Икки йил! Бир томчи қонсиз, қорнини бир тўйдириб олса бас! Зулукнинг бўғзида учта жағиўтмас лаппаклари бор. Зулук терини андак тилиб, қонни шимади. Унинг сўлак безлари бу пайтда қон қуюлишига имкон бермайдиган гирудин моддаси ажратиб чиқаради. Шу сабабли қон ҳеч бир қаршиликсиз, кўп қон кетадиган, катта ўсимтали ошқозонга келиб тушади. Буни қарангки, нисбатан кичкина бу махлуқ (айримлариники 12 сантиметрдан ошади) бир кунда 50 граммгача қон «ичади». Унинг ичагидаги айрича бактериялар сўрилган қонни ажиб йўсинда қайта ишлайдики, пировардида қон бузилмайди ва хийла вақт тозалигини йўқотмайди. Шунинг учун ҳам зулуклар тахминан олти ойда бир марта озиқланади, аммо юқорида айтганимиздек, икки йил деганда очқайди. Зулукларнинг бу ғаройиб қобилияти туфайли олимлар уларга ёрқин келажак: улар узоқ вақт учишга мўлжалланган космик парвозлар пайти тажрибага яроқли ҳайвон бўлишини башорат қилмоқдалар.
Зулук умуртқали ҳайвоннинг қонини сўраётганда, тушиб кетмаслиги учун иккита-олди ва орқасида жойлашган сўргичи билан ёпишади. Зулукнинг кўзи ҳам бор! Беш жуфт кўзи «боши» атрофида жойлашган.
Зулуклар ҳар хил бўлади. Уларнинг 400 дан ортиқ тури бор. Қон сўрувчиларидан ташқари йиртқичлари ҳам мавжуд: улар ўз кучи етадиган чувалчангларга, ҳашаротлар личинкасига ҳужум қилади, ўлдиради ва ейди. Зулукларнинг аксарияти чучук сувли ҳовузлар, ариқ-зовурлар, кўллар ва секин оқар дарёларни ўзларининг яшаш жойлари этиб танлаган. Суви унчалик шўр бўлмаган Азов ва Каспий денгизлари ҳам зулукларнинг айрим турларига бошпана берган. Қора денгизда зулуклар яшамайди.
Субтропик ва тропик ўлкаларда сувни буткул тарк этган қуруқлик зулуклари ҳаёт кечиради. Уларнинг баъзилари кўпгина ҳайвонлар, ҳатто филлар учун турган битгани азоб. Фил хартуми билан чўп олиб, сўраётган зулукни сидириб ташлайди ва эзгилаб ўлдиради. Бордию бунинг уддасидан чиқолмаса, подадаги бошқа бир фил унинг бу қон сўрғичдан халос бўлишига ёрдам беради.