Алижон Жўраев. Ҳаё (ҳикоя)

Чирманда садоси олис-олисларга қадар тараларди. Зумрад опанинг хушовозидан ҳузурланган аёллар қўшиқ сеҳрига маҳлиё бўлиб қолгандилар.

Тоғда тойчоқ кишнайди-ё,
От бўлдим деб ёр-ёр,
Уйда келин йиғлайди-ё,
Ёт бўлдим деб ёр-ёр…

Зебо атлас кўйлакда бир чиройи минг бўлиб кетган сўлим кокилларини рўмоли билан танғиб, қайрилма киприклари кўз ёшларига чўмилиб, қирмиз яноғи ял-ял товланиб, ўн икки кунлик тўлин ой мисоли эди. Атрофида дугоналар гурунги авжида.
— Вой Зебо, чеҳрангни очиб ўтирсанг-чи! — деди шаддод қизлардан бири.
— Сенга гапириш осон, онамни кўзим қиймаяпти. Бир ўзлари энди нима қиладилар? — «ҳиқ-ҳиқ» йиғлади Зебо кўз ёшлари кўксига томиб.
— Аввал бошда розилик бермагин эди.
— Ҳой қизжонлар, боламни юпатиш ўрнига йиғлатяпсизларми? — ҳовлидаги бир тўп хотин ичидан ажралиб хонага кирган Зарнигор опа андак ҳазил аралаш қизларга танбеҳ бергандек бўлди. Сўнгра келинлик либосида лов-лов ёниб ўтирган қизининг ёнига чўккалади.
— Зебо, она қизим, ёлғизим, кўзмунчоғим. — Зарнигор опа қизини бағрига олиб пешонасидан оҳиста ўпди. — Ҳадеб йиғлайверма, болам. Тушадиган жойинг — ўз уйинг.
— Бу уйим-чи, нега ойижон…
— Ҳамма қизнинг бошида бор савдо бу, жоним болам. Куёвимни кўриб, қалбим исиди.
Зебонинг икки юзи тағин лоладек қизарди.
— Холаларинг сени кўришмоқчи?
— Керакмас, уяламан.
— Уялмагинда энди…
Бироздан сўнг Зебонинг икки холаси ичкарига кирди.
— Сен синглим, шу қизингни узатмай турганингда, Комилим армиядан келарди… — ўпкалади синглисидан Зулхумор опа. — Сенга ўғлимни нимаси ёқмади?
— Тақдирда, опа.
— Тақдир-тақдир. Ушлаб олганинг шу гап. Ҳовлингни совчиларнинг қадами тешиб юборай деганда ҳам кўнмагандинг-ку! Қирқига чидаб, қирқ бирига чидамадингми? Болангни ўзим келин қиламан, деган ниятим бор эди. Мана кўр, — камзули чўнтагидан бир ҳовуч тилла тақинчоқларни чиқарди Зулхумор, — шуларнинг бари Зебо қизимники эди-я… ҳа холагинанг бўйларингга тасаддуқ. — Қабоқлари йиғидан қизарган Зулхумор опа Зебони бағрига босди. У тилида синглисидан ўпкаласа-да, Зебонинг бахти очилганидан барибир хурсандлиги билиниб турарди.
— Бўлди-да опа, — қовоғини салгина уйиб гапирди Зарнигор.
— Вой сингилжоним-ей. Мен нима ҳам қила олардим, кўнглим шунақа бўлса…
Тўйхонадаги меҳмонларга кун ўтиши нақадар чўзилган бўлса, Зебонинг хаёлида вақт шошарди. Бироздан сўнг машина сигналлари тор кўчани тутди. Зебо никоҳ маросимига олиб кетгани куёв келганини эшитиб, юраги қуш инидаги полапондек типирчилаб, ҳансираган кўйи, қалбини боягидан-да баттар хижолатлик қоплаб, хонага кўмилиб олди. Кейинги воқеалар эса унинг кўз ўнгидан яшиндек тез ўта бошлади. Никоҳ уйидаги тантана, сўнгра шаҳар кўчалари бўйлаб сайр ва ниҳоят…

* * *

— Адҳамжон ўғли Комилжон, сиз Абдукарим қизлари Зебохонни шаръий никоҳингизга олдингизми?
— Олдим.
Тўр пардали ёпинчиқ ичра ўтирган Зебонинг вужудида минглаб қумурсқалар ўрмалагандек бўлди.
— Абдукарим қизлари Зебохон…
Зебо номус исканжасида титрар, қалтирар, томоғи қуруқсаб, бурун катаклари кенгайиб, билинар-билинмас ҳансирарди. Унинг қулоқлари кейинги гапларни эшитмади, аниқроғи, илғаш аҳволида эмасди. Фақатгина ён томонида дугонасининг чимчилаши ва билагида енгил оғриқ турганидан сўнг билдики, ўзини ўнглаб олиши лозим.
— Розиман, — бу сас қанчалик оҳиста айтилган бўлса-да, ҳамма эшитди.
Дуо ўқилди. Фотиҳа қилинди. Куёв машинадан жой олганларидан сўнг келиннинг қулоғига:
— Кўп ҳам сиқилманг, ҳали кўрасиз, сизни бахтли қиламан, — дея айтишга улгурди.
«Овози бирам ёқимли, — хаёлланди бир ой аввал онасидан «тўйинг бўлади» деган хабарни эшитгандан бери юрагига қил ҳам сиғмай қолган Зебо, — худди най навосига ўхшайди-я!»
Машина магнитофонидан ҳофизнинг дилтортар қўшиғи майин тараларди. Боя йўлга тушганларида ҳам шу қўшиқ янграганди.
«Севги, бу нима ўзи, наҳотки сеҳри шу қадар жозибали, бир оғиз ширин калом, яна ёнингдаги хасми-ҳалолинг тилларидан кўнгил тўқлигию, дил ишончи билан айтилса?». Зебо секин-аста юрак ютиб куёвга термулди. «Қандай ўктам йигит, — ботиний хаёлидан ўзи ҳам уялиб кетди, — Художон, бахтимдан айланай».
Айни дамларда қиз бўлиб ҳали бирор йигитга қўлини ушлатмаган келинчак ва йигирма беш ёшга кириб, беш йил университетда таҳсил олган, не-не ҳурлиқо қизлар билан тўқнаш келса-да, одоб деворини йиқитмаган куёв ўртасига фаришталар бир илоҳий нурдан муҳаббат, меҳр ва вафо уруғини сочардилар… Бир пайт Зебо нозик бармоқларини тутган қўллар тафтини сезди, ҳис қилди, уларда ҳам титроқ бор эди. Хижолатдан қўлларини тортиб олди.
— Мени кечиринг!
«Кечиринг, – яна хаёллади Зебо, — бунча майин, хокисор эшитилмаса бу сўз». Зебо кўнглининг туб-тубидан эркалаб келаётган туйғулар ичра, хаёлот дунёси бахт манзили сари тортқилаётган фикрлардан чалғишга уринар, аммо, бунинг уддасидан чиқолмай қолганди. Агар айни дамда «дунёдаги энг ёқимли сўз қайси?» деб сўрашса, Зебо ёнидаги йўлдошининг оғзини пойлар, интиқлик билан кутарди. Кутишдан чарчамасди. Йўқ, у ёрига шу сўзни такрорланг, деб қисталанг қилишдан йироқ эди. «Тақдиримдан айланай!», деб суюнди, сўнг кўзлари ёшландию, кулгичи икки ёнга ёйилди Зебонинг…
Келин-куёв никоҳ маросимидан қайтиб келганларида боядан бери кўнгли қизидан хавотирда турган Зарнигор опа ичкарига ўзини урди. Бир он ўтиб қаршисида Зебо пайдо бўлди. Чеҳраси очиқ. Лекин нигоҳини онасидан олиб қочарди. Зебо онасини маҳкам қучоқлаб, юзу кўзларидан ютоқиб-ютоқиб ўпди.
— Ҳамма-ҳаммаси учун раҳмат ойи, мендан рози бўлинг, меҳрибоним…
Зарнигор опа қизининг руҳиятидаги ўзгаришдан лол қолди. «Ҳамма-ҳаммаси учун, дедими?» Табассум билан Зебога тикилди у. Зебо онасининг таъқибидан уй ичига томон қочди…
Мана ўша воқеага ҳам беш йилдан ошди. Бу орада Мирзоҳид ва Зебо икки фарзандли бўлдилар. Ўғиллари Комрон, қизлари Гулҳаё бамисоли икки қанотлари. Яқинда машина олишди. Мирзоҳид ёз фаслининг ўртасида ота-онаси ва қайнота-қайнонасини олиб, Нанай тоғига саёҳатга олиб чиқди. Узоқдан виқор билан Кўксарой кўзга ташланарди. Мирзоҳид яна эвини қилди. «Сизга ва дадамга раҳмат, ойижон!» дея дил изҳорини билдирди. Зулхумор опа ҳайрат, қувончдан лол бўлиб қолди. Куёвининг бошидан меҳр билан силаркан юрагининг туб-тубидан: «Умрингиздан барака топинг, болам!» деган тилак отилди. Зебо қайнона-қайнотаси келишига аччиққина мастава тайёрлаб турарди.
— Дадажон, ойижон, чарчамадингизми? — деди у ўша ибою, ўша андиша билан, қайнонасининг махсисини ечиб, кафтига илиқ сув қуяр экан.
— Раҳмат, она қизим, илоҳим имон бойи бўлинг, Худоё икки дунё камлик ва зорлик кўрманглар.
Бу чинакам бахт эди. Соф ўзбекона ҳаё ва андиша келтирган бахт.