Кўнгил хоҳиши, қалб амри билан ёзган маъқулроқ, эмин-эркин фикрлайсан, табиий, самимий, ишончлироқ чиқади.
* * *
Айрим амалдор, пулдорлар, ўз хатоларидан ташқари, эркатой, тизгинсиз фарзандлари, қариндошлари қилмишлари, қинғирликлари учун ҳам азият чекишади.
* * *
Оқибатсиз қариндошдан олижаноб «бегона» яхши. Мартабаси, пули, давлати ошиб кетгач, кўп меҳнати сингган, яхшиликлар қилган кишиларини унутган бемеҳр кимсалар ҳақида эшитганман, баъзиларини ўзим ҳам биламан.
* * *
Адабиёт – инсонни одоб-ахлоқли, иймон-эътиқодли, маданиятли қилиб тарбиялайди.
* * *
Инсон умри орзулар, умидлар, қайғу ва изтироблар мажмуидир.
* * *
Не ажаб, эндиликда китоб кўп, имкониятлар катта, бироқ ўқийдиган мард кам.
* * *
Қармоққа кичик балиқлар кўпроқ илинади, йирикларининг тўрга тушиши қийинроқ. Коррупцияга қарши кураш жараёнида ҳам шундай ҳолат сезиляпти чоғи.
* * *
Не-не машаққат билан пиёдани фарзинга чиқаргани гувоҳи бўлганимда кичик далилдан катта хулоса чиқара олган, салмоқли тадқиқот битган олим Бегали Қосимовни тасаввур этаман.
* * *
Ношуд қаламкаш аравани қуруқ олиб қочиб, ярим бет, бир бетда айтолмаган гапни моҳир ёзувчи кичик бир деталь орқали айтиши, ишонтириши, вақтни, қоғозни, қаламни тежаши мумкин.
* * *
Қийини – ғоя, мазмунга ишора қилувчи мос сарлавҳа, илк жумла, хос оҳанг топиш: янги, мароқли сарлавҳа бўшроқ нарсани ўқишга даъват этса, сийқа, зерикарли сарлавҳа яхши, мазмундор мақола, очеркдан кўнгил совутади.
«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 7-сон