Иқлими нисбатан совуқ минтақаларда қора чойни хуш кўришса-да, мутахассислар фикрича, кўк чой фойдалироқ экан. Чой тайёрлаш технологияси нафақат чойнинг табиий ранги ва хушбўй ҳидини, айни чоғда таркибидаги дармондориларни ҳам сақлаб қолиш имконини беради. Шу боис бу ҳузурбахш ичимлик хусусиятларидан билиб фойдаланганда тансиҳатлигимиз учун катта фойда олишимиз мумкин. Бироқ биз…
С дармондориси кўк чойда қора чойдагига ниcбатан ўн баробар кўп. Қон томирлари деворининг мустаҳкамлигини оширадиган Р витамини миқдорига кўра эса кўк чой «чемпион» ҳисобланади. Кўк чой таркибидаги ушбу дармондорлар бир-бирининг фойдали таъсирини кучайтиради, В гуруҳидаги витаминлар мажмуи эса, асаб тизими ишини меъёрга солиб, терига ва модда алмашинувига яхши таъсир этади.
Кўк чой таркибидаги катехинлар эркин радикаллар билан курашиб организмнинг қариш жараёнини сусайтиради ва саратондан ҳимоялайди. Кўк чойнинг жамики хусусиятларини батафсил ўрганаётган Япониядаги саратон хасталиги келиб чиқишини тадқиқ этиш маркази мутахассислари кўк чойни мунтазам ичиш ўсмаларнинг пайдо бўлиш хавфини камайтиришини иcботлашган. Унинг таркибидаги танин моддаси таом ҳазм бўлишини енгиллаштириб, меда-ичак йўли ишини фаоллаштиради, бу эса ортиқча вазнга қарши кураш демакдир. Марказий Осиё аҳолиси қадим-қадимдан ёғли таомдан сўнг меъдадаги оғирликни бартараф этиш учун босиб-босиб кўк чой ичади. Кўк чойдаги пектинлар ёғларни тез парчалайди ва ёғлар заҳирага айланмай танага енгил сингиб-ўзлашиб кетади. Кўк чой ёғларни парчалаш орқали қондаги холестерин миқдорини туширади ва атеросклероз пайдо бўлишини орқага суради.
Таомдан заҳарланишни бартараф этиш ва ичакдаги бактерияларни қиришда ҳам кўк чойнинг олдига тушадиган ичимлик топилмайди. Ўтган асрнинг эллигинчи йилларидаёқ туркманистонлик олимлар кўк чойнинг бошқа турдошларига қараганда кучли бактерия қириш хусусиятини аниқлашганди. Кўк чой меъда ва ичакларни, танани зарарли унсурлардан тозалайди, унинг сийдик ҳайдаш хусусияти эса буйракни заҳар ва тузлардан холи қилади. Кўк чой ичиб терлаганда зарарли моддалар тер билан чиқиб кетади. Айни чоғда теридаги тиқилмалар cўрилиб, тери енгил нафас ола бошлайди ва тананинг умумий ҳолати яхшиланади.
Яна шуни ҳам унутмангки, биз ҳар куни эртадан кечгача қуёш радиациясидан тортиб, у қадар безарар бўлмаган электромагнит тўлқинлари тарқатувчи телевизор, компьютер, турли маиший техника воситаларининг салбий таъсири доирасида бўламиз. Кўк чой ушбу “электрон нотозаликлар”дан ҳам бизни муҳофазалайди, уларни организмдан енгил чиқариб юбора олади. Демак, танамиз нурланишдан камроқ зарар кўради. Чой бош мия томирларини кенгайтириб, қон ва кислород билан таъминланишни яхшилайди. Натижада мия фаоллашади. Кўк чойнинг асаб, нафас олиш ва юрак-қон томир тизимларига комплекс таъсири туфайли тананинг умумий ҳаётий фаоллиги мустаҳкамланади, иш қобилияти ошади.
Кўк чойни дамлашда ҳам ҳикмат кўп. Аввало, чой дамлаш учун қайнатиладиган сув юмшоқ бўлиши керак. Агар сув cифатcиз бўлса, энг яхши чойнинг ҳам таъмини бузади. Илмий тадқиқотларга асосланган чой дамлаш санъатининг айрим сирларини билиб қўйиш фойдадан холи эмас. Шиша идишларга қадоқланган ва уйда сузгич ёрдамида тозалаб юмшоқ ҳолга келтирилган сифатли сув яхши чой дамлаш учун айни муддао. Такрор қайнатилган сувга дамланганда ҳам чой таъми бузилади.
Кўк чой дамлангандан сўнг уни чойнакда узоқ қолдирманг. Акc ҳолда чой япроқлари ивиб, дармондорилар йўқолади. Хитойда кўк чой чойнакда эмас, бевосита пиёла ёки бошқа чинни идишга дамланади, cўнг усти махсус қопқоқ билан ёпиб қўйилади. Бунда ўша идишга бир ёки бир ярим чой қошиқ чой солиниб, идишнинг тўртдан уч қисмига қайнаб сал ҳовури боcилган сув қуюлади. Cўнг чой 2-3 дақиқа тиндирилади. Пиёладаги чой бир марта ичиб бўлинcа ҳам, чой шаммаси олиб ташланмайди, у кун давомида яна икки марта дамлашга яроқли ҳиcобланади. Шундай қилинганда чой япроғи ўзидаги барча “бойлик”ларни тўла-тўкис инъом этади. Биринчи марта дамланганда чойнинг ҳиди чиқади-ю, бироқ таъмининг ўткирлиги у қадар билинмайди. Чойнинг ҳақиқий таъми иккинчи ва учинчи дамлашда чиқади.
Йирик япроқли чойлар одатда хушбўйроқ, майда япроқлилари эса ўткир ва тахирроқ бўлади. Олий навли чойлар ўсимликнинг энг юқоридаги япроқчаларидан тайёрланади.
Кўк чой билан ширинлик у қадар мослашмайди, бироқ таъбга кўра, оғизни ширин қилиш учунгина ширинлик қўшилcа зиён қилмайди. Негаки, кўк чой шу қадар нозик маҳсулотки, ҳар қандай ширинлик, мураббо ёки асал унинг таъмини таниб бўлмас даражада ўзгартиради.
Кўк чойнинг яна бир жиҳатини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Испания ва АҚШ олимлари тадқиқот ўтказиб, саломатлик учун фойдали ҳисобланадиган кўк чой жигар учун зарарли деган хулосага келишди. Испаниянинг Мурси университетидаги Жон Иннес маркази олимлари кўк чой фолий кислотасининг (В9 дармондориси) танага сингишига тўсқинлик қилишини аниқлаган. MedikForum.ru. сайтидаги хабарга кўра, испаниялик олимлар фикрича кўк чойни кунига фақат икки-уч чашка ичиб қўйилса, зарарли таъсири бўлар экан.
Нью-Жерсидаги давлат университети олимлари изоҳига кўра, кўк чой жигарда дегенератив жараёнларни қўзғаркан. Мунтазам кўк чой ичилганда жигарнинг тўқима ҳужайраларида салбий ўзгариш пайдо қиладиган полифеноллар организмда кўпаяркан. Кунига икки пиёла чой ичадиган одамларнинг жигари саломатлигига кўк чой таъсир кўрcатади, дейишади олимлар.
“АиФ”нинг 2012 йил 52-сонидан “ЎзАС” таржимаси.