Илҳом Аҳрор. Шам ва бўрон (Иброҳим Ғафуровга мактуб)

Иброҳим Ғафуровнинг бадиий олами ва фикрий теранлиги бир-бирига шу қадар омухталашиб кетганки, баъзан уни бадиият файласуфи ёхуд фалсафанинг шоири дегинг келади.
Нажмиддин Комилов

Юқоридаги сарлавҳа “Дил эркинлиги” китобингиздан олинган. Ундаги мақолаларнинг бири шундай номланади. Бунда қандай рамзий маъно юклаганингиз ҳақда ўйлаб қолади одам: шам кичкинагина хонани ёритади. У шунинг учун ёнади. Тўғрироғи, шу мақсадда ёндирилган. Дунё миқёсида оладиган бўлсак, ўша хонани юртимизга, халқимизнинг урф-одат ва анъаналарига менгзасак, шамнинг бир маромда таралаётган ёғдусига қараб қаердадир бўрон ҳам борлигини туясиз. Бўрон чегара билмайди. Унинг “хона”мизга йўламаслигини, шамнинг ҳеч қачон ўчмаслигини маърифат эгалари таъминлайдилар.

Иброҳим ака, Сизни ана шундай зотлардан деб биламан. Талабалик йилларимда ўқиганимнинг таъсирими,  80-йилларгача ёзилган асарларингиз  довруғи ҳақда кўп ўйлайман. Ижодкорлар назарингизга тушиш ва тушмасликни  исташарди. Истайдиганлар – мақтовга сазоворлар, истамайдиганлар  – танқидни хуш кўрмайдиганлар эди.  Айниқса, дастлабки “Ёнар сўз”, “Гўзалликнинг олмос қирралари” китобларингиз қўлма-қўл бўлиб ўқилган.

“Гўзалликнинг олмос қирралари” китобингизда Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Асқад Мухтор, Пиримқул Қодиров каби ёзувчилар билан асарлари орқали диллашаркансиз, мақсадни аниқ қўясиз. Уларнинг фазилатларини бошловчи ёзувчиларга намуна сифатида кўрсатасиз. Чунончи, Абдулла Қаҳҳор яратган иғвогар “ҳи-ҳи” образига нисбат берасиз. Ёзувчининг диалог тузишидан унинг назмга майлини илғайсиз:

“– Саводингизни анча чиқариб қўйишибдими?

– Ким?

– Билмасам. Домлангиз, домлаларингиз.

– Менинг домлам йўқ.  Домлам – икки кўзим…”

Нимаики ёзсангиз, “ҳаёт жозибаси бадиий асар жозибасига кўчиши” кераклигига аҳамият берасиз. Жозибасиз “адабиётда қуёш ўрнини капалак эгаллайди”,  асар “изм-изм”ларнинг пардоз қутичасига айланади” деб куюнишларингиз боиси энди аён бўлмадими? Қуёшга айланмоқчи бўлган қанчадан-қанча парвоналар ҳақиқат оташида жизғанак бўлиб кетмади, дейсиз. Лекин ўзини билган капалаклар ҳамон боғларнинг кўрки. Чунки ўзликни билиш самимият билан боғлиқ. Шу маънода бадиий адабиётда самимиятни жозибанинг жони сифатида кўришни истаб ёзасиз: “Шум бола”нинг композицияси садафга, ички мазмуни дурга ўхшайди”.

Нақадар ҳақ гап….

Сиз севиб ишлатадиган сўзлардан бири  – баҳрамандлик. Чиндан, бу сўз шу қадар чуқурки, бунда  ҳаётнинг инсонга, инсоннинг ҳаётга таъсири кўриниб туради. Буни шундай изоҳлайсиз: “Ҳаётдан баҳраманд бўлмаган адабиёт ҳеч қачон адабиёт саналмагандай, адабиётдан баҳраманд бўлмаган ҳаёт ҳам юксак маданиятга молик ҳаёт деб ҳисобланмайди”.

“Прозанинг шоири” китобингиз муқаддимасида “сафбаста” деган сўзни ишлатасиз. Бу билан Саид Аҳмад прозасидан Ойбекдаги “хаттий порлоқлик ва лиризм”, Абдулла Қаҳҳордаги “лўндалик ва ўткирлик”, Абдулла Қодирийдаги “пластик таъсир туйғуси” таъсирларини излайсиз. Атай Қодирийни саноқнинг охирига қолдирасиз. Чунки мазкур ижодий очерк шўролар ғояси ҳали ҳукмрон бўлган бир даврда нашр этилган. Шунга қарамай, Саид Аҳмад асарларини улуғ адибнинг “Обид кетмон”и билан қиёслайсиз.  Бунда нозик бир ишора бор: Саид Аҳмад асарлари Қодирий оламининг ҳали бир остонасида турибди, “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён”гача ҳали анча масофа бор. Хуллас… “Обид кетмон”даги “Қуёш билан ҳам курашаман” бобига аҳамият қаратаркансиз, адибнинг “атанган” ва “ақловар” сўзларидан дилингиз ёришади. Нафақат Қодирий қаҳрамонлари, унинг ўзи ҳам миллат равнақига атанган, эл учун фидо бўлиш йўлида ақловар шахс бўлганидан фахрланасиз. Саид Аҳмад ҳам у яратган мактабнинг “илдизлари, илдизларидан қувватланадиган анъаналари, илғор анъаналаридан ўсиб чиқадиган янгиликлар”идан тўла баҳраманд бўлишга имконияти етажагини маҳорат билан айтасиз. Билдирилган фикр ичида яна “нимадир” дейиш усулингизга амал қилиб китоб давомида ҳам Қодирий учун яна саҳифалар ажратасиз.  Дунё тан олган ёзувчилар – Гоголнинг Ўрта Россияни теран тасвирлагани, Америка ёзувчиси Фолк­нер асарларида Америка жанубининг тимсоли сифатида Йикнопатофа ўлкасини яратгани, Ҳеменгуэй Испанияни, Африкани, Париж кўчаларини севгани, Шолоховнинг Дон шоири экани, Достоевскийга Петербург илҳом бергани ва ниҳоят саноқни Абдулла Қодирий учун Марғилон ва Қўқон илҳомбахш муҳит бўлгани билан якунлайсиз. Демак, ўша “нимадир” Қодирийнинг улар даражасидан қолишмайдиган адиб эканига урғу бериш бўлган.

Китобда Саид Аҳмад яратган “меҳнат эътиқодига айланган кишилар” сиймоси ҳақда фикр юритиб, ёзувчилар аҳамият бериши шарт бўлган хислатлар – воқеа қуруқ панд-насиҳатга асосланмаслиги, сюжет қаърида “олийжаноб дидактика” ётиши лозимлиги, севгининг “танловчи туйғу” эканини  китобхон ҳис қилиши кераклиги, ҳар бир халқ ўз  миллий қадриятлари билан юксалажаги ҳақда мулоҳаза юритасиз: “Ниятдаги порлоқликни акс эттириш порлоқлигига кўчириш” кераклигини уқтирасиз. Бу фикрлар ўша даврда нафақат Саид Аҳмад, балки барча ижодкорлар учун жуда зарур эди. Бугун ҳам ўз қадрини йўқотгани йўқ. Чунки бу мулоҳазаларда, ўз иборангиз билан изоҳлагандай, “айтмай айтиш” санъатидан фойдаланилган.

Бир ифода йўлингизга талабалик йилларимда маҳлиё бўлганман. Таъсирингиз остида ёзган мақоламни ўқиган адабиётшунос олим Собир Мирвалиев буни сезган. Койиган мени. Ҳожиакбар Ҳамидовнинг хушовоз хонандалиги, агар Фахриддин Умаровга эргашмаганида  яна бир ўзига хос зўр ижрочи  пайдо бўлиши мумкинлигини мисол қилган.  Баъзан бир ўринда, гоҳида бутун бошли мақолангизда кўриниш берадиган ўша усулингиз шундан иборатки, бир сўз ёки жумладан риторика йўналишида фойдаланасиз. Ундан алланечук оҳанг ясаб мазмун-моҳиятга сайқал берасиз. Масалан, “Қалб ҳароратини ҳаёт ҳарорати яратади. Ҳаёт ҳароратини халқнинг ҳарорати белгилайди”. “Ҳарорат” сўзи икки жумлада тўрт бор такрорланса-да, эриш туюлмайди кишига. Ёки “Матонат ва эзгулик” мақолангиз моҳиятига адабий қаҳрамон тимсолидаги “Мен” барқарорлик бахш этган. Фикр машинасини бошқарган: “МЕН воқеаларни тарихчи каби ҳикоя қилади”, МЕНнинг фаолияти воқеаларга кучли эмоционал талқин бахш этади”, “МЕН воқеаларга ишонч уйғотади”, МЕНнинг кўз қараши қизиқ”, “МЕН қишлоқ йўлидан бормоқда”.

Бу ва бунга ўхшаш тасвир имкониятларингиз ижодий  фаолиятингизда равнақ пиллапоясидан кўтарилди. Таржима асарларингиз, насрий назм – мансураларингизга ҳам салмоқ бағиш­лади.

“Лириканинг юраги” – кенг қамровли адабий тадқиқотларингиздан бири. Китобда замонавий шоирлар Ғ.Ғулом, Ҳ.Олимжон, У.Носир, А.Мухтор, Э.Воҳидов, А.Орипов, О.Матжон, О.Ҳожиева, Ҳ.Худойбердиева, Р.Парфи, Х.Даврон сингари шоирлар ижодига мурожаат қилинган бўлса-да, ора-орада қадимги ёдномалар  –  “Авесто”, “Инжил”, “Панчатантра”, “ Дҳаммапада”, “Экклесиаст”, “Кецалькоать” китоблари, Пабло Неруда, Нозим Ҳикмат, Жак Превер, Бартольт Брехт асарларида қўлланилган бадиий воситалар таҳлилига бағишланган мақолаларни ҳам киритгансиз –  баландга кўтарилиб олиб пастга назар ташлагансиз.  Қиёсий таҳлил асосларидан фойдаланганингиз яхши самара берган. Қадимги адабий манбаларимиз ялтироқликдан, баландпарвозликдан холи бўлганини исботлар экансиз, олдингизга савол қўясиз: “Кўрайлик-чи, бугунги шоирлар учун энг муҳим нарса нима экан?” Энди номдор, замонамиз пешқадам шоирларининг шеърларини шундай юксак даражали манбалар билан қиёсан қилган таҳлилларингизнинг аввало уларнинг ўзига, кейин  ёш ижодкорларга қандай таъсир этганини тасаввур этиш қийин эмас.

“Лириканинг юраги”даги деярли барча мақолалар вақтли матбуотда эълон қилинган. Масалан, қуйидаги фикрингизни олайлик: “Андрей Вознисенский “Фақат ҳиссиёт гўзал” деган ғояни ўртага ташлади. Мен унинг бу сўзларини таҳрир қилиб, “Фақат меҳр гўзал, фақат муҳаббат гўзал” дейишни истардим”. Истеъдодли шоир Муҳаммад Юсуф сизни ниҳоятда ҳурмат қиларди.  Сиз ҳақингизда тўлиб-тошиб гапирганига кўп бора гувоҳ бўлганман. Энди-энди ўйласам, ўшанда Муҳаммад ака шу мулоҳазангиздан таъсирланиб  “Меҳр қолур, муҳаббат қолур” деган гўзал шеърини ёзгандир, ўзининг содда ва самимий шеърияти анҳорида яна бир тўлқин ҳосил қилгандир, эҳтимол. Демоқчиманки, китобларингиздаги адабий мулоҳазаларингиз жуда кўп ёш ижодкорларнинг илк шеърлари, китобларини адабий муҳокамаларга тавсия этиб, матбуотда ёритилишига кўмаклашиш – уларга амалий ёрдам беришларингиздай аҳамиятли ва унутилмасдир. Чунки мушоҳадаларингиз бадиий тафаккур, меҳру муҳаббат, шу билан бирга  ажойиб андиша ва юксак дид мевасидир. Чунончи: “Шоир олам ичида эмас, оламлар ичида яшайди ва оламлар ҳосил қилади”, “Характер ўз қиммат ва моҳиятини фаолиятда очади”, “Бу одамнинг нимадан, нега “темир” бўлиб қолганлиги маълум эмас”, “Кўчамизда бетон қорадиган ташкилот бор. Шу минора тепасига “Энг муҳими, болалар, қалбан қаримасликдир” деб ёзилган. Ҳар сафар унга кўзим тушса, қувваи жисмимда қийинчиликларни енгиб ўтишга табиат томонидан берилган куч қандай бўлмасин ортгандай бўлиб туюлади”. “Муҳаббат –  уйқудан уйғотиб юборган шеъриятнинг гўзал садолари” (Зулфия шеъриятига нисбатан), “Маълум бир қонуниятлар қўлни боғламагандан сўнг истаганча сухандонлик қилиш мумкин деб қаровчилар йўқ эмас” (сарбаст, эркин шеър жанрларида ижод қилувчиларга нисбатан), “Шоир худди оғзида қовун билан тамшаниб сўзлаётгандек…”, “Соддалик талантга эргашиб юради”…

Усмон Носирга бағишланган “Лириканинг юраги” мақолангизда Абдулла Алавийнинг бир шеърини тўлиқ келтирасиз. Унда шундай қуйма сатрлар бор: “Бу кечанинг юмшоқ ипак кулгиси”, “Қўшиқ айтган шаршаракни ўпаман”…

Мазкур мақолада унинг замондошидан мисол келтириш орқали бир ҳақиқатни асос­лайсиз:  Усмон Носир, баъзилар айтгандай “осмондан” тушган шоир эмас, мавжуд адабий муҳитда шаклланган,  у ҳам кимлардандир ва нималардандир таъсирланган, илҳомланган. Умид ва умидсизлик орасида умр кечирган. Йўқса дермидингиз: “Шеър қидираётган одамда бўладиган ҳамма зиддиятлар унга ҳам хос эди”. Фақат “шеъри меҳрига беркинган”. Бу шоир таржималари муҳокамасида ҳам кўринади. Пушкин, Лермонтовдан қилган таржималарининг баланд савияда эканлигини таъкидларкансиз, баъзи камчиликларини ҳам асослаб берасиз. Таржималарни асл матн билан сўзма-сўз, мантиқма-мантиқ солиштириб таҳлил қиласизки, токи бундай камчиликлар бошқа таржимонларда учрамасин.

Усмон Носирнинг адабиётдаги ўрни, унинг туйғу шаклланиши борасидаги  ютуқлари иқтидори устида чеккан заҳматлари билан боғлиқ эканлигини уқтириб, илмий мушоҳада ва бадиий талқин муштараклигида фикрингизни  “Нил ва Рим” мисолида шундай изоҳлайсиз: “Мен бу қадар образлари оғир зарбли шеърни кам ўқиганман, бундай шеърлар катта шоирларда ҳам саноқли бўлади”, Усмон Носир  “куйиб тушган ҳар қанотдан бир жон топади”, “ўлик кўзлар ойнасида йиллар, одамлар қичқиради, уларнинг босган қадамлари эшитилади. Нил бу – қуллар тўккан ёш, еру осмон қуллар фарёдидан ларзада, қул учун эрк қулф, хаёл қулф, худо қулф, унинг косасида сув, халтасида нон, рангида қон, кўзида кўз, белида бел йўқ. Шеър шу истибдод тагига ўт қўйиб, мағрур фиръавнлар ҳайкали қаршисида буюк озодлик обидасини қурган, спартаклар авлоди, гомерлар шогирди бўлган насл номидан қонхўрлик, хорликка лаънат ўқийди”.

Дарҳақиқат, шундай асарлар бўладики, китобхонини ўзи топади. Бизни қайсидир адабий манба ўзига чорламадими, демак, икки томоннинг қайси биридадир кемтиклик бор. Сиз доимо адабий асарларни шу ҳолатда кўрмаслик ташвишини қилгансиз: “Халқимизнинг форобийлари, хоразмийлари, берунийлари, синолари, навоийлари, ҳувайдою машраблари бор эди. Лекин улар яратган ҳаётбахш китоб­лар асрларнинг токчаларида қимирламай ётар эди”.

Энди аҳвол ўзгарди. Сиз сингари зиёлиларнинг орзуси ушалди: токчадаги китоблар полапон қушлардай қанот чиқара бошлади.

Адабиётшунос танлаган таҳлил воситаси адабий муҳит, жараёнга хос бўлсагина, таъсири сезилсагина, аҳамият касб этади. “Ўртоқ шоир” илмий рисолангиз ана шу жиҳатдан ўз вақтида кўпчиликда жуда катта таассурот қолдирган. Чунки таҳлил ортида публицистик шеърда бадиий салмоқни сақлаган, тарихни поэтик жонлантирган, ҳаётни фалсафий назарда кўра олган Шайхзода турибди. Бунинг устига, ижодий маҳорат пойдеворини Шайхзода салоҳияти орқали “ҳаётдан, йиллардан, тажрибалардан, инсониятнинг улуғларидан орттирилган сабоқлар ва улардан туғилган ўзлик” деб биласиз. Шоир қўллаган бадиий воситалар – ўхшатиш, ташбеҳ ва метафоралардан аввало ўзингиз завқлана­сиз. Чунончи: “Миянинг суратхонага ўхшатилиши Шайхзоданинг энг гўзал ва айни чоқда  илмий изланишларидан биридир:

Фикр кияр хаёл либосин,
Ўхшар суратхонага мия”.

Дарҳақиқат, шоир баъзи сатрлари билан тасаввурингизни элакка ўхшатиб қўяди. Бироз чалғийсиз. Моҳиятни англаганингиздан кейин гап элак ичидагида эмас, остидаги тозаланган унда эканлиги аён бўлади. Масалан, “Сафар ва йўл ва кема” мисрасини ўқиб, нега “ва” боғловчисини икки марта қўллаган, деб ўйлайсиз. Аслида биринчи боғловчи қуруқликдаги жараёнга, иккинчиси сув оламига тегишли. Шоирнинг ўзига хос ифода усулига ўзингизни мослагач, боғловчиларнинг ҳеч бирини олиб ташлаш мумкин эмаслигини биласиз.

Шайхзоданинг “Жалолиддин Мангуберди”, “Мирзо Улуғбек” драмалари  ҳам адиб дунёқарашини обдон ўрганган ҳолда таҳлилга тортилган. Икки драмада бир мантиқий боғлиқлик бор. “Жалолиддин Мангуберди”да ўғил отанинг ўсал дунёқараши туфайли ёвни тамомила енголмаганига ишора қилинади:  “Тарихий маълумотлар шоирнинг адабий муддаоси учун калит ва калитчалардир”. Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” драмасида ҳам шу “калит ва калитчалар”дан фойдаланганини кузатаркансиз, асарда келтирилган Мавлоно Тархонийнинг байтига мурожаат этасиз:

Тушгани банд ичра бўлдим ул пари девонаси,
Кўк саро – фонусдур, ул шаму, мен парвонаси.

Бу сатрлардан таъсирланган Улуғбекнинг  байтдан ўз тақдирига мослаб хулоса чиқаргани, “Фожиали бир насиба борга ўхшайди”, деб ўкингани ва бу ички ҳолатни Шайхзода чуқур ҳис қилганига  аҳамият қаратасиз. Бу билан икки драмани боғлайдиган бир ғоя – ота ва ўғилдаги тақдир алмашинувига диққат қиласиз: бирида ота – Хоразмшоҳ, иккинчисида ўғил – Абдулатиф ғаддор замон ўйинчоғига айланади.

Умуман, “Ўртоқ шоир” рисолангизда Мақсуд Шайхзода шеърларидаги тимсоллар шаклланиб, ороланиб тарихий асарларига бадиий-ғоявий баркамоллик бағишлагани ҳар томонлама асос­лаб берилган.

Гапни “Дил эркинлиги” китобингиздан бошлагандик. Ундаги “Шам ва бўрон” топилма иборангизнинг бир рамзий маъносига тўхталган эдик. Энди шамга бошқа бир мазмун ҳам бериб кўрайлик. Китоб эркинлик шабадалари эса бошлаган кунларда нашрдан чиққан. “Дил эркинлиги” азалий орзуларимиздай, ота-боболарнинг оташин нафасидай таассурот уйғотади. Бу нафас “хона”миз – она юртимизга тоза ҳаводай жонбахш эканлигига ишора қилиб, мазкур адабий тўпламга тарихий ҳикоялар, улуғ боболаримизнинг орзу-армонларини ифодаловчи мансуралар ва бадиаларингизни киритгансиз. Дили ҳамиша эркин ҳолда яшаб ўтган Машраб ҳақда ёзиш тасодифий эмасдек туюлди. Китобнинг “Озод нафас” бобидаги “Гала” ҳикоянгизни ўқиб, китобхон сизни тамомила унутади. Кўз ўнгига Машраб келади: “Кароматингдан ўргилайин-о… дарахт неча йил ўсиб ўтни ўз танасида йиғиб борган. Оловга айланмоқ учун ҳозирлик кўрган… ҳар қайда тириклик бор, у доим уч алангага айланади. Аввалгиси кўк аланга. Бу сенинг шавкат ва қудратга етишган чоғларинг. Кейингиси сариқ аланга. Бу сенинг мункайиб шавкат ва қудратдан ажралган пайтинг. Учинчиси, бўз аланга. Бу шамол хокингни кўкка ва ерга совуришидир?!”

Истиқлол йилларида ҳам ижодингиз гуркираса гуркирадики, асло сусайгани йўқ. “Ҳаё – халоскор”, “Мангу латофат” номли тўпламларингизни адабий жамоатчилик, сўз шайдолари илиқ кутиб олишди. Шу тўпламларда зукко мунаққид, донишманд адиб, сўз сеҳрини сезувчи моҳир таржимон кўз олдимизда яққол намоён бўлади. Айтиш мумкинки, ушбу тўпламлар билан адабиёт оламида бадиа жанрининг мавқеи анча кўтарилди.

Китобларингизни синчиклаб ўқиган китобхон ҳикматга дўнган жумлаларингиздан завққа тўлади. Ҳаёт, ҳаётдан олиб ёзилган асарлар уммонидан нозик дидингиз топиб чиққан  нодир мулоҳазаларингиз кўп. Буларнинг эгаси бўлиш учун бошқа қатор китобларингизни ўқиб, уқмоқ жоиздир.

«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 9-сон

____________________
Илҳом Аҳрор 1960 йили туғилган. Тошкент давлат маданият институтини (ҳозирги ЎзДСМИ) тамомлаган. Филология фанлари номзоди. “Тадорик”, “Гулшан чиройлар”, “Уйқуга куниккан тоғлар” каби шеърий, болаларга боғишланган “Бозорга юзланган бола” ҳикоялар тўпламлари, “Етти иқлим достони” номли адабий-танқидий мақолалар китоби нашр этилган.