Алишер Отабоев. Кортасарнинг топишмоқлари

http://n.ziyouz.com/images/kortasar.jpg

“Ёшлигида астойдил Европага талпинган ва ўтмиш билан алоқани узиб Францияда ўн йил яшагачгина ўзининг лотин америкалик эканини англаб етган бир аргентиналик қисмати сизга ғалати туюлмайдими?” Аргентиналик машҳур ёзувчи Хулио Кортасарнинг кубалик шоир Роберто Фернандес Ретамарга йўллаган очиқ хатидан олинган бу парчада муаллиф ўзи ҳақида ёзган эди. Янги Лотин Америкаси романчилиги асосчиларидан бири бўлган Хулио Кортасарнинг ҳаёт ва ижод йўли турли жумбоқларга тўла кечди. Астуриас, Карпентьер, Рульфо ва Роа Бастос каби унинг қитъадошлари миллий ҳаёт тарзини бадиий тадқиқ этиш орқали умуминсоний муаммоларни кўтарган бўлишса, Кортасар аввал шу муаммоларни ўрганиб, кейинчалик уларни замон билан боғлаган. Лотин Америкасидаги кўпчилик етакчи ёзувчилар ижоди катта ижтимоий қатламлар силсиласини акс эттиришга йўналтирилгани ҳолда, Кортасар алоҳида олинган шахсни ўрганади. Ёзувчининг ўзига хос услубига унинг умр йўли ҳам катта таъсир қилган, албатта. Хулио Флоренсио Кортасар 1914 йил 26 августда Брюссел шаҳрида аргентиналик савдо ходими оиласида дунёга келади. Ота-онаси билан ватанига қайтганда у тўрт ёшда эди. “Болалигим Буэнос-Айрэсдаги кучук, мушук, тошбақа ва тўтиларга тўла уйда ўтган”, – деб хотирлайди ёзувчи. Оғир шароитда ўсиб-улғайган адиб мактабни тамомлаб, пойтахтдаги олий ўқув юртининг фалсафа факультетига қабул қилинади-ю, ўқишни давом эттиришга пули етмай, етти йил қишлоқ мактабида дарс беради. Йўқчилик тинка-мадорини қуритган Кортасар топган пулини ёрдам учун онасига юборар, Европага бош олиб кетишни орзу қиларди. Унинг бу орзуси 1951 йили ушалди. Уч йил давомида қунт билан инглиз ва француз тилини ўргангач, у Франция ҳукуматининг адабий соҳадаги стипендиясига лойиқ топилиб, Парижга жўнаб кетади ва умрининг охиригача шу ерда яшаб қолади.

Кортасарда адабиётга қизиқиш жуда эрта уйғонган. Онаси танлаб берган Жюл Верннинг китобларини севиб мутолаа қилган адиб тўққиз ёшидан ижод қила бошлайди. Ёшликдаги ҳавас бора-бора уни бадиий сўз оламига етаклаб, ижодга кучли иштиёқ уйғотади. Кунларнинг бирида Буэнос-Айресдаги китоб дўконидан Жан Коктонинг сюрреализм услубидаги “Оғу” асарини харид қилган ёш Кортасар бу йўналиш таъсирида замонавий адабиётга қарашларини тубдан ўзгартиради.

Адибнинг “Ишғол қилинган уй” номли илк ҳикояси 1946 йили, у ўзига устоз деб билган Борхес томонидан ташкил этилган журналда босилиб чиққан. Кортасарга хос, ғайриоддийлик ва реаллик омихтасига асосланган, тасаввурни чалғитувчи фавқулодда персонаж ва ҳодисаларга бой ҳикоялар шундан кейин бирин-кетин турли нашрларда чоп этила бошлади.

Эл қатори, оддий одамнинг кундалик турмушида рўй берган, кутилмаган, ғайритабиий воқеа бир маромда давом этаётган умр йўлини ўзгартириб, реал манзарани остин-устун қилиб юборади. Унинг тасаввури бўйича номаълум, ғаразли кучлар таъсирида борлиқдаги мувозанат бузилиб, дунё тескари айланиб кетгандек туюлади. Табиийлик ва ғайриоддийлик ўртасидаги чегара йўқолган бундай шароитда доимий хавф-хатар ҳиссидан, қора шарпалардан қочиб қутулиш мушкул. Кортасарнинг “Имтиҳон”, “Ютуқ” романлари, “Ҳайвонхона”, “Ўйиннинг тугаши” ҳикоялар тўпламида мана шундай ажабтовур сюжетлар учрайди. Ҳаёт ҳақидаги азалий тасаввурларнинг қанчалар нисбий ва мўрт эканини кўрсатиш учун адиб услуби жумбоқ ва турли ресурслар йўлини танлайди. Йиллар ўтиб Кортасар ижодидаги ғайритабиий унсурлар ташқи дунёдан персонажнинг ички оламига кўчади. Бу эса муаллиф мурожаат қилган сир-синоатли мотивлар инсон ботинидаги зиддиятларни очиб бериш учун қўлланилганидан, Кортасарнинг фантаст ёзувчи эмаслигидан далолат беради.

Кортасар кичик воқеалар тасвири орқали катта ҳаётий моҳиятни акс эттира оладиган жанр бўлмиш новелла жанрининг Лотин Америкасидаги энг кўзга кўринган усталаридан эди. “Бу ерда дайдиётган кимса”, “Лукас деган бир одам”, “Биз Глендани шунақа яхши кўрамиз”, “Вақтдан ташқарида” каби ҳикоялар тўпламига кирган ҳар бир асарни ёйилган метафорага қиёслаш мумкин. Кенг қамровли баён услуби, шиддаткор оҳанг, таранг тортилган сюжет чизиғи, сўз қўллашдаги бетакрор маҳорат Кортасар ҳикояларининг муваффақиятини таъминлаган.

Кортасарга оламшумул шуҳрат келтирган роман жанрида адиб бундан-да катта натижага эришган. “Классиклар ўйини” (1963) ва “62. Тўплам учун андоза” (1968) романлари кўплаб танқидчилар фикрича ёзувчи ижодининг чўққиси ҳисобланади. Ўз вақтида насрда янги тажриба бўлган бу мураккаб асарлар Кортасарга янги Лотин Америкаси романининг асосчиларидан бири, деган ном олиб келди. Адибнинг 1960 йилгача битилган ҳикоя ва романларида, асосан, аргентиналиклар ҳаёти тасвирланган бўлса, бу икки романда инглиз, француз, даниялик ва бошқа миллат вакиллари кечмишлари ҳам қаламга олинган. Замонавий ижтимоий, маънавий, руҳий муаммолар диққат марказига қўйилиб, инсоннинг атрофдаги олам, бошқа одамларга, ҳокимиятга, эркка муносабати ўрганилади, эзгулик, муҳаббат, виждон, ёвузлик, бурч каби тушунчалар мушоҳадага тортилади. Лекин буларнинг бари ҳақида тўғридан-тўғри эмас, рамзлар, ишора ва истиоралар воситасида фикр юритилгани боис муаллиф айтмоқчи бўлган хулосани излаб топиш, асарнинг мағзини чақиш китобхондан қунт ва сабр-бардош талаб қилади. “Классиклар ўйини” ва “62. Тўплам учун андоза” романларининг баён услуби ноодатий, воқеалар пароканда. Муаллиф романларни ўзига хос ўйин ва тажриба майдонига айлантиргандек, китобхондан шу ўйинда қатнашишни, ижодий жараёнга ҳаммуаллифлик қилишни таклиф этаётгандек туюлади. Ёзувчининг чегара билмас тасаввури қанотларида сайр этган ўқувчи эски адабий андоза-ю қолиплардан ташқаридаги мутлақо янги олам – Кортасар оламига кириб келади. Бу ерда адиб циркдаги масхарабоздек сўзлар, образ ва услублар билан рақс тушади, рамз, иқтибос, муболаға ва парадоксларни бир-бирига қориштириб ранг-баранг эпизодлар яратади. Кортасар персонажлари – азалий тартиб-қоидаларга қарши исён кўтарган бебошлар. Мудом бир томонга айланувчи ҳаёт чархпалагини тўхтатиш йўлида улар ўзлари учун янги муҳит яратмоқчи бўладилар. “Классиклар ўйини” романида бу ўзгача олам Ҳудуд, “62. Тўплам учун андоза”да эса Доира деб аталган.

Аммо борлиққа қарши аёвсиз жанг мағлубият билан тугаши муқаррар. Негаки реаллик сиртмоқларини парчалаб маънавий озодликка етишишнинг имкони йўқ. Романлар хотимага яқинлашган сари жозибадор сўз ўйинлари ва ўйноқи оҳанг шу аччиқ хулоса сезилиб турган мунгли тасвирларга ўрин бўшатади.

Кортасарнинг энг машҳур романи – “Классиклар ўйини” аргентиналик қирқ ёшли зиёли Орасио Оливейранинг Париж ва Буэнос-Айресдаги ҳаётидан олинган парчалардан иборат. Қаҳрамоннинг дўстлари билан фалсафа, адабиёт ва ҳаёт ҳақидаги гурунглари, чигал ишқий муносабатлари, соғинчу ҳасратга тўла ички монологлари – буларнинг бари даврий изчилликка риоя этилмай, бўлак-бўлак ҳолда китобхон ҳукмига ҳавола этилган. Вақт, ўлим, тасодиф, болалик сингари Кортасарга хос доимий мавзулар элас-элас кўзга ташланган пароканда сюжет йўлини босиб ўтишга чоғланган китобхон асарнинг фалсафий тагмаъносини, муаллиф яширган ғояларни топиш учун бошқотирмага ўхшаш матн устида узоқ мушоҳада юритишга мажбур. Қайсидир маънода у ҳам бош қаҳрамон Оливейрага айланиб, жамиятда ўз ўрнини қидириб, ҳаётдан мазмун ахтариш, руҳий сокинликка, уйғунликка эришиш мақсадида ўз-ўзини, ўтмиш ва бугунини тафтишдан ўтказади.

Ижодда бир хилликдан қочиб янгича шакл кетидан қувган Кортасарнинг ҳар бир асари айрича қизиқиш билан ўқилади. Инсон руҳияти эпкинларини тадқиқ этишда аввал босиб ўтилган йўллардан бормай, ўзининг оғир ва хатарли сўқмоғини топган адиб тириклигидаёқ “Адабиёт оламидаги Колумб”, “Анъаналар кушандаси” дея шарафланган. Романларидаям, ҳикояларидаям анъанавий бадиий адабиёт доирасидан ташқарига чиқишга уринаркан, Кортасар ўз олдига аниқ бир услубдаги теран асар яратишни эмас, китобхон билан олам ва одам тақдири хусусида баҳслашишни, уни ўйлашга, фикрлашга ундашни мақсад қилади. Шунинг учун ҳам танқидчилар Кортасар ижодида реализмдан тортиб постмодернизмгача бўлган турли адабий оқимлар белгиларини илғашади, таржимонлар эса унинг матнларини қайта-қайта ўгиришади. Қачонлардир Буэнос-Айресдан Парижга сафар қилган аргентиналик ёзувчининг битиклари бугун дунёдаги барча мамлакатларни кезиб юрибди, десак муболаға бўлмайди.

Август ойида юз йиллиги нишонланган Кортасар жаҳон адабиётида ўзининг бетакрор оламини яратди. Фантастика, сеҳр-жоду, рўё реаллик эшикларини очиб берувчи калитга айланди. Ёзувчи воқеликни ичкаридан эмас, четдан туриб кузатиш учун рамзларга мурожаат қилиб, ҳар бир асарини ўзига хос топишмоққа ўхшатиб ёзди. Жумбоқнинг ечимини топиш йўлида бош қотирган китобхон Кортасар асарларини яна бир неча юз йил қўлдан қўймай ўқиши тайин.

Алишер Отабоев

“Жаҳон адабиёти, 2014 йил, 9-сон