Улуғ истеъдодлар содда бўлади. Василий Шукшиннинг қизи Мариянинг отаси ҳақидаги хотираларини эсланг: “Дадам мен билан Олгадан жонини ҳам аямасди. Мен касалмандроқ эдим. Отам кароватимда соатлаб ўтирарди. Қулоғим оғриганида тезроқ соғайишимни тилаб илтижо қилгани эсимда. Дадам уйда бўлганларида ойимдан болаларни ўзлари ухлатгани ётқизишни сўрардилар. Фақат дадамгина бизга кечалари эртак айтар, воқеаларни йўл-йўлакай тўқиб кетаверардилар. У энг яхши энага эди. Отам хонасида чека бошласа, мен сигаретасини олиб, яшириб қўярдим.
Менга “Машенка, сигарета бер”, деб орқамдан юриб ялиниши ёқарди. Мен у кишини соғинардим, ёнимда бўлишларини истардим, чунки дадам кўп вақт сафарда бўларди”.
Бор-йўғи қирқ беш йил умр кўриб, унинг асосий қисмини оддий одамлар орасида ўтказган Шукшин қанчалар оддий инсон бўлганига бундан ортиқ далилнинг ҳожати бўлмаса керак.
Ўткир Ҳошимов ва Хайриддин Султонов таржимасида нашр қилинган “Чол, қиз ва офтоб” номли ҳикоялар тўпламини бир ўқиб кўринг. “Қишлоқилар” ҳикоясида Маланья бувининг Москвага келишни таклиф қилган ўғлининг хатини ўқиб, қанчалик саросимага тушиб қолгани кулгингизни қистайди. Унга ачинишни ҳам, устидан кулишни ҳам билмайсиз. Бувининг невараси Шуркага маслаҳат солиб, ўғлимникига борсамми-бормасамми, дея иккиланишлари содда қишлоқ аёлининг характерини очиб беради.
Атиги ўн олти йилгина қалам тебратган адиб баъзи ижодкорлар эллик йилда ҳам уддалай олмаган сермаҳсул ижод хирмонини яратиб кетди. Ярим мингта ҳикоя яратишнинг ўзи бўладими? “Эрк бергали келдим қошингга” ҳамда “Любавинлар” романлари ва яна учта қиссаси ҳам бор. “Хўроз уч қичқиргунча” (Сулаймон Раҳмон таржимаси)ни эса қайта-қайта ўқигинг келаверади.
Асар нуқул диалоглар асосига қурилган. Диалоглар орқали қаҳрамонлар характери шундай қойилмақом тасвирланганки, ҳатто ўша образга прототип бўлиб чиқадиган киши: “Ёпирим-ей, менга худди қуйиб қўйгандек ўхшар экан”, дея ҳайратланиши турган гап.
Ўқувчини бу даражада асир қилиш, сеҳрлай олиш ҳар қандай адибнинг ҳам қўлидан келавермайди. Адабиётшунослар Юрий Казаковни Бунинга, Валентин Распутинни Достоевскийга ўхшатишади, қиёслашади. Василий Шукшинни эса “замонавий Горкий” дея таърифлашади.
Воқеаларни тасвир этиш услубига кўра улар бир-бирларига ўхшаши мумкин. Бироқ улуғ адибнинг ўз ижоди ҳақида нималар деганини ҳам бир ўқиб кўринг: “Ҳикояда ҳамма нарса тушунарли, ҳатто ундан ҳам зиёд бўлишини истайман”.
“Адабиётда ҳамма вақт қандайдир спорт мусобақасига ўхшаган ҳолат бор. Қани ким ихчамроқ ёзади? Ким мураккаброқ! Ким журъатлироқ! Ҳолбуки, адабиёт — ҳақиқатдир. Кашфиётдир. Унда ким дадилу ким мураккабу, ким эпикроқ — бунинг ҳеч аҳамияти йўқ. Ҳақиқат борки, адабиёт бор”.
Ёзувчи яратган барча асарларида, бешта бадиий филмида бунга оғишмай амал қилди, ростгўйликни, ҳақиқатни ўз ижоди учун шиор қилиб олди.
* * *
Василий Шукшинда Оллоҳ томонидан берилган буюк истеъдоддан ташқари ҳаётий тажриба ҳам мўл бўлганини биласизми? Мураккаб, бунинг устига оғирдан-оғир ҳаёт йўлини қадамма-қадам босиб ўтишга тўғри келганини эшитганмисиз?
Аввало, Шукшиннинг онаси Мария Сергеевна ҳақида. “Менинг онам… икки бор турмуш қурди… Икки бора ҳам бева қолди, — деб ёзади адиб. — Биринчи марта йигирма икки ёшида, иккинчи марта ўттиз бир ёшида тул хотинга айланди. Фарзандлари камоли учун жуда кўп куч-ғайрат, нафсиламбрини айтганда, бутун ҳаётини бағишлади. Энди у ўғлим одам сонига кириб қолди, шаҳарнинг каттакон амалдорига айланган, деб ўйлайди. Майли, ўйласа, ўйлай қолсин. Ҳикоя ёзишни мен онамдан ўрганганман”.
Отаси-чи? Отаси Макар Леонтьевич халқ душмани дея қораланиб, отиб ташланган. Учта холасининг ҳаммаси бева бўлиб қолганини айтмайсизми? Ҳаттоки синглиси Наталья ҳам бева эди.
Василий Шукшин Сталин вафотидан бир йил кейин — 1954 йили Олтой ўлкасидаги Сросткини қишлоғини тарк этди. Москвада ўқиди. Ўшанда ҳам жигарларини, биринчи навбатда жондан азиз онасини йўқлаб турди, унга кетма-кет хатлар ёзди. Адибнинг Шерали Сокин таржимасида эълон қилинган хатларидан бирига кўз югуртирайлик:
“Меҳрибоним, онам!
Мен соғ-саломатман, ишларим жойида. Соғлигим ҳам чакки эмас. Мана, картинада кўрарсиз, ҳатто семирганман. Ҳаммаси кўнгилдагидай, қадрдонгинам.
Онажон, агар малҳам бироз беҳузур қилса, у ҳолда дорини тунда, уйқу олдидан ичинг. Муҳими, у кишини уйқуга мойил қилади. Дорини ичиш жараёнини иложи борича узоқроқ давом эттириш керак. Одамлар йиллаб ичишади: ўрганиб кетишади, ҳатто ёши бир жойга бориб қолганлар ҳам ичишади. Нима бўлганда ҳам мазкур доридан Сизга ҳеч қандай зиён-заҳмат етмайди.
Қизалоқларим худога шукур, чопқиллаб юришипти. Яқинда Москвада уч кун бўлиб, Маша билан у ўқийдиган мактабда бўлдим… Ҳам куласан, ҳам куясан. Уни мактаб ўқувчиси дегани ҳам тил бормайди. Уззу кун Олга ва қуён билан (квартирамизда қуён асраганмиз) ўйнаб, уй вазифаларини унутади.
Мана шундай икир-чикирларни ҳисобга олмаганда, хотиржаммиз. Юборилган посилкангиз ҳақида хабар келди. Аммо якшанба куни эди. Лида ҳозир Болгарияда (10 кунга, биринчи октябрга қадар), болаларимга қайнонам қараб турибди. Эҳтимол, посилкани қайнонамга беришар, йўқ дейишса, Лида келади”.
Василий Шукшин онасини шунчалар яхши кўрар эдики…
Ахир, онаси не-не азоб-уқубатларини бошидан кечирмади. Эри халқ душмани сифатида отилиб кетганидан кейин яна турмуш қурди. Павел Николаевич Куксин билан бир ёстиққа бош қўйди. Василий Шукшин ана шу кишининг тарбиясини олди. Лекин, ўгай отаси ҳам урушда қазо қилди. 14 ёшли Василий уруш айни қизиган паллада Бийск автомобил техникумида ўқир эди. Отасининг ўлими сабаб моддий жиҳатдан яна ночор аҳволга тушиб қолишди, ўқишни ташлаб кетишга мажбур бўлди. У ҳатто ҳарбий билим юртидан ҳам ўқимай кетиб қолганди.
Буюк адиб беҳудага “Қишлоқилар”, “Она қалби” ҳикояларини яратмаган, уларга бош қаҳрамон қилиб онани танламаган кўринади. Бунинг асосий сабабларидан бири мунис ва меҳрибон онасига бўлган меҳри эди.
“ — Айланай, болажонларим! — йиғлаб юборди у. — Ичганда ҳар нарса бўлиши мумкин-ку, ахир?! Маст бўлгандан кейин уришгандир… Раҳм қилинглар унга!..
Онанинг бу аҳволига чидаб туриш осон эмас эди. Унинг ноласида шунча ғам, алам, ташвиш тўлиб-тошган эдики, бу ердагиларнинг ҳаммаси ноқулай сезарди ўзини. Ким тескари ўгирилиб олди, ким эса сигарет ёқиб чекишни бошлади…
— Ёлғиз ўғлим. Менга қарайдиган ҳам, боқадиган ҳам шу. Яқинда у уйланмоқчи эди. Агар уни қамаб қўйишса нима бўлади-а? Қиз эса яхшигина эди. Дуруст оиланинг фарзанди эди, эссиз…”
* * *
Василий Макарович Шукшиннинг қизлари ҳам онаси каби меҳрибон эдилар. Унинг учта қизи бор эди.
Отасининг орзулари бир дунё бўлганини қизи Мария ҳам эътироф этади: “Онамнинг айтишларича, дадам серфарзанд бўлишни, ўғил кўришни орзу қилган экан. Ўғил кўрса исмини Макар ёки Степан Разиннинг шарафига Степан деб атамоқчи экан. Агар дадам эрта ўлмаганида эди, ойим билан икки қизга қараб ўтирмасдан яна фарзанд кўришарди, деб ўйлайман. Ўз вақтида дадам мен билан синглимга “Агар ўғил кўрсангизлар исмини Макар қўйинглар” деб тайинланган эди. Синглим ўғлининг исмини отамнинг шарафига Василий деб қўйди. Менинг эса Макар деган ўғлим бор. Бундай исм учун дадамдан жуда миннатдорман. Бу ҳақиқий эркакча исм”.
Илгари “Василий Шукшин кўп ичадиган киши бўлган, чекишни ҳам хуш кўрган. Аммо, қизларидан бири, тўғрироғи, Мария сабаб бўлиб ичишни деярли ташлаб юборган”, деган гаплар юрарди. Мария Шукшина “Аргументы и факты” газетасига берган интервюсида бу воқеага ойдинлик киритади: “Истеъдодли шахсларнинг ютуқ ва камчилиги кўп бўлиши табиий. Тўғри, отам ичкиликка ўч бўлган. Аммо, фарзандларнинг туғилиши ҳаммасини ўзгартириб юборди. Онамнинг айтишича, бир неча ойлигимда отам мен билан сайр қилгани чиқади. Мен ётган аравачани кўчада қолдириб, қандайдир “дўстлари” билан пивохонага киради. Уйга ёлғиз қайтади. Онам эшикни очиши билан “Маша қани?” деб сўрайди. Дадам пешонасига уриб, бурилади-ю, шамолдек учади. Онам ўзини йўқотиб, зинапояда эмаклаб қолади. Чунки, биз сайрга чиққанимиздан буён анча вақт ўтган экан-да. Худога шукурки, улар мени қўйиб кетилган жойдан топишади. Мен ҳаммаёғимни ҳўл қилганча ухлаб ётган эканман. Яхшиям аравачани биров ҳайдаб кетмапти. Шундан сўнг дадам ҳатто байрамларда ҳам бир томчи ичмайдиган бўлдилар. Мен яқинда Леонид Куравлев ва рафиқасидан: “Дадам ҳеч бўлмаганда янги йилда бир қадаҳ ичган бўлишлари мумкин-ку”, деб сўрадим ва “ҳеч қачон” деган жавобни эшитдим”.
Бу фикрлар шундан далолат берадики, Василий Шукшинда камдан-кам кишиларда бўладиган ирода, фарзандга меҳр кучли бўлган! Ўта оғир азоб-уқубатларни, қийинчиликларни бошидан кечирган, меҳнатда тобланган адиб сабот-матонатли ҳам эди! Икки ўқув юртини ташлаб кетиб, ўн саккиз йил чилангарлик қилишнинг ўзи бўларканми? Бунинг учун меҳнаткашликдан ташқари чидамлилик ҳам бўлиши шарт эмасми? Ҳисоблаб кўринг. Бор йўғи 45 йиллик умр. Унинг атиги ўн олти йили ижодга — қалам тебратишга бағишланган.
Ўн саккиз йил оддий ишчилик! Бунинг устига квартираси бўлмаган ва доим сафарларда кечган аксарият вақтларда ётоқхоналарда, меҳмонхоналарда, шифохоналарда ижод қилишга мажбур бўлган…
Шулардан ортиб онасига, хотинига, қизларига меҳр қўйганини айтмайсизми? Биринчи турмуш ўртоғи Виктория Сафроновна унга қиз туғиб беради. Аммо, нима учундир буни иккинчи оиласидан сир тутишга уринади.
Адиб 34 ёшида Виктория Сафроновнага уйланганди. Кейинчалик, Лидия Николаевна билан турмуш қурди. Ундан икки қиз кўрди. Уларнинг исми Мария ва Олга эди. Улар кинорежиссёр ва телевидение ходими сифатида танилдилар.
* * *
Севги деганлари наҳотки ёлғон туйғу бўлса? Ахир, Василий Шукшин ҳам Лидия Николаеевна Федосеева-Шукшина ҳам бир-бирини шунчалик севишардики… Ҳатто, буни — ёзувчи ўлимидан сўнг турмуш ўртоғи эрга ёлчимай қолишини тасаввур қилиш мушкул эди.
“Аргументы и факты” газетаси Василий Шукшиннинг ўлимидан сўнг унинг умр йўлдоши Л.Н.Шукшинанинг сўзларини эълон қилганди. Унда қуйидагилар ёзилган: “Ҳозир ҳисоблаб кўраман… йўқ, тўрт марта эмас, ҳозир расмий жиҳатдан учинчи эрим билан яшаяпман. Биринчи марта ёшлигим, ахмоқлигим сабабли на мен, на у бахтли бўлдик: хуллас хато қилдик. Ҳар ким хато қилиши мумкин. Биз тезда ажрашиб кетганмиз. Кейин Шукшинни учратдим. Албатта, у тақдиримга битилган иқбол эди. Тўғри, унинг феъл-атворига унча-мунча одам чидай олмасди, лекин мен у пайтлари анча кўнгилчан, сабр-тоқатли эдим. Шукшиндан кейин оператор Михаил Аграновични учратдим: ажойиб инсон эди. Менга болаларимни вояга етказишда ёрдам берди. Биз енгилтаклигимиз оқибатида ажралишиб кетдик. Янглишмасам, у ҳам энди пушаймон қилаётган бўлса керак. Биз у билан ЗАГСдан ўтмаган эдик. Ҳозирги эрим билан 1986 йили Польшада танишганмиз. У ерда “Янушка ҳақида баллада” филми суратга олинаётганди: шунақа саккиз серияли поляк филми бўларди. Бу филм Польшада жуда машҳур бўлиб кетган, мен бош ролни ижро этганман. Менга “Санъат” ордени беришган эди. Ўша филмда Марек рассом эди”.
Василий Шукшиннинг ўлимидан сўнг унинг умр йўлдоши мана шундай аҳволга тушиб қолди. Мария Шукшина онасининг юқоридаги каби хатти-ҳаракатларига салбий муносабат билдирмайди. Журналистнинг “Лидия Николаевна тақдирнинг кўрлигию-бебақолигига тан бериб, ўзига нафақат яшашга, ҳатто севишга ҳам эрк берди” деган таънали саволига жавобан шундай дейди: “Ҳа, у отам вафот этгач, кинооператор Михаил Аграновичга турмушга чиқди. Бу одам менга саккиз ёшимдан ўн саккиз ёшимгача тарбия берди. Бунинг учун мен ундан миннатдорман. Дарвоқе, у мени ажойиб пишириқлар пиширишга ҳам ўргатди. Кейинроқ ўгай отамни онам бошқа бир эркак-поляк эри билан алмаштирди. Сўнгра эса Бари Алибасов билан Лайлию-Мажнун бўлиб қолди. Мен онамнинг бундай ишқибозликларига хотиржамлик билан қарайман. Шахсий ҳаётига аралашгим келмайди.”
* * *
Василий Шукшин ижодини кинодан айри ҳолда ўрганиш ҳам, тадқиқ этиш ҳам мушкул. Чунки, у бутун ҳаётини турли филмларда актёр сифатида роллар ижро этишга бағишлади. Кўпгина филмларга режиссёрлик қилди. Ҳайрон қоласан киши. Бунга қандай қилиб улгурди экан? Ўнтага яқин сценарий ёзишнинг, салкам ўттизга яқин рол ижро этишнинг ўзи бўладими? Бунинг учун қанчалик кўп вақт, машаққатли меҳнат зарур эмасми? Бешта филмни яратишга, романлар, қиссалар, юзлаб ҳикоялар ёзишга қандай муваффақ бўлди экан? “Алвон бодрезак” филми шов-шув бўлганидан хабарингиз борми?
Филмдаги Игор образи шунчалик мукаммал эдики… Шукшиннинг ўзи ҳатто: “Унга жуда ачинаман. Бу тақдир юрагимни ниҳоятда ачиштиради. Шароит бошқача бўлганида у тамоман ажойиб инсон бўларди” дейди ўкинч билан.
“Алвон бодрезак” филми кутилмаганда юзага келди. Адиб бир куни вояга етмаганлар қамоқхонасига бориб учрашув ўтказди. Бу воқеадан, учрашувдаги фикрлардан ниҳоят даражада таъсирланди. Ҳатто уч кун ўзига келолмай юради. Ва ниҳоят шу ҳодиса сабаб филм яратиш ғояси туғилади.
Василий Шукшин зўр маҳорат, катта ҳаяжон ва меҳнат туфайли филм сценарийсини ёзиб тугаллайди. Аммо… Унга қаршиликлар кўп бўлди. Ҳатто суратга олиш жараёнида ҳам ночор аҳволга тушиб қолди. Горкий номидаги киностудия ва тегишли идоралар ҳаттоки уни плёнкадан ҳам қисиб қўйди. Бир амаллаб шалағи чиққан асбоб-ускуналар билан кинони ниҳоясига етказади.
Лекин, Шукшиннинг бахтига бир нечта филмларга қўшиб “Алвон бодрезак”ни ҳам Леонид Ильич Брежневга кўрсатиш учун олиб кетадилар. Тавба, кино соҳаси мансабдорларига ёқмаган бадиий филм бирданига Брежневни қизиқтириб қўяди!
Давлат кино қўмитасидаги амалдорлар кўкларга кўтариб мақтаган филмлар бир ёқда қолиб, Леонид Ильич айнан “Алвон бодрезак”ни яхши кўриб қолганини айтмайсизми? Ҳаттоки уни томоша қилиб ўтириб кўзларидан шашқатор ёш чиқиб кетганини ўзиям сезмай қолади. Табиийки, давлат раҳбарига жуда маъқул келган бадиий филм бошқаларни ҳам бефарқ қолдирмайди.
Танқидчи Владимир Соловьев “Сценарий ва филм” мақоласида шундай ёзган эди: “Мен Ленинградда, “Космонавт” кинотеатрининг олдида яшар эдим. “Алвон бодрезак” бадиий филмига билетни бир кун олдин бўлса-да навбатга туриб олишимга тўғри келган эди. Нега? Бунинг сабаби нимада? Муаллиф бугунги давр драматизмини асарга сингдириб юбора олган, қаҳрамонни фожиага — ўлимга олиб келган ҳодисалар оқибатини теран тадқиқ эта олганди”.
“Кўл бўйида”, “Халоскорлик”, “Мишка, Серёжа ва мен”, “Журналист” сингари филмлар яратилишида унинг хизмати беқиёс бўлганлигини ҳали-ҳануз эҳтиром билан эслайдилар. Давлат кинематография институтининг режиссёрлик факултетини битирган Василий Шукшин рус кино солномасига улкан улуш қўшганлардан бири сифатида тилга олинади. Шу боисдан ҳам машҳур кинорежиссёр Сергей Герасимов у ҳақда: “Бу ёзувчи, режиссёр ва актёр менга яхши таниш. Мен уни кинематография соҳасидаги таржимаи ҳоли бошланган ёшлик чоғидан биламан”, дейди.
Унга Давлат мукофоти, РСФСРда хизмат кўрсатган санъат арбоби унвонлари бежиз берилмаган. Агар 45 йил эмас, эҳтимол, ҳеч бўлмаганда 65 йил яшаганида, балки Нобел мукофотига ҳам сазовор бўлиши тайин эди…
* * *
Ўзбек ўқувчилари Шукшин асарларини асосан Асқад Мухтор, Ўткир Ҳошимов, Хайриддин Султонов, Эркин Миробидов, Шодмон Отабоевлар таржимасида ўқиш шарафига мушарраф бўлганлар. Аммо, кейинги йилларда ҳам бу хайрли юмуш бир жойда депсиниб қолгани йўқ. Яхши асарлардан бири “Куёвим бир машина ўтин ўғирлади” Шерали Сокин таржимасида чиқди. “Микроскоп” эса Меҳмон Исломқулов томонидан ўзбекчага ўгирилди…
Қани энди истеъдодли таржимонларимиз ёзувчининггина эмас, жаҳон адабиётининг ўлмас бадиий мулкига айланган “Эрк бергали келдим қошингга” романи, “Узоқ-узоқларда”, “Алвон бодрезак” ҳамда “Мени ёрқин уфқларга чорла” сингари ажойиб асарларини ўзбек китобхонлари мулкига айлантиришса, дея орзу қилгинг келади!
Яна икки йилдан сўнг адибнинг туғилганига 80 йил тўлади. Эҳтимол, ана шу юбилейгача бу асарлар ўзбекчага таржима қилинар, дея умид қиламиз.
* * *
Василий Шукшиннинг ўлими ҳақида сўз кетганда, юрак ларзага келади. Бу ачинишми ё улкан адибга нисбатан меҳрми — буни дарров англаб етолмайсиз.
Ёзувчининг ўзи ўлимини олдиндан сезган, деган тахминлар ҳам йўқ эмас. Мана, қизи Мариянинг сўзлари: “Отамиз вафот этганда мен саккиз ёшда эдим. Энг чуқур ва энг қайғули хотира унинг “Улар ватан учун жанг қилдилар” филмига суратга тушиш учун жўнаб кетаётгандаги ҳолати бўлса керак, деб ўйлайман. Мен уни машинагача кузатиб бордим. Ярим йўлда тўхтаб, у мени ўпиб қўйди. Машинага ўтиргач, менга қайрилиб қаради. Унинг кўзлари ёшли эди. Бу видолашув нигоҳи эди. Бу нигоҳни бир умр эслаб қолдим. Отам филм суратга олинаётганда вафот этган”.
Аслида қандай бўлганди? Расмий маълумотларга таянадиган бўлсак, у 1974 йилнинг 2 октябрида, тунда “Дунай” теплоходи каютасида оламдан ўтган. Ўша кунлари уларнинг гуруҳи Волгаград яқинидаги Мелологовский хуторида Михаил Шолоховнинг “Улар ватан учун жанг қилдилар” филмини суратга олишаётганди. Бу филмда Шукшин Лопахин ролини қойилмақом қилиб ижро этаётганди.
Балки, Шукшин касалликдан, оғир дарддан азият чеккандир? У онасига ёзган хатларидан бирида шундай деб таъкидлайди: “Келаман деб ваъда бериб, ўзим ҳам қийналиб кетдим, сизларни ҳам қийнаб юбордим. Этак силкиб йўлга чиқишнинг иложини қилолмаяпман. Ҳозир эса ошқозон яраси важидан шифохонада ётибман. Пича даволанай. Олдинда мени улкан машаққатли иш (Степан Разин ҳақида учта филм) кутиб турипти. Тўрт йиллар чамаси зўриқиб ишлашим керак. У ҳолда даволанишга қўл тегармиди?”
Йўқ, у бу дарддан тузалиб кетганди. Эҳтимол, юрак хуружи… Ҳақиқат учун курашган, ҳаётий воқеаларни бўй-басти билан рўй-рост тасвирлаган адиб ўша давр амалдорларига ёқмай қолганмиди? Бу ҳақдаям аниқ фикр билдириш мушкул. Лекин, улуғ одамлар башоратчи бўлишади, деган тахминлар бор. Бекорга Василий Шукшин ўлимидан бир кун аввал мотам маросимини расмда жонлантирмаган кўринади. У нималарнидир олдиндан сезган, ўлими яқин қолганини ҳис этган…
Кўплар уни юрак касаллигидан вафот этганига ишониб-кўникиб қолган бир паллада шов-шувлар авжига минди. Т.Пономарёванинг “Шукшиннинг сирли муҳаббати” тўплами барча мухлисларни довдиратиб қўйди. Т.Пономарёва фикрлар, мулоҳазалар, тахминлар ва айрим кишиларнинг ишонч билан айтган сўзларини жамлайди ва Шукшин ўз ажали билан қазо қилмаган, деган кутилмаган хулосага келади. Ким рост айтаяпти? Шифокорларми, ҳамкасбларими ёки яқиндагина китоби нашр қилинган муаллифми? Наҳотки, адибни заҳарлашган бўлиши мумкин, деган сўнгги хулосага ишониш керак бўлса? Балки, шундайдир… Яна ким билади, дейсиз… Замонга мос келмаган, тузумга қарши фикр билдирган неча-неча кишилар дом-дараксиз “ўз ажали билан” ўлиб кетганлари ҳақидаги эртакка ўхшаш гаплар эҳтимол Василий Шукшинга ҳам мос келар?
Ҳаётда қабоҳатлар болалаб кетган бир даврда умр кечирган адиб юраги амрига қарши боролмади: фақат ҳақиқат йўлини тутди. Шу боис унинг сўзлари ҳамон қалбларимизда эзгу шиор каби жаранглайди: “Ахлоқ бу ҳақиқатдир. Ҳақиқат бўлганда ҳам улкан ҳақиқат. Зеро, ахлоқли бўлиш — бу жасорат, поклик. Бу халқ қувончи, ғами, ташвиши билан нафас олмоқ, халқ ўйлаганидек фикр юритиш, чунки халқ ҳақиқатни доимо билиб яшайди.” Бундай дадил, жасорат билан сўзлашнинг ўзи бўладими?..
Қисқа умри давомида жаҳон киноси ва адабиётига улкан бадиий асарлар билан улуш қўшган буюк ёзувчи ва кино намоёндаси ана шундай мураккаб, машаққатли ва шонли йўлни босиб ўтган эди.
Жовли Хушбоқ
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 28-сонидан олинди.