Иброҳим Ғафуров. Асил муаллим — таржимон ва тадқиқотчи (2009)

Таниқли адабиётшунос олим, ижодкор таржимон Асил Рашидов узоқ йиллардан бери Чингиз Айтматов ҳаёти, ижодиётини ўрганиш билан шуғулланади. Уни ҳақли равишда Айтматовнинг ўзбек таржимони деб билишади. Шу билан бирга, у Айтматов асарларининг ўзбек китобхонларига муҳаббатли тарғиботчиси.
Асил Рашидов ўтган аср эллигинчи йилларининг ўрталарида Миллий университет таҳсилини тугаллаб, мустақил ҳаёт, меҳнат жабҳаларига қадам қўйган кезлар адабиёт осмонида янги бир юлдуз барқ уриб уфқдан кўтарилди.
1958 йилда ёш қирғиз адиби Чингиз Айтматовнинг кетма-кет “Юзма-юз”, “Жамила” деган қиссалари Москванинг машҳур “Октябрь”, “Новый мир” журналларида босилиб чиқди. Ёшликнинг тенгсиз завқ-қудрати билан ёзилган, бир нафасда, тин олмай, ютоқиб ўқиладиган бу мўъжаз шедеврлар дарҳол Александр Твардовский, Мухтор Авезов, Луи Арагон, Шостакович каби буюк санъаткорларнинг назарига тушди. Фавқулодда ёрқин тарихий ҳодисалар ҳалқа-ҳалқа бўлиб юзага чиқиб, дунё бўйлаб ажойиб-ғаройиб шов-шувларга сабабчи бўла бошлади. Дунёга танилган француз адиби Луи Арагон “Жамила”ни француз тилига таржима қилди ва ўша пайтда 200 минг нусхада чоп этиладиган “Юманите” газетасида сонма-сон чиқиб турди. Луи Арагон “Жамила”ни дунё адабиёти тарихидаги энг гўзал севги қиссаси, деб атади. Шундан эътиборан қирғиз адиби номи ва асарларининг жаҳон сарҳадлари оша мислсиз ғолибона юриши бошланди. Чингиз Айтматов шу пайтгача дунё адабиётида мисли кўрилмаган эъжозий илҳом билан 60-йилларда “Сарвқомат дилбарим”, “Бўтакўз”, “Биринчи муаллим”, “Сомон йўли”, “Алвидо, Гулсари!” сингари дунё адабиёт ихлосмандларини қаттиқ тўлқинлантирган, ҳаяжонлар уммонига ташлаган асарларини яна ўша буюк талант эгасига хос тарзда бир зум кетини узмай бирма-бир тақдим этди. Жаҳон бўйлаб Айтматов баҳслари ва Айтматов таржималари бошланиб кетди.
Биринчи бўлиб Асил Рашидов Айтматовнинг илк қиссаларини ўзбек тилига таржима қилди. Ўзбек китобхони Айний, Қодирий, Чўлпон, Авезов, Кербобоев, Ойбек, Ғафур Ғуломларни қандай муҳаббат билан қабул қилган, ўқиган, ўз маънавий-эстетик мулкига айлантирган бўлса, Айтматовнинг илк қиссалари ва ундан кейин кўкка кўтарилган ёрқин юлдуз туркумларини шундай муҳаббат, завқ-шавқ билан қабул қилди, ўқиди ва ҳеч айрилмас гўзаллик мулкига айлантирди. Бунда Асил Рашидов таржималарининг табиий шоироналиги, экспрессив-ҳаяжонли интонацияси, туркиёна халқчил муқобилларга бойлиги ўз ўрнига эга бўлди. Таржима бу — бошдан-охир тушуниш ва талқин санъати. Асил Рашидов ўз таржималарида тушуниш ва талқин санъатини яхши эгаллаганлигини, бадиий ифодавийликда буюк адиб услубига тўла эш-йўлдошлик қилолганини кўрсатди. Албатта, Чингиз Айтматовнинг янгидан-янги асарлари дунёга кела бориши билан унинг яна янги таржимонлари ҳам сафга турди. Лекин уларнинг ҳаммаси Асил Рашидов таржималари ичида қайнаб, унинг тажрибаларидан улги олди, ўрганди, десак ҳақиқатга хилоф бўлмайди.
Асил муаллимнинг таржимонлик маҳорати, синчковлиги, изчиллиги, изланувчанлиги айниқса, “Оқ кема” ва “Асрни қаритган кун” романларини ўзбекчалаштиришда ёрқин тарзда намоён бўлди. Унинг сўз-ифода излашдаги эволюциясини тасаввур қилиш учун оддий бир-икки мисолга эътибор беринг: “Тополёк мой в красной косынке” қиссасининг номи биринчи ўзбекча нашрида “Қизил дуррачали сарвқоматим” эди, иккинчи нашрида у “Қизил дуррачали саравқоматим” бўлди, асарнинг учинчи ва кейинги нашрларида “Сарвқомат дилбарим” деб ўзгарди. Асар шу ном билан шуҳрат топди, худди “Ўткан кунлар” деган ном каби бутунлай ўзлашиб кетди. Ёки “И дольше века длится день” “Буранный полустанок” номининг эволюциясини кузатинг: “Асрга тенг кун” — “Асрга татигулик кун” — “Асрни қаритган кун”… “Инжили Шариф” манбаларида учровчи бу бағирдор ибора “асрни қаритган кун” деб ўзбекча қўним топиб, мағизли, маъноли, пурҳикмат образли иборага айланди.
Асил муаллим Чингиз Айтматов асарларини ўзбек тилига таржима қилиш билан чекланмай, уларни кенг китобхонлар ўртасида қарийб эллик йилдан буён муҳаббат ва изчиллик билан тарғиб-ташвиқ қилиб келади. Ўзбек ўқувчисини Айтматов асарларининг бадиий-эстетик оламига, мураккаб мундарижасига, характерлар яратиш санъатига, давр ва инсон тақдирларининг динамикаси, ҳаётий муаммолар ва ғоялар дунёсига олиб киради, кейинги эллик йилликда вужудга келган айтматовшуносликда авжи бир зум тўхтамаган ва пилиги пасаймаган ранг-баранг баҳсларга тўхталади, уларга ўз муносабатини билдиради. Баҳслардаги нозик қирраларга ўзбек ўқувчисининг эътиборини тортади.
Асил муаллимнинг Айтматов асарларига таҳлиллари ва ўзига хос содда, ишонарди талқинлари китобхонни Айтматовга яқинлаштиради, муҳаббат уйғотади, бу асарларни қайта-қайта ўқишга чорлайди. Асил муаллим ўқувчисини илҳомлантиради, ҳаётий, маънавий сабоқлар, хулосалар чиқаришга кўмаклашади. Ахир адабий таҳлил ва талқиндан кузатиладиган бош мақсад ҳам шу эмасми!
Эллигинчи йиллар охири ва олтмишинчи йилларда Чингиз Айтматов, Василь Быков, Грант Матевосян, Акром Айлисли, Анор, Распутин, Гончарь, Дудинцев, Тендряков, Астафьев, Белов, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов асарлари тирик уриб турган юраги, дардли, безовта, ҳақиқатгўй гимни билан бадиий ва ижтимоий-бадиий фикрни янги мислсиз уфқларга олиб чиқди.
Адабиётшунослик адабий танқидни ҳам янги талқин чўққиларини эгаллашга даъват этди. Унинг янги сифат, мазмундорлик, таъсирчанлик даражасига кўтарилишига йўл очди. Бу, айниқса, ўша адибларнинг асарлари устида бўлган жўшқин, теран, эҳтиросли баҳс-мунозараларда жуда ёрқин кўзга ташланди.
Асил муаллимнинг Чингиз Айтматов асарларига таҳлил ва талқинлари 60-йиллардаги гўзал, ақлли, фикрга бой баҳсларнинг нафаси ва шабадаларига ҳамоҳангдир. Улардан ўша даврга хос илғор ёндашувларни уқиб олиш қийин эмас.
Ўзбекистонда айтматовшунослик ўз ўрни, ўз овозига эга. Ғайбулла Саломов, П.Мирзааҳмедова, Асил Рашидовнинг малакали, ишонарли, жонли тадқиқотлари Чингиз Айтматовнинг шарқона, ўзбекона англамлари каби тушунилади, қабул қилинади.
Табиийки, улар Айтматовни билиш, севиш, ўрганишда сўнгги нуқта эмас. Айтматовни ўрганиш янги замонларда янги, ҳали очилмаган, кашф этилмаган сарҳадларга чиқади. Зеро, улуғ адиб Чингиз Айтматов асарлари талқинларда туганмас кашфиётларни давом эттиришга туганмас имконлар тортиқ қилаверади. Бизни Чингиз Айтматов ижодий мактаби бағрига олиб кирган бу китоб ўз маърифати билан қимматли.
Йирик ишларга туғилган одамлар бўлади. Асил муаллим шундай ижодкорлардан бири. Бунинг исботи — унинг китоблари, шу жумладан, “Чингиз Айтматовнинг бадиий олами” монографиясидир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 3-сонидан олинди.