишларини асло маъқулламас ва шояд шуниси охирги марта бўлса, деб умид қиларди. У шундай деб умид қилмаган тақдирда ҳам, ҳар қалай, бу томошаларда иштирок этишни, келаси гал ҳам тағин шунга шай туришни хоҳламас эди.
Бутун ёз шу зайлда ўтди, бу орада Евгений жувон билан ўн мартача учрашди ва ҳар гал Данила чол ўртакашлик қилди. Бир гал эри Москвадан келиб қолди-ю, жувон учрашувга чиқолмади, шунда Данила Евгенийга бошқасини топмоқчи бўлди. Аммо йигит бу таклифни нафрат билан рад этди. Кейин жувоннинг эри Москвага қайтди-ю, учрашувлар яна ўша-ўша давом этаверди. Аввалига Данила ўртакашлик қилди, сўнгра Евгенийнинг ўзи тўғридан-тўғри учрашув тайинлашга ўтди. Степанида Прохорова деган хотин билан бирга келар, чунки аёл кишининг бир ўзи юриши нораво эди. Бир гал айни учрашув тайин этилган вақтда Марья Павловна ўғлига келин қиламан деб кўз остига олиб юрган қизини етаклаб яқин танишлари меҳмонга келиб қолди-ю, Евгений одоб юзасидан уларни ташлаб чиқа олмади. Лекин имкон бўлди дегунча, хирмонни бориб кўрмоқчи бўлгандек, уни ёнлаб ўтувчи сўқмоқ орқали ўрмонга – учрашув жойига шошилди. Жувон кўринмас эди. Аммо ҳар доимги жойда қаергаки қўл етса, барчаси – шумурут, ёнғоқ, ҳатто қозиқ йўғонлигидаги заранг кўчати ҳам синдирилган эди. Жувон уни кута-кута, тоқати тоқ бўлган, димоқ-фироқ қилган ва йигитга ўйноқиларча шундай хотира қолдирган эди. У турди-турди-да, эртага жувонни чақиртир, деб илтимос қилгани Данила чолнинг қоровулхонасига қараб кетди. Жувон эртасига келди-ю, ўзини ҳар доимгидек тутди.
Шу тахлитда ёз ўтди. Улар ҳар гал ўрмонда учрашарди. Аммо бир гал, куз арафасида дон сақланадиган омборхонада, унинг хилватроқ жойида бирга бўлишди. Шу учрашувлар ўзи учун бирор қадр-қимматга эгами, бу савол Евгенийнинг хаёлига ҳам келмасди. Жувон ҳақида-ку бош қотириб ўтирмасди. Қўлига пул тутқазарди-да, ўз йўлига қараб кетаверарди. Икковининг хушторлиги бутун қишлоққа ёйилгани, Степанидага бошқалар ҳасад билан қараётгани, қайнота-қайнонаси унинг қўлидан пулни олиб қўяётгани ва келинининг бу хурмача қилиғини рағбатлантираётгани, жувоннинг гуноҳ ҳақидаги тасаввурлари пул таъсири ва қайнота-қайнонасининг хайрихоҳлиги орқасида буткул чилпарчин бўлганини билмас, буни билишга ҳаракат ҳам қилмас эди. Жувон, менга одамларнинг ҳасади келяптими, демак, савоб иш қиляпман, деган фикрга келиб бўлганди.
“Фақат соғлиқ учун қиляпман-ку буни, – деб ўзини ўзи овутарди Евгений. – Хўп, бу ишимни ножўя ҳам дейлик, аммо уни ҳамма ёки кўпчилик билса ҳам, ҳеч ким маломат қилмаяпти-ку! Жувон билан бирга келиб-кетувчи хотин барини билади. Билганидан кейин бошқаларга ҳам айтмай қўймайди, албатта. Хўш, у нима қилсин энди? Бу қилмишим – хунук, – деб ўйларди Евгений. – Лекин қўлимдан нимаям келарди? Узоққа чўзилмас, ҳар қалай…”
Евгенийни хижолатга соладиган томони жувоннинг эри эди. Аввалига у жувоннинг эрини ўтакетган ёмон одам бўлса керак, деб ўйлади – бу унинг гуноҳини бир қадар оқлар эди. Бироқ жувоннинг эрини кўрди-ю, ҳайратда қотди. У шоввоз ва олифта йигит бўлиб, ўзидан ортиқ бўлса ортиқки, асло кам эмас эди. Евгений кейинги илк учрашувдаёқ жувонга унинг эрини кўргани ва шоввозлигига ҳаваси келганини айтди.
– Бунақасини қишлоқдан бошқа топиб бўпсиз, – деди жувон ғурур билан.
Бу гап Евгенийни лол қилиб қўйди. Энди жувоннинг эри борлиги уни баттар азобларди. Бир кун Данила чолнинг қоровулхонасига кириб қолганди, у суҳбат орасида бундай деб қолди:
– Бурноғи кун Михайла, барин ўғлимнинг хотини билан учрашиб юрармиш, шу гаплар ростми, деб сўраб қолди тўсатдан. Мен қаёқдан билай, деб қўя қолдим. Нафсиламрини айтганда, дедим, мужик билан бўлгандан кўра, барин билан бўлган афзалроқ.
– У-чи, у нима деди.
– Ҳай, майли, деди у: барибир, бунинг тагига етаман, келиннинг жазосини бермай қўймайман.
“Ҳа-я, эри қишлоққа қайтса, мен ҳам ундан кечардим”, деб ўйлади Евгений. Бироқ жувоннинг эри ҳамон шаҳарда юрар, икковининг учрашувлари эса тўхтамасди. “Қачон зарур бўлса, ўшанда алоқани узаман, барига нуқта қўяман”, деб ўйларди у яна.
Евгений бунга шубҳа қилмасди, чунки ёз бўйи турли-туман юмушлар – янги хуторни қуриш, буғдойни ўриб олиш, уйни эпақага келтириш, янаям муҳими, қарз-насияларни узиш ва бўш ётган тақир ерларни сотишдан боши чиқмади. Буларнинг бари шундай юмушлар эдики, улар Евгенийнинг хаёлини буткул эгаллаб олган, ётса ҳам, турса ҳам хаёли шуларда эди. Ҳаёт деганлари, аслида, шу эди ўзи. Степанида билан учрашиб юришлари эса – у буларни алоқа ўрнида ҳам кўрмасди – майда-чуйдалар эди, холос. Тўғри, жувонни кўргиси келиб қолганда, уни бу истак шунчалар бетоқат қилардики, бошқа ҳеч нарса кўнглига сиғмай қоларди. Лекин бу ҳолат узоқ давом этмас, яна учрашувга чиқишарди-ю, у жувонни бир ҳафта, баъзан бир ой ҳам эсдан чиқариб юборарди.
Евгений кузда шаҳарга тез-тез қатнаб юрди-ю, бу ерда у Анненскийлар оиласи билан яқинлашиб кетди. Анненскийларнинг бўй етган қизи бўлиб, эндигина институтни битирган эди. Худди шу ерда Марья Павловнанинг дилини сиёҳ қилган воқеа юз берди: Евгений, онасининг ибораси билан айтганда, жуда паст кетди – Лиза Анненскаяни севиб қолиб, унинг қўлини сўради.
Ана шундан кейин Степанида билан учрашувлар барҳам топди.

V

Ҳеч қайси эркак нега бошқа бир аёл эмас, айнан шу аёлни танлаганини ҳеч қачон изоҳлаб беролмаганидек, Евгений ҳам нега айнан Лиза Анненскаяни танлаганини изоҳлаб беролмас эди. Сабаблар, хоҳ ижобий, хоҳ салбий бўлсин, жуда кўп эди. Унинг Марья Павловна кўз остига олган қизлардек бой келин эмаслиги, ўз онаси – Варвара Алексеевнага таққослаганда жуда оддий ва хоксорлиги, одам кўз узолмай қолар даражада гўзал ҳам эмас-у, бироқ кўҳликкина эканлиги ана шундай сабаблардан эди. Энг асосий сабаб эса, у билан яқинлашув Евгений уйланиш учун айни етилган паллада бошлангани эди. Йигит энди уйланмасам бўлмайди, деган қарорга келгани учун ҳам севиб қолганди.
Лиза Анненская аввал-бошда Евгенийга фақат ёққанди, холос. Аммо йигит шу қиз хотиним бўлади, деган қарорга келгач, унга нисбатан анча кучли туйғуни ҳис қила бошлади. У севиб қолганини фаҳмлаб турарди.
Лиза бўйчан, озғин қиз эди. Унинг юзи ҳам, бурни ҳам, бармоқлари ҳам, оёқ кафтлари ҳам узунчоқдан келган эди. Юз териси жуда юпқа, оқ-сариқ тусда бўлиб, яноғига сезилар-сезилмас қизил ранг югурганди. Узун малла сочлари майин бўлиб, қуйилиб турар эди. Чақноқ гўзал кўзлари одамга беозор ва инониб боқарди. Евгенийни, айниқса, шу кўзлар мафтун этганди. У қачон Лиза ҳақида ўйлаб кетса, ҳар гал шу соф, ювош ва инонувчан кўзлар хаёлида гавдаланарди.
Лиза ташқи жиҳатдан ана шундай эди. Унинг ички олами ҳақида эса йигит ҳеч нима билмас, ана шу кўзлардан бошқаси уни қизиқтирмас ҳам эди. Бу кўзлар ўзи билиши керак бўлган ҳамма гапни гўё айтиб тургандек эди Евгенийга. Лизанинг кўзларига ана шундай маъно жойланган эди.
Ҳали институтдалик пайти, ўн беш ёшиданоқ Лиза бирор хушбичим йигит билан танишса, дарров уни севиб қолар, фақат севган чоғларида дафъатан жонланиб, ўзини бахтли ҳис этарди. Институтни тугатгач ҳам, ўзи танишган барча йигитларга шайдо бўлиб юрди, табиийки, у Евгенийни ҳам бир кўришдаёқ севиб қолди. Худди ўша шайдолик қизнинг кўзларига Евгенийни мафтун қилган сеҳрли ифодани бахш этган эди.
Шу йил қишда Лиза бир вақтда икки йигитга шайдо бўлиб қолганди. Улар Анненскийларни йўқлаб келгандагина эмас, шунчаки номлари тилга олинганда ҳам, қизни ҳаяжон босар, юзи қизариб кетарди. Бироқ онаси Евгенийнинг нияти жиддий эканига шаъма қилгач, унинг шу йигитга маҳлиёлиги кучайди-ю, анави икковига деярли лоқайд боқадиган бўлиб қолди. Евгений уларникидаги баллар, йиғинларга қатнай бошлагач эса, бошқалардан кўра у билан кўпроқ рақс туша бошлади. Чамаси, йигит ҳам қиз чиндан-да ўзини севадими-йўқми, шуни аниқлаштириб олиш пайида эди. Лизанинг Иртеневга шайдолиги алланечук хасталикка айлангач, қиз учун бошқа барча одамлар йўқолиб, тушида ҳам, ўнгида ҳам фақат угина кўринадиган бўлиб қолди. Йигит қизнинг қўлини сўраганда, ота-онаси бу никоҳга розилик берди, шунда қиз Евгенийга илк бўса тортиқ этиб, иккови келин-куёв деб эълон қилинди, ўшандан кейин Лизада қайлиғини ўйлашдан бошқа хаёл қолмади, қиз фақат йигит билан бирга бўлишни, уни севишу ўзиям севилишни хоҳлар эди, холос. У бўлғуси эри билан ғурурланар, унга ҳам, ўзига ҳам, севгисига ҳам меҳри авж олар, Иртеневга бўлган севгисидан тобора эс-ҳуши оғиб, кўнгли юмшаб борарди. Евгений ҳам қизни қанча кўп билгани сайин уни шунча қаттиқ севиб қолаётганди. Йигит шундай севгига муяссар бўламан, деб ҳеч қачон ўйламаганди, шунгами бу бахт унинг ҳис-туйғуларини янада кучайтириб юборганди.

VI

Баҳор арафасида Евгений ер-мулкини, янаям муҳими, тўйга ясатилаётган уйини кўздан кечириб, зарур топшириқлар бергани Семёновскийга келди.
Марья Павловна ўғли шу қизни танлаганидан норози эди. Келин унга ёқмаганидан эмас, ўғлимга янаям яхшироғини топа олардим, деб ишонганидан шу кайфиятда эди. Бўлғуси хотин қуда – Варвара Алексеевна кўнглига ўтирмагани ҳам унинг ўғлидан норози бўлишига яна бир сабаб эди. Варвара Алексеевнанинг феъл-хўйи қанақа – яхшими ё ёмонми – буни ҳали билмас, демак, ҳукм ҳам чиқара олмас эди-ю, аммо унинг виждонли, андишали, ҳалол аёл, comme il faunt, Марья Павловна иборасича, леди эмаслигини бир қарашдаёқ пайқади ва бундан дили сиёҳ бўлди. Дили шунинг учун ҳам сиёҳ бўлдики, Марья Павловна табиатан виждонлилик, андишалилик, ҳалолликни қадрлар, Евгенийнинг қалби ҳам бунга жуда сезгирлигини ҳис этар ва шу аёл ҳали ўғлининг кўнглини кўп бор оғритишини қалбан англаб турарди. Лизанинг ўзи эса Марья Павловнага ёқди. Аниқроғи, ўғлига ёққани учун унга ҳам ёқди. У энди қизни наинки ёқтириши, балки севиши ҳам керак эди. Марья Павловна бунга ҳам бажонидил тайёр эди.
Онаси Евгенийни шод, мамнун кутиб олди. У уй жиҳозларини ўзи бош-қош бўлиб, жой-жойига қўйдирган ва ўғли келинни олиб келиши ҳамоно жўнашга шайланаётган эди. Евгений онасини, биз билан қолинг, деб қисташга тушди. Аммо бу масала чала қолди. Марья Павловна оқшомда, чойхўрликдан сўнг, ҳар доимги одатича, қарта билан фол очиб, Евгений эса унга ёрдам бериб ўтирди. Она-бола ҳеч қачон шу оқшомдагидек дилдан суҳбат қурмаган эди. Бир пасьянни тугатиб, янгисини бошлар экан, Марья Павловна Евгенийга бир қараб олди-да, бироз тутилиброқ гап бошлади:
– Сенга бир гап айтмоқчи эдим, Женя. Бунга гарчи ақлим етмаса ҳам, барибир, маслаҳат берсам, дегандим. Тўй олдидан бўйдоқликдаги ҳар хил санғишларни дарҳол тўхтатиш керак. Токи бу ёғига ҳеч ким сени ҳам, Худо кўрсатмасин, хотинингни ҳам безовта қилиб юрмасин. Нима демоқчилигимни тушунгандирсан?
Дарҳақиқат, Евгений дарров фаҳмлади – Марья Павловна унинг Степанида билан элакишиб юрганига шаъма қилмоқда эди. Ҳолбуки, у ўша жувон билан алоқасини куздаёқ тўхтатганди. Онаси барча бева аёллардек бу учрашувларга керагидан ортиқча баҳо бераётганди. Евгений дув қизариб кетди. Бу қизариш уятдан эмас, ўкинчдан эди. Тўғри, Марья Павловна Евгенийни аяганидан унинг ишларига аралашяпти. Аммо, барибир, аралашмагани маъқул эди. Чунки бу масалада онаси ҳеч нимани тушунмайди, тушуниши мумкин ҳам эмас. У, одамлардан яшириқча ҳеч қандай айб иш қилмадим, ҳеч нима уйланишимга монелик қилмасин, деб ўзимни доим шундай тутдим, деб жавоб қайтарди.
– Унда жудаям соз, дўстгинам. Сен, Женя, онангдан хафа бўлиб юрма тағин, – деди Марья Павловна хижолат тортиб.
Бироқ Евгений онаси ҳали гапини тугатмагани, энг асосий гап ҳали олдиндалигини фаҳмлаб турарди. Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлиб чиқди. Орадан бир озгина вақт ўтгач, Марья Павловна ўғли шаҳарда юрганида Пчельниковлар ундан янги чақалоғини чўқинтириб беришни илтимос этиб келишгани ҳақида ҳикоя қила бошлади.
Энди Евгений ўкинч, ҳатто уятдан ҳам эмас, йўқ, онаси шу тобда ўзига айтаётган бу гапларнинг жуда масъулиятли эканини англашнинг алланечук ғалати ҳиссиётидан қизариб кетди. Бу англам Евгенийнинг ақлига бўйсунмас ва ҳатто у билан ихтилофда эди. Шунақа бўлишини кўнгли сезганди-я. Марья Павловна, ўзини суҳбатдан бўлак ҳеч қандай нияти йўқ кишидек тутиб, бу йил фақат ўғил болалар туғиляпти-я, дея ўзини ҳайрон бўлганга солди, сўнг, ишқилиб, бу урушдан нишона бўлмасин-да, деб қўшиб қўйди. Васинларникида ҳам, Пчельниковларникида ҳам тўнғич фарзанд ўғил туғилди. Марья Павловна буни хонаси келгани учунгина айтаётгандек кўринмоқчи эди-ю, аммо ўғли дув қизариб кетгани, пенснесини дам-бадам асабий ечиб шақиллатганча, яна қайта тақаётгани, шу орада папиросни ҳам устма-уст тортаётганига кўзи тушиб, ўзиям хижолат бўлиб кетди. Она жим бўлиб қолди. Ўғил ҳам мум тишлаб ўтирар, жимликни қандай бузишни билмасди. Иккови ҳам бир-бирини тушунганини англаб турарди.
– Қишлоқда, энг муҳими – адолатли бўлиш, яна тоғангга ўхшаб, баъзиларни арзанда қилиб юборма.
– Ойижон, – деди ниҳоят тилга кириб Евгений – бу гапларни нега айтаётганингизни биламан. Сиз беҳуда хавотирланяпсиз. Мен учун бўлғуси оилавий ҳаётим шу қадар муқаддаски, унга ҳеч қандай вазиятда ҳам хиёнат қилмайман. Бўйдоқлик пайтимдаги санғишларга келсак, барига нуқта қўйганман. Мен ҳеч кимга ҳеч қандай ваъда бермаганман ва менга ҳеч ким ҳеч қандай талаб қўёлмайди.
– Бундан мамнунман, – деди она.– Олийжаноб орзулар билан юрганингни биламан.
Евгений бу сўзларни онасининг енгилганига йўйди ва яна жим қолди.
Эртасига йигит шаҳарга жўнади, йўл-йўлакай қайлиғи ҳақида, дунёдаги кўп нарсалар тўғрисида ўйлаб кетди, лекин Степанидани хаёлига яқин ҳам йўлатмади. Бироқ, худди жўрттага қилгандек, худди ўша жувонни эсламоқчидек, у черков олдида тўхтади-да, бу ерга келиб-кетаётган одамларни кузата бошлади. У Матвей чол ва Семённи, йигитлар ва қизларни, яна икки аёлни учратди. Бу икки аёлдан бири қарироқ, бошқаси эса ёшроқ бўлиб, анча башанг кийинган, бошига оч-қизил рўмол ўраган, қандайдир таниш кўринар эди. У енгил ва тетик одим ташлар, қўлида бола кўтариб олганди. Евгенийнинг ёнидан ўтишаётганда қарироғи эски замонлардагидек бир дам тўхтаб, букилиб таъзим қилди, қўлида боласи бор ёшроғи эса бошини хиёл эгиб қўйди, холос. Рўмол остидан шўх кулиб боқувчи таниш кўзлар чарақлаб кетди.
“Ҳа, бу – ўша, аммо ўша учрашувларга нуқта қўйганман, энди унга қарашга ҳожат йўқ”, деб ўйлади Евгений. Сўнг бирдан “Эҳтимол, боласи ҳам мендандир, – деган фикр юрагини жизиллатиб ўтди. – Йўқ, қандай алжираш бўлди бу тағин?! Ахир, эри бор-ку бошида, ўшандан орттирган болани”. У жувон билан учрашиб юрган ўша пайтлардан бери қанча ўтганини чўтлаб ҳам ўтирмади. Евгений узил-кесил ҳал қилиб бўлганди: соғлиғим учун зарур бўлганидан шу ишни қилганман ва бу хизмати учун жувонга ҳақини тўлаб қўйганман, тамом-вассалом. Ўзи билан шу жувон ўртасида ҳеч қандай алоқа йўқ, бўлмаган, бўлмайди, бўлмаслиги ҳам керак. Евгений виждон овозини босиб қўйишга уринмасди, чунки виждони лом-мим демаётганди. У онаси билан очиқчасига гаплашгани ва жувон билан қўққис тўқнашганидан сўнг ҳам уни бирор марта эсга олмади. Шундан кейин унга бирор марта юзма-юз ҳам келмади.
Пасхадан кейинги дастлабки якшанба – Красная Горка байрамида Евгений шаҳарда никоҳдан ўтди-да, ёш хотини билан дарҳол қишлоққа жўнади. Уй, одатда, янги келин-куёвларга қандай ҳозирланса, шундай ҳозирланган эди. Марья Павловна шаҳарга кетмоқчи бўлган эди, Евгений, янаям асосийси, Лиза, шу ерда қолинг, деб ялиниб туриб олди. У келин-куёв билан бирга қолди, аммо уйга тақаб қурилган ёндош бинога кўчиб ўтди.
Шу тариқа Евгенийнинг янги ҳаёти бошланиб кетди.

VII

Оила қурганларининг биринчи йили Евгений учун қийин кечди. Қийин кечишига сабаб – у никоҳдан ўтиш ташвишлари билан юрганида орқага сурилган барча юмушлар энди, тўйдан сўнг унинг бошига бирдан ёпирилганди.
Қарз балосидан қутулишнинг сира иложи йўқ эди. Далаҳовли сотилди, ошиғич қарзларни узди, аммо ҳалиям насиялар бор-у, пул эса йўқ эди. Ер-мулк туппа-тузук даромад келтирарди-ю, аммо акасига пул жўнатиши, тўй чиқимларини ҳам қоплаши зарур эди. Пул йўқ бўлса, завод ҳам юрмас, униям тўхтатишга тўғри келарди. Бу тангликдан қутулишнинг биргина йўли хотинининг пулларини ишлатиб туриш эди. Лиза эрининг аҳволини тушуниб етди-ю, ўзи шуни талаб қила бошлади. Евгений бунга рози бўлди, лекин бир шарт қўйди: ер-мулкининг ярмини хотинининг номига васиқа қилиб беради. У ана шундай қилди ҳам. Аммо буни хотини учун қилгани йўқ, чунки Лизага бу иши ҳақорат бўлиб кўринарди. У қайнонасининг кўнгли тинч бўлиши учун шу йўлни танлади.
Бир томондан, хўжалик ишлари гоҳ илгари босиб, гоҳ ортга кетиб, Евгений оила қурган дастлабки йилни заҳар-заққумга айлантирса, бошқа томондан, Лизанинг соғлиғи ёмонлашиши дард устига чипқон бўлди. Улар бир ёстиққа бош қўйган йилда, тўйдан етти ой ўтиб, кузда Лизага бало-қазо ёпишди. У шаҳардан қайтаётган эрини кутиб олгани якка от қўшиладиган икки ғилдиракли аравада йўлга чиқди. Ёввошгина от бирдан ўйноқилаб берди-ю, Лизанинг юраги қинидан чиққудек бўлиб, ўзини аравадан ерга отди. Хайриятки, унга шикаст етмади, агар этаги арава ғилдирагига ўралашиб қолса, ўшанда кўрардингиз ҳақиқий фалокатни! Аммо Лизанинг қорнида ҳомиласи бор эдики, ўша кечанинг ўзидаёқ уни дард тута бошлади. Охири эса бола ташлаб қўйди-да, анчагача ўзига келолмай юрди. Тўнғичини бой бериб қўйиши, хотинига дард ёпишиши, оқибатда ҳаёти тўс-тўполон бўлиб кетиши, янаям беш баттари, Лиза бетоб бўлгани ҳамоно қайнонаси етиб келиши – буларнинг бари Евгенийга бу йилни чандон оғирлаштирди.
Бироқ, шундай оғир аҳволига ҳам қарамай, дастлабки йил охирида Евгений ўзини дуппа-дуруст ҳис этарди. Биринчидан, унинг путурдан кетган хўжаликни яна оёққа қўйиш, бобосининг ҳаёт тарзини янгитдан тиклаш ҳақидаги ардоқли орзуси, гарчи қийинчилик ва секинлик билан бўлса-да, ушалиб бормоқда эди. Энди қарзлардан қутулиш учун бутун ер-мулкни савдога қўйиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Гарчи тенг ярми хотини номига васиқа қилиб берилган эса-да, асосий ер-мулк сақлаб қолинган, агар лавлаги ҳосилининг чўғи ва унинг бозордаги нархи бинойидек бўлиб берса, келаси йилга ўтиб, муҳтожлик ва танглик барҳам топишини, унинг ўрнини тўкинчилик ва хотиржамлик эгаллашини кутса бўларди. Бу – Евгенийнинг ўзини дуппа-дуруст ҳис этишининг фақат бир сабаби эди, холос.
Яна бошқа сабаби шу эдики, у хотинининг жуда кўп фазилатларга эгалигини билар эди-ю, аммо ундан айнан шу фазилатни топаман, деб сира ўйламаган эди. Бу унинг кутган нарсаси эмасди-ю, аммо кутганидан ҳам зиёда эди. Гарчи Евгений ҳар қанча ҳаракат қилса ҳам, ўзи билан Лиза ўртасида бир-бирини ҳаяжон билан жўшиб суйиш кузатилмас, кузатилса ҳам суст кузатилар эди. Бироқ улар орасида бутунлай бошқа муносабат кузатилдики, яшаш наинки қувноқроқ, ёқимлироқ, ҳатто енгилроқ бўлиб қолди. Евгений нима сабабдан бундай бўлганини билмас, лекин шундай бўлгани мутлақо ҳақиқат эди.
Бунга сабаб шу эдики, Лиза никоҳдан ўтган заҳотиёқ Евгений – дунёдаги барча одамлар ичида энг аълоси, ақллиси, ҳалоли, олийжаноби, демак, барчанинг бурчи Евгенийга хизмат қилиш ва унинг кўнглига ёқиш, деган қарорга келиб бўлди. Аммо бунга барчани мажбур қилиб бўлмас, бинобарин, ўзи кучи етганича шунга ҳаракат қилиши лозим эди. Лиза бунинг уддасидан чиқди ҳам, чунки унинг бор руҳий қуввати эри нимани яхши кўришини аниқлаш, сўнг у нима бўлса ҳам, қанча қийин бўлса ҳам, бажо келтиришга қаратилган эди.
Лизада хотин зотини эрининг кўзига ғоят жозибадор қилиб кўрсатувчи бир хислат бор эди. Бу – эрини севгани боис унинг қалбини худди кафтидагидек кўриши эди. Лиза Евгенийнинг руҳиятидаги ҳар қандай ҳолатни, унинг ҳис-туйғуларидаги ҳар қандай ўзгаришни эрининг ўзидан-да яхшироқ пайқар ва шунга қараб иш тутар, ҳеч қачон унинг ҳис-туйғуларини таҳқирламас, аксинча, ҳар доим қайғусини аритиш, қувончини оширишга ҳаракат қиларди. У эрининг нафақат ҳис-туйғулари, балки ўй-фикрларини ҳам шундай тушуна оларди. У ўзига бутунлай ёт бўлган қишлоқ хўжалиги ва завод асбоб-ускуналари, булардан ҳам ортиб баъзи одамларнинг феъл-хўйигача дарров фаҳмлаб олар ва Евгенийга наинки суҳбатдош, балки, эриям тан олиб айтганидек, фойдали, беназир маслаҳатгўй ҳам бўлар эди. У ҳар бир одам, ҳар бир нарса ва ҳар бир ҳодисага Евгенийнинг кўзи билан қарарди. Лиза онасини жуда яхши кўрса-да, Евгенийга қайнонасининг келин-куёв ҳаётига аралашиши ёқмаётганини кўргач, дарров эри тарафга шунчалар қатъият билан ўтиб олдики, ҳатто Евгенийнинг ўзи Лизанинг ҳовуридан бироз тушириб қўйишга мажбур бўлди.
Буларнинг устига, дид, муомала ва асосийси, ювошликда ҳеч ким унга тенглаша олмас эди. Лиза ҳар қандай юмушга уннамасин, бошқалар буни пайқамай қолар, фақат унинг меҳнати самараси, яъни ҳар ерда тозалик, тартиб ва нафосатга кўзи тушар эди, холос. У эрининг ҳаётдаги орзусини дарров фаҳмлаб олди-ю, уйни жиҳозлаш ва саришта тутишда Евгений нимани хоҳласа, ўшани муҳайё қилишга киришди ва бунинг уддасидан ҳам чиқди. Лизага биргина бола етишмай турар, аммо бола кўришига ҳам шубҳа қилмасди. Қишда Евгений акушер кўригидан ўтказиш учун хотинини Петербургга олиб борди, акушер Лизани соппа-соғ деб топди ва бемалол бола кўрса бўлади, деди.
Бу орзу ҳам ахийри ушаладиган бўлди, йил охирида Лиза яна ҳомиладор бўлди.
Гарчи икковининг бахтини оғуламаса ҳам, аммо бунга соя солиб турган ягона нарса бу – Лизанинг рашки эди. У рашкини ичига ютар, сиртига чиқармасди-ю, лекин шундан кўп сиқиларди. Евгений бирорта аёлни севиб қолиши мумкин эмас, чунки унга муносиб аёлнинг ўзи бу дунёда йўқ ( эрига ўзи муносибми ёки йўқми, бу саволни эса ҳеч қачон бериб кўрмаганди), шу сабаб бирорта аёл ҳам унинг эрини севиб қолишга журъат этмаслиги лозим эди.

VIII

Келин-куёв бир тартибда яшарди: Евгений ҳар куни уйқудан барвақт уйғонар, хўжалик ва заводдаги аҳволни бориб кўрар, баъзан далага йўл оларди. Соат ўнларда қаҳва ичгани уйига қайтарди. Қаҳвани айвонда Марья­ Павловна, бу ёз уларникида яшаб турган тоғаси ва Лиза билан бирга ичарди. Қаҳва устидаги гангур-гунгур суҳбатдан сўнг ҳамма тушликкача ажралар эди. Соат иккида тушлик овқат тортиларди. Сўнг ҳазми таом учун пиёда ёки извошда сайр қилиб келишарди. Евгений оқшомда идорадан қайтгач, кечки чойхўрликка ўтиришар, баъзида у бирор китобни овоз чиқариб ўқиб берар, Лиза эса юмушларига уннар ёки роялда куй чаларди, уйда меҳмонлар бўлса, узоқ гурунглашиб ўтиришарди. Евгений иш билан шаҳарга кетганда Лизага ҳар куни хат ёзар, ўзи ҳам ундан кун сайин хат оларди. Баъзан Лиза Евгенийга ҳамроҳ бўлиб борар, шунда сафар, айниқса, қувноқ кечарди. Эр-хотиннинг туғилган кунларида уй меҳмонлар билан тўлар, Лиза улар яйраб ўтириши учун барча ишни эпчил тиндиришидан Евгенийнинг кўнгли ҳузурланар эди. У катта-кичик барчаси ёш, ёқимтой бекага маҳлиё бўлиб қарашини кўриб, уни янада кўпроқ севиб қоларди. Хуллас, бари ажойиб эди. Лиза бошқоронғиликни анча енгил ўтказди, ҳар иккиси ҳам, гарчи сал чўчиброқ бўлса-да, болани қандай тарбиялаш ҳақида режа туза бошлашди. Қайси тарбия усулларини танлашни Евгенийнинг бир ўзи ҳал қилди, зеро, Лиза унинг истагини сўзсиз ижро этишга астойдил рози эди. Евгений тиббиётга оид бир талай китобни ўқиб чиқди-да, болани фаннинг барча талабларига риоя этиб тарбияламоқчи бўлди. Лиза унинг фикрини маъқуллади-да, ҳам ёзбоп, ҳам қишбоп йўргаклар тикишга, беланчакни ҳозирлашга уннади. Шу тариқа, оила қурганларининг иккинчи йили, иккинчи баҳори кириб келди.

IX

Троица куни арафасида бир воқеа юз берди. Лиза юкли бўлганининг бешинчи ойи эди. У ўзини кўпам уринтирмаса-да, аммо қувноқ ва тийрак эди. Ҳар икки аёл қуда ҳам Лизага кўз-қулоқ бўлиб туриш учун шу ерда яшар, бир-бирига пичинг гап отиб, нуқул унинг ҳаловатини ўғирларди. Евгений хўжалик ишларига боши билан шўнғиб кетган, лавлаги парваришидан ташвишга ботиб юрарди.
Троица куни арафасида Лиза уйни бир сидра тозалаб чиқишга қарор қилди, чунки Пасхадан бери бу ишга ҳеч қўли тегмаган эди. Пол ва деразаларни ювиб артиш, мебель ва гиламларни қоқиб тозалаш, ғилофларни тақишда хизматкорларга ёрдам беради деб кунбайга икки аёлни ёллади. Улар тонг саҳарда келди-ю, чўян печкада сув иситиб, ишга киришиб кетди. Икки жувондан бири Степанида эди. У эндигина чақалоғини кўкракдан чиқариб, идора мирзасининг олдига югургилаб келди-да, пол ювгани мени юборинг, деб ялиниб туриб олди. У бариннинг ёш хотинини яқиндан кўриб олмоқчи эди. Степанида ҳалиям аввалгидек эрсиз яшар, дастлаб уни ўтин билан тутиб олган Данила чол, кейин барин, энди эса идорадаги шу ёшгина мирза билан ўйнашиб юрарди. У баринни аллақачон хаёлидан чиқариб юборган эди. “Унинг энди хотини бор, – деб ўйларди у. – Ёш бекани кўришни эса шунақаям хоҳлаяпманки! Эшитишимча, уйини хўб чиройли безатган эмиш”.
Евгений Степанидани қўлида боласи билан учратгандан буён бошқа кўрмаган эди. Жувон чақалоғи бўлгани учун ҳам кунбай ишлашга чиқмас, бариннинг эса қишлоққа онда-сонда оёғи етарди. Хуллас, Троица куни арафасида Евгений соат бешда, каллаи саҳарлаб уйғонди-да, кузда бегона ўтлардан тозалаш учун ҳайдаб қўйилган, аммо баҳорда уруғ сепилмай, дам берилган далага қараб йўл олди. Бу далага фосфорит септиришни мўлжаллаб қўйган эди. У уйдан чиққан пайтда жувонлар дошқозонда сув иситиш учун ҳовлидаги печ ёнида куймаланиб юрарди.
Евгений нонуштага қорни очқаб, аммо шод ва мамнун қайтди. У дарвоза олдида отдан тушди-да, жиловни ўзига пешвоз чиққан боғбонга тутқазиб, бел баравар бир ўтни қамчи билан савалаганча, ҳар доимги одатига кўра, бир айтган гапини яна такрорлаб, уйга қараб юрди. Бу галги шундай жумласи “Фосфоритлар ўзини оқлайди”, деган гап бўлиб, улар нимани оқлайди, кимнинг олдида оқлайди, буни ўзиям билмас, ўйлаб ҳам ўтирмас эди. Майсазорда гиламларни қоқиб тозалашар, мебеллар ташқарига чиқариб қўйилган эди.
“Оббо Лизаси тушмагур-ей, астойдил киришибди-ку тозалашга! Фосфоритлар ўзини оқлайди. Бека дегани мана шундай бўлса-да! Киройи бека! Ҳа, киройи бека, – дея у ўзига-ўзи гап уқтириб борар ва хотинини уй ичида кийиладиган одми оқ кўйлакда, юзи қувончдан ял-ял ёнган бир суратда кўз олдига келтирар эди. – Ҳа-я, этигимни алмаштиришим керак, акс ҳолда, фосфоритлар ўзини оқлайди, йўғ-ей, ундан тезак ҳиди анқияпти. Бекачанинг аҳволи эса бунақа бўлса! Ҳа-я, бекачанинг аҳволи нега энди бунақа? Чунки қорнида жажжигина Иртенев ўсяпти. Ҳа, фосфоритлар ўзини оқлайди”. Евгений миясига келган бу фикрдан жилмайганча, хонасининг эшигига қўл узатди. Аммо уни итармасидан бурун эшик ичкаридан очилиб кетди-ю, этагини белига қистирган ва енгини тирсагигача шимарган кўйи, пақир кўтариб чиқиб келаётган оёқяланг жувонга тўқнаш келди. У жувонни ўтказиб юбориш учун ўзини четга олганди, жувон ҳам баринга йўл бўшатиб, ҳўл қўли билан сирғалиб тушган рўмолини тўғрилаганча, четга ўтиб турди.
– Ўт, ўтавер, сен ўтмагунча… – Евгений шундай деб сўз бошлади-ю, жувонни таниб қолиб бирдан тўхтади.
Жувон кўзлари порлаб, унга шўх қараш қилди. Сўнг ҳимарилган этагини туширди-да, эшикдан ташқари чиқди.
“Бу қанақа бемаънилик? Нима деган гап бу? Бўлиши мумкин эмас”, дея кўнглидан ўтказди Евгений жувонни қўққис кўриб қолганидан норози бўлганча, қовоқ-тумшуғи осилиб ва пашша ҳайдаётгандек уст-бошини қоқиб. У жувонни шунчаки кўриб қолганидан эмас, бу-ку майли-я, унинг бор гавдасини силкитиб эпчил, кучли одим ташловчи яланг оёқларидан, билаклари, елкаси, кўйлагининг чиройли бурмасию оппоқ болдирларидан сал тепада ҳилпиллаган қизил тивит юбкасидан кўз узолмай қолганидан норози эди.
“Нега қараяпман ўзи, – деди у ўзига-ўзи жувонга боқмаслик учун кўзини ерга қадаб. – Ҳа-я, ичкарига кирмасам бўлмайди, бошқа этигимни олишим керак”. У шундай деб ўз хонасига йўналди. Аммо бир-икки қадам ҳам босмай, жувонни яна бирров кўриб қолиш учун орқасига қайрилиб қаради. Жувон шу пайт бурчакка етиб борди-ю, у ҳам Евгенийга ўгирилиб боқди.
“Оҳ, нималар қиляпман ўзи, – дея ҳайқириб юборди Евгений кўнглида. – Мени унутмабди-да, деб ўйламайдими? Балки аллақачон шундай деб ўйлагандир ҳам”.
Евгений ҳали поли қуримаган хонасига кирди. Жувоннинг шериги – қари, ориқ хотин ҳали ҳам шу ерда эди – пол юварди. Евгений кир сув ҳалқобланган жойлардан оёқ учида ҳатлаб ўтиб, жавондан этигини олди-да, энди чиқаман деб турган эди, анови хотин эшикка қараб йўналди.
“Буниси чиқса, анависи – Степанида ёлғиз киради”, дея тилга кирди кўксида аллақандай овоз.
“Эй Худойим! Бу – нима хаёл, бу – нима қилиқ!” У ўз-ўзига шундай деганча, этигини чангаллади-да, даҳлизга югуриб чиқди, шошиб этигини кийди, уст-бошини қоқди ва айвонга ўтди. Бу ерда онаси ва қайнонаси қаҳва ичиб ўтиришарди. Лиза, табиийки, эрини кутарди. У Евгений билан бир пайтда бошқа эшикдан айвонга кириб келди.
“Эй Худойим! У мени шунақаям ҳалол, софдил, бегуноҳ деб ўйлайдики, агар билиб қолса борми!..” – деган аламли фикр ўтди унинг хаёлидан.
Лиза уни ҳар доимгидек юзи ял-ял ёниб кутиб олди. Бироқ у энди Евгенийга рангпар, захил, новча ва нимжон бўлиб кўринди.

Х

Қаҳва устида, ҳар кунги одатга мувофиқ, яна аёлларга хос ўша суҳбат бордики, унда ҳеч қандай мантиқий боғлиқлик йўқ эди. Лекин, чамаси, уни бошқа бир нима боғлаб турардики, суҳбат ҳеч ҳам узилмай давом этарди.
Ҳар иккала хоним ҳам бир-бирига тинимсиз пичинглар отар, Лиза эса икки орада бир амаллаб жон сақлар эди.
– Сен даладан қайтгунча, хонангни ювдириб қўёлмадим, бундан жуда хижолатдаман, – деди у эрига. – Ҳамма жойни битта қолдирмай тозалатсам, дейман.
– Мендан кейин ухладингми ўзи?
– Озроқ мизғиб олдим, аҳволим – яхши.
– Шу жазирама иссиқда унингдек юкли аёлнинг аҳволи қандай қилиб яхши бўлсин, тағин деразага ҳеч вақо тутилмаган бўлса, – дея гапга аралашди Лизанинг онаси Варвара Алексеевна.– На ичдан дарпардаси бор, на ташдан соябончаси. Бизникида доим соябонча бўлгич эди.
– Қўйсангиз-чи, бу ерга соат ўндаёқ соя тушади-ку, – дея сўз билан чимчилаб олди Марья Павловна қудасини.
– Худди шундан келиб чиқади-да безгак. Худди шу рутубатдан, – деди Варвара Алексеевна ҳозиргина ўзи айтган гапнинг буткул тескарисини айтаётганига парво ҳам қилмай. – Бизнинг доктор беморнинг феъл-атворини билмай туриб, унинг касалини аниқлаб бўлмайди, деб уқтиради. Агар билмаса, бундай демасди, ахир, у – энг ўткир шифокорлардан, биз унга юз рубль маош тўлаймиз. Марҳум эрим докторларга ҳечам ишонмасди, аммо мендан ҳеч вақт ҳеч нимани қизғонмаган.
– Хотинининг ҳам, боласининг ҳам ҳаёти шунга қараб қолса, қайси эркак қизғониб ўтирарди…
– Ҳа-да, агар хотиннинг қўлида маблағи бўлса, эрига муҳтож бўлиб қолмайди. Яхши хотин эрига итоатда бўлади, – деди Варвара Алексеевна, – Фақат Лиза касалдан турганидан бери сал камҳолроқ.
– Ундай деманг, ойижон, туппа-тузукман. Дарвоқе, сизга ҳали қаймоқ тортишмадими?
– Қаймоқ шарт эмас. Пишлоқнинг ўзи етарли.
– Варвара Алексеевнадан сўровдим, ўзлари рад этдилар, – деди Марья Павловна келини олдида ўзини оқлаб.
– Э-э, қўявер, кераги йўқ энди! – Варвара Алексеевна нохуш мавзуга якун ясаш учун ўзини олийжаноблик билан ён бергандек тутиб, энди Евгенийга юзланди:
– Хўш, қалай, фосфоритларни сепиб олдингизми?
Лиза қаймоқ олиб келгани чопди.
– Қаймоқ егим йўқ, дедим-ку сенга!
– Лиза! Лиза! Секинроқ, – дея тергади келинини Марья Павловна. – Сенга бунақа чопиш зарарли!
– Кўнгил хотиржам бўлса, ҳеч нарса зарарли эмас, – дея гапга аралашди яна Варвара Алексеевна гўё бир нимага шаъма қилаётгандек. Лекин унинг ўзи ҳам бу гапи ҳеч нимага шаъма қилмаслигини жуда яққол билиб турарди.
Қаймоқ кўтариб, Лиза кирди. Евгений қаҳвасини ҳўплаганча, тунд қиёфада ўтирарди. У бунақа суҳбатга одатланиб кетган бўлса-да, аммо шу тобда қаттиқ жаҳли чиқиб борарди. У боягина юз берган воқеани бир сидра ўйлаб олсам дер, пойма-пой гаплар эса бунга халақит берарди. Варвара Алексеевна қаҳвасини охиригача ичди-ю, лекин дили, барибир, хуфтон бўлиб чиқиб кетди. Лиза, Евгений ва Марья Павловна ёлғиз қолишди. Бу ёғига суҳбат енгил, ёқимли давом этди. Аммо севги боис кўнгли сезгир бўлиб қолган Лиза эрига нимадир азоб бераётганини дарров пайқади ва ундан “Бирор нохушлик юз бермадими, ишқилиб”, – деб сўради.
Евгений бундай саволни кутмаган эди, шунинг учун “Ҳеч қанақа нохушлик бўлгани йўқ”, дейишдан олдин бироз довдираб қолди. Бундай жавоб эса Лизани баттар хавотирга солиб қўйди. Евгенийни нимадир азоб­лар, қаттиқ азоблар, сутга тушган пашша қанча аниқ кўринса, Лиза ҳам буни шундай аниқ кўриб турар, аммо эри унга дилини ёрмасди.

XI

Нонуштадан сўнг ҳамма тарқалди. Евгений ҳар сафарги одатича, кабинетига йўл олди. Бу ерда у на хатларни ўқиди, на уларга жавоб ёзди, фақат креслога чўкканча, устма-уст папирос тутатиб, ўйга чўмди. Кўнглида ўша булғанч туйғу яна қўққис бош кўтариб қолгани Евгенийни ҳам ҳайрон қолдирар, ҳам қийноққа солар эди. Ҳолбуки, у уйланганидан буён ўзини бу куч чангалидан озод ҳисоблаб юрарди. Евгений ўшандан буён бу туйғуни на анави таниш жувонга нисбатан, на ўзга бирорта хотинга нисбатан туймаган, фақат ҳасми ҳалоли – Лиза бундан мустасно эди, холос. У ўзининг бундай озод бўлганидан неча марта кўнглида қувонган эди. Аммо Степанида билан тасодифан тўқнаш келиб қолиш, бу воқеа гарчи арзимасдек бўлиб кўринса-да, унинг ҳали ҳам озод бўлолмаганини исботлаб қўйди. Евгенийни яна ўша булғанч туйғуга бўйсунаётгани, яна ўша қишлоқи жувонни хоҳлаётгани эмас – йўқ, унинг бу ҳақда ҳатто ўйлагиси ҳам келмасди – балки шу ҳиссиёт ҳали ҳам қалбида тирик қолганию бунга қарши ҳушёр туриши зарурлиги азобга соларди. Бу туйғуни тийиб тура олишига эса ҳозир ҳам шубҳа қилмасди.
Евгений ҳали жавоб ёзмаган битта мактуб ва тўлдириб жўнатмаган битта ҳужжат бор эди. У стол ёнига ўтирди-да, ёзув-чизувга тутинди. Бу машғулотни тугатгач эса, бояги азобли ўйларни ҳам унутиб, отхонага бориш учун кабинетидан чиқди. Яна худди аксига олгандек ёки жўрттага қилгандек, эндигина зинапояга етганди, бурчакдан ўша тўқ қизил тивит юбка билан оч қизил рўмол чиқиб келди-да, қўлларини силкитиб дадил юрганча, Евгенийнинг ёнидан ўтиб кетди. Боз устига, у бариннинг ёнидан шунчаки ўтмади, балки ноз-карашма қилгандек, ўйноқилаб, чопқиллаб ўтди-да, шеригига етиб олди.
Евгенийнинг хаёли қаъридан кун чарақлаб турган туш маҳали, аъзойи баданини ачиштирган қичитқи ўти, қоровулхона ҳовлисининг этаги, заранг дарахти соясида оғзида япроқни тишлаганча, ўзига кулиб қараб турган жувон сиймоси қалқиб чиқди.
“Йўқ, буни шундай қолдириб бўлмайди, – деди у ўзига-ўзи ва жувон кўздан ғойиб бўлгунча кутиб тургач, тўғри идорага қараб кетди. Туш пайти бўлганидан ишбошини шу ердан топаман, деб ўйлаганди. У ҳақиқатдан ҳам идорада экан. Ишбоши бироз мизғиб олган-у, ҳозиргина уйғонгани кўриниб турарди. У оёқда турганча, гоҳ керишиб, гоҳ эснаб, молбоқарнинг арзи ҳолини тингларди.
– Василий Николаевич!
– Лаббай, барин!
– Сиз билан гаплашиб олсам, дегандим.
– Буюринг, барин!
– Майли, суҳбатингизни тугатиб олинг.
– Ўзинг олиб кела қолсанг-чи? – деб ўсмоқчилади Василий Николаевич молбоқарга.
– Қийин-да, Василий Николаевич.
– Нима гап ўзи? – деб сўради Евгений.
– Сигир яйловда болалаб қўйибди. Майли, ҳозироқ отни аравага қўшишни буюраман. Николайга айт, Лисухани аравага қўшсин, ўлик ташиладиган аравага бўлсаям қўшсин!
Молбоқар чиқиб кетди.
– Сизга айтсам, – дея қизариб-бўзариб гап бошлади Евгений. – Сизга айтсам, Василий Николаевич, бўйдоқлик пайтимда баъзи гуноҳ ишлар қилиб қўювдим… Балки ўзингиз ҳам эшитгандирсиз…
Василий Николаевич жилмайиб боқди-да, баринни аяган оҳангда сўради:
– Степашкани назарда тутяпсизми?
– Ҳа-да! Сиздан илтимос, энди уни бизникига кунбай ишга ёлламасангиз… Ўзингиз биласиз-ку, жуда хижолат тортяпман…
– Ҳа, кўриниб турибди. Ваня жўнатган-да уни.
– Сиздан илтимос… Ҳа, айтмоқчи, фосфоритнинг қолганини сепишяптими? – дея гапни бошқа мавзуга бурди Евгений хижолатдан қутулиш учун.
– Ҳозироқ ўша ёққа жўнайман.
Шу билан иш ҳал бўлди. Евгенийнинг кўнгли тинчиди: жувон билан учрашмай бир йил яшади, бу ёғи ҳам худди шундай яшайверади. “ Василий бояги гапимни Иванга, Иван эса жувонга етказади, шунда жувон уни кўришни хоҳламаслигимни тушунади”, дерди ўзига-ўзи Евгений. У ҳар қанча оғир бўлмасин, ўзида ирода топиб, Василийга бор гапни айтганидан мамнун эди. Ҳа, шунақа гумонда қоврилгани, шунақа уятда азобланганидан ҳар нимаики бўлса, ўша дуруст”. У Лизага ҳатто хаёлан бўлсин, ҳиёнат қилишдан титраб кетди.

XII

Уятни енгиб, Василий Николаевичга бор гапни айтганидан Евгенийнинг дили таскин топди. Унинг наздида, гўё барча фалокат ортда қолгандек эди. Лиза ҳам эрининг жуда хотиржам ва мамнун бўлиб қолганини пайқади. “Оналаримиз бир-бирига тинмай пичинг отиши дилини хуфтон қилган, шекилли. Евгенийдек таъсирчан ва олийжаноб одамга адоват ва беодоблик билан отилган пичингларга чидаш осонми?” деб ўйлади Лиза.
Эртасига Троица куни эди. Ҳаво ажойиб келгани боис қишлоқ хотинлари, ҳар сафаргидек, гулчамбар ясагани ўрмонга боратуриб, бариннинг уйи олдида тўхтадилар-да, қўшиқ айтиб, рақсга туша кетдилар. Марья Павловна ва Варвара Алексеевна ҳам байрамбоп кўйлакларини кийиб, қўлларида соябон тутиб, эшик олдига чиқишди-да, давра ясаб, вақтичоғлик қилаётган хотинларга яқинлашишди. Бу ёз Евгенийникида яшаб турган хотинбоз, ароқхўр, хомсемиз тоғаси ҳам улар билан бирга чиқди.
Ҳар галгидек, ёрқин рангли кўйлаклар кийган ёш қиз ва жувонлар энг ўртада доира ясаган бўлиб, унинг атрофида эса, гўё сал нарида айланаётган сайёра ва йўлдошлар каби, гоҳ қизалоқлар бир-бирининг қўлини ушлаганча, янги чит сарафанларини ҳилпиратиб, гоҳ болакайлар нимадандир пиқ-пиқ кулганча, бир-бирининг ортидан у ёқдан-бу ёққа чопқиллаб, гоҳ бурмали кўк ё қора камзул, қизил кўйлак ва картуз кийган йигитчалар басма-басига писта пўчоғини туфлаб, қишлоқ хотинлари даврасини четдан томоша қилар, бариннинг қаролларию бегона кишилар ҳам шу ерда ўралашиб юрарди. Икки бегойим энг ўртадаги давра ёнига келди. Устига кўк кўйлак кийиб, пешонасига кўк тасма боғлаган Лиза ҳам улар ортидан эргашди. Унинг тирсигидан букилган узун оппоқ қўллари кўйлагининг кенг енглари ичидан кўриниб турарди.
Евгенийнинг бу томошага ҳуши йўқ эди-ю, аммо беркиниб ўтирса ҳам кулгига қоларди. Шунинг учун папиросини тутатганча, эшик олдига чиқди, болалар ва эркаклар билан салом-алик қилгач, улардан бири билан суҳбатлаша кетди. Бу пайтда хотинлар овозини баралла қўйиб, ашула айтар, гоҳ бармоқларини қарсиллатиб, гоҳ қарсак чалиб, ўйинга тушар эди.
– Барин, сизни чақиришяпти, – деди бир болакай Лизанинг овозини эшитмай қолган Евгенийнинг ёнига чопқиллаб келиб. Лизага бир жувоннинг рақси жуда ёқиб қолган-у, буни эрим ҳам кўрсин деб уни чақираётганди. Ўша жувон эса – Степанида эди. У эгнига сариқ сарафан, унинг устидан эса духоба нимча кийиб, бошига шойи рўмол ўраган, сербар, жўшқин, соғлом ва қувноқ эди. Чамаси, у ўйинни ростдан ҳам қойиллатмоқда эди. Бунга баҳо бергани Евгенийда уқув камроқ эди.
– Ҳа шундай, ҳа шундай, – дерди у пенснесини гоҳ ечиб, гоҳ тақиб. – Балли, балли!
“Бундан ҳечам қутула олмайдиганга ўхшайман”, дерди айни чоғда Евгений кўнглида.
У Степанидага боқмасликка интилар, унинг жозибасидан қўрқар эди. Шу сабабми, бирров кўзига илинганлариям уни янада жозибадор кўрсатарди. Жувоннинг чақноқ кўзлари: “Барин менга зимдан қараяпти, мендан завқ-шавқ оляпти, буни кўрмай ўлибманми?” дея унсиз сўйларди. Евгений одоб юзасидан қанча вақт туриши лозим бўлса, шунча вақт турди-да, Варвара Алексеевна жувонни ёнига чақириб, бесўнақай ҳаракат билан ясама оҳангда “Азизам”, дея сўз бошлагач, ортига қайрилди-ю, улардан нари кетди. Евгений шу кетишда уйга кирди. У жувонга қарамай деб, уйга қочиб кирганди. Аммо юқори қаватга кўтарилди-ю, нега бундан қилаётганини ўзи ҳам англамай, дераза олдига борди ва қишлоқ хотинлари уй ёнида қанча вақт турса, шунча вақт деразадан узоқлашмади – жувондан кўз узмади, унга боқиб дили яйради.
Сўнг бирортаси кўриб қолмасидан бурун деразадан нари кетди-да, секин қадам ташлаганча, балконга чиқди. Бу ерда папирос тутатди-ю, ўзини сайрга отлангандек кўрсатиб, боғнинг жувон кетган тарафига йўл олди. Хиёбонда икки қадам ҳам ташламаган эдики, ўша духоба нимча, сариқ кўйлак ва қизил рўмол дарахтлар орасидан лип этиб ўтди. Жувон ёнида бир аёл билан кетиб борарди: “Қаёққа кетишаётган экан-а?”
Евгенийни бирдан шаҳвоний нафс ўртаб юборди, биров юрагини кафтига олиб сиқаётгандек эди. У ёт бир иродага бўйсунганча, атрофга олазарак назар ташлади-да, жувон томон юриб кетди.
– Евгений Иванич! Евгений Иванич! Илтимос, мурувват кўрсатсангиз, – деган овоз эшитилди орқадан. Евгений ўзига қудуқ қазиб берган Самохин чолни кўрди-ю, эс-ҳуши тез ўзига қайтиб, дарров ортига қайрилди ва Самохиннинг ёнига борди. Евгений Самохин билан суҳбатлашаётиб, Степанида анави хотин билан бирга этакка, қудуқ ёнига тушганини кўрди, улар шу ерда бир зум турдилар-да, сўнг яна давра ясаб, вақтичоғлик қилаётган хотинлар олдига чопдилар.

XIII

Евгений, Самохин билан суҳбатлашган кўйи, уйга худди жиноят қилган одамдек, қайғуга ботиб қайтди. Биринчидан, Евгений ўзи билан учрашишни хоҳлаётганини жувон фаҳмлади ва ўзи ҳам шунга жон-жон деб турганини яширмади. Иккинчидан, у билан бирга юрган анави хотин – Анна Прохоровна ҳам буни пайқади.
Евгений учун энг оғири – ўзининг мағлуб бўлганини англаш эди. Унда зиғирча ҳам ирода йўқ экан, ўзга куч бошқараётган экан уни. Бугун-ку бир тасодиф билан қутулиб қолди. Аммо эртага ё индинга у ҳалокатга юз тутиши аниқ эди.
“Ҳа, ҳалокатга юз тутади, – у буни бошқача атай олмасди, – ёш, вафодор хотинига бутун қишлоқ кўзи ўнгида бошқа жувон билан хиёнат қилса, буни ҳалокатга юз тутиш демай, яна нима деб атасин?! Бу шу қадар мудҳиш жиноятки, уни қилгандан кейин яшаш душвор.! Тезроқ, тезроқ бирор чорасини кўриш керак”.
“Эй Худойим, эй Худойим! Айт, нима қилай? Наҳот ҳалокатга юз тутиб кетаверсам, – дер эди у ўзига-ўзи. – Наҳот бирор чорасини топиб бўлмаса? Ахир, бирор чора кўриш керак-ку!.. Ўша жувонни эсдан чиқариш керак, – дея ўз-ўзига буйруқ берди у. – Эсдан чиқариш керак, тамом-вассалом!” Аммо шу пайтнинг ўзидаёқ яна жувон ҳақида ўйлаб кетди, уни шундоқ қаршисида кўрди, заранг соясини ҳам кўрди.
У бир авлиё ҳақида ўқиганларини эслаб кетди. Ўша авлиё бир хотинни дарддан қутқариш учун унга ўнг қўлини теккизиши зарур бўлганда, шайтон васвасасига учрамаслик учун чап қўлини манқалдаги чўққа босган экан. У ана шу воқеани хаёлида жонлантирди. “Мен ҳам ҳалокатга юз тутгандан кўра, бармоқларимни куйдирганим афзал”. У атрофга олазарак кўз ташлади-да, хонада ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, гугурт чақиб, унга бармоғини тутди. “Қани, эндиям у ҳақда ўйла-чи”, – дея ўзига ўзи пичинг қилди у. Евгений жонида оғриқни ҳис қилди ва куя бошлаган бармоғини тортиб олди-да, гугуртни ирғитиб юбориб, бирдан қаҳқаҳа отиб кулди. “Қандай бемаъни қилиқ! Йўқ! Бошқа чора топиш керак. Токи, бундан кейин жувонга кўзи тушмасин. Ўзим бирор ёққа кетишим ёки уни бу ердан даъф қилишим керак! Ҳа, даъф қилишим керак! Шаҳарга ё бошқа қишлоққа кўчиб кет, деб эрига пул тутқазса-чи?! Бу гап қишлоққа тарқалади, уни маломат қилишади. Хўш, гап қишлоқда тарқалса, уни маломат қилишса, нима бўпти, манави хавфдан кўра афзалроқ-ку! Ҳа, шундай қилиш керак”, деди ўзига-ўзи у. Бироқ Евгений шундай деб туриб ҳам жувондан кўз узолмасди. “Қаёққа кетяпти ўзи у?”– дея қўққис сўроққа тутди ўзини ўзи Евгений. Барин деразадан кузатиб турганини кўрди шекилли, жувон унга ялт этиб қаради-да, хотинлардан бири билан қўлтиқлашганча, қўлини тез-тез силтаб, боққа қараб кетди. Евгений негалигини ҳам англамай, хаёлларга ғарқ бўлган кўйи, идорага қараб йўл олди.
Янги сюртик кийиб, сочига ёғупа сурган Василий Николаевич хотини ва гиламнусха рўмол ўраган меҳмон аёл билан чойхўрлик қилиб ўтирарди.
– Василий Николаевич, сизда, гапим бор эди.
– Бемалол. Марҳамат. Чойни ичиб бўлдик.
– Яхшиси, ташқарига чиқа қолсак, дегандим.
– Майли, фақат картузимни кийиб олай. – Ишбоши шундай дея бошига карузни қўндирди-ю, эшикдан чиқаётиб, – Сен, Таня, самоварни беркитиб қўй, – деб тайинлади хотинига қувноқ оҳангда.
Евгенийга Василий Николаевич ширакайфдек кўринди, аммо иложи қанча, балки ширакайф бўлгани ҳам дурустдир, бариннинг аҳволини яхшироқ тушунар.
– Мен яна анави жувон масаласида, – деди Евгений тортинибгина.
– Ундан хотирингиз жам бўлсин. Бундан буёғига ишга ёлламанг, деб буйруқ бердим.
– Майли, буни қўя туринг, мен бошқа нарсани ўйлаб қолдим, шунга сизнинг маслаҳатингиз керак. Ўша аёлни оила-поиласи билан кўчириб юборишга нима дейсиз?
– Қаёққа кўчириб юборасиз? – деди энсаси қотиб Василий Николаевич истеҳзо оҳангида.
– Қўлига пул тутқазсак ёки Колтовскийдан ер берсак, рози бўлишар балки. Ўша жувон кўздан даъф бўлса, бас.
– Қандай қилиб кўчириб юборасиз? Туп қўйиб, палак ёзган жойидан-а? Сизга нима зарили бор бунинг? Нима, у сизга халақит беряптими?
– Оҳ, Василий Николаевич, тушунсангиз-чи, ахир, хотиним шу гапларни эшитса борми, шунақанги даҳшатга тушадики…
– Ким ҳам етказарди хотинингизга.
– Шуни ўйлаб қўрқувда яшаш-чи? Юрагим дош беролмайди бунга!
– Нимадан бунга беҳаловат бўляпсиз ўзи? Ким эски гапни қўзғаса, ўзим ўйиб оламан кўзини. Худонинг олдида бегуноҳ, пошшонинг олдида беайб киши бор эканми?
– Барибир, кўчириб юборсак дуруст бўларди. Эри билан ўзингиз гап­лашиб кўролмайсизми?
– Ниманиям гаплашар эдим. Эҳ Евгений Иванович, қўя қолсангиз-чи шуни. Бари ўтиб, унутилиб кетган, ахир. Ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз. Ҳозир ким ҳам сизни ёмонлаб гапира оларди?!
– Барибир, айтиб кўринг.
– Хўп, майли, айтаман.
Евгений бундан ҳеч қандай наф чиқмаслигини ҳалитдан билса ҳам, барибир, ишбоши билан суҳбатдан бироз дили юпанди. Энг муҳими, ҳовлиқишда пашшадан фил ясаб юборибди.
Ахир, Евгений жувон билан учрашувга боргани йўқ-ку! Бундай бўлиши мумкин ҳам эмас. У шунчаки боғ ораламоқчи бўлди, жувон эса бехос ўша ёққа чопиб қолди.

XIV

Шу кун тушликдан сўнг Лиза боғда сайр қилиб юрганди, Евгений, сенга йўнғичқани кўрсатаман, деб уни ўтзорга етаклади. Лиза тор бир ариқчадан ҳатлаб ўтаётиб, қоқилиб кетди-ю, йиқилиб тушди. Лиза ёнбошига секин ағдарилди-ю, лекин “оҳ” тортиб юборди – Евгений унинг юзида нафақат қўрқув, балки оғриқ ҳам кўрди. У Лизани турғизмоқчи бўлганди, хотини қўлини нари сурди.
– Йўқ, бироз шошма, Женя, – деди у базўр жилмайиб. Сўнг эрига кўз остидан гуноҳкор одамдек қараб қўйди. – Оёғим сал қайрилди, холос.
– Ҳар қанча тайинлайман, қулоқ осишса қани! – дарҳол жағи очилди Варвара Алексеевнанинг. – Ҳомиладор аёлга ариқдан сакрашни ким қўйибди.
– Ҳечқиси йўқ, ойи. Туряпман, ҳозир мана.
У эрининг қўлига суяниб турди, аммо шу ондаёқ юзи қув оқарди: чеҳрасида қўрқув акс этди.
– Ҳа, аҳволим чатоқ. – У шундай деди-ю, онасининг қулоғига бир нима деб пичирлади.
– Оҳ Худойим, нималар қилиб қўйдинг! Ахир, юрма деган эдим-а! – деб қичқирди Варвара Алексеевна. – Шошманглар, ҳозироқ одам жўнатаман. Лиза асло юра кўрмасин. Кўтариб обориш керак уни.
– Яна қўрқиб юрмагин-а, Лиза. Ўзим кўтариб обораман сени, – деди Евгений чап қўлини хотинининг қўлтиғи остидан ўтказа туриб. – Бўйнимдан маҳкам қучоқла. Ҳа, ана шундай!
Евгений шу сўзларни айтди-да, ўнг қўлини Лизанинг оёқлари остидан ўтказиб, уни даст кўтариб олди. Шу тобда хотинининг юзини қоплаган азоб-уқубату ҳузур-ҳаловат ифодаси унинг ёдига бир умр муҳрланиб қолди.
– Оғирлик қилмаяпманми, азизим, – деди Лиза жилмайиб. – Ойим чопиб кетяпти, Шошманг, десанг-чи унга!..
Лиза шундай деди-ю, Евгенийнинг бетига юзини босди, эрини ўпди. У ўзини эри қандай кўтариб кетаётганини онам ҳам кўрса, дерди.
Евгений, Варвара Алексеевнанинг ортидан:
– Сиз шошмай юраверинг, Лизани ўзим олиб бораман, – деб қичқирди. Варвара Алексеевна тўхтади-ю, баттар жазавага тушди:
– Йиқитиб юборасан уни, хўп де, йиқитиб юборасан. Нима бало ўлдирмоқчимисан қизимни. Зиғирчаям виждон қолмапти сенда.
– Бинойидек кўтаряпман-ку!
– Лизани азоблашингга йўл қўймайман, бунга жим қараб туролмайман.
– Ҳечқиси йўқ, ўтиб кетади буям, – деди Лиза жилмайиб.
– Фақат анави галгидек асорати қолмасайди…
– Буни айтаётганим йўқ. Бу – арзимас гап. Мен онамни айтяпман. Дам олсанг-чи, чарчаб кетдинг, ахир!
Евгений, ҳар қанча қийин бўлса-да, хотинини мағрур бир қувонч билан уйигача кўтариб борди ва Варвара Алексеевна югургилаб келганча, топиб жўнатган оқсоч ва ошпаз қўлига топширмай, ётоқхонага олиб кириб, ўзи чойшабга ётқизди.
– Майли, энди борақол, – деди Лиза эрининг қўлидан тутиб, ўпиб қўйгач. – Бу ёғини Аннушка билан ўзимиз эплаймиз.
Марья Павловна ҳам ўз уйидан чопиб чиқди. Лизани ечинтириб, ўрнига ётқиздилар. Евгений қўлида китоб билан меҳмонхонада кутиб ўтирарди. Варвара Алексеевна куёви ёнидан ўтаётиб, таъна билан шунақаям хўмрайиб қарадики, бундан Евгенийнинг кўнглига ғулғула тушди.
– Нима бўпти, – деб сўради у.
– Нима бўпти, эмиш. Нимаям бўларди. Хотинингизни, ариқдан ҳатла, деб қистаганингизда нимани хоҳлаган бўлсангиз, ўша нарса бўлди.
– Варвара Алексеевна! – деб бақириб юборди Евгений. – Буниси энди ортиб тушди. Модомики, одамларни азоблаб, ҳаётини заҳарламоқчи экансиз… – У, бу ишни бошқа жойга бориб қилинг, демоқчи бўлди-ю, аммо ўзини аранг тутиб қолди. – Наҳот виждонингиз қийналмаса?!
– Энди кеч бўлди!
Варвара Алексеевна чепчигини ғолибона силкитди-ю, ҳовлига чиқиб кетди.
Лиза, дарҳақиқат, қалтис йиқилганди. Оёғи ёмон қайрилган, шу фалокатни деб, яна ҳомиласи тушиши мумкин эди. Ҳамма ҳеч қандай муолажа қилмаслик кераклиги, Лиза қимир этмай ётса кифоялигини билса-да, барибир, докторга одам юборишни маъқул топди.
“Муҳтарам Николай Семёнович, – деб бошлади докторга хатни Евгений, – сиз ҳар доим менга ва оиламга марҳамат кўрсатиб келгансиз, бу сафар ҳам хотинимни кўриб қўйгани вақтингизни аямайсиз, деб умид қиламан. Хотиним ўрмонда…” Шундан сўнг бўлган воқеа бир бошдан ҳикоя қилинар эди. Евгений хатни ёзиб тугатгач, отни извошга қўшиш юзасидан буйруқ бергани отхонага қараб кетди. Баъзи отларни докторни олиб келишга, баъзи отларни эса уни элтиб қўйишга ҳозирлаш керак эди. Қаерда хўжалик даст оёққа туриб олмаган бўлса, ўша ерда бирор ишни дарров ҳал этиш қийин, бунинг учун ақл ва тадбир ишлатиш зарур бўлади. Евгений барча ишга ўзи бош-қош бўлиб, извошчини докторникига жўнатди-да, соат ўнларда уйига қайтди. Хотини чойшабда ётар ва: “Аҳволим жуда яхши, ҳеч қаерим оғримаяпти”, деб яқинларини тинчлантирмоқчи бўларди. Аммо мойчироқ ортида ўзини қўлидаги ноталар билан Лизадан пана қилиб ўтирган Варвара Алексеевна кенг қизил адёлни шундай важоҳат-ла юлқидики, бу авзойидан шунча машмашадан сўнг жанжал чиқмаслиги мумкин эмас, деган маънони осонгина уқиб олса бўларди. “Бировлар нима қилди – билмадим-у, аммо мен ўз бурчимни виждонан ўтаб қўйдим”.
Евгений қайнонаси пичинг қилаётганини билса ҳам, ўзини ҳеч нимани фаҳмламаганга солиб, юзига қувноқ ва беғам ифода берганча, отларни қандай қилиб извошга қўшгани, Кавушка деган байтал чап тарафга бинойидек шатакчи бўлгани ҳақида сўзлай кетди.
– Ҳа, извошга от қўшишнинг айни мавриди ҳозир. Чунки ёрдам керак бўлиб турибди шўрлик қизимга. Докторниям бирор ўрага йиқитиб юборишмаса гўрга эди, – деди Варвара Алексеевна каштасига пенснеси устидан боқиб, уни мойчироққа яқин тутганча.
– Ахир, докторга одам юбормасак бўлмасди. Отларни ўзим қўшмасам, кўнглим тўлармиди?!
– Ҳа, жудаям яхши эсимда, мени отларингиз поезднинг тагига киритиб юборишига бир баҳя қолган.
Бу – Варвара Алексеевнанинг эски уйдирмаси эди. Шу тобда Евгенийнинг оғзидан: “Ҳечам унақа бўлмаган”, деган гап чиқиб кетди-ю, нақ балога қолди.
– Ҳеч қачон оғзимдан қўймайман, князгаям неча марталаб айтганман, энг қийин азоб – ёлғончи, риёкор одам билан яшаш, мен бошқа ҳамма нарсага чидайман, аммо бунисига чидай олмайман.
– Энг кўп азоб чекаётган ўзимдирман бу ерда, – деди Евгений тутоқиб.
– Ҳа, бу кўрга ҳассадек кўриниб турибди.
– Нима дедингиз?
– Ҳеч нима, каштамдаги гулларни санаяпман.
Бу пайт Евгений чойшаб ёнида тик турар, Лиза эса ётган жойида эридан кўз узмасди. У адёл устига ташлаган намчил қўли билан Евгенийнинг бармоқларини тутди-да, аста қисиб қўйди. “Ойимнинг пичингларига мен учун чида. У, барибир, иккимизнинг севгимизга тўсиқ бўлолмайди”, дер эди Лизанинг нигоҳи.
– Хотиржам бўл. Худди шундай, – деди Евгений шивирлаб ва аввал Лизанинг узун, нам қўлларига лаб босди, сўнг мулойим боқувчи кўзларидан ўпди, шунда Лиза қобоқларини юмиб олди.
– Наҳот яна ўшандагидек бўлса? – деди Евгений. – Ўзингни кўнглинг нима деяпти?
– Янглишмай, деб айтгани қўрқяпман-у, аммо кўнглим, у – ҳозир тирик, соппа-соғ туғилади, деяпти.
– Шундай бўлсин-да, илоё. Аксини ўйлашнинг ўзи даҳшат, даҳшат!
Лиза, кетақол, деб ҳар қанча қистаса ҳам, Евгений бу кеча унинг ёнида қолди, агар ёрдам керак бўлиб қолса, дарров уйғонай, деб сергак ётди. Аммо Лиза тунни осойишта ўтказди, докторга одам юборишмаганда, ўрнидан ҳам туриб кетарди.
Доктор туш пайти келди-да, Лизани кўздан кечириб, ҳар ҳолда, ҳомила тушишидан сақланган маъқул, деди. Ҳомила тушишини аниқ тасдиқлоқчи аломатлар йўқ эмиш. Аммо ҳомила тушмаслигини аниқ тасдиқловчи аломатлар ҳам кўринмасмиш. Хуллас, унисини ҳам, бунисини ҳам кутса бўлармиш. Шунинг учун ўриндан қўзғалмай ётиши керак эмиш.
– Хапдори ёзишга ҳушим йўғ-у, барибир, манавини ичиб, қимирламай ётинг, – деди доктор.
Шу орада, у Варвара Алексеевнага аёллар анатомияси ҳақида узундан-узоқ маъруза ўқиди, Варвара Алексеевна ҳам уни камоли диққат билан бош ирғаб тинглади. Доктор одатдагидек, муолажа ҳақини енг ичига яширганча жўнаб кетди. Бемор эса бир ҳафта ўрнидан турмади.

XV

Евгений кўп вақтини хотини ёнида ўтказди: дорисини ичирди, гап­лашиб ўтирди, китоб ўқиб берди, энг оғири, Варвара Алексеевнанинг ҳамлаларига нолимай чидади, ҳатто уларни ҳазилга айлантиришни ҳам уддалади.
Аммо у ҳадеб уйда ўтира олмасди. Биринчидан, хотини уззукун ўзи билан ўтираверса, касал бўлиб қолишини эслатиб, уни бор энди, борақол, деб қистар, иккинчидан, хўжаликнинг аҳволи ҳалиям чатоқ, ҳар бир ишга ўзи аралашмаса бўлмасди. У уйда ўтира олмас, гоҳ дала, гоҳ ўрмон, гоҳ боғ, гоҳ хирмонда юрар, бироқ қаерда бўлмасин, барча жойда уни Степаниданинг нафақат хаёли, балки ўзи ҳам тинмай таъқиб этар, жувон ёдидан кўтарилган пайтлар жуда оз бўларди. Тўғриси, Евгений бу ҳиссиётни ҳам енга оларди-ю, бироқ, энг ёмони, у жувонни аввал ойлаб кўрмаса, энди ҳар он, ҳар қадамда тўқнаш келарди. Жувон Евгенийнинг ўзи билан яна учрашгиси келаётганини фаҳмлаб қолган-у, атай унинг қаршисидан чиқишга уринаётгандек эди. Евгений ҳам, жувон ҳам юрак ютиб, бир-бирига сўз қотмаганидан на униси ва на буниси тўғри учрашувга келавермас, аммо дуч келиб қолишга интилар эди.
Ўша дуч келиб қолинадиган жой эса ўрмон эди. Бу ерга хотин-халаж ўт ўргани қоп кўтариб келарди. Евгений буни билар, шунинг учун ҳар кун ўрмон ёнидан ўтар эди. У ҳар куни ўзига, бўлди, энди бормайман, деб сўз берар, лекин оёқлари, барибир, ўша ёққа тортаверар, юраги қинидан чиққудек бўлиб, анави жувон ўша эмасмикан, деб аланглагани-аланлаган эди.
Хўш, ўша бўлса, нима қиларди? Буни Евгенийнинг ўзи ҳам билмасди. Ўша жувон Степанида бўлса-ю, бир ўзи турган бўлса ҳам, у жувоннинг ёнига боролмас, қочиб кетар эди. Бунга Евгенийнинг имони комил эди-ю, лекин жувонни кўролмай ҳам туролмасди. Бир сафар у чинданам Степанидани ўрмонда учратиб қолди: Евгений ўрмонга кирган пайтда у икки хотин билан ўт солинган оғир қопни елкалаб, ундан чиқиб келаётган эди. Ўрмонга бироз олдинроқ кирса, уни ёлғиз учратган бўларди-я. Энди анави хотинлар олдида уни яна ўрмонга қайтаришнинг иложи йўқ. Аммо Евгений буни аниқ билиб турса ҳам, анави хотинлар кўриб қолишидан чўчимай, ёнғоқ дарахти панасида анча вақтгача тураверди. Ўз-ўзидан аёнки, жувон ортига қайтмади, ўзи эса бу ерда узоқ қолиб кетди. Эй Худойим, Евгенийнинг хаёлида у нақадар дилбар эди. Бу унинг биринчи бор шундай аҳволга тушиши эмас, ё бешинчи, ё олтинчи мартаси эди. У Евгенийнинг хаёлида ҳар сафар янада дилбарроқ бўлиб гавдаланарди. Жувон аввал унга ҳеч қачон бу қадар жозибадор кўринмаганди. Жозибадор демоқ нима, тузукроқ жалб этмаганди.
Евгений ўзини-ўзи идора қилолмаётгани, қарийб жинни бўлаёзганини ҳис этди. Ваҳоланки, ундаги ўз-ўзига талабчанлик қилча ҳам сусайгани йўқ. Аксинча, ўз хоҳишлари, ҳатто қилғилиқлари нақадар жирканчлигини рўй-рост англаб турарди. Унинг ўрмонда сандирақлаб юришлари жирканч қилғилиқ бўлмай, яна нима?! Евгений жувон билан бирор пана-пастқамда, қоронғироқ жойда тўқнаш келса-ю, қўли илкис баданига тегиб кетса, эҳтиросга сўзсиз қул бўлишини англаб турарди. У одамлар олдидаги, ўша жувон ва ўзи олдидаги уят ҳиссигина уни тутиб турганини биларди. Айни чоғда Евгений бу ҳис жувон билан икковини кўздан паналовчи ўнғай шароитни – боягидек қоронғилик ёки тегиниб кетишни (ўшанда ҳайвоний ҳирс уятни ютиб юборар эди) қидираётганини ҳам анг­лаб турарди. Шунинг учун ҳам у ўзини аблаҳ бир жиноятчи деб санар, қалбининг бор кучи билан ўзидан жирканар, нафратланар эди. Евгений ҳар куни Худога “Мен бандангга куч-ирода ато эт, ҳалокат домига ташлаб қўйма”, дея илтижо қилар, ҳар куни, бўлди энди, ўша жувон томонга бир қадам ҳам босмайман, унга бир мартаям қайрилиб боқмайман, уни буткул унутаман, деб ўз-ўзига сўз берарди. У ҳар куни шайтоний васвасага қарши бир чора излаб топар ва уни амалга оширар эди.
Лекин бари беҳуда эди.
Шундай чоралардан биринчиси ҳаммавақт банд бўлиш, иккинчиси ҳолдан тойгунча жисмоний меҳнат қилиш ва рўза тутиш, учинчиси ўзининг қабиҳлиги ҳаммага – хотини, қайнонаси, одамларга ошкор бўлса, қанчалик шарманда бўлишини кўз олдига келтириш эди. У ана шу чораларни кўрар, ўзимни ўзим енгаяпман, деб овунар, аммо илгари жувон билан учрашиб юрган ёхуд яқинда ўт териб қайтаётганда дуч келган пайти – туш кириши биланоқ ўрмонга қараб йўл олаверарди.
Беш кун шу тарзда азоб ичида ўтди. У ҳар гал жувонни узоқдан кўрди, бирор марта ҳам яқинига йўлолмади.

XVI

Лиза хийла ўзига келиб, оёққа туриб кетди. Эри ўзгариб қолганидан кўнгли нотинч бўлса-да, лекин бунинг тагига ҳеч етолмас эди.
Варвара Алексеевна бир муддатга шаҳарга кетди, меҳмонлардан фақат тоғаси ҳамон шу ерда эди. Марья Павловна, ҳар доимгидек, ўзиникида бўларди.
Июнда булутли кунлардан сўнг аксар шаррос ёмғир қуяди-да, икки кунгача тинмайди. Шундай ёғин-сочин кунларда Евгений салкам телба аҳволда юрарди. Ёмғир ёққани учун барча ишлар тўхтаб қолган эди. Ёғингарчилик ва лойгарчилик сабаб гўнг ташишни ҳам бас қилишди. Бутун қишлоқ уйига қамалиб олди. Чўпонлар ҳам чорва ортидан юриб чарчади-ю, ҳайвонларни уй-уйига ҳайдаб келди. Мол ва бузоқлар ўтлоқларда юрар, чорбоғларга чопиб кирарди. Рўмол ёпинган сарпойчан хотинлар лойни шалоплатганча, ҳар ёққа тўзиб кетган мол-ҳолини қидириб изғийди. Йўлларда ёмғир ариқ бўлиб оқади. Барг ва майсалар ёмғир остида шалаббо бўлганча туради, тарновлардан сув серпуфак кўлмакчаларга қуйилади. Евгений ҳам уйга хотини билан қамалиб олган, шу кунларда янаям дилгир эди. Лиза неча марта Евгенийдан, айт, нега хафасан, деб сўради, у эса жаҳл аралаш, ҳеч гап йўқ, деб жавоб қайтарди. Шундан кейин сўроққа тутишни бас қилди-ю, аммо кўнгли ранжиди.
Улар нонуштадан сўнг меҳмонхонада гурунглашиб ўтирар эди. Тоғаси юзинчи марта бўлса керак, олийнасаб таниш-билишларидан лоф урарди. Лиза бошлаб қўйган кофтасини яна тўқигани қўлига олди-да, рутубатли ҳавою белидаги оғриқдан шикоят қилганча, хўрсиниб қўйди. Тоғаси унга, ётиб дам ол, деб маслаҳат берди, ўзига эса шароб келтиришни буюрди. Евгений уйда диққинафас бўлиб кетди. Ҳамма нарса унга ланж, мароқсиз туюларди. Евгений тамаки тутатганча, китоб ўқир, аммо калласига ҳеч вақо кирмасди.
– Қирғич мошинани кўргани бораман, уни кеча келтиришувди, – деди у тўсатдан ўрнидан туриб, эшик томон юраркан.
– Соябонни олсанг-чи!
– Йўғ-ей, чарм ёпинчиғим бор-ку. Тағин заводга бораман, холос.
У этигини кийди, ёпинчиқни илди-да, заводга қараб йўл олди. Бироқ йигирма қадам ҳам юрмаган эди, йўлда бир жувон пешвоз чиқиб қолди. У этагини белига қистириб олган, оппоқ болдирлари кўриниб турарди. Жувон бош ва елкасини чирмаган шол рўмолини қўли билан тутганча юриб келарди.
– Нима қилиб юрибсан? – деб сўради Евгений аввалига жувонни танимай. Таниганида эса кеч бўлган эди. Жувон таққа тўхтади-да, жилмайганча унга термулиб қолди.
– Бузоқчамни қидириб юрибман. Ўзингиз-чи, шу ёмғирда қаёққа кетяпсиз? – Жувон ўзини ҳар кун барин билан кўришиб-гаплашиб юрган одамдек эркин тутарди.
– Чайлага бор, – деб буюрди ўзи ҳам англамай бирдан Евгений. Бу сўзни бошқа биров унинг номидан айтгандек эди.
Жувон рўмолининг учини тишлади-ю, хўп дегандек киприк қоқди-да, ўз йўлига – боққа, чайлага қараб чопиб кетди. Евгений эса сирень бутаси ортига ўтгач, ўзиям чайлага бурилиш учун йўлида давом этди.
– Барин, – деган овоз келди ортидан. – Бекам чақиряптилар. Бир дақиқага кириб ўтаркансиз.
Бу – уларнинг гумаштаси Миша эди.
“Эй Худойим, мени иккинчи марта ҳам қутқаряпсан”, деди “оҳ” уриб Евгений ва шу заҳотиёқ ортига қайтди. Хотини туш пайти бир касал хотинга дори элтиб беришга ваъда қилганини эсига солиб, ўша дорини ола кетинг, деб илтимос қилди.
Дорини топиб чиқишгунча орадан беш дақиқача вақт ўтди. Дорини чўнтагига жойлаб чиққач эса, чайлага боришга журъат этолмади. Ўша ёққа кетаётганига уйидагиларнинг кўзи тушиб қолишидан қўрқди. Аммо кўздан пана бўлган заҳоти тез қайрилди-ю, чайлага қараб жўнади. У жувоннинг чайла ўртасида турганча, шўх жилмаяётганини кўз олдига яққол келтирди. Бироқ жувон чайлада йўқ эди, бу ерда бўлганини тасдиқловчи бирор аломат ҳам кўринмасди. У энди, жувон чайлага келмаган: менинг сўзимни ё эшитмаган, ё тушунмаган, дея тусмоллай бошлади. Евгений ўша сўзларни, жувон эшитиб қолишидан қўрқиб, минғирлаб айтган эди.
“Эҳтимол у чайлага келишни хоҳламагандир? Нега энди ўзини қучоғимга отиши керак экан? Бу хомхаёл қаердан келди ўзи калламга? Боши очиқ эмас, бировнинг ҳасми, ахир! Бу дунёда фақат менгина – ра­зилман, холос. Шундай ажойиб хотиним бўлатуриб, бошқасининг ортидан чопиб юрибман”. У тепасидан чакка ўтиб, ерга томчилаб турган чайлада ўтирганча, шуларни ўйлар эди. “Агар келганидами, нақадар соз бўларди! Иккаласи чайлада ёлғиз қоларди. Уни бир бор бағрига босса-ю, кейин қиёмат қойим қўпса ҳам майли эди. Ҳа-я, – дея бирдан эслаб қолди у, – келган бўлса, изидан топиш мумкин!” У чайлага кираверишдаги тупроққа ва ундан наридаги сўқмоққа разм солди, сўқмоқда бирозгина сирпанган янги ялангоёқ изини кўрди. “Демак, у – келибди. Энди ғишт қолипдан кўчди. Қаерда кўзим тушса, тўғри ёнига бораман. Шу кечадаёқ у билан учрашаман”. Евгений чайлада узоқ ўтирди, ундан ҳорғин ва ғамгин қиёфада чиқди. Дориларни элтиб берди-ю, уйига қайтиб, хонасида тушликни кутиб ётди.

XVII

Тушликдан олдин Евгенийнинг олдига Лиза кирди-да, эри нега сиқилиб юрганидан қайғурганча, ўзиниям қўрқув босаётгани, кўнгли беҳузур бўлаётгани, оналари уни Москвада туғдиришни истаётгани-ю, ўзи эса шу ердан кетгиси келмаётганидан сўзлай бошлади. “Ўлақолсам ҳам Мос­квага бормайман”, дерди у қатъий оҳангда. Евгений Лизанинг, туғуруқ оғир кечмасмикан ишқилиб, боланинг тўрт мучаси соғ бўлармикан, деб қўрқаётганини фаҳмлаб турарди. Хотини эрига чин севгиси боис жонини гаровга тикаётганини кўриб, Евгенийнинг кўнгли ийиб кетди, албатта. Уйида барча-барчаси жойида, шод-хуррам, озода-саришта эди. Қалбида эса барча-барчаси расво, жирканч, қабиҳ эди. Евгенийни туни билан бир фикр ўртаб чиқди. У ўзининг иродаси бўшлигидан ҳар қанча нафратланса, жувон билан алоқани узишга ҳар қанча ваъда берса ҳам, эртага барибир, яна эски, жирканч аҳвол такрорланишини англаб турарди.
“Йўқ, бундай давом этиши мумкин эмас, – дер эди у хона бўйлаб у ёқдан-бу ёққа юрганча. – Бунга қарши бирор чора бордир, ахир! Эй Худойим, йўл кўрсат, нима қилай?”
Кимдир эшикни олифталарча тақиллатди.
– Киринг, – деди Евгений.
Тоғаси, ўз ихтиёри билан Лизадан элчи бўлиб келибди.
– Сен, жиян, сал бошқача бўлиб юрибсан, буни тоғам кўрмайди, билмайди, дейсанми, – деди у овозига атай жиддий тус бериб. – Бундан шўрлик Лиза ҳам азобланяпти. Кўп ажойиб ишларни бошлаб қўйгансан, тўғри, уларни ташлаб кетиш осон эмас сенга. Лекин бундоқ ёрилгин-да, дардинг нима ўзи, que veux tu? Тоға бўлиб берадиган маслаҳатим – хотинингни ол-да, саёҳатга жўна! Бу – ўзингга ҳам, Лизага ҳам фойдали. Хуллас, маслаҳатим – Қримга боринглар. Иқлимиям туғуруққа жуда боп. Қолаверса, ҳозир айни узум пишиғи!
– Тоға, – дея қўққис тилга кирди Евгений, – сизга ўз сиримни, уятли, жирканч сиримни айтсам, ҳеч кимга ошкор қилмайсизми?
– Ана, холос. Наҳотки тоғангга ишонмасанг, жиян?!
– Тоға! Сиз менга ёрдам бера оласиз. Ҳатто ҳалокатдан сақлаб ҳам қола оласиз, – деди Евгений ҳаяжонланиб. Ўзи ҳурмат қилмаган тоғасига энг нозик сирини ишониб очиш, унга энг хунук қиёфада кўриниш, унинг олдида ўзини пастга уриш фикри Евгенийга лаззат бағишлаётган эди. У ўзини қабиҳ, жиноятчи кимсадек ҳис этар ва шунинг учун ҳам ўзини сазойи қилишни истарди.
– Айта қол, дўстим, биласан-ку, жуда яхши кўраман сени, – деди жонланиб тоғаси. У, афтидан, жиянининг сири борлиги, бу сир уятлилиги, уни тоғасига тўкиб солмоқчилиги, ўзининг эса жиянига нафи тегаётганлигидан мамнун эди.
– Сизга, аввало, бир гапни айтишим керак: мен – аблаҳ, пасткаш, муттаҳам, ҳа, айнан муттаҳам одамман.
– Қўйсанг-чи бу гапларни, – деди тоғаси ўзини хафа бўлганга солиб.
– Мен Лизадек, ҳа, Лизадек бир аёлнинг эри бўлатуриб, унинг пок севгисини оёқости қилганча, қаёқдаги бир хотин билан унга хиёнат қилмоқчи бўлсам, аблаҳ бўлмай, кимман тағин?!
– Тўхта, нималар деяпсан ўзи? Лизага хиёнат қилмадингми ҳали?
– Йўқ, лекин шуни хоҳлаш ҳам хиёнат қилгандек гап-да! Бир тасодиф бўлмаса, хиёнат ҳам қилардим. Ахир, бунга тап-тайёр эдим. Менга халақит беришди, акс ҳолда, ҳозир… Аҳволим не кечарди, билмайман!
– Бундай тушунтириброқ гапир-да, жиян…
– Хўп, тоға, эшитинг. Бўйдоқлик пайтимда ақлсизлик қилиб, шу жойда, қишлоқда бир жувонга элакишиб қолувдим. Яъники, у билан ўрмонда, далада учрашиб юрардим.
– Кўҳликкина эдими? – деб сўради тўсатдан тоғаси.
Бу саволдан Евгенийнинг юзи бурушиб кетди, аммо тоғасининг ёрдамига муҳтожлигидан бу гапни эшитмаганга олди-ю, сўзида давом этди:
– Қачон хоҳласам, алоқани узаман, шу билан бари тугайди, деб ўйлаган эдим. Уйланишимдан аввал алоқани уздим-у, ўша жувонни бир йилча кўрмадим ҳам, ўйламадим ҳам. – Евгенийга ўз дардини ўзи эшитиш жуда ғалати туюлди. – Кейин эса уни тўсатдан кўриб қолдим-у, кўксимни ғашлик кемира бошлади. Сеҳр-жоду қилиб, ўзига иситиб олганми, нима бало! Мен ҳар дақиқа гуноҳ қилиб қўйишдан чўчиб, ўзимни ҳар қанча койиб-тергасам ҳам, оёғим, барибир, ўша жувонга қараб етаклайверади. Агар шу кунгача бу гуноҳга ботмаган бўлсам, мени ёлғиз Худонинг ўзи асради. Кеча Лиза чақиртирганда ҳам ўша жувоннинг ёнига кетаётган эдим.
– Ёмғир қуйиб турганда-я?
– Ҳа, жудаям эзилиб кетдим, тоға. Шунинг учун сизга кўнглимни ёриб, ёрдам сўраб турибман.
– Тўғри, ўз ер-мулкингда бунақа қилғилиқлар қилиш ярамайди. Бир кунмас-бир кун ошкор бўлади. Яна Лиза шўрлик – мўртгина бўлса, аяш керак униям. Тўхта, шу хушторликни бу ерда эмас, бошқа жойда қилсанг бўлмайдими?!
Евгений тоғасининг гапини яна эшитмаганга олди-да, тўппа-тўғри мақсадга кўча қолди:
– Сиз мени ўзимдан қутқара оласиз, тоға. Сиздан бир нарсани илтимос қилмоқчиман. Шу кунгача менга тасодифан халақит беришган бўлса, эртага, бошқа сафар халақит қилишолмайди. Мен Лизага бор гапни шу ондаёқ айтишим керак. Илтимос, унинг олдига бир ўзимни киритманг.
– Хўп, сен айтгандек бўла қолсин, – деди тоғаси. – Аммо наҳот шунчалар севиб қолган бўлсанг?
– Йўқ, бу – севги эмас, бошқа нарса. Қандайдир куч маҳкам ёпишиб олган-у, ҳеч қўйиб юборай демайди. Нима қилишни ҳам билмайман, тоға. Ё бўлмаса, сал ўзимга келиб олиб, кейин айтайми?..
– Барибир, менинг айтганим бўлиб чиқяпти, – деди тоғаси.– Бора қолинглар ўша Қримга.
– Ҳа, борамиз, албатта борамиз… Сиз ёнимда бўлсангиз, дардимни ҳам тўка оламан.

XVIII

Ўша ёмғирли кундан сўнг тоғасига ўз сирини ишониб айтгани, янада муҳими, шу орада кучли виждон азоби ва уят ҳиссини бошдан кечиргани Евгенийни анча ҳушига келтирди. Бир ҳафтадан сўнг Ялтага жўнаб кетишга қарор қилишди. Евгений шунгача сафарга пул топиш учун шаҳарга бориб келди, ишбошига уй ва хўжаликка доир зарур топшириқлар берди, сўнг хотини билан яна апоқ-чапоқ бўлиб, кунларни беғам, қувноқ ўтказа бошлади. Унда руҳан жонланиш кўзга ташланиб қолди.
Ўша ёмғирли кундан сўнг Степанидага бирор марта ҳам дуч келмай, хотини билан Қримга жўнаб кетди. Улар Қримда икки ойни жуда мароқли ўтказишди. Евгений шу қадар кўп таассуротлар орттирдики, улар гўё бутун ўтмишини ёдидан ювиб ташлагандек эди. Эр-хотин Қримда эски танишларини учратиб қолиб, улар билан янаям яқинлашиб кетишди. Бундан ташқари, бир талай янги танишлар ҳам орттиришди. Қримдаги ҳаёт Евгенийга охири йўқ байрамдек туюларди. Бунинг устига, у Евгенийга ҳам ибрат бўлди, ҳам фойда қилди. Эр-хотин Қримда губерняларининг собиқ бошлиғи билан иноқлашиб кетишди. Бу зукко либерал инсоннинг Евгенийга меҳри тушиб қолди-ю, унга кўпгина масалалар мағзини чақиб бериб, тез фурсатда ўз тарафига оғдириб олди. Август ойининг охирроғида Лиза ёқимтой, соғлом қиз туғди. Буни қарангки, туғуруқ осон кечди.
Улар сентябрда уйига тўрт киши бўлиб – ўзлари, қизчаси ва энага аёл билан йўл олишди. Лиза чақалоқни эмизолмаганидан энага ёллашган эди. Эски васвасадан буткул қутулган Евгений энди бошқа, бахтиёр одамга айланган эди. Хотинини тўлғоқ тутганда, ҳар қандай эркак нимани бошдан кечирса, уям шуни бошдан кечирди-да, хотинини аввалгидан ҳам кўпроқ севиб қолди. Чақалоқни қўлга олгандаги ҳиссиёти эса ғаройиб, янгича, худди қитиғинг келгандагидек ёқимли эди. Илгари Евгенийни фақат хўжалик ишлари қизиқтирган бўлса, энди унда собиқ губерня бошлиғи Думчин билан иноқлашиш ортидан қисман шуҳратпарастлик, қисман бурч ҳисси сабаб земство ишларига қизиқиш ҳам пайдо бўлди. Октябрда земствонинг шошилинч мажлиси ўтказилиши, унда ўзи ҳам аъзо бўлиб сайланиши керак эди. Уйга қайтгач, у бир марта шаҳарга, бир марта Думчинникига бориб келди.
Евгений энди шайтоний васваса билан курашиш азобини эсидан чиқариб юборган, ўша вақтдаги кечинмаларини базўр хаёлида тиклай олар эди. Булар унга ўзи мубтало бўлган телбалик касалининг хуруж қилишига ўхшаб кўринарди.
Евгений энди ўзини шайтон васвасаси шу қадар озод ҳис этар эдики, оқибатда ишбоши билан илк бор ёлғиз қолишгандаёқ ундан қўрқмай Степанидани сўраб-суриштирди. Евгений ишбоши билан ўша жувон ҳақида илгари ҳам гаплашганидан, бу гал уятдан қизариб-бўзармади.
– Дарвоқе, Сидор Пчельников уйига қайтдими?
– Йўқ, ҳалиям шаҳарда.
– Унинг хотини-чи?
– Зиғирчаям уят қолмаган унда. Ҳозир Зиновьевга элакишиб юрибди. Жуда суюлиб кетди мегажин.
“Унда янаям соз, – деб ўйлади Евгений. – Энди менга барибир, шу қадар ўзгариб кетдимки, бу – нақадар ҳайратланарли!”

XIX

Евгенийнинг барча орзуси ушалди. Ер-мулк ўзида қолди, завод ишлаб кетди, қанд лавлаги мўл ҳосил берди, мўмай даромад – чўнтакда деса бўларди. Хотинининг кўзи эсон-омон ёриди. Қайнонаси охири шаҳарга қайтди. Уни земствога бир овоздан сайлашди.
Сайловдан сўнг Евгений шаҳардан қишлоққа қайтадиган бўлди. Барча уни қутлар, ўзи бўлса миннатдорчилик билдирарди. У мамнун кайфиятда тушлик қилди-да, шампан виносидан беш қадаҳини сипқорди. Ҳозир Евгенийнинг миясида бутунлай янги ҳаётий режалар етилмоқда эди. У уйига қайтар экан, шулар ҳақида ўйларди. Кузнинг илк кунлари ўтиб борарди. Тарантас юмшоққина илгарилар, қуёш чарақлаб турарди. Евгений земствога сайлангач, халқ орасида ўзи орзу қилган мавқени қандай эгаллаш ҳақида бош қотирарди. Аввал ер ва заводи билан халққа иш топиб бериб, қайғусини аритган бўлса, энди унга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатиш имконини қўлга киритганди. Орадан уч йил ўтсин-а, қўли остидаги ва бошқа ерлардаги деҳқонлар оғзидан Иртенев тушмай қолади!.. “Мана булар оғзидан ҳам”, деб ўйлар эди у қишлоқ оралаб борар экан, катта ёғоч челакда лиммо-лим сув кўтарганча, йўлни кўндаланг кесиб ўтмоқчи бўлиб турган эркак ва аёлга кўз ташлаб. Эркак ва аёл тўхтаб, извошни ўтказиб юборди. Эркаги – кекса Пчельников, аёли эса – Степанида эди. Евгений уни кўрди, таниди, аммо юраги жиғ этмади. Евгений бундан жудаям мамнун бўлди. Жувон ҳалиям ёқимтой эди-ю, аммо Евгенийни энтиктирмади. Извош қўрғонга кириб келди. Хотини зинапояда кутиб олди. Ажойиб оқшом чўкиб борарди.
– Хўш, табрикласак бўладими? – деб сўради тоғаси.
– Ҳа, бир овоздан сайлашди.
– Жуда соз-ку. Ювиш керак унда.
Эртаси куни тонгда Евгений қаровсиз қолган хўжалигини кўздан кечиргани чиқди. Қишлоқда ғалла янчувчи яп-янги машина ишлаб турарди. Машина қандай ишлаётганини кузатиш учун Евгений хотинлар оралаб борар, уларга диққатини чалғитмасликка уринар эди. Бироқ ҳар қанча тиришса ҳам, барибир, сомон ташиётган Степаниданинг тимқора кўзларию қизил дуррачасига икки бор кўзи тушди. Унга Евгенийнинг икки бор кўзи тушди-ю, қалбида ғалати ҳиссиётни туйди, лекин бу қандай туйғулигини ажрата олмади. У фақат эртасига яна хирмонга бориб, зарурати бўлмаса ҳам, икки соат ўша ерда қолиб кетганда, Степаниданинг гўзал қад-қоматини тинмай нигоҳи билан суйиб эркалаётганини пайқаб қолди-да, энди адойи тамом бўлгани, буткул одам сиёғидан чиққанини англади. Тағин ўша азоб, тағин ўша даҳшат, тағин ўша васваса! Энди унга ҳеч бир нажот йўқ!
У нимадан қўрққан бўлса, ўша юз берган эди. Эртасига Евгений тунда, ўзи ҳам сезмаган ҳолда, Пчельниковларнинг ҳовлиси этагига, пичан сақланувчи омборхона ёнига келиб қолди. Аввалги йили кузда улар бир гал шу ерда учрашган эди. У ўзини сайр қилиб юрган одамга солиб, папирос тутатганча, ўша таниш жойда тўхтади. Қўшни хотин кўриб қолганда, дарров ортига қайтди. Ўша хотин унинг ортидан кимгадир тинмай жаврарди:
– Борсанг-чи, тоқати тоқ бўлди-ку! Нақ ўлади ҳозир бечора. Ана кут­япти, борсанг-чи, эси паст!
У Степаниданинг омборхонага қараб чопиб кетганини кўрди, аммо ўзи энди ортига қайта олмасди, чунки олдидан бир эркак чиқиб қолганди. Евгений ноилож уйига қараб кетди.

XX

У меҳмонхонага қадам қўйганда, бу ердаги ҳамма нарса беўхшов ва сохта кўринди. Бироқ тонгда, ҳайриятки, ўша жувонни ҳаётидангина эмас, хаёлидан ҳам чиқариб ташлашга онт ичганча, тетик уйғонди. Бироқ, ўзи ҳам англамаган ҳолда, хўжалик ишлари билан қизиқмаслик тугул, ҳатто улардан қутулишга ҳам интилди. Илгари жуда муҳим кўринган ва дилини қувонтирган нарсалар энди унга мутлақо арзимас бўлиб туюларди. Евгений беихтиёр ҳар қандай юмушдан ҳоли бўлишга уринарди. У обдан ўйлаб олишим, бир қарорга келишим учун қўлим бўш бўлиши керак, деб ҳисобларди. Охири ишлардан қутулди-ю, бир ўзи ёлғиз қолди. Аммо ёлғиз қолгани ҳамоно боғни, ўрмонни кеза бошлади. Боғ ҳам, ўрмон ҳам ёқимли хотираларга бурканган эди. У дафъатан англаб қолдики, гарчи боғда тентираб юриб, ўзини худди ўйлаётганга солса-да, аслида, ҳеч нимани ўйламаётган, ўша жувонни телбаларча кутаётган экан, холос. Гўё Степанида, қандайдир мўъжиза юз бериб, барин уни кутаётганини пайқаб қолади-да, оёғини қўлига олиб, шу ёққа чопади. Ё одамлар кўзидан пана бошқа бирор жойга келади. Ё бўлмаса, ойсиз қоп-қоронғи кечада уйи­дан чиқади-ю, Евгенийни бирортаям кимса, ҳатто жувоннинг ўзиям кўрмайди. Шунда у Степанидага яқинлашади-да, аста белидан тутади…
“Мана сенга қачон хоҳласам, ташлаб кетавераман, дейиш. Мана сенга соғлиқ деб кўҳлик, соғлом жувонга элакишиш, – деб ўз-ўзини аччиқ тергарди Евгений. – Йўқ, у билан бунақа ўйин қилмаслигим керак экан. Мен уни тўрга илинтирдим, деб юрувдим. Аслида, у мени тўрга илинтирган экан. Қани энди қўйиб юборса. Ўзимни озод санаб юрувдим. Аслида, қулдан баттар эканман. Уйланган пайтимда ҳам ўзимни ўзим алдабман. Бари – сафсата, алдов экан. Мен ўша жувон билан қовушгандагина бошқача туйғу, чин эрлик туйғусини туйдим. Тўғриси, мен фақат у билан яшашим керак экан.
Ҳозир қаршимда иккита ҳаёт турибди. Биринчиси – Лиза билан бирга яшаш, бу – хўжалик, земство, бола-чақа, одамлар ҳурмати, дегани. Агар асил ҳаёт шу бўлса, бу ҳаётда анави жувон – Степанидага жой йўқ. Уни, аввал режа қилганимдек, ё кўчириб юборишим, ё йўқ қилиб ташлашим керак. Иккинчи ҳаёт эса – бунинг тескариси. Жувонни эридан тортиб олиб, эвазига мўмай пул тутқазиш, уятсизлик ва шармандаликни бўйинга олиб, у билан бирга яшаш. Аммо бу ҳаётда Лиза билан қизим Мимига жой йўқ. Дарвоқе, бола халақит қилмайди. Бироқ Лиза даъф бўлиши, онасиникига кетиши керак. У хиёнат қилганимни эшитиши, мени роса қарғаши, кейин бош олиб кетиши керак. У қишлоқи жувонни ўзидан ортиқ кўрганимни, хиёнаткор ва муттаҳам одамлигимни билиши керак. Йўқ, бу – нақадар даҳшат! Асло бундай қилмаслик керак. Бироқ, – дея ўйлашда давом этди у. – бир тасодиф юз берса-чи? Ахир, шунақаси ҳам бўлади-ку! Лиза бетоб бўлиб, ўлиб қолса! Шунда ҳаммаси ажойиб бўларди.
Ажойиб бўларди, дейди-я! Эй аблаҳ, разил! Кимдир ўлиши керак бўлган тақдирдаям, ўша жувон ўлиши керак. Ҳа, Степанида ўлса, олам гулистон бўларди!
Лекин хотиним ё анави жувонни қандай қилиб заҳарласам ё отсам бўлади? Револьверни қўлга оламан-у, бирор жойга чақиртираман, келганда бағримга босиш ўрнига кўксидан отаман. Шунда барча азобларга нуқта қўйилади.
Аммо ўша жувон шайтон-да. Иблиснинг худди ўзи! Ўз измига бўйсундириб, эгаллаб олмадими, ахир. Нима қилган маъқул? Ўлдиришми? Ҳа! Фақат иккита йўл бор: хотинимни ёки уни ўлдириш. Чунки бундай яшаб бўлмайди. Ҳеч иложи йўқ! Етти ўлчаб, бир кесиш керак. Мабодо бари аввалгидек қолса-чи? Унда нима бўлади?
Унда тағин, бўлди, жувонни ташлайман, дейман-у, лекин тунда, барибир, омборхонаси ёнига бораман, жувон буни пайқайди-да, ёнимга югуриб чиқади. Ё бўлмаса, одамлар мени таниб қолади-ю, дарров хотинимга келиб айтади. Ёки Лизага ўзим бор гапни айтаман. Сабаби, ёлғон сўзлаёлмайман, бундай яшаёлмайман. Асло! Хотиним билади. Бошқаларам билади: Параша ҳам, темирчи ҳам. Хўш, билса нима қипти! Ахир, ҳозиргидек яшаб бўлармиди?!
Йўқ! Фақат икки йўл бор: ё хотинимни ўлдираман, ё ўша жувонни. Дарвоқе, яна…
Ҳа-я, учинчи йўл ҳам бор: ўзимни ўлдириш! – У бу гапни овозини чиқариб оҳиста айтди. Шуни айтди-ю, бирдан сесканиб кетди. – Ҳа, ўзимни ўлдираман, ўшанда уларни ўлдиришга ҳожат қолмайди”. Евгений фақат шу йўлгина тўғрилигини ҳис этиб, даҳшатга тушди. “Револьвер-ку бор. Аммо наҳот ўзимни ўлдирсам?! Буни ҳечам хаёлимга келтирмовдим. Бу шунчалар ғалати иш бўладики…”
Евгений хонасига қайтди-да, шкафнинг эшигини очди. У револьверни айнан шу жойда сақлар эди. Пистолетга энди қўл узатганди, хотини кириб қолди.

XXI

Евгений устига газета ёпиб, хотинидан револьверни яширди.
– Яна ўша аҳволми? – деди Лиза эрига хавотирланиб боққанча.
– Ўша аҳволми, деганинг нимаси?
– Қара, юзингда яна ўша даҳшат ифодаси. Уни аввал ҳам кўрганман. Ўшанда менга дилингни ёрмагансан. Женя, азизим, айт менга. Кўриб турибман: жуда қийналиб кетдинг. Айта қол менга, енгил тортасан анча. Қандай гап бўлсаям, майли айтавер. Ҳеч нима бунча азоб чекишингга арзимайди. Ахир, кўнглим сезиб турибди, ёмон гапнинг ўзи йўқ.
– Кўнглим сезяпти эмиш? Қўй шу гапларни.
– Айт, айтақол, айтақолсанг-чи. Айтмагунингча тинч қўймайман сени.
Евгений аянч бир аҳволда жилмайди.
“Айтсаммикан-а? Йўқ, бунинг иложи йўқ! Нимани ҳам айтардим…”
У хотинига балки кўнглини ҳам тўкиб солар эди-ю, лекин шу пайт энага кириб, сайр қилгани чиқсак майлими, деб сўраб қолди. Лиза чақалоқни кийинтиргани у билан бирга чиқди:
– Хўш, айтасан-а? Бир зумда қайтаман.
– Майли, айтарман балки…
Эри бу сўзларни нақадар аянчли жилмайиш билан айтганини Лиза бир умр унута олмай юрди. Хотини чиқди.
Евгений, худди қароқчилардек, револьверни шоша-пиша қўлга олди-да, ғилофдан чиқарди. “У – ўқланган, аммо анча вақт аввал, тағин битта ўқи кам. Нима бўлса, бўлар, таваккал!”
У револьвер оғзини чаккасига қадади-да, бир зум эсанкираб қолди, Степанида эсига тушди-ю, уни миясидан чиқариш учун курашиши, шаҳвоний ҳирс васвасасига учраши ва маънан юзтубан кетиши, сўнг яна курашиши ҳақида ўйлаб, даҳшатдан титраб кетди. “Йўқ, шуниси афзал”. У тепкини босди.
Лиза хонага чопиб кирганида – у эндигина балконга етганди – Евгений полда юзтубан ётар, қоп-қора, иссиқ қон ярадан шариллаб оқар, бадани ҳали титраб турарди.
Миршаблар келиб, савол-сўроқ қилишди. Ҳеч ким бу суиқасд сабабини тушунолмас, изоҳлаб беролмас эди. Тоғаси бу фожианинг Евгений икки ой аввал унинг қошида келтирган истиғфорга бирор алоқаси йўқмикан, деган фикрни хаёлига ҳам келтирмади.
Варвара Алексеевна, бир кунмас-бир кун шундай бўлишини кўнглим сезган эди, дея ҳаммани ишонтирмоқчи бўлди. У Евгений билан жанжаллашиб қолган пайтларида шунга амин бўлган эмиш. Лиза билан Марья Павловнанинг эса нега шунақа бўлганига ҳечам ақли етмасди. Докторларнинг, Евгений руҳий хасталикка чалинган, деган гапига улар зиғирча ҳам ишонмасди. Чунки иккови ҳам ўзлари таниган юзлаб одамлардан Евгений соғломроқ фикр юритишини биларди.
Дарҳақиқат, Евгений руҳий хаста бўлса, унда ҳамма одамлар ҳам руҳий хаста бўлиб чиқади. Энг ашаддий телбалар эса бошқаларда жиннилик аломатларини кўради-ю, аммо ўзидаям шундай аломатлар борлигини пайқамайди.

1889 йил 12 ноябрь. Ясная Поляна.

[“Иблис” қиссаси якунининг варианти]

… деди у ўзига-ўзи ва стол ёнига бориб, ғаладондан револьверни олди-да, ўқдонни текшириб кўриб – битта ўқ кам эди – шимининг чўнтагига тиқди.
– Эй Худойим, нима қилганим бу ўзи, – дея қичқириб юборди у қўққис, сўнг қўлларини қовуштирганча, ибодат қила кетди. – Худойим, Ўзинг қўлла, Ўзинг ҳалос эт! Ўзинг – билгучи зотсан, бу банданг гуноҳ қилмоқчи эмас, аммо бир ўзи ожизлик қилиб қоляпти. Ўзинг қўлла, – деди у икона қошида чўқинганча.
“Йўқ, ўзимни қўлга олишга ҳали кучим етади. Бироз ташқарини айланаман, обдан ўйлаб оламан”.
Евгений даҳлизга ўтди, калта пўстини ва калишини кийди-да, зинапоя­га чиқди. У буларни хаёли тўзғиган бир ҳолда бажарди. Сўнг оёқлари Евгенийни боғ ёнидан ўтувчи дала йўлидан қишлоққа бошлаб кетди. Қишлоқда ҳалиям ғалла янчувчи машина гуриллар, чўпон болаларнинг қичқириғи эшитиларди. У бостирмага кирди. Степанида шу ерда эди. Уни Евгений дарров кўрди. Жувон сочилиб ётган бошоқларни тўдаларди. У баринни кўрган заҳоти кўзлари чақнади-да, янаям эпчиллик ва шўхлик билан ишга тутинди. Евгений унга қарамасликка интилар, аммо иродаси етмас эди. Степанида кўздан ғойиб бўлгандагина у ўзига келди. Ишбоши ҳозир моғорлаб қолган сомон янчилаётгани, шу сабаб дон кам чиқаётганидан сўзларди. Евгений сомон боғламлари беҳафсала ёйилганидан ҳар узилиш бўлганда тарақлаб қўяётган барабан ёнига келди-да, ишбошидан бунақа моғорлаб қолган сомон кўпми, деб сўради.
– Беш аравача бор.
– Унда бундай қилинг… – Евгений шундай деб сўз бошлади-ю, аммо гапини охирига етказмади. Жувон тағин барабан ёнига қайтди-да, унинг остидан бошоқларни куракда сурганча, чақноқ кўзларини Евгенийга қадаб, бағрига ўт ёқди.
Бу кўзлар иккови ўртасидаги ўша қувноқ, беғам севгидан сўйларди. Яна, сиз ҳозир ҳам мени қўмсайсиз, балки чиқиб қолар, деб омборхонам атрофида санқиб юрасиз, буни билмайди, деб ўйлайсизми, дер эди. Ниҳоят, бу кўзлар жувоннинг баринга ҳеч қандай шарт қўймай, ҳатто оқибатини ҳам парвосига келтирмай, худди аввалгидек, у билан бирга бўлишга, унинг кўнглини овлашга тайёрлигидан сўйларди. Евгений жувон ўзини сеҳрлаб олганини англади, бироқ таслим бўлишни хоҳламади.
Эски дуоси ёдига тушди, уни пичирлашга киришди. Аммо шу ондаёқ тўсатдан бу – бефойда эканини тушуниб қолди.
Евгенийни айни дамда, жувонни бошқалардан яширинча қандай қилиб учрашувга чақирсам бўлади, деган фикр домига тортганди.
– Шу ғарамни эртароқ тугатсак, янгисига ўтаверайликми ёки эртани кутайликми? – деб сўради ишбоши.
– Ҳа, ҳа, – дея мужмал жавоб берди Евгений ва жувон ортидан бошоқлар уйиб қўйилган жойга қараб кетди. Жувон яна бир хотин билан бирга куракда бошоқларни шу уюмга томон суриб борарди.
“Наҳотки ўзимни қўлга ололмасам”, – деди у ўзига ўзи. – Наҳотки адойи тамом бўлган бўлсам. Мадад бер, эй Худойим! Йўқ! Ҳеч қандай Худо йўқ. Шайтон бор, холос. Ўша шайтон – мана шу жувон! Мени шайтон йўлдан оздиряпти. Лекин буни ҳеч хоҳламайман, йўқ, хоҳламайман!” У жувонга яқин борди-да, чўнтагидан револьверни чиқариб, унинг елкасига биринчи, иккинчи, учинчи ўқни бўшатди. Жувон қўрқиб қочди-ю, бошоқлар уюмига юзтубан йиқилди.
– Эй Худойим, нимаси бу тағин, – дея қичқириб юборди хотинлар.
– Йўқ, бехосдан эмас, атайдан ўлдирдим уни, – деб бўкирди Евгений кўзлари ола-кула бўлиб. – Миршабхонага одам юборинг!
Евгений уйга қайтди-да, хотинига лом-мим демай, хонасини ичдан қулфлаб олди.
– Кет бу ердан, кет, – деб қичқирди хотини келганда эшик ортидан. – Биласан ҳали барини.
Бир соатдан кейин у қўнғироқни чалиб, гумаштасини чақирди. Гумашта эшик олдига келганда эса унга:
– Бориб бил-чи, Степанида тирикмикан, – деб буюрди.
Гумаштага ҳозирданоқ бари маълум эди, шу сабаб бир соат олдин жони узилганини айтиб қўя қолди.
– Жуда соз! Энди мени тинч қўй. Миршабхонадан одам келса, айтарсан.
Миршабхонадан одам эртасига келди. Евгений хотини ва боласи билан хайрлашди, маҳбусни қамоқхонага олиб кетишди.
Евгенийни суд қилишди. Ўшанда суд маслаҳатчилари эндигина жорий этилган эди. Уни руҳий хасталикка чалинган деб топишди ва черковга бориб истиғфор келтиришга ҳукм этишди, холос.
Евгений қамоқхонада тўққиз ой, монастирда бир ой бўлди.
У қамоқхонада ароққа ружу қўйди, бу одатини монастирда ҳам ташламади, оқибатда уйига шарти кетиб, парти қолган, ақли ҳам кирди-чиқди бир пияниста бўлиб қайтди.
Варвара Алексеевна, бир кунмас-бир кун шундай бўлишини кўнглим сезган эди, деб ҳаммани ишонтирмоқчи бўлди. У Евгений билан жанжаллашиб қолган пайтларида шунга амин бўлган эмиш. Лиза билан Марья Павловнанинг эса нега шундай бўлганига ҳечам ақли етмасди. Докторларнинг, Евгений руҳий хасталикка чалинган, деган гапига улар зиғирча ҳам ишонмасди. Чунки иккови ҳам ўзлари таниган юзлаб одамлардан кўра Евгений соғломроқ фикр юритишини биларди.
Дарҳақиқат, агар Евгений руҳий хаста бўлса, унда ҳамма одамлар ҳам руҳий хаста бўлиб чиқади. Энг ашаддий телбалар эса бошқаларда жиннилик аломатларини кўради-ю, аммо ўзидаям шундай аломатлар борлигини пайқамайди.

Рус тилидан Муҳиддин Раҳим таржимаси

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2019 йил 7-сон