Бахтиёр Менглиев. Юксалиш методологияси ҳақида ўйлар

Алишер Навоий

“Ким нени истаса, топгай бегумон”

Шўролар даврида маърифий адабиётимиз мажозий маънода талқин қилиниб, унинг илоҳий-ирфоний маъноси ҳақида тўхталиш мафкуравий талабларга мос келмасди. Ҳолбуки, ҳодиса ёки нарсанинг серқирралиги методологиясига таянадиган бўлсак, мумтоз шеъриятимизни ҳар бир тадқиқотчи ўз билими ва дунёқарашидан келиб чиқиб, турли ракурсларда кўриши, таҳлил ва талқин қилиши мумкин. Ўтган аср давомида эса инсоний муҳаббат қолипига тушмайдиган асарлар таҳлилига чуқур киришилмас, бу тўғрида гап кетганда, “диний-мистик” деган жўн назар билан қараш одат тусини олган эди. Масалан, Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” маснавийсида дунёвий ишқ белгилари мавжуд бўлса-да, бу ҳодиса яққол кўзга ташланмайди. Шу боис мазкур достон ўрганишга тавсия этилмас эди. Лайли ва Мажнунни, Фарҳод ва Ширинни, Вомиқ ва Узрони ҳаммамиз бир-бирини севувчи йигит ва қизлар сифатида қабул қилганмиз. Бундай тушунишда ошиқ-маъшуқларнинг ўзаро муносабати уларнинг ахлоқий камолот даражаси билан белгиланади. Йўқ, мен ўша замонларда ўқиганимда ҳам ундай тушунмаган эдим, дейдиган “доно” камдан-кам топилса керак. Мабодо, бир-яримта бўлган бўлса ҳам, ичидаги ҳақиқатни юзага чиқара олмаган. Вазият то миллий истиқлол давригача шу тарзда давом этиб, бебаҳо бадиий жавоҳирларимизнинг фақатгина юза қисми ўрганилди, худди шу тарзда ўргатилди.

Миллий истиқлол ва тафаккурдаги уйғониш мумтоз адабиётимизга мутлақо янги муносабатда бўлиш имконини берди. Ҳурфикрлилик унинг ботиний-ирфоний маъноларини англаш учун имконият яратди. Ошиқни солик, севгини ишқ, маъшуқни Ҳақ, ҳижронни риёзат сифатида тушуниш даврига қадам қўйилди. Мумтоз адабиётнинг маърифий қирраси оммалашди ва у бошқа қирраларга етакчилик қила бошлади. Мавжуд дунёвий образлар рамз, мажоз эканлиги, улар Ҳақ маърифати воситалари сифатида эътироф этилди. Масалан, Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидаги Ширин Фарҳод образи учун Ҳақ тимсоли сифатида қарала бошлади:

Каломингни агар Ширин лабида қилмадинг музмар,
Недин, бас, лаъл ўлур Фарҳоднинг қон ёшидин хоро.

Бу ҳолат Мажнун ва Лайли муносабатининг ҳам замирида ётади:

Не ишка бўлди беором кўзгу аксидек Мажнун,
Юзи кўзгусида аксини гар кўргузмади Лайло.

Байтлар мазмунан фалсафий инъикос назариясига асосланган маърифий тавсифлардир. Улар ўзида Ҳаққи мутлақнинг борлиққа ва инсоннинг Ҳаққи мутлаққа муносабатини ифодалайди.

Демак, мумтоз шеъриятга бўлган муносабатнинг бадиий босқичида инсон (ошиқ)нинг инсон (маъшуқа)га муносабати уларнинг ахлоқий камолот даражаси билан белгиланади. Маърифий босқичида эса инсоннинг Ҳаққи мутлаққа муносабати (яқинлашуви) унинг руҳий камолоти даражаси билан боғлиқ. Кўринадики, бадиий босқичдаги “ахлоқий камолот” маърифий ёндашувда “руҳий камолот” тушунчаси билан алмашади. Лекин булардан қайси бири тўғри ёки нотўғри деган саволни қўйиш маъқул эмас. Ҳар иккиси ҳам тўғри, аммо ҳар бир ёндашувда фақат биттаси.

Мумтоз адабиий асарлар талқинида иккинчи босқичга кўтарилиб бўлган ўзбек адабиётшунослиги бугунги кунда депсиниш ҳолатида. Турғунлик эса янги қадамларга куч бериши мумкин. Янги қадамлар учун янги “туртки” – янги ғоялар зарур.

 

Юксалиш бекатлари

Маърифий адабиётни янада кенгроқ – умуман юксалиш методологияси сифатида қараш ҳам мумкин. Ва, эсда тутиш лозимки, кўпинча қарашларнинг энг сўнггиси олдингиларига нисбатан тўғриси ва мукаммали сифатида қабул қилинади.

Нарса серқирра, кўп вазифали, инсон эса кўп хусусиятли экан, бу методологияга асосан, камолот ҳам шунга мувофиқ кўп йўналишли бўлиши муқаррар. Инсон – биологик жисм, ақлли ҳайвон, қуролли жонзот, ақилли ва нутқли махлуқ, маънавий мавжудот ва ҳоказо экан, унда бу белгилар муттасил такомиллашиб боради. Айтилган қирралар инсониятда абадий ва ҳар бир шахсда умрбод ўсиб боришга мойил. Инсон, ҳайвондан фарқли ўлароқ, онгли мавжудот, онг эса ялқовликнинг “ота”си. Ялқовлик инсонни шахсан тараққий эттиради ва инсониятни таназзулга олиб боради.

Мукаммаллик ҳар томонлама бўлиши, инсоннинг барча қирралари асосида такомиллашиши қийин. Ақлга зўр бериш танани толиқтириб қўйиши мумкин. Жисмнинг кучайиши баъзан ақлни заифлаштиради. “Бойлик кибрни, кибр эса телбаликни келтириб чиқаради” (Ч.Айтматов). Исо алайҳиссаломнинг ҳаворийларга “бир хизматкор икки хўжайинга қуллик қила олмаганлиги каби, сизлар ҳам бир йўла ҳам пулга, ҳам Худога сиғина олмайсизлар”, (“Инжил”, Матто баёни) дейиши бежиз эмас. Шу боисдан инсон бир йўлни танлайди ва шу йўлдан такомиллашишда давом этаверади. Ахир, бир пайтнинг ўзида иккита йўлдан юра олмаймиз-ку! Йўллар эса кўп:

Истасанг йўл касратиға адду ҳад,
Халқ анфоси билан тенг бил адад.

Бирдан ортиқ йўлни танлаганлар охирги манзилга ета олмайди.

Мумтоз адабиётда юксалишнинг етти босқичини ажратиш урф бўлган: талаб → ишқ → маърифат → истиғно → тавҳид → ҳайрат → фано. Буларни тор маънода шахс руҳий такомиллашувининг, кенг маънода эса кўзланган мақсад сари ҳаракатнинг алоҳида-алоҳида бекатлари дейиш мумкин (албатта, мумтозларимиз бундай ўйлашмагандир, бунинг бизга аҳамияти йўқ). Биринчи бекатни босиб ўтиш натижасида кейинги бекатга қадам қўйилади. Бекатларни “четлаб ўтиш” эса мумкин эмас. Айрим мамлакатлар ривожида капитализмни гўёки “четлаб ўтиш” зўрма-зўракилиги қандай оқибатларга олиб келганлигига тарих шоҳид. Шу боисдан тарихий тараққиётимизда бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтиш борасида бугун ушбу шоён ҳақиқатга қатъий амал қилишнинг ёрқин далилини кўриб турибмиз.

 

Талаб – кучайган истак

Ҳар қандай мақсаднинг биринчи бекати – эҳтиёж. У истакни келтириб чиқаради. Истакдан талаб шаклланади. Эҳтиёж – истак – талаб узвийлиги мавҳумликдан аниқлик томон силжишни кўрсатади. Эҳтиёж эҳтиёжлигича қолиб, истаккача чиқмаслиги ҳам, шунингдек, истак талабга айланиши ҳам, айланмаслиги ҳам мумкин. Бу уларнинг даражаси, кучи билан белгиланади. Эҳтиёжда фаолият қарийб йўқ даражада бўлса, истакда фаолият бошланади, талаб босқичида эса мақсаднинг биринчи бекати ниҳоясига етади.

Ҳар бир босқичнинг ўзига хос машаққатлари бор. Буни ҳазрат Навоий шундай тавсифлайди:

Чун талаб водийсиға қўйсанг қадам,
Оллинга ҳар дам келур юз минг алам.[1]

Бу босқичда талаб объекти реаллашмаган бўлади, айнан нимани талаб қилаётганлиги аниқ бўлмайди:

Истамоқ ранжи кўнгулни зор этар,
Топмамоғлиғ руҳни афгор этар.

Буни шундай жўнлаштириш мумкин. Кишида бойиш истаги пайдо бўлади, бунинг учун тадбиркорлик йўлини танлайди. Аммо айнан қайси тури билан шуғулланишни ҳали танламаган. Объект аниқланиши билан у томон интилиш қатъийлашади, шунингдек, кишида маълум даражада “енгиллик” пайдо бўлади:

Ганждин етгай асар вайронинга,
Зоти нуридин ёруғлик жонинга.

Бошқа нарсаларга чалғимаслик, мақсадга дахлдор бўлмаган нарсаларга ўралашиб қолмаслик дастлабки бекатдаги илк шартлардан:

Ҳар неким ғайриталабдир, ташламоқ,
Ўзни мақсад манзилига бошламоқ.

Юксалиш тўсиқсиз бўлиши мумкин эмас. Йўл ҳеч қачон равон бўлмайди. Мақсад аниқ, фаолият объект сари қатъий йўналтирилган, иродаси ўзига бўйсундирилган киши учун бу йўлдаги тўсиқлар, машаққатлар писанд эмас:

Олдинга келса агар пили домон,
Кўргасен пашша ҳамону ул ҳамон.

Бунда талаб, объект, мақсад ва ирода уйғунлашади. Талаб кучли, объект аниқ, мақсад қатъий, ирода енгилмас хусусиятга эга бўлсагина, фаолиятнинг илк босқичи самарали кечади. Булардан объектга бўлган муносабат асосий ўрин тутади. Буни ҳазрат Навоий шундай баён қилади:

Дурға топган сойи кўнглунг хослиқ,
Бўлғой осонроқ сенга ғаввослиқ.

Демак, мақсад объектига меҳр қўйиш, танлаган йўлни севиш –машаққатларни енгиш воситаси. Ўзига ёқмаган йўл билан киши юксалмайди.

 

“Ишқ” – “маъшуқ” – “ошиқ”

Ишқ – фаолият, маъшуқ – мақсад объекти, ошиқ эса мақсад объектини мўлжаллаган, олдига муайян мақсад қўйган шахс. Маърифий адабиётни мақсадга эришиш методологияси сифатида қабул қилган шахс бу истилоҳларни шундай рамзий маънода қабул қилади. Мақсад объектини севган киши ўзини ўтда куймайдиган самандардек, шамга урилган парвонадек ҳис қилмас экан, мақсад шунчаки ҳавас, ҳаракатлар гўё бўлаётгандек туюлади, лекин самараси сезилмайди. Ҳазрат Навоий бундай кишиларни капалак (кўпалак)ка ўхшатади ва парвонага зид қўяди. Мақсад йўлидаги ҳаракатлари жиҳатидан “капалак”мисол, “парвона” даражасига етмаганлар ҳаётда кўп:

Жилва айлар кўпалак гуллар уза,
Тифлларга ҳусну зебин кўргуза.

Айрим кишилар зоҳирий кўринишларга ўч, ўзини ташқи жиҳатдан эътиборли қилиб кўрсатишга мойил бўладилар. Талабаликни чиройли кийиниб юришда, олимликни салобат ва кибрли бўлишда, шоирликни мажнунсифат қиёфада, ишбилармонликни офисда қўр тўкиб ўтиришда, раҳбарликни ўзини доно қилиб кўрсатишда деб билувчи зоҳирпарастларни Алишер Навоий “кўпалак” деб билади. Шахсдаги бу сифатни Фрейд “номукаммаллик комплекси” деб атаган эди. Ҳазратга қулоқ тутамиз:

Кўпалакда гарчи бўлғай рангу ҳол,
Бўлмағай парвона янглиғ сўзу ҳол.

Ёки:

Барча қушнинг оти булбул бўлмади,
То азалдин ишқ аро кул бўлмади.

Хўш, қандай қилиб мақсад сари парвона янглиғ йўл олиш мумкин? Бунга доир қандайдир тавсиялар борми? Афсуски, йўқ:

Шод эрур ишқ аҳли ўртанмак била,
Бўлмағай бу шева ўрганмак била.

Сувда сузишни ўрганиб ёки ўргатиб бўлмаганлиги каби талаб объек­тига муносабат шахс руҳиятида, яъни ичдан шаклланади. Сузишга доир айрим кўрсатмаларни бериш мумкин, лекин сувга тушганда унинг асқотиши даргумон бўлганлиги каби, мақсадли фаолиятга доир айрим хусусиятларни, шартларни кўрсатиш мумкин, холос. Бу, ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда, дейлик, шундай:

Ишқ аро поку қаландарлик керак,
Шуъла баҳрида самандарлиқ керак.

Дема, раънолар иши фарзоналиқ,
Кўпалак ҳадди эмас парвоналиқ.

Инсон, аввало, ё “кўпалак”, ё “парвона” бўлиб туғилади. Лекин бир соҳада “кўпалак” бошқа соҳада “парвона” даражасида бўлиши ҳам мумкин. Бу яратувчининг инсонга берган имконияти. Масалан, илмдаги “кўпалак” таълим соҳасида “парвона” даражасида намоён бўла олади. Зеро, ҳазрат Навоий таъкидлаганидек, Ҳақ инсоннинг

Бошига қўйди ҳидоят тожини,
Қисмати айлаб шараф меърожини.

Ато этилган қобилиятни англаш ва унга мувофиқ мақсадни танлаш – юксалишнинг муҳим омили.

 

Билим ва маърифат – юксалиш асоси

Маърифатли бўлиш, объект ҳақида тўлақонли билим ҳосил қилиш – мақсадга эришишнинг энг зарур шартларидан. Билим, уни ҳосил қилиш йўллари, усуллари турли-туман. Замонавий ёндашилса, илмда бир объектни тадқиқ қиладиган, бир-бирига сира ўхшамайдиган турли илмий мактаб, йўналиш ва оқимлар мавжуд:

Водиедур юз туман минг онда йўл
Ул, бу бир келмай онингдекким бу, ул.

Билим ҳосил қилишга жазм қилган кишилар каби улар танлаган йўллар ҳам чексиз ва турли-туман:

Юз туман раҳрав кўрарсен беқарор,
Ҳар бири бир йўлни айлаб ихтиёр.

Имкониятлари, салоҳияти, мавқе-мартабаси турлича бўлган кишилар бу йўлларда сарсари кезади:

Пашша анда раҳнаварду пил ҳам,
Пашша анда тойиру Жибрил ҳам.

Бир манзилга турли йўл ва воситалар орқали борилганлиги ёки бир тенгламани ечишнинг турли усуллари бўлганлиги каби, бир объектга ва у ҳақда билим ҳосил қилишга турлича ёндашиш мумкин. Албатта, ҳар бир киши ўз йўлини энг тўғри ва маъқул йўл деб билади, у билан фахрланади, қолаверса, бошқаларни ҳам ўз йўлидан юришга ундайди:

Ўз борур йўлига ҳар бир муфтахир,
Йўлни айлаб ўз йўлига мунҳасир.

Ана шунда мақсадга интилувчидан янги фазилат талаб этилади. У ҳам бўлса, бағрикенглик. Бу тараққиёт ва юксалишда муҳим. Йўл-йўлакай айтиб ўтиш жоизки, бежиз мамлакатимиз тараққиётидаги тутумларимиздан, миллий мафкурамизнинг асосий ғояларидан бири – миллатлараро ва динлараро бағрикенглик (толерантлик) эмас. Бу фойдасиз қарама-қаршиликларнинг, низо ва зиддиятларнинг олдини олади. Илмда ҳам ана шу тамойилга кўпинча эътибор қилинмайди:

Бул они тутмай мусаллам, ул муни,
Ҳар бир ўздин ўзга кўрмай ул буни.

Фанда бу бамисоли жиҳод ва мазҳабчилик, сектачилик каби ўта зарарли ҳолат. Зеро, мақсадга интилувчи киши бу иллатлардан холи бўлса ва унга қўл силтаса, муваффақият эшиги очилади:

Куфр ила иймондин ургайсен илик,
Бу таъмадинким, очилғай бир эшик.

Усул, йўл мақсад эмас, балки восита. Мақсадга эришилгандан кейин уларнинг вазифасини бажариб, ўз қимматини йўқотади. Ахир, манзилга етилгач, улов вазифаси тугайди:

Чун эшик очилди не куфру не дин,
Ичкари киргач, қутулдинг барчадин.

Йўл ва восита билан ўралашиб қолиш мақсад йўлини тўсади, кишини чалғитади ва адаштиради:

Куфру иймон раҳравга кеш[2] эмас,
Асл йўлда банде роҳи, пеш эмас.

Албатта, қулай йўл ва восита мақсадга эришиш учун ўта муҳим омил эканлигини ҳеч қачон назардан соқит қилмаслик керак. Мақсадга эришиш учун, одатда, осон йўл танланади. Аммо осон йўл ҳар доим ҳам самарали эмас, кўп ҳолларда, у тескари натижа бериши мумкин. Масалан, айримлар шахсий камолот учун энг осон йўл сифатида тоат-ибодатни афзал билишади. Шу боисдан кўпинча улар кўзланган мақсадга эриша олмайди. Чунки қалбни тозалаш машаққатидан кўра бу йўл енгилроқ ва у, кўп ҳолларда, ўзини ва ўзгаларни алдашдан бошқа нарса эмас. Лев Толстой бу ҳақда “Иқрорнома”да куйиниб ёзганлиги бежиз эмас. Шундай қилиб, йўллар ихтилофли, аммо самаралиси камроқ:

Чун сулук[3] ичра кўп эрди ихтилоф,
Кўпраги дурд[4] эрди, лекин ози соф.

Дейлик, ким учундир мана бу йўл тўғри:

Ким равишда софи эрди машраби,
Бор эди ул тобеъи шаръи наби.

 

Бойлик ҳаловат эмас, ҳаловат – бойлик

Бу сарлавҳачани ташкил этган гапнинг эга ва кесими ўрнини алмаштириб бўлмайди. Бой одам молу давлатидан ҳаловат топган бўлсагина, бойдир. Диогеннинг ҳаловатига Искандар Зулқарнайн ҳавас қилган, ахир. Молу давлат кишига ҳаловат бермаслиги ҳам мумкин. Кишида ҳаловат йўқми, демак, у бой эмас.

Бойлик ҳам серқирра тушунча. Моддий бойлик, руҳий бойлик, ақлий бойлик, жисмоний бойлик ва ҳоказо. Бойлик ҳар қандай ҳолатда ҳам нисбий. Шу боисдан маърифий адабиёт ўз мақсадидан бошқа нарсага эҳтиёжсиз кишини, бошқа нарсага чалғимайдиган, бошқа йўлга учмайдиган “йўловчи”ни бой, яъни “ғаний/ғани” тарзида эътироф этади. Эҳтиёжсизлик бекатини эса “истиғно водийси” деб атайди.

Мақсаднинг кейинги бекатида шартлар янада кучаяверади. Чунки киши бекатдан бекатга ўтиш билан тобора тобланиб боради. Истиғно босқичида эса янги шарт – ўзини тийиш, чеклаш талаби қўйилади.

Ўз мақсадидан бошқа нарсадан тийилиш, ўзини чеклаш катта кучни талаб қилади. Бугун илм йўлида, эртага мол-дунё васвасасида, индин кайфу сафо илинжида, фисқ-фасод, бировларни бадном қилиш пайида юрган киши, албатта, юксалиш йўлида эмас, балки бир амаллаб кун кечириш учунгина яшаётган бечораҳол кимса (сафарга чиққанингизда йўл четларида тентираб юрган турли жониворларга кўзингиз тушгандир). Ўз мақсади йўлида ҳаловат топган одам чалғимайди, ўткинчи ва адаштирувчи ҳодисаларга маҳлиё бўлмайди. Бундай кишиларнинг барчаси табиатан бир хил:

Водий ондин сўнгра истиғнодурур,
Онда тенг аълоу гар адно[5] дурур.

Эҳтиёжсизлик водийсида барча баробар бўлади. Чунки бу водийга қадам қўйган кишининг ҳар бири ўз бойлиги (мақсад объекти)га эга. Эҳтиёжсизлик кишининг кўзини тўқ қилиб қўяди. Аслида, кўзи оч киши камбағалдир. Тийилган киши эса жасур ва шижоатли:

Чумолиға озиқ онда барча шер,
Пашшаси пил овламоққа бас келур.

Ўзини тийган одамларнинг мақсадларидан ташқаридаги нарсаларга муносабати бир хил. Улар учун бошқа нарсалар аҳамиятсиз:

Онда тенг кўр гумроҳу огоҳни,
Дайр кўйи бирла байтуллоҳни.

Буни Алишер Навоий “Лайли ва Мажнун” достонида Мажнунга Нафъалнинг Лайлидан ўн марта гўзал бўлган қизи ҳеч қандай таъсир этмаганлиги мисоли билан далиллайди. “Мен ўзга манзилга тикканман кўзим, у сенинг кулбангдан жуда ҳам йироқ” (А.Орипов) деганда шоир шунга ишора қилади.

 

Яхлитланиш

Навбатдаги бекатда кишида янги сифат пайдо бўлади. У ҳам бўлса, ўзини мақсад объекти билан яхлитликда идрок этиш, ҳис қилишдир. Бошқача айтганда, киши ўзини танлаган объектисиз, танлаган объектини ўзисиз тасаввур эта олмайди. Ўзи ҳақида ўйлаганда кўз олдига объект, объект ҳақида ўйлаганда эса ўзи гавдаланади. Объект унинг “мен”и моҳиятининг таркибий қисмига айланади. Лайли (мақсадга интилувчи шахс) ўзида Мажнун (мақсад объекти)ни, Мажнун (мақсадга интилувчи шахс) эса ўзида Лайли (мақсад объекти)ни кўради:

Лайли соғиниб ўзини Мажнун,
Мажнун соғиниб ўзини Лайли.

Кўринадики, Лайли Мажнун, яъни ўзини, Мажнун Лайли, яъни ўзини соғинган. Бу ҳолатни тасаввур қилиш учун кишининг бирор-бир объектга муҳаббат-муносабати Лайли ва Мажнундаги даражага етган бўлиши керак.

Бу босқичда ҳислар олий даражага кўтарилади. Киши ўзи ва мақсад объектини бамисоли тана ва руҳ (жон) яхлитлигидек идрок этади. Тириклик тана ва жоннинг яхлитлигида бўлгани каби, киши ҳам ўз мавжудлигини мақсад объектидан холи идрок эта олмайди.

Мақсадга интилувчи шахс ва мақсад объекти бамисоли бир вужуд сифатида яхлитланиши ушбу бекатнинг интиҳосидир.

 

Ҳайрат – маърифат натижаси

Халқимизда “муҳаббатнинг кўзи кўр” деган ҳикмат бор. Албатта, ушбу ҳикмат ҳам серқирра, шунинг учун уни ҳар хил талқин қилиш мумкин. Масалан, уни “севган киши бошқа ҳеч нарсани кўрмайди” маъносида ҳам, “севган кишисидаги нуқсонни илғамайди” деган мазмунда ҳам тушунса бўлади. Умуман олганда, бизнинг талқинимизда объектда мукаммалликни кўриш, ундан нуқсон топа олмаслик, Ҳақ қудрати мукаммаллигидан ҳайратланиш ушбу босқичдаги шахснинг руҳий ҳолатидир:

Боқибон ҳар зарраға зарротдин,
Ҳайрат айлар нафйи ё исботдин.

Демак, киши ҳайрат босқичида ўз мақсад объектида мукаммалликни кўради. Унда яратувчининг тенгсиз қудратини ҳис этади. Бу қудратдан ҳайратга тушмасликнинг иложи йўқ.

Ҳақ томонидан яратилган ҳар бир мавжудликда мўъжизани кўра билиш – юксак маърифат натижаси. Пайғамбаримиздан мўъжиза кўрсатиш талаб қилинганида, унинг “Ҳақ мўъжизаси бўлмаган бирор нарсани кўрсатинглар-чи”, деган жавобида қуйидаги икки ҳолатга эътибор қаратилади:

1) борлиқдаги ҳар бир нарса Ҳақ мўъжизасидир;

2) бу мўъжизани кўра билиш учун юксак маърифатли бўлиш лозим.

 

Ҳақ қудратини англаш саодати

Ўз мақсад объектида Ҳақнинг беқиёс қудратини руҳан ва ақлан ҳис қилиш, албатта, шахснинг бу қудрат олдида зарранинг мингдан бирича ҳам қийматга эга эмаслигини англаб етишига олиб келади. Англаш шахснинг ўзини бу қудратга қиёсан баҳолашини келтириб чиқаради.

Маърифат – кишининг ўзини баҳолаш воситаси. Маърифатли инсон Ҳақ қудрати олдида ҳеч нарса эмаслигини англайди. Шу тарзда мақсадга интилган шахсда мавжуд бўлган кўпиксимон кибру ҳаво ушбу бекатда ўз-ўзидан йўқолади. Ўзининг такомиллашган ҳолатида Ҳақ мўъжизасини кўради. Ахир, мақсадга интилиш йўлининг еттинчи бекатида илк бекатдагидан тубдан фарқ қиладиган, тамомила янги фазилатларга эга, ҳавойи кибрдан фориғ бўлган, иродаси ва руҳияти тобланган, ақли пешланган, нафси амморасини жиловлаб олган, олдига қўйган эзгу мақсадига тўла-тўкис эришган мағрур ШАХС туради.

Бу – Комил Инсондир!

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2016 йил, 4-сон

__________________

[1] Бу ва бундан кейинги мисоллар Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонидан олинди.
[2] Кеш – мақсад.
[3] Сулук – йўл, маслак.
[4] Дурд – самарасиз.
[5] Адно – қуйи.