Фикр тошни ёрар.
Ҳикматли сўз.
Публицистика поэзия эмас, бироқ у поэзиядан баланд бўла олади.
И.С.Тургенев
Тургеневни юзаки таниганлар уни овчи-ёзувчи деб билишади. Бу бежиз эмас. Аввало, ов, шоҳона шикор (царская охота) рус киборлари жамиятида алоҳида урфга айланганини таъкидлаш керак. Фақат Тургенев ёки Некрасов сингари адиблар эмас, ҳар қандай рус кишиси овга чиқишни, она табиат билан учрашишни хумор қилганлар, ов, шикорбозлик улар ҳаётини (ҳатто, нурсиз ҳаётини) безаб турган машғулот бўлган. Тургеневнинг турмуш тарзида эса бу ҳол ҳар жиҳатдан унинг қиёфасини белгилашда муҳим чизги бўлиб қолди. У шу заминнинг фарзанди сифатида табиат гўзаллигини, унинг сир-синоатларини ва она табиат фалсафаси (донишмандлиги)ни ов воситасида кашф этди, ов туфайли оддий одамлар ҳаётига жуда яқинлашди, ер юзида қушлар, ҳайвонлар ва одамзод вобасталигида тирикликнинг моҳиятини теранроқ ҳис этди. Ов унинг учун ўзига хос дорулфунун, ҳатто ундан ҳам юксакроқ мавқе касб этди. Буюк ёзувчининг арсенали (хазинаси)да ана шундай ёмби ҳам бор эди. Унинг асарларидаги латофат, тиниқ ва равон ифода, қаҳрамонларининг қалб гўзалликлари ов кўмагида табиатдан олинган тоза унсурлар, шунинг учун ҳам улар бетакрор ва фақат Тургеневга хос.
Табиатга ошуфталик ҳали унинг гўдаклик пайтиданоқ руҳига сингиган эди. Маълумки, Тургеневнинг она томонидан бобоси Пётрнинг акаси Иван Лутовинов яхшигина маълумот олган, бир неча тилларни билган, бой шахсий кутубхона ташкил қилган. Уйланмай ўтган бу одам ҳарбий хизматни ҳам эрта тарк этиб, бутун кучи, меҳрини боғбонликка бағишлаган, қишлоғида улкан боғ барпо қилганди. Қаровсиз қир бағрида кўкка бўй чўзиб турган арғувон, болут, эман, заранг, шумтол сингари улкан дарахтлар пойида майин шивирлаб турадиган арча, қарағай, қора қарағай сингари нинабарглилардан иборат фусункор боғ бутун ҳудуднинг кўрки эди. Уларнинг боғбони бор ғайратини, санъатини сарфлаб, шундай парваришлаган эдики, боғ чинакам мўъжизага ўхшар, ҳар қандай лоқайд одамни ҳам бепарво қолдирмасди.
Ёзувчининг болалиги ана шу яшил олам бағрида кечди, йиллар ўтиб, дарахтлар яна ҳам улғайган, уларнинг шохи осмон билан бўйлашиб, киши қалбига ўзгача сурур ва юксаклик бахш этарди. Арғувонларнинг қораси узоқ-узоқлардан ҳам кўзга ташланиб турарди. Бир йил баҳорда улкан арчалардан бири бўрондан қулаб тушди ва унинг тарвақайлаган шохлари болалар учун севимли арғимчоққа айланди. Яна боғ ва дарахтлар, улар қуршовида кезиб юрувчи алвасти-жинлар билан боғлиқ ваҳимали ҳикоялар болалар ўй-фикрини мавҳум ёқларга олиб кетар, мурғак хаёлларида олийжаноблик, мардлик, ёвузлик манзараларини жонлантириб, тасаввурларини кенгайтирар, ёмонликка нафрат, эзгуликка муҳаббат ҳисларини тарбияларди. Одам ҳаёти давомида кўплаб яхши-ёмон хотираларга эга бўлади, иссиқ-совуқни кечиради, аммо болалик эсдаликлари тошга ўйилгандек ўчмас бўлиб қолади. Тургеневнинг табиатга яқинлиги, асарларида бу сирли оламни эҳтирос ва эҳтиром билан тасвирлаши ҳам болалик хотиралари билан боғлиқ бўлса, не ажаб!
Улғайгач, елкасида ов халтаси, қўлида ўқланган милтиқ, ёнида сергак този ит билан номаълум пучмоқлар сари иштиёқ билан йўл олар экан, бу муҳитда ўзини асло бегона ҳисобламас, адашиб кетишдан, йўл топа олмай қолишдан заррача чўчимас – ўзини ҳеч ҳам бегона ҳисобламас, аксинча, бир қадрдониникига меҳмондорчиликка бораётгандек, болалиги билан хилватда учрашишга кетаётгандек қувноқ кайфият билан йўлга чиқарди. Гарчи бу кезинишлар унга чексиз завқ берса-да, ўқ бўшатиб, навбатдаги ўлжасини садоқатли тозисидан қабул қилиб, халтасига жойлаганда ўзгача ҳузур ҳис этса-да, асосийси – бу машғулотлар оддий халқ оламига сафар, улар турмуш тарзи, ўй-хаёллари, феъл-атвори билан танишиш эди. Бундай юзма-юз келишлардан оддий рус кишисининг қалбини яна ҳам теранроқ англар, уларнинг тўпорилиги, соддалиги, самимияти дворянда қизғин меҳр уйғотардики, бу ҳисни бошқачароқ бир шароитда туйиш мумкин бўлмасди.
Тургенев овга чиққанда кўпинча ўзи билан мулкларида хизмат қилиб юрган, ўзига ёққан очиқкўнгил, меҳрибон кишиларни бирга олиб кетарди. Уларни гапга солиб, ҳикояларини қизиқиш билан тинглар, жониворларнинг товушларини адашмай ажрата олишлари, ўсимликларнинг ҳолатига қараб, об-ҳавонинг қандай келишини бехато айтиб беришлари, турли ирим-сиримлар билан овнинг бароридан башорат қилишлари сингари халқона қилиқларидан ўзгача донишмандлик сезар, буларнинг барчаси оддий одамларга меҳрини, ҳурматини алангалатарди. Бир сафар ўзи билан Афанасийни олиб кетди. Тарқалиб ов қилишди, тушлик яқинлашгач эса ҳамроҳини излаб топди. Егуликлар унинг халтасида эди.
Катта ҳаётий мактаб ҳисобланган шикор Тургенев ижодининг ўқ илдизи, илгарига ҳаракатлантирадиган олдинги ғилдирагига айланди. Кейинчалик “Овчининг мактублари” дея номланган ва муттасил тўлдириб борилган тўпламдаги ҳар бир иншо ёзувчи сифатида унинг ижодий манифести бўлиб қолди. Кейинчалик уларнинг мағзи романларга асос бўлди, тадқиқотларга мавзу берди, ижодий шамойилининг тамал тоши мақомини касб этди. Юксалиш пиллапояларини забт этиб, баланд рутбаларга эришганда ҳам у дастлаб “Овчининг мактублари” муаллифи сифатида тилга олинди, эътироф этилди, эъзозланди.
Муаллиф ўз кечинмаларини қоғозга туширар экан, гарчи уни ҳамма севиб ўқишини, машҳур бўлиб кетишини истаса-да, асарининг тақдирини аниқ башорат қила олмайди. Бу борада аксарият тескари ҳолатлар ҳам воқе бўлади, яъни ўқ мўлжалга тегмайди. Баъзан эса кутилмаган жойдан (балки бу Яратганнинг иноятидир) муваффақият жамол кўрсатади. “Овчининг мактублари”, аниқроғи, унинг биринчи очерки “Хорь ва Калинич” билан шундай ҳолат юз берди. “Хорь ва Калинич” янгиланган “Современник” журналининг 1847 йилги январь сонида чоп этилган. Унга одатдаги, ҳатто ундан ҳам қуйироқ савиядаги нарса деб қарашган, майда ҳарфларда, хўжалик, агрономия ва бошқа иккинчи даражали мақолалар ичида кўзга ташланмайдиган жойда эълон қилинган. Унча-бунча одам бир қарашда илғаб олиши қийин бўлган бу битикни ўқувчилар нафақат пайқадилар, балки унга журналнинг биринчи рақамли маҳсулоти сифатида қарадилар, у ҳамманинг тилига тушди, кутилмаганда катта муваффақият қозонди. Бунинг сири нимада эди?
* * *
“Хорь ва Калинич”да рус ҳаётига хос бўлган шундай воқеалар ҳикоя қилинади: у Орлов (ёзувчининг ота юрти) ва Калуга (она юрти) одамларининг феъл-атворини таққослашдан бошланади. Шу қиёсда ватанининг бутун қиёфаси икки қирғоқда икки хил манзара ва умумий яхлитликда намоён бўлгандек. Орлов ҳар жиҳатдан ночор: одамлари ношуд, ўрмони сийрак, уйлари пастак. Калугаликлар эса баланд бўйли, ўзига тўқ, ишбилармон, ҳовлилари дарвозали, ов қилиш ҳам ёқимли. Орловда эса дарахтлар қуриб бораяпти, ботқоқлик. Овчи сифатида ёзувчи калугалик майда помешчик Полутикин билан танишиб қолади ва у қўрғонига бошлаб боришдан олдин ўз мужикларидан Хорнинг қўрасига таклиф қилади. Хорь йигирма беш йил олдин унинг мулкидаги ботқоқликни оброк тўлаш шарти билан олган ва шу кунларда уддабуронлиги, ишчанлиги билан бойиб кетиб, бинойидек яшаётган эди. “У ақлли мужик”, дейди хўжайин. Хорь билан учрашганда у овчида яхши таассурот қолдиради. “Унинг қиёфаси менга Суқротни эслатди” деб ёзади Тургенев. Бошқа бир сафар эса Калиничнинг қўрасига дуч келади ва уникида уч-тўрт кун туриб қолади. Бу икки мужик ўзаро ҳамкор, бир-бири билан борди-келди қилиб турадиган оғайнилар эди. Суҳбатлар асносида ўрмон чечакларидек беғубор бу икки одамнинг ички дунёсига теран назар ташлаган ёзувчи уларда миллатининг кўплаб нодир фазилатларини пайқайди, бу чизгиларни асарида муфассал қайд этади. Иложи борича ўзини уларга тенг тутиб муомала қилади (ахир у кимсан Европани кезиб чиққан, нуфузли университетда таҳсил олган, бунинг устига катта ер эгаси эди-ку), ишончини қозонади. Шу туфайли уларнинг суҳбатлари қўр олади. Молхонага туташиб кетган сомонхонада тунашни ихтиёр этади, кечаси билан ҳўкизларнинг бўкириши, чўчқаларнинг хуриллашидан қулоқлари батанг бўлиб чиқади, бироқ қадрдон замин бўйи ва ҳарорати уфуриб турган намчил сомонлар ичидаги уйқу унга ўта лаззатли туюлади. Улар жуда киришиб кетишгач, мужикларнинг ички оламини кашф этиб, уларни қиёсан тасвирлайди: “Хорь очиқкўнгил, амалиётчи, калласи бошқарув ишларида моҳир, тежамкор киши; Калинич, аксинча, орзу билан яшайдиганлар тоифасидан, хаёлпараст, эҳтиросли…”. Бир-бирининг бутунлай акси бўлган бу зотларни ўнлаб ўлчовларда қиёслаган ёзувчи гўё рус кишиси қалбининг уфқларини икки оралиқда чизиб кўрсатгандек бўлади. Хорь ҳақида гапириб, “Мен биринчи марта оддий, ақлли рус мужигининг жонли суҳбатини эшитдим”, деб ёзади ва ундан кўп нарса ўрганганини эътироф этади.
Уларнинг турмуш тарзи (ўрим пайти шаҳардан чалғи олиб келиб сотадиганлар билан олди-бердилари, газмол савдогарларига муносабатлари), маиший ҳаётлари, оилавий муносабатлари, қизиқишлари юзасидан кузатишларини батафсил, меҳр билан акс эттиради. Бу манзаралар билан танишиб, унинг замирида урфга айланган ҳаёт зайлини инкишоф этиб, тоифалар (масалан, помешчик Полутикин ва мужиклар) ўртасида айирмачилик йўқлигини, фақат қарор топган тартиблар бўйича бир томон ўзини ҳукмдор, иккинчи томон эса тобе деб ҳисоблашини тушуниб олади. Мияга қуюлиб қолган бу ақидани ўзгартириш эса осон эмас. Овчи Хорга “Бутунлай эркин бўлишни истамайсанми?”, дея савол беради. Бунга жавобан мутеликни севиб қолган одам “Нима керак менга эркинлик? Унда соқолимни олдиришимга тўғри келади. Хожамиз ҳам ёмон одам эмас”, деб жавоб беради.
Тургеневнинг мазкур очеркига ўқувчиларнинг қизиқиш сабабларини дастлабкилардан бўлиб Белинский очиб беришга жаҳд қилди: “Хорь ва Калинич”дек кичкина ҳикоянинг бундай муваффақият қозониши, – деб ёзади танқидчи, –тасодиф эмас: унда муаллиф халқ ҳаётига шундай томондан ёндашганки, ҳозиргача ҳеч ким бу эшикдан кирмаган эди”.
Тургенев яратган икки характер: амалиётчи Хорь ва хаёлпараст Калинич халқ ҳаётининг бадиий талқинида “Коперник бурилиши” (олимни Ғарбда геоцентрик эмас, гелиоцентрик назариянинг асосчиси деб билишади)ни юзага келтирди, деб ёзади рус адабиётининг тадқиқотчилари. Бу икки мужикнинг ёрқин қиёфаси қаршисида ҳозиргача эъзозлаб, умид кўзи тикилиб келинаётган синф вакили – помешчик Полутикин хира тортиб қолади. Гўё миллат келажагининг куртаклари кашф қилинган, бу – оддий халқ эканлиги бадиий тасдиқланган эди. Тургеневнинг ўзи ҳам очеркида миллий ифтихорни ҳис қилгандек бўлиб, “Хорь билан суҳбатларимдан кейин шу нарсага қатъий ишондимки, буни ҳатто ўқувчилар ҳам кутмасликлари, хаёлларига келтирмаслиги мумкин, Буюк Пётр ўз юксаклиги билан айнан рус кишиси эди ва шунинг учун ҳам русларга хос ислоҳотларни амалга оширди. Рус кишисигина ўз кучи ва қудратига шундай ишонади”, деб ёзган экан.
* * *
Ижодий муваффақиятдан илҳомланган Тургенев шу руҳдаги ҳикояларини давом эттирди. Уларда бош образ сифатида талқин этилган овчи тилидан бир-биридан қизиқ ва жозибадор воқеалар баён қилинади. Услубнинг самимийлиги, одмилиги ўқувчини ўзига жалб этса, уларда тасвирланган халқ ҳаётининг калейдоскопдек манзараси фикр қилишга, ўйлашга ундайди. Айниқса, жамиятда янги бир тўлқин пайдо бўлган, илғор андазаларга тақлидан, муқобил йўллар изланаётган даврда бундай мутолаанинг самараси чуқур ижтимоий мазмун касб этмасдан қолмасди. Жамият ҳушёр тортиб, энг муҳими, энди қолоқ тартиблар (масалан, крепостнойчилик) билан яшаб бўлмаслигини кўпчилик тушуниб, мамлакат ҳаётидаги қора доғлар тобора аниқроқ кўзга ташланиб қолаётган паллада янги соғилган сутдек ҳовурли ва ҳароратли оддий ҳалқ ҳаётининг бадиий манзаралари нуқтаи-назарларга, ижтимоий қарашларга кескин таъсир қилаётган эди. Айни шу паллаларда умумиллат эътиборига “Ким айбдор?” (А.И.Герцен), “Нима қилмоқ керак?” (Н.Г.Чернишевский) деган саволларнинг қўйилиши ҳам тасодифий ёки ноўрин эмас эди.
Тургенев эса яна ҳам иштиёққа тўлиб, қаламини чархлаётган, энди ҳикояларида ўз эстетик мезонларидан келиб чиқиб, қулочни кенгроқ ёзаётган – асарларига янги-янги бадиий унсурлар киритиб, уларни тобора бойитаётган эди. Ёзганларида шавқ билан жонажон рус ўрмони тасвирини қуюқ бўёқларда ифодалаб, адабиётда сўз рассомлигига эришаётган, дарахтларни, ерни, дарёларни гапиртириб, бадиий имкониятлар чегарасини кенгайтираётган эди. Бунақаси ҳали миллий адабиётда учрамаганди. Тургенев халқ ҳаётида шундай умуммиллий маънони топдики, кейинчалик уни Лев Толстой роман-эпопеянинг бадиий тагзаминига айлантирди, дейди олимлар. Толстой даҳосида порлаган машъала дастлаб Тургенев ижодида учқун сифатида намоён бўлганди. Рус илмий-ижодий жамоатчилиги (турли йўналишдаги журналлар, сиёсий тўгараклар, маърифий жамиятлар, фахрийлар уюшмалари ва бошқа кўплаб жамоат ташкилотлари) бу ҳолни ўз пайтида пайқаган эдилар ва Тургенев умумиллий зиёлилар даврасининг эътиборидаги одамга айланди. Унинг ижоди эса она табиат тасвири билан ҳамоҳанг чуқур ижтимоий теранликка эришиб, ўзига хос тариқат касб этиб борди. Бу ҳолни “Овчининг мактублари”га кирган “Ермолай ва тегирмончининг хотини”, “Бежин ўтлоғи”, “Бурмистр”, “Куйчилар”, “Икки помешчик”, “Учрашув” сингари ўша аср рус ҳаётининг қуйма манзаралари моҳирона акс эттирилган лавҳаларда кўриш мумкин. Уларнинг ҳар бир сатрида ватанга меҳр, халққа ҳурмат руҳи уфуриб туради.
Хуржун орқалаган, гоҳ дилкаш ҳамроҳи билан, гоҳ ёлғиз овчи ўрмонларни кезади, бу сайрларида ўзини она қучоғида эркаланаётгандек сезади. Сафарлари давомида турли манзараларни кузатади, феъл-атвори, ички олами бир-бирига ўхшамаган, аммо умумий манзара – ягона рус миллатини тўлдириб турадиган одамларни учратади, улар билан дилдан суҳбатлашади, оддий, беғубор, тиниқ ҳаёт тарзларидан таъсирланиб, уларни иштиёқ билан қоғозга туширади.
“Овчининг мактублари”да турли ёш, касб, тақдир эгалари бўлган кўплаб юртдошлар ҳаёти қаламга олинган. Улар ёзувчи шахсан таниган, турли даражада мулоқотда бўлган кишилар. Бири қўшниси, бошқаси ҳақида бировдан эшитиб, кейин топган, улар савдогарлар, кучерлар, ер эгалари, уруш иштирокчилари – ким бўлмасин, ёзувчининг қалами уларнинг фақат ўзигагина хос қирраларини топа олади ва бетакрор тимсолларини чизади. Шунингдек, улар умумрус халқига, миллатига хос сифатларни намойиш этадилар. Бир нарсани тан олиш керак: бир қарашда чанг босган, унча-бунчада назарга илинавермайдиган, ҳар кун кўравериб кўз пишиб кетган, қолаверса, жонга тегиб бўлган нурсиз халқ ҳаётини бунчалик меҳр, иштиёқ билан тасвирлаш, яна улкан сомон ғарами ичида яширинган нинани – халқ ҳаётининг оҳанрабосини топиш учун ёзувчи кучни қаердан олди экан? Агар жонли ҳаётнинг ҳар бир лавҳаси такрорланмас ва қайтарилмас эканлигини тан олсак, чиндан ҳам бу ҳаётдан кўплаб ҳикматларни кашф этиш мумкин. Ёзувчиман, деб ўзини маълум қилган ҳар бир кишида шундай мақсад, уни рўёбга чиқариш учун иштиёқ борми?
Илмий-адабий давраларда ўз вақтида “Овчининг мактублари” долзарблиги, янгилиги (шунгача бўлган рус адабиётини дворянлар ҳаётининг сийқа манзараси, деб аташ мумкин), тоза ҳавони димиққан миллий бадииятга олиб кирганлиги билан тан олинган бўлса-да, унга эътирозлар ҳам бўлган. Жумладан, унинг хориж тилларига таржимаси билан танишган И. Гейзе (немис), Мельхиор де Вогюэ (француз), шунингдек, П.Анненков (Россия) ва бошқа танқидчилар асарда ҳаёт ҳақиқати бадиий ҳақиқат даражасига кўтарилмаган, ҳолатлар, образлар талқинида такрорлар бор, айниқса, асар тузилиши пароканда, яхлитлик таъминланмаган, ҳикояларда композиция заиф (хусусан, воқеаларнинг ечими йўқ) сингари муносабатларни ҳам билдиришган. Буларда ҳам жон бор, масалан, ҳикоялар исталган нуқтада тўхтатиб қўйилади, иштирокчиларнинг кейинги тақдири ҳақида бошқа гап бўлмайди. Барибир илм – илм, ҳаёт – ҳаёт экан, “Овчининг мактублари” жамиятнинг барча табақалари ҳаётига кириб борди, уларнинг меҳрини қозонди. Яхши, тан олинган нарсанинг баъзан нуқсони ҳам фазилат саналганидек, бу асар улкан хазинага эга бўлган рус адабиётида ўзига хос мавқе касб эта олди (балки унинг бахти “биринчи”лигидадир).Умуммиллий ижтимоий фикрнинг шаклланишида ва юксалишида дастлабки уйғониш қўнғироғини чалганлардан бири – жонли халқ ҳаётининг ёрқин ифодаси сифатида йўналишни тўғри белгилаб олишга кўмаклашгани билан ҳам бу тўплам тарихий ва қадрли бўлиб қолган.
* * *
Тургеневнинг Полина Виардога муҳаббати ҳам бошқаларга ўхшамаган бир достон эди. Агар қарс икки қўлдан чиқишини ҳисобга олсак, бу муносабатда у тарафнинг ҳам хайрихоҳлиги кўп рол ўйнаган. Полинанинг Луи Виардо билан никоҳини бахтли деб бўлмасди. Ёшдаги фарқ уларни ажратиб турарди. Луи хотинини севарди, уни тўғри тушуниб, баъзи қилиқлари учун рашкнинг майда тазйиқлари билан азобламасди, унинг эркинлигидан хижолат бўлмасди. Ҳатто Жорж Санд уни тунги қалпоққа ўхшатганди. Полина эрини катта ҳаётга олиб чиққан устоз ва ҳомий сифатида қадрлар ва севарди. Албатта, буюк туйғу – севгининг буюк сирлари ҳам мавжудлигини ҳисобга олсак, уларнинг муносабатларида буюк ҳамкорликни ҳам кўриш мумкин. Полина Тургеневнинг қистови ва кўмагида рус тилини ўрганди, русча романсларни куйлади. Ҳатто Тургенев асарларини ўқиб, у билан ижодий мулоқотга киришадиган бўлди. “Руслар менга бир жиҳатдан қуллуқ қилишлари керак, – деб ёзади у бир оз кеккайиб, – Тургенев ёзишда тўхтамайди, унинг бирон сатри ҳам менинг назаримдан ўтмасдан уларга етиб бормаган”. Луи эса рус ёзувчиси таклифи билан Пушкиннинг “Капитан қизи” повестини ва бошқа асарларни француз тилига таржима қилди. Бу юмуш катта аҳамиятга эга эди. Францияда ўша йилларга келиб ҳам Пушкинни яхши билишмас, Гоголни эса танишмасди. Таржималар орқали жонли рус адабиёти француз ва бошқа Европа халқлари маданий ҳаётига кириб борди, улардаги беписанд кайфиятни ўзгартириб, русларга эътибор ва ҳурмат билан қарашни юзага келтирди. Шунингдек, Луи Аригон Тургенев тавсия қилган маълумотлар асосида Россиядаги ижтимоий ҳаёт ҳақида мақолалар ёзди. Бу саъй-ҳаракатлар миллий маданият тараққиётида сезиларли қадамлар эди.
Тургеневнинг Полинага бўлган муносабати унинг кўплаб асарларида, масалан, “Ортиқча одамнинг кундалиги”, “Ёзишмалар” қиссалари, умуман, бутун ижодида у ёки бу даражада акс этган. Шуниси борки, йиллар ўтган сари бу муносабатлар эскириб, хира тортиб эмас, балки янги-янги қирралари билан бойиб, ёшариб, нурафшонлашиб борган. Охирида Тургенев бутунлай “қул” ҳолига тушган, гарчи бошқа аёллар атрофида пайдо бўлса-да, Полинадан ажрала олмаган. “Унинг сўзи мен учун қонун” деб тан олган ўзи. Дўстлари эса “Агар унга бир мамлакатда шоҳ бўлиб, давру даврон сурасанми ёки Полинага хизматкор бўлиб, Африкага кетасанми, деб сўрасалар, у иккинчисини танларди”, дея эътироф этишган. Унга танқидий муносабатда бўлган ва камчиликларидан кулиб юрган Толстой ҳам “Мен унинг шунчалар сева олишига ишонмагандим”, дея тан берган экан. Тургеневнинг Виардолар оиласи билан муносабати кўнгилдагидек бўлган. “Тақдир менга ўз оилам бўлишини насиб этмади, – деб ёзади у, – мен бегона, французлар оиласига боғланиб қолдим ва уларнинг қаторига қўшилдим. Аллақачон улар мени бу жамоанинг одами деб ҳисоблашади. Бу жойда менга ёзувчи деб эмас, оддий одам сифатида қарашади. Улар билан бўлиш менга ёқимли ва ўнғай”, дея эътироф этади. Уларнинг болаларини ўз қизидан кўра яхшироқ кўрарди. Бу оила учун қўлидан келадиган ҳар қандай хизматга шай турган. Бутун Европада танилган ёзувчи, катта-катта давраларда эътироф этилган шахс курорт шаҳарларнинг бирида Виардолар учун қулай вилла излаб мулозимлардек тентирагани ҳам шундан. Умуман, бундай муносабатларни тадқиқотчилар турли хил баҳолайдилар. Баъзилар улар ўртасидаги муносабат соф ҳурматга асосланган эди, жумладан, моддий аҳвол ҳеч қандай мавқе касб этмаган, дейишса, бошқалари Полинанинг фалон ўғли Тургеневнинг фарзанди бўлган, дейишади. Албатта, Ғарб ахлоқи, оилада мутлақ эркинликка интилиш муҳитида бирор нарса дейиш қийин. Тургеневнинг ўзи эса Полонский билан суҳбатида Полина Виардо афсунгар эканлигини шипшитган экан. Дўсти Анненков “У аёл қалбини буйсундира олмаслик ва уни бошқара билмаслик туйғуси билан азоб чекди”, деган экан. Эҳтимол, ўзига ортиқча ишонган ва қатъиятли ёзувчи хонанданинг қалбини бутунлай забт этишни мақсад қилган, мағрур аёл эса бунга йўл қўймагандир, шунинг билан бирга “ширин луқмалар” ташлаб, ошиғини қўйиб ҳам юбормагандир. Мавҳум ва мураккаб синоат!
Ўғлининг ажнабий аёлга илакишиб қолганини сезган онаси Варвара Петровна тезда ундан воз кечишни талаб қилади, лекин ҳар қандай тазйиқлар “қўл-оёғи боғланган” йигитга таъсир қилмасди. Бир сафар у Полинанинг Москвадаги концертига тушади. Оналик меҳрини жиловлай олмай, “Лаънати лўли яхши куйлади”, дейди. Одамларни қандай йўлга солишни билган помешчик аёл шундан кейин харажатларга маблағни камайтиради, оқибатда, Тургеневда концертга тушиш, ижара ҳақи тўлаш, ҳатто тушлик қилиш оғир бўлиб қолади.
Варвара Петровна уч ўғлидан бутун умидини шу Иванга тиккан эди. Касалманд туғилган кенжаси болалигида нобуд бўлиб кетади. Тўнғичи Николайнинг умри хизматда ўтади, ёғли ишнинг бошини тутмай, онанинг қўлтиғидан чиқмайди. Боз устига оқсочи Анна Шварц билан дон олишиб юргани маълум бўлади. Улар қочиб кетиб, яширинча никоҳдан ўтади. Изидан эшикоғаси Федор Лобанов жўнатилади. Варвара Петровна Петербургга бориб, гап нимадалигини билиб келган Лобановни ҳам, Николайни ҳам қаттиқ жазога гирифтор қилади. Николай паст табақа аёл билан никоҳдан ўтганлиги учун меросдан маҳрум қилинади, Лобанов эса ёмон хабар билан келгани туфайли, ишдан ҳайдалиб, чекка қишлоққа ахлоқ тузатиш ишига сургун қилинади.
Она ўртанчасининг ютуқларидан ҳозирча мамнун эди. Берлинда таҳсил олганида пулни аямади, у йил ўтиб, қишлоққа қайтганида тантанали кутиб олиш байрами ташкил қилди. Одамлар шу кунлари жаҳлдор хотиннинг хушфеъл, сахий бўлиб қолганини сезганлар. У Иван Сергеевичнинг ҳар томонлама чўғини оладиган катта шахс бўлишини истар, қадам олишларини синчиклаб кузатиб, муносабатини кескин билдириб турарди. Унинг ижодий уринишларига шубҳа билан қарар, бу машғулотдан бирор наф чиқаришига ишонмасди. “Менимча, котиб билан ёзувчи бир хил касб эгаси, – дерди у, – иккаласи ҳам пул топиш учун қоғоз қоралайди. Иван, дворянин қалам қитирлатиб ўтирмаслиги, аксинча, мансабга эришиб, мўмай даромад қилиши, яхши яшаши лозим. Ўзинг Пушкин бўла олмаслигингни тан олаяпсан, ҳозир ким китоб ўқийди? Ҳаётга жиддий қара, бир вазифанинг бошини тут, кейин уйлан, Тургеневлар сулоласини давом эттир”. Ўғил Берлиндан хатларига шеърларини қўшиб жўнатарди, бу онанинг энсасини қотирарди. “Сендан қаерларда бўлдинг, кимларни кўрдинг – шулар ҳақида хабар кутиб турсам, бирданига шеърлар. Саёз, яна қофияси жойида эмас. Мен Пушкиннинг дастхатини севаман. Сен Федосья холани эслатасан. Нотани олади-да, ўзича скрипкани ғийқиллатиб ўтиради, шу билан чалгандек бўлади”. Кейин мана бундай хатлар ҳам кела бошлайди: “Оҳ, қандай гўзал шеърлар жўнатибсан. Тўғри, мен баъзиларини тушунмадим, бироқ Оллоҳ сени ёрлақасин. Бундай ёзиш…” “Параша” поэмасини ўқигач эса “Шубҳасиз, сенда иқтидор бор”, дея тан олади.
Қобиқ ичида етилган мағиз ўз борлиғини инкор этганидек – қобиқни ёриб, дунёга чиққанидек, турли муҳит ва шароитларда ўсган, тарбияланган она ва ўғил ўртасида ихтилофлар ҳам бўлиши табиий эди. Хусусан, онанинг қўл остидаги крепостнойларга муносабати Иван Сергеевичга ёқмас, ҳақли норозилигига сабаб бўларди. Қолаверса, эркинликни ёқлаган инсонпарвар сифатида жонли ҳаётда деҳқонларнинг мазлум аҳволини ўз кўзи билан кўриб, бу лавҳаларни дунёқараши билан таққослар, унга рус мужигининг озодлиги миллатни қутқаришнинг ягона йўли бўлиб туюларди. Шу туфайли у крепостной тартибларнинг ашаддий душманига айланди ва илғор рус зиёлилари сафида туриб, бу тартибларнинг бекор қилинишига катта ҳисса қўшди.
* * *
Петербург университетининг талабаси 1834 йилнинг қишида қишлоғига келиб биладики, болалигида бирга ўйнаб катта бўлган деҳқон қиз Лушани онаси Айиқ лақабли помешчик хотинга сотиб юборибди. Ўғил онасига савдони бекор қилиш, Лушани қайтариб олиш талабини қўяди. Ҳар қанча ёлворишлар кор қилмайди. Шунда ўсмир биринчи марта онасига ўз характерини намойиш этади: Лушани қайтариб келиб, унга қўриқчилар тайинлайди. Бундан ғазабланган Айиқ ҳокимиятга “ёш барин” деҳқонларни исёнга чорлаяпти, деб шикоят қилади. Спасскка уезд полициясининг бошлиғи қуролланган икки мулозими билан етиб келади. Тургенев ўқланган милтиқ билан ҳайқирганча уларга пешвоз чиқади, бунақасини кутмаган тартиб соқчилари бошларини оғритиб ўтиришни лозим кўрмай, жўнаб қолишади. “Мценск уездининг ёш помешчиги Иван Тургеневнинг тўполони” юзасидан жиноий иш қўзғалади, бу узоқ йиллар, то крепостной ҳуқуқ бекор қилингунча давом этади. Варвара Петровна барибир катта пул эвазига Лушани қайтариб олади.
Тадқиқотчилар Тургеневда аёлларга эътибор, ҳурмат оила муҳитида шаклланганини таъкидлайдилар. Аввало ўша йилларда рус жамияти ўз маданияти, инсонпарварлигини айнан шу нуқтада намойиш этишни бошлаган эди. Бу руҳ Франция ва бошқа Европа мамлакатларидан ўтганди, деса ҳам хато бўлмайди. Шу орқали ҳам рус дворянлари ўзларини ҳеч кимдан кам эмасликларини кўрсатмоқчи бўлишардими? Бадиий адабиётга, умуман, санъатга яқин бўлган Тургенев учун эса бу ҳол шахсият билан боғлиқ эди. Яна Европанинг энг муҳташам маданий марказларида бўлиш, уларда тантанали кибор давраларида иштирок этиш, ўзи ҳам эътибор қозониб, арзирли кавалерга айлангани ҳам унинг юқори маданият мезонини ушлашга ундарди. Қолаверса, ота-онаси ўртасидаги моддий томондан тўла таъминланган, бироқ тунд, севги-муҳаббатдан йироқ оила шароитидан нимадир истаган, тополмаган ва ўша излаганига аёллар билан муносабатларда эришгандир.
Жамиятда етарли мавқе қозонган, аммо йилларнинг шафқатсиз тазйиқи остида сочига оқ, юзига ажин тушиб, ошиқлари сафи камайиб бораверган ва, ниҳоят, ёлғизланиб қолган мадамлар, маркизалар ҳали сўнмаган ҳаёт завқи, қониқмаган кўнгил истаги билан навқирон ёшликка интилишар, ёш йигитчаларни “ов”лашар, энди муносабатлар мазмуни ўзгариб, улар тарбиячи, ҳомий, онахон сифатида саҳнада ҳаракат қилардилар. Ҳар қандай таъмадан йироқ, бирор манфаатни кўзда тутмаган бу алоқалар кўнгилда яшаётган гўзаллик соғинчини қондиришга йўналтирилган бўлар, навқирон кавалерлар билан суҳбатлар адабиёт, мусиқа, тарих, умуман, маданият масалалари хусусида кечарди. Яхши таҳсил олинганининг маҳсули – кенг маълумот, аристократлар давраларида урф бўлаётган энг нафосатли одатлардан хабардорлик, шахсий маданият ва бошқа омиллар ёш муҳибларни салобатли устозларига боғлаб қўяр, бундан икки тараф ҳам баравар ҳузур қилишарди. Жаҳон адабиётининг йирик вакилларидан бири Оноре де Бальзакка нисбат берилган “Бальзак ёши” деган ибора унинг яшаган йилларини эмас, балки “лаби дўрдайган, тиши сарғайган, айиқ келбат паҳлавон йигит”га раҳнамолик қилган, ижодининг юзага чиқишида ҳомийлик кўрсатган, ҳаётининг тўғри изга тушиб кетишини таъминлаган марҳаматли хонимларга нисбатан пайдо бўлганди. Улар Лаура ё маркиза де Берни ёки де Абрантес бўладими, исм-шарифлари Зюльма Карро ёхуд Марселина Деборд-Вальморми, саргузаштлари бир неча жилдга сиғмайдиган герцогиня Анриетти Мари де Кастри бўладими, хонимлар бўйи баравар қарзга ботган, суткасига ўн беш соат қимирламай ишлаш қудратига эга бўлган ёзувчи ҳар қанча ҳаракат қилмасин, бу гирдобга тушиб қолган ҳамда ғарқ бўлиши аниқ бўлган йилларда унга марҳамат қўлларини чўзганлар, уни ҳалокатдан сақлаб қолиб, жаҳон адабиётига юз жилдлаб романлар ва бошқа бадиий адабиёт намуналарини ҳадя этганлар. Улар ҳақидаги миш-мишлар унутилди ёки арзимас ахборотга айланиб, ҳеч қандай аҳамият касб этмай қолди, бироқ эҳтирослар қонда ёққан аланга туфайли туғилган асарлар инсониятнинг бебаҳо маданий мулкига айланди. Бундай китоблар ҳамон ўқувчиларни ўзига мафтун этиб келмоқда. Уларда акс этган аёл қалбининг гўзаллиги неча юз йиллардирки, такрорланмас жозиба касб этиб, одамларни ҳайратга солиб келаяпти.
Тургенев ана шундай эстетик тамойиллар қарор топган дунёнинг ёзувчиси эди. Унинг шахсиятидаги бир неча қирралар: оила муҳити, онасининг тимсолидаги аёлларга хос туганмас қудрат, нафосатга ошуфталик, хотиралар, юқори давраларга яқинлик, қадимий маданият унсурлари билан ошнолик, ҳаётида Полина Виардо сингари сирли хилқатнинг мавжудлиги уни бу тилсимли ва ваҳимали оламга яқинлаштирган, борлиғини тебратиб ўтган ҳаётий воқеалар таъсири остида вулқондек илҳом забти шиддатида бир зарб билан гўзал севги қиссаларини қоғозга тушириб ташлайверган эди. Унинг асарлари ўзи кўрган, билган кишилар ҳаёти асосида яратилган. Улар фотосурат сингари муҳрланмаган, балки моҳир устанинг диди билан қайта сайқалланган.
Албатта, онасининг хизматкори, шартнома билан ишлайдиган чевар Авдотья Ермолаевна Иванова билан юз берган очиқ осмонда чақнаган момақалдироқдек воқеа унинг тасаввурида беиз кетмаган. Қизнинг шипиллаб қадам олишлари, саволларга тортиниб жавоб беришлари, яна ақллилиги, камтарлиги 23 ёшли баринни бепарво қолдирмайди ва уни севиб қолади. Кундан-кунга қиз майин табассуми, ёқимли овози билан севимлироқ бўлиб бораверади. Бундай эътиборга жавобан жами рус қизларида бўлганидек, Авдотья бутун борлиғини ўзига қаратилган муҳаббатга бағишлайди. Бу хонадонда сир ётмас эди. Варвара Петровна ишқий саргузаштларни эшитиб, жуда дарғазаб бўлади, ҳатто бир зум ҳушини йўқотади. Бошқа бир вазиятда бўлганда бу майда нарсага эътибор ҳам бермасди, бироқ шу ўғлидан умиди катта эди-да. Зум ўтмай қизни ҳибсга олиб, ертўлага қамайдилар. Ўғилни эса ердан олиб, кўкка солиб, роса таъзирини беради. Айбдор ўз гуноҳини бўйнига олади, ҳатто унга уйланишини маълум қилади. Бу онани баттар ғазаблантиради. Ўзига келгач эса биринчи навбатда қизни мулкдан ҳайдаш, уни Москвага жўнатиш қарорини эълон қилади. Москвада Авдотья фарзанд кўради. Авлодини бошқа кишилар қўлида сиғинди бўлишини истамаган Варвара Петровна қизалоқ набирани олиб келтиради. Полинета кейинчалик отасининг хоҳиши билан Полина деган исмга эга бўлади (сабаби аниқ), Парижда Полина Виардолар оиласида тарбияланади, Тургеневнинг ягона зурриёди сифатида улғаяди.
* * *
Кейинчалик катта сиёсий арбоб сифатида Россия озодлик кураши тарихида қолган Михаил Бакунин билан Тургенев жуда эрта танишган, бу яқинлик бир-бирларининг дунёқарашлари шаклланишида муҳим рол ўйнаган эди. У билан Берлинда яна учрашади, таътилга кетаётганида Бакунин Тургеневдан Премухинодаги мулкларига бориб, туғишганларига ўз саломини етказишни сўрайди. Қишлоқда у хилватда яшаётган малакка дуч келади. Ўзидан уч ёш катта бўлган Татьяна Бакунина кўрган кишини бепарво қолдирмайдиган малоҳатга эга эди. У меҳмонни меҳрибонлик билан кутиб олади, уни зериктирмасликка интилади. У немис фалсафаси оламида яшар, Новеллис, Рихтердан ёддан цитаталар келтирарди. Тургенев яхши танийдиган Беттини Арним ҳақида ҳаяжон билан сўзлайди. Тургенев ҳам қиз олдида паст тушмаслик учун билганларини эҳтирос билан ҳикоя қилади, Пушкин, Лермонтов, Кольцов ва ўзининг шеърларидан ўқийди. Яхши маълумотли ва тажрибали қиз (бир вақтлар уни Белинский ҳам севишга улгурган экан) Тургеневнинг туғма шоир эканини тезда илғайди. Суҳбатларининг учинчи куни ёлғиз қолганларида Татьяна “Сиз Худо томонидан эъзозланган илоҳий, мўъжизалар яратишга қодир зотсиз. Сизнинг тийнатингизда Унинг улуғлиги, марҳаматининг белгиларини кўраяпманки, сиз буюк, қудратли, эркин ва ардоқли киши бўлиб етишасиз”, дейди. Қишлоқ қизининг беғубор қалбидан чиққан бу эътирофлар Тургеневни осонгина мафтун этади. Премухинодан жўнаб кетишида Татьяна уни севиб қолганини тан олади. Эҳтимол, бу томондан ҳам шунга яраша жавоб бўлгандир. Тезда жўнатилган хатга вафот этган опасидан хотира бўлиб қолган хоч қўшиб юборилган ва унда “Менинг биринчи муҳаббатим Исо Масиҳ эди, охиргиси эса Сиз бўласиз”, деган сўзлар дарж этилган эди. Шундан кейин Берлинга хатларнинг кети узилмади. Иван Сергеевич эса қишлоқи қизнинг қарашларида қандайдир чекланганлик унсурларини сезган, гарчи унинг туйғуларини қадрласа-да, илк таассуротлар хира тортиб борарди. Татьяна билан бўлиб ўтган гап-сўзлардан шуни ҳис этдики, одамлар ўртасидаги бир томонлама драматик муносабатлар, улар қанчалик оҳанрабо ва жозибали бўлмасин, иқтидорли кишилар учун ҳақиқий ҳаётдан узоқлашишга, борлиқни унутишга мажбур қиладиган афъюн сингари таъсир қилар экан. Жўр бўлиб куйланмаган бу қўшиқ ўз-ўзидан поёнига етди.
Толстойлар оиласига яқин бўлган Тургенев Мария Толстаяни анча олдиндан биларди. У аъмолини излаб, юртларни кезиб юрганда Мария турмуш йўриғини тутган, эрга чиқиб, оилавий ҳаётини бошлаб юборган эди. Аммо ўз туйғуларини қадрлаган ва ҳурмат қилган Тургенев бу гўзал, билимдон ва оқила аёлни эътибори доирасидан ташқарида қолдира олмас эди. Покровскоега келишларининг асосий сабаби Лев Николаевич билан адабий суҳбатлар бўлса-да, бироқ мафтункор Марияни кўриш, унинг сўзларини эшитиш истаги ҳам бўларди. Буни аёл ҳам ҳис қилар, ҳатто турмушидан кўра Иван Сергеевичнинг муносабатларини қадрлар эди. Бир сафар яқин дугонасига: “Дастрўмолим қўлимдан тушиб кетганда Иван Сергеевич уни ердан олиб, лабларига босди”, деган экан. Аммо тақдир ҳукми ўқилган, бирга яшаш насиб этмаган. Ана шундай руҳий тазйиқ остида Мария Николаевна тарки дунё қилиб, монастирга боради, умрини зоҳидликда ўтказади. Йиллар ўтиб, Тургенев бу дунёни бадар этганида Мария Николаевна Тургеневнинг фотосуратини кўрсатиб, “Агар у ҳаётда бу даражада бир сўзли бўлмаганида ва Полина Виардони бунчалик қизғин севмаганида, мен у билан бахтли бўлардим, монастирга ҳам келмасдим. Биз Яратганнинг иродаси билан қовуша олмадик. У бебаҳо одам эди, уни тез-тез эслайман”, деб ўз надоматини изҳор қилган экан.
“Одам бахтини йўлда (сафарда) топади”, дейишади. Бу жиҳатдан Иван Сергеевичга барака кулиб боққанди. Унинг бутун Европа бўйлаб кезишларида кимлар ҳамроҳ бўлмасди? Биринчи марта Берлинга жўнаганида давлат арбоби ва таниқли шоир П. Вяземский ҳамда машҳур адиб Ф. Тютчев оиласи билан кетганди. Кемада рўй берган ёнғин ўсмир Иванни жуда қўрқитган, жони ҳалқумига келиб, “Онанинг ёлғиз ўғлини қутқаринглар, эвазига 10 минг рубль бераман”, деб дод солганди. Ҳайтовур, қурбонлар бўлган ўша фалокатда у омон қолувди. Муҳожирликда юрган кезлари хорижда яшаган, бироқ рус умуммиллий маданиятида ёрқин из қолдирган Фроловлар, Ховринлар, Хомяковлар, Орловлар оилалари билан танишди, уларнинг севимли кишиларига айланди. Сиёсий қарашлари туфайли она юртини тарк этган ва ҳар бир куртакда эртанинг шамойилини излаётган бу зиёлилар ўз миллатларига мансуб ҳар қандай иқтидор эгасини қадрлашар, унга имкон даражасида кўмак берар эдилар. Ватан соғинчи билан яшаётган мусофирлар даврасида ўзининг эҳтиросли қарашлари билан кўзга ташланиб қолган Тургенев уларга гоҳ Онегинни, гоҳ Печоринни, ҳатто гоҳида Хлестаковни эслатарди. Ўша давраларда унинг собит дунёқараши шаклланди.
1856 йил майида Лев Толстой билан суҳбатларини тугатиб, Спасскка кетиш арафасида ўзига хос шахсиятга эга бўлган, ўта диндор ва зоҳидона ҳаёт тарзини танлаган Елизавета Егоровна Ламберт билан учрашиб ва суҳбатлашиб қолди. Унинг танишуви хорижий паспорт ташвиши билан юрган кезларида рўй берди: Қрим уруши тугаган, чет элга чиқиб, қизининг ва Виардоларнинг омонлигидан хабарлашиб келиш имконияти пайдо бўлганди. Шунда юқори олийнасаб давраларга мансуб бўлган бу аёл тимсолида кутилмаганда ўзига хайрихоҳ ва ақлли, яқинлари бошига ташвиш тушганда кўмагини аямайдиган, бировга яхшилик қилишга шошадиган жонҳалак дўстни топгандек бўлди. Аёлнинг қотиб улгурган ўз турмуш тарзи бор, аллақачон унинг тартибларига қатъий амал қиларди. “Шуниси маъқулга ўхшайдики, биз кўп учрашмаслигимиз лозим, – деб ёзди Ламберт Тургеневга, – яхшиси, тез-тез хатлар алмашиб турайлик; менимча, юзма-юз суҳбатларда қуруқ олди-қочди гап кўпаяди – мен эса бошқачароқ одамлар билан руҳий яқинликка бормоқчиман”. Спасскка келгач, Тургеневни зиддиятли туйғулар исканжага олди – наҳот шундай малоҳатли аёл билан қовушиш имкондан хориж; баъзан уларни Елизавета Егоровна билан хат орқали баҳам кўрарди: “Эҳ, графиня, бахт истаги – агар ибодатда ҳам бахт бўлмаса – қандай бемаза туйғу! Умид қиламан ва ишонаманки, ҳаммаси тинчиб кетади, ботинимдаги ёзувчи, умуман санъаткор учун зарур бўлган ўзига хос осудалик ва эътиборни таъминлайман”. Шундан сўнг овни ҳам йиғиштириб қўйиб, кўпроқ китоб ўқишга машғул бўлади… Кейинчалик ҳаётининг драматик дамларида ўз кечинмаларини баён этиб, хатлар ёзиб туради, баъзи масалаларда маслаҳатлашади.
Баронесса Юлия Петровна Врёвская ўз шахсияти ва аянчли тақдири билан Тургеневда ўчмас таассурот қолдиради. У билан Карлсбадда 1873 йилда танишган эди. Ёзувчидан 23 ёш кичик бўлган Юлиянинг эри генерал Вревский урушда ҳалок бўлган, у турмуш ўртоғининг хотирасини унута олмай, руҳий қийноқда яшар эди. Тургеневнинг қистови билан Юлия Петровна Спасскка ташриф буюради ва беш кун меҳмон бўлади. “Сиз билан хайрлаша туриб, – деб ёзади изидан унга йўллаган хатида Иван Сергеевич, – илтифотингиз учун зарур даражада миннатдорлик билдира олмаганимни сездим. Ташрифингиз менинг қалбимда мангу яшайди. Сезаяпманки, менинг ҳаётим шу кундан бошлаб бир нур билан музайян бўлди. Орамизда пайдо бўлган дўстликни бир умр қадрлайман ва бундан кейин Сизнинг тақдирингиз менинг эътиборимда бўлади”. Баронесса негадир бундай эҳтиросларга бепарво қарар, унинг совуққонлиги эса ёзувчида янги ҳисларни алангалатарди. Хатларида “Агар сизнинг аёл асрингиз бошланиб, менинг эр фаслим тугаётганидан кўнглингиз хижолат бўлаётган эса, орамизда бир-биримизни боғлаб турадиган дўстлик ришталари узилмасин”, дея ундан воз кеча олмаслигини изҳор этарди. Аёл эса бошқачароқ жавоб қайтаради: у Болгарияда давом этаётган урушга ихтиёрий равишда шафқат ҳамшираси бўлиб йўл олади. Унинг бу қарорини Тургенев киноя билан эътироф этади. “Агар омон қайтсам, бирга яшаймиз”, деб далда беради Юлия. Аслида у мангу айрилиқни ихтиёр қилган эди.
Шундан сўнг Болгариядан хатлар келиб турди. Тургенев уларни кўзига суртиб ўқирди. Айнан Юлия Петровна унга Некрасов оғир бетоб эканини, унинг саноқли кунлари қолганини маълум қилганди. Қисқа фурсат адабий ҳамкорлик қилиб, бирданига душманлашиб қолган Тургенев гиналарни ўртадан кўтариш учун шоирни кўргани боради. У жуда ночор аҳволда эди, Тургеневни кўриб, нимадир дейди (сўзларини тушуниб бўлмайди), қонсиз юзига икки томчи сарғиш кўз ёши думалаб тушади. Мажолсиз қўлларини Тургенев томон чўзади. “Бизни ўлим яраштирди”, деб ёзади Тургенев кейинчалик. 1878 йил бошидан Болгариядан хатлар келиши тўхтаб қолади. Тахмин қилинган фожеа рўй берганди: қуршовда қолган полк билан тиббиёт бўлинмаси ҳам янчиб ташланган, жумладан, Юлия Верёвская ҳам ҳалок бўлганди. Бу хабарни Иван Сергеевич аччиқ изтироб билан кутиб олади, Юлия йўллаган ўнтача хатни бебаҳо бойликдек бир умр асраб юради.
Тургеневнинг таржимаи ҳолини ёзган биографлари ёзувчининг сўнгги севгилиси сифатида актриса (яна актриса!) Мария Гавриловна Савинани қайд этишган. Иван Сергеевичнинг истеъдоди бутун Европада тан олинади, Англиядаги Оксфорьд университетининг доктори аталади. Ниҳоят, сукутда бўлган рус жамоатчилиги Тургенев шарафига тадбирлар ташкил қилади. Москва ва Петербург университетларида тантанали учрашувлар бўлиб ўтади, драматик асарлари саҳналаштирилади. Ана шу мулоқотларда “Қишлоқда бир ой” пьесасида Верочка ролини ўйнаган ёқимтой актриса унинг меҳрини қозонади. “Менинг нотавон, қари юрагимни навқирон аёл қалбининг сеҳри бутунлай қамраб олди – эркаловчи нигоҳлар жодуси билан унинг аллақачон тусини йўқотган ранглари яна жилвалана бошлади”, деб ёзади у. 1879 йил 24 апрелда Москвадан Савинага шундай хат ёзади: “Сиз йўллаган икки хатдаги меҳр менга шундай сеҳр ато этдики, энди ўзимни сиздан айро яшай олишимга ишонмай қолдим…”. Уни Москвага таклиф қилади, Савина рад этади. 16 майда гастролга кетаётган актриса билан Мценскдан Орёлгача поездда бир неча соатни бирга ўтказади. Шу дамлар унинг Мария Савинага бўлган муҳаббатининг энг юқори нуқтаси бўлиб қолади. Кейин аёлга бир неча ўтли ишқий мактублар йўллайди.
1881 йил ёзида Спасскка Григорович, Лев Толстой, Полонский меҳмон бўлиб келган, даврада Савинанинг пайдо бўлиши кутилаётган, унинг ташрифига атайлаб Москвадан янги пианино келтиришган эди. Эркаклар жамоаси гўзал ва оқила аёлсиз ўзларини ғариб сезишарди. Бу гал Савина мамнуният билан ташриф буюрди ва беш кун меҳмон бўлди. Даврага ўзгача файз кирди. Оқшом чоқларининг бирида, ботаётган қуёшнинг заррин нурлари дарахт баргларида жилваланаётган чоғ балконда Тургенев Савинага “Ғолиб севги қўшиғи” қиссасидан парчалар ўқиб берарди. Асарнинг сеҳри аёлни ўз оғушига тортади, унинг нигоҳларида учқунлар пайдо бўлади. Бу шуълаларни кўрмасанг ҳам у вужудни куйдириб ўтарди. Истеъдоди учун ёзувчи олий мукофотга сазовор бўлади: Савинанинг ўтли лабларидан бўса олади. Бу бўсадан унинг Спасскдаги уйи болконида вужудидан ўт чиқиб кетишига оз қолганини Тургенев бир умр эслаб юради. Унинг қуёши ботаётган пайтларда севги ана шу хилда видо сўзларини айтади…
* * *
Кўриниб қоладики, Тургенев ҳаётида аёллар фақат гўзаллиги, ақли билан эмас, шахсияти билан ҳам намоён бўлишади. Бири эр-хотинлик муносабатларига хиёнат қилишни хоҳламай, монастирга кетишни авло билади, бошқаси бевақт ажралиб қолган эрининг хотирасини унута олмай, унинг тирик руҳини жанггоҳлардан излайди ёки ўзгаси умр шомида тўкилиб бораётган вужудга аланга ёқиб, унинг сўнгги нафасигача ҳарорат ато этади… Буларнинг ҳаммаси ёзувчининг кўрганлари – ҳаёт синоатлари, аёл оламининг олмос қирралари эди. Ана шундай мўъжизага дуч келган санъаткор бу дунёга игна тешигидан мўралади, унинг асрорларини инкишоф этишга ҳаракат қилди ва бунга эришди ҳам. Тургеневнинг кечинмалари шунчаки кўнгилхушлик ёки енгилтаклик – эҳтирослар билан ўйнашиш шарҳи эмас, балки ҳаётнинг айнан ўзидир. Зеро, ана шу ўзанда тирикликнинг не бир синоатлари воқе бўлмайди? Гоҳида ўзини ўзи ҳам тушунмайдиган аёл дарё ичида туриб чанқайди, саҳрода яшаб эса борлиғини денгиздагидек ҳис қилади. Энг кўп жабр кўрсатган, ёмонлик қилган кишисини меҳри оғушида ардоқлайди, севган одамини эса мислсиз қийноқларга дуч қилади – у ўз орбитасидан чиқиб кетмасин. Баъзан уни мусиқа асбобига ўхшатишади, ёқимли куй чалиш учун созанда, албатта, моҳир созанда бўлиш лозим.
Тарозининг икки палласи – ҳар куни ҳаёт эркак– аёл вобасталигида ўтади. Улар бир-бирларига оилада, иш жойида, маиший ҳаётда, кўча-кўйда дуч келадилар. Ана шу учрашув лаҳзаларида кайфиятга, дунёқарашга, тақдирга таъсир қиладиган нимадир юқади, худди бўёқдек из қолдиради, уни бирдан ўчириб ташлаб бўлмайди, барибир ўрни қолади. Арбоблар, миллиардерлар, ҳарбийлар, олимлар, умуман, турли касб ва қиёфадаги кишилар бу сеҳр тузоғига тушиб қолишлари мумкин, шунда улар кечираётган ва шарҳ этиб бўлмайдиган интим туйғулар кўринмас куч бўлиб, ўлжасини бошқаради. Таассуротлар эса ўчмас. Агар ҳислар жунбушга келса, бир инсон ҳаётини бошқа ўзанга солиб юбора олади. Ё барбод қилади, ё мақсадга муяссар этади. “Спартак” кинофильмида шундай лавҳа бор: гладиаторлар эртага жангга чиқадиган оқшом уларнинг хонасига сулув аёллар киритиб юборилади (бу ҳам ўша замон ахлоқининг бир кўриниши бўлса керак). Валенсия Спартакдан имдод кутади. У эса жим. Ниҳоят, аёл тилга киради: “Тегинмайсанми?” Эркак жавоб беради: “Мен ҳайвон эмасман!” Бу ўктам иқрор аёл ҳамиятини қўзғайди, унинг борлиғидаги ғурур уйғонади ва жавоб беради: “Мен ҳам”. Аёлнинг бу эътирофи эркакни ҳушёр торттиради, у одамдек яшаш мақомини танлайди. Аёл муҳаббати унинг қонидаги ғурур, мардлик туйғуларини алангалатади. Валенсиянинг гўзаллигидан илҳомланиб, қулларни оёққа турдиради, уйғонган эрк темир панжараларни синдириб, озодликка интилади…
Жамият маънавиятини аёл маънавияти белгилайди, деган гап бекорга айтилмаган. Шунинг учун улардан жамият бир умр қарздор, шунинг учун улар билан ҳурмат кўрсатиб, эҳтиёт бўлиб, қолаверса, қўрқиб муомала қилинади. Жамиятнинг даражаси аёлга бўлган муносабат билан ўлчанади, дейишлари шундан. Тургенев иқтидори ва ҳаёт тажрибаси билан бу оламга назар ташлади, ундан теран ҳикмат топа олди. Тургенев асарлари аёлдек нодир хилқатни тушуниш ва қадрлашда ёрдам беради. Бинобарин, боқий ва мафтункор бу мавзу ижодининг гултожи бўлиб қолди. У чинакамига аёл қалбининг муҳандиси эди.
Севги саргузаштлари… Уларнинг ҳаммасини қомусий луғат сингари батафсил қайд этиб бўлармикан? Инсоният онгли ҳаётида қанчалаб қалам соҳибларининг истеъдоди уни кашф этишга йўналтирилди – уларнинг ёзганлари, чамаси, ҳали дарёдан томчи бўлса керак. Бу уммоннинг чек-чегараси йўқ, бўлмайди ҳам. Ана шу уммонда сузиб юрган қайиқларгина элас-элас кўзга ташланади, холос. Шу сузғичларнинг бири Иван Сергеевич Тургеневга тегишли эди. Унинг ижоди давомида яратган “Илк севги”, “Ася”, “Фауст”, “Чўл қироли Лир”, “Баҳор тошқинлари”, “Клара Милич”, “Ғолиб севги қўшиғи” сингари ўнлаб қиссалари олийжаноб туйғу – севги-муҳаббатнинг турли оҳангларини акс эттиришга бағишланган. Қиссаларнинг қаҳрамонлари русларда кўп учрайдиган Ася, Вера, Анна, Наталья, Валерия ёки мағрибона қоришиқ Эллис, Сусанна, Евлампия, Элеонора, Метридия, Платонида исмлари билан ёки бошқачароқ аталадими, ҳаммасида севилган аёл қалбининг ботиний ва сирли жозибаси ифодаланган.
* * *
Тургенев рус адабиётига кўплаб янгиликлар олиб кирди. Бу новаторликни таъминлаган бир қанча омиллар мавжуд. Аввало, унинг жаҳон адабиёти дурдоналари билан яқиндан танишлиги бунга йўл очган. Шунингдек, у Италияда, Францияда, Англияда бўлиб, инсоният бадиий тафаккури яратган дурдоналар: меъморий ёдгорликлар, нодир суратлар, мусиқа асарлари билан ошно бўлишга улгурган эди. Шунингдек, унинг ана шундай юксак эстетик қимматга эга бўлган хазиналарни яратаётган ва яратган ижодкорлар билан жонли мулоқотлари, адабий ҳамкорлиги истеъдодининг бутун борлиғи ила намоён бўлишини таъминлади. У Гюго, Флобер, Золя, Жорж Санд, Мопассан, Мериме, Диккенс, Теккерей сингари ҳар бири бир руҳий олам яратган буюк ёзувчиларнинг яқин дўсти ва ҳамкори эди. Ўз миллати маънавиятида, ижтимоий фикр ривожида ўчмас из қолдирган Н.Станкевич, П.Панаев, К.Аксаков, П.Плетнев, Д.Писарев сингари ўнлаб том маънодаги миллий зиёлиларнинг маслакдоши, маслаҳатчиси эди. Шунингдек, иншомиз давомида ўзаро борди-келдиларига батафсилроқ тўхталган рус миллий маданиятининг таниқли намояндалари билан муносабатлар ҳам Тургенев фаолиятини ва, умуман, ўша давр ижтимоий муҳитини атрофлича тасаввур қилиш имконини беради, тасаввурлар эса тўла маънода бу плеяданинг қанчалик ўрни салмоқли бўлганини тасдиқлайди. Улар ўзларининг у ёки бу даражадаги маънавий жасоратлари билан рус халқига буюклик мақомини туҳфа этган улуғ зотлардир.
Русларни фақат космик ракеталари, сувости кемалари, баллиестик қуроллари борлиги учунгина эмас, балки мислсиз ижтимоий тафаккур эгалари бўлганликлари учун ҳам дунё тан олади. Аслида ҳам миллатнинг юксалиши фақат маънавият орқали эканлигини тараққиёт тажрибаси тасдиқлаб турибди. Не бахтки, Тургенев ва унинг салафлари умргузаронлик қилган йиллар бу борадаги тадрижи, юксалиши билан ажралиб туради. И.С.Тургенев ана шу маъраканинг нафақат иштирокчиси, балки унинг юксалишида сезиларли из қолдирган йирик вакилларидан бирига айланди. Йиллар оша у янги уфқларни забт этишдан тўхтамади, ижоди ҳам мавзу, ҳам жанрлар бўйича бойиб борди. Ҳаёт манзараларини кенгроқ масштабда акс эттиришга киришиб, романлар ёза бошлагани шу тадрижий улғайишнинг ҳосиласи эди.
У яшаган асрнинг 50-йилларига келиб ижтимоий ҳаётда янгича руҳ пайдо бўлди. Тор давраларда келажак ҳақидаги суҳбатлар, тортишувлар ҳеч нарсани англатмай қолди. Қуруқ ваъзхонликлар ўтмишга айланиб улгурди, энди гапдан амалга ўтиш фурсати етишганини жамиятдаги қатламлар ўртасида юзага келган ажримлар ва янгиланишлар талаб қилаётган эди. Ана шундай тарихий паллада Тургенев биринчи романи устида иш бошлади. Дастлаб уни “Нодир нусха” (“Гениальная натура”) деб номлади. Асарда ҳозиргача қарор топган тартиблар асосида шаклланган, бироқ ривожланиш эпкинини ҳис қилиб, янги йўл излаётган қаҳрамон тимсоли ва унинг атрофида кечаётган кураш, интилиш жараёни акс этиши лозим эди. Роман воқеалари автобиографик руҳда бўлиб, Дмитрий Рудин дастлаб Покорский (Станкевичнинг прототипи) тўгарагида фалсафадан сабоқ олади, кейин таҳсилини Берлин университетида давом эттиради. Асарда жуда кўп замондошларнинг қиёфаси бадиий тарзда мужассамлаштирилган эди. Роман устида ишлаш жараёнида унинг дастлабки номи муаллифни қаноатлантирмайди ва барча воқеалар Рудин атрофида кечаётганини назарга олиб, асарни ҳам “Рудин” деб атайди. Роман “Современник” журналининг 1856 йил январь-февраль сонларида босилгач, адабий жамоатчилик унга диққат билан муносабатда бўлади. Асарнинг долзарблигини таъкидлаган ҳолда бош қаҳрамоннинг Дон Кихот сингари ҳаракатларини маъқулламайдилар, унинг исён пайти баррикададан отилиб чиқиб, ҳалок бўлишини мақсадсиз яшаган одамнинг ҳаракати сифатида қоралайдилар. Асарнинг кульминациясини ташкил қилиши лозим бўлган Рудиннинг Натальяга муҳаббатида қаҳрамоннинг бутун борлиғи намоён бўлмайди. Унда қўлланган “Овчининг мактублари”га хос услуб ўзини оқламаган эди.
* * *
Биринчи романи эълон қилингандан кейин Тургенев ҳаётида кўплаб ўзгаришлар содир бўлди. Аввало, Толстой билан яқиндан танишди, бир-бирларининг уйларида меҳмон бўлдилар. Парижда, ундан кейин Лондонда яшади. Франциядаги илҳомбахш Бжувель, Куртавнель шаҳарларидаги ижодхонасида иштиёқ билан қалам тебратди. Шу йилларда яратган “Ася” қиссаси Некрасовнингг чуқур эътирофига сазовор бўлди. Демак, ижодий салоҳияти анча юксалди. Бу натижа унинг “Дворянлар уяси” романида ўз изини қолдирди. Уни хорижда тугатиб, 1858 йил охирларида Петербургга йўл олди.
Анненков Некрасов, Дружинин, Писемский, Гончаров ва Панаевнинг даврасида асарни овоз чиқариб ўқийди. Тургеневнинг ўзи ўқиши мумкин эмас, у ўткир бронхит билан оғриган эди (врач унга ҳатто гаплашишни ҳам тақиқлаганди). Роман қарсаклар билан кутиб олинади. Ҳеч қандай эътирозсиз “Современник” журналининг кейинги йил биринчи сонида эълон қилинади. Романни ўқиб чиққанлар унинг муваффақиятини эътироф этишди, баҳо эса кутилганидан ҳам юқори бўлди. Салтиков-Шчедрин Анненковга ёзган хатида кўпдан бери бундай ҳайратланмаганини қайд этади. Писарев “Дворянлар уяси”ни Тургенев асарлари ичида энг пишиқ ва мукаммали деб атайди, уни “Евгений Онегин”, “Замонамиз қаҳрамони”, “Ўлик жонлар” билан бир қаторга қўяди.
Роман жамоатчилик ҳукмига ҳавола қилинган йиллар Россия ҳаётида бир тўлқин поёнига етиб, янги кўтарилишлар кутилаётган эди: ижтимоий вазият таранглашган, афкор омма ҳаёт рад этган қарашлардан воз кечиб, янги тамойиллар излаётган эди. Жамиятнинг асосий илғор кучларини бирлаштирган инқилобчи-демократлар ва либераллар бирга ҳаракат қилаётган, гарчи ихтилофлар кўзга ташланаётган бўлса-да, ажралиш рўй бермаганди. Бироқ ўз кузатишлари асосида бу бўлинишни сезган Тургенев мазкур ҳолатдан безовта эди (чунки беихтиёр қарама-қарши икки фронт юзага келаётганди) ва оқибатидан ташвишланарди. Яна ёзувчи шуни тушуниб етган эдики, дворянлик тартиблари ўзининг поёнига етиб бораётган, ҳаёт уларни инкор этган, дворянлар тарих саҳнасида сўнгги кунларини кечираётган эдилар. Ана шундай шароитда ХV асрларда шаклланган, Иван Грозний, Пётр I, Екатерина II томонидан имтиёзларга эга бўлиб мавқе қозонган қатлам вакиллари жамиятни бошқарувчи куч вазифасини бажара оладиларми? Крепостной деҳқонлар олдидаги айбларини юва оладиларми? Хўш, шундай шароитда етакчилик ролини ким ўйнайди? Роман воқеалари ана шу саволлар атрофида айланади. Бу асар Тургеневнинг бош қаҳрамонни дворянлар орасидан излаган охирги уриниши бўлиб қолди. Унинг умидлари оқланмаган, энди жамиятни бошқарадиган янги кучларни излаш лозимлигини асар орқали бадиий инкишоф этди.
Романнинг бош қаҳрамони Лаврецкий ўзида либерал дворянларнинг энг яхши фазилатларини мужассамлаштирган. Асарда фақат битта унинг ўзи ҳаракат қилмайди, балки орқасида бутун дворянлар авлоди турибди. Ёзувчи Лаврецкийлар “уяси”га разм солар экан, уларнинг турмуш тарзини жонли лавҳаларда акс эттиради. Бу ҳаёт умуман заминдан узилган, атрофда кечаётган воқеаларга бепарво, “дунёни сув босса ҳам майли, менинг кулбам омон қолса бўлди” қабилидаги боқибеғам кишилар. Улар Ғарбга кўр-кўрона тақлид қиладилар, Лаврецкийнинг отаси бошида галломан, кейин англоман эди, ҳамма масалада Россиядан нафратланади, уни бўшлиқ, ҳар қандай экспримент ўтказса бўладиган майдон, деб билади. Уларнинг ҳаммаси крепостной деҳқонларга тубан назар билан қарайдилар, уларни одам ўрнида кўрмайдилар. Муаллиф бош қаҳрамон тимсолида кўплаб автобиографик унсурларни кўрсатган: болалик хотиралари, оилада шафқатсиз тарбия усули, ўғилнинг отага муносабати. Лаврецкий ички дунёсини чуқуроқ очиш мақсадида унинг Лиза Калитинага бўлган севги кечинмаларидан фойдаланади. У хориждан юртига қайтар экан, ўзида ватанпарварлик туйғуларини чуқур ҳис қилади, шу маконда қолишни, хотинидан ажралиб, Лиза билан янги ҳаёт бошлашни хоҳлайди. Бошқа муҳитда тарбияланган қиз Лаврецкийнинг ички кечинмаларини қабул қила олмайди, ҳаммасидан воз кечиб, монастирга кетади. Романнинг сўнггида қариб бўлган эски дворян ёш авлодни катта йўлга кузатиб қолади.
“Дворянлар уяси”дан кейин Тургеневнинг адабий давраларда обрўси ошиб кетади. Ҳаваскор қаламкашлар қўлёзмаларини топшириб, ундан маслаҳат кутардилар, бир лаҳза учрашишни орзу қилардилар. Турли табақалар эса у билан яқинлашиш, ўз сафларига қўшиб олишга интилишарди. Бироқ Тургенев бундай илтифотларга парво қилмайди. Романининг юқори давраларда яхши кутиб олинмаганини билиб, турмушнинг янги қирраларини, улғайиб бораётган ижтимоий фикр кўламини кўрсатишга бел боғлайди ва янги асар устида бош қотиради. 1859 йил баҳорида Спасскдан Елезавета Ламбертга шундай ёзади: “Ҳозир мен янги қиссамнинг режасини тузиш билан бандман. Бу жуда чарчатадиган юмуш, боз устига у ҳеч қандай кўринарли из қолдирмайди – диванга чўзиласан ёки хона бўйлаб тентирайсан, бошингда бирор характер ёки вазият тафсилоти айланади. Қарайсан, уч, тўрт соат ўтиб кетибди, ҳар қалай иш бир оз жилибди. Очиғини айтганда, бизнинг ҳунаримизда ҳузур-ҳаловат кам – аслида ҳам шундай. Ҳамма – ҳатто артистлар, ҳатто бойлар юз терини артиб яшаши лозим. Ким терламаса, унинг ўзига ёмон: юраги ё касал, ё тошқотган бўлади”. Ноябрда И. Аксаковга ёзган хатида янги қиссасида шахс “хайрли ишлар учун онгли-қаҳрамонларча ҳаракат қилиши”ни маълум қилади.
Янги роман устида ишлаш баробарида ўз адабий қаҳрамонларининг бадиий табиатини, муаллифнинг ижтимоий позициясини тушунишда асқотадиган “Ҳамлет ва Дон Кихот” сарлавҳали публицистик мақола ёзади. Маълумки, одамзот фикр оқими икки ўзанда оқар экан, бир қирғоқда ўта хаёлпарастлар, қарши тарафда эса амалиётчилар бўлиши тайин. Гарчи бир ёқда нуқул Ҳамлетлар, нари томонда фақат Дон Кихотлар тўпланиб олмаган бўлса-да, борлиққа шу хилда қараш аҳволни тўлароқ тасаввур қилишни таъминлайди. Қайсидир даражада улар инсоний қарашларнинг руҳини ўзларида мужассамлаштирганлар. Гамлетда ичкарига разм солиш тамойили фожиа даражасида намоён бўлган; Дон Кихотда эса завқу шавқ шунчалик меъёрдан ошиб кетганки, оқибатда, бу кулгига сабаб бўлади. Ҳамлетда асосийси – ақл, Дон Кихотда – эрк. Ана шу ажралишда Тургенев инсон ҳаётининг фожиасини кўради: “Ҳаракат учун эрк керак ва ҳаракат учун яна ақл керак, аммо ақл ва эркни ажратиб қўядилар ва кун ўтган сари улар орасидаги оралиқ узайиб бормоқда”. Тургенев Гамлет тимсолида “ортиқча одам”ларни, дворянларни кўради. Дон Кихот эса жамоат арбоблари янги авлодининг тимсоли. Уларни “демократлар” ҳам деб атайди. Ўз тахминига ишониб, онгли қаҳрамонларни дворянлардан бошқа майда тоифадаги зиёлилардан (уларни “разноченецлар” деб аташган) чиқишини кутади.
* * *
Жамоат арбобининг феъл-атвори, табиати, онгли қаҳрамоннинг кучли ва заиф томонлари 1860 йил “Русский вестник” журналида эълон қилинган “Арафа” романида тўла ифодасини топган. “Арафа” – Россияда янги ижтимоий муносабатлар кучаяётгани, деҳқонларни озод қилиш ҳаракатини олға бостирадиган онгли қаҳрамон сабрсизлик билан кутилаётгани ҳақидаги роман. Шу билан бирга асарда одамзотнинг туганмайдиган надоматлари, ижтимоий камолот учун доимий интилишлари, инсон шахсини “бепарво табиат” бағрига ирғитиб юборадиган бепарво қарашларга қарши мангу ҳайқириғи бадиий инкишоф этилади. Унинг бош қаҳрамони Елена Стахова катта йўл айрилишида турган Россиянинг тимсолига ўхшайди. Унга тарихчи Берсенев, рассом Шубин, хизматчи Курнатовский, болгар революционери Дмитрий Инсаров “оғиз солади”. Танлов рамзий маъно касб этади: Россиянинг келажаги учун ким кўпроқ асқатоди: фан ва санъат кишиларими, давлат хизматчисими ёки қаҳрамонлик қилишга шай шахсми? Албатта, Елена инқилоб кайфиятига эга Инсаровни танлайди.
Асар эълон қилингач, у жамоатчилик орасида турлича муносабатларга сабаб бўлди. Айниқса, Н. Добролюбовнинг “Ҳақиқий кун қачон келади?” мақоласи жуда қизиқиш билан кутиб олинди. Тафаккур майдонига ёниб кириб келган Добролюбов радикал қарашдаги ёшлар авлодига мансуб эди. Улар келажакка ўз назарлари билан боқишар, уни “эски уйни ёқиб юбориб, ўрнини текислаб ташлаш ва янги иморат қуриш” тарзида тасаввур қилардилар. Бундай кескинлик мунозараларга сабаб бўлган, бу қарашга ғарбчилар ва славянпарастларнинг ўз муносабатлари мавжуд эди. Добролюбов мақоласида Тургенев истеъдодига юксак баҳо бериб, янги романига аёвсиз муносабат (хусусан, бош қаҳрамоннинг муҳожир шахс бўлишига) билдирган эди. Бу ҳол Тургеневга ёқмайди, уни Некрасов журналида эълон қилаётганини эшитиб, қаршилик кўрсатади, босмасликни талаб қилади. Масалани “Ё мени дейсан, ё Добролюбовни!” тарзида кескин қўяди… Мақола эълон қилингач, у жамоатчиликда кучли таассурот уйғотади. Гарчи мақола миллий ижтимоий фикр тараққиётида ўчмас из қолдирган бўлса-да, Тургеневга қаттиқ таъсир қилади. Муаллифни “-лайбов” деган сирли ном билан мақолаларида масхара қилади. Адабиёт жамғармасининг бир йиғилишида Чернишевскийга оғир киноя билан: “Ҳа, Николай Гаврилович, сиз илонсиз, шукрки, оддий илон, Добролюбов эса кўзойнакли илон!”, деган экан. Ҳолбуки, ундан ёшроқ бўлган бу йигитлар Тургенев асарларининг ишқибози, ижодининг мухлиси эди. Добролюбов унинг “Ортиқча одамнинг кундалиги” асарини бетимсол дурдона деб атаган, Чернишевский унга ёзган хатларининг бирида “Сизни хафа қилиш, бу – бизнинг адабиётимизни хафа қилиш. Сиз қандайдир Островский ёки Толстой эмассиз, сиз бизнинг шаънимизсиз”, деб ёзган эди. Бу сафар эса “орадан қора мушук ўтиб қолди”. Нима дейсиз, жараён…
* * *
Кўп ўтмай, Россия тарихида муҳим воқеа содир бўлади: крепостной ҳуқуқ бекор қилинади. Бу халқаро ҳамжамиятнинг мамлакатга муносабатини ўзгартириб юборади, ички муҳитда ҳам жиддий янгиланишлар содир бўла бошлайди. Ана шундай драматик шароитда жамиятнинг юрак уришларини бадиий акс эттириш хизматига астойдил бел боғлаган Иван Сергеевич Тургенев янги романини эълон қилади. “Арафа” асарининг қаҳрамонлари охирида изсиз йўқоладилар – ёзувчининг воқеаларга эстетик муносабати шундай муҳрланади. Айтиш мумкинки, ўша қаҳрамонлар янги бир қиёфада “Русский вестник” журналининг 1862 йил февраль сонида эълон қилинган “Оталар ва болалар” романида пайдо бўладилар Асарнинг асосий образи Евгений Базаров тимсолида муаллиф ўзи яхши билган ва маълум муносабат билдирган Добролюбов, Чернишевский, Писарев шахсиятидаги нигилистик қарашларни бадиий инкишоф этган. У ижтимоий муҳитдаги янгиланишлар таъсирида пайдо бўлган ёшлар вакили. Улар учун хос ҳолат – ўзидан олдинги ҳар нарсага шубҳа билан қараш ёки тан олмаслик – нигилизм. Ана шундай қараш асоратидан жамиятда кераксиз шахслар – “ортиқча одамлар” пайдо бўлган ва шу икки тоифа ўртасида кўзга ташланмас кураш кетади. Бу муҳорабага ёзувчининг муносабати романнинг финалида аниқ бўлади: жамиятга беписанд қараган, унинг ички эволюцион тараққиётини тан олмаган ва шу туфайли катта авлодни менсимаган Базаров табиат қонунларини ҳам писанд қилмайди. Касалликларнинг юқумли бўлишини назарга илмай, терламага чалинади ва шу дард билан дунёни тарк этади. Унинг сўнгги кунлари, умрининг охирги лаҳзаларидаги кечинмалари бетимсол маҳорат соҳиби Тургенев қалами билан шундай таъсирли ифодаланганки, уларни ўқиб, тирикликнинг бутун келбатини қайта тасаввур қилса бўлади.
“Оталар ва болалар” романи орқали ёзувчи авлодлар ўртасидаги азалий боғлиқлик қанчалик кучли экан, тараққиёт шунча бардавом бўлишини тасдиқлаб кўрсатди. Бу нуқтаи назари билан ўтмишга “ўт қўйиш” васвасасига мубтало бўлган инқилобчиларга қаттиқ зарба берди. Умуман, у ҳар қандай зўравонликка қарши эди. Романларида бош қаҳрамон сифатида танлаган шахсларининг руҳий нотоблиги, уларнинг ўзини маҳв этиши орқали инқилоб ақли расо одамларнинг иши эмаслигини тасдиқламоқчи бўлганди. “Оталар ва болалар”да акс эттирилган “ортиқча одамлар” тимсоли эса Тургенев яратган ва унинг дунё адабиёти аҳолиси сафига қўшган кашфиёти, янги образлар эди. “Ортиқча одамлар” тузумлар ўзгариши билан элакнинг устида пайдо бўлаверди, уларга муносабат эса Тургенев ақидалари билан ёндашиш тўғри эканлигини қайта-қайта такрорлаб турибди. Ҳатто жамиятни ағдар-тўнтар қилиб, ижтимоий тараққиётни янги базисга ўтқазган инқилобчилар ҳам етмиш йил ўтиб, бу ғоя нотўғри эканлигини тан олдилар ва инсониятдан кечирим сўрадилар.
Кейинги йиллар Тургенев шу пайтгача кечирган умрининг тарозига қўйилган дамлари бўлди. У кутган, умид қилган, васф этган қадриятлар ҳаёт синовларига дуч келиб, сараги саракка, пучаги пучакка ажрала бошлади. Ёзувчи олға сурган кўплаб ғоялар амалиётда тасдиғини топмай, унинг ёлғизланиб қолган пайтлари ҳам бўлди. Полина Виардо билан муносабатларида эҳтирослар ўрнини ақл эгаллай бошлади. Барибир ички туғёнларини енгишга қодир эмас, иккинчи томондан эса ватан меҳри унда жунбушга келаётган, ёзувчими, актёрми – ким бўлмасин, ҳар қандай инсон ўз юртида азиз эканлиги ҳақидаги қадимий ақиданинг исботини кўраётган, қўнимсизлик уни безовта қилаётган, чарчатган эди. Лев Толстой билан муносабатларини йўлга қўйиб олган бўлса-да, Герцен билан аразлашиб қолди (унинг “Колокол”да эълон қилган бир мақоласи унга жуда ёқмаганди). Револьюционер Бакунинни ҳам моддий, ҳам маънавий томондан қўлаб-қувватлаб, сиёсий муҳитга аралашди. Россияда кечаётган ўзгаришларга фаол муносабатда бўлиб, эркинлик олган деҳқонлар ҳаётини янги асосларда йўлга қўйиш юзасидан ўз фикрларини изҳор қилди, шу мавзуда махсус рисола ҳам яратади. У демократик тамойилларга асосланган жамоа (обшина) тарафдори эди. Қарашларини ифодалаб, Париждан император Александр 11 га хат ёзди, шундан кейин уни Сенатга таклиф қилиб, турли сиёсий оқимларга муносабати билан қизиқишди. Петербургда адабий давралардан ўзини олиб қочди, бу жаноблар унга “тинимсиз шовқин чиқарадиган ичи бўш пақилдоқлар”ни эслатди…
* * *
Ана шундай мубҳам кайфиятда 1865 йил “Тутун” романини ёзишга киришди. У “Русский Вестник”нинг 1867 йил март сонида эълон қилинди. Чуқур изтироб ва милтиллаб турган умид шуъласидан иборат бу романда Тургеневнинг олдинги асарларидан фарқли ўлароқ сюжетни ўз атрофида тутиб турадиган бош қаҳрамон йўқ эди. Етакчи персонаж Литвиновда Рудин, Лаврецкий, Инсаров ёки Базаровга хос журъат, жамоат арбоблигига даъвогарлик кайфияти етишмасди. У Россиянинг чекка бир жойида тинчгина деҳқончилик билан шуғулланиб юради. Хорижга агрономия соҳасидаги кўникмаларини ошириш учун келган. Шу ерда рус эмиграцияси вакиллари билан танишади, уларнинг турмуш тарзини кузатади. У билан Потугин бирга, унинг тилидан гўё ёзувчи ўз фикрларини баён қилгандек бўлади. Баден-бадендаги муҳожирлар ҳаёти тутун ичида қолгандек, унда яшовчилар йўлини йўқотган, эртанги кундан умиди йўқ, тутун тарқашини кутиб яшайдилар. Ниҳоят, романда Тургенев асарларига хос бўлган кучли ва ҳаётбахш севги туйғусига эга, мақсади йўлида ўзини қурбон қилишга ҳам тайёр аёл образи ҳам йўқ. Ирина истеъфога чиққан ва қувғин қилинган генералларнинг даврасида бузилиб бўлган, йўлини йўқотган хотин. Унинг иродаси интиҳо топган, шу муҳитдан чиқиб кета олмайди.
Жамоатчилик асарни танқидий баҳолади. Революцион-демократлар инқилобий кайфиятдаги муҳожирларга сатирик муносабатга эътироз билдирдилар. Либералларга юқори табақанинг танқид қилиниши ёқмади. Бошқалар Потугиннинг Россияга туҳмат қилиб, Ғарбни ёқлаган монологларини қабул қила билмадилар. Қисқаси, асар шуҳрат қозона олмади, кўплар Тургенев истеъдодининг сўниб бораётганини башорат қилди.
Орадан ўн йил ўтиб эълон қилинган “Қўриқ” романи (“Вестник Европы”, 1877 й., №2) кескин воқеалар гирдобида ўтган йилларнинг ҳосиласи эди. Унга агрономнинг “Қўриқни омоч билан юза ҳайдамайдилар, плуг билан чуқур ағдарадилар” деган сўзлари эпиграф қилиб олинган. Унинг бош қаҳрамони Нежданов революционер, келажак орзуси билан яшайди, романтик хаёллар суради, севгилиси Марианнага эртанги куннинг ёруғ дамлари ҳақида тўлиб-тошиб сўзлайди. Марианна ҳам севимли кишисининг мақсади рўёбга чиқиши йўлида қурбон бўлишга рози. Аммо орзулари амалга ошмаётганини кўрган Нежданов руҳий қийноқда қолади, ўзини ҳақиқий севгига лойиқ эмас деб ҳисоблайди. Унинг фожеаси фақат халқни яхши билмаслигида эмас, балки сиёсий саводи йўқ мужиклар унинг ҳаракатларини тушунишмайди. У келиб чиқиши билан оддий халқдан йироқ бўлганидан ҳам ғоялари анча ҳавойи эди. Романтик ошиқларнинг ҳаёти фожеали тугайди.
Келажак тимсоли Соломин образида мужассамлашган. У ҳар томондан ақл билан иш тутадиган, севгида ҳам мустаҳкам, ўз касбининг устаси, эртанги кунни аниқ тасаввур қилади. Бундай шахслар у пайтда йўқ, бу муаллифнинг орзуси эди холос. Шунинг учун Соломин образи схематик чиқиб қолганини тадқиқотчилар ўз вақтида кўрсатиб ўтадилар. Соломин инқилобчиларнинг ҳавойи гаплари устидан кулади, уларни ғоявий чалғиган кишилар деб билади ва ўзи ҳам революцияга ишонмайди. У Россия озодлик ҳаракатининг учинчи оқимига мансуб. Тургенев Соломин тимсолида унинг мулоҳазалари орқали ўз позициясини ифодалагандек бўлади. У 1848 йилги Франция революцияси амалга оширилганда қандай аҳвол рўй берганининг жонли гувоҳи эди. Париж кўчаларида отишма туфайли нобуд бўлган юзлаб одамларнинг жасадларини, бегуноҳ тўкилган қонларни ўз кўзи билан кўрган эди. Бундай мислсиз фожеага олиб келган ҳаракат билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини тушуниб етганди. Айниқса, маърифатсиз оломон инқилобни амалга ошира олмаслигига имони комил бўлганди.
* * *
“Инсонни ўлдириш мумкин, аммо енгиб бўлмайди” (Хэмингуэй) деган гап бор. Худди шунга бақамти “Инсонни тарбиялаш мумкин, лекин уни бошқариб бўлмайди” қабилидаги фикр ҳам тўғрига ўхшайди. Масалан, бировнинг белига арқон солиб судраб ҳамма жойга олиб борса бўлади, аммо унинг калласидаги хаёли ўзича қолади – унга тазйиқ қилиб бўлмайди. Ёки одамни нақ жаннатнинг ўртасига ўтқазиб қўйиш мумкиндир, лекин унинг фикри мазкур ҳолни идрок этмаса, бундай рўшноликнинг қадрини билмайди. Ҳатто ўзига шундай фаровонлик бахш этган зотга қўл ҳам кўтаради. Инқилоб аввало онгда, тушунчада рўй бериши лозим. Тургенев бу тарихий ҳақиқатни ўз пайтида тушуниб етганди. Кейинги ҳаёт тажрибаларидан жамиятда зиёлиларгина жиддий ўзгаришлар қила оладилар, деган хулосага келди.
Ижодининг сўнгги палласида Тургенев ҳақиқий реформатор-революционер образи бош қаҳрамон бўлган эпик асар яратиш фикри борлигини бот-бот такрорлаган бўлса-да, бироқ бунга вақт етмайди… Ҳаётда рўй бераётган туб ўзгаришларни кўриб, уларга ўз муносабатларини билдиришни ёзувчилик, фарзандлик бурчи деб билган тафаккур эгалари имкони борича ижтимоий фикрга таъсир қилиш, уни эзгулик сари йўллашга интиладилар. Бу санъатнинг умуминсоний мезонидир. Зеро, ижтимоий фикр йўриғи узоқ йиллар суратини белгилаб беради. Санъат ҳам ижтимоий онг кўринишларидан бири сифатида бу жараёнга фаол, ҳатто ҳал қилувчи таъсир қилиш қудратига эга.
Файласуфлар инсон тақдири фикр орқали ҳал бўлишини таъкидлаганлар. Фикр – ташқи таассуротлар олий нерв тизимида қўзғаган хуруж, у мияда пайдо бўлган тимсол – гап (сўз) орқали моддийлашади. Бу шунчаки маълум қилиш – фикрлар уммонига янги бир томчи ташлаш. У агар амал олмаса, изсиз йўқ бўлиб кетади, агар амал олса, одатга айланади. Одамларни кўпинча одатлари билан хотирада тиклайдилар. Демак, одат шахсиятни тасдиқлайди. Шахсда мужассам яхши-ёмон хислатлар унинг тақдирини белгилайди. Бинобарин, фикр, фикрга эга бўлиш одамни шахс сифатида ўрнини тайинлайди.
Аммо муаммо шундаки, аввало, жамиятнинг барча аъзолари ёруғ фикрга эга бўлмайдилар, қолаверса, кўпларнинг ўз фикри, шахсий фикри бўлмайди. Шахсий фикр – атрофда кечаётган воқеа-ҳодисаларга алоҳида бир шахснинг ё ижобий, ё салбий муносабати (шу ўринда индивид – одам Шахс сифатида намоён бўлади). Истисно тариқасида таъкидлаш жоизки, ҳамма одам ҳам Шахс сифатида намоён бўлавермайди, яъни фикрга эга бўлавермайди. Келишган қад-қомату кўркам либослар ҳали Шахс (демак, инсон) дегани эмас. Фақат ўз қарашига (фикрига) эга инсонгина ижтимоий субъект ҳисобланади. Афсуски, савлатидан от ҳуркадиган, лекин “ичи бўм-бўш” индивидлар кўплаб учрайди. Улар халқда “фикри йўқ, тайини йўқ, фикрсиз одамлар” деб юритилади. Фикрсизлик жамият учун лоқайдликдан ҳам ёмон, хавфли иллат. Ҳатто лоқайд одамда ҳам фикр бор – у ҳамма нарсага бепарво. Унинг бепарволиги – муносабати, демак, фикри. Фикрсиз одамда эса умуман тайин йўқ, у шамол қайси томондан эсса, мажнунтолдек шу тарафга оғиб тураверади.
Тургенев романларини ўқиган киши ундаги турли тоифа одамларнинг ранг-баранг фикрлари билан танишиб, мазза қилади. Улар ким бўлмасин, фикри тиниқ, ёрқин шахслар. Тўғри, улар билан чиқишмаслик, қабул қила олмаслик мумкиндир, аммо етарлича фалсафий малака ҳосил қилган, ҳамма нуқтанинг моҳиятига чуқур назар солиш иқтидорига эга бўлган моҳир санъаткор фикрлар камалаги билан даврининг бетимсол фалсафий суратини чизган.
* * *
Шу каҳкашоннинг йирик вакили ҳаётига бир қур назар ташлаб, она тилимиздаги адабиёт бўстонини кўз олдимизда гавдалантирсак, қоришиқ манзаралар ҳосил бўлади. Бошиданоқ кейинги юз йилликларда бизнинг биронта шоир ёки ёзувчимиз умумжаҳон миқёсида эътироф этилмаганини, дунёда энг кўп севиб ўқиладиган китоблар рўйхатига биронта асаримиз кирманганини тан олиб қўймоқ масаланинг залворини тасаввур қилишда асқотади. Бу ҳолнинг ўз сабаблари бор, бироқ ўзбек тилидаги адабиёт энг мафкуралашган адабиётлардан бири сифатида ўзига хос салмоққа эга эканлигини ҳам таъкидлаш ортиқчалик қилмайди.
Қолиплар қарашларни ҳам тизгинлаб ташлаган пайтлар орқада қолди. Энди вазиятга ҳушёр нигоҳ билан қараш, бутун жараённи танқидий назардан ўтказиш фойдадан холи бўлмайди. Маҳаллийчилик, гуруҳбозлик асъаса-ю дабдабаларини қўйиб турайлик, асарга соф муносабат ҳам кўнгилдагидек эмас. Жараённи кўз олдимизга келтирайлик. Аввало, бизда ёзилган асар мамнуният билан эмас, ранж-алам билан қабул қилинади (худди қашшоқ оилада яна бир чақалоқ туғилгандек). Биринчи муносабатларданоқ қўллаб-қувватлаш, майда-чуйда юмушларда кўмаклашиш кайфияти эмас, рад этиш, йўққа чиқариш, “ўлдириш” нияти сезилиб қолади. Шу маънода ҳар бир сўздан хато топиш, ҳар бир сатрдан ишкал излаш бошланади. Маслаҳатлар ардоқлаш, қайта ишлашга рағбат оҳангида эмас, бошни ғурра қиладиган, “Сенга ким қўйибди?” қабилидаги беписандлик, “Китоб ёзмай қўлинг синсин, сенингсиз ҳам ташвишлар тўлиб ётибди”, дегандек ҳақоратомуз тарзда бўлади. Шу хилдаги иддао билан қабул қилиб олингач, асарнинг қўлёзмаси билан замонамизнинг Тургеневлари, Добролюбовлари танишиб чиқади. Сезасанки, қўлёзма ҳатто жиддий ўқилмаган (бунга имкон ҳам йўқ). Ҳар доимдагидек “чўқилаб” – назарга илинган бир абзац ёки қизиқроқ эпизод хатм қилинган, холос. Ҳолбуки, ёзувчи айтмоқчи бўлган гап бир сатрда, ҳатто бир сўзда яширинган бўлиши мумкин. Ҳамма гап – олимликнинг моҳияти ўша ёмбини топиб, уни инкишоф этишда. Юзакигина ёзилган “тақриз”дан нима олиб бўлади – ғалвирда сув тутиб бўлмайди-ку.
Ана шунга ўхшаш муносабатлар миллий адабиётни мажруҳ ҳолга келтириб қўяди, бу эса маҳдудликка олиб келади. Шунда юз йиллар олдин яратилган мумтоз асарлар юзга парда қилинади. Ҳолбуки, ҳамон мақтаб келинаётган намуналар жаҳон адабиёти дурдоналари қаршисида мактаб ўқувчиси ёзган иншодек бўлиб қолади. “Гений” (Теодор Драйзер), “Бальзак” (Стефан Цвейг) сингари асарларнинг тилимизга таржима қилиниши миллий адабиётимиз ривожига маҳаллий мезонлардаги ўнлаб классикадан самарали таъсир этиши мумкин. Масалага аниқ ёндашиш керак-да.
Тургенев замонида бадиий адабиётга ижтимоий онг шаклларидан бири сифатида қаралган. Ижтимоий фикр ривожида унинг ўрнига катта аҳамият берилган. Қолаверса, у давр ижод оламида “Шоир бўлмаслигинг мумкин, гражданин бўлишинг шарт” деган эстетик тамойил қатъий амал қилган. Ёзувчининг кучига қанчалик мураккаб, тушунарсиз ёзганига қараб эмас, мураккаб масалаларни қанчалик содда, халқона тушунтириб бера олгани, давр муаммоларини нечоғлик акс эттира билгани, халқ, миллат қалбига яқинлиги, замондошлар дунёқарашига қай даражада таъсир қилганига қараб баҳо берилган. Бадиий адабиётнинг аъмолига аслида ҳам шу ёзилган-да. У кўнгилхушлик орқали жамият фуқароларини эркинлик сари етаклай олса, жонли ҳаётда борлиги билинади, катта бозорда маҳсулот сифатида сотилади ва сотиб олинади… Тургенев ва замондошлари асарларининг “харидоргирлиги” ҳам шунда эди.
Кутилганидек, ХIХ асрнинг охирларида Россияда кескин вазият юзага келади. Фикр эски ақидалар қобиғини ёриб, ўзига йўл излайди. Афсуски, унинг жилови агрессив кишилар қўлида эди. “Эски уйни ёндириб юбориш”ни истаганлар 1881 йил 1 мартда император Александр II жонига қасд қиладилар. Мамлакатда тўполон бошланади, барча эркин фикр тарафдорлари қувғин қилинади. Жумладан, тахтга чиққан Александр III Тургеневнинг ҳам Россиядан чиқиб кетишини талаб қилади. Унинг сўнгги кунлари Парижда, Виардолар оиласида кечади. Бу миллатнинг буюк бир вакили учун оғир фожеа эди. Тақдир…
Ҳар бир тақдир – бир сабоқ. Инсон умри эса бир-бирига ўхшамаган, қайтарилмас мўъжиза. Манзил сари кетаётган йўловчи ўнгу сўлига аланглаб қараб борганидек, ана шу ўхшашсиз сафарда ўхшаш нуқталарни ахтарамиз, ҳеч қуриса манзилни юлдузларга қараб белгилаймиз. Шунга ўхшаш ҳис билан китоб муқоваларида кўриб юрадиганим соқолли чеҳраси самимий, қарашлари маҳзун бир инсон ҳаёт баённомасига дуч келиб қолдим. Ҳаммаси фараҳли кунларнинг бирида Чилонзордаги Фарҳод бозори биқинида жойлашган эски китоблар дўконига киришимдан бошланди. Жавонда чанг босиб, “ЖЗЛ” сериясида нашр этилган Юрий Лебедевнинг “Тургенев” китоби турарди. Ёзувчининг кенжа замондоши Лев Толстойнинг ижодини миллий китобхонлар ўртасида оммалаштириш мақсадида бир оз саъй-ҳаракат қилганим учун ўша муҳитни тўлароқ тасаввур қилиш ниятида китобни бир сих кабоб нархида сотиб олдим.
Мутолаа жараёнида шундай бир туртки олдимки, кўз олдимда бошқа бир дунё намоён бўлди. У воқеаларни бугунги кунларимизни безаб турган манзаралар билан солиштирдим. Қандайдир мулоҳазалар туғилди. Очиғи, миллий адабиётимиз таҳлилига бағишланган шу савиядаги тадқиқот-асар хаёлимга келавермади. Китобдан олган таассуротим таъсирида уни ашаддий бир китобхонга тавсия қилдим, у танишиб чиққач, ҳафсаласи пир бўлиб, “Эски гаплар экан”, деди. Бир ёзувчига шундай китоб бор экан, десам, “Уларни талабаликда қалпоқ қилиб кийиб қўйгани”ни маълум қилди-ю, бироқ Тургеневнинг исм-шарифини ҳам эслай олмади. Менинг назаримда эса китоб алоҳида эъзозга арзирди. Филология фанлар доктори, професор Ю.В.Лебедев қаламига мансуб, филология фанлари доктори Н.Н.Скатов тақриз қилган бу асар далилларга бойлиги, таҳлилнинг чуқурлиги, тарихий-фалсафий мушоҳадалар, мафтункор услуби билан китобхонда чуқур таассурот қолдирди. Таассуротларим эса эшитганларимдан ўн ҳисса, юз ҳисса бойроқ эди. Иштиёқ билан уларни қоғозга туширишга жаҳд қилдим, шу баҳонада мулоҳазаларимни изҳор этишга ҳам журъат этдим.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 11-сон