Ер юзида тутиб қамовчилар гуруҳига мансуб йиртқич ўсимликларнинг ўнлаб тури мавжуд. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам бир хил озиқланади: ўз ўлжаларини «тутиб қамайди», сўнгра уларни ҳазм қилади. Бу гуруҳга, масалан, венерина мухоловка яққол мисол бўла олади. У Шимолий Америкада ўсади ва қуёш тушиб турадиган очиқ, нам ерни хуш кўради.
Венерина мухоловканинг кўриниши қоқигулга ўхшайди. Унинг поясида думалоқ, атрофи қаттиқ тук-тукчалар билан ўралган япроқлари жойлашган. Ана шу япроқлар ҳашаротларни тутиб олади. Улар бунга қандай қилиб эришадилар?
Венерина мухоловканинг ҳар бир япроғи тенг иккига бўлинган бўлиб, ҳар бир томонида учтадан тикан диккайиб туради. Япроққа бирор ҳашарот қўниши ҳамоно у тиканларнинг бирига, албатта, тегиб кетади. Япроқ ўрта чизиғидан узунасига иккига қатланади, ўлжа гўё қопқонга тушгандай бўлади.
Бундай йиртқич ўсимликларнинг ўз айёрликлари бор. Гап шундаки, япроқ тикандан сигнал олиши билан қатланмайди. У кутиб туради: эҳтимол бу янглиш безовталикдир, демак кучини сарфлашга ҳожат йўқ, чунки қатланиб қолган қопқон бир кеча-кундуздан сўнггина қайта очилади. Шунинг учун ўсимлик иккинчи сигнални кутади, агар ҳашарот ростдан ҳам япроққа қўнган бўлса, демак, у ҳаракатланади ва тиканларнинг бирига муқаррар тегиб кетади. Айни ҳол рўй берган заҳоти япроқ салқироқ қатланади. Тукчалар ораси очиқ қолади, агар ҳашарот жимитдай бўлса, у чиқиб кетиши ва қутулиб қолиши мумкин. Ўсимлик унинг учун куч сарфлаб ўтирмайди. Бироқ катта ҳашаротлар қутула олмайди. У қопқонда типирчилай бошлайди, тикан унинг ҳаракатини сезиб, учинчи, сўнгги сигналини юборади. Ана шунда япроқ шартта қатланади ва дарров овқатни ҳазм эттирувчи сувга тўлади. Ҳашарот бу ерда бир неча кун ҳазм қилинади, шундан кейин япроқ яна очилади ва ўсимлик янги бир ўлжани кута бошлайди.
Бу ҳол икки-уч марта такрорлангач, япроқ қорайиб, қуриб-қовжирайди ва янгиси билан алмашинади.