Покистонлик олимлар Темурийлар даври маданиятига катта қизиқиш билан қарамоқдалар. Улар нафақат халқларимиз ўртасида бўлган маданий алоқалар тарихи, балки ўша даврдаги маданий ҳаёт, йирик шоирлар, жаҳон маданияти саҳифаларида ўчмас из қолдирган буюк ижодкорларнинг меросига бағишланган тадқиқот ишларини олиб бормоқдалар. Фикримизнинг далили сифатида таниқли олим доктор Аҳмад Ҳасан Донийнинг инглиз тилида чоп этилган “Темур мероси” номли рисоласи (Покистон Адабиёт Академияси, Исломобод, 1996)ни келтириш мумкин. Унда муаллиф Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти, темурийлар давридаги машҳур аҳли қалам, жумладан, Алишер Навоий ижодига тўхталиб ўтади. Алишер Навоий ижодидан саралаб олинган гулдастанинг урду тилида чоп этилиши (Таржимон: Р.Муҳаммаджонов; Тузувчи: Т.Холмирзаев. Покистон Адабиёт Академияси. Исломобод, 1996) эса покистонликларнинг ўзбек маданияти, ўзбек адабиётига бўлган эътиборининг яна бир исботидир.
Покистонлик олимларнинг Заҳириддин Бобур ва умуман, бобурийлар даври, уларнинг илмий, адабий мероси, хусусан, “Бобурнома” бўйича олиб бораётган изланишлари таҳсинга сазовор.
“Бобурнома” асари бобурийлар авлодидан бўлмиш Мирзо Насириддин Ҳайдар Кўрагоний томонидан илк бор урду тилига таржима қилинган. У аввал 1924 йили Деҳлида, 1962 йили эса Карачи шаҳрида “Бук лэнд” нашриётида чоп этилган. Нашрга “Бобурнома” асосий ном сифатида, “Тузуки Бобурий” эса иккинчи ном ўрнида келтирилган. Китобнинг бошида алоҳида-алоҳида саҳифаларда Бобур Мирзо ва унинг рафиқаси Моҳим Бегимнинг рангли сурати берилган.
“Сўзбоши” муаллифи Убайдулла Қуддусий таржимага жуда юқори баҳо беради: “…таржима ниҳоятда равон ва биронта сўз ҳам тушиб қолмаган…” Таржимада бир қатор изоҳлар бор, имло масаласига анча аҳамият берилган.
Урду тилида “Бобурнома”нинг яна бир таржимаси мавжуд. У Рашид Ахтар Надвий қаламига мансуб бўлиб, 1991 йили Лаҳўр шаҳридаги “Санг-е-мил” нашриётида чиққан. Асар Бомбайда Мирзо Муҳаммад Шерозийнинг “Читра Прабҳа Пресс”да чоп этилган тўлиқ бўлмаган форсча нусхадан таржима қилинган.
“Сўзбоши”да мутаржим “…ўз буюклиги ва улуғлиги биносини ўзи бунёд қилган, буюклик ва шон-шуҳрат йўлидаги темир тиканларни ўз қўли билан терган” Заҳириддин Бобур шахсиятига илиқ муносабат билдирган. Жалолиддин Акбаршоҳ (1542-1605) даврида “Бобурнома” Байрам Хоннинг ўғли Абдураҳим Хони хонон томонидан туркийдан форсийга таржима қилингани ҳақида ёзиб, Р.А.Надвий бундай дейди: “…шундан кейин аҳли жаҳон биринчи марта буюк тождор (яъни Бобур Мирзо — А.И.)нинг сухан мулкининг ҳам шаҳаншоҳи эканлигидан хабар топти”.
Мазкур таржима тили асосан равон ва ўқишли. Жузъий камчиликлардан қатъи назар, “Бобурнома”нинг иккала таржимаси ҳам аҳамиятга эга. Уларга таниқли бобуршунос Сабоҳат Азимжонова юқори баҳо берган.
Мирзо Насириддин Ҳайдарнинг таржимаси аввало, биринчи тўлиқ таржима сифатида, қолаверса, бобурийлар авлодининг вакили қаламига мансублиги билан аҳамиятлидир. Иккала таржима ҳам Бобур Мирзо ва унинг шоҳ асарини урдузабон халқлар орасида оммалаштиришда хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи, унинг асосида суратга олинган видеофильм Бобур Мирзо ҳаёти ва ижодини оммалаштиришда катта аҳамиятга эга бўлди. Мазкур асар бир қанча чет тилларга ўгирилган, жумладан, урду тилига ҳам таржима қилиниб, бир неча марта чоп этилган.
Роман 1986 йили Тошкентда ҳиндистонлик Манзар Салим таржимасида урду тилида нашр қилинган эди. Асар Ҳиндистон, Покистон китобхонларига жуда манзур бўлди. Ўша пайтда нашриётга, Ўзбекистон радиосига келган кўплаб мактублар шундан далолат беради.
Роман бир неча йил бурун Лаҳўр шаҳрида чоп этилган эди. Яқинда Карачидаги “Рактааб Пабликейшнз” нашриёти уни нашр этди. Муқова “Бобурнома”га ишланган миниатюра билан безатилган бўлиб, унда “Доктор Пиримқул Қодиров. Заҳириддин Бобур” деб ёзилган. Нашрга покистонлик машҳур адиб Шавкат Сиддиқий сўзбоши ёзган.
Ҳиндистон, Покистонда чиққан китобларда Заҳириддин Бобур асосан саркарда, фотиҳ, салтанат асосчиси сифатида таърифланади. Ш.Сиддиқий тан олиб ёзадики, П.Қодиров бу романда Бобур Мирзо ҳақидаги таассуротни тўлдиради. Адиб ўз асарида Бобур улуғ фотиҳ ва ҳукмдоргина эмас, у дониш-ҳикматдан завқланувчи, шеъру адаб шайдоси, илму фазл мухлиси ҳам эканлигини кўрсатиб берган.
Покистонлик мутахассислар Бобурийлар асарларини таржима қилиш, чоп этиш билан чекланиб қолмасдан, Бобурийлар даври ва бой мероси бўйича кенг тадқиқот ишларини ҳам олиб бормоқдалар. Жамил Юсуфнинг “Бобурдан Зафаргача” деб номланган урду тилидаги асари бунга мисол бўла олади (3-нашр, Исломобод, 1989).
Асарда Бобур, Ҳумоюн, Акбаршоҳ, Жаҳонгир, Шоҳ Жаҳон, Аврангзеб ва сўнгги бобурийлар фаолияти алоҳида-алоҳида бобларда ёритилган. Китобнинг биринчи нашри чиққанда Покистон матбуоти, адибу давлат арбоблари унга юқори баҳо берган эдилар. Карачида чиқадиган “Доон” газетаси, жумладан, бундай деб ёзган эди: “Бобурдан Зафаргача” бобурийлар даврининг тўлиқ ва батафсил тарихидир. Унинг баён қилиш услуби шу қадар бадиий ҳамда жозибалики, уни тарихга оид китоб деб эмас, бадиий асар деб ҳисоблаш керак”.
Йирик туркшунос Муҳаммад Собирнинг “Ўзбек тили ва адабиёти” мақоласида (“Маҳе нау” журнали, апрел, 1966, Карачи) Ўзбекистон ва Покистон халқлари ўртасидаги тарихий, маданий, адабий ҳамда лисоний алоқалар батафсил ёритилган. Тадқиқотнинг илова қисмида 16-аср ўзбек адабиёти ва замонавий ўзбек адабиётининг намуналари Бобур Мирзо ва Уйғун рубоийлари орқали солиштирилади. Бундай қиёслашдан мақсад — урду тилидаги сўзлар билан турли тарихий даврдаги ўзбек тили лексикаси ўртасидаги яқинликни кўрсатишдан иборатдир.
М.Собирнинг “Бобур тилидаги урдуча сўзлар имлоси” (Карачи университети, август, 1966, 2-жилд, 2-сон) номли асарига алоҳида тўхталиш зарур деб ҳисоблаймиз. Ушбу асарда асосан “Бобурнома”даги урдуча сўзлар ўрганилган ва 114 та сўз жадвал шаклида туркча сўзлар билан солиштирилган. Профессор Озод Шоматов бу жиҳатни асарнинг камчилиги деб ҳисоблайди ҳамда урдуча сўзларни туркча билан эмас, балки ўзбекча сўзлар билан қиёслаш тўғрироқ бўларди, деб ёзади. О.Шоматовнинг фикрича, М.Собир бой тарихий-филологик материаллар асосида муҳим илмий хулосалар чиқаришга муваффақ бўлган.
Шу ўринда бир фактни қайд этиш ўринлидир — “Бобурнома” эски ўзбек тили бўйича ниҳоятда қимматли филологик манба вазифасини ўташи яхши маълум. Лекин Бобур Мирзонинг шоҳ асарини ўрганиш орқали 16-асрда Шимолий Ҳиндистонда муомалада бўлган бир қатор тилларнинг лексик аломатлари ҳақида ҳам муҳим маълумотларга эга бўлиш имкони бор. Гап шундаки, ўша даврда маълум тарихий шарт-шароитлар тақозоси билан адабий марказ Шимолий Ҳиндистондан Даканнинг шимолий қисмида жойлашган бир қатор мусулмон давлатларга кўчган эди. Шу сабабли Бобур Мирзо яшаган даврда Шимолий Ҳиндистондаги тилларда битилган ёзма манбалар бўлмаган.
Покистонда бобуршунослик хусусида сўз кетганда, Карачи университети қошида ташкил этилган “Марказий ва Ғарбий Осиё тадқиқотлари институти”нинг фаолияти ҳамда унинг айрим нашрларига тўхтамасликнинг иложи йўқ. Шундай нашрлардан бири “Ҳинд — Эрон алоқаларига доир ҳужжатлар хронологияси” (1979 й.) деб аталади ва 2 жилддан иборат. Уни доктор Риёз ул-Ислом нашрга тайёрлаган. Биринчи жилд Бобурдан Аврангзебгача бўлган даврдаги бобурийлар салтанати билан Эрон ўртасидаги муносабатларни акс эттирадиган 276 та мактубни ўз ичига олади. Иккинчи жилд (1982 й.) эса бобурийларнинг сўнгги намоёндалари билан сўнгги Сафавийлар ва Нодиршоҳ билан ёзишмаларидан иборат бўлиб, бу хатларнинг сони 224 тадир. Мазкур улкан нашрнинг бобурийлар салтанати тарихини ёритишда нақадар катта аҳамиятга эга эканлиги ўз-ўзидан аён бўлиб турипти.
“Марказ”нинг нашрларидан яна инглиз тилидаги “Байрам Хон” ва урду тилида чоп этилган “Хон хононнома” асарларини қайд этиш зарур деб ҳисоблаймиз. Маълумки, Хони хонон (яъни “Хонлар хони”) бобурийлар салтанатидаги юксак ҳарбий унвон ҳисобланган ва Бобуршоҳ Диловар Хонга шу унвонни берган. Инглиз тилида нашр этилган “Ислом энциклопедияси”да қайд этилишича, Ҳумоюн Мирзо — Байрам Хонни, Акбаршоҳ — Мунъим Хонни ва Абдураҳим Хонни, Жаҳонгиршоҳ — Маҳобат Хонни ҳамда Аврангзеб Мир Жумлани мана шу олий унвон билан тақдирлаган.
Байрам Хон (1504-1561) учта бобурий ҳукмдор — Бобур Мирзо, Ҳумоюн Мирзо ва Акбаршоҳ ҳокимиятида юксак мартабали давлат арбоби бўлган. Унинг ўғли Абдураҳим Хон (1556-1627) эса Ҳумоюншоҳ, Акбаршоҳ ва Жаҳонгиршоҳ хизматида бўлган. У аввал “Мирзахон” унвонига, 1584 йилда юксак “Хони хонон” унвонига сазовор бўлган. Абдураҳим Хон давлат арбоби бўлиш билан бир қаторда ўз даврининг таниқли олими, шоири ва таржимони бўлган. У араб, форс, туркий ва браж тилларида шеър ёзган. “Бобурнома”нинг форсчага қилинган мукаммал таржимаси унинг қаламига мансубдир.
Ота-бола Хони хононларнинг ҳаёти ва фаолиятини тадқиқ қилиш тўрт забардаст бобурий подшоҳнинг фаолияти ёки бобурийлар салтанатининг бир асрлик тарихини тадқиқ этиш демакдир.
Зикр этилган охирги иккита рисолани доктор Муҳаммад Ҳасан Али Бек нашрга тайёрлаган, таҳрир қилган ҳамда изоҳ ва шарҳлар билан таъминлаган. Шуниси диққатга сазоворки, доктор Бекнинг касби шифокор бўлиб, тарихга, хусусан бобурийлар даври тарихига алоҳида қизиқиш билан қарайди. У асли покистонлик, ҳозирги кунда Буюк Британияда истиқомат қилади ва бобурийлар тарихи бўйича изланишларини давом эттирмоқда. У Бобур Мирзонинг саломатлиги хусусидаги муҳим бир мақоланинг муаллифи ҳамдир.
Карачи университетининг форс тили шўъбасида етакчи профессор лавозимида хизмат қиладиган доктор Равшаноро бегим бобуршуносликка салмоқли ҳисса қўшган. У киши “Бобурнома”нинг форсча нусхалари устида жиддий изланишлар олиб борган. 1999 йил август ойида Карачи университетига хизмат сафарим чоғида мен доктор хоним билан учрашганимда бобурийлар ва “Бобурнома” хусусида батафсил суҳбатлашган эдик. Доктор Равшаноро бегим 1970 йилда эронлик олим доктор Ҳусайн Минучеҳр раҳбарлигида Теҳронда “Тасҳиҳе “Бобурнома” ва “Мухтасарий” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилади. “Бобурнома” соҳасидаги мазкур изланиш учун олима асарнинг Эдинбург нусхасини асос қилиб олган ҳамда Бомбай ва Панжоб қўлёзмалардан ҳам истифода этган.
Ушбу мақолада Покистонда бобуршунослик соҳасида амалга оширилаётган диққатга сазовор айрим ишлар тўғрисида фикр юритдик, холос. Аслида эса қилинаётган ишларнинг кўлами кенг ва улар келгусидаги изланишларга манба вазифасини ўтайди, деб умид қиламиз.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, покистонлик мутахассислар — олимлар, таржимонлар, ноширлар жаҳон бобуршунослигига муносиб улуш қўшмоқдалар.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 8-сон