X—X асрларда Самарқанд Қорахонийлар давлатининг марказий шаҳарларидан бири эди. Қорахоний ҳукмдорлар, Шарқий Туркистонда бўлгани каби, Мовароуннаҳрда ҳам илм-фан ва маданиятнинг ривожланишига ҳомийлик қилдилар. Масалан, Тамғочхон Иброҳим томонидан Самарқандда қурдирилган йирик мадрасадан кўплаб олимлар етишиб чиққан.
Қорахонийлар даврида Самарқандда илму фан билан бирга бадиий адабиёт ҳам гуллаб-яшнади. Қорахонийлар давлатининг Шарқий ҳудудида жойлашган Кошғар ва Болосоғун каби йирик шаҳарларда бадиий адабиёт асосан туркий тилда яратилди; Юсуф Хос Ҳожиб каби буюк шоир ва Маҳмуд Кошғарийдек улкан тилшунос олимлар етишиб чиқди. Самарқандда эса адабиёт, сомонийлар даврида шаклланган анъанага кўра, кўпроқ форс тилида яратилди.
Қорахонийлар даври шоирларидан бири Али Шатранжий Самарқандий ижодидан сақланиб қолган намуналар унинг етук ижодкор бўлганини кўрсатади. Шахмат ўйини устаси бўлгани учун у ўзига Шатранжий тахаллусини танлаган.
Али Шатранжийнинг қорахонийлар вазири буюртмасига кўра ёзилган “Лайлак” қасидасидан парча:
Башорат орад аз наврўз
моро ҳар замон лаклак,
Кунад ғамгин дили мо зон
башорат шодмон лаклак,
Дабирестонаст гўё
ошён ва кудакон гунжишк,
Нишаста гуи яки пир
муаллим дар миён лаклак.
(Ҳар замон лайлак бизга наврўздан башорат келтирмоқда, Ушбу башорат билан дилимизни шодмон этмоқда. Унинг уяси худди мактаб каби ва чумчуқлар — ўқувчилар, Лайлак гўё қари муаллим каби ўртада ўтирибди.)
Сақланиб қолган мазкур парча ҳам баҳорнинг жонли манзарасини чизади, ҳам ўша даврдаги Самарқанд ҳаёти ҳақида муайян тасаввур уйғотади.
Шамсиддин Муҳаммад ибн Али Сузаний Самарқандий Шатранжийнинг шогирдидир. Тазкираларда унинг номи Ҳаким Сузаний Самарқандий тарзида ёзилиши ўз даврининг етук олими ҳам бўлганидан далолат беради. Сузанийнинг 12 минг мисра шеърдан иборат девони сақланиб қолган бўлса-да, қўлёзмалари ноёбдир. Шоир шеърларида Самарқандда ҳукмронлик қилган ўзига замондош қорахоний хонлар номи тилга олинади:
Ба саъди ахтари маймун
музаффар гашт бар аъдо,
Қилич Тамғачхон Масъуд Рукн
ад-дин ва-д-дунё.
(Дин ва дунё таянчи Қилич Тамғочхон Масъуд Саодатли юлдуз муждаси билан душман устидан зафар қозонди.)
Сузаний меросининг диққатга сазовор жиҳатларидан бири унинг шеърларида туркий сўзларнинг кўплаб учрашидир:
Эй турки моҳчеҳра,
че бошад гар шаби
Ойи ба ҳужраи ман ва гуи
“Қўнақ керак?”.
Гулрўйи турки ва ман
агар турк нистам,
Донам бадин қадрки,
туркист гул — чечак.
(Эй, ой чеҳрали турк қизи, қанийди Тунда менинг ҳужрамга келиб “Қўноқ керакми?” деб сўрасанг. Гул юзли турк қизи, мен турк бўлмасам-да Гулнинг туркийчаси “чечак” эканлигини биламан.)
Шу тариқа маълум бўладики, Ҳофизнинг шерозлик турк қизига бағишланган машҳур ғазалидан икки аср илгари Сузаний самарқандлик турк қизига бағишлаб гўзал шеър битган.
Сузаний шеърларида туркий сўзлар учраши шоирнинг ўқувчилари — Самарқанд халқи ҳар икки тилни яхши билганидан далолат беради. Бу ҳақда улкан шарқшунос олим, академик Е.Э.Бертельс шундай деб ёзганди: “Ҳарбий аристократиядан анча узоқ бўлган Сузаний каби одам туркий тилни қайсидир даражада билгани Х асрда Самарқандда туркий тил кенг тарқалганидан далолат беради”.
Қорахонийлар давлати бир қанча ўлкаларни бирлаштирган улкан салтанат бўлгани, табиийки, давлатчилик ва сиёсатга оид илмларнинг ҳам ривожланишини тақозо этарди. Муҳаммад Заҳирий Самарқандий қорахоний ҳукмдор Қилич Тамғоч хоқон ибн Қилич Қорахон(1163 — 1178) даврида яшаган ва шу хон саройида девони иншо соҳиби (ёзишмалар девонининг бошлиғи) лавозимида ишлаган. Заҳирийнинг илк асари “Ағраз ас-сиёса фи араз ар-риёса”(“Ҳукмронликни бошқаришда сиёсатнинг вазифалари”) бўлиб, унда асрлар давомида ҳукм сурган бир қанча тождорларнинг давлатни бошқариш юзасидан айтган ҳикматли сўзлари жамланган.
Заҳирийнинг яна бир асари “Синдбоднома” бутун Шарқда жуда машҳур бўлди. “Синдбоднома” бадиий асар бўлса-да, ўша давр давлатчилигига оид фикрлар — давлат ишларида эҳтиёткорлик, бирор ҳукмни чиқаришда шошилмаслик ва ўйлаб иш кўриш, атрофдаги донишманд маслаҳатчиларнинг сўзига қулоқ солиш ҳақидаги мулоҳазалар ҳам унда ўз аксини топган.
1220 йили Самарқанд мўғуллар томонидан истило этилгач, шаҳардаги маданий ҳаёт заволга юз тутди. Олиму шоирларнинг бир қисми ҳалок бўлди, мўғуллар етиб келгунча шаҳарни тарк қилишга улгурганлари бошқа диёрларга кўчиб бориб, Ҳиндистон, Арабистон каби олис ўлкаларда ўз илмий-ижодий фаолиятларини давом эттирдилар.
Бир ярим асрлик таназзулдан сўнг Самарқанднинг пойтахт ва йирик маданий марказ сифатида қайта қад ростлаши соҳибқирон Амир Темурнинг бунёдкорлик фаолияти билан боғлиқдир. Соҳибқирон илму фаннинг мамлакат равнақидаги аҳамиятини яхши англагани ва олимларга ҳамиша ғамхўрлик кўрсатгани замондош муаррихлар асарларида ёзиб қолдирилган. Жумладан, тарихчи Муиниддин Натанзий шундай ёзади: “Амир Темурнинг доҳиёна ва ҳикматли тадбирларидан яна бири шу эдики, фуқаро ва илм толибларининг вақфлар ва мадрасаларга бўлган ҳуқуқларини ҳар кимнинг ҳақига лойиқ, вақф қилувчининг шартларига мувофиқ тайин қилар, қатъиян ва асло вақф молига дахл этмасди. Вақфлар молидан унинг хазинаси учун ҳеч нарса олмаслик ҳақида вазирларга фармон берган эди. Илму ҳикмат аҳли ва фан арбобларига ғоятда эътиборли эди. Уларни эъзозу икром қилишда муболағалар кўрсатарди. Имомлар, ислом уламолари, қозилар ва улуғ шайхларга бўлган ҳурмат-эътиборини шу даражага етказдики, илму фан беҳад равнақ топиб, талабаларнинг нафақаси лозим бўлган миқдордан ҳам кўпроқ қилиб белгиланди. Бунинг натижасида бир неча минг нафар турли илмларни эгаллаган соҳибкамоллар, саноққа сиғмайдиган даражада кўп қалби дарё истеъдод эгалари унинг улуғвор хонадони саховати ҳадялари нуридан замона чеҳрасида зоҳир бўлдилар”.
Амир Темур даврида Хожа Исматуллоҳ Бухорий ва Мавлоно Бисотий Самарқандий каби шоирлар Самарқандда ҳаёт кечириб, уларнинг ижодий фаолияти Соҳибқирон замонида бошланган.
Шу тариқа, соҳибқирон Амир Темурнинг бунёдкорлик ва ҳомийлик фаолияти натижасида Самарқанднинг мўғуллар истилосидан олдинги маданий ва илмий марказ сифатидаги мавқеи тикланибгина қолмай, олдингидан ҳам чанд баробар ошиб кетди. Улуғбек даврида Самарқандда фан ва маданиятнинг мисли кўрилмаган тараққиёти учун замин, шубҳасиз, Амир Темур даврида яратилган эди.
Амир Темур вафотидан сўнг 1405 — 1409 йиллари Самарқандда унинг невараси Халил Султон ҳукмронлик қилди. У ҳам ўз бобоси каби маърифатпарвар ҳукмдор бўлиб, туркий тилда шеърлар ёзган ва, ҳатто, уларни тўплаб, девон ҳам тузган. Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарида ушбу темурий ҳукмдор ҳақида шундай ёзади: “Халил Султон — Ҳазрат султон ус-салотиннинг воқеасидан сўнгра Самарқанд тахтида салтанат қилди. Зурафо ва шуаро мажлисида жамъ бўлурлар эрди. Машҳурдурким, ўзи шеър айтур эрди. Андоқким, девони таърифида Хожа Исматуллоҳ қасида айтибдур, аммо тилаб топилмади, ушбу матлаидан ўзгаким:
Эй турки пари пайкаримиз,
тарки жафо қил,
Коми дилимиз,
лаъли равонбахш раво қил”.
Халил Султоннинг шеъриятдаги устози Хожа Исматуллоҳ Бухорий бўлган ва бу ҳақда Давлатшоҳ Самарқандий ўзининг “Тазкират уш-шуаро” асарида маълумот беради: “Султон Халил ўз айёми давлатида Хожа Исматуллоҳни бағоят эҳтиром қилар эрди. Шаҳзода илми шеърни Хожадан таълим олур эрди”.
Халил Султон Хожа Исматуллоҳнинг шогирди шоир Мавлоно Бисотий Самарқандийга ҳам ҳомийлик кўрсатган. Бисотийнинг шеърлари қўшиқ қилиб куйлангани ва Халил Султонга ғоят мақбул бўлгани ҳақида Давлатшоҳ Самарқандий шундай ёзади: “Айтурларким, муғаннийлар Халил Султон мажлисида Бисотий шеърларидан бир матлаъ ўқудилар. Подшоҳзодаға хуш келди, киши юборди ва Бисотийни талаб қилди. Анга таҳсиндин сўнг минг танга тилла бахш қилди”.
XV асрнинг биринчи ярмида қисқа пайт тахт учун курашлардан сўнг, Темурийлар давлати Мирзо Шоҳрух ҳукмига ўтди ва унинг тадбирли сиёсати туфайли равнақ топди. У мамлакатдаги турли ички низоларнинг олдини олиш ёки тезда бартараф этиш билан умумий тинчлик-тотувликни таъминлади.
Мирзо Улуғбек 15 ёшда Мовароуннаҳрга ҳукмдор этиб тайинланди. Салтанат пойтахти Ҳирот билан бирга Самарқанднинг ҳам йирик сиёсий-маданий марказ сифатидаги аҳамияти сақланиб қолди ва янада юксалди.
Мирзо Улуғбек даврида табиий фанлар билан бирга ижтимоий фанлар ҳам тараққий топган. Шуниси диққатга сазоворки, бу даврда туркий тилнинг илмий ва адабий тил сифатидаги мавқеи тобора ошиб борган. Адабиётшуносликка оид қимматли асар, ҳижрий 840(мелодий 1436-1437) йили туркий тилда ёзилган “Фунун ал-балоға” муаллифи Шайх Аҳмад ибн Худойдод Тарозий ўз китобини Мирзо Улуғбекка бағишлаган. “Фунун ал-балоға” ўзбек адабиётшунослигининг илк йирик асарларидан биридир.
Улуғбек даврида Самарқандда туркий шоир Мавлоно Саккокий яшаб ижод қилган. Унинг ижоди ўзбек адабиёти ривожида муҳим ўрин тутади. Улуғбекка бағишланган қасидасида Саккокий ўзининг туркий тилда ижод қилишидан фахрланиб, қуйидаги байтни битган:
Фалак йиллар керак сайр этсаю,
келтурса илкига,
Менингдек шоири туркию,
сенингдек шоҳи донони.
XV асрнинг иккинчи ярмида ҳам Самарқанд адабий марказ сифатидаги аҳамиятини сақлаб қолган.
Алишер Навоийнинг бир неча йил Самарқандда бўлиши шаҳардаги адабий ҳаётга жонбахш таъсир кўрсатди. У Самарқандда яшаб ижод қилаётган жуда кўп шоиру олимлар билан дўстлашиб, “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида улар ҳақида қимматли маълумотлар ёзиб қолдирди. Жумладан:
“Аҳмад Ҳожибек — “Вафоий” тахаллус қилур. Табъи бағоят хуб воқеъ бўлубтур ва назмға кўп илтифот қилур”;
“Хожа Хўрд — Самарқанд тахтининг яккалама қозиси ва Улуғбек Мирзо мадрасасининг мударрисидур”;
“Мавлоно Жавҳарий — Самарқандийдур. Аруз билур эрди”.
Алишер Навоий Самарқандда яшаган йиллари ўз адабий фаолиятини қизғин давом эттирди ва адабий мажлисларда фаол қатнашди. Бундай мажлисларда Навоий билдирган фикр-мулоҳазалар адиблар орасида машҳур бўлиб кетган.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 27-сонидан олинди.