Аслида, бу мумтоз мисраларни, анъанага кўра, Алишер Навоийнинг шоҳбайтлари, ҳикматлари тарзида ҳам тақдим этиш мумкин эди. Ёшларнинг қизиқишлари ва ахборот асри талабларини инобатга олиб, “Навоийдан 9 SMS” дея сарлавҳа қўйишга журъат топдик. Зотан, қўша қулфлар ортида сақланган туман танга эмас, эзгу мақсад йўлида ишлатилган тўққиз тилло – ҳақиқий хазинадир.
Бугун ёшлар чин маънода яшаётган – севаётган ва севилаётган, кулаётган ва кулдираётган, куяётган ва куйдираётган виртуал оламдаги асосий ахборот қайси тилларда? Биз ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизга кимларнинг, қайси тиллардаги, қандай гап(ғоя)ларини жойлаштириб, тенгдошларимиз орасида оммалаштирмоқдамиз? Ҳаётимизнинг муҳим дамларида, гўзал лаҳзаларида бир-биримизга йўллайдиган SMS ларимизда-чи?.. Сабаби оддий: бошқа тилларда тайёр, фойдаланишга қулай материаллар мавжуд, тўғрироғи, оммабоп медиа маҳсулотлар (табрикномалар, инфографикалар, видеороликлар…) яратилган, яратилмоқда. Истеъмолчилик кайфиятидаги ёшлар эса асосан “копи-паст” (нусхала-жойлаштир) усулини хуш кўришади. Шу боис бугун биз онлайн оламга кенгроқ кириб бормасдан, ука-сингилларимиз ва фарзандларимиз қалбига улуғ аждодлари(миз)ни олиб киролмаймиз. Халқ оғзаки ижоди ва буюк боболар меросини нафақат электрон шаклга ўтказиш, балки интернет юзерлари учун “тайёр ош”га айлантириш ўзбек зиёлилари олдидаги кечиктириб бўлмас вазифа бўлиб турибди. Навоий бобомиздан тўққиз SMS шу йўлдаги бир уринишдир.
Бугунги кун ёшларига кундалик муомала жараёнида асқатадиган байтларни мумтоз шоирлар ижодидан истаганча топиш мумкин. Фақат, уларни виртуал дунё талаблари асосида танлаш лозим. Яъни, биринчидан, улар кўпчиликка тушунарли бўлсин. Иккинчидан, танланган мисралар маъносида ёшлар орасидаги ижтимоий муносабатлар, руҳий ҳолатлар акс этсинки, йигит-қизлар ўз кўнгил кечинмаларини, бир-бировига дилсўзларини, ҳатто аччиқ-тизиқ гапларини назм тилида етказсин. Ёшларимиз бир-бирларига Навоийдан, Бобурдан байтларни SMS тарзида жўнатса, веб-саҳифаларига эса Билга Хоқону Амир Темур ҳикматларидан жойлаштирса, қандай соз!
@ @ @
Йўл ямону яхшисидан ема ғам,
Бисмиллоҳ, дегилу қўйғил қадам.
@ @ @
Менга не ёру не ошиқ ҳавасдур,
Агар мен одам эрсам, ушбу басдур.
@ @ @
Мени мен истаган ўз суҳбатиға аржуманд этмас,
Мени истар кишининг суҳбатин кўнглум писанд этмас.
@ @ @
Бўлмаса ишқ, икки жаҳон бўлмасин,
Икки жаҳон демаки, жон бўлмасин.
@ @ @
Сен агар зоҳир эттинг итликни,
Мен сенга кўргузай йигитликни.
@ @ @
Табиатга ҳар неки одат бўлур,
Чу эскирди одат табиат бўлур.
@ @ @
Ушоқ қанд оқ тузга монанд эрур,
Ва лекин бири туз, бири қанд эрур.
@ @ @
Тузлик эрмас шифосию вояси ҳам,
Ким эгри кишининг эгридир сояси ҳам.
@ @ @
Агар қилмади эл ҳимоят сенга,
Ўзингдин керакдир шикоят сенга.
Фаррух ЖАББОРОВ тайёрлади
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 1-сон