Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Икром Отамурод сийратига бир назар
Ўсмир Шеър нуроний Ашъорнинг ўзи томон келаётганини кўриб, унинг салобати босдими бир томонга бурилиб кетмоқчи бўлди-ю, лекин бундай қилолмади.
Улар тўқнашди. Бирининг юзида хижолат, иккинчисиникида эса мағрурликка йўғрилган меҳрибонлик ҳисси.
– Наҳот, сиздай мустаҳкам илдиз менга дахлдор бўлса? – севиниб кетди ўсмир Шеър.
– Албатта, шунинг учун ҳам сендек ниҳолим бор-да, – деди кекса Ашъор навқирон шеърнинг елкасидан қучиб. – Энди сендан бошқа айрилмайман. Кел, эртага Даштга чиқамиз. Болалигимиз қувончи – қир-у адир ҳавосидан биргаликда баҳра оламиз. Умид тойимиз ҳали ўша ерда. У ҳам абжир отга айлангандир. Ҳар биримиз ўзимизда мавжуд бўлган нарсалардан оламиз.
– Сизда Фалсафа, Туйғу бор. Менда эса…
– Сен ҳам бирон нарса оларсан.
– Менда арзирли нарса бор деб ўйлайсизми?
– Нега йўқ экан? Сенда жудаям зарур нарса бор. Бу – Самимият, яъни менинг Ичкарим, Канглум сенда. Олиб чиқ уларни! Кейин бизни Даштда кутиб оладиган қадрдонимиз бор. Сен уни танийсан – Икром Отамурод…
Даштдаги суҳбат қизигандан қизиди.
Шоир уларни яратган бўлса-да, суҳбатларини эшитмасди, эшита олмасди.
– Назаримда, ҳаётнинг бор қувонч ва ташвишлари талаффузимиздаги “енгил тин олди”, “оғир нафас олди” деган ибораларда мужассамлашгандай, – гап бошлади кекса Ашъор. – Назмни тирик жонга менгзайдиган бўлсак, у қачон енгил нафас олади-ю қайси пайтда оғир тин олади ва бу қай ҳолатда намоён бўлади?
– Ўтмишда шу қадар кўп улуғлар ўтганки, биз бугун хаёл қилаётган нарсани улар аллақачон ўйлаган бўлиб чиқади, – фикрини очиқ айтди ўсмир Шеър. – Ҳаётни кўрмай, ундан ўзига хос хулоса чиқармай “ақлли” гап айтсанг, албатта, уларни такрорлаб қўйган бўласан. Баъзи ҳолларда адабиётдаги ноанъанавий йўлдагилар ўзларини ана шу асрайдиларми деган фикрга ҳам бораман.
– Бир воиз тўй оши даврасида маъруза қилди, – майсага ёнбошлаб олди кекса Ашъор. – Мавзу инсоний ва илоҳий ишқ хусусида эди. Дастурхон атрофида олим-у шоирлар, диний-тасаввуфий таълимот тадқиқотчилари ҳам ҳозир эдилар. У моҳиятда шу қадар чалкашиб кетганидан барчанинг энсаси қотди. Тағин шундай ўдағайлаб гапирардики, гўё даврадагилар мактаб болалари бўлиб, уларга сабоқ бераётгандек. Инсоннинг инсонга нисбатан уйғонган меҳр-у муҳаббати, ошиқнинг соғинч ҳислари Аллоҳнинг бандасига берилган неъмати эканлигини қабул қилолмасди. Тўғри, шоирлар “ишқ”, “ёр”, “май”, “қадаҳ” сингари сўзларни истилоҳ сифатида қўллашган. Бу жараён Навоий, Фузулий, Махтумқули, Лутфий, Жомий, Ҳувайдо, Машраб, Умар Ҳайём сингари кўплаб алломаларнинг ижодида яққол кузатилади. Бу – уларни тушунишда бирёқламаликка берилишга ҳуқуқ бермайди. Шоирнинг фақат ҳаётдаги ёр ёки маъшуқага аталган шеърлари бор, илоҳий қудрат эгасига қилинган назмий ишоралари мавжуд. Мутахассисларнинг хулосаларини чала-чулпа ўзлаштириб, ўзимизча чиқарган хулоса орқали оммадан обрў таъма қилиш кўпчиликни чалғитишдир. Мана, ибодат пайтигача ҳолатни олинг: намоз ўқишдан олдин таҳорат олинади, ният қилинади. Ўзни жисман ва руҳан пок деб ҳис қилгандан сўнг саждага бош қўямиз. Одам боласининг ҳам бир-бирига бўлган меҳр-у муҳаббати ибодатгача бўлган тозаланишга ўхшайди. Танлаганинг билан бирга яшашни ният қиласан ва аҳдингга содиқ қоласан. Ваъдага содиқлик – яхши ният ва жисман покизалик самараси. Ошиқ инсоний ишқининг мислсиз мусаффолиги туфайли ягона ва қудратли Аллоҳ билан сўзлаш, унга дардини тўкиб-солиш, унингсиз ёнидаги ё дилидаги ёр бўлмаслигини англаш даражасига кўтарилади. Масалан, Фузулий ғазалларига бир назар солайлик. Унинг ҳам лирик қаҳрамони танлаган ёри ёки маъшуқасининг ўзи учун танҳо эканлиги орқали Яратганнинг ягоналигини англаш саодатига эришган. Ва бу хусусда Аллоҳдан мадад сўраган ҳолда ишқ мақомининг истиқомат жойини излайди, олдига ишқ ҳақиқатга эргашадими ёки ҳақиқат ишққами, деган савол қўяди:
Водийи ваҳдат ҳақиқатда мақоми ишқдир,
Ким мушаххас ўлмас ул водида султондин гадо.
Демак, ишқ мақоми ваҳдат (яккалик), султон билан гадо мушаххас (аниқ) бўлмаган водийда, яъни Аллоҳ ихтиёрида. Ғазал мавзу бошланишини янада чуқур ўзанларда хулосалаш билан якунланади: “Эй Фузулий, интиҳосиз завқ бўлдинг ишқдан”. Олдин ғазални кўчирган котиб ёки муҳаррир “завқ олдинг”ни “завқ бўлдинг” деб ўзгартирганмикан, деган хаёлга бордим. Кейин ўйлаб қарасам, “завқ олдинг” бўлса маъно бир қадар жўнлашади. Шоир “завқ бўлдинг” сўзларини бириктириб, диний-тасаввуфий ғоя ҳосил қилган, ошиқни шавққа кўмиб, завққа айлантириб қўяди, маъносида ҳақли хулоса чиқарган. Яъни шоир назарда тутган “завқ” – инсоний муҳаббат дунёсининг илоҳий ишқ олами билан уйғунлашувининг ўзи.
– Ижод боғидан анқийдиган фалсафа ифори, туйғу ва тимсолларнинг ўзаги бир, демоқчисиз-да!?
– Ҳа-да! Атоқли адабиётшунос олим ва моҳир таржимон Тўхтасин Жалолов Фузулий ғазалиётидаги асл моҳиятни унинг ўз сўзлари билан асослайди: “Фузулий ўз куллиётида ёзган дебочасида “Шоирлигим муқаррар ўлгач, умримнинг бир қисмини сарф этиб, турли илмларни ўргандим. Илмсиз шеър асоси (пойдевори) йўқ девор каби ўлур ва асоссиз девор ғоятда беэътибор ўлур” (Фузулий. Девон. Т.: “Бадиий адабиёт”, 1961-йил, 6-бет).
– Сизга нисбатан муносабатларни кўпдан бери кузатаман. Сатрларингиздаги илм ёғдуси инганидан мураккаблашган моҳиятдан энсаси қотадиганлар ҳам бор.
– Тўғри, балки улар баъзи ўринларда ҳақдирлар. Аммо изланиб топилган мантиқ асоси фақат шоирнинг ўзига ва уни тушунадиганларга аён. Қара, Фузулий нима учун дунёвий илмлар билан диний-тасаввуфий тушунчаларни атай қориштирган. Чунки у қалб ва илм орқали инсоний ҳамиша илоҳий ишқ оламидаги мунаввар тонгга кўнгил боғлаган. Олим яна ёзган эди: “Фузулий ғазалларидаги ҳаётийлик, яшовчанликнинг яна бир сири барча сатрларни бир текисда қалб ҳарорати билан иситишида. Шоирда ана шу фазилат ато этилмаган бўлса, ҳар қандай илм ва ақл кучи билан ҳам яхши шеър яратиб бўлмайди. Қалб эса Аллоҳ йўриғидаги мўжиза”.
– Демоқчисизки, шоир шеъри Аллоҳга мурожаат қилгандай ёндашиши керак.
– Худди шундай. Бу сендан бошланиб, менга ўтган. “Жануб қушлари” 80-йилларда ёзилган. Унда шундай сатрлар борки, кишини бир зумда осмон-у фалакка олиб чиқиб, ўша заҳотиёқ ерга тушириб қўяди: “Бир қиз кезади осмонда, Кўз-кўз қилганча ҳуснин”. Гап ҳам ой, ҳам бир димоғдор гўзал хусусида, десангиз маъшуқага нисбат берилган ой ҳақдаги юзлаб шеърларнинг бири бўлиб қолади. Аммо сенда ошиқ назаридаги юксакликда кулиб турган қизга ой сифатлари боғланган: “Қадами етган ҳар жойдан, нур сочади излари”. Пастдаги интизор кўзларга бепарво боқаётган ойнинг ой эмаслигига инсоний хусусиятлар ифодаси орқали кўпчиликни ишонтира олдинг. “Бир қиз кезади осмонда, кулади қиқир-қиқир”. Тасаввур қилгансан: тунда ошиқ ёнидаги маъшуқа шундай кулса, у бўлмаган пайтларда интизор йигит учун ой ҳам ана шундай “кулади”. Яна бир манзарали сатрларда кўкламни таърифлардан, суратлардан яхшироқ билиб кишини уни тинглашга чорлагансан. Хўш, “Осмон билан заминнинг туси бир” бўлган эрта кўклам нима дейиши мумкин: “Яшагинг келар”.
– Мен жуда кўп дашт, кенглик мотивларидан фойдаланганман, – завқланиб кетди ўсмир Шеър.
– Дашт ҳавосини туйган одамгина “Даштлар – қуёшнинг юрти” дея олади.
Чунки у даштда қуёшнинг яйраб ёйилишини кўради. Тўғрироғи, кўра олади. “Кўра олиш” иборасига урғу берилаётганининг сабаби, даштда юрт кенглиги, халқимизнинг бепоён қалби мужассам.“Қўшиқлар кўп дунёда, дунё бағри рангларга тўлиқ”, “Киндик қони томган маконнинг, руҳи – қалбда оққан эътиқод” – деган сатрлар ҳам она ватанимиз ва ундаги инсонлар олами ҳақида кишида ёрқин тасаввурлар уйғотади.“Уфқлар орти бепоён” сатри ҳақда ҳам шундай дейиш мумкин.
– Робиндранат Тагорнинг шундай фикри бор, – таъсирланганидан ўзини тутиб туролмади ўсмир Шеър – “Қофия туфайли сўзлар охирига етади-ю, тамом бўлмайди – уларнинг маъниси тугал бўлади-ю, оҳанги эшитилиб тураверади, қулоқ (оҳанг) билан ақл қофия ўйинини давом қилдираверади”. Бу билан ҳинд адиби шеър тузилишига ҳам фалсафий тус бермоқда. Сизнинг тузилишингиз ҳам анча ўйлантиради кишини.
– Анъанавий йўлда қофияланамизми ёки ноанъанавий қиёфада кўринамизми, шеърий ритм сақланса, мазмун-моҳият бадиий ўрамини топса бўлди-да! Авайланган ритм, оҳангдорлик табиий бўлсагина, ақл қофия уйини безата олади. Бундай намуналар сенда ҳам бор:
Кўрганда жилмайиш, бу қувонч эмас,
Бу таъманинг дилга бир йўл топиши.
Ҳурматга айланган муносабатмас,
Қўлларнинг кўкракка ҳадеб чопиши.
Ёки:
Қаерга ўт тушса, ўша ер ёнар,
Дунёнинг энг қадим масали шундай.
Имконинг-ку келмас ўчиришга гар,
Аланга ҳам берма пуфлаб шамолдай.
– Ойбек, Миртемир, Шайхзода, Асқад Мухтор каби устоз шоирларда кузатилган ҳолатнинг сизда ҳам борлиги мени қувонтиради доим. Яъни сўзлашдан кўра тасвирлашга ҳаракат қиласиз.
– Файласуф Плутарх нима деганини биласанми? “Поэзия – гапирувчи рассомлик, тасвирий санъат эса гапирмайдиган поэзия”.
– Тасвирлаш йўлига бутунлай ўтганингиздан кейин имкониятингиз кенгайди. Шўролар даврида сиз айтганларни мен айтолмасдим: “Нотаниш манзиллар – кўнгилда ҳайрат: қадамлар ундовдир, қадамлар сўроқ” ёки “Тарихга кириш ман этилган”…
– Қозоқ халқининг фидойи шоири Ўлжас Сулаймон халқимиз бошидан кечирган аламли кунларни ”Биздан катта, ҳақиқатдан эса кичик бўлган маданий бидъатлар”га боғлаб тасвирлаган. Халқнинг сийратидан унинг аҳволини англаш илмини ўрганиш учун ҳам шоир шеърлари билан қадрдонлик риштасини боғладим. Таржима баҳонасида сийратига назар солдим.
– Мени сиздан узоқлаштирган алломалардан бири Ўлжас Сулаймон десам бўладими? – ҳазиллашди ўсмир Шеър.
– Узоқлаштирган, дейсанми? – кулди кекса Ашъор. – Сендаги самимият йиллар ўтиши билан шаклландики, мен тўлғин туйғулар соҳиби бўлдим. Бу манзилга биргаликда келдик. Сен фақат жисман эмас ақлан ва руҳан ҳам улғайдинг.
– Севинтирдингиз мени. Уларни ўқиб ўзим ҳам завқланаман: “Ҳатто сукут босиб ётган тошгача”, “Руҳда томир отган улуғ ҳақиқат”. “Бир-бирин этагин тутган Боис кўп, Боислар тортишган, талашган”, “Мен соғинч шарҳини битувчи котиб, Соғинчга айланган қулларнинг шоҳи, Руҳимнинг қатқалоқ қаърига ботиб, Ўрлайди сукутнинг саргашта оҳи”, “Кенгликлар ҳикмати – гўзал тасаввур, Асрори ўзида, сири ўзида”, “Хотирлар канглумга тўкади бир тот”, “Юзин ювар ҳажрга кўнглим”, “Армоним саҳросин сайр этган оҳу”… Тўғрисини айтсам, сизга ҳавасим келяпти. Шу қадар ҳам сиздан узоқлашиб қолдимми?
– Мен бундай ҳисобламайман, – ажабланди нуроний Ашъор. – Ўзимизга хос сўзладик, холос. Масалан, сен ёшлик ҳавоси билан “қуёш юрти” деган саҳрони мен “уфқларга югурган кенглик” дедим. Лекин сенинг гапингда ҳам жон бор. Биз энди бир-биримизга ўхшамаймиз. Сабабини мендан эмас, босиб ўтган йўлимдан англа…
«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 2-сон