Ярослав Гашек. Тоғликнинг ўлими (ҳикоя)

Михаэл Питала қамоқхонадан қочди. Қуюқ ўрмонлар ва буғдойзорларда яшириниб у жануб томон юрди, тоққа яқинлашди. Деҳқонлар унинг қорнини тўйғизишди, йўл учун озиқ-овқат ва кийим-бош беришди. Кеч тушди. Оппоқ илонизи йўл тоғ ёнбағирлаб буралиб кетган эди. Довонда хоч турарди. Қочоқ чанг йўлдан аста кўтарила бошлади. У Галициянинг Тарновск ўлкасилик деҳқонлар киядиган узун, чанг босган кўйлагига тиришган қалтироқ қўли билан ул-бул егулик солинган кичкина тугун қистириб олганди.
У атрофни қўрқа-писа кузатди, унинг юзида соқчи кўриниши биланоқ ўзини тик қияликдан водийга ташлаш журъати намоён эди. Ва ниҳоят у этагида яримчириган ўриндиқ турган, ёғоч хоч жойлашган довонга етиб келди. Михаэл Питала чўқинди ва ўриндиққа ҳорғин ўтирди. Тугунни ёнига, майсага қўйди ва атрофга назар ташлади. Икки томондан ҳам йўл нишабликка қараб кетарди. Унинг кўз ўнгида ўрмонли водий гавдаланди. Атроф қандай гўзал! Узоқда, кулранг чўққилар орасида азим Боботоғ қад кўтариб турибди. Ундан нарироқда Тақиртоғ, унинг ён-верида эса Михаэлнинг ота жойлари… Шунча йиллардан кейин, икки-уч кун ўтиб у ўрмоннинг ёқасига қадар ёйилган қўралар, мўъжаз ибодатхона жойлашган она қишлоғини кўради.
Тоғлар орасига аста ботаётган қуёшнинг нурлари сўниб борарди. Қочоқ оппоқ қиров қўнган бошини қуйи эгганича кечмиш ҳаётини эслади. Кўп йиллар аввал у иш қидириб хотини ва бола-чақасини олиб Германияга отланди. У ерда тер тўкиб ҳолдан тойгунча меҳнат қилишди, ҳаётнинг аччиқ-чучугига сабр қилишди. Қиш ойларидан бирида у ишсиз қолди ва бутун оила очлик домида қолди. У яқинларининг қийналганларига чидай олмади ва аввал уларни, сўнг ўзини заҳарлаб ўлдиришни ўйлаб қолди. Оғуни тайёрлаб, мудҳиш режасини амалга оширди. Хотини ва болалари ўлди, лекин у тирик қолди. Тузалиб кетганидан сўнг уни узоқ йилга озодликдан маҳрум этишди. Кўп йиллар иш давомида олисдаги булутли тоғларга ҳавас ила қараб, яна ўша ерга боришни орзу қиларди. Ниҳоят, у қамоқдан қочишга эришди. Мана, ҳозир шу ерда…
Михаэл Питала яна атрофга назар солди. Қуёш тобора пастлаб ботиб борарди. Боботоғ чўққиси шафақ бағрига сингиб кетди. Шафақ. Мағриб томонда тўқ-қизил оловли шар аста тоғ ортига ботди. Кечки қизил шуълалар тоғ бағрида эриб кетди. Ундан кейин гоҳ парчаланиб, гоҳ яна қўшилиб туман пардаси кўтарилди. Қандайдир ўзгача ғира-шира қоронғулик ўрмонни буркаб олди. Илиқ шамол эса игнабарг ҳидини атрофга сочди. Пастда катта тошлари замбуруғ билан қопланган тоғ нишаблиги ястаниб ётибди. Сершовқин сой тошдан тошга ва илдизи билан қўпорилган дарахтларга урилиб оқар, баланд тилоғоч ва қарағайлар орасида кўринмай кетарди.
Қочоқ соқол қоплаган юзини қуйи индирган кўйи пинакка кетди. Тушига уйи кирибди. Лекин у оқсоқол қария эмас, навқирон йигитча эди. У ҳозиргина ўрмондан қайтганди. Мана, ўчоқдан чиқаётган тутун ўрлаган кулбадаги ўзининг кичкина хоначаси. Мана, отаси, онаси, бутун оиласи. «Михалек, сен қаерда бунча кўп қолиб кетдинг?» деб сўрашяпти. Сўнг ҳаммалари хонтахтага ўтириб овқатланишади, гурунглашиб ўтириб қўй сутидан ичишади. Қўшнилар чиқади. Ўрмонда ўртоғи Коничкани айиқ қандай қўрқитганини айтиб беришади. У ўчоққа ўтин ташлайди. Ўтин чарсиллаб ёниб, қурум босган хонани ёритади. Ташқаридаги қўрага қайтаётган молларнинг маърашини эшитиб ўтириш қанчалик ёқимли. Ибодатхона қўнғироғи чалинади. Ҳаммалари туришади, чўқиниб, баланд овозда ибодат қилишади. Олов эса чарсиллаб ёнади… Бирдан оғир қадамлар қочоқнинг тушини бузиб юборади.
Ўрнидан тураркан, ердан чиқдими, осмондан тушдими, қаердандир пайдо бўлган миршабни кўрди. Унинг милтиқ найзаси туннинг сўнгги шуълаларида даҳшатли ялтирарди. Михаэл Питала тугунини олиб, бир сакрашда нариги йўлга ўтиб, тоғ нишаблигига қараб югурди. Уч марта «Тўхта, тўхта, тўхта!» буйруғидан сўнг ғира-шира ўрмоннинг тун сокинлигида кўп марта ўқ овози акс-садо берди. Ўқ еган бошини эгганича қочоқ олдинга ва юқорига интиларди. Охирги марта ботаётган қуёшни ва тоғлар тизмасини кўриб қолишга ҳаракат қиларди. Қуёш ботди.
Водийнинг аллақаерида кечки ибодатга чақирувчи черков қўнғироғи чалинди. Юқорида, йўлдаги ёғоч хоч ёнида турган миршаб қалпоғини ечди ва ибодат қила бошлади: «Тангри малаклари…»
Милтиқнинг оғзидан осмонга кўтарилаётган тутун сўроқ белгиси шаклини эслатарди. Ўрмон осмонида ой чиқиб, қияликда ётган қочоқнинг мурдасини хира нурлари билан ёритаётганда, унинг кўкарган лаблари аста пичирлади: «Ватан! Ватан!»

1902 йил.

Рус тилидан Давронбек Тожиалиев таржимаси