1. Одамзод пайдо бўлишидан аввал вақт, китоб пайдо бўлгунча одамзод бўлган. Лекин китоб пайдо бўлгандан сўнггина замон тарихга, жамият цивилизацияга айланган.
2. Онг — туғма қобилият эмас, тарбия билан шаклланади; китобсиз тарбияланган онг ибтидоий даражада қолиб кетади. XXI асрда ҳам. Барча маиший қулайликлари бор, энг замонавий техник воситалар билан жиҳозланган ҳашаматли турар-жойларда ҳам.
3. Албатта, китобдан китобнинг фарқи бор. Шундай китоблар борки, минг йиллар давомида сараланиб, йиғилиб, инсоният маданиятининг хазинасини ташкил этган. Лекин…
4. Шундай китоблар ҳам борки, улардан энг катта наф — носвой ўраб сотиш — акс ҳолда зарар келтириши мумкин. Хуллас…
5. Сўзлар, жумлалар, формулалар, иллюстрациялар, ахборотлар йиғиндиси шаклан китоб бўлиши мумкин, амалий наф келтирадиган қўлланмалар ҳам кўп, аммо бу дегани ҳали Китоб эмас; Китоб — бадиий кашфиёт маҳсули, руҳият сабоғидир.
6. Гулни алафдан нима ажратади? Сезги. Китобдан Китобни-чи? Тафаккур. (Қолган пандларда “китоб” деганда адабиёт боғининг “алафлари” эмас, “гуллари” назарда тутилади. Бунга урғу бериш мақсадида “Китоб” деб бош ҳарф билан ёзамиз.)
7. Одам сафиюллоҳ Китоб билан ҳаётга йўлланган. Муҳаммад саллалоҳу алайҳи васаллам ўқиш-ёзишни билмаганлар, аммо у зотга Китоб нозил қилинган. Демак, Китобсиз одам комил эмас, дин — дин эмас.
8. Аллоҳ таоло Расулуллоҳга “Ўқи!” деб буюрди. Буни тушуниш учун энди яна шундай хитобни кутиш — жоҳиллик.
9. Бугун информация олишнинг замонавий воситалари, завқ олишнинг замонавий турлари кўп. Шундай замонда китоб ўқиш шартми? Шарт! Зотан, Китобнинг ўрнини ҳеч нарса босолган эмас, босолмайди ҳам. Чунки Китоб — тилсим, у оддий (техник) информация йиғиндиси эмас, балки даставвал руҳий информация ташувчи воситадир. Тарихдаги энг буюк зотларнинг руҳият сабоқлари асосан Китобларда акс этган — бу тилсимнинг бир қирраси. (Мисол учун, биз Чўлпонни Китоблари ва у ҳақдаги Китоблар туфайли биламиз.)
Иккинчи қирраси: китоб ўқиш тезлиги билан инсон вужудининг руҳий информацияни қабул қилиш қобилияти ўртасида уйғунлик мавжуд. Ана шу туфайли Китоб ўқиш жараёни илоҳиёна хусусият касб этади. Бундай ҳодиса истеъдодли қорининг тиловатини тинглаганда ҳам юз беради. Лекин тиловат бу — “Қуръон” ўқиш, “Қуръон” эса Китоб.
Мазкур ҳодиса, шунингдек, мусиқа эшитганда, театр, кино томоша қилганда, концертда ўтирганда ҳам рўй бериши истисно эмас. Лекин фақат Китоб ўқигандагина инсон ва Китоб яхлит комплексга, яхлит хилқатга бирлашади, бунинг натижасида у янгиланади, маънавий ва руҳий юксалиш пиллапоясида поғонама-поғона кўтарилиб боради.
10. “Китобнинг даври ўтди”. Бўлмағур гап. Китоблар телевизор экранига термулганча умрини совураётган одамларни истеҳзо билан кузатиб туришибди.
11. Болаларни кимгадир зарур бўлгани учун эмас, балки улар бахтли бўлишлари учун китоб ўқишга ўргатиш керак. Чунки, бир томондан, адабиёт — санъатнинг бир тури, муҳим тури. Умри давомида куй ва қўшиқдан, кино, театр, тасвирий санъат, архитектура асарларидан, гўзал манзаралардан, гуллардан завқланмай ўтган одам киму китоб ўқиб завқланмай ўтган одам ким? Иккинчи томондан, Китоб — тафаккур озиғидир.
Китоб саодат топиш учун ўқилмайди. Унутмаслик керакки, китоб ўқишнинг ўзи — олий саодат.
12. Китоб ўқиш бой қиладими? — Моддий маънода бойишга кафолат бермайди, албатта. Лекин китоб ўқимаслик маънавий қашшоқ қилиши тайин.
13. Китоб — буюк кашфиёт. Китоб — улуғ неъмат. Лекин сичқон учун у қадар мазали таом эмас.
14. “Юксак мавқеларга эришганлар орасида мунтазам китоб ўқийдиганларига нисбатан деярли ўқимайдиганлари кўпроқ-ку?!” Мантиқсиз мушоҳада. Қиёс: икки одамдан бири чекади, иккинчиси чекмайди; чекувчи 80 дан ошиб, чекмаган эса 70 га етмай оламдан ўтган ҳоллар оз эмас. Бундан чекиш умрни қисқартирмайди, ҳатто узайтиради, деган хулоса чиқмайди. Чунки, аслида, чекувчи чекмаганида яна 10-15 йил яшаган, ҳаётининг самарасига самара қўшилган бўлар эди, чекмаган чекканида эса 60 га ҳам бормаган бўлар эди.
15. Сўз — тан, жони — маъно. Маъно чуқур ёки саёз бўлиши мумкин. Бу белги суҳбатдош нутқида дарҳол сезилади: оз ўқиганнинг нутқида сўз кўп, маъно саёз, гап кўп, фикр енгил.
Амир Темур кўп ўқиганлар суҳбатидан мароқланган.
16. Эй ўқимайдиганлар, гап-сўзларингиздан ўқимаслигингиз саримсоқ чайнагандай анқиб туриши ўзингизга маълумми?
17. Фақат касбга оид адабиётни ўқиш билан чекланиш “ҳаётнинг мазмуни еб-ичишдан иборатдир” деган ақиданинг бир тури.
18. Бадиий асардан билим олиш мумкин бўлгани сингари, илмий асардан завқ олиш ҳам истисно эмас. Адабиётнинг сифати ва аҳамиятини унинг турига қараб эмас, савиясига қараб баҳолаш керак. Адабиёт турларини бир-бирига зид қўйиш, бирини ўқиш иккинчисини ўқишга сарфланадиган вақтни ўғирлайди ёки бошқа машғулотлардан чалғитади, деб ҳисоблаш хато. Ғафур Ғулом физикага оид китобларни севиб ўқигани ҳақида хотиралар бор. “Энг кичик заррадан Юпитергача, ўзинг мураббийсан, хабар бер, Қуёш” каби ўлмас шоҳ сатрлар шу туфайли туғилган. Қолаверса, ХХ аср адабиёт турлари, жанрлари, йўналиш ва услубларининг ўзаро чатишуви, синтези асри бўлди. Масалан, Жеральд Даррел китоблари бадиийми ё сафарлари ҳақида ҳисоботми? Озод Шарафиддинов эсселари илмийми ёки нафис адабиёт намуналарими?
19. Китоб ўқимаганмисиз? Йўқ? Ўқинг. Бирор китобни қайта ўқиганмисиз? Йўқ? Унда умуман ўқиманг.
20. Маймун китоб ўқимайди. Лекин афт-ангори пластик операция билан эпақага келтирилгач, у яхшилаб дрессировка қилиниб, саҳнага чиқарилса, попса топ-рейтингида нечанчи ўринни эгаллар эди?
21. Умр ҳар даврининг ўз китоблари бор. Савод энди чиққан пайтда ўқиладиган китоблар бор — ўқимаган болалик кемтик, умр шомида ўқиладиган китоблар бор — ўқимаган кексалик зулмат.
22. Фарзандини китоб ўқишга ўргатмаган ота-она аслида уни саводсиз қилиб тарбиялаган бўлади.
23. Ўқувчиларига ўқиганини ўқитадиган ўқитувчи — чин мураббий эмас, ўқишни ўқитадиган ўқитувчи чин мураббийдир.
24. Саводхонлик ҳар хил бўлиши маълум. Саводсизлик ҳам шундай: алифбе ўқимаган — оддий саводсиз, она тили дарслигини ўқимаган — саводсиз саводсиз, “Қуръон” ўқимаган — оми, бадиий асар ўқимаган — маданий саводсиз, Конституцияни ўқимаган — ҳуқуқий саводсиз ва ҳ.к.
25. Китоб ўқиш — Китобни қўлга олишдан бошланади. Шундай Китоблар борки, балки уларни энди ўқирсиз ё ўқий бошлагандирсиз, ёки бир неча марта ўқиб чиққандирсиз, барибир, қўлга олишингиз билан руҳиятингизда ўша заҳоти ўзгариш рўй беради. Агар сиз бу ҳодисага йўлиқмаган бўлсангиз, билингки, ҳали Китоб ўқимабсиз.
26. “Ўткан кунлар”ни ўқиб, Кумушнинг вафотига етгандаги ҳаяжонга тушиш — инсонийликдан бир белги.
27. Китоб ўқиш мобайнида ҳар ҳаяжонланганда қалб силкиниб, гардлари қоқилади, кўзлар ҳар сафар намланганда эса ювилиб покланади.
28. Жак Ив Кусто акваланг ихтиро қилиб, сув остига тушди ва океансиз яшай олмайдиган бўлди. Океан ҳам унга ўз тилсимотларини очди, унинг ҳаётига мазмун бағишлади ва руҳий юксакликларга кўтарди. Қани энди Навоий ижодининг океанига тушиш имконини берувчи акваланг ихтиро қилинса…
29. “Навоийни ўқиш қийин”. Нега? Телескопсиз ҳам юлдузли осмондан завқ ола билиш мумкин-ку.
30. Тарихда буюк зотлар кўп ўтган. Ҳеч улар билан замондош бўлмаганингиздан, улар билан учрашиш, суҳбатидан баҳраманд бўлиш имконияти йўқлигидан афсус қилганмисиз? Афсусланишга ҳожат йўқ: уларнинг китобларини, улар ҳақидаги китобларни ўқинг. Сизга суҳбатдош бўлишмаса, мен кафил.
31. Бир одам умрида нечта китоб ўқиши мумкин? Гап сонда эмас, гап — китоб ўқишдай саодат ўрнига умр нималарга сарфланаётганида.
32. Китоб мутолаасисиз ижод имконияти чекланган. Ижоднинг тури кўп. Бадиий асарлар ўқимай бадиий ижод билан шуғулланиш — кулгили, оқибати эса ачинарли. Илмий асарларни ўқимай илмий ижод билан шуғулланиш — қалбакилик, оқибати — умр зое бўлиши.
Соддароқ ҳолатни, масалан, гулчиликни олайлик. Бунинг учун ўқиш шартми, кўриб ўрганиш ҳам мумкин-ку? Йўқ. Кўриб ўрганиш кишини тақлидга мойил этади, ўқиб ўрганиш эса — ижодга. Ўқиб ўрганиш ва кўриб ўрганиш бир-бирини тўлдирганда энг яхши самара беради.
33. Ўз устингизда тажриба қилиб кўринг: умрингизнинг кузини кўз олдига келтиринг. (Агар буни уддалай олмасангиз, яъни тасаввурингиз сустлик қилса, демак, сизда тасаввур қобилияти яхши ривожланмай қолиб кетган — бу айнан болалигингизда эртак китобларни ўқимаганингиздан.) Беш саҳифа ҳажмда ўз ҳаётингиз ҳақида ёзиб қолдиришингиз керак бўлсин. Ёзинг. Ёзгач, ичкарироққа тахлаб қўйинг. Сўнг бир йил давомида тафаккур классикларининг ўз ҳаёти ҳақида ёзиб қолдирганларини топиб ўқинг. (Бундай асарлар кўп. Таниқли америкалик ёзувчи Льюис Синклер ҳатто ўзининг вафотига, нимҳазил оҳангда, тўрт саҳифали “таъзиянома” ёзиб қолдирган.) Шундан сўнг ўз ҳаётингиз ҳақида қайтадан ёзинг. Сўнг аввалгиси билан қиёсланг. Бу тажриба ҳозиргача физика, кимё, биологиядаги тажрибалар каби аниқ натижа берган: ҳар қанча истеъдодли бўлгани билан ўқимаган одамнинг ёзгани билан ўқиган одамнинг ёзгани орасида катта фарқ бўлади.
34. Китоб ўқимасдан ижод қилаётган одам буғдой солмай ун тортаётган тегирмончидай гап.
35. Чоп этилган китобнинг муаллиф хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган, лекин унинг тақдири билан боғлиқ муҳим хусусияти бор — китоб энди муаллифнинг истеъдоди борлигига ҳам, йўқлигига ҳам муҳр босади, ҳақиқатини ҳам, ёлғонини ҳам сақлайди, муаллиф сифатида ҳалоллигига ҳам, қўли эгрилигига ҳам шоҳидга айланади.
36. Манфаат учун ёзилган китоб манфаат келтириши мумкин, шуҳрат учун ёзилган китоб шуҳрат келтириши мумкин. Аммо улар Китобларнинг олтин хазинасидан жой ололмайди — барибир “миси чиқади”.
37. Ҳозирги замон фани исботлаганига кўра, тирик мавжудот вужудидаги ҳал қилувчи унсур — ДНК молекуласи. Бу молекула эса — китоб. Том маънода китоб — ҳарфлари А, Г, Т, Ц деб белгиланадиган нуклеин кислоталар, муаллифи — олим учун табиат, фозил учун — Холиқул Халлоқ. Ажабо: тирик мавжудотнинг ҳар бир ҳужайрасига китоб жойланган.
38. Жордано Бруно ўтда ёна бошлаганда “Оҳ” демади, лекин кимдир китобини оловга ташлаганда чидай олмади.
39. Ижод қилолмайдиган цивилизация кўлмак сувдай айнийди. Китоб ўқимайдиган цивилизация оқиши мумкин. Лекин оқава ҳам оқади.
40. Бир кун келиб Қуёш сўнади, Ерда ҳаёт тамом бўлади, ўшанда инсониятдан коинот узра тарқалган Китоблар қолади.
41. Валлоҳу аълам, жаннатдагиларнинг кўпчилиги Китоб ўқиганлар бўлса ажаб эмас, уларнинг севимли машғулоти ҳам Китоб ўқиш бўлса ажаб эмас.
42. Бу Китобларни ўқиганмисиз? — Офарин. Сиз билан баҳслашмайман, чунки сиз ҳақсиз. Бу Китобларни ўқимаганмисиз? Афсус. Сиз билан баҳслашмайман, чунки сиз ҳақиқат нима эканлигидан ғофилсиз.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 4-сонидан олинди.