Буробия Ражабова. “Баҳористон”да Алишер Навоий зикри

Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий темурийлар Уйғониш даврининг даҳо сўз санъаткорлари бўлиб, уларнинг ибратга йўғрилган ўзаро устоз-шогирд ва дўстона муносабатлари ҳамда қизғин адабий алоқалари ҳақидаги муҳим маълумотлар, эслатма-хабарлар, юксак эътирофлар, нома рубоийлар, биринчидан, уларнинг қаламига мансуб асарларида битилгани билан ҳам ниҳоятда қимматлидир, иккинчидан эса  уларни тарихий, бадиий ва илмий-назарий талқинларга тасниф қилиб ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Бу каби олтин битиклар икки буюк мутафаккирнинг ҳаётидан, ижодидан, шахсиятидан, ўзига хос услублари ва даврдаги маданий-адабий кўтарилишдан маълум маънода хабар беради.

Алишер Навоий даври манбаларига оид адабий манбалардан бири, бу – Абдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон” номли дидактик характердаги дурдона асаридир. Китоб буюк Шайх Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” (1256) асари таъсирида 1487 йилда  насрий усулда битилган. Муҳими шундаки, бу асарнинг ёзилиш тарихи ҳақида Абдураҳмон Жомийнинг ўзи китобда маълумот битиб қолдирган. Яъни, уни ўн яшар аржуманд фарзанди Зиёвуддин Юсуф учун дарслик-қўлланма сифатида яратган. Муаллиф гўё Шайх Саъдийнинг дидактик асарининг “Гулистон” китобининг сабаби таълифи баёнидадур“ номли қисмида “Гулистон”имдан ол бир япроғ”[1] деб ёзган истагига амал қилиб, ўғлига гоҳида тарбия мақсадида “Гулистон”да берилган ҳикоятлардан намуналар ўқиб бериб турган ва шундан кейин боланинг Шайх Саъдий асарига қизиқиши ва ихлосини кўриб, илҳомланиб худди шу йўналишда асар ёзишни мақсад қилган. Абдураҳмон Жомий бу ҳақдаги сўз муддаосини асарнинг муқаддимасида ҳам насрий, ҳам шеърий усулда шундай изоҳлаган: “… унинг дилига мурувват, хотирига қувват бериш мақсадида гоҳ-гоҳ машҳур шайх ва буюк устод Муслиҳиддин Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”идан:

“Гулистон эмасдир жаннатдин нишон,
Хашак-тикани ҳам анбаргадир кон.

Жаннат дарвозаси ундаги боблар,
Файз тўла қиссалар чин ҳавзи кавсар.

Пардага ўралган нуқталар пинҳон,
Буларга рашқ этар ҳур ила ғилмон.

Шеърлари дарахтдир, баланд ҳосилдор,
Лутф шабнамидан ариқлари  бор –

каби бир неча сатр ўқилар эди. Шу аснода хотирамға унинг шариф сўзларидан шарафланиб ва латиф шеърларидан илҳомланиб шу турда ва шу услубда бир неча варақ ижод қилиб, ҳозирларға достон ва ғойибларға армуғон этиш фикри келди”[2]. Демак, у “… ҳозирларға достон ва ғойибларға армуғон этиш” деб “Баҳористон”дек дурдона асарни битган.

Манбалардан маълумки, Илк Уйғониш даврининг мумтоз сиймоси Шайх Саъдийнинг “Гулистон” ва “Бўстон” каби қимматли асарлари мадрасаларда дарслик сифатида ўқитилган, ўз даврида Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, подшоҳ Бобур, Қутиб Хоразмий, Огаҳий, Абдулла Авлонийлар ҳам ўқиб-ўрганишган. Бу ҳақда Алишер Навоий “Лисон ут-тайр”да шеърий усулда[3], Бобур эса муҳташам “Бобурнома”да насрий усулда маълумот битиб қолдирган[4]. Ёки Хоразм адабий муҳитининг кўркамли вакиллари Қутиб Хоразмий ва Огаҳийлар маҳорат билан ўзбек тилига таржима қилган, маърифатпарвар Абдулла Авлоний эса ундан таъсирланиб жавоб сифатида 1913 йилда “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” дарслигини ёзган.

Абдураҳмон Жомий “Баҳористон”и муқаддима ва саккиз равза – боғдан ташкил топган бўлиб: 1) дарвешлар ҳақида ибратли ҳикоялар; 2) донолар ҳикматли; 3) шоҳлик ва адолат бобида; 4) саховат ва карам бобида; 5) дўстлик ва муҳаббат бобида; 6) мутоибот; 7) шеър ва шоирлик бобида; 8) масаллар ҳамда хотима.

“Баҳористон” асарининг еттинчи равзаси тазкира характерида бўлиб, унда 10-15-асрларда яшаб ижод этган 37 нафар буюк шоиру адабларга алоҳида фиқралар битган, хусусан, улуғ замондоши Алишер Навоийга ҳам. “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида Алишер Навоий “Баҳористон”нинг мазкур еттинчи равзасини  “нигорхонаи Чин” (Чин расмлари хонаси) атамаси билан  тазкира сифатида тилга олган ва “… бир равзасини бу мавзуи наволиқ балобил  ва матбуъ садолиғ анодил гул бонгидин рашки нигорхонаи Чин ва ғайрати фирдавси барин қилибдур”[5] деб юксак эътироф этган. Ўрганишимизга кўра шуни билдикки, Алишер Навоий Абдураҳмон Жомийга бағишлаб ёзган “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асарида Абдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон”да ўзи ҳақида битган фиқрани “Ва “Баҳористон”да назм аҳли асомийси зайлида бу фақирни бу навъ мазкур қилибтурларким”[6], дея мамнунлик билан изоҳ битган ва мазкур фиқра матнини асарга тўлиқ киритган.

Энди “Баҳористон”нинг ёзилишига сабабчи бўлган Зиёвиддин Юсуф ҳақида қисқача тўхталсак. Зиёвуддин Юсуф (1477, Ҳирот – 1544, Арп (Хуросон) – Абдураҳмон Жомийнинг учинчи ўғли ҳисобланади, у шоир, ҳаттот, олим, шайхулислом бўлган. Абдураҳмон Жомий ўғлининг таълим-тарбиясига катта эътибор берган. У бошланғич таълимни алломаи замон бўлмиш отасидан олган бўлса, кейинчалик эса Ҳирот мадрасаларида ўқиган. Улуғ Жомий “Баҳористон”дан ташқари “Фавойиди Зиёия” асарини ҳам ўғлига бағишлаган. Шунингдек, у “Юсуф ва Зулайхо”, “Туҳфат ул-асрор” асарларида Зиёвиддин Юсуф учун боблар ҳам битган, уларда улуғ шоир  ўғлига таъсирли ўгитларини оталарча шафқат ва шоирона маҳорат билан баён қилишга ҳаракат қилган. Зиёвиддин Юсуф келажакда Абдураҳмон Жомий истаган  инсонпарвар, одамий ва олижаноб шахс бўлиб вояга етган. Ундан бизга шеърларидан айрим намуналар ҳам етиб келган. Фикримиз исботи учун бир рубоийсини келтирамиз:

 Намедонам касе аз навъи инсон,
Ки бошад аз хатову саҳв озод.
Манам он шоҳбози олами қудс,
Ки дар сайрам хато ҳаргиз наяфтод.

Мазмуни: “Айбу хатодан холи кишини одамлар орасида учратганим йўқ. Мен ҳам поклик оламининг лочиниман – менинг йўлимда хато сира бўлмаслиги керак”.

Бобур 1506 йилда йигирма кун фозил шаҳар Ҳиротда бўлар экан, у Абдураҳмон Жомий мақбарасини зиёрат қилган, у қурдирган, масжид мадрасада бўлган. Демак, у Зиёвиддин Юсуф билан кўришган[7], деган фаразимиз ҳам йўқ эмас.

Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат” тазкирасида ёзишича, муаммо қоидаларига бағишланган “Муфрадот” номли назарий характердаги асарини якунлаб, Абдураҳмон Жомийга кўрсатган, асар унга маъқул бўлган ва  ўғли Зиёвиддин Юсуфга асарни ўқиб ўрганишни тавсия қилган[8]. Яна Навоийнинг эътироф қилишича, Зиёвиддин Юсуф унинг мазкур асари асосида муаммо фанини  пухта ўрганишга ҳаракат қилган.

Маълумки, Алишер Навоий “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асарида  Абдураҳмон Жомий вафоти тафсилотларини соҳиби аза сифатида ҳам батафсил ёритган ва асарнинг ушбу видоъ лавҳасида у Зиёвуддин Юсуфни икки марта, яъни исми билан ҳамда махдумзода деб тилга олган. Чунончи:  “Тонг отқунча бир ҳолда эрдилар, чун тонг намозидин халойиқ фориғ бўлдилар, аларнинг ҳоли ўзгачарак бўлди. Ҳазрати Хожа Абдулазиз чун кўрдиларким, ҳол унга навъдур, ўзлари мадад бериб, аларнинг бошини машриқ, жонибидин шимол жонибиға қилиб, юзларни қибла сори қилдилар. Мавлоно Зиёвуддин Юсуфким, аларнинг аржуманд фарзандларидурлар, аёғлари сори кўзлариға ўтру ўлтуруб эрди, алар қачон кўз очсалар анга илтифот юзидин боқадурлар эрди. Бу фақир густоҳлик қилиб, илтимос қилдимким, махдумзода ўтрудин қўптилар. Андан сўнгра алар нақшбандия хожалари тариқи билан хафий зикриға машғул бўлди…”[9].

Абдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон”да битган “Алишер Навоий”  фиқрасини тадқиқ ва талқин қилар эканмиз, мазкур фиқранинг мазмун-моҳиятига кўра, қуйидагича тасниф қилиб ўрганишимиз мумкин:

1. Навоийнинг улуғ шахсиятига тааллуқли фикрлар: “Бизнинг замонамиз бу соҳибдавлат вужуди ила мушаррафдир. У ўз мартабаси, улуғлиги ва шоҳга яқинлиги ва шунингдек Оллоҳ ато этган ва ўқиш ўрганиш билан орттирилган илму дониши ва ақлу заковати билан шеърлари ҳусни камоли учун ҳар қандай мақтовдан юқори турса-да, у ўзини паст тутиб, шеър аҳли жамоасига қўшилди ва бошқаларга ҳам пардани орадан кўтариб, шеърият йўлини очиб берди. Аммо ҳаққониятини айтганда, у мана шу анжуманларнинг барчасига бошлиқ ва шеър аҳли сардафтарида номи битик”.

2. Унинг тахаллуси билан боғлиқ маълумот: “Унинг покиза номини қуйидаги муаммодан чиқариш мумкин:

Асл номига киши топмас тахаллусдан имо,
Ким тополса лаблари узра инар жонбахш наво.”

3. Ўзбек (туркий) тилининг расмий жиҳатдан мақомини кўтаришдаги жасорати, матонати ва унинг ўзи бу ҳолатга амал қилиб, барча асарларини туркий тилда битганига берган юксак эътирофи ҳамда изоҳи: “Табиати тақозоси ва қобилиятига кўра у туркий ва форсий шеърларида юксалишга муяссар бўлган бўлса-да, туркийга кўпроқ майллик кўрсатди ва бу тилдаги ғазалиёти ўн минг байтдан зиёдроқ бўлди.

Низомий “Хамса”си муқобилида ёзган маснавийлари уч минг байтга яқин ва бу тилга ҳеч ким бунчалик кўп ва хўб шеър ёзмаган”.

4. Фиқрада унинг форсий мероси ҳақида ҳам алоҳида қимматли фикрлар билдиргани ҳамда Амир Хусрав Деҳлавийнинг “Яхшилар дарёси” қасидаси хусусида тўхталган ва бир байтни таҳлил қилган: “Форсий шеърлари орасида Амир Хусрав Деҳлавийнинг “Яхшилар дарёси” қасидасига жавоб тариқасида битилган қасидаси бор. Унда ажиб мазмун ва нозик хаёлотга эга байтлар жуда кўп. Унинг бошланмаси бундай:

Подшоҳлар тожида ёлқинли лаъл бўлса безак,
Бошдаги ҳар хом хаёлга тоб берувчи чўғ демак”.

Абдураҳмон Жомий ушбу фиқрада яна Алишер Навоийнинг шеърий йўлда ёзган мактуб рубоийларига алоҳида тўхталар экан ва унинг ўзига юборган учта нома рубоийсига диққат қаратган. Қизиғи шундаки,  Алишер Навоий улуғ Абдураҳмон Жомий вафотидан кейин соғинч фонида ёзган “Хамсат ул-мутаҳаййирин”га мазкур учта нома рубоийларнинг ёзилиш тарихига махсус тўхталиб ўтган ҳамда, биринчидан, уларнинг “Баҳористон”да битилган тўлиқ  матнини форс тилида асарга киритган бўлса, иккинчидан эса устози мактубида битилган шеърларни ҳам  берган. Ҳуллас, Алишер Навоий маълумотлари асосида талқин  қиладиган бўлсак, ҳар уччала нома рубоийлар ҳаж сафарида бўлган Абдураҳмон Жомийга шахсан бағишланган ва унга юборилган мактубларга тамсил сифатида ушбу нома рубоийлар битилганини билиш мумкин. Чунончи: “Қуйидаги рубоий эса, бир кишининг Ҳижоздан қайтиб келиши муносабати ила ёзилган табрик мактубидан олинди:

Фалак инсоф била етказгил пайғом,
Қани ким яхшироқ айлади хиром.
Эрта тонгда Шарқдан чиққан қуёшми,
Тўлин ойми чиққан жойи бўлса Шом” ( 89-бет).

Алишер Навоий мазкур нома рубоийнинг ёзилиш тарихи хусусида “Хамсат ул-мутаҳаййирин”нинг “Иккинчи мақолат” қисмида шундай хабар битган: “Алар Макка сафаридан келганда подшоҳ Балхда эрдилар ва фақир (Навоий) бир қосидни аларни кўриб, саломатлик хабарларини келтурсун деб шаҳарга юбордим. Таҳниятомуз  руқъа ҳам битиб эрдим. Анда бу рубоий мастур эрдиким.

Рубоий:

Инсоф бидеҳ, эё фалаки минофом,
То з-ин ду кадом хубтар кард хиром.
Хуршеди жаҳнтоби ту аз матлаи субҳ,
Ё моҳи жаҳонгарди ман аз жониби Шом.

Алар бу руъқанинг муқобаласида бағоят рангин руқъа битиб юборибдилар.

Рубоий:

Бо килки ту гуфт нома, к-эй гоҳи хиром,
Сад туҳфаи хуш ба Рум овард зи Шом.
Гар пои ту дар миён набошаднарасад,
Маҳжуронро аз жониби дўст паём.”[10]

Ёки:

“Бу рубоий эса бошқа бир мактубдан:

Бу нома мактубмас, дардим дармони,
Ҳижронда эзилган юрагим қони.
Қайноқ дилу совуқ оҳим таскини,
Яхши жаҳонгашта моҳим нишони” ( 38-бет).

Алишер Навоий ушбу нома рубоийнинг ёзилиши ва адресатга жўнатилиши сабабининг тарихини “Хамсат ул-мутаҳаййирин”нинг “Иккинчи мақолат” қисмида шундай шарҳлаган: “Алар Макка сафариға борғонда Бахдоддин бағоят рангин нома битиб эрдилар. Ул нома аввалида бир ғазал битиб эрдилар. Матлаъ будирким:

Бар канори Дажла дур аз ёру маҳжур аз диёр,
Дорам аз ашки шафақгун Дажлаи хун бар канор.

Борур кишидин ул ғазалға татаббуъ қилиб, нома юбориб эрдим. Матлаъ будирким:

Шоми ҳижрон к-у мағриб шуд ниҳон хуршедвор,
Ё рабаш субҳи висол аз жониби машриқ барор.

Аммо руқъанинг охирида бу рубоийни ҳам битиб эрдим:

Ин нома, на нома, дофеи дарди ман аст,
Ороми даруни ранжпарварди ман аст.
Таскини дили гарму дами сарди ман аст,
Яъне хабар аз моҳи жаҳонгарди ман аст.

Алар Маккадан қайтғонда Ҳалабдин бу руқъаға жавоб битиб эрдилар ва бу рубоий анда эрдиким:

Ин руқъа, на руқъа, мояи ҳар тараб аст,
Таҳсили нишоту айшро хуш сабаб аст.
З-ин  сон ки бувад мухтасару пурмаъно,
Гўё зи “Жавоми ул-калим” мунтахаб аст”[11].

Алишер Навоий Махдумгага мурожаат қилиб, нома рубоийларни битган ва мурожаат санъатидан унумли фойдаланган. Шоирнинг дуои саломи, саломатлик каби кўнгил изҳорлари баён қилинган. Нома рубоийларида шоир ҳаётининг Абдураҳмон Жомийга маълум бўлган томонлари акс этган, яъни Жомий ўзи учун битган нома рубоийларни асарга тамсил қилган. Жомий келтирган мисолларда шоирнинг сафарларда ҳам Жомий билан боғлиқ мулоқотлари ёзишмалар асосида бўлганини кўрсатади. Жомий ва Навоий муносабатларининг бошқа нома рубоийларида ҳам ўз аксини топган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, нома рубоийлар ёзиш фақат Алишер Навоий ёки Абдураҳмон Жомий услубига хос эмас, балки бундай нома рубоийларни ёзиш уларгача ҳам, улардан  кейинги ижодкорлар ижодида ҳам учрайди. Академик А.Қаюмов ўзининг “Ёзишмаларга оид рубоийлар”[12] номли тадқиқотида подшоҳ ва шоир Бобурнинг нома рубоийларининг бештасини талқин қилар экан, нома рубоийлар ҳусусида фикр билдириб ўтган.

Алишер Навоийнинг яқинлари ва суҳбатдошлари билан боғлиқ мавзуга қисман профессор Ш.Сирожиддинов ҳам ўзининг “Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий-типологик таҳлили”[13] китобида, яъни “Яқинлари ва суҳбатдошлари” номли фаслда сиқа ҳарактерда тўхталган.

Б.Аҳмедов “Навоий замондошлари хотирасида” китобига Абдураҳмон Жомий “Баҳористон”да битилган фиқрани киритмаган. Аммо унинг “Ҳафт пайкар” (хотимасида), “Фотиҳат уш-шабоб”, “Лайли ва Мажнун” каби достонларида битилган улуғ Навоий билан боғлиқ лавҳаларни форс тилидан ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилиб киритган.

Хулоса шуки, Абдураҳмон Жомий “Баҳористон”да 37 нафар  ижодкорлар қаторида Алишер Навоийга  ҳам алоҳида фиқра бағишлагани катта тарбиявий аҳамиятга эга. Ушбу зикрда у АлишерНавоийнинг ҳаёти, ижоди билан боғлиқ олмос қирраларини ўғлига намуна сифатида  ёзиб қолдиргани мақтовга лойиқ. Бу асар Абдураҳмон Жомийнинг юқорида биз номлари тилга олиб ўтган асарларида Алишер Навоий ҳақида битган қимматли маълумот ва юксак эътирофларини тўлдиради.

          Буробия Ражабова

 Ўз ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклор институти етакчи илмий ходими

___________________

[1] Саъдий Шеърозий. Гулистон (Форс тилидан Мулло Муродхўжа таржимаси). – Тошкент: Фан, 2005. 23– бет.

[2] Жомий. Баҳористон.  Форс тилидан Ш.Шомуҳамедов таржимаси. – Тошкент: Янги аср авлоди, 2007.2–бет.

[3] Ражабова Б.  Ўзум сори боқма, сўзум сори боқ. Тошкент: Турон замин зиё, 2015. 18–бет.

[4] Шодиев Э.  Бобур ва тожик адабиёти / Заҳириддин Муҳаммад Бобур. – Хўжанд: Раҳим Жалил номидаги Давлат нашриёти, 20….  45-61-бетлар.

[5] Алишер Навоий. Мажолис ун-нафоис. МАТ. 13-жилд. Тошкент: Фан, 1997. 5–бет.

[6] Алишер Навоий. Хамсат ул-мутахаййирин. МАТ. 15-жилд. Тошкент: Фан, 1999. 52-54-бетлар.

[7] Ражабова Б. Абдураҳмон Жомий ва Ҳирот маданий муҳити. Ўзбек тили ва адабиёти журнали. 2021. 3–сони, 48–бет.

[8] Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. МАТ.  17-жилд. Тошкент: Фан, 2001. 103–бет.

[9] Алишер Навоий. Хамсат ул-мутахаййирин. МАТ. 15-жилд. Тошкент, 1999. 77-бет.

[10]Алишер Навоий. Хамсат ул-мутахаййирин. МАТ. 15-жилд. – Тошкент, Фан, 1999. 39-бет.

[11] Алишер Навоий. Хамсат ул-мутахаййирин. МАТ. 15-жилд. – Тошкент, Фан, 1999. 39-бет.

[12] Қаюмов А. Асарлар. 5 жилдлик. 4-жилд. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодиёти. – Тошкент: Мумтоз сўз,  2009. 125-127-бет.

[13] Сирожиддинов Ш. Алишер Навоий: манбаларининг қиёсий-типологик, тестологик таҳлили.  – Тошкент: “Akademnashr”,  2011. 83-84-бет..