• Туғ байроқдорнинг қўлидан олиниб, бошқасига берилганида муаммолар бошланади.
• Игна билан қудуқ қазиса бўлар, лекин ундан сув чиқмайди.
• Оч бўлсанг, Худони эслайсан, тўқлигингда — ҳаммасига ўзинг эришдинг.
• Менга тегмаган бўри минг йил яшасин.
• Эшак билан юрсанг, эшакчасига ҳанграй бошлайсан.
• Бекорчиликдан кўра уруш ҳам афзал.
• Эшакнинг қуроли бўлса ҳам бўрига ем бўлади.
• Аввал ўз уйингга хўжайин бўл, сўнг бошқаларга.
• Баъзида сўзлашдан кўра сукут афзал.
• Қалпоқ кўп, унга муносиб бош танқис.
• Тез юрган тез чарчайди.
• Тоғ чўққиси доим булутли бўлади.
• Тухум ўғирлаган ҳам, буқани ўмарган ҳам — ўғри.
• Зарар — фойданинг акаси.
• Ҳамма нарса ўз вақтида яхши.
• Кўз кўрмаса юрак севмайди.
• Бордингми — қўрқма, олдингми — уялма.
• Ёлғиз шердан икки тулки афзал, икки шер — баридан зўр.
• Тўққиз бериб ўнни ол.
• Илоннинг боласи ҳам заҳарли.
• Йўлнинг узунлиги унинг эни билан ўлчанади.
• Тахтанинг ўзи қийшиқ, уста — тўғри.
• Худо сендан юз ўгирса бўтқа ҳам тишингни синдиради.
• Соқол бирон нимани ҳал қилолганида эчки сардор бўларди.
• Ёшликда уйлан, болаларинг сенга ўртоқ бўлади.
• Илоннинг боласи илондан ёмон.
• Катта ҳам, кичик ҳам ўз ўрнида яхши.
• Ҳатто заҳар ҳам даво бўлади.
• Мингта дўст — кам, битта душман — кўп.
• Юқорига чиқаётиб пастга тушишни ҳам ўйла.
• Хачирнинг баҳоси билан бўрининг нима иши бор.
• Муҳаббат ва эҳтирос дўст бўлса, улар юракни ҳам, қалбни ҳам вайрон қилади.
• Ёлғиз одамни ёзнинг иссиғи ҳам ранжитади.
• Тақдирига осилиб ўлиш ёзилган одам денгизда чўкиб ўлмайди.
• Ёмғирдан қўрққан дўлга тутилади.
• Кўп билган кўп хато қилади.
• Қийинчилик кўрмаган неъматлар қадрини билмайди.
• Душманнинг кучини билмаган ҳалок бўлади.
• Билмаганнинг қайғуси йўқ.
• Шамолга қарши тупурма — пешонангга ёпишади.
• Айтганини бажарган — чин инсон; айтмасдан бажарган — шер; айтгану бажармаган — эшак.
• Кўпга эришмоқчи бўлсанг, кўпни йўқотишга тайёр тур.
• От устида ўтирганнинг ундан тушиш ҳам бор.
• Ўз айбинг билан йиқилдингми, йиғлама.
• Товуқ қора бўлса ҳам оқ тухум қўяди.
• Ёлғонни ҳам шундай гапирки, сўзингда туз бўлсин.
• Тулкидан сўрадилар: “Гувоҳинг ким?” — у деди: “Менинг думим”.
• Бировнинг қўлидаги курак — енгил.
• Отга тақа қоқишса, эшак ҳам туёғини тутармиш: “менга ҳам”.
• Бировнинг қовурмасидан ўзингнинг қотган нонинг афзал.
• Кичик душман катта зарар олиб келади.
• Ақли калтанинг юки оғир.
• Миснинг ранги тилладек бўлса ҳам у олтин эмас.
• Зулм ва хайр ораси бир қарич.
• Тутундан қутуламан деб ўтга ўзингни отма.
• Ҳамма кўк гумбазлар ҳам масжид эмас.
• Ҳамма эркак ҳам Эркак эмас, ҳамма шер ҳам Шер бўлолмас.
• Шамол эголмайдиган дарахт йўқ.
• Тандирдан чиққан битта нон ўн қадоқ ундан афзал.
• Айтилган ва бажарилган иш ораси — 15 йил.
• Итнинг жасорати эгасининг дарвозасигача.
• Дон олсанг — буғдой ол, мато олсанг — мовут.
• Жангдан кейин қаҳрамон кўпаяди.
• Ҳукмдор илон кабидир: ҳам заҳри бор, ҳам дориси.
• Сўраш — айб, бермаслик — икки карра айб.
• Кўркам кийимли қари эрдан йиртиқ кийган бўлса ҳам ёшроғи афзал.
• Тутдингми — қўйворма, қўйвордингми — югурма.
• Қуёш бўлмаса Ойнинг нури бўлармиди?
• Дарё денгизни булғолмайди.
• Ота-онанинг кўнгли — болада, боланинг кўнгли — кўҳи Қофда.
• Эгри ўтирсанг ҳам тўғри гапир.
• Иймон салла ва соқолда эмас — қалб ва амалда.
• Аввал уйингдан етти марта қидир, сўнг қўшнингдан сўра.
• Сурия — шакар, ўз кулбанг ундан ҳам ширин.
• Қанча ўргансанг ҳам билмаганларинг билганларингдан кўп бўлади.
• Сўз — жавоҳир, аммо кўпайса, қадри тушади.
• Ҳамма уйнинг меҳмони — ўлим.
• Сўз бор, гапирувчи мард йўқ.
• Қип-қизил, гўзал олманинг ичида қурт ҳам яшайди.
• Аввал тингла, сўнгра гапир.
• Аввал от ол, кейин отхона қур.
• Ит итни емайди.
• Чумолилар йиғилса, тоғни талқон қилади.
• Аввал отга тақа қоқ, сўнг йўл сол.
• Душманинг кучини билмасдан туриб унга уруш очма.
• Уятчан аёл — бир шаҳарга тенг, уятчан эркак — улоқча.
• Бўри боласи одамга биродар бўлмайди.
• Хотиржам яшамоқчи бўлсанг, кар, кўр ва соқов бўл.
• Ишни сену мен қиламиз, олқишни Шезар олади.
• Мингта игна бир бигизнинг ўрнини босолмайди.
• Бекорчининг уйи қулайди.
• Ақл — олтин тож, у ҳаммада ҳам бўлмайди.
• Илм — олтин: зангламайди; бойлик — лаш-луш: чириб битади.
• Яхши фарзанд отанинг ёмон номини яхшилайди; ёмон фарзанд отанинг эзгу номини булғайди.
• Ватансиз инсон — қанотсиз қуш.
• Қанча баландга сакрасанг пастга қаттиқроқ тушасан.
• Ер берганини қайтариб олади.
• Эшак бу дунё ҳақида нимани ҳам биларди?
• Мен билан ҳисоблашганнинг қулиман, ҳисоблашмаганнинг — хўжайини.
Давронбек Тожиалиев таржима қилди.
Курдлар — Яқин Шарқда яшовчи халқ. Туркияда (14-20 млн.), Эронда (8-12 млн.), Ироқда (5-8 млн.), Сурияда (2-3 млн.) ва бошқа мамлакатларда яшайдилар. Умумий сони 30-40 млн. киши (2015). Курд тилида сўзлашадилар. Диндорлари — асосан, сунний мусулмонлар, язидлар ҳам бор.