Гулноз Кутуева (1974)

Гулноз Миратовна Кутуева (1974 йил 25 декабрда Бошқирдистоннинг Абзелилов туманида туғилган) — бошқирд шоираси, филолог, журналист. Филология фанлари номзоди. 2013 йилдан — «Бошқирдистон қизи» («Башкортостан кызы») журнали бош муҳаррири. Бошқирдистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси.
2006 йили адабиёт ва санъат соҳасида Шайхзода Бабич номидаги Республика ёшлар адабий мукофоти соҳиби бўлган. Бошқирдистон давлат университетини тамомлаган.

ЧОРАСИЗЛИК

Олма шохи тушимга кирар,
Илдизлари чириб битгандир…
Онам билан боғлардан қанча
Олма дарахтлар ҳам кетгандир.

Тўп-тўп этиб тушган олмага
Бол берганми жаннатнинг боғи?
Онам билан кетган ҳузурнинг
Сабаблари бошқадир чоғи…

Олма шохи тушимга кирар,
Мевалари тўкилар тўп-тўп,
Тўп-тўп бўлиб учади қушлар,
Учбурчакка тизилишиб хўп.

Қушлар учар – вақт ҳам учади,
Тушлар чалар огоҳлик жомин:
Орқасига оқмайди сувлар,
Ортга қайтмас соат қадами.

Олма шохи тушимга кирар,
Илдизлари қуриб битмишдир.
Ўтмишимни ўзгартирай деб
Наҳот хотир ёниб кетмишдир?

МАФТУНЛИК

Бугун тонгдан,
Ё қудратингдан! –
Бор вужудим нурларга тўлди.
Олмахонлар ўйинин кўриб,
Юрак ҳайрон, мастона бўлди.

Иккита нур келди рўбарў,
Ярақлади улар олтиндай.
Бу ўйинга тикилдим узоқ,
Болаларин кўчага олиб
Ўйнатгани чиққан хотиндай.

Икки митти олмахон
Икки митти тугунчакмикан?
Ялт-юлт ўтар кўзим олдидан:
Гўё икки бола қувлашиб
Ўйнаб юрар
Икки қуёндай.
Улар хаёлимни олди-да.

ОВОЗ

Яшнаб кетдим
Бир қарашингдан
Яратилдим…
Сеники бўлиб.
Билиб ҳар не ўткинчилигин,
Йиғлаб олдим юрагим тўлиб.

Аллақандай
Истак барибир
Тебратади бахтнинг бешигин.
Яна ёпдим
Ўтган кунларнинг
Ҳасратларга тўла эшигин.

Бари ўтди.
Келажак, мени
Мафтун этма!
Бўларим бўлди.
Келгусидан бугун яқин деб
Нимагадир жар солгим келди.

Тийиламан,
Яна чидайман.
О, сукунат, сен – роҳати жон!
Севилмасам эди мени буни
Сезмас эдим балки ҳеч қачон…

ҲАЙРАТ

Ташқарида — ёмғир…
Ичимга
Муздайин сув киради оқиб…
Сарой қурдим дея ўзингча
Эски уйни юбординг ёқиб.

Қани ўша чорлаган роҳат,
Қалб туғёни
Энди керакми?..
Остин-устин қилиб дунёни
Ёмғир ёғар,
Оқар
Теракдан.

Дардимиз бир иккимизнинг ҳам…
Томчилар тизилиб ёғишар.
Ёмғир гўзал ёғишни ўйлар,
Ёмғир куйлар, қўшиқлар куйлар,
Ёмғир менга ҳайрат бағишлар.

БЕЛГИЛАР

Булар бари – белги.
Бу – калит.
Кўк тоқига қўйилган нарвон.
Парвозга шайланган қанотим
Кўзларингга тикилар ҳамон.

Баҳор керак,
Имо,
Керак ноз…
Ва ёзмишга инонмоқ бир оз.
Кўнгил булбул каби сайради,
Бахтга тўлдим, кулдим, яйрадим.

Ҳамон белги,
Калит – осиғлиқ…
Кўнгил ажаб ҳисларга тўлар.
Кун нурида куртаклар бўртди,
Энди офтоб сўнмоқчи бўлар.

Белги турар, исбот ҳам тайёр,
Оҳ, бу ёзмиш…
Азалий тақдир!
Белгиларга эргашиб, қанча
Чўққилардан ошарман бир-бир!!!

Бошқирдчадан Давронбек Тожиалиев таржимаси