Азиз Несин. Кемани забт этган шиллиққуртлар (ҳикоя)

— Sos, sos! Нуқта, чизиқча, чизиқча, чизиқча, нуқта, нуқта, нуқта, чизиқча. Sos! Тат, таа… тат, тат, таа… тат… Sos! Чизиқча, чизиқча, нуқта, чизиқча, нуқта. Sos!
Хабар Унқопани юк ташиш кемасидан келарди. Энг яқин соҳилдаги хабарчи Унқопани кемасига жавобан морзе ёзувида: — Нима бўлди?, — дея сўради.
Жуда қисқа жавоб хабари келди:
— Орол денгизи, нол-нол уч даража шимол, нол-нол бир сонияга ғарбдамиз. Кемани шиллиққуртлар эгаллаб олди. Хавф жуда юқори. Sos! Sos!
Унқопани юк ташиш кемасидан сўнгги олинган хабар шу мазмунда эди. Соҳилдаги хабар олувчи ва сафарда бўлган кемаларнинг хабарчилари бекордан-бекорга қанча хабар ёзишди, бироқ Унқопанидан бошқа бирон-бир хат-хабар олишолмади.
Хабар бир неча дақиқалар ичида Орол денгизидаги барча кемаларга жўнатилди. Хабарчилар бетиним равишда бир-бириига хабар юборишарди:
— Унқопани юк ташиш кемасини шиллиққуртлар эгаллаб олди.
— Шиллиққуртми?
— Ҳа-ҳа, шиллиққурт.
— Қанақа шиллиққурт?
— Мен қаердан билай қанақа шиллиққуртлигини. Хабарчининг хабари шундай тугаган. «Шиллиққуртлар кемани забт этишди» дебди, шундан кейин бошқа хабар ҳам келмаган.
— Шиллиққурт, англолмадим тўғриси. Бу ўзимизнинг чиғаноқ бўлмасин тағин.
— Чиғаноқми? Чиғаноқ ҳеч замонда кемани забт этганми, ё товба?
— Майли, шундай бўлсин ҳам дейлик, нима бўлди экан бу шиллиққурт дегани? Хато тушинишгандир балки.
— Билолмадим хуллас… Биргина эмас, барча хабарчилар ёрдам хабарини олишибди. Хабарчимизнинг ўн саккиз йиллик тажрибаси бор. «Унқопа юк ташиш кемаси шиллиққуртлар қўлига ўтди» дея хабар берди.
— Демак, сенингча бу шиллиққуртлар чиғаноқ эмас, шундайми.
— Чиғаноқ ҳам кемани эгаллай оладими ахир, қадрдоним?
— Бунисини билмайман. Биз ҳозир қутқарув кемасига нима деб хабар берайлик унда?
— Биз нима олсак, ўшани сотамиз. Шиллиққурт, шиллиққурт…

* * *

— Унқопа кемасини шиллиққуртлар ишғол қилди…
— Ҳа, шундай…
— Бу тағин қароқчи-пароқчилар гуруҳи номи бўлмасин?
— Очиғи билмайман…
— «Шиллиққурт қароқчилари».
— Харитага бир қарайликчи.
— Сардиня ороли бор, Соқиз бор масалан, дейлик Сисам ороли…
— Сардиняни шиллиққурт деб тушунишгандир эҳтимол?
— Қайдан билай… Балки, Сардиня қароқчиларидир.
Унқопа юк ташиш кемасига Истанбул соҳилидан беш тонна шиллиққурт ортилганди. Шиллиққуртлар контейнерлари билан кема омборига қўйилган, бу ердан тўғри Францияга йўл олиши керак эди. Бундан ташқари бошқа юклар билан тўлган юк ташиш кемаси йўлга отланганди…
Кема йўлга тушганининг эртаси кун оқшоми, кема капитани палубадаги ётоғида мизғиётганди. Бир маҳал юзида қимирлаётган юмшоқ ва ҳўл нима биландир уйғонди. Кўзларини чала очган ҳолатда қўлини юзига шапиллатиб урди. Юмшоққина, суюқ нимагадир қўли тегди хуллас… Нимадирмас, нималардир… Ётоқ лампасини ёқди. Ёз ўртасида тараканлар ҳужумига учраган карвонсарой каби вужудини, ётоқни, бутун бошли кемани шиллиққуртлар эгаллаб олганди. Капитан дод-вой солганча палубадан ташқарига отилиб чиқди. Кема ташқарисида оёқ босилган жойда чатир-чутур шиллиққуртларни мажағлаб қўярди. Каютада қанчадир қобиғидан айрилган, қанчадир қобиғини ялтиллатиб юрган шиллиққуртлар ҳар тарафга сочилиб ётарди. Капитаннинг оҳ-воҳини биринчи кема ҳайдовчиси ва навбатчи матрос эшитди. Овоз келган томонга улар биринчилардан бўлиб югуриб келишди. Янаям тўғрироқ айтадиган бўлсакюгуриб келишга ҳаракат қилишди, бироқ уддалай олишмади, чунки оёқ қўядиган жойнинг ўзи йўқ эди. Кема ҳайдовчиси илк қадамниёқ бир шиллиқурт устига босди. Босиши биланоқ оёғи тойиб, олдга қараб йиқилди. Кўз очмасиданоқ қўллари остида йирик ёнғоқ катталигида нималардир қимирлаётганини сезди. Айни шу онда иккинчи штурвалчи палубага югуриб кирди. Машинани бошдан-оёқ шиллиққуртлар эгаллаб олганди, кема поли, машина, стол-стулу соатгача ҳатто…
Бу ҳолат фақат шу ерда бўлса керак дея ҳисоблаган штурвалчи кема ташқарисига чиқар экан, бадтар ҳайрон қолди. Кема нарвонлари, қутқарув ёстиқлари, ушлагичлар, ҳатто арқонларигача бебурд шиллиққуртлар билан қопланганди. Кемадагиларни бир қўрқув исканжаси ишғол қилди.
Ваҳима аввалданам бор, ҳозир эса у янада катталашиб борарди. Чунки ҳеч кимса бу кичик жонзотга қўл теккиза олмасди.
Капитанни қаттиқ ваҳима босганидан ҳатто ҳожатхонага беркиниб олмоқчи бўлди. Бироқ на хожатхона, на бошқа бирон ер шиллиққуртлар истилосидан ҳоли эди. Энг охирда дод-вой солиб каютага югуриб чиққан кўмирчи бўлди. Кема қозони ёнида ҳам шиллиққуртларга бегона бир ер қолмаганди. Кемани сув олса, тешилса, чамабараги синса ҳам ваҳима бу даражада бўлмасди эҳтимол.
Матрослар бута супургилари билан шиллиққуртларни супуриб денгизга отишларига қарамай улар қайсидир ердан қайнаб чиқар, бўш ерларни зумда тўлдиришарди. Гўёки тинимсиз туғилишарди занғарлар…
Бироз муддат ўтиб эса кемачилар устига ҳам юриш бошлашди. Сўнгги чора ёрдам истамоқ… Хабарчи ваҳимага тушганларнинг биринчиси эди.
Соатлар давомида ҳавотирга тушган капитан ваниҳоят амр қилди:
— Тезроқ бўл, ёрдам хабари жўнат!
Хабарчи шиллиққуртлар қоплаб олган аппаратига яқинлашди. Қўлини теккизишга жиркангани учун оёғи билан шиллиққуртларни суриб туширди, аппаратини ишга тушириб, хабар юборди:
— Sos! Sos! Кемани шиллиққуртлар эгаллаб олди.
Бу орада шиллиққуртлар унинг оёқларига тирмашиб, тўппа-тўғри юзи томон ҳаракатлана бошлашди. Оҳ-воҳ қилганича ташқарига югуриб кетди. Қўрқиб кетганидан қайтиб келиб жавоб келганми-йўқми билишга, яна хабар учун тугма босишга ҳам мадори қолмаганди.

* * *

Унқопа кемаси бу хабар тарқалиб, тушунилиб олгунча Марсиляга етиб олди. Кемани буткул шиллиққуртлар тозалай олишмаган бўлса-да, ҳар ҳолда чўкиб кетмасдан манзилга етиб келишди. Кемани яхши бир кимёвий дори, масалан заҳарли тутун билан тозалаш керак. Капитан, капитан ёрдамчиси, штурвалистлар, машинист ва яна бир нечта кемачи ўзларидан жирканишар, тезроқ чўмилишни хоҳлашарди. Дарҳол, оёғини қўлга олиб ҳаммаси бир меҳмонхонага жойлашишди. Ниҳоят, покланиш мумкин, ҳамма жой шиллиқликка ботган. Ҳатто кийимларининг чўнтакларидан ҳам шиллиққуртлар чиқарди. Меҳмонхонада биринчи қилган ишлари албатта душ қабул қилиш бўлди. Икки кун давомида кемада туз тотмаган кемачилар шошила-шошила меҳмонхона ошхонасига тушишди. Капитан официантга қараб
— Ё Худойим, тезроқ бизга овқат бер, — деди.
— Нима истайсиз мисё?
— Нима бўлсаям фарқи йўқ, фақат тезроқ бўлсин. Ҳозиргина узоқ сафардан келдик. Энг яхши овқатингиз нима бўлса, шуни келтираверинг, бўлинг.
Бўккунича овқат ейишди.
Штурвалчи ёнидагиларга:
— Шўрва ажойиб экан, — деди.
Машинист ҳам қўшиб қўйди:
— Қовурдоқ ҳам жуда хуштаъм.
Капитан эса
— Бирибир бу димламага тенг келадигани йўқ, — дея сўзини якунлади.
Шукр қилиб, қоринларини силай бошлашди.
Бир кемачи ўзини кўрсатмоқ истаб:
— Аниқ биламан, бу бир ёшгина бузоқнинг гўшти, — деди.
— Йўғее, ундаймас.
— Аниқ бузоқ гўшти, қадрдоним. Музлатгичда сақлашади, сўнгра шароб билан юмшатишади. Шундай юмшоқ бўладикии-и.
— Қўзи гўшти чамамда.
— Менимча балиқ гўштиёв.
— Официант, бу ёққа қараб юборинг, официант.
— Лаббай, мисё?
— Бу қовурдоқ ниманинг гўштидан?
— Ёқдими сизга мисё? Ўтган ҳафта Туркиядан бир кема шиллиққурт келганди.
— Нимаа-аа-а, шиллиққурт?
Ҳаммаси шошиб қолди.
— Димламаямми?
Официант муштарийларини шодлантиргани учун табассум айлаб:
— Ҳа, — деди. — У ҳам шиллиққуртдан.
— Шўрва-чи, шўрваямми?
— Хўжайинимиз ресторан овқатларига ўзгача таъм баҳш этади шиллиққурт, дея ҳисоблайди. Шунинг учун пулидан қочмайди. Қиммат бўлсаям олаверамиз. Тўғри топдингиз, бу ҳам шиллиққурт шўрваси.
— Ё Худойим, салат ҳеч қурса шиллиққуртданмасдир?
— Таъм билишингизга гап йўқ, албатта мисё, шиллиқурт салати бу.

Турк тилидан Мақсуда Йўлдошева таржимаси