Шу сарлавҳа беш йиллар олдин тушимга кирган эди. Тушимда сарлавҳани қўйиб: “Сиз бу даргоҳни тарк этганингизда, биз эндигина шу остонага яқинлашиб қолган эдик”, дея мақолани ёза бошлаганимни ҳам аниқ эслайман. Қачон ёзаман? Ёзишга ҳақлиманми? Ўзимга шундай саволлар бериб юрдим. Қанча вақт мени ўша сарлавҳа ва “Баҳодир Содиқ” исми таъқиб қилди. Билмадим. Ўйладим. Баҳодир Содиқ қадами етган ерлардан ўтдим. Айрим шовотлик яқинлари, танишлари билан танишдим. Ниятим қатъийлашди: руҳига, аввало бир дуо, Қуръон тиловат қилиб, Баҳодир Содиқ тўғрисида манбалар тўпладим. Орадан йиллар ўтиб, манбаларни, хотираларни бир-бир кузатиб мавзуга қайта қайтдим. “ХХ аср ўзбек танқиди антологияси”га мақоласини киритган эдим. Умид Бекмуҳаммаднинг “Хотира уйғонса гўзалдир” рисоласи чиқди.
Мавзу яна мени изидан эргаштирди. Шоир Хуршид Даврондан Баҳодир Содиқнинг бир китоби чиқибди, деган хабар келди.
Баҳодир Содиқ ёзганларини ўқидим. “Ҳайратнинг иккинчи умри” мақоласи “…Кўҳна Урганчда бир дарвоза бор; ёши мингдан ошган. У ўзбекнинг энг қадимги дарвозасидир”. Кўҳна Урганчга, “Қирқ мулла”, Шайх Кубро ҳазратлари мақбараси зиёратига борганда ўша дарвозани, бу маҳзун “дунёдаги барча дарвозали ва дарвозасиз шаҳарларга қарши яшаётган шаҳарсиз давроза”ни мен ҳам кўрганман. Аммо бу “ичкариси йўқ давроза”дан фалсафа чиқариш ва уни ўтмиш ҳамда замона шеъриятига мантиқан чуқур боғлаш учун Баҳодир Содиқ тафаккури керак бўлади. Баҳодир Содиқ ёзганларини ўқийман. Мантиқли, безакли, файзли, бировнинг таҳририга муҳтож эмас. Унинг ёзган танқидлари асосли, инкор қилиб бўлмайди. Одамнинг ҳаваси келади. Ёзадиган бўлсанг, “Баҳодир Содиқдек” ёзмоқ керак. Унинг мақолаларида ёш мунаққидлар учун ибрат бор. Шу сабаб “ХХ аср ўзбек адабий танқиди антологияси”га Рауф Парфи шеърларини мухтасар, аммо чуқур таҳлил этган “Кўзлардаги дунё” мақоласи киритган эдим. Шоирга “поэтик туйғулар рассоми” деб баҳо беради у ва: “Унда ҳар бир фикрнинг ўз ранги бор, оҳанг, бўёғи бор”. Шеърдаги ранглар, оҳанглар, бўёқлар – ёш мунаққид топган бебаҳо топилдиқ. Баҳодир Содиқ ўзи ҳам шеърлар ёзган ва кўнглига яқин шоирларнинг шеърларини олимона, шоирона шарҳлаган. Ҳали-ҳануз хазина ўлароқ талқин қилинмай ётган Муҳаммад Раҳмон шеърлари шарҳига бағишланган мақоласида “Поэзия – юракнинг табиат билан, инсоният билан ва ўз-ўзи билан гаплашадиган универсал тилидир”, деб ҳаққониятни ёзади. Хуршид Дароннинг “Қадрдон қуёш”, “Шаҳардаги олма дарахти” шеърий тўпламларини таҳлилида ўзи топган тизим ва назарий мезонни тақдим этади. “Шеъриятни ҳис қилмаган одам инсонни ҳам, табиатни ҳам сева олмайди” – Баҳодир Содиқ адабий мақолаларида фалсафий фикрлайди. Шу ёшида ғарбнинг Кант, Шеллинг, Вордсворт, Феербах каби алломалари асарларини ўқиганига, шарқнинг Машрабдек қаландар шоири ижодини матний тадқиқ қилганига одамнинг ақли ҳайрон қолади.
Мен “Баҳодир Содиқ” исмини 1986-йили биринчи курсда шоир Берди Раҳмат акадан эшитган эдим. Укаси Бердимурод бизга курсдош. Берди Раҳмат ака билан нима муносабат биландир кўришсак, албатта, дўсти Баҳодир Содиқни, унинг Эшон бобоси ва отасини, Шовотга борганларини эслар ва мени ўзига қандайдир яқин олишини сезар эдим. Гўё йўқотган кимни, ниманидир топгандек Берди Раҳмат аканинг кўзлари чақнар ва Баҳодир Содиқ тўғрисида тўлиб-тошиб, ҳаяжон билан сўзларди. Ҳануз шундай… Берди Раҳмат аканинг дўсти хотирасига бағишлаган “Дераза” деган шеъри бор:
Дарди-ҳасратимга бу олам тордир,
Шаҳарни кезаман телба-девона.
Ҳасратли юрагим меҳрга зордир,
Энди шодлик менга бегона.
Чин дўстини, юракдошини йўқотган одамнинг дард-у ҳасратлари чин ва самимий бўлади. Берди Раҳмат ака жуда таъсирли шеър ёзган. Ўқиётган маҳали одамнинг бўғзи ва қабоқларига йиғининг асорати келиб тиқилади:
Трамвай чинқириб тўхтар бекатда,
Тушаман кўз ёш-у ғамни етаклаб.
“Йўқ” сўзи қийналар оғир бир дардда,
“Бор” сўзин тополмай қийналади қалб.
Қадамлар имиллар дераза сари,
Чақирмоққа тош излаб чўзилар қўлим.
“Олимлар уйи”нинг деразалари
Менинг бу ҳолимга термулади жим.
Беихтиёр кўзлар ёшланади. Талабалар шаҳарчасидаги ўша бинолар… Ёшларнинг шовқин-суронлари, орзулари билан тўла… Энди бу бинода истиқомат қилаётган, ҳар гал митти тош тирқилдиси боис деразадан қарайдиган дўст йўқ. Бу уй ҳам, дераза ҳам мотам тутади. Шоир ҳар гал шу бино ёнидан ўтар экан, одатига кўра дўстини чақирмоқчи бўлади. Аммо дўст йўқ, аслида чин дўст жуда қаҳат бўлади:
Кўзимдан армонлар тирқираб оқар,
Худо, ҳеч кимсани солма бу кўйга.
Қадрдон дераза дўстимсиз боқар,
“Бор” сўзин тополмай қайтаман уйга.
Изтиробли юракнинг бир изҳори бу. Йиғлаб ёзилган бундай шеърлар йиғлаб ўқилади. Берди Раҳмат табиатан ҳазилкаш ва қувноқ инсон. Аммо гурунг мароми, хотиралар дўстининг ўлимига яқинлашган сари шоирни ғалати бир маъюслик эгаллайди; кайфияти аста ўзгаради, гўё қайғудан чўкади. Чарақлаб турган қуёш нурсизланади, ораста осмонни булут қоплайди гўё. Маъюслик… Юрагидан бир изтиробнинг оҳи, надомат ноласи, хўрсиниш саси эшитилади. Кўп нарсага қўл силтаб бепарво кетадиган Берди Раҳмат ака дўстини эслаганида жиддий одамга айланади. Юриб бораётган бўлса, албатта, тўхтайди. Ўтирган бўлса, ҳурмати учун ўрнидан туради. Буни биров сезади, биров сезмайди. Аммо чин дўстга ҳурмат шундай бўларкан-да! Гарчанд чин оламга сафар қилган бўлса-да, ҳаваси келади одамнинг шундай содиқ дўсти борлигига Берди Раҳмат аканинг. Афсусларга чўмади одам шундай дўстини йўқотиш учун ҳали шу кунга довур дили изиллаб, ҳар хотирга олганида телба-девонавор кўйга тушади у. Шеър агар инсон мадҳи бўлса, инсон шаъни учун битилса, ундаги бебаҳо фазилатлар мисраларга кўчади ва гўзаллашади.
Негадир Баҳодир Содиқни эслаганда ҳар ким бошқача кайфият – узоқ-яқин хотиралари гирдобига шўнғийди. Шоир Баҳром Рўзимуҳаммаддан Баҳодир Содиқнинг Шовотда – сув тагида бардош-чордона қуриб, қўлларини кўксига айқаштириб ўтирган ҳоли ҳақида, Баҳром аканинг ўзи Тошкентга ишга келмоқчи бўлганида Баҳодирнинг бобоси Юнусхон эшон ҳузурига бориб, дуо сўраганида “амал этиши лозим бўлган иккита муҳим гап” айтгани тўғрисида эшитганман. Юнусхон эшон – ўзи бир дунё тарих. Туман ҳокими бўлган ихлосли бир мансабдор унинг уйи олдидаги қудуғидан сув ичиш учун боришга ботина олмай бировлардан илтимос этиб, бир челакда сув олдириб ичган экан… Шоир Абдували Қутбиддин ўзига I.Kant китобларини ўқишни Баҳодир Содиқ тавсия қилганини эслагани ёдимда. Шоир Азиз Саид Баҳодир Содиқни елкасига хоразмча чопон ташлаб олган, Қуръонни тажвид қоидасига мос тиловат қиладиган, жуда салобатли бир инсон сифатида эслагани ёдимда.
Яқинда Ёзувчилар уюшмаси биносида шоир Ғулом Эгамшукурни кўриб қолдим. Эшитиб юрганман. Ўзини кўрмаган эканман. Қайта кўришдим. Баҳодир Содиққа бағишланган шеърини эслатдим. Бир исм ортидан бир лаҳзада эски ошналарга хос илиқлик, самимият пайдо бўлди. Қаранг, гарчанд бу оламни тарк этган бўлса ҳам, имон эгаси, ўзидан яхши ном қолдирган одам нисбатан узоқ одамларни бир лаҳзада яқинга айлантирар экан-да. Ғулом аканинг Баҳодир Содиқ вафоти муносабати билан ёзган шеъри “Кундуз марсияси” деб номланади.
Аслида тупроққа интиқ бу юрак,
Кўрганларим – ҳаммаси армон.
Кечалар бўзлайди, кечалар ожиз,
Овутаман мен ҳам ўзимни ҳамон.
Ёш бир йигитга бағишланган марсияларни ўқиб, тўғриси, ёшгина жони билан Яратгувчи даргоҳига кетган Баҳодир Содиқсиз қолган бу адабиёт ва адабиётшунослик ҳақида ўйланиб қолади одам.
Мирзо Кенжабек ўша пайт Баҳодир Содиққа бағишлаб “Дўст хотираси” шеърини ёзади.
– Ёш жонингга соқол муборак!
Кел, навқирон чол.
– Соқолимдан кулманг, – дейсан сен,
Мен қайтяпман
Ўтмиш сари,
Аждодлар сари!
Баҳодир Содиқнинг соқолли сувратини кўрганман. Мирзо Кенжабек шеърида шу қиёфа шарҳи, Баҳодир Содиқ аъмоли бор. “Сенинг қоралама сатрларингда Тирилмоқда эди қайтадан Кўҳна Хоразмнинг мўрт томирлари” – Баҳодир Содиқ иқтидори ва эҳтиросига ўринли баҳо. Аммо унинг “ўтмиш сари. Аждодлар сари” жуда эрта қайтгани учун шоир афсусда, армонда, йиғида. Унинг кулбасига энди дўсти келмайди, руҳи келди эшикни қоқмай.
Хоразм алломаларига чинакам издош бўлишга муносиб бир инсон йигирма бир ёшида дунёдан кўз юмди, Аллоҳ уни раҳматига олган бўлсин.
Одам қандайдир ўзини улуғлар, яхшилар, аҳли иймон, аҳли тақво сафига қўшгиси келади. Баҳодир Содиқнинг истеъдодига, сезимига, билимига, фаҳмига, асарларига қойил қолади одам. Унинг ёзганлари ҳаммамиз учун ҳам қадрли, айниқса, мен учун. Ўзимнинг шундай покиза бир инсон билан адаш бўлганимдан фахрланиб кетаман. Мақола шу истеъдод ва исмга эҳтиром изидан майдонга келгандир балки…
Гапимнинг туганчи шуки, бу оламга баҳодирлар келаверади, баҳодирлар кетаверади; бу оламда чин баҳодирлар номи абадий яшаб қолади.
Илдирги: Ушбу мақола туганчига етмай ётар эди. Ниятимни кимдандир эшитиб, ўз даъвати билан шу ишимни охирига етказига кўмак берган Берди Раҳмат акага раҳмат.
«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 11-12-сон