ХХ аср маданиятимизнинг беназир намоёндаси, адабий ўзбек тилининг яратувчиларидан бири бўлмиш Абдулла Қодирий ижодий мероси халқимизнинг боқий хазинасидир. Адиб миллий романчилигимизга асос солди. Улуғ сўз санъаткорининг бу тарихий хизмати ҳеч қачон унутилмайди. Бу ҳақда машҳур қозоқ адиби Мухтор Авезов «Абдулла Қодирий (Жулқунбой) юксак романлар яратди. Унинг романлари 20-йиллари гўё текис саҳрода тўсатдан Помир тоғлари вужудга келгандек пайдо бўлди», деганида мутлақо ҳақ эди.
Абдулла Қодирий ижоди кенг кўламли. У шеърлар, песа, повест, очерклар, публитсистик ва адабий-танқидий мақолалар яратди; жаҳон адабиётидан таржималар қилди. Ёзувчи ижодида ҳажвий асарларнинг ҳам салмоғи катта. Уни ҳатто «Фелетон қироли» деб аташган. Устод сатирикнинг ҳажвий қисса ва ҳангомалари ҳамон маҳорат мактаби бўлиб келмоқда.
Бу сонда эълон қилинаётган ёш тадқиқотчининг мақоласи ҳам Жулқунбой ҳажвиётига бағишланган.
Маҳмуд Саъдинов
«Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён»дек нодир асарлар муаллифи Абдулла Қодирийнинг мунаққид, беаёв ҳажвчи ҳам бўлганлигини унинг 1923 – 1926 йиллари ёзган мақола, фелетон ва ҳажвияларидан билиш мумкин. Адибнинг публитсистик маҳорати айнан 1920-йиллари камол топган, бугун биз тўлқинланиб ўқийдиган ҳажвиялари ҳам ўша йиллари матбуот юзини кўрган эди. Ёзувчи ҳақидаги хотираларда айтилишича, ўз даврида одамлар унинг ҳар бир янги асарини интиқлик билан кутар экан. Масалан, Қодирийга замондош шоир Тошқин (Мўминжон Муҳаммаджон ўғли) хотираларида ёзилишича, Жулқунбойнинг асари «босилиб, дўконларга чиқиши билан минг-минг ўзбек, тожик, қозоқ, қирғиз ва татарлар навбатга тизилишар» экан. Бундай шуҳратни унга ўша икки йирик асари келтирган, десак ҳам бўлади. Аммо, ўйлашимизча, «Ўткан кунлар»(1926 йили тўлиқ чоп этиб бўлинган) ва «Меҳробдан чаён»(1928 йили китоб ҳолида нашр қилинган) асарлари тўлиқ етиб боргунга қадар ҳам Жулқунбой номи халқ орасида машҳур бўлган.
Хўш, унинг «Муштум», «Инқилоб» журналлари, «Иштирокиюн», «Қизил байроқ» газеталарида чиққан ҳажвий асарлари, танқидий мақолалари нимаси билан халққа ёқар эди? Мутолаа қилганимизда гувоҳ бўлдикки, мазкур нашрларда Жулқунбой, Овсар, Шилғай, Думбул (Қодирий тахаллуслари) имзолари билан ёзилган бирорта асар йўқки, унда кулги, танқид ва ё биттагина бўлса-да, қалампиртаъм сўз, қочирим ибора топилмаса! Халқ тилида бўлган ва бўлмаган (яъни, фақат Қодирийга хос) ғаройиб жумлалар, теша тегмаган иборалар, мақол ва маталлар бу жажжи асарларга янада жозибадорлик бағишлаган дейиш мумкин. Ажабтовурлиги шуки, сизу бизнинг оғзимиздан чиқса от ҳуркадиган «каломи муборак» – сўкиш ва ҳақорат сўзлари ҳам, Овсар ё Думбул фелетонларида ўзининг дағал маъносини андак ўзгартиргандек, қулоғингизга ёқимли эшитилади. Масалан, «қорнини ёрғанда алиф ўрнига лоақал калтак чиқмайтурған дардисар» деб таърифлайди ёзувчи «Эшонларимиз» сарлавҳали фелетонида бир қаҳрамонини. Унинг саводсиз бир нодон эканлигини бу қадар образли тасвирлаш учун унча-мунча қалам ожизлик қилган бўлур эди…
1924 йили «Масков хатлари» туркум ҳажвияларининг бирида Туркистонда чиқаётган газеталарни таҳлил қилар экан, русча «скидка» сўзини ўзбекча мақолада «гузашт» (тожикча сўз) деб ишлатган муаллифни Жулқунбой шундай «чақиб» олади: «Скидка»ни «гузашт» дейдир, «чегириш» деган билан тили кесилиб қоладир…»
Бир вақтнинг ўзида кўп ишларга уннайдиган бир замондоши қиёфасини «Олти йиллик базм» мақоласида шундай чизади: «Тўрт томонға югуриб тили бир ярим қарич осилған; бир кўзи Мағрибда, бир кўзи Машриқда; серҳаракату бебаракат…»
«Ғиди-биди гаплар» ҳажвиясида бир сўфи ҳақида: «Кўзининг ёшидан соқолиға марварид мунчоқ осибдир», деб ёзади.
Қодирий мадраса кўрган, ҳам рус-тузем мактабида ўқиганлиги боис, араб, форс ва рус тилларини билган. Лекин у биринчи галда ўз она тилининг бор латифлигию бойлигини нозик жиҳатларигача ҳис қилар, билар эди. Шунинг учун сўз қўллаш, жумла тузиш борасида унинг асарларидан камчилик топиш қийин. Фақат бир-иккита сўз унинг айрим асарларида имловий томондан ҳар хил ёзилганлигини айтиш жоиз. Бу ҳам Қодирийнинг айби бўлмай (эҳтимол, мусаҳҳиҳлар адашгандир), балки ўша даврда адабий тил меъёрларининг ҳали бир системага солинмаганлигидан, дейиш тўғрироқ бўлса керак. Мисол учун, «ёмғир» сўзи «Тошканд хабарлари»(«Муштум», 1924 йил, 24-сон) ва «Биз ким ва нималардан қўрқамиз?» («Муштум», 1923 йил, 7-сон) мақолаларида «ёғмур», «Бозор суриштирмайдир» («Иштирокиюн», 1920 йил 76-сон) ва «Ҳақиқат – очиб сўзлашдадир» («Қизил байроқ», 1922 йил, 185-сон) мақолаларида «ёмғур» тарзида ёзилган.
Жулқунбой асарларининг халққа тез етиб бориши ва унинг севимли мулкига айланишида мақол ва маталларнинг ўрни беқиёс.
«Иштонсизнинг чўпдан ҳадуги бор», дейди адиб «Биз ким ва нималардан қўрқамиз?» мақоласида. (Сарлавҳа билан мақол ўртасидаги маъно уйғунлигига эътибор беринг!) «Ит суяк чайнамаса, тиши қичийдир» – «Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас» мақоласида. «Ош тегса – тўй, тегмаса тафарруж»(яъни, томоша), «Аватига чавати, мисқозонга лойтувоқ», «Эшагига яраша тушови» – «Келинни келганда кўр, сепини ёйғанда кўр» мақоласида.
«Кўз бўлмаса, қозиқнинг ўрни», «Мия бўлмаса, шалоқ арава ҳам мияга ҳисобланур эмиш», «Қувондиқ сассиқ ўз айбини била қолса, юраги ёрилиб ўлар экан», «Бордан юқар, йўқдан нима чиқар?» – 22 қаторли митти «Узр» ҳажвиясида шунча ибора!
«Ўқувчи ўртоғим, маълуминг бўлсинки, ман ҳар вақт санинг кўнглингга қараб жиннилик қила бермайман; қалам деган нарса ҳам ўқлоғи эмас». Бу сўзлар Жулқунбойнинг «Бир чимдим билдириш» луқмасидан олинди. Чиндан, бўлар-бўлмас мавзуларни қаламга олавериш, ўзининг ибораси билан айтганда, «ҳар кимга ўхшаб бекорга кучана» бериш адиб маслагига ёт бир иш эди. Аммо миллат шаъни, юрт обрўси каби масалаларда у ўзини совуққон ёхуд, менга барибир, қабилида лоқайд ва бепарво тутган деёлмаймиз. Хусусан, ўша пайтдаги «Оқ жўл» газетасининг вақтинча муҳаррири Назир Тўрақуловнинг «Ўзбек қариндошларимизнинг диққатларига» сарлавҳали мақоласига жавоб йўлида ёзган «Ҳақиқат – очиб сўзлашдадир» («Қизил байроқ», 1922 йил, 185-сон) мақоласида бу ҳол яққол кўринади. Гап шундаки, Назир Тўрақулов газетанинг айрим сонларида туркистонликлар шаънига тегадиган мақолалар эълон қилингани, бундан қон-қардошлар орасида зиддият келиб чиқмаслиги учун мазкур мақоласини ёзади.
Қодирий муаммоларни ҳал этишда самимийлик, тўғрисўзлилик бўлмоғи зарур, деб ҳисоблайди. Ичда қолиб кетган биргина сўз бора-бора иллатга айланиб, можаро устига можаро ясаши мумкинлигига ишора қилиб дейди: «Ўртоқлар бизга чин дўст бўлсалар кашф этдиклари, ҳақиқатни ичда сақлаб эмас, гарчи аччиғ бўлса ҳам очиб-чочиб сўзласунлар. Мана шундагина риёсизлик, чин оғалиқ майдонға келур…»
Дарҳақиқат, унинг асарларини ўқир экансиз, биронта қочирим ибора, мақол, ўхшатиш тугул, яримта сўз ҳам бемаврид тиқиштирилган, пардоз сифатида қўлланган ўринни кўрмайсиз. Сўзлар, жумлалар (улар орасида бироз тарашланса ҳам бўладиган, чапаничасига айтилганлари ҳам йўқ эмас!) шунчалик ўрнида ишлатилганки, мутолаа қилаётиб, э, манави сўзни бундай қўлласа ҳам бўларди-ку, деёлмайсиз. Бундай дейишингизга Қодирий бобо ўрин қолдирмаган. Унинг асарлари мудом эъзозда эканлиги, улуғлиги сабабларидан бири ҳам шу бўлса керак.
Элмурод Нишонов
“Маърифат” газетасидан олинди.