Энг қийини – бирон нарсага ўзингни ишонтириш.
Энг ёмони – алданиш.
* * *
Мен ўзимни аввал аяб, “яхши кўриб” таҳрир қилардим. Ҳар бир воқеа, сўз ўйини “қадрдон” туюларди. Кейин “шафқатсизлашдим”. Буни Эркин Аъзамдан ўргандим.
* * *
Йирик асар учун тўқима образ жуда зарур. Айниқса, тарихий асарда. У бош қаҳрамоннинг образини тўлақонли чизиб беришда асқатади. Фақат тўқима образларни унга муносиб қилиб ярата олиш керак.
* * *
Севимли бўлмоқ учун севиш керак.
* * *
Ўзбек танқидчилари юлдузларга ўхшашади – фақат тунда кўринишади. Яна кулиб боққанларгагина жимирлайдилар.
* * *
Ҳар бир давр ёзувчиси, шоири Сўз(лар)нинг янги жилваларини кашф этиши керак. Агар кашф этмас экан, тил бойимайди. Шунинг учун ёзувчининг зиммасида улкан масъулият туради. Ахир, тилсиз миллат ҳам йўқ.
* * *
Ёзувчи ҳаммани бошқаради, дунёни бошқаради – худди қаҳрамонлари каби. Шунинг учун ҳам уни ҳурмат қилиш керак.
* * *
Адабиёт – нажот. Нега? Чунки у ўз мазмун-моҳияти, сўздан иборатлиги билан инсониятнинг Тангрига илтижоси, тазаррусига ўхшайди.
Тавба-тазарру эса ишончли нажотдир.
* * *
Зўрмисан, ҳукм айтишни рақибингга бер!
* * *
Бу дунё бахт ишлаб чиқарувчи корхона эмас.
* * *
Инсон ҳеч қачон мутлақ адолатли бўлолмайди. Мутлақ адолат Худода. Одам ҳамиша бирёқламаликка маҳкум.
* * *
Аслида ёзгинг келса-ю ёзолмасанг – бу ҳақиқий ёзувчининг кўйи.
* * *
Китоб – вақт мундарижаси.
* * *
Буюк ёзувчилар буюк ёлғизлардир.
Тафаккур билан яшагувчи инсон борки, ёлғизликка маҳкум. Чунки дунёнинг, ҳаётнинг моҳиятини англаб боргани сари одамлардан ажрала бошлайди.
* * *
Бу оламда биргина ҳақиқат бор – бу ҳаётнинг ўзи. Қолган нарсалар унинг унсурларидир.
* * *
Энг аввало, адабиёт ҳар қандай халқнинг маънавий ва тафаккурий салоҳиятини белгилайди. Адабиёти буюк халқ чиндан ҳам буюк ва қудратлидир. Бошқа барча санъатлар адабиёт теварагида, унинг асосида шаклланади, ривожланади.