Асқар Маҳкам. Таважжуҳ

Асқар Маҳкам. Таважжуҳ: Шеърий қисса. — Тошкент, «Мовароуннаҳр» нашриёти, 1993

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
…Араб саҳроларининг қора-қўнғир тошларига бод чалган оёғимни босиб, тавалло қилдим: Эй Бор Худо, бир хор юртдан келган хокистар бандаман, хорликлар басдир, бизни ҳам азиз қил! Эй Бор Худо, авлиёлар ва валийуллоҳларнинг хору-зор мозорларидан келган бир хирқапўшман, авлиёуллоҳларинг ҳурмати мозорларимизни азиз қил! Эй Бор Худо, сенинг даргоҳингда биргина мазлум бўлса, ул-да бизмиз; биргина хор бўлса, ул-да бизмиз; биргина азиятпеша бўлса, ул-да бизмиз; биргина хоксор бўлса, ул-да бизмиз; бир-да жоҳил бўлса, ул-да бизмиз… Эй Бор Худо, бизни ҳам солиҳ ва комил бандаларингдан қил! Эй Бор Худо, бизни ҳам Одам қил!…
Мен Тангри уйига таважжуҳ айлаб такрор ва такрор тиладим: Эй Бор Худо, бизга раҳм қил!…
Охиратобод юртнинг марқаду мозорларида, жаноби сарвари олам, ул зотнинг чаҳорёрлари равзалари қошида дуо қилдим: Эй Бор Худо, бизга Динимиз ва Ватанимизни қайтариб бер!..
Муаллиф