Қандайдир сабабларга кўра бошқа турлар орасидан ажралиб чиққан одам цивилизация деб аталмиш йўлдан ривожланиб борди. Турли босқичларда одамнинг ҳайвонлардан фарқи кам эди. У гапира олмас, топганини ер, бошпанаси йўқ эди. Сўнг, ёввойиларча ҳаётнинг илк босқичида у олов ёқишни ва балиқ ейишни ўрганди. Кейинроқ қўпол қуролларни ов ва ўзини ҳимоя қилиш учун ясай бошлади, оилалар эса қабила бўлиб бирлаша борди. Яна ҳам кейинроқ овқат тайёрлаш ва уни сақлаш учун идиш тайёрлашни ўрганди. Шундай бўлсада, одам ибтидоий ҳолатида қолаверди.
Кейинги қадам биз варварлик деб атайдиган давр бўлди. Одамлар озиқ бўладиган ўсимликларни етиштиришни ўргандилар ҳамда инсон учун бирон-бир фойдаси бўлган ёввойи ҳайвонларни қўлга ўргата бошладилар. Кейинчалик темир ва мис сингари металлардан қандай фойдаланишни билиб олдилар ва шу тариқа ов ҳамда ўзини ҳимоя қилиш учун нисбатан такомиллашган қуроллар ясай бошладилар. Ўша пайтлардаёқ одамлар ўзлари учун турар-жойлар қура бошладилар.
Варварликнинг охирига келиб инсон ўзининг асосий ютуғи бўлган, цивилизациянинг ривожланишини белгилаб берган нарсани ихтиро қилди. Бу ёзув эди. Ўша даврларда илк ёзув расмлардан иборат эди, бироқ вақт ўтиши билан Ер юзининг турли жойларида алифбо пайдо бўла бошлади.
Ёзувнинг кашф этилиши цивилизациянинг бошланишини билдиради, деб ҳисоблашга сабаб шундан иборатки, инсонда ўтмиш ҳодисалари тўғрисида хотиралар сақлаб қолиш ва шу тариқа ўз тажрибасини бошқаларга қолдириш имкони пайдо бўлди.
Бу пайтда одамлар муайян билимларга мувофиқ қандай яшаш кераклигини ўргана бошладилар, бошқача айтганда, бошқариш тизимини ярата бошладилар. Айни маҳалда эзгулик ва ёвузлик, яхшилик ва ёмонлик тўғрисида илк ғоялар, яъни ахлоқ деб аталмиш рутба пайдо бўлди.
Буларнинг бари қачон бўлиб ўтди? Бу жараённинг илдизлари асрлар қаърига яширинган бўлиб, инсоннинг ер юзида истиқомат қилишининг илк кунларига бориб тақалади. Цивилизациянинг аломатлари эса эрамиздан аввалги олтинчи минг йилликда намоён бўла бошлаган.