Ўрта асрларда ва ундан кейин ҳам инсонлар Худога ёки турли ирим-сиримларга ишонч руҳи билан яшаганлар, бироқ 1650 йилга келиб тафаккурнинг янгича тизими юзага келди. Бу тизим инсон ақлу заковатига бўлган ишончга асосланарди. Албатта, дин ва ирим-сиримлар йўқолиб кетмади, бироқ одамлар энди, олим ва файласуфларга эргашиб, дунёда юз бераётган воқеалар моҳиятига янада теранроқ назар ташлайдиган бўлдилар. Янги кашфиётлар ҳаётнинг мазмун-моҳияти, дунёнинг тузилиши ҳақидаги саволларга жавоб топишга ундарди. Масалан, бу даврга келиб Ернинг ясси текисликдан иборатлигига ҳеч ким ишонмасди. Яна қанча кишилар ишонмайдиган тушунчалар мавжуд эди?! Энди алломалар олдида улкан ва юм-юмалоқ сайёрамиз ҳақида, унда истиқомат қилувчи башариятнинг моҳияти ҳақидаги янгича нуқтаи назарни ишлаб чиқиш вазифаси турарди.
Олимлар дунёнинг тузилиш моҳиятини ўрганишда турли-туман йўллардан бордилар. Француз мутафаккири Мари Франсуа Волтер (1694—1778) черковга ва ҳукуматга қарши чиқиб, уларни ўзларининг расм-русумлари, қонунлари билан инсонларнинг мустақил фикр юритишларида халақит беришда айблади. Унинг таъкидлашича, инсон хоҳлаган тарзда фикрлаши, истаганча ўз фикрини билдириши мумкин, асосийси ўз фикрини бошқаларга мажбуран қабул қилдирмаса бас. Унинг энг машҳур фикри нақлга айланиб кетган бўлиб, у қуйидагичадир: «Мен сизнинг нуқтаи назарингизга қўшилмаслигим мумкин, бироқ ўз фикрингизни айта олиш эркингиз учун ўзимни қурбон қилишга ҳам тайёрман».
Жан-Жак Руссо (1712—1778) песалар, опералар ва «энциклопедия» китобларига мақолалар ёзган. Уни ҳали тараққий топмаган, содда ва қолоқ халқлар кўпроқ қизиқтирарди. Зеро у замонавий цивилизацияларнинг ҳақиқатан ҳам ҳар томонлама мукаммал ва адолатли эканлигига шубҳа қиларди. Унинг энг машҳур «Ижтимоий шартнома тўгрисида» номли китоби қуйидаги сўзлар билан бошланади:
«Одамлар озод ва эркин бўлиб туғиладилар, бироқ ҳамма жойда занжирлар исканжасида кун кечирадилар». У инсонлар ҳали ривож топмаган, бироқ гина адоватдан, ғараз мақсадлардан холи бўлган «иймонли ёввойилар» ақидаларига амал қилишни ўргансаларгина бахт ва озодликка эриша оладилар деб ҳисоблаган.