Омон Мухтор. Она тили онадек муқаддас (2009)

Адабиёт газетамиз давра суҳбати уюштиргани хайрли иш.
Ўтган асрда неча бора ёзув (алифбо) ўзгаргани очиқ кўриниб турган “содда ҳолат” бўлса, тил ўзгариб боргани манзараси дарҳол кўзга ташланавермайдиган “мураккаб ҳолат”дир.
Ўз касбини озми-кўпми билган ҳар қандай (профессионал) ёзувчи бу манзарани тасаввур қила олади. Лекин тил ўзгариб боргани ёзувчи учун — иккинчи даражали ҳодиса, чунки у энг қадим замонлардан бу кунгача тўпланган бутун “тил бойлиги”дан фойдаланади. Ўзгаришларни ўрганишни эса тилшунослар ва маълум даражада адабиётшуносларнинг иши деб билади. Ёзувчи билимли, фақат адабиёт эмас, турли фанлардан саводли бўлишга мажбур. Дейлик, мен ҳаким эмасман, лекин тибни мутлақо билмасам, беморлар ва ҳакимлар ҳақида ёзганимни ўқиб, ўқувчи кулиши мумкин. Биров кўнглига олмасин, бизнинг ёзувчилар ва адабиётшунослар доим ҳам саводли бўлавермаган. Мен узоқ пайт матбуотда ишлаганман, келган кўп қўлёзмалар хароб эканлиги азобини тортганман. Ёзувчи ва адабиётшуносларнинг саводи қандай эканлиги ўқувчилар, бутун омма саводи масаласига бориб боғланади. Бизнинг ўқувчиларимиз олдинлар, ошириб айтганда, эллик фоиз китобхон эди. Ҳозир бу йигирма фоизга ҳам бормайди. Тараққиёт натижасими, ўзи-ўзи билан овораликми, ёзувчилар, адабиётшунослар — ўқиши шарт бўлган кишилар — ҳозир ойда-йилда китоб ўқимай қўйган. Мен шу даврада юрган кишиман, биродарларимиздан баъзан нималарни ўқиётганини сўрайман, улар аксари ўқимаётганини “пардалаш” учун Абдулла Қодирийдан гап бошлайди… Хуллас, ўқувчиларимиз саводи кўтарилиши — ёзувчи ва адабиётшуноснинг ҳам юксалишига олиб келади. Чунки, энг аввал, улар шу омма орасидан чиқади. Бундан ташқари, талаб жавобгарлик туйғусини оширади.
Тил ҳақидаги гапга қайтайлик. Қодирий асарлари тили жозибали, дейишади. Бу — ярим ҳақиқат. Аслини олганда, Қодирий, Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад ва бошқа адиблар насрида миллий руҳ жозибалидир. Умуман, тил — руҳга боғлиқ. Руҳнинг кўркамлиги, ҳаракати тилни безайди.
Давра суҳбатида бундай сатрларни ўқидим:
“Бир гап: бизнинг романларимизнинг тили ҳали-ҳалигача (демак, бу кунгача — О.Мухтор) “Ўтган кунлар” соясидан чиқа олмади. Бу фикрда муболаға ҳам, ҳиссиётга берилиш ҳам йўқ”.
Бунақа эмас-да, биродар. Сиз Ойбек, Қаҳҳорларни ҳам инкор этаяпсиз. Нима, кейинги бутун авлод ёзган асарлар тили “соя”да турибдими? Қодирийнинг даври, тили — руҳи билан янги-янги даврлар тили — руҳи фарқланиши (қолаверса, ҳар бир адибнинг ўз услуби, ифода тарзи борлиги) табиий эканлигини тушунишга тўғри келади. Сиз “Ўтган кунлар”дан бошқа нарсани ўқимасангиз, адабиёт айбдор эмас… Шу ўринда кузатилган воқеа. Бир куни “Минор” қабристонида Бухородаги Исмоил Сомоний мақбарасининг кичикроқ шакли ясалиб қўйилганини кўриб, қотиб қолдим. Буни яхши ниятда тиклашгандир? Лекин у машҳур ёдгорликнинг, бутун дунёдан одамлар келиб, ҳайратланадиган буюк ёдгорликнинг обрўсини тўкишга ярайди, холос. Адабиётда ҳам бунақа иш тутмаган маъқул!
Суҳбатнинг бояги нуқтасида яна бундай дейилган:
“Демак, адибларимиз ҳар доимгидан кўпроқ ишлаши, сўз излаши, ўзларининг миллатпарварлигини, тилпарварлигини ва энг муҳими, донолигини кўрсатишлари лозим”.
Қайсидир арбоб шундай нутқ ирод қилса, тишни-тишга қўйиб чидайсиз. Лекин камтар бир адабиётшунос, “адибларимиз” деб барчамизга бу тахлит “ақл ўргатиши” кишига малол келади. Умуман, баъзан адабиётшуносларнинг мақолалари ва суҳбатларда билдирган фикрлари “катталардан” — ўтмиш адиблару ғарб ёзувчиларидан ибратли бирон мисол келтириб, гўёки болага дарс бергандек оҳангда бўлиши ўринсиз. Бу шарқона оддий одобга ҳам кирмайди. Мен буни — ярим асрга яқин озми-кўпми фаолиятим давомида бундай “панд”ларни кўп эшитганим учун айтаяпман. Ишонинг, ҳар қандай адиб, ҳаттоки ҳаваскор ҳам “кўпроқ ишлаши, сўз излаши” кераклигию “миллатпарварлик, тилпарварлик”ни тушунишга ҳаракат қилади. Лекин гоҳ имкон, шароит йўқлиги, гоҳ адабий тарбия, биринчи навбатда, шахс тарбияси етишмаётгани — бошқа масала. Нима қилганда ҳам, адабиётшуноснинг вазифаси “нутқ ирод қилиш” эмас, муайян даврда яратилган маълум асарни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилишдан иборат, деб ўйлайман.
Давра суҳбатида айрим адиблару айрим асарлар мақталади. Танқидга келганда “Қайсидир ёзувчининг қайсидир асари” қабилида номаълум, ноаниқ (предметсиз) фикр юритилади. Баҳсга муносабат тарзида ёзилган Ҳусан Карвонлининг мақоласида — гарчи “Мувозанат” романининг яхши томонларига кам эътибор берилган ва сал аёвсизроқ ёзилган бўлса-да, — аниқлик (предмет) бор. Шу баҳонада айтиш керак. Балки, Улуғбек Ҳамдам асар тилида баъзи хатоларга йўл қўйгандир? Тажрибасизлик қилгандир? Лекин асарни нашр этганлар-чи? Наҳотки “ни“ билан “нинг”ни ажрата оладиган биронта муҳаррир топилмаган? Бу кун, ёзувчи саводли ёзган асарлар, ҳатто “Сайланма”лар ҳам, гоҳо ғиж-ғиж хато билан босилаяпти. (Ана, Шукур Холмирзаевнинг “Сайланма”си бобида Адабиёт газетамизда ўкинч билан фикр билдирилган эди.) Бу ҳолат умумий “об-ҳаво”ни, фақат имло эмас, тил масаласида “бепарво” бўлиб бораётганимизни кўрсатади! Шукур Содиқ иқтидорли шоир, сўнгги пайтлар мақолалар билан матбуотда фаол қатнашаяпти. Аммо унинг суҳбатга муносабатида ҳам аниқлик (предмет) йўқ. Бу кун биздан оний кайфиятдаги “енгил” мулоҳазалар эмас, йиллар давомида ўйлаб юриб, оғриб, қаноат ҳосил қилган фикрлар билан чиқишни талаб қилаяпти.
Аввалдан “бадиий наср” деган тушунча менга сал ғализ туюлади. Биз “бадиий назм” демаймиз-ку! “Адабий асар тили” дейиш тўғрироқ бўлса керак. Йиллар бўйи истеъмолда юрган “бадиий адабиёт”, “илмий адабиёт” деганлари ҳам таржимага ўхшайди. Бизда кўпчилик “адабиёт” деганда илмий бир китобни эмас, адабий асарни кўз олдига келтиради.
Она тили онадек муқаддас. Лекин онанинг қадрию муқаддаслик тушунчасининг мазмунини англаш учун кишида савод бўлиши керак. Савод эгаллагач, тафаккур шаклланади. Тафаккур шакллана боргач, барчамизнинг жисми-жонимизда бўлган “сўник руҳ” уйғона бошлайди, жонлана бошлайди. Тирик руҳ ифода шаклини излаб, буюк восита тил эканлигига иймон келтиради, ўзини тугал акс эттириш учун минг йиллик “унут” сўзларга ҳам, янги сўзларга ҳам мурожаат қилади. Тилнинг бутун бойлиги ва рангинлигидан “фойдаланади”.
Қуруқ “тил устида ишлаш” ҳеч нарса бермайди. Савод устида, тафаккур ва руҳ устида ишламасдан тилни “эгарлаб” ололмайсан. Сўз заргари бўлган — Шукур Холмирзаев таъбири билан айтганда, — “баъзан сўзнинг жонини суғуриб олган” устоз Абдулла Қаҳҳордек ёзувчи, қайсидир мавзудаги мақолада, тўрт-беш сатрда ўн битта “бир” сўзини ишлатганига кўзим тушиб қолди. Қаҳҳор бу мақолани кечаги кун зуғуми билан, саводи, тафаккурини ишлатмай, руҳсиз ҳолатда ёзган.
Ҳали ёш пайтим, ҳикоя ёзган эдим, ўқиш учун устоз Мирзакалон Исмоилийга бердим. Мирза ака ҳикояни тоза “бўяб” ташлабди. Аввалида хафа бўлиб, ёзганимни бир ёққа ташлаб қўйиб, узоқ муддат қўлимга қалам олмай юрдим. Кейин қарасам, ёзган ҳар бир сўзим ўзича тўғри, лекин менда катта маънодаги савод, тафаккур, айниқса, одамларга муҳим бир сўзни айтадиган руҳ етишмаган экан.
Тилни ўрганиш нуқтаи назаридан, етук саводга эга кишилар учрайди. Аммо улар ёзувчи эмас.
Қисқаси, умумий савод, китобхонлик ўсганда, ёзувчи тафаккур ва руҳ эгаси даражасига етганда, бизнинг катта адабиётимиз бу кунгидан ҳам кўра катта, оламшумул адабиётга айланади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 4-сонидан олинди.