Акмал Саидов. Даҳо санъаткор

Жаҳон адбиётининг буюк намояндаси Вильям Шекспирнинг ўнлаб асарлари ўзбек китобхонларига Абдулҳамид Чўлпон ва Мақсуд Шайхзода, Ғафур Ғулом ва Комил Яшин, Туроб Тўла ва Рамз Бобожон, Уйғун ва Жамол Камол, Қодир Мирмуҳамедов ва Саъдулла Аҳмад таржималарида тақдим этилган.
Дарҳақиқат, буюк адибларнинг шоҳ асарларига турли даврларда таржимонларнинг қўл уриши жаҳон адабиётида тез-тез кузатиладиган ижодий жараён.
Чиндан ҳам, Ғарб адиблари орасида асарлари халқимиз қалбидан Шекспир асарларичалик жой олгани кам топилади. Унинг асарлари фалсафаси ва руҳияти, маънавий дунёси ва адабий қадриятлари зеҳниятимиз ва миллий шууримизга шу қадар яқин ва ундошдир. Шекспир асарларини ўқиган китобхонни қисмати илоҳийнинг қалтис ўйинлари ва инсон ҳаётининг турфа манзаралари ҳайратга солади. Ўқувчи севги ва муҳаббат ҳам, мансаб ва мартаба ҳам, бир сўз билан айтганда, бу дунёда умр деб аталувчи қисқа муддат одамзод учун ғоят машаққатли бир синов, нозик имтиҳон эканига яна бир карра ишонч хосил қилади.
Вильям Шекспир — Англиянинг умуминсоний аҳамиятга молик буюк драматурги. Мутафаккир ва шоир сифатида у турли халқлар ва замонларнинг бошқа даҳо ёзувчилари билан бир қаторда кишилар қалби тўридан жой олган, десак муболаға бўлмайди. Шу боисдан биз бугунги кунда Шекспир номини тилга олганда инсон ақл-заковатининг куч-қудратини, бу қудратнинг авлоддан авлодга ўтишини, байналмилал табиатини ҳис қиламиз. Адабиётнинг жамиятдаги олий миссиясини Шекспир номи билан бевосита боғлаш ўринлидир.
Албатта, бу адиб тўғрисида янги гап айтиш ниҳоятда мушкул, чунки жаҳон адабиётшунослигида бутун бир йўналиш — шекспиршунослик соҳаси шаклланган. Шу сабабли, оддий китобхон ва драматургнинг ўлмас асарлари томошабини сифатида айрим фикрларни билдиришга журъат қиламиз, холос.
Баъзан, ахир, Шекспир замонида унинг ватандошлари орасида ҳам, бошқа мамлакатларда ҳам машҳур ёзувчи ва шоирлар бўлган-ку, деб ўйлаб қоласан. Бироқ фақат Шекспир ва Сервантес асарларига, неча юз йилдан кейин, бизнинг кунларимизгача фаол ва яратувчи таъсир кучини йўқотмасдан етиб келиш насиб қилган. Бунинг боиси нимада?
Ҳозирги замон жаҳон адабиётининг мумтоз сўз санъаткори Ч.Айтматов образли қилиб айтганидек, агар Шекспир ва унинг ҳамкасбларини ўз карвонини келажак сари елдириб бораётган сарбонлар, деб тасаввур қиладиган бўлсак, Шекспирни энг умрбоқий сарбон, дейишимиз мумкин. Унинг йўлдошлари аллақачонлар тарих сўқмоқларида қолиб кетди. Айримлари йўқликка равона бўлдилар, бошқалари карвонидаги моллари қадрсизлангани боис унутилдилар, баъзилари инқилоб бўронларига дуч келиб, давр ғоялари, ижтимоий асослар уларни рад этгани боис юкларидан айрилдилар. Ва фақат Шекспирнинг ижод мероси карвони вақт тўзонларини енгиб, бадиий сўзнинг асл маъносида давлатлар сарҳадларини, тоғлар ва саҳроларни, денгиз ва дарёларни ошиб ўтиб, бутун жаҳон бўйлаб кезмоқда, тобора кўпроҳ халқлар Шекспир карвони неъматларидан баҳраманд бўлмоқда. Бу карвон илгарилаб боргани сайин сайёрамиз халқларининг Шекспир билан мулоқотлари янада кенгайиб бормоқда, Шекспир дунёнинг барча тиллари ва лаҳжаларида яшамоқда.
Шекспир меросининг ҳаётийлиги кучи нимада ва XXI аср одамларини у нимаси билан ўзига ром қилади? Қанчалик ҳайратланарли бўлмасин, Шекспир сўз санъаткори ва мутафаккир сифатида бир вақтнинг ўзида ҳам оддий ва ҳам буюкдир. Балки шу жиҳати билан у биз учун севимлидир. Фикримизча, унинг асарлари бизни асло эски замонларнинг экзотикаси, ва, албатта, саройлар ва қироллар тарихи туфайли ўзига жалб этмайди. Шекспир адабий меросининг барҳаётлиги сири шундаки, адиб инсон ҳаётининг энг туб, одатий ва абадий муаммоларини, шахс, жамият ва давлатнинг ўзаро муносабатларини ҳайратга соларли бадиий образларда ифодалаган, абадий мавзуларнинг энг ҳаяжонли, “архимедона нуқталари”ни топишга мушарраф бўлган. Билъакс адабиётнинг мавзуси инсондир.
Ҳақиқий инсон қандай бўлиши керак, унинг олий матлаби, ҳаётининг мазмуни нимадан иборат — бу Шекспирни тўлқинлантирган ва ҳозирги замон кишиларини ҳам ўйлантираётган оддий, аммо доимий муаммолардир. Шекспир турмушнинг ушбу тарихий ва ҳаётий саволларига жавоб бераркан, асарларида улкан бадиий-фалсафий умумлашмалар чиқарганки, адибнинг ҳукм-хулосалари қаҳрамонларининг ҳис-ҳаяжонлари, ҳаётий маслак ва муддаоларига айланган.
Аслида оддий, бироқ абадий жумбоқларга диққатни тортаркан, драматург ёмонлик ва макр-ҳийла, пасткашлик ва ҳокимиятпарастлик ҳамда бедодликнинг шафқатсиз фош этувчиси сифатида намоён бўлади. У ўз қаҳрамонлари тимсолида тафаккур ва руҳ эркинлигини куйлаган, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги муросасиз курашни акс эттирган, адолатни ёқловчиларни, виждонига қарши бормайдиган олий фазилатли инсонларни юксакликка кўтарган, олижаноб хатти-ҳаракатлари, виждон тозалиги, севгида, мақсад ва ниятларида соф қалбли одамларни шарафлаган. Унинг аксарият қаҳрамонлари ёвузликнинг қора кучлари билан олишувларда фожиали ҳалок бўлишларига қарамай (айтмоқчи, унинг реализми ва тарихийлигининг ҳаққонийлиги қисман мана шунда) буни ҳаётбахш фожиа, нурнинг зулмат, янгиликнинг эскилик устидан маънавий ғалабаси сифатида идрок этамиз.
Уйғониш даврининг буюк сўз устаси сифатида Шекспирнинг доҳиёна реалистик маҳоратидан ҳайратга тушиш, у яратган инсоний фазилатларга эга қаҳрамонларнинг ҳаётий бус-бутунлигига таҳсин ўқиш мумкин, холос. Унинг қаҳрамонлари сийратида қарама-қаршиликларнинг мураккаб кураши кечади, шубҳа ва рашк, муҳаббат ва нафрат туйғулари, жамият олдидаги бурчи ва ўзининг шахсий тақдири тўғрисидаги ўй-хаёллар чарх уради.
Бугунги кунда замонавий мавзуда қалам тебратаётган ёзувчилар учун баъзан мана шундай шекспирона бадиий теранлик, ҳаёт ҳодисаларини кенг қамраб олиш салоҳияти етишмаётгандек. Глобаллашув шароитида, XXI асрда инсоннинг маънавий янгиланиши, оғир кечаётган жараёнлар билан тавсифланадиган зиддиятли воқеаларга бойлигини таъкидлаш зарур. Бу борада, назаримизда, ёзувчилар жамият олдида қарздор бўлиб қолмоқдалар. Шу муносабат билан бадиий маҳоратни кўпроқ Шекспирдан ўрганиш зарурга ўхшайди. Биринчи навбатда, ижобий қаҳрамон, инсонийлик ва мақсадга интилишни тасвирловчи буюк санъаткор бўлганлиги учун ҳам ундан ўрганиш лозим. Унинг ижод намуналаридан қай бирини кўздан кечирмайлик ёрқин, қалби бутун, ҳис-ҳаяжонли қаҳрамонларни кўрамиз. Айнан ортида Шекспирдек драматург “мен”и турган ижобий қаҳрамонлар муаллиф идеали ва муҳаббатининг тимсоли эканлигини ҳам қайд этиш зарур. Кучли эҳтирослар оловидан аланга ичида қолган, ёвузликка бўйин эгмаган, ўз виждонига қарши бормаган, ярамасликлар ва қора иллатларга қарши очиқ курашга отланган бундай ажойиб қаҳрамонлар биз учун бугунги кунда ҳам ғоятда қадрли ва севимлидир. Ҳамлет, Отелло, Қирол Лир Ромео ва Жулетта ёки бошқа бир адабий қаҳрамон бўладими, ўша даврдаги ҳаёт шароитлари ортида уларнинг инсон сифатидаги моҳиятини аниқ кўрамиз, бамисоли замондошимиздек уларнинг қувонч ва қайғуларига шерик бўламиз.
Шекспирнинг ижобий қаҳрамонлари тимсолида биз ниҳоятда мушкул вазиятдаги инсон қалбининг беҳад буюклигини кузатамиз. Чунончи, сарой фитналаридан зада бўлган Ҳамлетнинг ақл-заковати ва чинакам қаҳрамонга хос шижоати, навқирон Ромео ва Жулеттанинг соф муҳаббат туйғулари ҳануз тиниқлиги, худди кечагина юз берган ҳодисалар каби қалбларимизга изтироб солади, самимийликнинг юксак намуналаридан сабоқ беради. Сўзсиз, Шекспир замонидан бери сайёрамизда кўп нарсалар ўзгариб кетди. Бироқ адабиётнинг моҳияти ва вазифаси, яъни халқ манфаатларига хизмат қилиши, инсон ҳаётини реалистик тасвирлаши ўз қадр-қимматини йўқотгани йўқ.
Дарҳақиқат, ҳозирги давримизнинг долғаларига диққат билан қулоқ солсак, Шекспирнинг адабий мероси карвони келажакка томон ўз йўлини давом эттираётганини кўрамиз. Инсон виждони, софлиги ва улуғлигини ўзида ташиётган бу буюк карвоннинг замонлар оша дунё бўйлаб кезиши ниҳоя топгани йўқ. Зотан, XX асрда Шекспир карвони бизгача етиб келганлигини фахру ғурур билан таъкидлаш жоиз. Қолаверса, Вильям Шекспир бадиий ижоди, жаҳон адабиётнинг узвий бир қисми ўлароқ, барча эллар ва элатлар маданиятига, маънавиятига дахлдордир. Зеро, жаҳонда Шекспир асарлари намойиш этилмаган театр топилмаса керак.
Ўзбек миллий театри шаклланган илк кунлардан бошлаб Шекспир асарлари саҳналаримизда она тилимизда жаранглади ва биз умуминсоний маданий меросга бўлган чанқоғимизни қондириш учун унинг санъат булоғидан баҳраманд бўлдик. Ўзбек театр санъатида ўчмас из қолдирган атоқли режиссёр Маннон Уйғур 1935 йилдаёқ Абдулҳамид Чўлпон таржимасидаги “Ҳамлет”ни, кейинроқ “Отелло”ни саҳналаштирган. Ҳозир Ўзбекистондаги театрларда унинг кўплаб драмалари, трагедиялари ва комедиялари, асарлари сюжетларига ёзилган опера ва балет спектакллари намойиш қилинмоқда. Ўзбекистонда Шекспир қаҳрамонлари ролларини юксак маҳорат билан ижро этган улкан театр дарғаларининг бутун бир авлоди етишиб чиқди. Улардан Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурхонов, Олим Хўжаев, Сора Эшонтўраева, Наби Раҳимов номларини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
XXI асрда ҳам Шекспир ижоди тимсолида инсоннинг ҳаёт тажрибаси авлоддан авлодга ўтишини, умуминсоний маданият бардавомлигини, гўзаллик тушунчаси барқарорлигини кўриш мумкин.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 3-сонидан олинди.