“Мукаммал матн деганлари, аслида, йўқ нарса. Худди буткул умидсизлик бўлмаганидек.”
Машҳур япониялик ёзувчи Харуки Мураками “Шамол қўшиғини тингла”* деб номланган илк романини шу жумла билан бошлаган. Бугунги кунда ўндан ортиқ романи дунёдаги деярли барча тилларга ўгирилган, замонавий япон адабиётининг классиги даражасига кўтарилган бу адибнинг номи Умберто Эко, Ўрхон Помуқ, Милорад Павич каби XX аср насрини янгилаётган ёзувчилар қаторида эътироф этилади. Матнни китобхонни сеҳрлайдиган кучли қуролга айлантира олган Муракамининг романларини кўпқаватли бинога ўхшатиш мумкин. Унинг юқори қаватларига чиқиш учун катта тажриба ва билим керак. Лекин биринчи қаватида ҳам оддий китобхон унинг асарларидан завқ олади, қаҳрамонларида ўзини кўриб, воқеалар уммонига ғарқ бўлади.
1993 йили Муракамини биринчи бўлиб рус тилига ўгирган адабиётшунос Дмитрий Коваленин адибнинг “Қўй ови” романи ҳақида шундай ёзади: “Бу романни ўқигач, уни нашр қилиш ташвишини ўйлаб ўтирмай, таржимага киришиб кетдим. Чунки асарда ҳар қандай ўқувчини оҳанрабодек ўзига тортадиган воқеа бор эди. Китобнинг илк саҳифаларидаёқ ёзувчи япониялик эканлигини унутдим. Асар ёққанининг яна бир сабаби — бош қаҳрамон дунёга худди менинг кўзим билан қараётгандек эди”.
Эпосда бош қаҳрамон ўз тақдирини ўзи яратади, трагедияда эса тақдирга қарши курашади. Бадиий адабиётнинг бу қадимги қоидаси XX аср бошларида ҳам роман ва қиссаларнинг сюжетини белгилаб берган. Шундан келиб чиқиб, тажрибали ёзувчилардан бири: “Қоғозга туширилаётган ҳар қандай воқеанинг ишонарли чиқиши учун иккита қоидага амал қилиш керак. Биринчиси, қаҳрамон доим бор куч билан нимагадир интилиши, ниманидир излаши керак. Иккинчиси, хотимага яқинлашганда у қандайдир кутилмаган ўзгаришни бошидан ўтказиши лозим”, деган эди. Лекин модеринизм ва постмодернизм йўналишидаги асарлар ўзидан аввалги ҳамма услубу андозалар қатори бу қоидаларни ҳам инкор этди. Мисол учун, “Шамол қўшиғини тингла” романида тақдир билан курашаётган фаол қаҳрамондан асар ҳам йўқ. Роман шаҳарлик талаба ёшлар ҳаёти ҳақида. Воқеалар 19 кун давом этади. Бош қаҳрамон Каламуш лақабли дўсти билан ошнаси Жейнинг барида пиво ичиб соатлаб гап сотади, гоҳида машинасида бироз айланиб, уйига қайтади ва шифтга қараб радио эшитиб ётади. Кейин яна ошнасининг олдига пивохонага боради. Асар ўрталарида танишган қизи қаёққадир ғойиб бўлади, қаҳрамон ҳам Каламушни қолдириб, ўқишни давом эттириш учун Токиога кетади. Шу билан роман тугайди.
Бир қарашда асар ғоясини, ёзувчининг нима демоқчилигини илғашнинг иложи йўқдек. Ҳақиқатан ҳам, сюжети романдан кўра кўп серияли филмнинг бир қисмига ўхшайдиган бу асарда ғоя йўқ. Муаллиф маслак, мақсад, мазмун каби тушунчаларга ишонмай қўйгандек, кўчалари ялтироқ реклама-ю, ҳар турли ёзувларга тўла улкан метрополиялардаги бетон “коваклар”да каламушга ўхшаб яшайдиган ёшлар ҳақида ҳикоя қилади. Унинг қаҳрамонлари ҳеч қаерга шошилмайди, ҳеч кимни изламайди, ғам-андуҳ чекмайди. Замонавий ёшлар орасида урф бўлган совуққонликни янги чиққан кўйлакдек кийиб олган бу шаҳарликлар худди аквариумдаги балиқчаларга ўхшайди. Чиройли безатилган, доим емак сепиб туриладиган кичкина шиша аквариумда эринибгина сузадиган балиқчалар дарё ва денгизлар ҳақида орзу ҳам қилмайдилар.
“Шамол қўшиғини тингла” романи 1979 йили китоб бўлиб чиққач, адабий танқидчилар Муракамини улкан шаҳарлар — метрополиялар руҳини жуда аниқ тасвирлай олган замонавий ёзувчи, деб таърифлай бошладилар. Бу романни ўқиган китобхон ундаги замонавий қаҳрамонлар ҳаётидаги ғалати сунъийликни илғаши табиий. Масалан, асар қаҳрамонлари сўзлаётганда оддий кундалик ҳаётда ишлатиладиган сўзлардан кам фойдаланадилар. Улар фикр билдирганда ўзига ёққан ёзувчининг гапини ёки урф бўлган қўшиқдаги бирор-бир жумлани ишлатади. Асосан Жейнинг бари, машина ёки тўшакда бўлиб ўтадиган суҳбатларда улар реал ҳаёт ҳақида деярли гап айтишмайди. Аксинча, кўрган тушлари, эшитган ашулалари, янги кинофилмлар, китоблар ҳақида соатлаб гап сотишади ва жуда кам ҳаракат қилишади. Улар, асосан, ё ётган, ёки ўтирган ҳолатда гаплашишади. “Бунга сабаб замонавий шаҳар муҳитида “жонли ҳаёт” ҳаддан ташқари торайганида, ахборот оқими эса чексиз кенгайганида”, дейди адабиётшунос М. Немцов. “Шамол қўшиғини тингла”да янги пластинка ва рок гуруҳлар, кинорежиссёр ва жаз хонандалари, кийим-кечак ва машина маркалари кўп тилга олинади. Муаллиф метрополиялардаги одамлар ҳаётини ҳаққоний тасвирлаш учун чигал муносабату фожеали саҳналардан эмас, урф бўлган ном ва товар белгиларидан фойдаланишни маъқул кўради. “Катта шаҳардаги инсон таназзулини аввалги ёзувчилар қўллаган услубда тасвирлаб бўлмай қолди. Уларнинг тили бугун биз гувоҳ бўлаётган ҳолатларни изоҳлашга ожизлик қилади”, дейди М.Немцов. Адабиётшунос “Шамол қўшиғини тингла”даги ҳамма нарсага бефарқ, совуққон ёшларни америкалик рассом Чарлз Шулц 1950 йили ўйлаб топган машҳур комикс қаҳрамони Снупи лақабли итга қиёслайди. Снупининг ҳаётидаги шиори: мен сенга тегмайман, сен ҳам менга тегма. У баҳслашишни ёқтирмайди, доим уйчасининг томида осмонга тикилиб ётади ёки ухлайди. Муракамининг қаҳрамонлари ҳам баҳслашишни ёқтирмайдилар, улар кўпинча машиналарида ўтириб денгизни томоша қилишади ёки ухлашади. Танқидчилар фикрича, Мураками романларининг, айниқса, ёшлар орасида машҳур бўлишига сабаб адибнинг бугунги ёш авлод кайфиятини аниқ тасвирлай олганидадир. Бир суҳбатда Муракамига “Ёшлар орасида машҳурлигингизнинг боиси нимада? Бугунги ёшлар ҳам қаҳрамонларингиздек ҳаётий мақсадларини йўқотишганидами?”, деб савол беришганда адиб шундай дейди: “Менингча, ҳозирги ёшлар мақсадларини йўқотмаган, улар мақсадларини парчалаб юборганлар. Фикримча, бугунги дунёда бу муқаррар ҳолат. Мен қадриятларга эътибор сусайган шароитда ноаниқ мақсад кетидан юрган одамлар ҳақидаги воқеаларни ёзаман. Эҳтимол, китобхонларим орасида ёшларнинг кўплиги шундандир”.
Ёзувчи қандай асар ёзмасин, доимо ўзидан келиб чиқади, дейишади. Шунинг учун адибнинг таржимаи ҳоли билан танишмай туриб, асарлари ҳақида фикр билдириш ноўрин. Харуки Мураками 1949 йили Япониянинг Киото шаҳрида туғилган. Бобоси руҳоний бўлган, отаси мактабда япон тили ва адабиётидан дарс берган. Муракамининг мактаб даври ўтган асрнинг 60-йилларга, Ветнам уруши давом этаётган, Японияда талабалар исёни ва сиёсий норозиликлар авж олган пайтларга тўғри келади. Мактабни битиргач, бўлажак ёзувчи Васэда университетининг театр санъати бўлимига ўқишга киради. Лекин ўқишдан кўнгли совиган Харуки вақтини университетнинг музейида Америка филмларининг сценарийларини ўқиш билан ўтказади. Кейинчалик бу сценарийлар шакли унга асар ёзишда жуда қўл келади.
Япон ёшлари орасида сиёсий гуруҳбозлик авж олган 60-йиллари охирида олий ўқув юртларида “Талабалар ихтилофи конгресси” уюшмаси ташкил топади. Бу уюшмада Мураками ҳам фаол иштирок этади. Лекин 70-йиллар бошида, Япония иқтисоди жуда тез ривожлана бошлаган даврда сиёсий гуруҳлар ўз-ўзидан тарқалиб кетади. Бу йилларни адиб шундай хотирлайди: “Талабалик давримда ҳатто ҳаво ҳам идеализм, урушга қарши кайфият билан тўйингандек эди. Ўзим сиёсий намойишларда фаол қатнашганман. Лекин 70-йилларга келиб, буларнинг ҳаммаси қаёққадир ғойиб бўлди. Шунда ҳеч қандай маслакка ишониб бўлмаслигини тушундим. Бундай ҳаракатларга бошқа қўшилмайман, деб ўзимга сўз бердим. Улар мени сотишди. Улардан кўнглим қолди. Кейин шу туйғуларимни қоғозга тушира бошладим. Ижод йўлим шундай бошланди”.
1974 йили бўлажак адиб яқинларидан қарз олиб, “Питер Кэт” деб номлаган жаз-бар очади. 1978 йили апрелда Япония ва АҚШ ўртасида бейсбол матчини стадионда томоша қилиб ўтириб Мураками роман ёзиш ҳақида ўйлай бошлайди. Илк асари — “Шамол қўшиғини тингла” романи Японияда адабиёт соҳасидаги энг нуфузли мукофотга лойиқ топилиб, 1979 йили 150 минг нусхада чоп этилади. Шундан кейин Мураками ўзини ижодга бағишлайди.
Ҳозирча унинг ўттиздан ортиқ китоби чиққан, 2003 йилгача асарлари дунёнинг ўн саккиз тилига таржима қилингани маълум. Кўп йиллар Америка ва Европада яшаган адиб ҳозир ватанида ижод қилмоқда.
Харуки Мураками асарларини берилиб мутолаа қилувчилар орасида мактаб ўқувчиларидан тажрибали адабиётшунос ва файласуфларгача бор. Лекин оддий китобхон унинг романларини қанчалик берилиб ўқимасин, муаллифнинг асар матнига сингдирилган ғоясини топишда қийналади.
Адабиётшунослар Мураками асарларини мусиқага ўхшатишади. “Унинг асарлари шундай чиройли услубда ёзилганки, ҳатто ғайритабиий воқеалар, узуқ-юлуқ диалоглар ҳам сюжетга узукка кўз қўйгандек мос тушади. Асарлар тили шунчалик равонки, уларни соатлаб ўқисангиз ҳам чарчамайсиз”, дейди адабиётшунос Д.Коваленин. Ҳақиқатан ҳам, Мураками романларини берилиб ўқиганингизда воқеалар, қаҳрамонлар ҳам иккинчи планга тушиб қолиб, асар матнидан роҳатлана бошлайсиз. “Шамол қўшиғини тингла” романини “Мукаммал матн аслида йўқ нарса…”, дея бошлаган бўлса-да, адиб ҳар бир асарида матнни китобхонни ҳайратга соладиган даражага етказишга уринади ва кўпинча бунинг уддасидан чиқади. Мураками романларининг постмодерн адабиёти намуналари сифатида эътироф этилишига ҳам, назаримизда, адибнинг ўз асарларида матн ва услубни биринчи планга олиб чиққани сабаб бўлган.
Ҳар қандай жиддий адабий оқим бирор-бир фалсафий ғояга асосланади. Бу ўринда сентиментализм, романтизм, классицизм каби йўналишларни эслаш кифоя. Модернизм эса, жаҳон адабиётида мутлақо ўзгача, анъаналарни инкор этиб, “ҳаммасини қайтадан қуриш”га даъват этувчи исёнкор оқим сифатида юзага келди. Реалистик асарларни ҳаётдан кўчирилган нусха, деб ҳисоблаган модернчи ижодкорлар ўз асарларида матнни, услубни биринчи ўринга қўйишди. Улар анъанавий тасвир воситаларини четлаб ўтиб, дунёни ўзлари қандай кўрса, қандай ҳис қилса, шундай тасвирлай бошлашди. Шууридаги оламни ўзига хослиги, жумбоқлари билан қоғозга туширган адиб ўз асарларининг бош қаҳрамонига айланди. Муаллифнинг субъектив қарашларини тасвирлаш бош мақсадга айланган модерн асарларда матн ҳамма нарсадан устун қўйилди.
Европа маданияти ва фалсафасида тахминан иккинчи жаҳон урушидан кейин пайдо бўлган ва ХХ асрнинг саксонинчи йилларидан адабиётда қарор топа бошлаган постмодернизм вакиллари ҳаёт матнга тенг, деган ақидага таянадилар ва бадиий матн устида тинимсиз тажрибалар ўтказадилар. Бу ижодий изланишлар натижасида бугунга келиб бадиий ижоддан кўзланган мақсад ўзгарди. Адабиётда янги фикр айтиш имкони қолмаган шароитда постмодернчилар бадиий тасвир воситаси — тилни сюжет ва композициянинг бош обектига айлантиришди. Муракамининг “Шамол қўшиғини тингла” романи бунга ёрқин мисол бўла олади. Асарда ёзувчи илгари сурган ғоя тугул тайинли сюжет чизиғини ҳам топиш қийин. Лекин шаҳарлик талаба йигит тилидан ҳикоя қилинаётган жўнгина воқеа китобхонга дарров ёқиб қолади. Аниқроғи, унга бош қаҳрамоннинг ҳикоя усули, асар тили ёқади. Чиройли мусиқага ўхшайдиган бу тасвир усулини Мураками китобхонни воқеадан чалғитиб асар тилидан, матнидан завқ оладиган даражага олиб чиқади.
Харуки Муракамининг таржимони Д.Коваленин 2004 йили Москвадаги “Эксмо” нашриётида чоп этилган “Суси-нуар (мароқли муракамишунослик)” китобида япон адибининг романларини сўзма-сўз таҳлил қилишга уринган, матн замирига сингдирилган, китобхонлар одатда эътибор бермайдиган жумбоқ ва ишораларни топган. Дарҳақиқат, Д.Коваленин таъкидлаганидек, Мураками асарлари воқеалар бир вақтнинг ўзида турли ўлчамдаги оламларда ривожланадиган мураккаб фалсафий сюжетга эга. Буни илғаш учун китобхондан матнни синчковлик билан ўқиш, Шарқ асотир ва анъаналаридан хабардорлик талаб этилади.
“Шамол қўшиғини тингла” романида шундай жойи бор: “Ён дафтаримнинг варақларини чизиқ чизиб иккига бўлиб, ўнг томонига шу пайтгача эришган нарсаларимни, чап томонига эса йўқотган нарсаларимни ёздим”. Д.Ковалениннинг фикрича, Мураками бу жумла билан китобхонга романни қандай тушуниш кераклиги ҳақида ишора беради. Вараққа чизилган чизиқ икки дунё орасидаги чегара. Бу оламларнинг биринчиси Ердаги мавжуд дунё бўлса, иккинчисини нариги дунё ҳам, бош қаҳрамоннинг онг ости дунёси, деб ҳам аташ мумкин. Бу дунёда — метрополиядаги тобора ҳаётдан совуб бораётган, ўзлигини йўқотаётганини ҳис қилган асар қаҳрамони инсоний қиёфасини сақлаб қолиш учун “нариги дунё” билан алоқа ўрнатади. Маълумки, Японияда ҳам, Миср ва Ҳиндистон каби давлатларда ҳам каламуш ўлим рамзи ҳисобланади. Асар бошида Каламуш лақабли йигит билан дўстлашган қаҳрамон ўзи учун “у дунё” эшигини очади. “Каламуш ва асар қаҳрамони ўртасидаги суҳбат бир одамнинг ички монологига ўхшайди”, деб ёзади Д.Коваленин. Шундан келиб чиқиб, Каламуш тимсолида қаҳрамон “нариги олам”га ёки ўзининг ботинига чекиниб, бешафқат реал ҳаётда тирик қолиш учун ўша ёқдан нажот қидиради, дейиш мумкин.
Бошқа айрим адабиётшунослар сингари Д.Коваленин ҳам Мураками ижодини буддавийлик фалсафаси билан боғлайди. Буддизмда борлиқ индивид психофизик ҳаётининг тўхтовсиз ривожланиб боришидан иборат, деб ҳисобланади. Шунинг учун бу таълимотда фақат индивиднинг руҳий ривожланиш босқичлари шарҳланади, ҳаётдан мақсад нима, борлиқнинг чек-чегараси борми, деган мазмундаги саволларга жавоб изланмайди. Бутун эътибор индивиднинг руҳий муаммоларига қаратилади. Мураками асарларида ҳам бош қаҳрамон нажотни ўзидан қидиради. “Шамол қўшиғини тингла” шу тафтишнинг ибтидоси бўлиб, адибнинг кейинги романларида қаҳрамон ўз ички оламига кўпроқ ва теранроқ чекингани сари асар воқеалари ҳам мураккаблашиб боради.
Одатда, жиддий асарлар омма орасида унча қўлма-қўл бўлмайди. Чунки ҳақиқий адабиёт намунасини тушуниб ўқиш, баҳо бериш, айниқса, бадиий тасвир санъатлари мураккаблашган бугунги даврда осон иш эмас. Лекин хориждаги китоб дўконларида асарлари детектив романлардан кўра кўпроқ сотилаётган Харуки Мураками жиддий мавзуларда ҳам оддий китобхонга завқ берадиган усулда ёзиш мумкинлигини кўрсата олди. Япон адибининг асосий ютуқларидан бири ҳам шу бўлса керак.
*Х.Муракамининг “Шамол қўшиғини тингла” романи таржимаси “Жаҳон адабиёти”нинг 2008 йил октябр ойи сонида босилди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 4-сонидан олинди.