Тундра нима?

«Тундра» сўзи фин тилидан олинган бўлиб, «тақир, ҳосил бермайдиган ер» ва «яроқсиз ҳудуд» деган маънони англатади. У, одатда, Арктиканинг ўрмонсиз зоналарига нисбатан ишлатилади.

Тундрада яшаш шароити жуда ёмон. У ерда дарахт йўқ, кун қишда ниҳоятда совиб кетади, ёзда эса ўртача температура, бор-йўғи, Цельсий шкаласи бўйича 10 даражадан ошмайди. Йилбўйи ёмғир жуда оз ёгади, кучли шамол тинмайди.

Шунга қарамасдан, тундрада ҳам айрим ҳаёт шакллари бор. Улар ҳақида маълумотга эга бўлиш, албатта, қизиқарлидир. Тундрадаги ўсимликларга тошларнинг сиртини қоплаб оладиган лишайниклар, тошларнинг ёриқларини тўлдирадиган ва шағалтошлар орасига ўсиб кирадиган йўсинлар ҳамда ўт-ўланларга ўхшаш ўсимликлар ва айрим буталар киради. У ердаги ўсимликларнинг аксарияти кўп йилликдир. Аммо маълум бир жойда уларнинг тури кўп учрамайди.

У ерда яшайдиган ҳайвонлар ҳам унчалик кўп эмас. Тундрада лемминглар, ҳўкизқўйлар ва оқ айиқлар яшайди. Кўпгина қушлар жўжаларини тундрада очиб чиқади. Ёз ойларида куннинг узоқлиги қушларга озуқа топиш ва тўда-тўда полапонларини боқиш имконини беради. Тундрада ўрдаклар, ғозлар ва лойхўракларга ўхшаш қушлар кўп.

Тундрадаги тупроқ қатлами жуда юпқа. У абадий музликлар устидадир. Ёз ойларида музликнинг юқори қатлами эриши билан ўсимликларнинг томирлари ва бактериялар жонланиб қолади. Тундра турли қитъаларда турличадир. Аммо унга бориб қолганда, ҳеч иккиланмасдан, Ер юзасининг энг тунд ва бешафқат минтақаларидан бирига келиб қолдим, деб ҳисоблайверишингиз мумкин.