Тропикларда об-ҳаво ҳамиша жуда иссиқ, Қуёш эса деярли тикка, бош устида бўлади. Жазирама кунлар сув ниҳоятда кўп буғлангани сабабли намлик йил бўйи ўта юқоридир.
Юксак ҳарорат ва юқори намлик юзлаб турдаги ўсимликларнинг қалин ўсишига ёрдам беради.
Энг баланд ўсимликнинг бўйи 50 — 60 метрга (150 — 200 фут) етади. Уларнинг остида бўйи 40 метр бўлган дарахтлар, бу дарахтлардан ҳам қуйироқда эса буталар, ўтсимон усимликлар ва лишайниклар ўсади.
Дарахтларнинг бундай тўпи босқичли вегетация ёки кўп қаватли ўрмон деб аталади.
Зич ўсган дарахтлар Қуёш нурига тўсқинлик қилади ва ерга ўтказмайди. Шунинг учун ҳам ҳеч бир ўсимлик ерга қапишиб кўкармайди. Бундай шароитда ёруғликка деярли муҳтож бўлмаган лишайниклар ва йўсинлар яшаши мумкин, холос.
Бундай ўрмонларда тиғиз ўсимликлар Қуёш нурини тўсиб қўйиб, ерга ўтказмагани учун ҳам намлик жуда юқори бўлади. Баъзида намлик миқдори ниҳоятда ортиб кетиши оқибатида ўсимликларнинг япроқларидан томчилар ерга томиб туради. Шунинг учун ҳам бундай ўрмонлар жала ўрмонлари деб аталади.
Бундай ўрмонлар табиатда катта аҳамиятга эга, чунки катта-катта ҳудудларда сув алмашувини бошқариб туради.
Жала ўрмонларида, умуман, йўл йўқ. Буталар бир-бирига шу қадар айқашиб-уйқашиб кетадики, у ерга бориб қолган одам йўлсиз чакалаклардан йўл топиши қийин кечади.
Жанубий Американинг Амазонка дарёси бўйларида жойлашган жала ўрмони бундай тропик ўрмонлари ичида энг каттасидир. У сельва (чангалзор) деб аталади.
Афсуски, бундай ўрмонларнинг аксарият қисми янги йўл қуриш ва саноат ривожланишига ёрдам бериш мақсадида кесиб юборилмоқда. Шунинг учун кўплаб экспедициялар ўрмон майдонининг қисқариши атроф муҳитга қандай таъсир қилишини ўрганиш учун сельвани тадқиқ қилиш билан машғул.