Алибек Рустамов (1931-2013)

Атоқли тилшунос ва адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, академик Алибек Рустамов 1931 йили Тошкент вилоятида хизматчи оиласида туғилган. 1955 йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология факультетини тамомлаган.

Бўлғуси олим ўз меҳнат фаолиятини 1955 йили Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида илмий ходим сифатида бошлади, дастлаб номзодлик, кейинчалик эса докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Ўзбек тили ва адабиётини ҳар томонлама ўрганиш ва тадқиқ этиш борасидаги илмий фаолияти учун 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

А.Рустамов ўзининг қарийб 60 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтининг илмий котиби, Ўзбекистон Миллий университети доценти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамда Тошкент давлат шарқшунослик институтининг кафедра мудири ва профессори каби вазифаларда самарали меҳнат қилиб, илм-фанимизни ривожлантириш, юксак малакали филолог кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшди.

Таниқли олимнинг ўзбек филологияси, шарқшунослик, матншунослик ва таржимашуносликнинг долзарб масалаларига оид монография ва рисолалари, кўплаб илмий-публицистик мақолалари кенг жамоатчиликка яхши маълум. Айниқса, буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг бебаҳо меросини чуқур ўрганиш, унинг ижодидаги юксак гуманистик ғояларни эл-юртимиз ўртасида кенг тарғиб этиш борасида А.Рустамовнинг хизматлари алоҳида эътиборга лойиқ. Устоз олим қаламига мансуб “Навоий тилининг грамматик хусусиятлари”, “Навоийнинг бадиий маҳорати”, “Сўз ҳақида сўз” сингари китоблар, оммавий ахборот воситаларидаги кўплаб маърифий чиқишлари ўзининг илмий теранлиги ва таъсирчанлиги билан ажралиб туради.

Ёрқин истеъдод ва тафаккур эгаси бўлган заҳматкаш олим ўз фаолияти мобайнида кўплаб ёшларга устозлик қилди. Унинг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари тайёрланди.

Академик А.Рустамовнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.