ёхуд улкан рамзларни сингдиролган асар
«Чексиз кенглик қаршисида қайиқда ўтирган одамнинг ҳеч нарсага арзимаслигини чол яхши биларди. Лекин инсон ўйлари билан Денгизга ва Осмонга тенглаша олади..».
Дин инсониятнинг энг катта маънавий таянчи ҳисобланади. Бироқ охирзамон тушунчасини фақатгина динга боғлаб тушуниш шарт эмас, фикримча. Ер юзида зулм, фаҳш ва ёвузлик мавжуд экан, инсоният тасаввурида дўзах ва қиёмат ҳақидаги қўрқув, қай бир кўринишда бўлмасин, мудом яшайверади. Фақатгина яшайверади эмас, балки дунё тубанлашгани сайин, башарият таназзули муқаррар эканлиги ҳақидаги ҳадик ҳам орта боради. Эҳтимол, шунинг учундир, жаҳон адабиётининг асрлар оша унутилмасдан яшаб келаётган энг сара асарлари айнан мана шу ғояни ўз ичига сингдирган. Жумладан, дунё миқёсидаги улуғ адиб Чингиз Айтматов ҳам ўзининг «Соҳил ёқалаб чопаётган Олапар» қиссасида «Оламни таназзулдан ким қутқаради?», «Қандай қутқаради?», «Инсоннинг ҳаёт олдидаги бурчи нималардан иборат?» каби умрбоқий саволларга жавоб излаган, таъбир жоиз бўлса, ўз хулосасини айта олган.
Чингиз Айтматов ижодининг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, адиб ўзининг ҳар битта асарида миф, афсона ва ривоятлардан унумли фойдалана олади. Адибнинг қайси бир асари ҳақида гапирмайлик, ундаги бирор-бир афсона ё ривоятни эсламасликнинг иложи йўқ. «Қиёмат» романидаги бўрилар ёки монастирдаги қўшиқ ҳақидаги афсона, «Асрга татигулик кун»даги «Она байит» ёки «Қора нор» ривояти, «Қулаётган тоғлар»даги қайлиқлар ёки архарлар ҳақидаги афсоналар бунга етарлича мисол бўлиши мумкин. Адиб ўзининг бу услуби билан, бугунги маданият ва қадриятлар емирилиб, тобора ахлоқий таназзул ёқасига яқинлашаётган инсониятни халқ тилидаги қадимий афсона ҳамда ривоятлар асраб қолиши мумкин, демоқчи бўлгандай гўё… «Соҳил ёқалаб чопаётган Олапар» асарида ҳам ёзувчи ўзининг мана шу услубига содиқ қолган. Янаям аниқроғи − Охота денгизи бўйида яшовчи кам сонли Нивих халқи оғзаки ижодида яшаб келаётган тюлень овловчилари билан боғлиқ кичик бир афсонани асос қилиб олади. Билишимча, асар шунинг учун Нивих халқи ёзувчиси Владимир Сангенга боғишланган.
Аммо «Соҳил ёқалаб чопаётган Олапар» Айтматовнинг бошқа асарларидан фарқ – адиб ўзининг бошқа асарларида ривоятлардан фабула − асарнинг фақат маълум бир қисми сифатидагина фойдаланса, мазкур қиссасини тўлалигича афсонанинг устига қурган.
Шу ерда мен Айтматовнинг услубига хос бўлган иккита муҳим жиҳатга эътибор қаратиш зарур деб ҳисоблайман. Булардан биринчиси: аввало, денгизда рўй берган воқеа оддий бир афсона эди, ёзувчи уни бадиий ҳақиқатга айлантириб, ҳаёт ҳақиқати даражасига кўтаряпти. Иккинчиси: адиб ушбу афсона асосида ўзи ҳам бир ривоят тўқиб, асар мағзига сингдириб юборяптики, бу – «Кўк сичқонча» тўғрисидаги ривоятдир. Менимча, «Кўк сичқонча» ҳақида гапиришдан олдин, асар воқеаларини қисман шарҳлаб ўтмоқ жоиз.
Асар Ўрхон бобо, Милхун, Эмрайин ҳамда ўспиринга яқинлашаётган Кирискнинг тюлень овлаш учун денгизга чиқиши билан бошланади. Ойдинлаштириш лозим бўлса, Эмрайин Кирискнинг отаси, Милхун эса амакиси. Ўрхон бобо − овчилар жамоасининг бошлиғи ҳисобланиб, қариндошлик жиҳатидан уларга бегона. Бу ерда воқеаларнинг айнан денгизда рўй бериши, яъни одамзотнинг денгиз ва осмон орасидаги ҳаёт учун кураши тасвирланиши, шубҳасиз, рамзий, албатта. Ҳолбуки қиссанинг асосий ғояси ҳам, инсониятни йўқлик қаърига ғарқ бўлишдан нима асраб қолиши ҳамда бунинг учун инсон қандай усулда кураш олиб бориши кераклигини тушунтиришдан иборат эди. Шунга қарамай, биз инсон ва денгиз воқеасини рамзлаштирмасдан, оддий ҳаётий воқелик сифатида қабул қилган тақдиримизда ҳам, асар ўз зиммасига олган юкини бемалол оқлаган бўларди.
Муаллиф жуда кўп ўринларда Ўрхон бобонинг хаёлот оламига, ички кечинмаларига мурожаат этади. Асар бошроғида унинг ўзи кема ясаган дарахт билан гаплашгани келтириб ўтилса, ўртароғида Лувр ўрдак ҳақида, ундан сал қуйироқда Сув париси билан боғлиқ илоҳий хаёллари ҳақида айтилади. Унинг бундай хаёллари эса ўз-ўзидан ёдимизга кема ясаб, дунёни ҳалокатдан асраб қолишга уринган Нуҳ пайғамбар ривоятини эслатиб юборади…
Аслида, Ўрхон бобони ҳар қандай тимсолнинг ўрнига қўйиб фикр юритмоқ мумкин. Диний жиҳатдан олиб қарасангиз, Ўрхон бобони Нуҳ алайҳиссалом, дейдиган бўлсак ғоявийлиги билан барибир муштарак. Рост эмасми, кема бўрон ҳалокатига учраб, йўловчилар жонини асраш учун қолган озгина сувдан ҳамма ичганида Ўрхон бобо ичмай ўзининг улушини Кирискка қолдиради. У нега шундай қилди? Ахир, бола унга қони қўшилган қариндош эмас эдику. Ўрхон бобони қандай масъулият бундай қилишга мажбур этолди?.. Эътибор қилсак, у бу ерда фақат сувдан ичмадигина эмас, балки ўз жасорати билан инсоннинг келажак авлоди олдидаги бурчини эсга солиб, Милхун ҳамда Эмрайинларнинг ҳам тасаввурини буткул ўзгартириб юборади. Ўшанда Ўрхон бобо ўз ризқидан кечиб Кирискка илинмасдан, ҳеч бўлмаганда оғиз ҳўллаганда эди, Милхун билан Эмрайин ҳам бу ишни қилмаган ва оқибатда инсониятнинг авлодлари олдидаги мангу бурчи бажарилмасдан қолган бўларди. Мана шу сифатлари билан Ўрхон бобо образи инсониятни ўзгартирадиган, башарият учун ўзини жавобгар ҳисоблаган ва охир-оқибат дунёни ҳалокат асраб қолиши мумкин бўлган буюк инсон тимсолидир. Ўрхон бобони одам деб ҳисобламасдан, ўз фарзандлари учун ҳеч нарсасини аямайдиган, фарзандлари учун мудом ўзини қурбон қилиб келаётган Она Табиат, Борлиқ рамзи деб ҳисобласак ҳам, асар ғоясига оид ҳақиқатлар ўзгармасдан қолади.
Мана, ниҳоят асарнинг энг кульминацион нуқтаси, Кириск касал бўлиб иситмалаб қолганда онаси унга айтиб берган «Кўк сичқонча» ҳақидаги ривоятга ҳам етиб келдик. Ривоят шундай бошланади: «Онаси ялиниб-ёлвориб, уни сув ичишдан тияр эди. Ташналикка чидасанг, касаллик сендан қочади, деб тушунтирарди.
− Чидагин, жон болам! – дерди у. – Ичингда «Кўк сичқонча, менга сув бер!.». деб тинмай қайтаравер. Сўрагин жоним, кўк сичқончадан сув сўра. У югуриб келади ва сенга сув беради… Фақат тинмасдан, чин дилдан сўра..».
Ўшанда иситма оташида ёнаётган Кириск онасининг айтганини қилиб, кўк сичқончани чақира бошлайди. Сидқи дилдан, комил ишонч билан «Кўк сичқонча, сувингдан бер, кўк сичқонча, сувингдан бер..». деб тинмасдан ёлвора бошлайди. Шу усул билан ўз нафсини тийиб, бутун бир қийноқли кечани енгиб ўтади. Кейинчалик денгиздаги ташналикда ҳам онаси айтиб берган айнан ўша «Кўк сичқонча»нинг югуриб келиши ва унга сув беришига бўлган ишонч Крискнинг бардошига бардош қўшиб, уни омон сақлайди… Ўқирман эсга олса, шунга ўхшаган яна бир диний ривоят бор. Алқисса, ҳаж сафарига отланган тақводор бир одам йўлда чўпоннинг чайласида тунаб қолибди. У саҳарда ибодат қилиш учун уйғонса, чўпон чайланинг бир бурчагига ўтириб олиб «Оқ қўйнинг калласи, қора қўйнинг калласи… Менам Худонинг умидвор бир бандаси!» деб намоз ўқиб ўтирган эмиш. Тақводор одамнинг бундан жуда жаҳли чиқибди. Чўпонни куфрда айблаб, шарта туриб унинг чайласини тарк этибди… Аммо ҳаж зиёратига етиб, Каъбани тавоф қилаётган пайтда «Сен нега бир мўминнинг қалбидаги ихлосини сўндирдинг?» деган овоз эшитилади… Худди ўша чўпонда бўлганидай, «Кўк сичқонча» ҳам бу ерда Нивих халқининг эътиқоди тимсоли. Агар асар сюжетидан келиб чиқиб инсоният Осмон билан Денгиз, яъни Тириклик билан Ўлим ўртасида азалий кураш олиб боради ва уни олисларда Саодат чўққиси денгиз қирғоғидаги Олапар мисоли чорлаб туради, деб билсак, инсон мана шу курашга бўлган куч ва бардошни, матонатни эътиқоддан олиши мумкин, ичида кечаётган жангларни фақат эътиқод билан бостириши мумкин, деб тушунмоқ ўринлидир. Лекин ривоятнинг аҳамият бериш шарт бўлган яна бир қирраси бор. Асарда айтилаётган сичқонча оддий эмас, айнан Кўк сичқонча. Ҳар қалай, сичқончанинг Кўк эканига муаллиф алоҳида урғу беряпти. Хўш, сиз Кўк сичқонча ҳақидаги ривоятни яна қаерда ўқиган эдингиз? Балки, бу мақола бошроғида ҳам биз эслаб ўтган – дунёни ҳалокатдан қутқармоқчи бўлган Нуҳ пайғамбарнинг кемасини тешган ўша машҳур Кўк сичқончадир?! Ҳа, менимча шундай. Айтматов ўзи тўқиган миф-ривоят мисолида ўзи яратган парадокс билан халқлар эътиқоди ўртасидаги чегарани ҳам бузиб юбораяпти…
Шунча рамз ва символларни, шунча улкан ғояларни ўз ичига сиғдиролган мазкур асар «Дунёни ким қутқаради?», «Қандай қутқаради?» каби умумбашарий саволларга хулосавий ечим билан якун топади. Бу хулоса шундан иборатки: Дунёни ўзгартириш учун қирғинбарот урушлар олиб бориш ёки оламшумул инқилобларга ҳомийлик қилиш шарт эмас. Одамзотда биргина Ўрхон бобонинг жасорати бўлса, бас, дунё ўзгаради, магарам ҳар битта инсоннинг авлодлари олдидаги мангу бурчи ҳам, аслида, шудир.
«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 11-12-сон