Баҳодир Карим. Иқболи кулган кўнгил шоири

У талабалик йилларидаёқ шоир бўлиб танилди. Номининг матбуотда илк бор пайдо бўлганига ўттиз йилдан ошди. Мен уни сал кам ўттиз йилдан бери биламан. Биринчи мулоқот, биринчи таассурот ва танишув хотира деворига бир умрга муҳрланган эди. ХХ асрнинг 90-йиллари талабалари ҳаётининг долғали даври – яқин мозийнинг ўзига хос мураккаб саҳифаси. Ҳурликка ташналик, ўзбекнинг ўзлиги, миллий “мен” қадри, халқона урф-одатлар ва қадриятлар, айниқса, ўзбек тилининг давлат мақоми учун курашлар миллий ор-номус ва ғурур билан уйғунлашган даврлар эди. Уч-тўрттамиз Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетидан Қўқон педагогика институтига, талабалар ўртасида ўтказилаётган олимпиадага бордик. Билимлар беллашуви, ўзаро баҳс-мунозаралар бўлди. Кейин адабий гурунг – мушоирага, шеърлар ўқишга навбат етди. Вужудидан ўктамлик ёғилиб турган ёш йигит ўртага чиқди; ҳаракатларига мос шахд билан дадил шеър ўқиди:

Айри тилли илон,
Ғайри дилли илон
Дермиш:
“Бир тил билан
Қандай яшар инсон?..”
Айри тилли илон…

Бу Фарғона давлат университети талабаси Иқбол Мирзаалиев эди. Шеър мазмунан Иқболнинг овози – нидоси, ижтимоий воқеликка нисбатан ҳужуми ва ҳимояси эди. Илоннинг ҳайрати заминида киноя бор; рамзли беш сатр замон кечимини англаш ва фикрлаш учун етарли адабий сармоя эди. Бу шиддат, шижоат ва шеър даврани ўйга чўмдирди. Барча узун-қисқа нутқлар мазмуни, чақириқ ва шиорлар моҳияти шу кичкина шеърда мужассам эди гўё. Иқболнинг шеъри билан овозини шунда танидим. Сўнг у пойтахт адабий муҳити билан боғланди. Бувайдалик шоир Шуҳрат Неъмат (раҳматли) билан адабий давраларга кириб келди. Мухлислар орттириб, табиийки, ижодкорлар эҳтиромига эришди… “Шарқ юлдузи”да босилган бир туркум шеърларига профессор Умарали Норматов оқ йўл ёзганини эслайман. Иқбол университетни битириб, Тошкетда ишлай бошлади. Шундан бери қанча сувлар оқиб ўтди, неча бор гуллар очилди, қанча тандир нонлар ёпилди – аср алмашди.
Иқбол ҳамон ўша-ўша, ҳануз унинг шеърий кайфияти, топқирлиги, ҳозиржавоблиги ўзгарган эмас. Ўзбек шеърияти осмонида янги бир юлдуз чарақлади; ўзига хос овоз эгасининг бу майдондаги зафарли юришлари бошланди. Тўғриси, иқболи кулган яхши бир шоир туғилгани чин эди.
Изма-из “Юракнинг шакли”, “Кўнгил”, “Сени соғинаман” каби ихчам тўпламлари босилди. Сўнг ўндан ортиқ китоблари чиқди. Ошиқлик, ишқ мотиви – Иқбол ижодининг илк босқичига хос. Шундай шеърларида унинг кўнгли, юрагининг шакли, соғинчи намоён бўлади.
Инсон тафаккури тиниқ, руҳи саломат бўлмаса, ўткинчи дунёнинг шафқатсиз талотўплари ичра изсиз йўқолиши, бамисоли чархпалакдек тез айланаётган тирикчилик тегирмонида майдаланиб кетиши ҳеч гапмас. Зеро, ишқ-муҳаббатни куйлаган, шу ораста туйғуни қадрлаган шеърият гўзал бўлади. Чунки одам фарзанди “ҳамиша бир ҳисга асир экан” (Абдулла Орипов таъбири). Ҳақиқатан, муҳаббат инсон вужудидаги бебаҳо гавҳардир. Жаҳон адабиёти, умуман, инсоният яратилгандан то ҳозиргача ҳар ким учун энг латиф, қизиқ ва энг ҳаяжонли мавзу бу – муҳаббатдир. Муҳаббатдан айро асар – кемтик, ишқдан айро кўнгил – етим. Ишқ ёнида ҳижрон, висол ва соғинчлар ҳам бор.

Елкамга юк ташлади осмон,
Бу азоблар қўйгайми омон?!
Тушун, сени соғиндим ёмон,
Сени бугун кўрмасам бўлмас.

Ёр соғинчи қалбга тирик­лик сувини олиб киради; ҳиссиз юрак тош қотади. Ривоят қилиш­ларича, бир уламо шаҳар аҳлини жамлаб, амри маъруф, наҳйи мункар қилаётган экан. Издиҳом орасидан бир кимса аста қўлини кўтариб, ўрнидан туриб, олимга юзланиб: “Ҳазрат, шу ерда бутун шаҳар аҳли йиғилибди. Сиздан илтимос, кеча менинг эшагим йўқолганди. Шуни тўпланган одамлардан суриштириб, топишга ёрдам берсангиз”, дебди умид ва илтижо билан. Олим унга ўтириш ишорасини қилиб, сўзида давом этибди. Дунё ва диндан, замин ва замондан, яхши ва ёмондан, безовталик ва хотиржамликдан узоқ сўзлаб, гапини ишқ-муҳаббатга, унинг куйдиргувчи аъмолларига, телбакезар шамолларига бориб боғлабди. Кейин одамлардан: “Қани, айтинглар-чи, орангизда муҳаббат жавҳари қалбига кириб бормаган кимдир борми?” мазмунида савол сўрабди. Бири қўлини кўтариб: “Узр, шу туйғу ҳеч ҳам қалбимда меҳмон бўлмади. Ишқ не, муҳаббат не – ҳеч англамадим. Бировни севганимни эслай олмайман”, дебди мазмунан. Иккинчи кимса ўрнидан туриб: “Мен ҳам ишқ-муҳаб­бат дардини бошдан кечирганим йўқ”, дея ҳалиги кимсанинг гапига қўшилибди. Учинчи киши еридан туриб, у ҳам ўз ҳоли ўшаларга ўхшашлигини айтибди. Уламо: “Ҳой, эшагини йўқотган одам! – деб мурожаат қилибди ва: – Ҳали нима деган эдинг?! Эшак йўқолди деганмидинг. Атиги битта эшакмиди? Мана, марҳамат, сенга учта эшак”, деган экан.
Ишқ дардига йўлиққан одам ҳолини таърифлаш қийин, тавсифига сўз топиб бўлмайди. Бағри куйган ҳам, юраги хун бўлган ҳам ўша-­ўшалар. Аммо Ошиқ Машраб таъбирича: “Бу дардни бедаво дерлар”. Ошиқ бола ҳижрон азобида куйиб кул бўлиши, гул ишқида сайроқи булбул – шоирга айланиши мумкин. Шу маънода Иқболнинг “Унутма” деган илтижоси ҳам бошқача:

Бир тола сочингни айлаган тумор,
Бўйларингдан масту бўйингга хумор –
Ким бўлса, ўшани унутма зинҳор,
Бағри қон, юраги хунни унутма!

Севги сатрлари – Иқбол шеърларининг ўқилдизи. Айниқса, ёшликнинг қайноқ паллаларида ёзган ҳар бир шеърида айни мавзу бадиий талқин этилади. Умид ва эътироз, ўпкаланиш ва чорлов, иккиланиш ва қувониш, дадилланишу дудуқланиш – буларнинг барчаси ишқ дардига мубтало одам кўнгил ҳолатининг контраст сифатлари. Мавлоно Абдулла Қодирийнинг нурли қаҳрамони Мирзо Анвар фикрича: “Ишқ давоми, авом ўйлаганча, васл эмас – ҳажрдир. Зеро, васл ишқ ўтини сўндиргувчи, ҳажр эса камолатка эришдиргувчидир”. Иқбол Мирзо ўша туйғуни қатъий қилиб:

Булутлар учрашди чақмоқлар отиб,
Чақмоқ – соғинчларнинг ойдин гулими?
Ёмғир шивирлади тўкилаётиб:
Висол – муҳаббатнинг гўзал ўлими,

деб ёзади. Ушбу банддаги булутлар тўқнашуви ва унинг оқибатида ялт-юлт чақмоқнинг гулга ташбеҳи ҳам жуда ўринли ва гўзал.
Иқбол Мирзонинг ҳар бир китобидаги шеъри фикрга ундайди; юракни завқ-шавққа тўлдиради. Қўлимдаги китобининг исталган бир саҳифани очдим: “Коса”. Ўқиб келиб тўхтадим:

Оёғим остида кулдиргичим бор,
Битта жойни босиб туролмайман ҳеч.
Ахир, йўлларимда Хива интизор,
Ўшдаман саҳарда, Мўйноқдаман кеч.

Бу тиниб-тинчиманган одамнинг ҳоли. Эл хизматига камарбаста, эртаю кеч чопиб ишлаётган одам суврати. Битта “кулдиргич” сўзи бандга зеб бериб, мазмунни ойдай ёритиб турибди. Сўзнинг тасаввурда аксланиб, ёйилиши – ассоциацияси ўқиётган одамда бир олам хотира уйғотади. Улғайган одам ҳеч қачон чопағон бўламан деган ўйда оёғи остига “кулдиргич” ҳашаротини суртмайди. Бизда уни “олигулук” дейди. Майда тупроқ уюмининг шакли айрим одамлар юзидаги кулдиргич чуқурчасига ўхшагани учун водийда уни “кулдиргич” дейди. Муҳаммад Шарифнинг “Кулдиргич” деган яхши ҳикояси бор. Ўқиб болаликнинг ўрпонгли чанг кўчаларида чопган эдим. Шу сабаб Иқбол шеъридаги митти “кулдиргич”га дуч келиб таққа тўхтадим. Ва яна болаликка қайтдим. “Коса” шеъри Нукусдаги Савицкий музейида сақланаётган коса учун теридан тикилган битта буюм – ғилофга кўзи тушган шоирнинг шу бир лаҳзада пайдо бўлган таассуроти маҳсули. Бу шеър ғилоф тўғрисида эмас, инсон қалбининг ғилофи – инсон кўнгил косаси ва унинг ҳимояси, осмон шаклидаги ўтов, унинг ичкарисида яшайдиган оила-чанғароқ тўғрисида. Қизиғи шундаки, Савицкий музейига мен ҳам борганман, ғаройиб экспонатларни кўриб ҳайратга тушганим ҳам рост. Аммо Иқбол минглаб экспонатлар ичидан битта коса ва унинг ғилофини кўрган ҳамда шу детал асосида ўзбек билан қорақалпоқ дўстлигини, бошида қалпоғини асрлар бўйи асраб келаётган қорақалпоқдек бир миллат удумларига доир қарашларини ажойиб тарзда баён қилибди…
Китоб мундарижасидан “Шавкат Раҳмон қайга кетди, биродарлар” бағишлов-марсиясини изладим. Иқбол уни Миллий университетнинг кичик залида бўлиб ўтган бир учрашувда ўқиган эди. Қайси йил экани эсимда йўқ, аммо маъно-мазмуни, ритм-оҳанги ҳамон ёдимда.

Учиб-қўниб, учиб-қўниб шом-саҳарлар,
Нафис санъат саҳнасида пойга кетди.
Шавкат Раҳмон қайга кетди, биродарлар,
Капалаклар учмайдиган жойга кетди.

Беш бандли шеър. Ҳар банднинг учинчи мисрасида ҳалиги алам ва изтиробга тўла сўроқ қўйилади. Одамнинг юрагини ларзага соладиган савол. “Шавкат Раҳмон қайга кетди, биродарлар” – шоир одамларга тажоҳили орифона мурожаат этади. Ҳолбуки, ўзининг “Чироқ ёниб ўчмайдиган жойга кетди”, “Ёлғон қасам ичмайдиган жойга кетди”, “Туҳмат тоши тушмайдиган жойга кетди”, “Осойишта ухлайдиган жойга кетди” каби тайёр жавоблари бор. Бундай аламли йўқотиш­ларни ифодалаган таъсирчан шеър ўқувчининг фикрий оқимини ушбу фоний, уч кунлик ғанимат дунёга келиш ва кетиш моҳиятини англаш томонга йўналтиради. Шу мотивдаги – Шавкат Раҳмон, Охунжон Мадалиев, Муҳаммад Юсуф вафотига бағишланган “Акаларимга” шеъри ҳам эътиборли. Уч марта айланган “ажал қамчиси” учта юлдузни “фалакдан узиб” кетгани, шоир жигарида “учта тиғ изи” қолгани – уч йўқотишнинг образли баёни, албатта.
Кўнгил кўшкига жойлашган яқинидан ажралиш – оғир йўқотиш. “Қўқон шамоли” қирқ икки ёшида боқий дунёга сафар қилган, ўзидан ажойиб шеърлар қолдирган раҳматли Аъзам Ўктамга бағишланади. Шеърда шамол рамзи жонланиб, мисоли маҳактош вазифасини бажаради. Шамол яхшини ёмондан, тўғрини ўғридан, ҳақни ноҳақдан ажратади. Бор-йўғи уч кун шиддат билан гувиллаб эсадиган шамол дунёни алғов-далғов қилади.

Буюк имтиҳон бу! Буюк синов бу!
Борни бор, йўқни йўқ қилиб бергувчи.
Бошингга зўр савдо тушмасдан бурун
Кимнинг кимлигини билиб бергувчи!

Яшаш қандай енгил – шамолдан кейин,
Ажиб бир хушҳоллик, бир ажиб сурур.
Ғуборсиз ҳаволар ипакдек майин.
Шамол, сенга қуллуқ, сенга ташаккур!

Шамол имтиҳонидан ўтиш – саодат. Мен билган Аъзам Ўктам ёру биродарлари, узоқ-яқинларига – “кимнинг кимлиги”га синовчан назар соладиган инсон эди… Шеър матнидаги “шамол”нинг метафорик табиатига параллел равишда тасаввурда покиза бир инсон қиёфаси пайдо бўлади. Инсон ва табиат, табиат ва жамият – кенгқамровли тушунчалар. Улар шоирнинг қанотли юрагига ўрнашса, парвози баланд бўлади…
Дунёдаги ҳеч бир балиқчи ўргимчак тўри билан балиқ тутмайди. Фақат шоиргина “Ўргимчак тўрини дарёга”, “Тилло балиқ тутиб зиёга” солиши мумкин. Бундай ингичка ва ойдин тафаккур тарзи фақат шоирларгагина инъом қилинган неъматдир…
Шоир шеърларида гоҳо “шамойил” ёнида “шамол” ўйнайди; “ўтинчи” билан “ўткинчи” қаторида “ўкинч” пайдо бўлади; “андалиб” эса “алданиб”га уйғунлашди. Бир товуш ўйини ёки ўрин алмашинувидан ихтиёрсиз ҳайратланасан. Қойил қолиб, бошингни чайқайсан. “Бир оҳ урсак, ҳар ошиқдан кўра ошиқ оҳимиз бор” – бу ҳам тажнисли гўзал мисра. “Қумдан қурган қўрғоним қани?” каби савол пойдеворига бевафо умр қўйилади. “Палакни дараклаб капалак ҳалак” – ҳар бир сўз қофияли, оҳангли, маънили ва, энг муҳими, шоир умрнинг ўткинчи ва бевафолигини яна бир – бошқача йўсинда лўнда ифодалайди.
Қуйидаги парчаларда ҳам оригинал сатрлар бор:

Киприкларинг пойлоқчи,
Кокилларинг айғоқчи.
Ҳамсоянгман ҳам соянг,
Жисмим бору ҳушим йўқ.

Ёки:

Ўша кун мен маст эдим,
Маст эдим – менмас эдим.
Бормас эдим соғ бўлсам,
Севаман демас эдим.

Иқболнинг бундай поэтик санъатларни маҳорат билан қўллаган яхши шеърлари эсда қолади. У капалак образига кўп мурожаат қилади. “Капалак тутгандайин Нигоҳинг тутиб олдим” – ажиб топилдиқ. Бундай кўркам мисра шеърнинг устуни-ўраси, тўраси, умуртқаси, аурасини ташкил этади. Яна кимгадир: “Сен – ниначи каби ўйноқи. Сен – капалак каби беғубор”, деб тавсиф беради. Ниначи, капалак – табиатнинг жуда нафис, латиф, ингичка, рангпар ҳашаротлари. Улуғлар таъбирича, бирорта инсон зоти ақалли ниначию капалакнинг синган нозик-майда қанотини тузатишга қодир эмас. Демак, “назокатни қайдан олган капалак” – шоирнинг ўйланиши ўринли.

Синдирмайди йиллар кимни,
Туйғуларин силлиқлайди,
Ҳар кўрганда юрагимни
Капалаклар қитиқлайди.

Иқбол Мирзо шеърларида севги йўлида учиб бораётган бу каби назокатли капалак ёки ўйноқи ниначи, юзи қизарган атиргул, туёғидан тилло сочадиган жайронлар учрайди. Бундай лирик образлар бири иккинчисини тўлдириб, шоир шеърларининг умумманзарасини, юрагининг маҳобатли сувратини намоён қилади.
Иқбол шеърлари ҳаддан ташқари мураккаб эмас. Уларни англаб, тушуниб, ҳис этиб турасиз. Сизни завқлантиради, юракни кўпиртириб, ҳаяжонга солади. Аммо тизгинсиз туйғуларга қанот бағишлаган шеър сирини топиш қийин. Чунки шоир шундай бир лаҳзада борлиқни “хаёл кўзи” билан кўриб, “лаззатга ғарқ бўлиб” яшайди. Шоир ёпирилиб, тўлиб-тошиб келган хаёл инъомини қоғозга кўчиради. Бу ижод жараёни ҳақидаги бизнинг содда тасаввур. Аслида шеър ва шоирлик ижод психологиясининг энг мураккаб мавзусидир. Чунки шеърий ифодаларидан баъзан шоирларнинг ўзи ҳайрон бўлади, гоҳида тасаввур тасвирига ўзлари ҳам ожиз қолади. Чўлпон надомат билан “Шу ожиз ҳолимда шоирманми мен?” деб ёзғиргани рост. Кўпинча ҳар қандай одам гўзалликни кўриб, сезиб, англаб, завқ олади. Аммо уни сўз билан ифодалашга қийналади. Чин истеъдод эгаси шу туйғуни моддийлаштиради; Шайхзодага ўхшаб шеърда эсаётган шамолни сувратлантиради.
Иқбол Мирзонинг шеърларида очиқ эътироф­лар, аччиқ ҳақиқатнинг рост ифодалари бор:

Даврангизга кира олмайман,
Кирсам, кўнглим ёра олмайман.
Сизга талант бера олмайман,
Мени ёмон кўрган одамлар.

Сизга ука, ака, жўраман,
Дуоингиз қилиб юраман.
Мен сизларни яхши кўраман…
Мени ёмон кўрган одамлар.

Унинг лирик қаҳрамони – шафқатсиз; ўзини фош этишдан, иқрордан қўрқмайди: болалиги ва беғуборлигини, ғўрлиги ва зўрлигини эслайди. Буниси – яхши. Аммо ҳар ўқиганимда “Олдим шоир деган тавқи лаънатни” мисраси менга негадир таҳрирталаб кўринаверади.
“Сўзда сеҳр, шеърда ҳикмат бор”, деганларидек, Иқбол Мирзонинг кейинги даврда ёзилган шеър­лари ҳаётий ҳикматлар билан безатилгандир. Бироқ бу хил фалсафий битиклар унинг ёшлик давридаги шеърларида ҳам учрайди:

Бу дунёга келганим –
У дунёга сафарим.
Бу дунёни енгганим –
У дунёда зафарим.

Қўйма, қисқа ва ҳар қандай одам ҳаётининг тархи-эскизини ўзида акслантирадиган мисралар. Банд қаршилантириш санъати асосига қурилибди. “Мен” шеърида икки нуқта аро жисми муаллақ муаллиф ўзини ер билан осмон орасида кўради. “Қалдирғочдек икки жойда манзили” бор шоир “дайр аро сайр”нинг муваққат эканини яхши билади. Бундай ҳаётий реал фалсафа шеърга теранлик бағишлайди. Иқболнинг бутун бошли шеърлари, “Йиғласам, ҳолимга ўзим кулардим”, “Асалдайин заҳарим”, “Музлар қучоғида исинди видо”, “Эй яқиним, олисим”, “Сизни ёмон яхши кўраман” каби ўнлаб мисралари тазодли.
Шоир ижодининг катта бир саҳифаси эл-юрт, ўзбек характерининг тавсифи, мамлакатнинг тарихий шаҳарлари ва шахсиятлари тўғрисида ёзилган шеърлардан иборат. “Айтгил, дўстим, нима қилдик, Ватан учун” – жуда ўринли тергов, талаб ва сўров.

Бошинг эгиб, таъзим айла, шукрона айт,
Сени гулдек эркалаган чаман учун.
Осмонларда юрган бўлсанг, тупроққа қайт,
Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун?

Шоир агар боболарининг фақат исминигина санаса ҳам, табиийки, катта бир достон бўлиши мумкин. Ўзбек – дунё тамаддунига улкан улуш қўшган халқ. Унинг номига ор-номус, ибо ва ҳаё маънодош. Шу эътибордан “Ўзбек” шеърида миллат ва мамлакат тарихи баён қилинади.

Манглайга кафт қўйиб олисга боқсам,
Эдилдан кўринар бўйларинг, ўзбек.
Туш каби жимирлаб минг йил оқса ҳам,
Номинг айтар Энасойларинг, ўзбек.

Назаримда, Иқболнинг бу шеъри ўзигача шу йўлда ёзилган “Ўзбекистон”, “Ўзбегим” каби шеърлар қаторидан ўрин олишга лойиқдир.
Адабиётшуносликда ижодий тараққиёт, мавзулар алмашинувининг илмий-назарий талқинига нисбатан “эволюция” тушунчаси ишлатилади. Бунда муайян адибнинг бадиий ижод намуналари, мавзулар ёки замон хронологиясига кўра таҳлил қилинади. Шу эътибордан, Иқбол аввал ўйнаб ва сўзларни ўйнатиб ёзар эди, ҳозир ўйлаб ва одамларни ўйлатиб ёзади. Аввалги шеърларида “мен” кучли, кейинги даврда қамрови ке­­нгайиб, миллий ва умумбашарий мавзуларнинг адабий-фалсафий муҳокамаси кузатилади. Бироқ унинг шеърларига хос самимият, шиддат, шахд, жўшқинлик, жиндай пичинг, қочирим, озгина эркалик ва эркинлик ҳамон ўша-ўша – навқирон ёшлик пафосида. Шеърларидан таралган овоз ҳали-ҳануз ўша-ўша – навқирон ёшликнинг садоси. Аслида, иқболи кулган кўнгил шоирининг ижодий бахти ҳам шудир.

«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 4-сон